Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фаолиятига оид Президент қарори имзоланди

22.06.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзАда чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Халқаро муносабатлар соҳасида дипломатик, бошқарув кадрларини ва мутахассисларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, улар малакасини ошириш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш, мамлакатнинг ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятини илмий-методологик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5400-сон Фармони ижроси юзасидан:

1. Белгилаб қўйилсинки, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради ҳамда қуйидаги йўналишлар бўйича мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни, юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади:

халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;
халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ;
гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

илғор хорижий тажрибадан, шу жумладан, замонавий инновацион педагогик технологиялар ва илмий ишланмалардан фойдаланиш, мамлакатдаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш асосида республика ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти соҳасида халқаро мутахассисларни тайёрлашнинг юқори сифатини таъминлаш;

талабаларнинг мустақил тайёргарлик кўришини чуқурлаштиришни, уларда таҳлилий фикрлашни, мустаҳкам касбий кўникмаларни, юксак маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришни таъминлайдиган ўқув режалари ва дастурларининг амалий мазмунини кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа соҳавий вазирлик ва идораларнинг доимий янгиланиб турадиган истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида халқаро соҳадаги кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;

халқаро муносабатлар, хорижлик шериклар билан ҳамкорлик, мамлакатининг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти ривожланишининг прогноз баҳоларини ва истиқболларини ишлаб чиқишга қаратилган фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар самарадорлигини тубдан ошириш;

халқаро муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

хорижий мамлакатларнинг расмий тадбирлари ва делегацияларига юксак даражада ҳамроҳлик қилишни таъминлашга сафарбар этилган юқори малакали профессионал таржимонлар ҳамда гидларни ўқитишнинг замонавий услублари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;

Университетнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш.

3. Университетнинг Бошқарув институти ва Дипломатик курслари тугатилсин ҳамда уларнинг негизида Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Олий дипломатия мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин .