euroasia.me
58 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (еттинчи қисм)

197 full reads
Жаҳолат қурбонлари (еттинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Еттинчи қисм)

Эртасига келишилган вақтда Аҳмад билан кўришдик. У худди кечагидай мени маҳкам бағрига босди кўришаётганимизда. Мана шундай пайтда унинг қандайдир жиноий гуруҳнинг аъзоси эканлигига ишонгинг ҳам келмай қолади.

Биз масжиднинг шарқий томонидаги эски, тор кўча бўйлаб тахминан икки юз метрча юрганимиздан кейин ўнг томондаги кўк дарвоза олдида тўхтадик. Аҳмад атрофга бир қур назар ташлаганидан кейин, дарвозани секин тақиллатди.

Бошига салла ўраган, Аҳмадга ўхшаб маҳси-калиш кийган, соқол-мўйловли сариқдан келган одам дарвозанинг кичик тавақасини очиб:

— Ассалому алайкум, биродарлар, — деди ўта юмшоқ овозда ва кўришиш учун қучоғини очди.

Ҳовли узоғи билан уч сотихлар чиқар, уйлар паст қилиб қурилган, томи шиферланмаганлигидан бўлса керак, ёмғир-қор ёғаверганидан деворларининг юқори қисмининг сувоғи кўчиб тушганди. Эни икки метр ҳам келмайдиган айвоннинг чироғи осилиб турган эса-да, қоронғи бўлишига қарамай, уни ҳеч ким ёқмаган эди. Балки у аллақачонлардир куйиб қолган-у, алмаштиришга ҳафсала қиладиган одам бўлмаган.

— Марҳамат қилсинлар, — дея бизни иззат-икром билан тўғридаги уйга бошлади кутиб олган одам.

Аҳмаднинг орқасидан кўрсатилган уйга киришим билан зах ҳиди димоғимга гуп этиб урилди. Бироқ билдирмасликка ҳаракат қилиб уйда ўтирган икки кишига салом бердим. Улар саломимга қиёмини келтириб алик олишганларидан кейин худди Аҳмад ва бизни дарвозахонада кутиб олган, у айтмоқчи, «биродар»идай бағриларига босиб кўришишди. Ва тўрдан менга ўтиришга жой кўрсатишди. Деворларнинг оҳакланганига анча бўлган экан. Эскириб кетибди. Лекин токчага тахланган кўрпалару тўшалган гиламнинг янгилиги шундоққина кўриниб турарди. Биз сўрашиб бўлганимиздан сўнг улар ўринларидан туриб, намоз ўқий бошлашди. Мен ҳам қаторга турдим. Ва ҳали намоз ўқишни тўлалигича билмасам-да, уларнинг ортидан “думалаб” қўявердим. Намоз сўнгида яна худди боягидек кўришилди. Ундан сўнг дастурхонга ош тортилди.

Тахминан уч соатга яқин гаплашиб ўтирган эсак-да, на Аҳмад, на унинг биродарлари жиноятчилик ҳақида гапиришди. Шу маҳал мен ўзимнинг қилмоқчи бўлган ишимдан уялиб ҳам кетдим. Шундай қилиб тун яримлаб қолганида Аҳмад иккаламиз уйга қайтдик. Йўлда у менга биродарларини биттама-битта таништириб кетди. Дарвозани бизга очганининг исми Амин, кирганимизда биринчи кўришгани Фозил, кейингиси Абдулла экан.

— Сизнинг исмингизни биродарларга айтган эдим. Шунинг учун сўрашмади. Умуман, биз ички одат қилиб олганмиз. Меҳмон келса унинг исм-шарифи сўралмайди. Балки олдинроқ ёки кейинроқ билган одам айтиб беради... Собиржон, сизнинг бизга қўшилганингиздан биродарлар хурсанд бўлишди. Очиғи, довруғингизни эшитганимиздан бери кўриш ниятида юрган эдик, — деди Аҳмад гапираётганида мен томонга ҳар-ҳар замон нигоҳини ташлаб қўйиб.

— Мен ҳам оддий одамман. Бошқалардан деярли фарқим йўқ.

— Фарқингиз катта... Камтарлигингиз яхши одат.

— Кечирасиз, — дедим мен гапни бошқа томонга буриш ниятида, — мачитларда бош мулла бўлади. Сизларнинг ораларингизда ким...

