euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Биринчи қисм)

574 full reads
1k story viewsUnique page visitors
574 read the story to the endThat's 53% of the total page views
14 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Биринчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
  • (Биринчи қисм)

Шунча вақт қўрқув, хавф-хатар исканжасида яшадим. Бир дақиқам бўлмадики, бирон нимадан хавфсирамаган бўлсам. “Хайрият, — деб ўйладим, ярим тунда ёлғиз қолганимдан сўнг, — ҳаммаси ортда қолди. Энди, шояд, одамларга ўхшаб яшай бошласам... Бироқ нима иш қиламан? Менга иш бераман, деб кимнинг кўзи учиб турибди?.. Эгамқул аканинг ёнига борсам-чи, бирга чўпонлик қилардим. Ҳар қалай, бегона кўзлардан нарироқда, бир-икки йилга, атрофимдаги шов-шувлар босилса, қайтиб келардим... Лекин Эгамқул ака Саидага уйланмоқчийди, менинг боришим унга ноқулай бўлмасмикан?.. Яхшиси, шошмай турай, аввал у уйлансин, кейин бир гап бўлар”.

Шундай ўйлар оғушида ухлаб қолибман.

Тонг отмай, ҳар доимгидан эртароқ турдим. Анчадан бери бадантарбияни унутиб қўйгандим. Отам билан Саида уйғонгунча ҳовлида айланиб югурдим, ҳар хил машқларни бажардим. Атроф ёриша бошлади, бировнинг кўзи тушса бошқача тушунмасин, деган ўйда машғулотни тугатиб, уйга кирдим.

— Бошимиз бирикиб бир дастурхонга ўтирмаганимизга ҳам анча бўлди, — деди отам нонушта пайти. — Энанг билан Ботир бўлганида тўрт кўз тугал бўларди...

Ютган луқмам бўғзимда қолди. Саиданинг кўзидан ёш сизиб чиқди, боши эгилди. Отам каловланди, афтидан, онам билан Ботирни эслатиб, дардимизни янгилаганидан ўзи ноқулай ҳолга тушди. Аслида, учаламиз бехавотир жам бўлганимизни айтмоқчийди, чамамда. Ўртага оғир сукут чўкди.

— Ҳай, шунисига ҳам шукур. Қолганларнинг боши омон бўлсин, — деди отам бошқа гап тополмаганиданми ёки биз болаларининг кўнглини кўтариш учунми. — Айтганча, Собир, нима қилмоқчисан энди? Бирор институтга кириб ўқисанг яхши бўлармиди?

— Билмадим, — дедим мен чуқур хўрсиниш билан, — бир-икки кун уйда юрай-чи, кейин ўйлаб кўрарман.

— Тўғри қиласан. Уйимизам анча ремонтталаб бўп қолган. Яхшилаб бир сувоқдан чиқариб, оҳаклаш керак, — деди отам хонанинг деворига кўз югуртиб.

— Кейин янгаям олаверсак бўларди, — деди Саида менга қараб сирли жилмаяркан.

— Тўғри, уйни сал эпақага келтирсак, дарров акангнинг бошини иккита қилиб қўямиз, — деди отам кулиб.

— Унда уйнинг сувоғи ҳам икки-уч йилга чўзиларкан-да.

— Нега? — дейишди отам билан синглим бараварига.

— Дарров олахуржунни ортманглар, менам бир-икки йил бемалол юрай. Уйланиш бўлса қочмас.

— Хо-о-о, — деди Саида чўзиб, — унгача менинг дугонамни опкетиб қолишади.

— Опкетса опкетар. Қиз зоти қуриб қоптими? Менга аталганиям топилиб қолар.

— Бекор айтибсиз. Агар Барнодан бошқаси уйимизга келса, олдимга солиб қуваман.

Синглимнинг ростакамига жаҳли чиқди, қизариб, қалтираб кетди. Менинг кулгим қистади, сездирмаслик учун эгилиб дастурхондаги нонни секин узалиб олиб синдириб оғзимга солдим ва эринмай аста-аста чайнай бошладим. Синглимнинг эса баттар жаҳли чиқаётганини ич-ичимдан сезиб турардим.

— Ҳазиллашди аканг, — деди отам Саидага, — сен анави Абдукаримнинг қизини айтаяпсан, чоғимда... Ойдай қиз... Бир рўзғорни эплайдиган қиз.

Кўнгил хиралиги билан бошланган нонушта шу зайл ҳазил-ҳузул билан ниҳояланиб, дастурхонга фотиҳа ўқилди.

Тушгача уйимиздан одам аримади. Келганларнинг кўпчилиги қариндошлар. Очиғи, қариндош эканликларини ҳам мен билан сўрашаётиб айтган гапларидан билдим. Нега хеш-уруғларимни шу пайтгача танимаганман? Ахир, кўрмаган бўлсам қаёқдан таний? Уларнинг мени бағрига қаттиқ босиши, эркак боши билан кўзига ёш олиши таажжубга соларди.

