Кетга тепишнинг фойдаси

02.05.2018

(фантастик жанрдаги аччиқ истеҳзо)

Психологларнинг (исмлари эсимда йўқ) фикрича, кетга тепиш бошлиқнинг ўзига, ўз кучига бўлган ишончини оширишдаги энг муҳим жараён экан. Қолаверса, тартибни йўлга қўйиш, буйруқларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, қаттиққўл сиёсат юритишда кетга тепиш энг мақбул амал саналади. Узоқ-узоқ ўтмишнинг гувоҳлик беришича, бу бошқарилмиш (ҳозирги тил билан айтганда, ходим)нинг хушёрлигини оширади, вазифаларга юксак масъулият билан ёндошишга ундайди. Қачонлардир занжилар учун кетга тушган хўжайиннинг зарбаси мукофотдек гап бўлган экан (ҳар ҳолда қамчининг аччиқ ва оғриғи суяккача етадиган зарбаси ёнида тепки авлиёдек кўринади-да) "Так чтў", бу анъана тарих синовидан ўтган, тажриба майдонларида ишонч қозонган бошқарув услуби эканини унутмаслик лозим ва лобуд!    

Ҳурматли, зоти шариф, ўртоқ бошлиқ! Сизни тушунамиз: ҳозир 4 та одамга бошлиқ бўлиш осонмас. Одамлар оиласини, битта хотинини тартибга сола олмаётган бир даврда, жамоани гапирмаса ҳам бўлади (жуда зўр иш берадиган, катталарга мойдек ёқадиган шаблон гап-да). Сизнинг “урганингиз ур оши, сўкканингиз сўк оши”. Сўкканингиз сўкилиб, урганингиз урилиб қолмайди. Биламиз: ишда тартиб-интизом, масъулият бўлсин, дейсиз! Нима қипти, мана, сизам тепадагилардан тепки еб, кам бўлдингизми? Йўқ! Кимсан “Фалончи Пистончиевич”сиз! Ҳайбатингиздан эшак ҳуркийди. Одам сўкиш эшитиб, тепки еб улғаяди-да! Сиз, албатта, бу қадимий анъанани баралла, шараф билан давом эттириб, муқаддас занжир ҳалқасини узмаслигингиз керак. Сизни юқорироқдаги раҳбарингиз тепади, сиз ходимингизни, ходимингиз ходимини тепади (бу ёғи “шолғом тортиш”). Шу тахлит асрий анъана бардавом. Ахир бунинг жаҳонда муқобили, ўхшаши йўқ-ку!

Сиз ҳеч иккиланмай, ишонч билан, зарбни муборак оёғингизнинг юзига тўплаб, ходимнинг юмшоқ жойига расамади билан тепиш ҳадисини шундай олингки, шимидаги оёқ изи баданига уриб юборсин, қиммат ботинкангиз излари орқасида тамғадек муҳрлансин! Йиллар ўтиб, набираларига буни эртак қилиб, айтиб юради улар. Ўртоқ бошлиқ, яна бир бор айтаман: бу йўлда собитқадамлик ва давомийликни сақланг! Одамлар, жамоатчилик, хорижнинг иғвогар журналистлари ва бошқа демагогларнинг фикрларига юракдан тупуринг! Сиз консерватив услублар эгаси ўлароқ, ўз вазифангизни рисоладагидек бажаряпман, деб ўйлашда давом этинг!

Ҳурматли, йўқ-йўқ, сариқ чақалик ҳурмати йўқ ходим! Тўғри қиласан: кетингга тепса, индама! Бошлиқ деган шу-да: сўкади, уради, тепади. Одам калтакдан ўлмайди. Орият, ғурур, шаън деган нарсалар баландпарвоз гаплар холос. Зато, ўша жойдан қора қозонинг қайнаяпти, тўғрими? Ҳеҳ, ана, одамлар чет элларда сарсон ишлаб юрибди. Сен шукр қилмайсанми? Озгина чидасанг, сал оғрийди, но ўтиб кетади, бошлиқ хумордан чиқади. Ҳа, айтганча, кетга тепадиган бошлиқларнинг ҳаммаси ҳам тошбағирмас. Тепишга тепадию, кейин виждони қийналиб юрадиганлари ҳам бор. Шу учун кетингга тепса, шукр қил! 5-10 йилда сен ҳам ходимингни кетига тепиб, дуранг қиласан, ничего! Қулдорлик тузуми даврида туғилмаганингга "раҳмат" де...

Эшитдингми, бир-иккита “козёл” ўқитувчилар, солиқчилар бошлиғининг ходимларини тепаётган видеоларни интернетга чиқариб юборибди. Э, бу эркакнинг ишимас-да, жўра! Арзимаган ишларни элга дастурхон қилиб юрадими?! Шу бошлиқлар ҳам сени одам бўлсин, деб уриб-тепади-да, тўғрими?!

Хуллас, бошлиғинг сўкса, кетингга тепса, оламга жар солмай, “кўзингни” қисиб юр! Бу текин маслаҳат!

Ўсмоқчимисан? Унда кетинг бошлиқнинг муборак оёқларини тез-тез “зиёрат қилишига” йўл қўйиб бер! Шиоринг “Бошлиқнинг тепкиси – келажагинг учун муҳим зарб”, бўлсин!

Ҳурмат билан,

Муслим Мирзажонов