Исломдаги 7 муқаддас тоғ

Тоғларнинг деярли барчаси Саудия Арабистонида бўлиб, уларнинг қадимий номи муҳим тарихий воқеаларга боғлиқ. Шу боисдан аксари муқаддас саналади ва бутун дунё мусулмонлари ушбу тоғларга зиёратга келади. Бу хақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати ислом динидаги еттита муқаддас тоғ ҳақида маълумот берди.

Софа ва Марва Маккадаги икки муқаддас тепалик. Уларга бориш ҳаж ва умрани бажариш амалларидан бири ҳисобланади. Қуръони Каримда:

إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِن شَعَآئِرِ اللّهِ فَمَنْ حَجَّ الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَا وَمَن تَطَوَّعَ خَيْراً فَإِنَّ اللّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ

«Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ(дини)нинг белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир. (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)» (Бақара сураси, 158 оят).

Софа ва Марва Зам-зам булоғига яқин жойда жойлашган. Исмоли алайҳиссалом чақалоқлигида онаси Ҳожар ана шу ерда туриб Аллоҳдан сув сўраб илтижо қилган ва Аллоҳ таоло Зам-зам сувини ато этган.

Арофат тоғи ҳам зиёратчилар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу ерда ҳам ҳаж амалларидан бири бажарилади. Арофат тоғи Жаннатдан ҳайдалган Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ер юзида топишган азиз жой саналади.

Жабал ан-Нур тоғининг номи ўзбекчага таржима қилинса, нурли тоғ деган маънони билдиради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан шу тоғдаги Ҳиро ғорида кўп йиллар одамлардан холи қолиб ибодат қилганлар. У зот алайҳиссаломга биринчи ваҳий ҳам шу ерда нозил бўлган. Нурли тоғнинг баландлиги 642 метр, Маккадан 3,5 километр узоқликда. Ҳиро ғори тоғнинг шимоли-шарқий тарафида бўлиб худди туянинг ўркачига ўхшайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мушриклардан яширинган Савр тоғининг баландлиги 728 метр. Аллоҳ таоло:

إِلاَّ تَنصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُواْ ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لاَ تَحْزَنْ إِنَّ اللّهَ مَعَنَا فَأَنزَلَ اللّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَّمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُواْ السُّفْلَى وَكَلِمَةُ اللّهِ هِيَ الْعُلْيَا وَاللّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.(Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган.

Пайғамбар (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)» (Тавба сурасининг 40-ояти).

Ухуд тоғи Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу тоғ атрофида қурайш мушриклари билан катта жанг қилгани сабабли машҳур. Ушбу жангда мусулмонлар кўп талофат кўради, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб қариндошлари, яқинлари ва саҳобалари шаҳид бўлади. Расули акрам: «Ухуд шундай тоғки, биз уни севамиз ва у ҳам бизни севади», деб марҳамат қилганлар.