Аёлларни эса қўяверасиз. Аввал онамни эслашади: “Энанг бечора тирик бўлганида, сени кўриб боши осмонга етарди...” — дейишади. Гўё бу гаплари менга ёқади, деб ўйлашадими, ўзларича кўнглимни кўтаргандай бўлишади. Аслида, ҳамдардликлари менинг юрагимга наштардай ботишини билишмайди. Балки билишар, эҳтимол, таомил ўзи шунақадир.

Ҳартугул, тушдан кейин келувчилар сийраклашди. Энди озгина чўзиламан, деган умидда уйга кирмоқчи бўлиб турувдим, дарвозахонада синфдошларим кўриниш берди. Ораларида кеча келганлари ҳам бор. Бир жойга жам бўлиб келишган чоғи.

Саида шўрлик елиб-югуриб, алоҳида хонага жой ҳозирлади.

Ҳар қандай шароитда ҳам болаликдаги дўстларнинг ўрни бўлакча бўларкан. Жўнгина ҳол-аҳвол сўрашдан бошланган гурунг аста-секин қизиб, мактабни битирган кезлардагидай беозор ҳазил-ҳузулларга, мазах қилиш, ора-сира сўкиниб қўйишларга уланиб кетди. Бариси самимий, беғубор гаплар. Очиғи, шундай давраларни соғинган эканман. Чарчоғимни ҳам унутиб юбордим. Нурали исмли синфдошимиз ёнидан икки шиша ароқ чиқарганда йигитларнинг кўзлари чақнаб кетди.

— Қайси гўрдан топдинг? — деди ҳалитдан мўйлов қўйиб олган Эшмирза, — отлиққа йўқ-ку, ҳозир!

— Сенга йўқ, лекин аканг қарағайга ўхшаганлар йўлини қилади-да. Юрибсан-да сенам эркакман деб, — Нурали ошкора ғўдайиб, шишалардан бирини очди-да, «қулт-қулт»латиб пиёлаларга қуя бошлади. Зимдан йигитларга қарадим: қизиқ, улар ютиниб-ютиниб қўйишарди. Ҳайрон бўлдим, чунки мактабни битиргач, хайрлашув оқшомида бир шиша ароқ олганлигимиз ёдимга тушди. Ўша ҳам очилмасдан қолиб кетган, ҳеч ким ичмаганди. Кечагина бўлганди бу?! Қачон улар шайтон сувига бунчалик ўч бўлишга улгуришди?..

Ҳеч ким қадаҳ сўзи айтмади. “Олинглар, олинглар”, деган гаплар орасида кимнингдир: “Сафимиз бузилмасин”, дегани қулоғимга чалинди, бу тилак кимдан чиқди, билолмай қолдим.

Синфдошлар алламаҳалгача ўтиришди. Шишалар бўшагач, Нурали яна қаердандир икки шиша ароқ топиб келди.

Уларни кузатиб, хонага кирсам, Саида бошини эгганча қунишиб ўтирибди.

— Тинчликми, сенга нима бўлди? — сўрадим.

У бошини кўтарди, икки юзи анордай қизариб кетган.

— Бирон жойинг оғрияптими? — дедим ташвишланиб.

— Ака, билмайман нима бўлаётганини. Бошим айланиб, қалтираб кетаяпман. Суякларим қақшаяпти.

Миямга келган: “Наҳотки яна бошланган бўлса!” — деган фикрдан қўрқиб кетдим.

— Дўхтир чақирайми?

— Йўқ, дўхтир келса... ҳамма билиб қолади, — деди Саида кўзлари жиққа ёшга тўлиб. Унинг шу биргина “билиб қолади” деган хавотири остида: “Тузалмас дардга дучор бўлганимни, бокира эмаслигимни...” — деган аччиқ, лекин очиқ юз билан айтиб бўлмайдиган фожиа ётганини юрагим ўртаниб англаб турардим. Бу кўргиликни кўтариб юрганидан кўра ўзини ўлдириб қўяқолгани афзал эмасми?.. Мен унинг аҳволини билиб, тушуниб турибман. Қани эди, гапининг тагида харсанг тошдай зил-замбил ҳасрат чўкиб ётганига фаросатим етмаса...

Бошим қотиб қолди. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Туйқусдан хаёлимга Нурали келди. “Балки, озгина ароқ ичирсам, босилиб қолар”, деган ўйда энди эшикка йўналган эдим:

— Ак-а-а, — деди Саида инграган овозда, — қаерга кетаяпсиз?

— Озгина ароқ ичсанг, балки...

— Бўлмайди, ака, ўшанинг ўзи керак. Олдинги сафар ҳам ароқ ичгандим, барибир босилмади. Тишимни-тишимга босиб зўрға чидагандим. Ўлиб қолай дедим. Ўлимимгаям рози бўлдим...

— Ўзингни маҳкам тут, ўтиб кетади.

— Ака, чидолмайман!.. Бўлмай кетаяпти!.. Топиб беринг, илтимос, ақлдан озиб қоламан! Сизнинг қўлингиздан келади-ку!

