euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари ( Саккизинчи қисм )

115 full reads
149 story viewsUnique page visitors
115 read the story to the endThat's 77% of the total page views
19,5 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари ( Саккизинчи қисм )

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Саккизинчи қисм)

Шу билан биз машинага ўтирдик. Эски “Москвич” бир-икки марта “пақ-пақ” қилганидан кейин ҳомиладор аёлдай лопиллаб йўлга тушди.

Ҳамма жим, ҳеч кимдан садо чиқмайди. Машинадагиларнинг бари хаёл суриш билан овора эдилар, назаримда. Менга яхши бўлди. Атрофни кузатишимга, қайтиш режаларини тузиб олишимга имконият яратилди. Ярим соатлар чамаси юрганимиздан кейин Амин чуқур-чуқур уҳ тортиб қўя бошлади. Шу пайтгача унинг бундай қилиқларига энсам қотар, ҳатто жаҳлим чиқарди. Энди эса ичим ачий бошлади. Кўзимга ўта бечора, чорасиз бир зот бўлиб кўриниб кетди. Қалбимда меҳр учқунлари ҳам уйғонди.

Текис майдон, дарахтзорлар тугаб, яккам-дуккам ёввойи жийдалар учрай бошлади. Бу дашт зонаси бошланаётганлигидан далолат берар эди. “Бутун бошли чўлни оралаб кетамиз, шекилли”, дея ўйлагандим. Йўқ, аввал қирлар, сўнг тоғлар кўринди. Ҳаво ҳам секин-аста совиди.

— Яқинлашиб қолдик, — деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган Аъзамнинг одами.

Дарвоқе, у ўзини Абдуллоҳ деб таништирган эди.

Унинг “яқинлашиб қолдик”, деган гапидан кейин ҳам ярим соат ўтгач, биз манзилга етиб бордик.

Ясси тоғ этагида ўндан зиёд палаткалар қалин сим билан ўралган, палаткаларга олиб бориладиган йўлга оддий кўк теракдан номигагина дарвоза ҳам қилинган экан. Унинг ёнида эса баланд қоровулхона қурилган. Бизни Аъзам бошлиқ ўн чоғли йигитлар кутиб олишди. Уларнинг барчаси оқ яктак кийишган, бошларига ҳам оқ салла ўрашган ва ҳаммалари соқол-мўйловларини ўстириб олишган эди. Машинадан тушишим билан биринчи қилган ишим Шерзод билан Элёрни қидириш бўлди. Аммо улар кутиб олувчилар орасида йўқ эди.

— Марҳабо, хуш келибсиз! — дея бизнинг истиқболимизга аввал Аъзам юрди.

Мен унинг Аъзамлигини кийимининг ялтирашидан ва қолганлар унинг ортидан юрганлигидан билиб олдим. Олдинда мен, ортимдан Амин унга пешвоз чиқдик.

Дарров аввалгидек ачомлашиб кўришишлар бошланиб кетди. Сўнг Амин бизни ўзининг палаткасига бошлади. Бу палатка бошқаларидан сервиқорлиги, янада оқлиги билан ажралиб турарди. Дастурхон аллақачон безатилиб қўйилган экан. Фақат ўрин-жойлар кўп эди. Мезбон “меҳмон”ларнинг кўпчилик бўлиб келишини режалаштирганлиги аён эди. Сўрашишлару бир пиёладан чой ичилганидан кейин имом бизнинг нега камчилик бўлиб келганлигимизни сўради. Мен Абдуллоҳга айтган гапларимни унга ҳам бирма-бир такрорладим. У бир муддат ўйга толди. Қаншарини қашлади. Сўнг ғалати кулиш қилди-да, ташқарига чиқиб кетди. Унинг бундай қилиғи мени дарров сергаклантирди. “Бирор ниманинг ҳидини олган бўлса-я”, деган ўй яшин тезлигида хаёлимдан ўтди. Ва эҳтиёт шарт ҳужумга чап бериб қолиш режасини хаёлан тузиб чиқдим. Аммо ўйлаганимдай бўлиб чиқмади. Аъзам бутунлай бошқа кайфиятда, яъни шоду хуррам ҳолда қайтиб келди.

— Хўш, гапиринг-чи, динсизлар макон қилган юртда нима гаплар, одамлар нима билан шуғулланишаяпти? Масжидга қатновчилар сони кўпми? — дея мени саволга тута бошлади.

— Ҳаммаёқ осойишта. Истаган одам масжидга бориб намозини ўқиб келаяпти. Биров уларга халақит бераётгани йўқ...

— Тўхтанг, биродар, — дея бирдан гапимни бўлди у, — назаримда, дин нима эканлигини билмайдиган кўринасиз. Бу асло сизнинг хатоингиз эмас. Устозингиз ҳазрати Аҳмаднинг айби, холос. У сизга етарлича таълим бера олмаган. Умуман олганда, ўзининг ҳам бизнинг энг илғор адабиётларимиздан хабари йўқ. Чунки ҳали уларни етказиб беролмадик. Билмаган нарсаларингизни эса шу ерда ўрганиб оласиз. Ҳа, дарвоқе, биродаримиз сиз тўғрингизда ўзининг мактубида хўп ёзган. Унинг айтишига қараганда, кофирлар замонида кўп хўрликларни кўрган экансиз. Ва ниҳоят қаттиқ курашиб ютиб чиққансиз. Бу жасоратингизга тасанно!

Аъзамнинг гапидан кейин биз билан бирга тановул қилаётган унинг аъёнлари ҳам “тасанно”га зўр беришди. Мен уларга ташаккуримни изҳор этдим. Шундан сўнг Аъзам яна гапини давом этказди:

— Бизнинг сафимизга келиб қўшилганингиз Оллоҳнинг иродаси. Унинг хоҳиш-истаги билан мўътабар жамоамиз аъзосига айланиб турибсиз. Ва ўйлайманки, эндиги бўладиган жангу жадалда ҳам ўзингизни кўрсатасиз, иншооллоҳ!