— Мен сизнинг нима демоқчилигингизни тушундим, — дея у бирдан менинг гапимни бўлди. — Шу ўринда битта хатоингизни айтиб ўтай. Мачит деманг. Омилар шунақа дейишади. Аслида, масжид. Сиз сўрамоқчи бўлган одам мен бўламан. Биродарлар: “Ёшингиз улуғ. Ўзингиз бош-қош бўласиз”, дейишди. Шунга кўра, ўзим имомлик қилиб турибман. Намоз ўқиётгандаям шу сабаб, олдинда тураман... Суҳбатнинг яхши томони шунда-да, гаплашиб сизнинг кўчангизга ҳам келиб қолдик.

— Уйга кирамиз. Чой-пой ичиб, яна гаплашамиз, — дедим мен мулозамат кўрсатиб.

— Йўқ, биродар, мен борайин. Вақт ҳам алламаҳал бўп қолди. Қолган гапларни эртага гаплашамиз. Ҳали сизга айтишим керак бўлган гаплар кўп.

Мен тонг отгунча ухламай шифтга бақрайиб ётдим. “Биродар”ларнинг ҳар битта ҳаракатини кўз олдимдан ўтказдим. Агар уларнинг лаҳжасини ҳисобга олмаганда, шубҳали ҳеч нарса англамадим. Ҳақиқатан ҳам гап-сўзлари ғалати эди. “Биродар”, майли, буниси онда-сонда бўлсаям, қулоққа чалиниб турадиган сўз, лекин “тақсир”, “афандим” дейишлари ниҳоятда энсамни қотирди. Яна улар сўзларни шунақа талаффуз қилишардики, “дод” деб юборгинг келади. “Аҳли фуқаро зулмат эшигидан чиқолмай аросатда юрибди. Вазифамиз, чароғон гўшаларни уларга намоён этмоқ” ва ҳоказо гаплар. Буларни эшитганимда кулгидан ўзимни зўрға тийиб турдим.

Эртасига “биродар”ларда озгина ўзгариш сезилди.

Бир ҳафта мобайнида синалдим. Синовда эканлигимни уларнинг ёнига қатнаётганлигимнинг иккинчи куниёқ сезгандим. Менинг олдимда “биродар”лар очиқча гаплашмас, бир-бирига айтиши зарур бўлган сирли гапларни имо-ишоралар билан тушунтиришарди. Ва албатта, бундай ҳаракатлар эътиборимдан четда қолмас эди. Шунча оворагарчилик қилмай, мақсадларини дарров билиб олиш имкониятим бор эди. Лекин шошилгим келмади. Ҳамма гапни ўз ихтиёрлари билан айтишларини истадим. Ва ниҳоят, улар “ёрилишди”.

— Биз биродарларга одам етказиб беришимиз керак, — деди Аҳмад намоздан кейин, менга нигоҳини қадаб. — Манзилга ҳамманинг бирдек етиб олишида сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз.

— Мен нима ишни бажаришим керак?

— Тожикистон тоғларида ер юзини ҳидоятга бошлайдиганлар тайёргарлик кўришяпти. Сиз, ўзингиздаги жисмоний имкониятингиздан фойдаланиб, уларга йўлбошчи бўласиз. Сиз билан бирга Абдулла ҳамда Амин ҳам боради.

Назаримда, улар бунга аввалдан келишиб олишган эдилар. Чунки Аҳмад гапираётганида қолганлар мендан сира кўзларини узишмади.

— Фақат учаламизгина кетамизми? — дея сўрадим мен ўзимни гўлликка солиб.

— Албатта, йўқ. Кетадиган яна беш кишини мен тайёрлаб қўйибман. Улар буйруқни кутиб туришибди.

— Мен уларнинг биронтасини ҳам кўрганим йўқ-ку.

— Бугун кўрасиз. Яна бирор соат ичида бешаласи ҳам келади. Йўлга эртага тонгда чиқилади.

— Ҳали маблағимиз йўқ-ку, — дея гапга аралашди Абдулла.

— Хотирингиз жам бўлсин, тақсир. Унинг режасини куни билан тузиб чиқдим. Оллоҳ, шубҳасиз, биз томонда. Шундай экан, ишимиз ўнгидан келиши аниқ. Биродарлар бизга пул жўнатишлари учун, авваламбор, биз хизматни қилиб қўйишимиз керак. Яъни, у ёқда етарли миқдорда одамга эга бўлмоғимиз даркор. Биз бўлсак ҳалигача бор-йўғи олтита одам жўнатдик, — дея Аҳмад мен томонга юзланди: — Собиржон, бу ишда сиз ўзингиз билмаган ҳолда бизга ёрдам бериб юборгансиз.

— Қандай қилиб? — дедим мен ҳайрон бўлиб.

— Сиз тарбиялаган иккита бола ҳозир Оллоҳ йўлида хизмат қилаяпти, Тожикистондаги биродарлар билан бирга.

Мен гўё ҳеч нарсадан хабарим йўқдай, ажабланиб унга термилдим.

— Шерзод билан Элёр сизнинг қўлингизда тарбия топган экан. Ақлли, фаросатли болалар. Сиз тўғрингизда кўп гапиришганди. Иложи бўлса, эртароқ сафимизга қўшиб олишимизни таклиф қилишганди. Фаришталар омин дейишган экан. Мана, биз билан биргасиз, — деди у мамнунлик билан.

Менинг ичимдан қиринди ўтди. Кошки эди булар ўша мақталаётган норасида гўдакларнинг оталари ҳозир қай аҳволдалигини билса.

— Маблағ масаласига келсак, Тўйчи бойваччани ҳамма таниса керак, — дея гапини давом этказди, Аҳмад. — У ғайридин. Ароқ сотиб, бойиб ётибди. Унақаларни биз нафас олаётган заминдан супуриб ташламоғимиз зарур. Хуллас, ўшанинг пулларидан бир озини тортиб оламиз.

— Қандай қилиб? — деди бирдан Абдулла кўзлари чақнаб. Афтидан, босқинчиликка иштаҳаси баланд эди.

— Бугун тунда... У ерга борганимизда Собиржон бошлиқлик қилади. Чунки менга нисбатан унинг уқуви баландроқ. Кўп нарсани бошидан ўтказган...

“Бошқа ҳеч нарсани хоҳламайсанми? Бу гапинг билан Собир ҳар куни бировларнинг уйига талончиликка кириб юрибди, демоқчимисан?” деган ўй хаёлимдан зумда ўтди.

— Менимча, бунақанги ишни эртароқ қилганимиз маъқул эди. Энди кеч бўлди. Мени тағин ўзини четга олаяпти, деган хаёлга бормангизлар-у, лекин тўғрисиям шу. Агар биз бугун унинг уйига бостириб борсак, табиий, ҳали тонг отмасидан бурун ҳамма ёқ шов-шув бўп кетади. Бу бизнинг кетишимизни қийинлаштиради. Чунки ҳамма томон текшир-текширга айланади, — дедим мен.

— Унда нима қилишимиз керак? — деди Аҳмад менга нигоҳини қадаб.

— Менинг озгина жамғармам бор эди. Армиядан қайтаётганимда йўл-йўлакай йиғиб келгандим. Оллоҳ кечирсин, баъзи бир ишларни қилишга ҳам мажбур бўлганман. Хуллас, шуни ишлатсак. У ёққа, биродарлар олдига, борганимиздан кейин ҳаммасини суришиб кетамиз.

Ҳамманинг юзида бирдан табассум пайдо бўлди. Абдулла ўрнидан туриб ёнимга келди-да:

— Биродар, туринг, сизни бир бағримга босай, — деди жилмайиб.

Шундан кейин қолганлар ҳам бирма-бир ташаккурномасини билдирди менга. Сўнг Аҳмад иккинчи масалага ўтди:

— Тожикистондан келган хабарга кўра, бизнинг областимиздан анчагина одам уларнинг сафига бориб қўшилибди. Бу дегани, област кундан-кунга қўлдан чиқаяпти. Бугун тонг отиши билан кабутар учираман...

— Қанақа кабутар? — дедим мен унинг гапини бўлиб.

Гапимга Аҳмад кулди. Мени соддаликда айблади, сўнг ғурур билан:

— Бизнинг давлат почтасига ишонмай қўйганимизга анча бўлган. Хат ташувчи кабутарлар улардан ишончлироқ.

Аҳмад кабутарлар тўғрисида бошқа гапиргиси келмади. Эртароқ, шиддат билан ҳаракат қилиб областда етакчилик қилиш, кейинчалик, вақт-соати келганида унга эгалик қилиш тўғрисида тўлиб-тошиб, ҳар битта гапни қайта-қайта гапириб, ўтирганларнинг ичини “куйдириб”, ўзи ҳам ширин энтикиб сўзлади. Ахийри унинг узундан-узоқ маърузаси ниҳояланганидан сўнг биз ўрнимиздан қўзғалдик. Бу пайтда, вақт ҳар доимгидек, алламаҳал бўлган эди.

Мен уйга келганимданоқ Баҳодир акага қўнғироқ қилиб, сафарга отланганимизни ва бунинг учун тезликда пул кераклигини айтдим.

— Ҳозир уйимга кел, бериб юбораман, — деди уйқули овозда у.

— Йўқ, ҳозир боролмайман. Уларнинг менга ишончи пайдо бўлган эса-да, барибир пул ваъда қилганимдан кейин уйни назоратда ушлаб туриши эҳтимолдан холи эмас. Бир ҳафта ичидаёқ менга тўлалигича ишониб қолишганига гумоним бор. Хуллас, эртага соат ўнларга яқин эски кийим кийган биронта одам пулни уйга олиб келсин, — дедим мен.

— Яхши, фақат ўзингга эҳтиёт бўл!

— Хўп бўлади, биродар.

— Нима?

— Кечирасиз, ўрганиб қолибман.

— Тузук.

Шу билан қисқача телефонлашув ниҳоясига етди. Пишиллаб ухлаб ётган Барнонинг ёнига келдим. Секин сочларини силадим. Сўнг қизиқишим устун келиб, аста ўрнимдан туриб эшик томон кетаётгандим:

— Ухламайсизми? — дея сўраб қолди Барно бошини кўтариб.

— Сен ухлайвер. Мен... ҳозир келаман... — дедим мен бошқа баҳона тополмай, уни уйғотиб юборганимдан ўнғайсизланиб.

— Бирдан енгиллашиб келсангиз бўлмасмиди?

— Дарров келаман, — дея деразанинг ёнига келиб, ташқарини кузатдим.

Кўзим дарвоза томондаги шарпага тушди. У бир- икки марта у ёқдан-бу ёққа ўтди. Бир хаёл, ушлаб олиб обдон тавбасига таянтирсамми, дея ўйладим. Лекин дарров бу ниятимдан қайтдим. “Эрталабгача қўриқчилик қилсин. Азобини тортсин”, деган хаёлда Барнонинг ёнига келиб чўзилдим.

— Чиқмадингизми? — деди у ҳайрон бўлиб.

— Эриндим.

— Вой, нега? — Барно кулиб юборди. — Эрталабгача шунақа ётасизми?

— Битта ухласам — тонг отади.

— Ўзи қаерлардан келаяпсиз?

— Болалар билан ўтиргандик, гаплашиб.

— Неча кундан бери аҳвол шу-я, ёки мендан кўнглингиз совиб кетдими?

— Сендан ўлганимдаям кўнглим совимайди... Барно, индинга мен бир ёққа кетаяпман.

— Қаёққа? — дея Барно ўрнидан туриб ўтирди. — Нега кетасиз?

Унинг қоп-қора сочлари тўзғиб бутун орқасини эгаллаган, бу эса жодудай мени ўзига тортмоқда эди.

— Кел, жоним, битта ўпай!.. — дедим энтикиб.

— Гапни бошқа ёққа бурманг! Қаёққа бормоқчисиз?

— Баҳодир акани биласан-ку, шу одам: «Ўқишга бориб кел, ишга олишим учун биронта маълумотинг бўлиши керак», деди. Шунга бугун бориб гаплашсам, эртадан кейин азонлаб кетасан, деган гапни қилди.

— Кетмоқчимисиз?

— Бирор ой, менимча, унчалик ҳам кўп вақт эмас.

— Кейин милиса бўласизми?

— Шундай шекилли.

— Соқолли милисаям бўлиши мумкинлигини ҳечам ўйламаган эканман.

— Энди ўйлашамас, кўрасиз ҳам, хоним, — дея уни бағримга қаттиқроқ босдим...

Аҳмаднинг кайфияти аъло эди. Ўзгача бир тавозе, ўзгача бир меҳрибонлик билан кутиб олди мени. Қўлимдаги пулларни олаётганида эса яйраб кетди.

— Сизга ишонгандим. Ишончимни ўйлаганимдан ҳам аълороқ тарзда бажардингиз, — деди у кулиб.

Ҳужрага (биз тўпланадиган уйимизни шундай атай бошлаган эдик) кирсам сафарга кетадиган йигитларнинг ҳаммаси шу ерда экан. Ҳар бири ўрнидан туриб, мен билан кўришди. Сўрашганимиздан кейин Аҳмад гап мавзусини ишга кўчириб юборди.