“Йўқ, синглим, — дедим ичимда, — энди бундай бўлмайди. Мен сени бутунлай даволатаман, нашани кўрганингда кўнглинг айнийдиган бўлади!”

— Ҳозир озгина чидаб тур. Топаман. Топиб келаман! — дея ташқарига ўқдай отилдим. Ниятим Нуралидан ароқ олиш, кейин синглимга ичириш. Ичим ўт бўлиб ёнар, аламимдан кўзимга ҳеч нарса кўринмасди: ахир ўзим, ўз қўлим билан синглимнинг оғзига заҳри қотилни тутаман. Ё Худо, бошқа иложим йўқ!..

Нурали ҳали уйига кирмаган, кўчада икки-учта жўралар билан эзмаланишиб турган экан. Мени кўриб ҳайрон бўлди:

— Нима гап, жўра?!

— Жўра, ароқ керак бўлиб қолди, — дедим шошиб.

— Шунга шунчами, нечта керак?

— Битта бўлса етади.

— Меҳмон келдими?

— Ҳа.

— Битта нима бўлади? — дея Нурали уйига кириб, зум ўтмай қўлида иккита ароқ билан қайтиб чиқди.

Шишаларни унинг қўлидан ола солиб, югуриб кетмоқчи бўлдим-у, бирдан тўхтаб, ортимга бурилдим:

— Қанча туради?

— Қизиқмисан? Бир тийининг ҳам керакмас. Меҳмонингни хурсанд қилсанг, менинг рози бўлганим шу, — деди Нурали.

Мен уйга кириб борганимда Саида деворга елкасини тираб ўтирганча, юзини бекитиб тинимсиз қалтирарди. Унинг ҳатто менга қараб қўйишга мадори етмади. Шошганча ароқ шишаларидан бирини очдим-да, дастурхон устидаги пиёлани тўлатиб қуйдим.

— Манавини ичиб юбор, босилади, — дедим Саиданинг қўлидан ушлаб. У кафтини юзидан олди. Қизариб кетган кўзидан ёш сел бўлиб оқмоқдайди, юзи пушти ранг бўлиб кетганди. Уни бундай аҳволда кўргандан кўра, кўр бўлиб қолсам яхши эди. Мен аҳмоқнинг гуноҳи шунчалик кўпмидики, жабрини ўзим тортганим камлик қилгандай, бутун оилам азоб исканжасида қоврилса!..

— Ака-ж-о-н, бўлмайди, дедим-ку! Менга анавиндан топиб беринг! Ҳозир ўлиб қоламан! — деди Саида қалтираган, титраган йиғили овозда, қўлимдаги матоҳга ишора қилиб.

— Ўлмайсан. Ўлишингга йўл қўймайман! Ич! — дедим мен ҳам кўзимдаги ёшни тийиб туролмай. — Отам сезмасин, бўл тез!

Синглим амал-тақал қилиб, пиёланинг қирраси бир неча марта тишига такиллаб урилиб шайтон сувини симирди. “Яхшики, жўраларимнинг келгани. Яхшики, ярим тун. Яхшики, куни билан меҳмон кутавериб чарчаган отам ўзининг хонасида ухлаб ётибди. Агар у қизининг ҳозирги аҳволини кўрганида, ажалини кутишгаям сабри етмаган бўларди”, — дея хаёлимдан ўтказдим.

Саида пиёлада бир томчи ҳам қолдирмай ароқ ичганидан кейин бир оз титроғи босилгандай бўлди.

— Яхшимисан энди? — дея сўрадим ундан.

У “йўқ” дегандек бош чайқади.

— Ҳечқиси йўқ. Ҳозир бир оз вақт ўтсин. Бирдан таъсир қилмайди-да.

— Ака, ўрнини босолмайди...

— Бўлди қил! — дея бақириб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Аммо гапим синглимга таъсир қилмади. Қалтираган қўлларини шиша томонга узатди.

— Яна беринг, ака, — деди.

Мен ундан-да баттар титрар эдим. Вужудим олов бўлиб ёнар, пешонамдан тер, кўзимдан ёш оқмоқда эди. Пиёлани яна ўша падарингга лаънат сувга тўлдирдим. Саида ичди. Ичиб бўлгач, қўлидан пиёла тушиб кетди. Сўнг кула бошлади. Мен уни тентак бўлиб қолдими деб ўйлаб қўрқиб кетдим.

— Ака, — деди у бирдан кулишдан тўхтаб, — биласизми, наша одамни бошқача маст қилади. Атрофингиз турли рангга чулғанади. Худди жаннатга тушиб қолгандай бўласиз. Руҳингиз енгил, истаган томонингизга учиб кетишингиз мумкин. Сиз бутун дунёни, ташвишларни эсингиздан чиқарасиз. Ҳаммаёқ шунақа гўзаллашиб кетадики, у маскандан умуман чиққингиз келмайди... Вужудингиз эмас, онгингиз маст бўлади... Ароқ босолмайди наша ўрнини... Тушунинг!..

— Бўлди, бас қил! — дедим унинг гапларини эшитишга сабрим чидамай, — яна битта ич.

