Трасса ва кортеж ҳақида

Facebook’даги «Водители Ташкента (Drivers.uz)» гуруҳида Тимур Расулов бугун, 13 апрель куни соат 9:32 да қолдирган пост (таржимаси):

Бугун менинг онам вафот этди. Тез ёрдам машинасида. Чунки биз реанимацияга ета олмадик. Чунки муҳтарам Президент трассадан ўтаётган эди. Йўлни ёпишган эди. Бизга йўл беришмади. Нима учун йўлларда тез ёрдам машиналари учун алоҳида полоса кўзда тутилмаган? Биз 15 дақиқа йўқотдик. Жуда катта тирбандлик. Йўлни бўшатиш илтимоси билан берилган сигналларга кўплаб ҳайдовчилар эътибор ҳам қилмади. Онам энди йўқ. Лекин кортеж ўтиб кетди. «Витамед» тез ёрдамидаги реаниматорга алоҳида улкан миннатдорчилик билдираман. Сизга таъзим қиламан. Сиз қўлингиздан келган ҳаммасини қилдингиз.
«Водители Ташкента (Drivers.uz)»дан скриншот
«Водители Ташкента (Drivers.uz)»дан скриншот

Пост атиги 500 га яқин реакция («лайк» деб бўлмайди бу ҳолатда энди) тўплабди, ўнлаб, жуда кўплаб коммент қолдирилган (ҳозир коммент қолдириш имконияти гуруҳ админлари томонидан ёпилган). Комментаторлар орасида бу воқеага — «Витамед»нинг тез ёрдам машинаси йўл беришни сўраб тинмай сигнал чалаётгани, лекин унга йўл бўшатилмаганига гувоҳ бўлганлар бор.

«Адашмасам, кеча сизни кўрдим — кечки вақт Пушкин (Дархон) томондан Буюк Ипак Йўли томон кетаётган эдингиз. Тез ёрдам машинаси ортида оқ Spark ҳам бор эди. Ўзим ҳам машиналар орасида эдим ва қандай қимирлашни ҳам билмай ўтиргандим. Бардам бўлинг! Худо раҳматига олган бўлсин!», — деб ёзади улардан бири.

«Кеча кечки пайт худди шундай воқеа бўлган эди — трасса ёпиқ эди ва у очилганидан кейин ҳам ҳеч ким «Витамед»нинг тез ёрдам машинасини ўтказиб юбормади. Ёзганларингиз керакли жойларга етиб борсин. Ҳамдардлик билдираман», — деган яна бир фойдаланувчи.

«Кеча худди шундай воқеага Буюк Ипак йўлида, Mediapark’нинг светофори олдида гувоҳ бўлгандим. Реанимация машинаси барча чироқ, овоз сигналларини ёқиб, қўшимчасига ҳайдовчиси сигнал ҳам чалиб турганди. Олдинда турган ҳайдовчиларнинг бирортаси яшил чироқ ёнмагунича жойидан қимирлагани ҳам йўқ. Ваҳоланки, бу чорраҳа ҳам эмасди, бор-йўғи светофор билан тартибга солинадиган бир пиёдалар ўтиш жойи эди, холос. Пост муаллифига ҳамдардлик билдираман», — дейди яна бир комментатор.

Жуда ачинарли ҳолат. Ҳайдовчиларимизда маданият етишмаслиги янгилик эмас. Улар орасида теп-текис ва камера йўқлиги аниқ бўлган катта йўлларда Шумахерга айланиб, шаҳар ичида, айниқса, трасса деб аталадиган ва Давлат раҳбарининг кортежи ўтадиган йўлларда қўйдек ювош бўлиб қоладиган, «Қоидани номига бўлса ҳам буз, жарима тўламаслигингни ГАИ раҳбари кафолатлайди», деб ГАИ раҳбари илтимос қилса ҳам чизиқ босмайдиганлари кўп. Жуда кўп...

Тақдир тақозоси билан, 2016-йил баҳоридан бери трасса бўйидаги биноларда ишлаяпман. Мен Биринчи Президент кортежи трасса бўйлаб қандай ҳаракатланишини кўпчилик қатори кўрганман. Бу — ҳеч бир муболағасиз айтиш керак — бутун бошли махсус операция эди. Ҳар эллик-юз қадамда милиция ходимлари, камида 5-10 дақиқа аввалдан трассага олиб чиқадиган йўлларни бир неча юз метр наридан ёпиш, бир неча бор текширув машиналарининг ўтиши ва охирида кортеж. Ишга машинада келаётган кунларим йўл ёпилган жойига етиб келсам, бошқа ҳайдовчилар каби, мен ҳам моторни ўчириб кутардим. Чунки қанча туришимизни билмасдик.

Орада — 2016 йил сентябридан декабрь ойи ўрталаригача бошқачароқ кортежни ҳам кўрдим: кортеж жуда катта ҳам эмасди (бир йўл бошловчи махсус машина, асосий машина, ортидан бирми ёки икки жип), у келиши арафасида ҳар қадамда милиция ходимлари ҳам бўлмасди. Бир-икки дақиқа аввалдан рация орқали маълумот олган йўл назоратчиси шунчаки пиёдаларни озгина кутиб туришга чақириб, автомобиллар оқимини тўхтаб қолмасликка даъват этиб турарди, холос — асосийси, кортеж тўхтаб қолмаса бўлди эди гўё. Трассадан ҳар куни эрталаб ва кечки пайт Биринчи Президент кортежи билан бир вақтда ўтадиган, кортеж ўтиб кетишини бир неча дақиқа кутиб туришга одатланиб қолган фуқаролар учун бу бир ўзгача янгилик бўлган эди.

Кейин, декабрь ўрталаридан бошлаб ўша йил сентабригача бўлган вазият қарийб қайтди. Бироз бошқачароқ фақат. Бир ҳафтами аввал ишдан айнан кортеж ўтар маҳали чиқиб қолибман (билганимда яна ярим соат ишда ўтирган бўлардим). «Детский мир» чорраҳасига келганимда йўл назоратчиси Амир Темур хиёбони томон юришни ёпди ва фақат «Дедеман» тарафдан келаётганларни Вестминстер ва Дархон томон ўтказишни бошлади. Кутиб турдик. Ҳеч биз томонга йўл очилмади. Кейин, нимадир бўлди-ю, бизга (Амир Темур хиёбони томон юрмоқчи бўлганларга) «Дедеман» томон бурилишни буюрди. «Дедеман» чорраҳасида ҳам йўл фақат тўғрига (Ўрдага) эди (лекин юриш учун ҳам аввал йўл назоратчиси рациясидан буйруқ олиб, сўнг йўлни очиши керак эди). Мен Амир Темур хиёбони орқали «Газета корпуси»га бормоқчи эдим, корпусга Мустақиллик майдони орқали бордим охири — Миллий кутубхона ёнидан ўтаётганимизда йўлнинг у томонидан кортеж ўтиб кетди. Бошқачалиги шу — Биринчи Президентнинг кортежи ўтаётганида йўлнинг бу томонида машина бўлмасди.

Бу — нолишга арзимайдиган майда ҳолатлар. Ҳеч ким нолимайди ҳам аслида. Буни ёмон дейиш ниятим йўқ — хавфсизлик энг асосий масала, бу борада ортиқча гап ҳам, шубҳа ҳам бўлиши мумкин эмас. Светофорнинг ҳам яшил чироғи ёнишини кутамиз-ку, худди шунга ўхшаш, фақат қизили сал кўпроқ ёнадиган светофор деб қабул қилса ҳам бўлади. Ҳатто қизиқ ҳам — йўлинг тўғри келиб қолган бўлса, ёнингдан мамлакатнинг энг қудратли, энг масъулиятли, энг кучли одами ўз машинасида ўтиб кетади.

Фақат, ўша 2016 йил сентябридан декабригача бўлган оралиқдаги «бошқачалик»ни кўрганим учунми, хавфсизлик масаласи жуда, жуда ва жуда муҳим ва долзарб эканини англасам ҳам, бир фикр айланаверади — нега ҳозир ҳам шундай қилиш мумкин эмас?..

Қанчалик совуқ жарангламасин, «Ажали етган бўлса трасса ёпилмаса ҳам, реанимацияга етиб борса ҳам қазо қиларди», дегувчиларнинг фикрини ҳам рад этиб бўлмайди... Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!