euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Бешинчи қисм)

378 full reads
450 story viewsUnique page visitors
378 read the story to the endThat's 84% of the total page views
18 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Бешинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
  • (Бешинчи қисм)

Хосият опани шу ҳолатида қолдирдим-да, ташқарига чиқасола Барнонинг олдига бордим. У менга бир ўгирилиб қараб қўяркан, човгумдаги қайноқ сувни чойнакка қуя бошлади.

— Чой керакмас, — дедим ундан кўзимни узмай.

— Нега? — деди Барно ажабланган кўйи.

— Юр, бу ёққа, — дея ортимга бурилиб, уй томон юрдим.

Хосият ҳамон ўша, гипноз ҳолатида ўтирар эди. Унинг нигоҳларидан ҳеч қандай маъно уқиб бўлмасди. Гўё ўликларникига ўхшарди унинг кўзлари. Боягина ундан сўраб-билиб олган нарсаларимни яна бирма-бир сўрай бошладим. Хосият опа худди ўргатилган тўтидай, ўша жавобларни қайтарди. Унинг оғзидан чиққан гапларни эшитиб, Барно анграйиб қолди.

— Севимли опангизнинг ниятини билиб олдингизми? — дея сўрадим ортимга бурилиб ҳайкалдек қотган рафиқамдан.

— Хосият опа, ҳали сиз шунақанги хотинмисиз?! — дея олди довдираб қолган Барно.

— Ҳозир у сенга жавоб қилмайди. Чуқур гипноз ҳолатида. Ўзига келтираман, кейин гаплашасан, — дея изоҳ бердим.

Шундан кейингина Хосият опани гипноз ҳолатидан чиқардим.

— Сизларни кўрсам, худди ўзимнинг укам билан синглимни кўргандай бўламан. Бир-бирларингга узукка кўз қўйгандай моссизлар, илойим, ҳеч кимнинг кўзи тегмасин, — дея сайрашга тушиб кетди бирданига Хосият опа.

Шунақанги кулгим қистадики, базўр ўзимни тутиб қолдим. Барнонинг эса баттар оғзи очилиб қолганди. Афтидан, у нималар бўлаётганлигини англай олмаётганди.

— Энди сўра, — дедим унга.

Хотиним бир оз ўзига келиб олганидан кейин Хосият опани сўроққа тута бошлади. Энди анграйиш навбати Хосият опага келган эди. У бутунлай эсанкираб қолган, қизарган кўйи бир менга, бир Барнога қарар, кескин-кескин саволларга нима деб жавоб қилишни билмай гаранг эди.

— Бу уйга қайтиб оёғингизни босманг, опа! — деди Барно ниҳоят Хосият опанинг алмойи-алжойи жавобларини эшитганидан кейин. — Мен сизни бутунлай бошқача аёл деб билардим.

Хосият опа худди шуни кутиб ўтирган шекилли, ўқдай отилиб уйдан чиқиб кетди.

— Мени кечиринг, — деди Барно у кетганидан кейин секин мени қучиб, — дилингизни билмасдан оғритиб қўйибман. Энди соддалик қилмайман.

Мен енгил нафас олдим-да, хотинимнинг юзидан ўпиб қўйдим.

* * *

Шу кундан бошлаб кечалари Нуралининг уйини кузата бошладим. Унинг қайси пайтлари, кимлар билан уйига қайтиб келишини аниқладим. Албатта, бунақанги сарсонгарчиликларсиз ҳам осонгина уни тинчитиб қўйишим мумкин эди. Лекин нимагадир бунақа қилгим келмади. Иложи борича унинг ўзи ўз оёғи билан тузоққа илинишини истаётгандим. Бунинг учун озгина “ёрдам” бериб юборсам етарли эди. У менга қарши қанча пасткашлик қилган бўлмасин, барибир оғирроқ жазо қўллашга кўнглим бўлмаётганди.

Нурали мени узоқ куттирмади. Пойлоқчилик қилишимнинг тўртинчи куни у шефи билан бирга келди — “Жигули”да. Улар машинадан тушишди-да, йўл бўйида анча вақт гаплашиб туришди. Ора-сира “вокзал”, “эртага” деган сўзлар ишлатилди. Шундан билдимки, яна “юк” жўнатилиши мўлжалланяпти.

“Начора, менинг гапларимни қулоғингга олмадинг. Энди бошқалар сени тарбиялаб қўйишади”, дея ўйладим-да, ҳали улар тарқалишмасларидан бурун уйга кетдим.

Нурали ва унинг йигитлари (бу пайтда у атрофига одам тўплаб улгурган эди) шунақанги қўпол, содда иш қилишардики, ҳар қандай одам кўриб қолса, уларнинг нима иш билан шуғулланишаётганини билиб олар эди. Вақтнинг алламаҳалга етишини кутиб ўтирмадим-да, вагоннинг орқа томонидан уларнинг ёнига бордим. Буни қарангки, то бурнининг тагига етгунимча биронтаси ҳам сезмади. Бир хаёл: “Балки мен адашгандирман. Бу сафар улар қорадори жўнатишмаётгандир. Шунчаки пиёз-миёз юклашаётгандир”, деб ўйладим. Йўқ, адашмаган эканман. Кичик-кичик қутиларни вагонга юклашмоқда эди улар.

— Ҳорманглар, йигитлар, — дедим илжайиб, уларнинг кўзига кўринарканман.

Тўртта йигити билан бирга Нурали ҳайкалдай қотиб қолди. Бирининг қўлидаги қути тушиб кетди.

— Мабодо қийналиб қолган бўлсанглар, ёрдамлашиб юборайин деб келдим, — дедим мен яна ўзимни гўлликка солиб.

— Қайси гўрдан пайдо бўлдинг? — деди ниҳоят Нурали ҳушини йиғиб олгач.

— Очиқ мозордан.

— Бу ерда сенга пишириб қўйибдими?!

— Шунақа бўлса керак-да. Шашликнинг ҳиди келаверди. Иштаҳам очилиб кетди. Борай-чи, бирон нима...

— Итдан бўлган! Ҳеч сендан қутулмас эканман-да! Қаерга борсам оёғимнинг остидан чиқасан! — деди Нурали овозини бир парда кўтариб, кейин йигитларига қаради: — Тинчитинглар буни!

Нурали шундай буйруқ бергач, ўзи машинага ўтирди.

Йигитлар амрни кутиб ўтиришган, шекилли, бирданига тўрталаси ҳам менга ташланишди. Биттасининг озгина у ёқ-бу ёқдан хабари бор экан-у, лекин қолган учтаси деҳқонча уришишдан нарини билмас экан. Шу боисдан роса эрмак қилдим. Тўғриси, анча аядим. Имкон даражасида юмшоқ уришга ҳаракат қилдим.

Бир пайт қарасам, Нурали машинани юргизиб, жуфтакни ростлаш тайёргарлигини кўраяпти. Бу пайтда унинг йигитларидан иккитаси ерда юмалаб ётар эди. Қолган иккитасини ҳам эрмак қиладиган бўлсам, Нуралининг қочишга улгурадиган чўти бор. Аввал у ёқ-бу ёққа сакраётганининг иягига пастдан тепки тегди, шериги эса оддий муштдан қулади. Шундан кейин югуриб бориб, машинани орқага ҳайдаётган Нуралининг ёнига етиб олдим. Эшик қулф, ойна кўтарилган. Ердан тош олдим-у, ойнани синдириб қўя қолдим.

— Сен менинг жўрамсан-ку, иккаламиз шунча бирга ўқиганмиз-ку! Ундан кўра, машинага ўтир. Қочиб қоламиз! — деди у қўрқувдан овози қалтираб.

— Тўхтат мошинани! — дея бақирдим унга.

У аҳмоқ эса газни босди. Машина олдинга силтанди. Мен ўзимни четга олиб қолдим. Шу ондаёқ қарсиллаган овоз эшитилди — машина олдинда турган бетонга урилган эди. Шартта эшикни очдим. Нурали рулга бошини қўйганча қимирламай ўтирарди. Дарров унинг бўйин томирини текширдим. Юраги балодай уриб турибди. Кейин уни машинадан секин туширдим.

Пешонасини ойнага уриб олган, шекилли, қон оқмоқда эди. Шу пайт вокзал идораси томондан шовқин эшитилиб қолди. Қарасам, уч-тўртта одам биз томонга югуриб келаяпти. Нуралини ерга ётқизиб, ўзим пана жойга яшириндим.

Бирпасда ҳамма ёқни ваҳима босиб кетди. Одамлар сони ҳам ортиб бораверди. Орадан кўп вақт ўтмасдан милиция, ундан кейин “Тез ёрдам” машинаси етиб келди. Мен уларни яширинган ҳолда кузатишда давом этдим. Нурали ва унинг йигитлари “Тез ёрдам” машинасида олиб кетилганидан кейин очиқ турган вагонни текширган милиционерлар яширилган нашани ҳам топиб олишди. Шундан кейингина мен уйга кетдим.

Ўзим кутганимдай, эртасига ҳали тонг отмасидан милиция машинаси уйимизнинг олдига келиб тўхтади. Отам билан Барно ҳали уйғонмаган, мен эса ҳовлида юрардим. Машинани кўришим билан кўча томонга юрдим. Шу боис мени милиционерлар чақириб ҳам ўтиришмади.

— Қани ўтир-чи, — деди Баҳодир ака столни кўрсатиб. — Нималар қилиб юрибсан, бир бошидан гапир. Ҳар қалай, оромимни бузиб келдим. Ўтган сафар ҳеч қанақанги сўроққа тутмагандим. Чол ўлганида сен тахтага боргансан. Бу сафар вокзалда нимангни йўқотгандинг? Барини битта-битта, ҳеч нарсасини қолдирмасдан гапир. Битта илтимосим — ёлғон гапирма.

— Хўп, — дедим-да, бўлиб ўтган воқеанинг ҳаммасини гапириб бердим.

Фақат Барно билан боғлиқ гапларни қўшмадим. Гапларимни диққат билан эшитиб ўтирган майор чўнтагидан сигарета олиб тутатди-да, ўйланиб қолди.

— Шартмиди улар билан муштлашишинг, бизга телефон қилиб айтиб қўйсанг олам гулистон эди-ку. Сен четда қолардинг, — деди бир оздан сўнг.

— Ундай қилганимда сотқинга айланардим. Ўзимни-ўзим кечиролмасдим, — дедим мен.

— Лекин ўша Нурали жўранг сени сотди-ку. Бизни Собир мана шу кўйга солди, деди-ку.

— Майли, у нима деса шуни десин. Лекин мен қилолмайман бу ишни!

— Энди масаланинг иккинчи томони, — деб Баҳодир ака қўлидаги сигаретасини кулдонга эзғилади. — Топилган қорадорини жўранг сенинг бўйнингга ағдариб турибди. Сен уларни машинада мажбурлаб олиб боргансан. Кейин нашани вагонга юклатмоқчи бўлгансан. Улар сенинг “учириб” олмоқчи бўлганингдан фойдаланиб қочишга тушган, лекин сен ўзингнинг жисмоний имкониятингдан фойдаланиб, ҳаммасини ушлаб олиб обдон дўппослагансан. Ҳатто машинага минишга улгурган Нуралиниям тўхтатиб қолишга...

— Сизга уларнинг ҳаммаси шунақа дейишдими? — дедим мен ўзимни бемалол тутиб.

Чунки Нуралининг шундай дейиши мумкинлигини аввалдан билган эдим.

— Ҳаммасимас, жўранг шундай деди.

— Сиз ишондингизми?

— Ишонганимда сўроқ бошқача бўларди. Сен билан мен бунақа қилиб кабинетимда ўтирмаган ҳам бўлардик. Ақлинг бор, бу ёғини ўзинг жуда яхши тушуниб оласан.

— Мен энди нима қилайин?

— Сенга битта маслаҳат, ука, бунақанги нарсаларга иккинчи аралашма. Наркотик билан шуғулланмаса ундан нарига. Вақти-соати келиб ҳар ким қилган иши учун жавоб беради. Ўтган гал ҳам йўл-йўриғини қилиб сенга нисбатан “иш” очиб юборишим мумкин эди. Лекин қилмадим. Буниси иккинчиси. Ҳозир ҳам далил топаман десам, тиқилиб ётибди...

Мен унга ҳеч нарса демадим. Дейдиган гапнинг ўзи йўқ эди. Баҳодир аканинг гапидан қилмоқчи бўлган ишлари сезилиб турарди. Лекин у нега менга бунчалик мурувват кўрсатаётганлигини тушунолмаётган эдим. У билан олди-бердим йўқ. Бунинг устига қариндош ҳам эмасмиз. Нима мақсадда менинг ёнимни олаяпти? Ана шу нарса мени ўйлантириб қўйганди.

— Бўпти, ҳозир менинг вақтим йўқ. Уйингга кетавер, ҳали сен билан яна гаплашамиз, — деди у ва қўлини узатди...

* * *

Уйга борсам, ҳамма ёқни ваҳима босиб кетибди. Барно ўзини қўярга жой тополмай типирчилаб юрибди. У мени кўриши билан тутақиб кетди.

— Қаерларда юрибсиз?! Одам ҳам шунақа бўладими? Индамасдан кетиб қолибсиз. Қўшнилар сизни милиция олиб кетишганлигини айтишганидан кейин юрагимиз чиқиб кетди. Отам йўлга чиққанди. Давленияси ошиб кетиб йиқилиб қолаёзди...

— Қани отам?! — дедим Барнонинг гапларини охиригача эшитишга сабрим чидамай.

— Уйда ётибди. Киринг тез! — деди хотиним йиғламоқдан бери бўлиб.

Мен югуриб уйга кирдим. Дарҳақиқат, отам бошини боғлаганча уй тўрида чалқанча ётар эди. Мени кўриши билан бошини нариги томонга бурди. Кирган жойимда ҳайкалдек қотдим. Негадир менга ҳаво етишмаётган эди. Кўйлагимнинг юқори тугмаларини ечиб, танглайимдаги тупугимни базўр ютдим-да:

— Ота, — дедим паст овозда.

— Болам, менда қасдинг борми? — деди отам менга қарамасдан ҳам.

— Ота, сизларни безовта қилмоқчи эмасдим.

— Қачонгача давом этади? Қайси бирини танамга сингдирай? Энанг нега ўлганлигини билмасмидинг? Сенинг бунақанги ишларингнинг охири борми?!

Отамнинг сўнгги гаплари йиғи овозида чиқди. Ўксиниб кетдим. Неча марталаб ўзимни “аблаҳ” деб атаган бўлсам, бунга яна биттасини қўшиб қўйдим.

— Мен сизни безовта бўлмасин дегандим.

— Ҳа, сен шундайсан. Мени безовта қилишни истамайсан-у, лекин тўғри гўрга олиб бориб қўясан.

Бу гапларга мен не деб жавоб қайтарайин?! Қандай қилиб ўзимни оқлайин? Умуман, ўзимни оқлашга ҳаққим борми? Нега ҳаётим тағин издан чиқиб кетаяпти?

— Бор, болам, чиқ. Хотинингдан хабар ол. Шу бечораям куйиб кетмасин.

Бундан даҳшатлироқ ҳайдаш бўлмаса керак. Юмшоққина, момиқдай. Лекин юрагингни тилка-пора қилади!

Ҳовлида Барнонинг юзига қарай олмадим. Ичим ўт бўлиб ёниб кетаверди. Меҳмонлар келса, шошиб қолмайин, деб ароқ олиб келиб қўйган эдим. Ошхонага кириб, қўлларим қалтираганча пиёлани тўлатиб қуйдим-да, энди ичмоқчи бўлганимда хотиним қўлимдан тутди.

— Ичманг. Мени, болангизни ўйланг. Ўзингизни абгор қилиб қўйсангиз, мен яшолмай қоламан, — деди.

— Ичмасам абгор бўламан. Ҳозирча ихтиёримга қўй. Ўзимга келиб олайин. Кейин... Кейин ҳаммасини сенга тушунтириб бераман.

У қўлимни қўйиб юборди-да, менга тикилиб қараб турди. Одатда, бир пиёла ароққа маст бўлиб қолмасдим. Озгина гангирдим-у, лекин ҳушёрлигим мутлақо йўқолмасди. Қайтанга тиниқ фикрлай бошлардим. Бу сафар унақа бўлмади. Ичиб бўлганимдан бирор икки дақиқа ўтиб бошим айланди. Кейин эса маст бўлиб қолдим. Алам билан Нурали ва унинг шериклари воқеасини бошдан-оёқ гапириб бердим Барнога. У мени қучиб йиғлади.

— Эҳтиёт бўлинг, илтимос, — деди, холос.

* * *

Бир ҳафтадан кейин Баҳодир ака мени ёнига чақирди. Бу пайтга қадар отам анча ўзига келиб қолди. Гарчи отамнинг ўзи нима воқеалар рўй берганлигини сўрамаган бўлса-да, ўзим ётиғи билан, қоғозга ўраб, воқеанинг жанжал қисмини қисқартириб, Барнога тегишли жойларини олиб ташлаб гапириб бердим. “Унда гапиргилик нимаси қолди?” дерсиз. Гап топилди. Синфдош дўстимни мен ёмон йўлдан қайтармоқчи бўлганман. Нақадар баландпарвоз гаплар-а! Лекин вақти келса, шунақанги гаплар ҳам керак бўлар экан. Хуллас, отамнинг бир оз бўлса-да, кўнгли жойига тушди. Баҳодир аканинг ёнига бораётганлигимни эса айтмадим. Бир жўрамникида ишим чиқиб қолганлигини баҳона қилиб уйдан чиқиб кетдим.

Бу сафар мени майор очиқ юз билан қарши олди.

— Тинчгина юрибсанми? — дея сўради мен билан кўришганидан кейин. — Ёки бошқа “байрам”ни тайёрлашни ўйлаяпсанми?

— Ўзим байрам бўп қолганман, ака, — дедим мен унга.

— Ҳа, сенга ўхшаган одамнинг оддий ҳаётга кўникиши оғир бўлади. Агар уч-тўрт йил ўзингни ушлаб юрсанг, бошқалардан фарқинг қолмайди. Лекин бунақа бўлишини ҳатто мен хоҳламайман. Зерикарли ҳаётнинг кимга кераги бор, тўғрими?

Мен индамай бошимни қимирлатиб, унинг гапини тасдиқладим.

— Энди ишга ўтайлик, — дея у гапини давом этказди. — Жўранг қулоғини ушлаб кетади. Ҳайронман, нимага ишониб шунақа ишлар қилиб юрибди? Анави акахони умуман ҳеч нарсани бўйнига олмади. “Мен унақанги бемаза болани мутлақо танимайман”, деб туриб олди. Нокасликни қара, анча-мунча танишлари бор экан, бирортасини ҳам аралаштирмади. Ҳечқиси йўқ. Ҳали униям вақти-соати келади. Жўрангам бир бало қилиб йўлини топиб кетади. Лекин уйидагиларга қийин бўлди... Майли, қўявер у ёғини, сенинг масалангни нима қиламиз?

— Мен биронта айб иш қилдимми?

— Айбинг шуки, учраб қолдинг қорним очганда... Ҳазил. Жиддий масалага келсак, ошна, бизам роботмасмиз. Бола-чақа бор, хотин бор, шуларнинг олдида ялло қилиб юришни хоҳлаймиз. Ҳозир ҳамма ўзини бизнесга уриб кетди. Кимни кўрма — тадбиркор. Нима, шулар қилган ишни биз эплолмаймизми? Эплаймиз. Ундан кейин одамларнинг тинчлигини ким сақлайди? Зўравонларнинг ошиғи олчи бўп кетади-ку. Шунинг учун керак бўлса, ухламасдан ишлашимизга тўғри келади... Буларни айтишимдан мақсад: энди сен ҳам ўзингни тарозига солма...

Мен ўзимни гўлликка солиб, Баҳодир акага савол назари билан қарадим. Ваҳоланки, нима демоқчи эканлигини жуда яхши билардим.

— Сенга қилган яхшиликларимни айтиб ўтирмайман. Миннат бўп қолади. Қисқаси, опергруппага қўшиласан... Қўрқма, ҳар куни ишга келишинг шарт эмас. Анави кинолар бўлади-ку, ҳаҳ сабил қолгур, оти нимайди?.. Шошганда лаббай тилга келмайди. Шу-да, ишқилиб, каскадёрлар ўйнаб беради энг қийин жойларини. Сенам худди шундай қиласан. Мабодо, ҳечам ундай бўлмасин-у, лекин оддий одамнинг бажариши қийин иш чиқиб қолса, ёрдамга келасан. Йўқ демассан, ҳар қалай, шу ўртада сенам нафас оласан. Тирикчилик қиласан. Тинчлик сениям қизиқтирса керак?

— Агар шунақа бўлса, майли.

— Ана, келишиб олдик.

Баҳодир аканинг ёнидан чиққанимдан кейин мен бажаришим керак бўлган иш умуман бўлмаса керак, деб ўйлаган эдим.

Хато қилган эканман, орадан ўн беш кун ўтмасдан кечки овқатни энди еб бўлганимда “элчи” келиб турибди. Яхшики, отамга мени милицияга ишга олишганини айтиб қўйганим (албатта оддий ходим сифатида, аслида нимани бажаришимни билганида ҳеч қачон отам рози бўлмасди. Шунингдек, Барно ҳам), йўқса, “бу бола яна бирон нима бошлабди”, деб ўйлаб, қон босими тағин ошиб кетиши мумкин эди.

Машинага чиқаётганимда ортимдан Барно мунғайиб қараб қолди. Худди мени охирги марта кўраётгандай. Ичикдим. Ўйладимки: “Ишқилиб, мендан хавотир олавериб болани бир бало қилиб қўймасайди...” Шу ўй хаёлимга келганидан шайтонни сўкдим. Хаёлимдан ҳамма бемаза нарсаларни чиқариб ташладим.

Яхши бир одатим бор. Буни ҳали айтмаган эдим. Ёмонроқ нарса хаёлимга келиб қолса, бирдан мовий денгизни, сузаётган дельфинларни кўз олдимга келтираман. Худди улар билан бирга сузаётгандай ҳис қиламан. Шу билан хаёлимга эга чиқмоқчи кераксиз нарсалар нари сурилади. Ҳозир ҳам денгизу, дельфинлар “ёрдам”га келди.

— Баҳодир ака воқеа жойида кутиб турибди, — деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган, тўлача, сариқ мўйлов милиционер.

Мен “тушунарли” дегандек бошимни ирғаб қўйдим. Шу бўйи биз жим кетдик.

Милиционерларнинг қовоқлари солиқ эди. Демакки, ўта жиддий биронта ҳодиса рўй берган. Акс ҳолда, ҳар хил жиноятларни кўравериб дийдаси қотиб кетган бу одамлар, ҳеч бўлмаганда, ўзаро гаплашиб кетишарди.

Машина район марказидан ўттиз чақиримча узоқлашганидан кейин қизил “Икарус” автобусининг ёнида тўхтади. Автобус атрофида йигирмадан зиёд одам ва анчагина милиция кийимидагилар ўралашиб юришарди.

— Яхшиямки, уйингда экансан, — деди Баҳодир ака мени кўриши билан салом-алик ҳам қилмасдан. — Автобуснинг дабдаласини чиқариб кетишибди.

— Ким? — дедим мен автобусга қарар эканман.

— Кимлигини билганимда сени чақириб ҳам ўтирмасдим. Қисқаси, тўрт киши автобусни тўхтатган, улардан бири милиция кийимида бўлган. Ҳаммаси қуролланган, — шундай деб Баҳодир ака асабий ҳолда ерга тупурди. — Менимча, кимдир бу автобусда савдогарлар кетаётганлигини уларга айтган. Ёки уларнинг ўзлари буни олдиндан билган. Хуллас, қурол ўқталиб, ҳамма савдогарнинг бор-йўғини тортиб олишган... Битта бақувватроқ йигит бор экан, қаршилик кўрсатибди. Падарингга лаънатлар, отиб ташлашибди. Яхшики, иккала ўқ ҳам ялаб ўтибди. Тирик қолган... Хуллас, воқеанинг қисқача тафсилоти шу. Ҳозир қоронғида кўринмайди. Мана бу томонда, — дея майор қўли билан шарқ томонни кўрсатди, — тоғ бор. Менимча, унга етгунча қирқ-эллик километр йўл босиш керак. Қора “Жигули”да босқинчилар шу ёққа кетишган.

— Қанча вақт ўтди? — дея сўрадим бошини ушлаб ўтирган, йўлтўсарларнинг гўрларига ғишт қалаб йиғлаётган, тинимсиз сигарета чекаётган одамларга бир-бир қарар эканман.

— Икки соатча.

— Яширинишга улгуришган. Ҳозир боришимиз бефойда.

— Шунақа деб ўйлайсанми? Менимча, унчалик ҳам узоққа кетишга улгуришмаган. Чунки ҳамма ГАИларга аллақачон хабар жўнатилган. Буни улар ҳам яхши билишади, шунинг учун катта йўлга чиқишолмайди. Тоққа боргунча биронта ҳам қишлоқ йўқ. Ундан наридаям. Демакки, бирорта уйга яширинишнинг иложи ҳам йўқ. Ҳаммаёқ яланглик. Мошина чироғи узоқдан ҳам кўринади... Хуллас, ука, таваккал қилиш керак, изи совимасдан орқасидан тушиш керак. Сен билан бирга тўртта киши кетади.

— Кетдик унда, — дедим мен.

— Зарурат туғилиб қолса, ишлатасан, — деб Баҳодир ака қўлимга латтага ўралган тўппонча тутқазди. — Буни сенга бўйнимга жуда кўп нарсани олиб бераяпман. Агар биров сенга қурол берганимни билиб қолса, каллам кетиши аниқ. Шунинг учун, илтимос, жуда зарур бўлмаса, буни ишлатма. Кейин уларнинг ҳаммаси тириклайин қўлга тушиши зарур.

— Мен билан бирга бораётганларда борми бу матоҳдан? — дея сўрадим иложи борича жилмайишга ҳаракат қилиб.

— Бор.

— Унда буни ўзингизда қолдираверинг. Керак бўп қолса, ўшаларникидан фойдаланамиз.

Тоққача бир соатдан зиёд юрдик. Ўнқир-чўнқир, тупроқ йўл гоҳида сойга энар, баландга чиқар, баъзан машина тошлар устида шунақанги дукирлай бошлар эдики, ичинг тўкилиб қолиши ҳеч гап эмас. Бунақанги юришда атрофни кузатиб бориш, йўлтўсарлар ортидан қувиш у ёқда турсин, тоққа етиб олишнинг ўзи катта қаҳрамонлик эди.

Ниҳоят қоп-қора бўлиб кўриниб турган тоққа етиб бордик. Йўл тугади. “Энди қаёққа борамиз?” дегандек ҳайдовчи машинани тўхтатиб, менга қаради.

Мен машинадан тушдим, ҳаммаёқ зимистон, ҳеч нарса кўринмайди.

— Келаётганимизда ёнга кетадиган биронта йўл кўрмадингларми мабодо? — дея сўрадим машина ичида ўтирганлардан.

Улар бир овоздан: “Кўрмадик”, дея жавоб қайтаришди. “Қаёқдан ҳам кўришсин, — дея ўйладим мен ўзимнинг берган саволимга ўзимнинг кулгим қистаб, — атрофига қараса кўради-да”.

— Орқамизга қайтганимиз маъқул, бу томонларга келишмагани аниқ, — деди машина орқасида ўтирганлардан бири.

— Барибир атрофни бир кўздан кечирайлик, балки биронта йўл бордир, — дедим мен.

