Менинг «Севимли» телеканалим!

«Севимли ТВ» кеча бир уятсиз саҳнани кўрсатворибди. Тўғри, биз ва бизнинг миямиз давлат телеканалларини кўрсатадиган телевизоримиз орқали бундай саҳналарни томоша қилишга ўрганмаганман. Шунинг учун дарҳол «Севимли ТВ»ни қоралашга ўтиб кетдик, уни жазолашни талаб қила бошладик. Одамлар: «Нега жазолаш керак экан уни ўзи?», деб сўрашса, ўша, «Севимли ТВ» кўрсатмаслиги керак бўлган видеолавҳани энди Телеграмда одамларга тарқатиб юрибмиз: «Кўрдингми кинони қанақа жойини кўрсатворганини? Шунақаям бўладими?! Дарҳол жазолаш керак! Зудлик билан!» (айтмоқчи, бу видеолавҳани тарқатганликка ҳам бирор жавобгарлик кўзда тутилган бўлса керак, хойнаҳой). Аҳволимиз шу. Аҳволимиз кулгили.

Телеканал шугина актрисанинг бежо хатти-ҳаракатлари сабаб бугун узр сўраб юрибди
Телеканал шугина актрисанинг бежо хатти-ҳаракатлари сабаб бугун узр сўраб юрибди

Фейсбукдаги бир муҳокамада ёзган фикримни такрорлайман — авваллари (умуман олганда, ҳозир ҳам) дискларда, онлайнда кино кўрамиз. Оригинал тилида ёки русча таржимасида. Бозордан, дўкондан сотиб олган дискимизда ҳам, онлайнда кўраётган фильмларимизда ҳам ногаҳоний ҳалигиндақа саҳналар қайчиланмаган бўлади. Жаҳон киносининг дурдонаси дейилган ўнлаб, юзлаб фильмларда шундай, шунга ўхшаш, шунга яқинроқ саҳналар тиқилиб ётибди. Баъзи шедевр фильмлар ўша саҳналарисиз тўмтоқ бўлиб қолади ҳам. Ўша дурдона фильмларни кесилмаган, қайчиланмаган, таҳрирланмаган ҳолатини сиз ҳам кўргансиз, биз ҳам кўрганмиз. Ўшанда бундай жазавага тушмагандик, ҳозирги дарғазаблик сабаби не? (қизиғи, нафақат бошқа мамлакатлардаги, балки Ўзбекистондаги бахтиёр оилаларда ҳар доим, ҳаддан ташқари бахтиёр оилаларда эса деярли ҳар куни кузатиладиган ҳолат кўрсатилган, холос).

Айтишингиз мумкин — шу фильмни болалар билан кўриб ўтирганимда нима бўларди, деб. Биз кичкиналигимизда ҳозирги «Ёшлар» телеканали ўрнида ярим эфири русча «ТВ2» деган канал бўларди. Рус тилида деярли қайчиланмаган фильмлар қўярди. Жуда оширворган жойлари бўлса, албатта, қайчиларди-ю, ҳалиги, лаблар лабларни излаб топган жойлари қолдирилаверарди. Шунақа жойи келиб қолса ё ўзимиз хонадан чиқиб кетардик, ё хонадан чиқарворишарди; ёки улгуриб қолсалар, адам ўзлари «Ўзбекистон» каналига бураворардилар. Ҳозир эса пульт деган матоҳ бор — бир боссанг, бошқа каналга ўтказиб беради, хонадан уялиб қочиб чиқишга ҳам зарурат йўқ. Кейин, болалар телевизор, телеканалларни кўрмагани маъқул — бу зарарли.

