Бекатда ухласа ўзбек аёли…

22.06.2018

Ушбу сурат “Роҳат кўли” яқинидаги бекатда олинган. Ухлаб ётган аёл Наманган вилояти, Чуст туманидан Зуҳра Матқулова, деб ёзади "Маҳалла" газетаси.

Аёлнинг сўзларига кўра, у эрининг калтаклари, сўкишлари, хўрлашларидан Тошкентга қочиб келган. Аёлда жанжаллардан “эсдалик” бўлиб қолган тиртиқ ва чандиқлар бор.

— Шу ерда ризқимни териб юрибман. Бу ерда мазза-да. Кунига 40-50 минг сўм пул топаман. Ўзим яшайдиган жойда иш топиш қийин. Иш топсангиз ҳам ойликлари ҳаминқадар. Чарчаб бекатда ухлаб қолибман, — дейди аёл.

Қайд этилишича, Зуҳра Матқулова 38 ёшда. Иккинчи турмушидаги эри ундан анча катта, 60 ёшда.

— Бирор жойда ёлчитиб ишламайди, мунтазам спиртли ичимлик ичади. Ичган пайтида мен билан жанжаллашиб, пичоқ тираб, бўйнимдан бўғишгача борган. Қўшнилар бир неча марта ажратган. Аммо, фойдаси бўлмади. Ўзимга ўхшаган мардикор аёллар билан шу яқин атрофда ижарада яшаяпман. Қорним очса, кўчадаги ошхоналарда овқатланаман. Уйда оилам бағрида ширин таомлар пишириб, оиламдагиларни хурсанд қилишни истардим. Қизимни жуда соғинганман. Нима қилаётган экан, — дейди у.

Саволлар туғилади. Аёл яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини, туман хотин-қизлар қўмитаси қаерга қарамоқда? Нотинч оиланинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмадими? Яраштириш комиссияси нима билан банд бўлди экан? Аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар “Қорақўрғон” маҳалласига етиб бормади? Неча кундирки, аёл Тошкентда юрган бўлса, ҳеч ким қидирмадимикан? Фарзандини ташлаб, қаерга кетди деган саволни беришмадимикан?