— Сизнинг ёрдамингизда, — дедим унинг гапини маъқуллаб.

Шу билан ош сузилгунча бўлган суҳбат ниҳояланди. Ошнинг таъми ғалати экан. Қовурилган барра ялпизнинг ҳиди келади. Кейин қандайдир ачқимтил. “Ҳозир ялпизлар қариб кетган. У баҳор ойидагина барра бўлади. Ёки булар қуритиб олиб қўйишганмикин?” дея хаёл қилдим. Ва товоқдан қўлимни тортиб, бошқаларни ажаблантирмаслик мақсадида оз-оздан ейишда давом этдим. Бир оздан кейин иштаҳам бутунлай очилиб кетди. Қанча есам шунча камдай туйилаверди. Дарров мен билан бирга ошхўрлик қилаётганларга эътибор қилдим. Улар ҳам йиллаб оч юрган одамдай бир-бирига қарамасдан, кафтларини тўлдириб-тўлдириб ошаш билан овора эдилар. Бироқ Аъзам чимхўрлик қилаётганди. Дарров кўнглимга шубҳа оралади. “У чимхўрлик қилаяптими, демак, бир гап бор”, дея ўйладим.

Ҳадиксираганимча бор экан. Бир оздан кейин бошим озгина айланиб, руҳим енгиллашди. “Ошга наша аралашган”, деган ўй яшин тезлигида миямга урилди. Аммо энди кеч бўлган эди. Бир бало қилиб ўзимни тутиб турдим. Лекин Амин бутунлай бошқа қиёфага кирди. У бир менга, бир Аъзамга, кейин бошқаларга қараб шунақанги қаҳ-қаҳ отиб кулар эдики, кўрган одам жинни-пинни бўлиб қолган, деб ўйлаши ҳеч гап эмасди.

— Бугун сизлар дам оласизлар, ҳар қалай, йўлдан чарчаб келгансизлар. Эртадан бошлаб батафсил вазифаларингиз билан таништирамиз, — деди Аъзам ниҳоят.

Дастурхонга узундан-узоқ фотиҳа айтилгандан сўнг ўрнимиздан турдик.

Бизга Аъзамнинг қароргоҳи ёнидаги палаткадан жой беришди. Каравоту юмшоқ ўриндиқлар, турли диний даъватга жалб этувчи китоблар турган стол бўлса керак, деб ўйлагандим бу ётоқдаям (Аъзамники худди шундай эди. Бундан ташқари, деворига чўғдай гилам ҳам осилганди. Тўрида кесишган икки қилич шакли туширилган байроқ ҳам осиғлиқ эди. Яна палатканинг ўртаси кўк духоба билан тўсилганди). Аммо ўйларимнинг бари бекор экан. Ерга хас-чўп ташланган, унинг устига эски-йиртиқ гилам тўшалган, ҳар-ҳар жойда кўрпача ёзиғлик эди. Бунинг устига, шунақанги бадбўй ҳид таралардики, шундай кайф ҳолатимдаям буни сезиб афтим бужмайди.

Кўрпачалар биз киргунимизгача эгалланиб бўлинган экан. Ҳар бирида икки киши бўлишиб хуррак отганча ухлашарди. Шу боисдан ҳам қуруқ гиламнинг устига ўзимизни ташлашга мажбур бўлдик. Амин гоҳ осмонга қараб, гоҳ ёнига ағдарилиб бир нарсалар деганча ғўлдираб, кейин ўзига-ўзи қотиб-қотиб кулиб бир оз ётди-да, сўнг пишиллаб ухлаб қолди. Аммо менинг кўзимга уйқу келмади. “Яхшилаб дам олволайин, сўнг бирданига ишга киришиб, бу ерлардан жуфтакни ростлайман”, деб ўйлаган эдим. Бўлмади. Уйқу мени ўгай қилиб ташлаб кетди. Бунинг устига, тагимдаги хас-чўплар танамга тошдай ботарди. Охири чидолмасдан ўрнимдан туриб кетдим.

Ташқарига чиқдим. Қуёш энди-энди уфққа ёнбошлаш ҳаракатига тушибди. Зумда бошқа палаткалар атрофларини кўздан кечирдим. Баъзиларининг ёнларида оппоқ яктагу оппоқ иштон кийган одамлар санқиб юрибди. Бошқаларининг эшиклари ёнида худди шундай нусхалар чордона қуриб ўтириб олган. Бошлари эгик. Эҳтимол, ўй сураётгандир. Эҳтимол, Аминга ўхшаб келганига пушаймон еб ўтиргандир. Энди қандай кетишни билмай қийналаётгандир...

Ўйларимни тугатмасимдан лагерга катта тезликда “Нива” машинаси кириб келди-да, Аъзамнинг қароргоҳи ёнида тормоз бериб, атрофга чанг-тўзон кўтариб тўхтади. Машинадан худди бошқалар кийимидаги “соқолтой” сакраб тушиб қароргоҳга кириб кетди. Кўрганларим мени сергаклантирди. “Бирор хабар олиб келди-ёв”, дея ўйладим мен. Орадан кўп ўтмай, Аъзам қароргоҳидан чиқиб келди. Қўлида бир парча қоғоз, лабида табассум.

— Биродарлар! — дея хитоб қилди “кулба”сидан икки қадамча узоқлашиб. — Ҳозиргина хушхабар олдим!

Ҳамма ёппасига унинг олдига югуриб келди. Шунда мен унинг одамлари сонининг, бошқа палаткаларда бизникига ўхшаб думалаб ухлаб ётганлари бўлмаса, бирор ўттиз бешталар атрофида эканлигини билдим.

— Биродарлар! — дея яна овозига зўр берди Аъзам. — Эртага Афғонистондаги толиб биродарларимиздан қўшимча куч келиши ҳақидаги хабарни олдим.

Бирдан ҳаммаёқни қийқириқлар босиб кетди. Иккита-учтаси осмонга қўлларидаги автоматлардан ўқ ҳам узишди. Аъзам уларга қарата қўли билан “жим”, ишорасини қилди-да, яна сўзида давом этди.

— Бу бизга Худонинг берган инъоми. Оллоҳнинг ўзи бизни қўллаб турибди. Шундай пайтдан фойдаланмасак, ношуд бўлиб қоламиз. Ҳозир намозни ўқиймиз-да, яна учта чодир қуришни бошлаб юборамиз.

Хабар ҳаммани хурсанд қилиб юборди. Йиғилганларнинг барчаси ўзларининг палаткалари томон югуриб қолишди. Шунда кўзим Шерзод билан Элёрга тушди. Улар ҳам бошқалардек кийинган, ҳатто соқол ҳам қўйиб олишган эди. Аммо соқол мутлақо иккисига ҳам ўтиришмабди. Бундан эчкиники кўркамроқ. Элёр мен томонга бурилиб ҳам қарамади. Лекин Шерзод билан кўзимиз тўқнаш келди. Менинг бу ерга келганим уни қувонтирса керак, деб ўйлаган эдим. Йўқ, у кўзини олиб қочди. Жаҳлим чиқди. “Занғарча, бутун бошли устозинг юртингдан келиб турибди. Югуриб келиб кўришмайсанми?” дея хаёл қилдим ва бошқалар қатори ётоққа қайтиб келдим.

Ҳеч ким уйғонмабди. Тарракдай қотиб ухлашаяпти. Онам менга кўп бора: “Кун ботар чоғида ҳеч қачон ухламагин, ёмон бўлади”, деб ўргатган эди. Ўша гаплари эсимга тушиб ухлаётганларни уйғотмоқчи бўлдим. Кейин ниятимдан қайтдим. Мен билганимдан булар ўн чандон зиёдроқ билишса керак, бунинг устига, ҳаммасининг кайфи тароқ кўринади. Балки уйғотиб балога ҳам қолиб кетишим мумкин, деган ўйда индамай қўя қолдим. Аммо ўзим таҳорат олиб ташқарига чиқдим. Ҳамма Аъзамнинг қароргоҳи ёнида тўпланиб саф тортибди. Бирпасдан кейин имом чиқиб келди. Олдинги қаторлардан бирида турган эканман, менга кўзи тушиб илжайди.

— Йўл чарчоғини тез енгибсиз, баракалла, — деди.

Аҳмаднинг таълимини олиб, намоз ўқиш тартибини анчагина ўзлаштириб олган эканман. Аввалгидек қийналмадим. Барча амалларни оби-тобида бажардим. Шундай қилишим шарт эди. Биринчидан, ўзим учун, иккинчидан, эҳтимол, битта-яримтаси “бехосдан” нигоҳи тушиб қолиши мумкин эди.

Намоз якунланганидан кейин ҳамма яна ўзининг кулбаси томон кетди. Мен ҳам собиқ шогирдларим билан нигоҳимиз тўқнаш келиб, лекин гаплашолмай ортимга қайтдим.

Палатка қуриш ҳақида гап бўлган эди. “Элдан қолмай, менга нисбатан бировда шубҳа уйғонмасин”, деган ўйда энди ташқарига чиқмоқчи бўлганимда, Аъзамнинг одамларидан бири оқ яктак ва иштон кўтариб келиб қолди.

— Биродар, сафимизга қўшилганингиз қутлуғ бўлсин. Ҳазрати имом Аъзам жаноблари сиздан ниҳоятда миннатдор, — деди ва олиб келганларини қўлимга тутқазди.

— Шеригимга-чи? — дедим мен ҳам бир дунё табассум билан.

— Биродар, — деди у таъкидлаб, — сиз билан бирга келган инсон энди биродарингиз бўлади. Бизда шерик деган калима ишлатилмайди. У биродаримизга оромини олиб бўлганидан кейин либос тортиқ қиламиз. Мана булар сизу бизнинг бирдамлигимизга кўп ёрдам беради.

Яна нимайкан, деб унга термилиб турсам, бир пайт қўйнидан шприц ва учта сигарета донасини узатди.

— Нима бу? — дедим мен гўё ҳайратим ошиб.

— Қайси бирини хуш кўрсангиз, ўшанисидан бемалол фойдаланаверинг, — дея хунук илжайди у ва орқасига қайтиб кетди.

Мен жойимда ҳайкалдек қотдим ва кўп нарсага ақлим етгандай бўлди. Ғижиндим. Ва гарчи истамасам-да, азбаройи тузиб қўйган режамга путур етмасин, деган ўйда кийимларни кийдим.

— Айнан сиз учун тикилган экан, — деди ётганлардан бири бошини кўтариб.

— Раҳмат, — дедим унга зўрма-зўраки илжайиб қарар эканман.

— Анавиндан фойдаланасизми, биродар?

— Нимадан?

— Бир четга суриб қўйибсиз-ку.

— Манавими? — дедим мен шприцни қўлимга олиб.

У “ҳа”, дегандек бошини қимирлатди.

— Шунга қолганда бир оз нўноқман-да, шу ёшга кириб ҳатто чекиб ҳам кўрмаган эканман, — дедим ғазабимни ичимга ютиб.

— Ҳечқиси йўқ. Бу ерда тезда ўрганиб оласиз. Шунда Оллоҳ йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган бўласиз, — деб у секин ўрнидан турди.

Ётганида билинмаган экан. Турганидан кейин, рости, арвоҳдан фарқи қолмади унинг. Шунақанги озиб кетганки, рўпарангизда қуп-қуруқ устихон тургандай.

