Cмартфон портлашидан унинг эгаси ҳалок бўлди (видео)

Малайзиянинг «Cradle Fund» винчур компанияси ижрочи директори Назрин Ҳасан уйида смартфони портлаши оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар беради «Хабар» нашри.

Маҳаллий полициянинг аниқлик киритишича, смартфон унинг кровати ёнидаги стол устида қувватлантирилаётганида портлаган.

Аниқ тафсилотлар маълум эмас. Тахминларга кўра, портлаш оқибатида сочилган бўлаклар ухлаб ётган Назрин Ҳасаннинг чаккасига теккан. Яна бир талқинга кўра, жабрланувчи смартфон ёнишидан чиққан тутундан заҳарланган.

Воқеа жойига ўт ўчирувчилар етиб келганида хонада ёниб кетган тўшак, каравот ва ундаги уй соҳибининг куйган жасади топилган.

Назрин Ҳасаннинг иккита смартфони бўлган. Бири «Blackberry», иккинчиси «Huawei». Бироқ, айнан қайси смартфон портлагани номаълумлигича қолмоқда.

«Унинг иккита смартфони бор эди. Уларнинг бири портлаган. Ким ўйлабди дейсиз, оддий матоҳ шундай фожеа сабабчиси бўлди. Энди марҳумнинг уч норасида нафар фарзанди етим қолди», — дея таъкидлаган Назрин Ҳасаннинг қайниси.