Яна бир гап. Бир вақтлар биз чет эл футболини ўғирланган кадрлар орқали томоша қилардик. Орқа фонда араб шарҳловчиларининг овози эшитилиб турарди, масалан. Ёки мухлисларнинг 90 дақиқа, ҳатто гол урилган вазиятларда ҳам ўзгармайдиган бир хил ҳайқириши жарангларди. Футбол трансляцияларининг халқаро эгалари анча вақтгача бунга эътибор бермаган: «Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қашшоқ мамлакатлардан бири бўлса, трансляцияни ўғирламай, қонуний сотиб олишга пули йўқ, майли, кўраверсин», деган. Қайсидир бир йили Ривалдо-ю Сколарилар Ўзбекистонда пайдо бўлиб қолгач, улар ҳам ўйланиб қолган: «Буларда шунча пул бор экан-у, биз билмаган эканмиз». Охир-оқибат 2014 йили Чемпионлар лигаси финалини ҳам, Англия Премьер-лигаси якунини ҳам кўролмай қолдик. «Пулини тўланглар!», дейишди. Кейин UzReport пайдо бўлиб, трансляция ҳуқуқларини одамга ўхшаб сотиб олди. Шундан бери, мана, мазза қилиб, тоза кадрда футбол томоша қиляпмиз.

Кино ҳам шунақа. Бизда муаллифлик ҳуқуқи деган нарсалар ҳозир қаердадир бувисининг ҳужрасида ухлаб ётгани учун миллий телеканалларимиз ҳам ўзимизнинг, ҳам хорижий фильмларни қайчилаб эфирга беради. Аслида бундай қилиш мумкин эмас. 2013 ё 2014 йилимиди, шу масалада «Ўзбеккино»дан интервью олганимизда ҳам айтишганди: «Зинҳор базинҳор мумкин эмас! Телевидениенинг ҳақи йўқ қайчилашга!». Агар Ўзбекистон ўзининг ҳозирги дунёга очилиш тенденциясини камида шу суръатда сақлаб қола олса, жаҳоннинг барча цивилизацион давлатлари тан олган муаллифлик ҳуқуқи масалалари ҳам бувисининг ҳужрасидан чиқиб келади, албатта. Ана кейин телеканалларимиз у ёки бу фильмларни қайчилаши, менимча, анча қийинлашади. Қайчиласа, фильм ҳуқуқларига эгалик қилувчи компания судга чақирув қоғози ташлаб кетаверади-да. Ана ўшанда бугунги ғалати дарғазаблар додини кимга айтаркин, билмадим.

Энди, яна бир гапни айтмасам бўлмайди. 2012—2013 йилларда раҳматли «ТВ Марказ» орқали чет эл фильмларини кўриш бир ёқимли машғулотга айланган эди. Беҳижолат, бирор жойида уялмай кино кўрардик. Тўғри, баъзида тушунарсиз гаплар чиқиб қоларди. Масалан, Иньярритунинг «21 грамм» фильмида Наоми Уоттснинг қаҳрамони тўсатдан Шон Пеннинг қаҳрамонига: «Бировнинг хотини билан ётиб юриб, шунақа гапларни гапиришга уялмайсанми?», деганроқ гап қилиб қолган, «бировнинг хотини» сифатида ўзини назарда тутиб. Кинони кўраётганимда: «Булар қачон бирга ухлашга улгура қолди?», деб ҳайрон бўлганман, кейин, интернетда фильм ҳақидаги тақризларни ўқиётиб, бир стопкадрга кўзим тушиб қолган — ўшанақа жойи бор экан, лекин «ТВ Марказ» қурмагур шунақанги усталик билан кесган эканки, кинога қарийб зарар етмаган-да энди (Иньярритунинг ўзи кўрса ҳам, «Браво!» деворган бўларди, менимча). «ТВ Марказ» киноларни шунчаки қайчиламасди, ҳақиқий «суннат тўйи»га айлантирворарди...

Шунақа мисоллар бўлганидан кейин, қайчилагани ҳам тузук, деб ўйлаб қоласан. Лекин, хўп, қайчиламаган бўлса, жазавага тушиш нимаси?

Ҳа-я, яна ўйламанглар, «Муҳрим «Севимли ТВ»да ишларкан», деб. Йўқ. Бирорта танишим ишлашидан ҳам бехабарман. Мен бу канал орқали фақат кино кўришим мумкин, шунда ҳам вақтим тўғри келиб қолса. Дубляжлари бир қадар тузук, таржимага танланган фильмлар ҳам ёмон эмас (ким танласа ҳам, диди, танлови шахсан менга анча маъқул). Айниқса, Эрон фильмлари намойишлари фақат ва фақат таҳсинга лойиқ. Лекин можарога сабаб бўлган бу фильмни кўрмаган бўлардим; томошабинлар томонидан қўйилган баҳо жуда паст, хонтахта.