— Менинг лақабим, — деди у қўлимдан шприцни берухсат олар экан, — Ғиёсиддин.

— Менинг исмим эса Собир.

Исмим унга ёқмади шекилли, афтини бужмайтириб қараб қўйди ва эринмасдан оддий стаканга оппоқ кукунни тўкди-да, ёнидан суюқлик тўла шишачани олиб унинг устидан қуйди. Сўнг яхшилаб аралаштирди. Кейин тайёр бўлган суюқликни шприц билан тортгач, бўртиб турган томирига игна санчди. Кўзлари юмилди. Юзи қизарди. “Оҳ!” деди чуқур нафас чиқариб...

Одамгарчилигу тириклигини аллақачон йўқотиб қўйган бу нусханинг, менимча, энди бу ердагиларга ҳам кераги бўлмай қолган бўлса керак.

Дилим хира тортиб ташқарига чиқдим. Қоронғида қабрдан чиққан “мурда”лар анча наридаги бўш ерга палатка қуришмоқда эдилар. Уларнинг бақир-чақири, кулгиси баланд эди. Демакки, хушчақчақ, демакки, менга берилган инъомдан улар ҳам баҳраманд бўлишган.

Қурилишга қўл солишай деб бордим ёнларига. Аввалига ҳеч ким менга эътибор бермади. Афтидан, танишмади шекилли. Анграйиб туравердим. Ниҳоят биттаси ёнимга келиб:

— Биродар, сиз бугун меҳмонсиз, дам олишингиз керак, — деди.

— Зерикдим, сизлар меҳнат қилиб турганларингизда мен четда қолиб кетсам тўғри келмас.

— Яшанг, — дея мақтади у мени, — иродангиз мустаҳкамлиги, иймонингиз бутлиги шундоққина кўриниб турибди.

Уч соатлар чамаси тинимсиз меҳнат қилинганидан кейин иш охирлади. Ҳамма ҳориб-толди. Янги битган “иморат”нинг эшиги ёнида тўпландик. Кейин чордона қуриб ўтирдик. “Тун ярмидан ўтди. Бундан кўра, ётоққа кириб дам олинса яхши эмасми? ” дея ўйладим мен. Аммо уларнинг кўзларида алланимадандир умидворлик бор эди. Ҳайрон бўлдим, нимани кутишаётган экан, деб. Бир оздан кейин ҳамма нарса равшан бўлди.

Аъзамнинг қароргоҳидан чиқиб келган “соқолтой” ҳаммага икки донадан сигарета улашиб чиқди. Ўтирганлар сапчиб ўринларидан туриб кетишди. Мен эса қўлимдаги сигарета доналарини секин ҳидлаб кўрдим. Чекмаганлигим боис унинг нима эканлигини билолмадим. Бу пайтда бошқалар ўзлариникини тутатиб улгуришган эдилар. Чекишлари бошқача эди. Тутунни жон-жаҳдлари билан ичларига ютиб, бир оз ушлаб турганларидан кейин, хўрсинишга ўхшаш нафас чиқарардилар тутунга қўшиб. Наша кайфини бир марта синаб кўрдим. Лаззати қанақа бўлишини билиб олдим. Ҳақиқатан ҳам бошқача. Бироқ бу бошқачалик эртага одамни “бошқача” қилиб ташлашини иккинчи марта бундан уч соатлар муқаддам кўрдим.

Секин ётоқ томонга кетаётиб, қўлимдаги сигарета доналарини эзғилаб ташладим.

Эндигина Аъзамнинг қароргоҳи ёнига етганимда, палатка ичкарисидан аёл кишининг кулгиси эшитилди. Шумлигим тутди. Аъзам деганларининг ҳақиқий башарасини билиб олиш учун аввал ўзимизнинг палаткага кириб, ҳамманинг ухлашини кутдим. Бирор соатга яқин вақт ўтганидан кейин чодирдан ташқарига чиқдим. Ўйлаганимдек, атроф сув қуйгандек жимжит эди. Фақат узоқ-узоқдан ҳашаротларнинг чириллаган овозлари эшитилиб турарди.

Секин имомнинг ётоғи эшиги ёнига бориб, ичкарига қулоқ тутдим. Бирорта садо эшитилмади. Ўша пайт жосусликда орттирган тажрибам қўл келди. Овоз чиқармасдан оёқ учида ичкарига кирдим. Биз кундузи ош еган жойимизда ҳеч ким йўқ эди. Аммо тўсилган “девор” ортидан хира ёруғлик таралиб турарди. Билдимки, ҳурматли бошқон шу томонда ором олиш билан овора. “Энди, тақсир, озгина безовта қиламиз, чидайсиз”, — дея хаёлимдан ўтказиб, ётоқ томон мўраладим. Албатта, бировнинг тўшагига мўралаш одобдан эмас. Лекин мен кимлигини аниқламоқчи бўлган одам оддийгина “биров” эмасди.

Икки томонида иккита соҳибжамол чироқнинг хира ёруғида “валломат”ни опичлаб олишганча пишиллабгина ухлашар эди. Уларнинг ҳар иккаласининг нозик бадани ҳеч нима билан бекитилмаганди. Номини эсимдан чиқариб қўйган қайсидир машҳур рассом худди шунақанги аёлнинг суратини чизгани эсимга тушди.

Аввал иккала гўзални гипноз қилдим. Билсангиз, одам ухлаётган маҳали ҳушёрлигидагига нисбатан тезроқ “ихтиёрингиз”га ўтади. Кейинги навбат Аъзамга келди. Амримга бўйсунадиган даражага етганидан кейин ўрнидан турди. Албатта, менинг хаёлий буйруғим билан. Сўнг биз “девор”нинг иккинчи томонига ўтдик.

— Исминг нима? — дея сўрадим ундан.

— Аъзам, — жавоб қилди у кўзлари юмуқ ҳолда.

— Бунисини биламан. Ҳақиқийси?

— Жавлон.

— Бу ерда туришларингдан мақсад нима?

— Давлатни эгаллаш.

— Ҳе, овсар, шу ердаги наркоманларинг билан бутун бошли давлатни эгаллайсанми?

— Қўшимча куч келади.

— Қаердан?

— Афғонистондан. Легионерлар.

— Қанақа легионерлар?

— Араблар, ораларида инглизлар ҳам бор.

— Нега бу ердагиларга тинимсиз наша улашяпсан?

— Улар бутунлай итоаткор бўлиб қолиши керак. Кейин ўлимдан ҳам қўрқишмайди.

— Ҳамма бир таъминланадими?

— Бошқарувдагиларга берилмайди. Асосан иродаси бўшларга, фикри айниб қоладиганларга.

Бир пайтлар манқуртлар ҳақида эшитган эдим. Ёш, кучга тўлган йигит танлаб олинаркан-да, унинг сочи тақир қилиб олиниб, бошига янги сўйилган туянинг териси ёпиштирилиб, устидан маҳкам боғлаб қўйиларкан. Ундан кейин ўша йигит жазирамага ўтқазиб қўйиларкан. Тери аста-секин қуриб, каллани сиқар, шу билан бирга унинг ичидаги онгу шуурни суғуриб оларкан. Қарабсизки, орадан ҳафта ўтмай ҳалиги бақувват йигит манқуртга, яъни сиздан бошқага итоат этмайдиган қулингизга айланаркан. Энди эса яна бошқача йўли топилибди-да.

— Аввал нима иш билан шуғуллангансан?

— Ишлашга улгурмаганман. Икки марта қамалганман.

— Нима сабабдан?

— Биринчисида ўғирлик қилиб қўлга тушганман. Иккинчисида қўшнимизнинг ўн беш яшар қизини зўрлаб қўйганман.

— Вой аблаҳ-э, энди диннинг пешвоси бўлиб олдингми?

— Одамлар эргашаяпти орқамдан.

— Бу ерга келганларнинг ҳаммаси рўйхатга олинадими? Орқасидан айғоқчи қўйиладими?

— Ҳа.

— Рўйхат қани?

У чодирнинг иккинчи тўри томон юрди. Мен унга эргашдим. Аъзам эгилди-да, қоронғида алланималарни титкилай бошлади.

— Шам олиб кел, — дедим.

У қаддини тиклаб ётоғи томон кета бошлади.

— Тўхта, ўзим олиб келаман.

Икки гўзал бутун борлиқни унутганча беозоргина бўлиб ширин уйқуни уришаяпти. Агар буларни уйғотиб: “Нега бу ерда сарсон-саргардон бўлиб юрибсизлар?” деб сўрасангиз, бирдан кўз ёш тўкишади, алданиб қолишганларини, мажбурлаб олиб келишганларини айтишиб уввос солишади. Асло ўзларини айбдор ҳисоблашмайди...

Хаёлимдан ўтган гаплар билан санамларга қараганча бир оз туриб қолибман. Бирдан ўзимни ўнглаб, мойчироқ билан орқага қайтдим.

Аъзам латта-путталарни нари сурган эди, сейф кўринди. У кодли экан. Аъзам бирпасда очди-да, ичидан қалин, қоп-қора дафтарни олди.

Қора дафтар қора рўйхатга бой экан. Унда бу жамоанинг қачон ташкил бўлгани, шундан бери нечта одам келган, исм-фамилияси, лақаби, қаерданлиги — ҳаммаси ёзилган экан. Рўйхатнинг энг сўнгида менинг исмим турарди. Исмимнинг тўғрисига “Бобо” деб ёзиб қўйишибди. Кулгим қистади. Умрим бино бўлиб шунақа лақаб орттираман, деб ҳечам ўйламагандим. Ёшлигимда “Чайир, Чаққон” деган лақабларнинг эгаси бўлганман, лекин Бобо... Яна бир ажабланган нарсам шу бўлдики, исмимнинг тўғрисига расмимни ёпиштириб қўйишибди. Мен расм бермаган бўлсам, суратим қандай буларнинг қўлига тушиб қолганлиги ҳайратлантирди.

— Ким берди суратимни? — сўрадим Аъзамга жаҳл билан тикилиб.

— Ўзимиз олдик, — дея жавоб қилди у.

— Қандай қилиб?

— Чодирга махсус фотоаппарат ўрнатилган. Қайси янги одам бу ерга кирса, суратга олинади.

— Ҳозир ҳамми?

— Йўқ.

Шу пайт чодир ташқарисидан қадам товушлари эшитила бошлади. Мен Аъзам билан суҳбатни шу ерда тўхтатишга мажбур бўлдим. Сўнг қора дафтарни сейфга, Аъзамни эса анави икки санамининг қўйнига жойлаб, ўзим секин ташқарига қулоқ тутдим. Қадам овозлари тиниб, жимжитлик яна ҳукмронлигини ўрнатди.

Нонуштадан кейин кутилмаганда Аъзам ҳаммани йиғиб қолди. Бизнинг ётоқдагиларнинг айтишига қараганда, у бунақа қилиб эрталабдан ҳеч кимни тўпламаган экан. Хаёлимдан: “Бирон нимани сезиб қолдимикин? Қаерда хатога йўл қўйдим?” деган ўй ўтди. Сўнг тезгина бориб, Аъзамнинг чодири ёнида қатор турганларнинг сафига қўшилдим.

Бир пиёла чой ичгунча ҳам бўлмай Аъзам қароргоҳидан ўта ғамга ботган ҳолда чиқиб келди ва ҳар биримизга биттама-битта синчиклаб назар ташлаб чиққанидан кейин хаста товушда гап бошлади:

— Биродарлар, шу кунгача бу даргоҳда ҳеч кимнинг бузғунчилик билан шуғулланганлигини билмайман. Лекин куни кеча кимдир бу ердаги соф, покиза ҳавони булғамоқчи бўлган. Оллоҳга қасам, худди шундай бўлган!