Бу сафар, Саида ичишни истамади. Лекин мен мажбурладим. Ўзимдан нафратланиб, ўзимга эртароқ ўлим тилаб ичирдим.

Орадан бир оз ўтиб синглим бошини кўтаролмайдиган даражада маст бўлди.

Ташқарига чиқдим. Атроф зулмат. Фалакда ой ҳам, юлдуз ҳам йўқдай эди. Ёки менинг кўзим кўр бўлиб қолиб, уларни кўрмаётгандай эдим. Ҳаво салқиндай эди. Этим жунжикарди. Эҳтимол, шунинг учун менга салқин туйилгандир. “Саида ўзига келганидан кейин унинг тағин дарди қўзғайди. Ҳар доим ароқ ичириб маст қилиб қўяверсам, одамгарчиликдан чиқиб кетади. Шунинг учун уни Эгамқул аканинг олдига олиб боришим зарур. Шугина унинг дардига даво тополади”, дея ўй сурдим.

Яна уйга қайтиб кирдим. Синглимнинг устига кўрпа ёпиб қўйиб ўзим деворга суяниб, кўзимни юмдим. Тезда уйқуга кетиб қолибман...

Эгамқул аканинг уйи қаердалигини билмасдим. Қўй боқадиган жойини, ўтовини билардим. Лекин ўзининг уйини сўрамаган эканман. Абдукарим аканикига боришга тўғри келди. Умуман, шу одамни эслашим билан хаёлимга Барно келади. Кўрмаганимга икки кун бўлди-ю, соғиниб қолдим. Лекин мени недир уларникига боришимга тўсқинлик қилар эди. Балки бу Абдукарим аканинг юзига қарашдан уялиш бўлса керак. Янаям билмадим.

Отамга Саиданинг аҳволи ҳақида айтишга мажбур бўлдим. Агар айтмайдиган бўлсам, отам бир жойга чиқиб кетса, бечора синглим ўзини бир бало қилиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Отам қайғурганини билдирмасликка ҳаракат қилди. Лекин унинг юз-кўзидан изтироб чекаётганлиги шундоққина билиниб турарди.

— Ота, Эгамқул ака бунақа касалликнинг давосини билади. Шунинг учун кўп куйинмасангиз ҳам бўлади, — дедим унинг кўнглини кўтариш мақсадида.

— Майли, опке, кейин бошқа нарсаларниям гаплашиб оламиз, — деди отам паст овозда.

...Мени Барно кутиб олди. Чиройли табассум қилди. Юзи бир озгина қизарди. Аммо унинг кўзи қувончдан чақнаб кетмади. Авваллари чақнар эди. Мени кўриши билан бутун вужуди олдинга интилгандай туйиларди менга. Лекин бу сафар бунақа бўлмади. Унинг табассуми, қизариши ортида қандайдир гина яширингандай эди.

— Уйга киринг, — деди у ўша майин, нозик овозида.

Мен унинг ўзгарганини илғаб олганлигим боис, таклифни бирдан қабул қилолмай тараддудланиб қолдим.

— Абдукарим акага иш билан келгандим, — дедим.

— Уйда йўғиди, шунинг учун истамасангиз ҳам уйга кириб ўтиришга мажбурсиз, — деди Барно нигоҳини ерга қадаб.

“Нима бўлдийкин? Бу ердаям қанақангидир кўнгилсизлик борми дейман?..” дея хаёлимдан ўтказдим.

— Уйда, синглим икковимиз бормиз. Дадам билан аям иккита укамни олиб бозорга кетди. Шунинг учун бемалол киришингиз мумкин.

Очиғи, унинг гаплари мени таажжубга сола бошлади. Унинг бояги нигоҳидаги гина энди тилига ҳам кўчганди.

— Ёки мен билан бирга ўтиришни истамайсизми? — деди энди Барно очиқ-ошкора менинг жойимдан қимирламаётганлигимни кўрганидан кейин.

— Қайтанга яхши, — дедим мен ва Барнонинг олдига тушиб олдим.

Тезда кўрпача тўшалиб, дастурхон ёзилди. Чой дамлаб келишни эса Барно рўпарамга ўтираётиб синглисига буюрди.

Мен гапни нимадан бошлашни билмай бир оз қийналдим. Ҳар-ҳар замон Барно менга кулиб қараб қўяр эди. Бу кулги ортида нималар яширинганини билмай азобланардим.

— Анча бўлдими дадангнинг бозорга кетганига? — дея сўрадим бошқа гап тополмай.

— Ҳали замон келиб қолса керак, — деди Барно, — шошаяпсизми?

— Нима десамикин... Тўғриси, сенинг уйда ёлғизлигинг мени хурсанд қилди. Даданг бўлганида бемалол гаплашолмасдим сен билан.

— Фақат шуми?

Очиғи, каловланиб қолдим. Нима дейишга ҳам ҳайрон эдим. Барнонинг бунақа ўзгариб қолганлиги мени таажжубга солаётган эди.

— Майли, қийналманг, — деди у мендан кўзини олиб, — Саида яхши юрибдими?

— Муаммо шунда, — дедим мен очиғига кўчиб.

— Тинчликми?

— Сендан яширадиган ҳеч нарсам йўқ.

— Тезроқ гапирсангиз-чи!

Барнонинг афт-ангори бирпасда бутунлай бошқа томонга ўзгариб кетди. Бояги гина, хафақонлик ўрнини ҳадик, қўрқув эгаллади.

— Яна ўша касали, — дедим мен қисқагина қилиб, — Эгамқул аканинг уйини сўрагани келгандим.

— Бечора... Шуни эртароқ айтсангиз бўлмасмиди? У қийналиб кетгандир... Сизни қаранг-у... Дадамлар ҳали-бери келмайди, ўзи яқингинада кетишди. Мен у кишининг уйини биламан. Тўртдара қишлоғида туради.

Мен умримда бунақанги қишлоқни эшитмаган эдим. Лекин шундай бўлса-да, хотирамни титкилай бошладим.

— Мен сизни обораман. Қўшни районга боришга тўғри келади, — деди менинг ўйланиб қолганлигимни кўрган Барно.

— Ташвишга қўймайманми?

Барно менга ғалати қараш қилди, сўнг:

— Сиздан бунақа гап кутмагандим, — деди ва ўрнидан туриб ташқарига йўналди.

Орадан бир оз ўтиб уйга қайтиб келган Барно менга машина калитини тутқазди.

— Отам машинасини ташлаб кетди. Чарчаганмиш, машина ҳайдаб юравериш жонига текканмиш... Янаям аниқроғи, ҳозир машина ўғрилари кўпайиб қолибди. Шундан қўрқди.

— Бесўроқ миниб кетсак, қандай бўларкан? — дедим таажжубланиб.

— Бошқа одам минганида хафа бўлиши мумкин эди. Лекин сизни ўзининг ўғлидай кўриб қолган-ку.

— Барибир ноқулай-да...

— Машина гаражда, мен тезда кийиниб чиқаман, — деди Барно гапни қисқа қилиб.

Биз ҳали катта йўлга етмасимиздан беш-олти йигит олдимизни тўсди. Мен машинани тўхтатиб, “Булар ким бўлди?” мазмунида орқа ўриндиқда ўтирган Барнога қарадим. Унинг афти бужмайди, қошлари чимирилди. Кейин:

— Жонимга тегиб кетди шуям! — деди.

Кўнглим алланималарни сезгандай бўлди. Шу пайтгача Барнонинг телба-тескари гапираётганлигининг сабабини ҳам англагандай бўлдим. Ва секин машинадан тушдим. Шунда йўлтўсарларнинг иккитаси қўлларига ҳўкиз боғланадиган занжирни ўраб олганлигини кўрдим.

— Кимсан? — деди улардан бири менга ўқрайиб.

— Одамман, — дедим мен иложи борича жилмайишга ҳаракат қилиб.

— Буни айтмасангам кўриб турибмиз. Барнони қаёққа опкетаяпсан? — дея сўради у яна.

— Менимча, ўзингизга мутлақо алоқаси бўлмаган нарсани сўраяпсиз, — дедим мен кулиб.

— Барнога мен уйланаман! Кеча совчилар ишни пишириб кетишган. Сени Абдукарим аканинг машинасини ҳайдаб кетаётганлигинг учун уларнинг қариндоши бўлсанг керак, деб ўйлагандик... Лекин қариндоши бўлсангам Барнонинг бир ўзини машинага миндиришга ҳаққинг йўқ. У меники бўлган, тамом-вассалом! Менинг рухсатимсиз ҳеч қаерга бормайди. Ҳозир иссиғинг борида машинадан тушир!..

— Шунақа денг, ошна, менинг бунақа гаплардан умуман хабарим йўқ. Ҳозир ўзидан сўрайман, агар сизнинг айтганингиз...

— Мен сенга сўра деяётганим йўқ. Машинадан тушир деяпман, иссиғингнинг борида.

Миямга қон қуйилди. Вужудимда енгил титроқ пайдо бўлди. Лекин тишимни-тишимга босиб, чидадим. Чунки ўзимга-ўзим қасам ичгандим: “Энди бировнинг бурнини қонатмайман”, деб.

— Ошна, биринчидан, мен шошиб турибман. Иккинчидан, сизнинг айтганингизни бажаролмайман. Агар гапларингиз рост бўлса, ўзингиз туширинг... Лекин гапларингиз нотўғри бўлса, менинг вақтимни олманг-да, йўлни бўшатиб қўйинг, — дедим унинг кўзига тикилиб.

— Ним-ма? Сен ҳали менинг кимлигимни билмайдиганга ўхшайсан! Мен шу қишлоқнинг королиман! — деди йўлтўсар кўзлари олайиб.

— Ҳов “корол”! — дедим мен ғазабим тилимга кўчиб. — Тез йўлни бўшат, шошиб турибман!

У “мана!” деб бир қадам ёнига ўтди-да, қўлидаги занжирни ишга солиб қолди. Осонлик билан унинг зарбасига чап бердим-да, қўлидан ушлаб қайирдим. У бирдан ўкириб юборди. Энди ҳамлага шайланган шериклари жойида қотишди.

— Агар! — дедим деярли бақириб, — ҳозир ҳамманг туёғингни шиқиллатмасанг, майиб қиламан!

Йигитлар аввал бир-бирларига қарашди. Сўнг аста-секин орқага тисарилишди. Бунга сайин мен “корол”нинг қўлини баттар қайира бошладим. У эса додлайверди. Шериклари эса тобора ортларига чекинаверишди.

— Мен сенга, — дедим “корол”нинг қулоғига шивирлаб, — фақат исмимни айтаман, қолганини ўзинг суриштириб билиб оласан... Агар яна бир марта йўлимни тўсиб чиқадиган бўлсанг, ўзингдан кўр. Исмим Собир. Икки қулоғинггаям қуйиб ол!..

Орқасига битта тепки еган “корол” олди-орқасига қарамай қўлини уқалаб қочишга тушди. Сал нарига борганидан кейин эса, тўхтаб ортига ўгирилди-да, “кашталаб” шунақанги сўкдики, ортидан қувиб бориб бир ёқли қилиб қўйишимга оз қолди.

Асабий ҳолда машинага газ бердим... Катта йўлга чиққунимизгача Барно чурқ этмади. Фақат унинг кўзидан тинмай ёш оқар эди.

— Сенга уйланмоқчи экан... Кеча совчилари келиб даданг билан ишни пишитиб кетганмиш... — дедим мен бир оз ўзимга келганимдан кейин Барнога.

— Ёлғон, — деди Барно йиғили овозда, — уч йилдан бери ортимдан югуради. Ўлай агар, менга заррача ҳам ёқмайди. Неча марта қарғаб юбордим. Барибир таъсир қилмайди. Кеча юборган совчиларини дадам: “Бермайман, эгаси бор”, деб узил-кесил қайтариб юборганди... Сизга бир дуч келсин, деб худодан сўраб юрувдим.

— Эгаси бор, — дедим мен ойна орқали қараб, — ким сенинг эганг?

— Жиннисиз! — деди у юзини ойна томонга буриб.

Бирпасда кайфиятим кўтарилиб кетди. Анави боланинг сўкиши ҳам ёдимдан чиқди. Шўхлик қилгим келиб қолди.

— Айт эгангни, — дедим мийиғимда кулиб.

Барно жавоб бермади. Ойна орқали қарасам, деразадан ташқарига термилиб кетаяпти. Юзи қизаргани ҳам шундоққина кўриниб турибди. Бирдан машинани тўхтатгим, қучгим, юзу кўзларидан бўса олгим келди... Лекин бундай қилолмадим. Иродам бўшлик қилди. Қолаверса, шошилаётгандим. Эртароқ Эгамқул акани топишим зарур эди. Хоҳиш-истагимга қарши газни қаттиқроқ босдим. Машина тезлиги янада ошди.

Барно йўлни яхши биларкан. Эгамқул аканинг уйини адашмасдан топиб бордик.

Ҳаммаёғи қора сувоқ, шиферсиз уй. Ташқаридан қараган одам бу уйда одам яшашигаям ишонмайди. Ҳовлига ҳеч нарса экилмаган. Бегона ўтлар ўсиб ётибди. Бор-йўғи икки туп меванинг ҳам шохлари синган... Йўлдан уйгача битта машина базўр сиғадиган йўлакча бор, холос. Дарвозанинг эса ўрниям йўқ. Ҳовлининг чор томони очиқ. Умуман, бу ерларда ҳовлини девор билан ўраб олиш русум эмас.

Мен машинадан тушиб, бир оз уй томонга юрдим-да, Эгамқул акани чақирдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна озгина юриб овоз бердим, лекин у ёқдан садо чиқмади. Озроқ кутиб турдим. Кейин ортимга қайтиб машинанинг ёнига келдим-да, деразадан Барнога қараб:

— Ҳеч ким йўққа ўхшайди уйида, — дедим афсусланиб.

Барнонинг юзи бирдан қайғули тус олди.

— Балки қўшниларидан сўраб кўрармиз, — деди у умид кўзлари билан боқиб.

— Тўғри, — дея мен энди Эгамқул аканинг ўнг томонидаги қўшнисиникига кетаётганим маҳал:

— Қандай шамол учирди? — деган овоз келди ён томонимдан.

Ўгирилиб қарасам, оқсоқ, салла ўраган бир чол билан Эгамқул ака келаётган экан. Жилмайдим-да, унинг истиқболи томон юрдим.

— Саиданинг озгина мазаси бўлмаяпти, — дедим салом-алиг-у, сўрашишлардан кейин. Синглимнинг исмини эшитиб, унинг афт-ангори бирдан ўзгарди.

— Борсак, анави гиёҳдан яна келтирсак, деган умидда келгандим.

— Бориш шартмас, — деди бирдан Эгамқул ака, — ҳар эҳтимолга қарши уйгаям олиб келиб қўювдим. Сизлар озгина кутиб турингизлар, мен тез кириб чиқаман.

Эгамқул ака илдам қадамлар билан уйи томонга зумда кетди.

Синглингга уйланиш нияти бор одамдан ёрдам сўраб келишинг ноқулай бўларкан. Эгамқул ака уйига шошиб кетаяпти-ю, мен ўзимни қўярга жой тополмайман. Ҳаттоки, Барнонинг ҳам юзига қарашга уялганимдан машинага чиқолмай турдим. Барно Эгамқул ака кетганидан кейин менга сўз қотмади. Демакки, аҳволимни тушунган. Ҳар қандай сўз менинг ҳолимни танг қилишига ақли етган. Баттар қизариб-бўзаришимни истамаган. Зеро, унинг ҳамма нарсадан хабари бор эди-да... Ич-ичимдан унга миннатдорчилик билдириб қўйдим.

Биз етиб борганимизда Саида уйғонган экан. Тахмин қилганимдай, дарди яна хуруж қилган. Буни кўрган отам бечора қўрқиб кетибди. Ҳовлида нима қиларини билмай у ёқдан-бу ёққа югуриб юрибди. У бизни кўриши билан йиғлаб юборишига сал қолди.

Эгамқул ака отам билан кўришганда ерга қараб турди. Афтидан, Саиданинг қайси уйдалигини сўрамоқчи бўлди-ю, ийманди.

— Юринг, — дея уни мен синглим ўтирган хонага бошладим. Барно ҳам бизга эргашди.

Мен ташқарига чиққанимда отам супада бошини икки кафти орасига олиб ўтирар эди. Ачиндим-у, ўзимга нисбатан нафратим янада ошди. “Ҳамма айблар бўйнимдан соқит бўлди. Энди бу ёғига бошқаларга ўхшаб тинчгина яшайман”, деб ўйлаган эдим. Саиданинг аҳволи энди-энди битиб бораётган ярамни яна тирнаб юборди. “Наҳотки, бир умр шу тахлит яшасам?! Бундан кўра ўлиб кетсам ҳамма балолардан қутулмайманми?.. Эҳ, Анна, шартмиди шундай қилишинг?.. Ундан кўра қуролдошларим билан бирга нариги дунёга кетганим яхшийди-ку!..” — дея ўйладим. Сўнг:

— Ота, Саида яхши бўлиб кетади, — деб унинг кўнглини кўтармоқчи бўлдим.

Отам чуқур хўрсиниб қўйди-да, шу тахлитда ўтираверди.

Орадан бир чойнак чой қайнагулик вақт ўтганидан кейин, Эгамқул ака чиқиб келди.

— Доридан ичирдим, яхши бўлади, — деди. Унинг юз-кўзидан ғуссага ботганлиги шундоққина кўриниб турар эди. Отам бирдан ўрнидан турди. Шундагина унинг юзига оқиб тушган ёшини кўрдим. “Йиғлаётганлиги учун менинг гапларимга жавоб бермаган экан... Балки мени қарғагандир”, — деган ўй ўтди хаёлимдан.

— Яхшиям сиз бор экансиз, — деди отам шоша-пиша юзини артиб, — шу дорингиздан берсангиз. Кейинга яна керак бўп қоладими?.. Эсим қурсин, уйга киринг, Собир, сен чой-пойни тайёрла, — деб отам Эгамқул акани ўзи ўтирадиган хонага бошлади. Мен газга чойнак қўйдим-да, дастурхонни олиб отам билан меҳмоннинг олдига ёздим. Сўнг ошхонага кирган эдим, Барно келиб қолди. У менинг ликобчаларга ширинликлар солаётганлигимни кўриб кулди-да:

— Бунақа ишларни ҳам боплар экансиз-ку, — деди.

— Энди сен шу уйга бека бўлиб келгунча қилиб турайлик. Ундан кейин икки қўллаб ўзингга топшираман, — дедим мен унга ҳазиллашиб. Барно бир оз қизарди. Лекин гапларимга хафа бўлмади.

— Сиз бориб ўтира туринг, ўзим қиламан қолганини, — деди.

— Саида қалай? — деб сўрадим ундан.

— Яхши. Эгамқул ака тайёрлаб берган дорини ичганидан кейин ухлаб қолди. Ишқилиб, тузалиб кетсин-да!..

— Яхши...

— Барно!

— Нима?

— Ҳалиги... Нима десамикин... Сен жудаям яхшисан...

Бошқа гапиролмадим. Шартта бағримга босдим-у, лабидан бўса олдим. У менинг бундай қилишимни кутмаган шекилли, довдираб қолди. Тўғриси, ўпиш ниятим йўқ эди. Ҳатто хаёлимгаям келмаганди. Одамнинг бошида шунча ташвиши бўла туриб бирдан эҳтиросга берилиб кетиши учун, у ўта бағритош ёки ўлгудай лоқайд бўлиши керак. Назаримда, Барнони яхши кўришимдан ҳам кўра, унга нисбатан меҳрим жўшиб кетганидан шундай қилдим, шекилли. Бир зумдан кейин Барно:

— Биронтаси келиб қолиши мумкин, — деди.

— Майлига.

— Мен уяламан!..

— Қўйиб юборайми?

У бошини қимирлатди.

— Унда: “Сизни яхши кўраман. Фақат сизгагина турмушга чиқаман”, деб айт.

Барно чуқур хўрсинди. Лекин ҳеч нарса дея олмади. Мен эса унинг хушбўй ҳид таралаётган сочларини қониб-қониб ҳидладим.

— Бўлди, қўйинг, энди, уят бўлади, — деди Барно. Унинг овози қандайдир ҳаяжонли товушда эшитилди. Таъсирланганимдан уни янада маҳкамроқ бағримга босгим келиб кетди.

— Менинг талабимни бажарганингдан кейин қўйиб юбораман, — дедим унга.

— Сиз нима десангиз шу, — деди у.

— Бу билан қутулолмайсан.

— Отангиз кутиб қолди.

Унинг шу гапидан кейингина мен ҳечам истамасам-да, қизни қучоғимдан бўшатишга мажбур бўлдим. Барно ерга қараб қолди. Икки юзи қип-қизил эди.

— Энди сизнинг бир ўзингиз турган жойга бормайман, — деди у аразлаб. Арази эркаланишга, нозланишга кўпроқ яқин эди.

Мен унинг бурнидан чимдиб қўйдим-да, отам билан Эгамқул ака ўтирган уйга кирдим. Дастурхонни ёзиб қанд-қурсни қўяётган маҳалим отам:

— Меҳмон кетаман деяпти, — деб қолди.

— Нега? — дедим мен Эгамқул акага қараб, — ўзи ҳозир келдингиз-ку. Чой-пой ичинг, кейин ўзим обориб қўяман. Бир йўла машинани ҳам ташлаб келардим.

— Озгина ишларим бор. Бормасам бўлмайди. Ҳали бафуржа ўтириб чой ичармиз, — деди Эгамқул ака менга жавобан. Унинг юз-кўзидан бу ерда ўтиролмаётганлиги шундоққина сезилиб турарди. Унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шу кўйга тушган бўлардим... Саидага оғиз солган. Отам ҳали тузук-қуруқ жавоб қилмаган. Яна ўзи синглимни даволашга мажбур бўлган... Қандай қилиб отам билан Саида ҳақида гаплашсин? Очиғи, унга ичим ачиди. Шунинг билан бирга Саиданинг пешонасига ҳам шундай тақдир битилган.

— Майли, иши бўлса, ушлаб турмаганимиз маъқул, — деди отам. Афтидан, отам ҳам вазиятни англаб етганди.

Ташқарига чиққанимиздан кейин мен ошхонага йўналдим. Ўйлаганимдай, Барно шу ерда экан.

— Эгамқул ака кетаяпти. Мен у кишини обориб қўяман-да, кейин машинани уйларингга қўйиб келаман... Сен, балки, қоларсан... дадангга тушунтирардим, — дедим унга умид билан боқиб. Айни чоғда унинг кетиб қолишини ҳечам истамаётгандим.

— Сўрамай келганман. Қолсам уйдагилар хафа бўлишади... Лекин Саиданинг ўзини ёлғизлатиб ташлаб кетгим ҳам келмаяпти, — деди Барно кўзларини пирпиратиб.

Синглим ҳақида қайғураётганидан, умуман, менинг дардимга шериклик қилаётганидан уни шунчалик яхши кўриб кетдимки, боягидай қучгим, кўзларидан ўпгим келди.

— Саиданинг аҳволи ҳақида айтсам, балки, тушунишар... Хафа бўлишмас...

— Ишқилиб, хафа бўлишмаса яхшийди.

Бу билан Барно қолишини аниқ-таниқ айтган эди.

Эгамқул ака билан район марказидан чиққунимизгача гаплашмадик, ҳисоб. Гапимиз қовушмади. Қисқа сўров — қисқа жавоб. Албатта, орада синглим бўлмаганида сўзлашув учун мавзу топиларди. Мен гапирардим — у гапирарди. Шу тарзда унинг уйига етиб борганимизни билмай қолардик. Унақа дейдиган бўлсак, ҳозир бу одам билан кетмасдик-да...

— Абдукаримнинг уйига ҳайдайверинг, — деб қолди бир маҳал Эгамқул ака, — мениям унда ишим бор. Бир йўла битириб келаман. Бу томонларга яна қачон йўлим тушади?

Аввалига унинг гапига ҳайрон бўлдим. Кейин тусмоллаб, мақсадини озгина англадим. Аммо унинг кейинги гапи бир оз тушуниксиз эди. Менинг ўйлаганимга тўғри келмасди. Бу томонларга энди қайтиб келмайман, демоқчими? Демакки, синглимга уйланиш ниятидан қайтдими? Ҳаммамиз, ҳатто, синглим ҳам рози бўлиб турган пайтда у айниб қолдими? Наҳотки, ўзига бошқа соғлом жуфт топиб олган бўлса?..

Давоми бор...

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм