Италия чемпионати. Бугун 34-тур бошланади. Марказий ўйин: «Ювентус» – «Наполи»

21 April 2018

Италия чемпионати. Бугун 34-тур бошланади. Марказий ўйин: «Ювентус» – «Наполи»

Бугунги дастурдан учта ўйин ўрин олган. ЕЧЛда ўз юришини давом эттираётган “Рома” клуби СПАЛ майдонига сафар қилади. “Сассуоло” эса “Фиорентина”ни ўз майдонида қабул қилади. Кетма-кет ўйинларда очко йўқотаётган “Милан” ўз майдонида А Серияни тарк этиш арафасида турган “Беневенто”ни қабул қилади.

Эртага ҳам мухлисларни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. Рим клублари билан ЕЧЛ йўлланмаси учун ўринларга курашаётган “Интер” жамоаси “Кьево” майдонига сафар қилади. “Лацио”ни эса “Сампдория”га қарши қийин ўйин кутиб турибди.

Турнинг марказий учрашуви Туринда бўлиб ўтади. Ушбу ўйинда катта эҳтимол билан чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлиши мумкин. Мусобақа жадвалида пешқадамлик қилаётган “Ювентус” ўзида “Наполи”ни қабул қилади.

Агар неаполликлар ушбу ўйинни ўз фойдаларига ҳал қила олсалар, у ҳолда очколар орасидаги фарқ биттагача қисқаради. Кейинги турларда “кекса синьора” “Рома” ва “Интер” клубларига қарши ўйнаши кераклигини ҳисобга олсак, “Наполи”нинг имконитлари анча кўтарилиб кетади.

Италия чемпионати. Бугун 34-тур бошланади. Марказий ўйин: «Ювентус» – «Наполи»

Манба: www.uff.uz