Йиғилганлар орасида бирдан ғала-ғовур бошланиб кетди.

— Биз унинг кимлигини ҳам биламиз. Бизнинг амримизга бўйсунишни истамадими, у биздан эмас. Кофирларга эса шариатимиз бўйича ўлим белгилаб қўйилган. Аслида ҳам бекорга шу ерни макон тутмадик. Азбаройи кофирларни ер юзидан супуриб ташлаш, хотин-қизларимизни паранжига киритиш, эркакларни соқол-мўйлов қўйдириш ва салла ўратиш, шунингдек, халифалик давлатини барпо этиш бош мақсадимиздир! Кимки бизга қарши турса, миллатидан қатъи назар, итнинг ўлимига дучор бўлади. Бугун бир гуруҳ биродарларимиз ўз ерида давлатни қўлга олиш мақсадида жиҳод қилишмоқда, эртами-индин бизнинг галимиз ҳам келади, иншооллоҳ!

“Нутқинг ёмон эмас экан, гапир, яна нималар деб алдамоқчисан?” дея хаёлимдан ўтказдим мен.

— Кимларнингдир буюртмасига кўра сафимизга кириб олган кофир орангизда! — дея ҳайқирди Аъзам наъра тортиб.

“Кофирга ўлим!!!” деган бақириқлар ҳар томондан янграй бошлади. Шунда Аъзам уларни яна қўл ишораси билан тинчитди-да, тўғри мен томонга кела бошлади.

У аввалига мени худди энди кўриб тургандай бошдан-оёқ кузатиб чиқди. Сўнг елкамга қўлини қўйди-да:

— Нима дейсиз, биродар, ким бўлиши мумкин ўша одамсифат махлуқ? — дея сўради.

— Ўлимдан хабарим бор, лекин... Янги одамман, ҳали бирортани яхшилаб таниб олишга улгурганим йўқ, — дедим имкон қадар юмшоқ гапиришга уриниб.

Шунда у кўзларимга тикилди. Гўё мазмун уқмоқчи, кимлигимни билмоқчи бўлди. Аммо ютқазди. Нигоҳининг бардоши етмай, кўзларини олиб қочди.

— Мен сизни, биродар, тушимда кўрибман. Ярим тунда иккаламиз боғ-роғларни айланиб юрган эканмиз. Қизиғи, худди шу тушни янгаларингиз ҳам кўришибди. Бу ёғига нима дейсиз? — деди у соқолини силаб.

— Билмадим, бунақанги нарсаларга ақлим етмайди, — дедим унга жавобан.

— Яхши, — деб у қўлидаги кеча кечаси мен эзғилаб ташлаган сигарета доналарини бурнимнинг тагига келтириб кўрсатди. — Сизга танишми, биродари азиз?!

Жавоб қилмадим. Индамай юзига термилиб туравердим.

— Сен биздан эмассан! Сен кофирлар авлодидансан! — дея у орқага бурилган киши бўлиб бирдан жағимга мушт тушириб қолди.

Зарба унчалик қаттиқ эмас экан-у, лекин йиқилишимга тўғри келди. Йиқилишим билан қолганлар ҳам менга ташланишди. Ҳеч бунақанги ҳолатга тушмаган эдим. Бошинг, кўзинг, қорнинг демасдан бор кучи билан тепишарди улар. Мен фақат ҳимояландим. Оёқларимга тегаётган зарбаларга эътибор бермаган эсам-да, нозик жойни мўлжаллаганларнинг оёқларига уриб турдим. Шу ҳолатимда Шерзод билан Элёрнинг бошқаларга қўшилиб мени калтаклаётганликларини кўриб қолдим. Аламим бўғзимга келди. “Сенларни шу умидда тарбиялаган эдимми?” деган ўй ўтди хаёлимдан. Орадан бирор уч-тўрт дақиқа ўтиб Аъзам биродарларини тўхтатди.

— Жазо чодирига олиб боринглар-да, устидаги кийимларини ечинглар. Бу лойиқ эмас бизнинг кийимда ўлишга. Ўзиникини кийдиринглар, ундан кейин қатл қилинглар! Аввал терисини шилинглар, ундан кейин бўғизланглар! — дея амр қилди у.

Мени судрашиб жазо чодири томон олиб кетишди. Атайлабдан ўзимни ҳолдан тойиб қолган одамдай кўрсатиб, оёқларимни судрардим.

Чодирга киришимиз билан мени ўртада турган ёғоч томонга итқитишди. Йиқилаётиб мени бўғизлашга чоғланаётганларга разм солишга улгурдим. Уч киши — учаласининг ҳам елкасида автомат осиғлиқ. Биттаси келиб автоматини пешонамга тиради, иккитаси қўлларимни қайириб ўрнимдан турғизишди ва энди кийимларимни ечишаётганида, автомат тираб турган соқолтойнинг ияги тагидан чунонам тепдимки, осмонга ярим метр кўтарилиб, чалқанчасига қулади. Қўлларимни қайирганлар эса бир-бирининг пешонасига тўқнашиб кетишди. Албатта, менинг ёрдамим билан. Ҳамма ишни жуда тез бажаришим керак эди. Агар икки дақиқадан кўп сарфласам, ниятимга етолмасдим. Шу боисдан пешоналарини ушлашиб нима воқеа содир бўлаётганлигини ҳали англаб етмаган икки соқолтойнинг орқа миясига мушт тушириб, ҳушидан кетказдим. Сўнг жағини сололмай қийналаётган соқолтойга кўмаклашиб юбордим. У ҳам узоқ муддатли уйқуга кетганидан кейин автоматлардан бирини олиб, қолганларининг ўқдонини суғуриб, шолваримга қистириб қўйдим. Шундан кейингина чодир эшигининг ёнига бориб ташқарини кузатдим.

Ҳамма аста-секин тарқаяпти. Шерзод билан Элёр тўғри мен томонга келаяпти. Лекин Аъзам кўринмайди. Уни отиб ташламоқчи эдим. Шунда бу ерда парокандалик бошланар, то ўзларига келиб олгунларича эндиликда душманимга айланиб қолган шогирдчаларимни олиб жуфтакни ростлашга улгурган бўлардим. Бунақа режа албатта бир оз қўполроқ эди. Лекин натижа беришига шубҳа қилмасдим.

Шогирдларим жазо палаткасига яқин қолганларидан кейин бир-бирига қарашди. Ниманидир англаб етишди, шекилли, бирданига югуришга тушишди. Ўшанда мен командирим Батинков бўлолмаслигимга илк бора амин бўлдим. Қанча нарсани билсам-да, шогирд етиштиришда нўноқ эканман. Агар устозлик қўлимдан келганида, анави иккита — она сути оғзидан кетмаган гўдак бу йўлга кириб кетмаган бўларди. “Аҳмоқ болалар, устозларингнинг даражасини ҳеч қурса сенлар озгина билардинглар-ку. Шу аҳволда унга ҳужум қиласанларми?”

Элёр оёғимга чалиниб ўмбалоқ ошиб кетди. Шерзодни елкасидан ушлаб қолдим-да, биқинига мушт туширдим. У инқиллаганча чўк тушди. Ҳозирча менга уларнинг ўзларини билмай ётганлари кўпроқ керак эди. Мен аяйман, эвазига иккиси ҳам халақит беради. Шерзодни орқа миясига авайлабгина уриб, ҳушидан кетказиб қўйдим. Элёрни эса оёқ-қўлини, аслида, мен боғланишим керак бўлган ип билан боғлаб ташладим. Кейин оғзига латта тиқиб қўйдим. Ва югуриб чодир эшигининг ёнига бордим-да, яна ташқарини кузатдим. Одамларининг мен билан узоқ қолиб кетганлигидан Аъзам хавотирга тушган шекилли, қароргоҳидан безовталаниб чиқиб, бир оз аланглаб турди-да: “Мулла!” дея бақирди. Елкасига автомат осиб олган соқолтойлардан бири унинг ёнига чопиб борди.

— Бориб хабар ол-чи, анавилар нима қилишаяпти, йўқолиб кетди? — деярли бақириб буйруқ берди Аъзам.

Бу пайтда мен унинг пешонасини мўлжалга олиб улгурган эдим. Қўлимдаги автоматнинг тариллаши уни ерга қулатди. Соқолтой эса ўзини ерга ташлади-да, мен томонга пала-партиш ўқ ота бошлади. Бирпасда ҳаммаёқда тўс-тўполон қўпди. “Ҳазратни ўлдиришди!” “Динсизни ушланглар! ” деган ҳайқириқлар янгради. Мен ортимга қайтиб жазо палаткасининг иккинчи томонини пичоқ билан йиртиб ташладим ҳамда ташқарига отилиб чиқдим-у, иккитасига дуч келдим. Улар менга ҳайратланиб, карахт ҳолда қараб туришарди. Овсарликлари уларни ерга қулатди.

Шундан кейин ҳақиқий уруш бошланди. Палаткалар оралаб югураман: гоҳ энгашаман, гоҳ қад ростлайман, қисқа-қисқа ўқ узаман ва шу билан мени тутмоқчи бўлганларни баттар саросимага соламан. Эндиликда улар (соқолтойларнинг ҳаммаларида ҳам қурол йўқ экан. Қуролсизлар тоғ томонга ура қочишга тушиб кетишган эдилар) тўғри келган томонга ўқ узишарди. Биттаси ҳатто билмасдан “биродари”ни отиб қўйди ҳам шекилли.

Бир пайт қарасам Шерзод билан Элёр ётган палатка ёна бошлабди. Эсхонам чиқиб кетди. Қош қўяман деб кўз чиқариб қўйишим ҳеч гап эмасди. Йўл-йўлакай учта соқолтойни ер тишлатиб палаткагача етиб бордим. Бунгача олов забтига олган эди. Агар яна озгина кеч қоладиган бўлсам, иккала шогирдим ҳам бутунлай куйиб кетиш хавфи шундоққина кўриниб қолганди. Бунинг устига, шамол ҳам пайдо бўлиб, тилсиз ёвни баттар кучайтириб юборди. Боягина бу ердан қандай чиққан бўлсам яна худди шундай алпозда ичкарига кирдим. Элёр дод солганча типирчилар, қўлларини ечишга уринар, аммо уддасидан чиқолмаганидан ўкириб йиғлар эди. Шерзод эса ҳамон ҳеч нарсани билмай мурда мисол қимирламасдан ётарди. Аввал Шерзодни елкамга олдим-да, йиртиқдан ташқарига улоқтириб юбордим. Кейин Элёрни олиб чиқдим. Бу пайтда бошқа яна учта чодирни аланга ўз домига олган экан. Ўқ овозлари эса бир оз босилгандай туйилди менга. Ва шогирдларимни шу ҳолича қолдириб, ўша онда-сонда қуролини ишлатаётганлар томон яқинлашдим. Ҳали олов тиғи етиб бормаган палатка бурчагига бориб қарасам, ўқ отаётганлар икки киши экан. Улар бир-бирига орқа бериб ўтириб олишган, худди кинолардагидек, мен эса уларнинг ён томонида турибман. Секин аввал ўнг томондагисининг қўлини мўлжалга олдим ва тепкини босдим. Қўлидан қуроли отилиб кетган соқолтой типирчилаб қолди. Унинг аҳволини кўрган шериги ҳам автоматни анча нарига отиб юборди-да, ўзи иккала қўлини ҳам осмонга кўтариб:

— Тавба қилдим! Тавба қилдим! — дея бўкириб йиғлашга тушди.

Мен унинг ёнига боришга шошилмасдан, аввал атрофни яхшилаб назоратдан ўтказдим. У ер-бу ерда оқ кийимлиларнинг мурдалари ётар, агар ҳисоблаб чиқилса ўнтадан ошмасди. Қолганлари қаёққа даф бўлганлигига ҳайрон эдим. Шунда биздан икки юз метрча нарида Аъзамнинг бир гуруҳ одамлари тоғ томонга қочиб кетишаётганлигига кўзим тушди. Ҳаммаси тушунарли эди. Қўлида қуроли борлари мен билан олишишга ҳаракат қилишган, қолганлари эса бирин-кетин биродарларининг ерга ағанаётганлигини кўрганларидан кейин қочишга тушишган. Секин ўрнимдан турдим-да, мендан садо бўлавермагач, чўккалаб олиб йиғлашга тушган соқолтой ва қўлидаги оғриққа чидолмасдан у ёқдан-бу ёққа думалаб ўкираётган ярадорнинг ёнига бордим.

— Акажон, мен сизга ҳеч нарса қилмадим! Кўрсам ҳам отмадим... Қўлим қонга беланишидан қўрқдим! — дея ялина бошлади қуролини ўзи отиб юборган соқолтой.

— Меники эса ботиб бўлган. Яна ботса нима қипти! — дедим унга хунук иржайиб.

— Акажон, отамнинг битта-ю битта ўғлиман, раҳм қилинг, иккита болам ҳам бор!

— Унда бу ерда... еб юрибсанми, ит! — деб уни тепмоқчи бўлдим-у, лекин ўзимни босдим.

Унга ярадор асирни опичлатиб, шогирдларимнинг олдига ҳайдаб бордим.

Соқолтой ярадор шеригини секин ерга туширди-да, ўзи Элёрнинг ёнига ўтирди.

— Буларнинг нима кераги бориди? — деди Элёр менга алам билан тикилиб.

— Сенга қоровуллик қилиб туради, — дедим мен илжайиб.

— Мана шунақанги ишлар қилишингизни деяпман! — деб бўкириб юборди у кутилмаганда.

— Вой, итвачча! — деб унинг ёқасидан ушлаб ўрнидан турғаздим.

— Сизнинг бекорга келмаганингизни яхши билардим. Сиз қип-қизил кофирсиз! Дўзахийсиз, тушундингизми?! Шунча биродаримнинг қонини оқиздингиз. Энди мени ҳам ўлдиринг!

У сўнгги гапини бўғилиб, йиғламсираб айтди.

— Отанг ўлдирсин сени! — дедим энди унга ўқрайиб. — Ҳозирча тирик юр!

— Собир!.. Собиржон! — дея югурганча келиб қолди шу маҳал Амин.

Очиғи, у менинг буткул ёдимдан кўтарилган экан. Кўриб бир оз чиройим очилди. Аммо у менинг ёнимгача етиб кела олмади. Унинг орқа томонида пайдо бўлган бошқа соқолтой автоматини тариллатиб ўқдонини бўшатди. Амин бечоранинг илма-тешик бўлмаган жойи қолмади. Мен ўзимни ерга ташлаб, Аъзамнинг йигитига кетма-кет ўқ уздим. Ва унинг кўкрагидан қип-қизил қон отилиб чиқди-да, ёнига қулади.

Аминнинг жони қаттиқ экан, мен унинг қотилини бир ёқли қилгунимча, хириллаб нафас олиб турди-да:

— Отамга айтинг, мени кечирсин... — деди ва боши бир томонга қийшайиб қолди.

Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Ахир уни уйига олиб бормоқчи эдим. Афсус, қўлимдан келмади. Аламига бақрайиб қараб турган Элёрнинг башарасига мушт тушириб юбордим...

Бир сидра ҳамма жойни назоратдан ўтказиб келгунимча асирга тушганларни ўз ҳолича қолдирдим. Уларга нисбатан шунчалик нафратим ошиб кетган эдики, қочиб кетиб кўзимдан йўқолишига ҳам рози эдим. Буни қарангки, ҳеч бири қочмабди. Атрофда даф қилиб қолиши мумкин бўлган биронта одамни ҳам тополмай қайтиб келсам, тўрталаси ҳам бошлари ерга эгилганча маъюс, ғамгин ҳайкалдай ўтиришибди (Аминнинг баданини ўқ ёмғири тешиб ўтганида Шерзод ўзига келган эди).

— Бир-бирингни боғла! — дея бақирдим уларнинг кўйлакларини ечиб олиб.

Важоҳатим ўта қўрқинчли бўлса керакки, учаласи ҳам ўринларидан сакраб туришди. Элёр икки кўзи ёшга тўлиб ҳамроҳларидан нажот кутгандек олазарак боқарди.

Ўзларича дунёни ағдар-тўнтар қилиб юбормоқчи бўлганларнинг тўрт вакилини Аъзамнинг қароргоҳи ёнига олиб келдим. У ерда бошқоннинг жасади қонга беланиб ётар эди. Асирларнинг кўзлари олайиб кетди. Икки шогирдимнинг эса кўзларидан ёш сизиб чиқди. Ранглари оқарди. Ахир улар шу пайтгача ҳатто ўлик кўришмаган. Ҳозирги манзара эса ўта даҳшатли эди. Ҳар иккисининг ҳам қай аҳволга тушганларини тусмоллаб билиб олдим. Агар ҳали она сути оғзидан кетмаган бу гўдакларнинг ўрнида мен бўлганимда ҳам, эҳтимол, шу кўйга тушган бўлар эдим.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм