«Ўзбек футболи тарихида биринчи марта». Йўғе?

10.02.2018

Ўзбекистон футбол АССОЦИАЦИЯСИ сайтидаги хабарни кўрдингизми? Мукофот пуллари ҳақидаги хабарни айтяпман. «Ўзбек футболи тарихида биринчи марта» деб ёзишибди. Яъни, ўзбек футболи тарихида биринчи марта «Суперлига, Про-лига, шунингдек, аёллар футболи ва мини-футбол» чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган жамоаларга мукофот пуллари берилади, дейишяпти.

Бу 2014 йилги Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига берилган 50 млн сўмлик чек
Бу 2014 йилги Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига берилган 50 млн сўмлик чек

«Ўзбек футболи тарихида биринчи марта» эмиш. Очиғи, бу гапга қўшилиш ҳам мумкин, қўшилмаслик ҳам мумкин. Айниқса, ўзбек футболи тарихини соҳанинг ҳозирги раҳбарларидан кўра яхшироқ билсанг, бу ҳақда икки дақиқа кўпроқ гапиргинг келади.

Қўшилиш мумкин бўлган жиҳати (буни ҳам аслида яхшилаб ўйлаб кўриш керак), аёллар биринчилиги ва футзал чемпионати совриндорлари учун пул мукофотлари БИРИНЧИ МАРТА ОШКОРА тайин қилиняпти. Аёллар ва соҳил футболи уюшмаси ва Футзал ассоциацияси ўз даврида балки ғолибларга бирор мукофот пули бергандир, лекин интернетда буни тасдиқловчи бирор килобайт ахборот йўқ.

Лекин Олий лига (ҳозирги замон ўзбек футболи тилида — Суперлига) ва 1-лига (ҳозирги замон ўзбек футболи тилида — Про-лига) совриндорларига мукофот пуллари ваъда қилиниши — бунақаси ўзбек футболи тарихида аввал ҳам бўлган. Яқиндагина. 2013-йилдан бошлаб. Мана, «Чемпионат.азия» бизнинг ёлғончи бўлишимизга йўл қўймайди.

Ёзишларича, 2013 йили «Бунёдкор» ЎзПФЛдан 150 миллион сўм мукофот пули олган — 100 миллиони чемпионлик учун, 50 миллиони эса Кубокдаги ғалаба шарафига. 2014 йилги мавсум бошида эса ЎзПФЛ янада дадилроқ чиқиш қилган — чемпионга 500 миллион, вице-чемпионга 300 миллион, 3-ўрин эгасига 200 миллион! Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Кубок соҳибига 200 миллион, 1-лига чемпиони ва вице-чемпионига эса — Олий лига йўлланмасидан ташқари — 150 миллион сўмдан пул берилиши айтилган. Тўғри, бир муаммо бор — йил охирида ғолиб ва совриндорлар уларга ваъда қилинган пулларни олганми-йўқми, буни билмайман. Айтмоқчи, ЎФА бугун эълон қилган суммалар ҳам ҳозирча ваъда.

Балки ЎФА мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорларига бу қадар катта (чемпионга — 1 миллиард! ТЎҚҚИЗТА НОЛЬ!) мукофот пули ваъда қилиниши «ўзбек футболи тарихида биринчи марта» демоқчи бўлаётгандир. Умуман олганда, 2018-йил февралидаги 1 миллиард сўмнинг қадри (курсни ҳали ҳам 8100 деб олсак — 123 минг доллардан сал кўпроқ) 2014-йил мартидаги 500 миллион сўмникидан (ўша вақтдаги бозор курсида ҳисобласак, 160 минг доллардан кўп-да, ишқилиб) пастроқ.

Шундай экан, ҳурматли ҳурматлилар, «ўзбек футболи тарихида биринчи марта» деб ёзишга эҳтиёт бўлинг. Сиз бир-икки хато қилган ҳакамни умрбод футболдан четлатишда ўзбек футболи тарихида биринчисиз. Даврнинг энг таниқли мураббийларини футболдан умрбод четлатиш масаласида ҳам ўзбек футболи тарихида ягонасиз. Лекин мукофот пуллари борасида биринчи эмассиз, бу ҳақдаги қарорингиз ҳам биринчи эмас. Худди миллий терма жамоага чет эллик, зўридан олиб келаман деб, охирида Равшан Ҳайдаровни бош мураббий қилиб қўйишда биринчи бўлмаганингиздек.