Голландия терма жамоаси Португалияни йирик ҳисобда енгди

Португалия ва Голландия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви ўз ниҳоясига етди. Швейцарияда бўлиб ўтган баҳсда голландлар амалдаги Европа чемпионини йирик ҳисобда мағлуб этдилар.

Учрашувнинг 11-дақиқасида Донни ван де Бекнинг узатмасидан сўнг Мемфис Депай тўпни дарвозанинг бурчагига жойлаб қўйди. 32-дақиқада Матейс де Лигт ўнг қанотдан тўпни жарима майдони томон узатди, у ерда ҳимоячини ортда қолдирган Райан Бабел боши билан дарвозани ишғол қилди.

Биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда голландлар стандарт вазиятдан унумли фойдаландилар. Де Лигт тўпни марказда турган Виргил ван Дейкка узатди, “Ливерпуль” ҳимоячисининг зарбасини Антони Лопеш қайтара олмади.

Учрашувнинг 61-дақиқасида Жоау Канселу иккинчи бор сариқ карточка олиб майдондан четлатилди ва португаллар қолган вақтда камчилик бўлиб ҳаракатланишди. Шу тариқа, ушбу ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади.

Ўртоқлик учрашуви

Португалия – Голландия 0:3 (0:3, 0:0)

Голлар: 0:1 – 11 Депай, 0:2 – 32 Бабел, 0:3 – 45+2 ван Дейк.

Португалия – Антони Лопеш, Роланду (Нету, 46), Мариу Руй, Жоау Канселу, Фонте, Адриен Силва (Гонсалу Гедеш, 46), Фернандеш, Фернандеш (Жоау Мариу, 78), Куарежма (Желсон Мартинш, 55), Андре Гомеш (Андре Силва, 46), Роналду (Моутинью, 68).

Голландия – Силлессен, ван Дейк, Аке, Тете (Тил, 78), де Лигт (Фосу-Менса, 84), Бабел (Бергейс, 84), ван де Бек, Вейналдум (де Рон, 68), Проппер, Депай (Клюйверт, 78), Триндаде (де Врей, 67).

Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу (44), Тете (56), де Рон (72).

Четлатиш: Жоау Канселу (61).