Юрий Саркисян: "Фарғоналик мухлисларга алоҳида ташаккур билдираман"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Юрий Саркисян 70 ёшга қадам қўйди.

Унинг шарафига бағишлаб ўтказилган тадбирдан сўнг Юрий Вазгенович билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

- Ўзбекистонда ёш иқтидорли футболчилар жуда кўп. Фақат улар билан тўғри ишлаш керак. Лекин кўпчиликка улар билан ишлаш қийинчилик туғдиради. Чунки улар ўз вақтларини сарф этишни исташмайди. Мен бутун фаолиятим давомида ёшлар билан ишлаганман. Ҳар йили кузда қишлоқлардан, бутун республика бўйича ёш иқтидорларни кўриб, уларни кузатардим. Мен "Нефтчи"га фақат маҳаллий футболчиларни жалб этардим.

Ёш иқтидорли, истеъдодли футболчиларга омад тилайман. Улар ўз йўлини топиб кетишларини, футболга тўғри ёндошишларини истайман. Келажакда улар ўзбек футболини ривожи учун ўз ёрдамларини аямасликлари керак. Келажак уларни қўлида.

Футбол - мухлислар учун ўйин. Футболчилар учун эса бу қийин жисмоний машқ, машаққатли иш. Футболчи ҳар куни ўз устида ишлаши керак. Агарда сен бир кун машғулотни ўтказиб юборсанг, унда қолганлардан бир қадам орқада бўласан. Мен шу фалсафа асосида футболчиларни шуғуллантирганман.

"Бунёдкор"нинг академиясида жуда кўп иқтидорлар. "Бунёдкор" академияси жуда ажойиб. Мураббийлар ҳам малакали.

- Туғилган куним билан биринчи ким табриклагани ҳам эсимда йўқ. Чунки табриклар жуда кўп. Германиядан, Россиядан, АҚШдан, Арманистондан, Грециядан қўнғироқлар бўлди. Барча жойлардан танишлар, дўстлар, шогирдларим қўнғироқ қилиб, табриклашди.

Фарғоналик мухлисларга алоҳида ташаккур билдираман. Уларга соғинчли салом! Биласизми, мен Фарғонада ишлаганимда, ўйин бошланишига бир соат қолганида стадион ишқибозлар билан лиқ тўларди. Яна қайтараман, мен ҳеч қачон "Нефтчи"га футболчи сотиб олмаганман. Мен доим қишлоқлардаги иқтидорларни қидириб топганман, уларни тарбиялаганман. Маҳаллий футболчилар эса ўз ишларига сидқидилдан ёндошишган, содиқлик кучли бўлган ўшанда. Шу боисдан ҳам мухлислар "Нефтчи"ни ўйинини интизорлик билан кутишарди.

Энг иқтидорли шогирдим ким бўлган? Ишонинг, мени қўл остимдаги футболчиларнинг кўпчилиги жуда иқтидорли бўлишган. Уларни бирортасини ажратиб кўрсатишим қийин. Агарда кимнидир ажратиб кўрсатиш керак бўлса, унда бу Мансур Саидов.

Мен ўшанда тасодифан самолётда учиб кетаётганимда дўстимни учратиб қолганман. Ундан қаерга учяпсан, деб сўраганимда, у интернат бўйича финал учрашувига кетаётганини, у ерда Фарғона ва Тошкент жамоалари учрашишларини айтди. Мен ҳам у билан бирга кеттим. Айнан ўша ерда мен кичкина жуссали Мансур Саидовни кўрганман. Саидов ўшанда жуда илиқ таассурот қолдирганди. Кейин эса мен унга эртага ҳужжатларинг билан менга учрашасан, деб таъкидлагандим.

Шаҳбоз Беғамов ( www.championat.asia )