Аввал одатга хилоф равишда мен билан бошқаларни таништириб чиққанидан кейин, уларга то манзилга етиб олгунимизгача менинг бошлиқ бўлиб боришимни айтди.

— Бу одам, — деди у менга нигоҳини тикиб, — насиб қилса, республиканинг кўзга кўринган арбобларидан бўлади. Ички, ташқи ишларни бажаради. Шунингдек, ҳарбий қўшинлар ҳам шу кишининг ихтиёрида бўлади.

Таъриф даҳшат эди. Аҳмад шундай гапирдики, назаримда, гапларига ўзиям ишониб қолди. Амалу давлат шундоққина токчада турибди-ю, олиб менинг қўлимга тутқазиб қўймоқда эди гўё.

Йигитларнинг ҳаммаси ҳам ёш, кўз қарашларидан, ўзларини тутишларидан ҳеч балони билмайдиган, содда, ишонтириб алдасангиз ортингиздан қаёққа десангиз эргашиб кетадиганлар хилидан эдилар. Ҳозир ҳам Аҳмаднинг гапларини кўзлари ёниб, шодликка тўлиб эшитишди. Уларнинг наздида, шундоққина Тожикистонга боришса, ҳамма нарса муҳайё, жаннат оёқларининг остида ётадигандек эди. Имомнинг гапларидан кейин Аҳмадга қанчалик сиғинишса, менга ҳам шунчалик катта бир ишонч, умид билан термилиб туришарди.

Шу куни ҳамманинг эсидан намоз ўқиш чиқиб кетди. Ислом дини, унинг тараққиёти тўғрисида оғиз кўпиртириб гапирадиганларнинг биронтаси ҳам намозни хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Эсимга онамнинг ёшлигимда айтган гаплари тушиб кетди. “Болам, — деганди онам, мен иссиқ бағрида кўзимни юмиб ётганимда (онам раҳматли бунақа гапларни кўпроқ тунда — энди уйқуга ётганимизда сўзлаб берарди), — шайтоннинг одати — аввал сени ишончингга кириб олиш. Сен унга тўла ишонганингдан кейин у ўзининг билган измига юргизади”. Назаримда, Тоштемир — Аҳмад худди шу шайтоннинг ўзгинаси эди. Аввал ҳаммани намоз ўқишга даъват этди. Охират ҳақида чала-чулпа, ўзидан қўшиб-чатиб (унинг баъзи гапларига мутлақо ишониб бўлмасди) гапирди. Энди эса силлиққина қилиб ўзига оғдириб олган одамларни жаҳаннамга равона қилмоқчи. “Майли, ҳурматли шайтонбой, кўрамиз мўлжалингиз қандай якун топар экан”, деб хаёлимдан ўтказиб қўйдим.

Аҳмад “биродарлар макони”га етиб олгунимизгача нима қилишим тўғрисида кўрсатма бериб бўлганидан кейин, ҳамманинг бу оқшом шу ерда қолишини тайинлаб, мени ташқарига чиқишга имо қилди.

— Энди, биродар, — деди кўкрагини кериб нафас олар экан, — фақат сизгагина тонггача жавоб, хотинингиз бор. Яхшилаб хайр-хўш қилиб келинг... Лекин Тожикистонга кетганингиздан кейин болалардан асло хавотир олманг. Ўзим хабар олиб тураман. Агар кам-кўсти чиқиб қолса таъминлайман.

— Менимча, аввалги вазифам ислом динига зўр эътиқод қиладиган йигитларни Тожикистонга олиб бориш, кейин қайтиб келиб, сиз тайёрлаб қўйган кейинги партия билан йўлга чиқиш эди, — дедим мен Аҳмадни чалғитиш мақсадида.

Аслида, у мени ҳозир чалғитишга уриниши керак эди, назаримда. Лекин нега мен энди унинг кўнгил хотиржамлиги учун ҳаракат қилиб турибман? Ўзимнинг гапимдан ўзим ғалати бўлиб кетдим. Яна кўнглимда хавфсирашга ўхшаш бир нима ҳам пайдо бўлди. Хавфсирашим Барнодан эди. “Бу ит мени Тожикистонга жўнатиб, ўзи нимани мўлжал қилаяпти?.. Мабодо, хотинига осилиб кўраман, деган жирканч нияти йўқмикан хаёлида?! Битта текшириб кўрай-чи!” деган ўйда уни энди гипноз ҳолатига туширмоқчи бўлганимда ичкаридан Абдулла билан Амин чиқиб қолишди.

— Ҳазрат, — деди Амин, — болалар анча ёш экан, йўлда бирон хато қилиб қўйишмасмикин?

— Ҳаммаси мактабни битирган йигитлар. Насиб этса, ишончимизни оқлайди, — деди Аҳмад. Сўнг менга юзланди-да: — Майли, биродари азиз, сиз уйингизга бориб келинг. Фақат кеч қолиб кетманг. Эрта тонгда йўлга чиқиш зарур, — деб уқтирди.

— Бу ёғидан хавотир олманг. Айтган пайтингизда етиб келаман, — деб жавоб қилдим. Аммо режам амалга ошмай қолганидан афсусланиб кўча томонга аста-секин юра бошладим.

Алламаҳалда уйга кириб келдим. Сўнг дарровда Баҳодир аканинг уйига қўнғироқ қилдим.

— Энди ярим оқшомгача ухламайдиган бўлдим, — деди у гўшакни кўтарганидан кейин ҳазиллашган бўлиб.

— Безовта қилма десангиз, бўлди, телефон қилмайман, — дедим мен атайлабдан зардали овозда.

— Ҳай, ҳай, — деди шошиб Баҳодир ака, — сен билан ҳазиллашиб ҳам бўлмайди. Ишлар қалай кетаяпти?

— Ака, гап бундай. Биз кеча айтганимдай эрта тонгдан йўлга чиқамиз. Сиз бўлсангиз йўлга чиқишимиз билан Аҳмадни қўлга олинг. Кейин йўлдаги ГАИ постларидан бирига хабар етказинг, биз билан бирга ҳали ҳеч нарсани тушунмайдиган, бирон нимага ақли етмайдиган бешта бола кетаяпти. Ўшаларни ҳужжатларими ёки бошқа нарсасими нотўғри деб олиб қолишсин. Манзилгача қолганлар билан бирга мен кетаман. Чунки у ёқдаги катта тўдага қўшилиб олишим учун менга асқотиб қолади.

— Яхши, Собиржон. Худо омадингни берсин. Эҳтиёт бўл!

— Кўришгунча, — дедим-да, гўшакни қўйдим.

— Тинчликми? — деб келиб қолди шу маҳал Барно, — ГАИга нима алоқангиз бор?

— Эртага кетишимизда оддий мошина бизни кузатиб қўяр экан. Шунга Баҳодир акага ГАИларга тайинлаб қўйинг, бизни ўтказиб юборишсин, дедим. Ҳозир, билмайман, нима бўлган, тўртта одамнинг йиғилганини кўрса милиса зоти текширадиган одат чиқариб олибди, — дедим мен хотинимга кулиб қараб.

— Нега улар ҳужжати йўқларни олиб қолишади?

— Барно, бу ёғи — иш. Кел, шу, менинг ишларимга аралашма.

У аразлади. Шартта ортига бурилиб ташқарига чиқиб кетди. Тавба, унинг арази ўзига шунақанги ярашар эдики, муҳаббатимни баттар оширарди. Меҳрим жўшиб унинг ортидан қоронғи ҳовлига чиқдим. Қарасам, отам ётадиган хонанинг чироғи ёниқ. Уйга келаётганимда ўчиқ эди. “Уйғониб кетган шекилли”, деб ўйлаб ошхонага кириб кетган Барнонинг ортидан қараб қўйдим-да, отамнинг олдига кирдим. Отам жойида ўтириб олиб алланималарни ўқиш билан овора эди. Аввалига бир оз қараб турдим, кейин халақит бермайин, кетаётганимда хайрлашарман, барибир тонг отмасидан уйғониб олади, деган хаёлда ортимга бурилган ҳам эдимки:

— Тўхта, қаёққа кетаяпсан? — деди отам. Яна изимга қайтдим.

— Ўтир.

Ёнига ўтирдим.

— Ишларинг қалай?

Шундагина мен отам билан бир уйда яшаб туриб, анча пайтдан бери гаплашмаганимни англадим. Шунақаси ҳам бўларкан-да. Тўғри, эрталаб, гоҳида тушлик пайти бирга овқатланамиз, лекин бу пайтда отам Бахтиёр билан овора бўлади. Бир нарсаларни тушунмайдиган болага тушунтирмоқчи бўлади. Эркалайди. Шу билан тамадди вақти ҳам охирлайди. Мен билан тузук-қуруқ гаплашмайди. