Ўгай фарзандларини қийноққа солиб келган фарғоналик аёлга жазо тайинланди

Андижонлик Наргиза Ҳамидова (исм-шарифлар шартли) гулдек фарзандларга меҳр бериш, тарбиялаш ўрнига уларни сурункали равишда қийноққа солиб келди. Бу ҳақда Дарё хабар бермоқда.

Н. Ҳамидова 2011 йил бошидан 2017 йил 26 июнь кунига қадар бўлган вақт давомида Фарғона шаҳрида яшаб, ўгай фарзандлари — 2004 ва 2007 йилда туғилган Гулноза ва Шоҳрухга руҳий ва жисмоний азоб бериб келган. Уларни ҳақорат қилиб, кечалари уйқу бермай, муттасил равишда камар, сим, ёғоч буюм ва бошқа нарсалар, шунингдек, қўл-оёқлари билан баданини турли жойларига уриб, сочларини юлиб, дўппослаб, тан жароҳатлари етказиб келган.

Алоҳида яшаётган бу оиладаги салбий ҳолатлар Гулнозанинг ўгай онадан калтак еб, йиғлаб бувисининг уйига борганида аён бўлди. Неварасининг баданида кўкариш ва жароҳатлар бор эди. Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосаси билан ўгай онанинг қилмиши фош бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида мазкур ишни кўриб чиқди. Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчиларнинг қонуний вакили ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

— Фарзанд тарбиясига ҳеч қачон бефарқ қараб бўлмайди, — дейди судья А. Инамов. — Айниқса, мана бундай ҳолатларни учраши барча учун сабоқ бўлиши керак. Вояга етмаган норасидаларни қийноққа солиш аёл, она учун асло ярашмайди. Шунинг учун ҳам биз очиқ суд мажлисида кенг жамоатчилик иштирокида бу ишни кўриб чиқдик.

Суд Н. Ҳамидовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 110-моддаси 2-қисмининг «а,в» бандлари билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.