Шу гапимдан кейин ҳайдовчи машинадан тушди-да, менинг ёнимга келиб:

— Икки кишидан бўлиб бўлинамиз-да, икки томонни кўриб чиқамиз, машина юриши мумкин бўлган йўлни топиб олсак, бўлди. Шу ёққа қараб юрамиз, — деб маслаҳат оҳангида сўз қотди.

Маслаҳатлашганимиздан сўнг ҳайдовчи машинада қолди. Биз тўрталамиз иккига бўлиниб, икки ёққа кетдик.

Қўл чироқда ерни ёритиб яхшилаб қараб кетдим. Ҳамма ёқ тош бўлганлиги учун ҳеч қаерда из кўринмасди. “Агар шу ерга келишган бўлишса, албатта биронта из бўлиши керак. Учиб кетиши мумкинмас”, дея ўйлар эдим. Адашмаган эканман. Тоғ ёнбағирлаб бир оз юрганимиздан кейин озгина тупроқли жойда машина ғилдирагининг изига кўзим тушди.

— Бўлди, — дедим ёнимдаги шеригимга, — улар шу томонга юрган. Демак, ораларида бу ерларни яхши биладиган одам бор.

«Нива» ёнига қайтиб келдик. Бизга қарама-қарши томонга кетган икки милиционерни ҳам чақириб олдик-да, яна йўлга тушдик.

Йўл аста-секин тоғ орасига бошлади бизни. Адашмасам иккита сойликдан ўтганимиздан кейин жилдираб оқаётган ирмоқ рўпарамиздан чиқди.

— Шу ерда тўхтатинг, — дедим мен ҳайдовчига.

Ўзим эшикни очдим-да, пастга тушдим. Тоғ бошланган жойга нисбатан бу ер анча салқин экан. Этим жунжикди. Шундай эса-да секин жилғанинг олдига бориб, ундан нарини қўл чироғим билан текширдим. Йўқ, бу ердан машина ўтмаган. Агар ўтганида, жилғанинг нариги томонидаги тошлар ҳўл бўларди. Нам ҳавода уларнинг икки соат ичида қуриб кетиши мумкин эмас. Балки адашаётгандирман. Тошлар аллақачон қуришга улгургандир. Лекин ички бир сезгим буни инкор этиб турар, негадир йўлтўсарларнинг бу жилғани кечиб ўтмаганлигига ишончим комил эди. “Жуда ақлли иш қилинган; ҳамма нарсанинг яхшигина ҳисобини олган одам уларни бошқариб юрибди”, дея ўйладим. Ва бирдан ортимга қайтиб, боягина четлаб ўтилган қоянинг ёнига бордим. Буни қарангки, айнан қоянинг биз келган томонга кўринмайдиган, яъни орқасида битта машина базўр сиғадиган сўқмоқ бўлиб, у бошқа сой томонга олиб кетар эди. Лекин рўпарада қоп-қора бўлиб кўриниб турган улкан қоя йўлнинг узоққа бормаслигидан далолат бериб турарди (Ойсиз тунда қояни бирданига кўриш мушкул эди. Фақат диққат билан қаралса, унинг қоп-қора “жусса”сини пайқаш мумкин бўларди).

— Икки киши шу ерда қолсин. Қолганлар мен билан боради, — дедим машина ичида сигарета тутатиб ўтирган шерикларимга (Дарвоқе, биз ҳақиқадан ҳам шерик эдик. Мақсадимиз бир бўлганидан кейин, шерик бўламиз-да).

Гарчи Баҳодир ака уларга: “Шу бола нима деса, гап-сўзсиз бажарасизлар”, деган эса-да, менинг буйруғим милиционерларга бир оз эриш туйилди. Эҳтимолки, ораларида “ким бўлибсан-у, бизга буйруқ берасан”, дея ўйлаганлари ҳам чиқар. Бироқ бу ҳақда баҳслашиб ўтиришнинг мавриди эмасди. Шу боиски, истар-истамай, энсаси қотиб машинадан тушган йигитларнинг қовоқ-тумшуқларига эътибор бермадим.

Йўл аста-секинлик билан юқорилаб борар, бу юришни қийинлаштирарди. Бу ҳам камдай ёмғир томчилай бошлади. Аввалига мен билан бирга кетаётган иккала йигит ҳам аста-секин ортда қола бошлашди. Очиғи, уларга ичим ачиди. Бир хаёлим: “Шу ерда пойлоқчилик қилиб туринглар”, дея қолдирмоқчи ҳам бўлдим. Кейин ўйлаб қарасам, агар бунақанги салқин ҳавода юриб туришмаса, совуқ қотиши мумкин экан. Шу боисдан ҳам индамадим.

Ёмғир тезлаша бошлади. Осмонга бир қараб олдим-да, “сен камлик қилиб тургандинг-да”, дея кўнглимдан ўтказиб қўйдим. Яқин-атрофдан бирорта панароқ жой қидириб кўрдим. Биздан йигирма қадамча нарида нимадир қорайиб кўринди. “Балки, ёмғирдан яширинадиган жой бордир”, деган ўйда қадамимни тезлатдим. Аммо тўсатдан янграган қаҳқаҳа овози мени жойимда тўхтатиб қўйди. Секин ортимга бурилиб, бошларини эгганча оёқларини базўр судраб босиб келаётган шерикларимга қўлим билан “тўхтанглар” ишорасини қилдим. Лекин улар кўришмади. Бошларини эгиб олган бўлсалар, қаёқдан ҳам кўришсин. Қайтанга мени уриб ўтиб кетишларига оз қолди.

— Тсс, — дедим кўрсаткич бармоғимни лабимга қўйиб паст овозда, — етиб келганга ўхшаймиз.

Йигитларнинг иккаласи ҳам бирдан ёнларидан тўппонча чиқаришди.

— Сизлар шу ерда туриб турасизлар, мен секин бориб кўрайин-чи, — деб тайинладим-да, ўзим оёқ учида юриб, овоз келган томонга яқинлашдим.

Кичкинагина ғор (ўра дейиш ҳам мумкин) ёнида машина турибди. Машинанинг усти брезент билан ёпилган. Энкайиб бордим-да, машинанинг орқасига биқиниб олганча ғорни кузатдим.

Мойчироқнинг хира ёруғида беш кишининг гавдаси яққол кўриниб турарди. Не ажабки, улардан иккитаси аёл эди. Бундан ҳам ажабланарлиси, ўша аёллардан бири қиёфасида мен Чаённинг “тилла балиқчаси” бўлмиш Шоҳсанамни танидим...

Кўзларимга ишонгим келмас эди. “Қаёқдан келиб қолди бу қиз, нега буларнинг орасида юрибди? Чаённинг чангалидан қутулганига ҳеч қанча бўлмади-ку! Одам ҳам шунчалик тез ўтмишини унутиб қўядими?” деган ўйлар гирдобида яхшилаб разм солдим. Кўзларим адашишини жуда-жуда истаётган эдим шу маҳал.

— Олдик, — деди давра қуриб ўтирганлардан бири, — биринчи овимиз бароридан келганлиги учун ичамиз!

— Ичамиз! — деди унинг ёнида ўтирган “ов”и бароридан келганлардан бири.

— Менинг “закускам” бошқача бўлади, — деди учинчиси.

Уларнинг ҳаммаси қўлларидаги пиёлаларни бараварига кўтаришди. Учинчи йигит нимани “закуска” қиларкан, деб қараб турсам, у пиёласини “оқлаб” бўлгач ёнида ўтирган Шоҳсанамнинг лабига лабини босди...

— Оғайнилар, — деди у ўпични ниҳоялаганидан кейин, — бу бундан бу ёғига меники бўлади. Уйланаман. Мана, биринчи овимиз ҳаққи-ҳурмати мен буни хотин қиламан!

— Ҳо, — деди иккинчи қиз эркакларникига ўхшаган гулдурак овозда, — осонлик билан шундай кетворган нарсага эга чиқмоқчимисиз, яхши йигит?

— Мен буни яхши кўриб қолдим. Тамом, энди эгаси менман. Оппоқ қиз, тушундингизми?

— Шунақа денг, буни кўрамиз ҳали. Ҳар қалай, ўғирлаб кетмассиз?!

— Ҳе-ҳе-ҳе, касбимизнинг оти нима? Ўғирликми? Одам ўғирладик нима-ю, пул ўғирладик нима? Фойда кўрсак бўлди-да.

Ортиқ уларнинг гапларини эшитишга сабрим чидамади. Қолаверса, менга ҳамроҳ бўлиб келган иккала йигит ёмғирда ивиб тамом бўлаёзганди. “Учта йўлтўсар ёнига иккита қизни олиб, ўзларига ин қуриб олишибди. Буларнинг тўртинчи шериги қаерга йўқолди экан? Ҳар қалай, булар ёмғирдан пана жойда маишат қилиб ўтириб, у сувга тушган мушукдай ташқарида довдираб юрмаса керак”, деган хаёлга бориб ён-атрофни кузатиб чиқдим. Пойлоқчи ҳеч қаерда кўринмади. Шунда гулдурак овозли қиз ўғил бола кийимида эканлиги эътиборимни тортди. Тўртинчи босқинчи ким бўлганлигини дарров англаб етдим.

Қўққисдан бостириб борганлигим ишрат қилаётганларни карахт қилиб қўйди. Бир зум ҳаммаси менга бақрайганча қотиб қолди. Менимча, уларнинг ўзлари автобусга ҳужум қилишганида бошқалар худди шундай аҳволга тушган бўлишса керак. Шу ерда бир нарсага амин бўлдим. Одам бошқалар билан доимий равишда муштлашиб юрса, худди кўкнорига ўрганганидай ўрганаркан. Айниқса, буни биринчи иккита йигитни ураётган маҳал ҳис этдим. Кучимга яна қўшимча ёввойи куч келиб қўшилди. Бунинг қанчалик даҳшат эканлигини бир ўйлаб кўринг-а!

Бири чотини ушлаганча типирчилиб қолди. Иккинчиси юзига теккан муштдан орқасига қулади. Учинчиси ташқарига икки қадам босганидан кейин йиқилди. Қизлар эса ўша қотганича қолишди. Мен Шоҳсанам хаёл қилган қизни ўрнидан турғазиб, яхшилаб башарасига қарадим. Ҳақиқатан ҳам адашган эканман. Бу мутлақо бошқа экан.

Ҳовлиқиб етиб келган икки ҳамроҳим босқинчиларнинг қўлларини кишанлашди. Кейин тинтув бошланди. Битта “Калашников” автомати ва иккита тўппонча, икки қути ўқ-дори топилди. “Топилди” дейишим сал бошқачароқдай, аслида, қуроллар қидирилгани ҳам йўқ. Шундоққина босқинчилар дастурхонининг ёнида турарди. Фақат йўлтўсарлар карахтланиб қолганларидан қурол ишлатишга улгуришмаган эдилар. Тортиб олинган пулларнинг қаердалигини эса қизларнинг ўзлари сўрамасимиздан бурун айтиб беришди. Афтидан, улар қаттиқ қўрқиб қолишган эди.

Орқага “зўравон”ларнинг машинасида қайтдик. Рулга ўзим ўтиришимга тўғри келди. Икки марта “тулпор” сирпаниб кетиб ҳамманинг юрагини ёраёзганлигини ҳисобга олмаганда, омон-эсон бизни «Нива»да кутиб турганлар ёнига етиб олдик.

Баҳодир ака мени маҳкам бағрига босди-да:

— Раҳмат, қарзингни дарров уздинг, — деди илжайиб.

— Энди эркиндирман, бемалол юришим мумкиндир?! — дедим киноя аралаш.

— Бўлмасам-чи, керакли одамга айландинг-қолдинг, — дея жавоб қилди Баҳодир ака ҳам ҳазил аралаш.

Уйга борганимда тун ярмидан ошган эди. Лекин Барно ухламабди. Қаердандир эски бир китобни топиб олиб, ўқиб ўтирган экан. Мени кўриши билан ўрнидан сапчиб туриб бўйнимга осиларкан:

— Энди мени бунақа ташлаб кетмайсиз-а, тўғрими? — дея йиғлаб юборди.

— Шунгаям йиғлайсанми? Маслаҳатчи сифатида чақиришган экан...

— Барибирам. Мен қўрқдим. Тинчгина яшайлик, хўпми?

— Сен ҳеч нарсадан хавотир олма. Бундан бу ёғига ҳеч ким бизнинг тинчлигимизни бузолмайди. Ҳали кўрасан, кечаси билан келмасам ҳам хавотир олмай ухлайверасан.

— Ҳечам-да, — деб Барно тескари ўгирилиб олди, — топвогандирсиз-да ўзингизга биттасини... Шунга кечаси билан келмайман, деяпсиз.

— Ҳеч ким сенинг бир тола сочинггаям арзимайди.

Мақтов кимга ёқмайди дейсиз. Барно ҳам дарров ўзига келди. Бошқа бу мавзуга қайтмай, қорним оч-тўқлигини сўради. Ишонасизми, унинг гапидан кейингина очликда итни ортда қолдирадиган даражада эканлигимни сездим. Бўлмаса кечки овқатни еб уйдан чиққан эдим. Менимча, тоғ ҳавосининг таъсири бўлса керак.

— Иложи бўлса тезроқ, йўқса ошхонага бориб овқатни қозон-позонига қўшиб еб ташлайман, — дедим мен.

Барно гўзал табассумини менга ҳадя қилгач, ташқарига чиқди...

Орадан бир қанча вақт ўтди. Барно иккаламиз интиқиб кутган вақт ҳам етиб келди. Уни тўлғоқ тутди. Бу пайтда қуёш энди-энди уфққа ёнбошлай бошлаган, чуғурчуқлар чириллашиб жуфтларини инларига чорлаб, ухлаш тайёргарлигини кўришаётган эдилар. Мен эса оёғи куйган товуқдайин типирчилаб қолдим. Барнонинг инграётганлигини кўриб, унга қўшилиб йиғлаб юборай дейман, сўнг ҳовлига югуриб чиқаман, яна уйга кираман. Менинг бунақанги тентираётганлигимни кўрган отамнинг фиғони чиқиб кетди.

— Ҳов бола! — деди бақириб. — Бор, мошина-пошина топиб кел, довдирамай!

Биздан икки уй нарида Эшпўлат ака яшар эди. Ёши қирқлардан ошиб қолган, лекин кўринишидан ўттизга кирганга ҳам ўхшамайдиган, ниҳоятда хушчақчақ, биронта илтимос билан борсанг, имкони бўлса, йўқ демайдиган бу одамнинг “Москвич”и бор эди.

— Сен уйингга бориб, келинни тайёрлаб тур, ҳозир мен етиб бораман, — деди у илтимосимни эшитганидан кейин.

Мен қанот боғлаб уйга етиб келдим. Барнонинг тўлғоғи авж олибди. Унинг жон алпозда бақираётганлигини эшитиб баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Иложи бўлганида уни ўзим кўтариб туғруқхонага югурган бўлардим.

Ҳартугул Эшпўлат ака кўп ҳаялламади. Дарвозага машинани тўғрилаб, кетма-кет сигнал берди.

Барнони оппоқ халатли ҳамширалар олиб кириб кетишганларидан кейин ташқарида юрак ҳовучлаганча у ёқдан-бу ёққа бориб келиб юрдим. Ўн беш, йигирма дақиқа, ярим соат ўтди. Фалончи ўғил ё қиз туғди, деб ҳеч ким айтмади. Менга ўхшаб уч-тўрт йигит юрган эди, уларга тезда янгилик етказилди. Оппоқ халатли қизлар чиқиб, суюнчисини олиб кетишди. Аммо менга қолганда... Мен ҳам беш-олти сўм атаб турибман... Барнодан кейин келган учтасининг хотини эрини хурсанд қилиб уйига жўнатиб юборди. Ниҳоят, икки соатлар чамаси ўтганидан сўнг: “Толипова Барнонинг кими бор?” — деди оппоқ халатли ҳамшира ойнали эшикни очиб, атрофга олазарак боқар экан. Юрагим “шиғ” этиб кетди. Ахир бошқаларга: “Фалончаева қиз туғди!” дея қувонч билан эълон қилар эди ҳамшира. “Ишқилиб, тинчлик бўлсин”, деган ўйда, худди гуноҳкор одамдай:

— Мен, — дедим.

Назаримда, овозим жуда паст чиққандай бўлди. Шу боисдан яна бир бор такрорладим.

— Юринг мен билан, — деди оппоқ халатли қиз.

Унинг биргина шу гапидан кейин мен адо бўлаёздим.

— Тинчликми?!

— Тинчлик, сизни главврач сўраяпти, — деди ҳамшира менга ўгирилиб, қошларини чимирар экан.

Ундан бошқа нарса сўрай олмадим. Қўрқдим сўрашга. Биронта ёмон гап айтиб юборса ўзимни босолмай қолишим мумкин эди.

Давоми бор...

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм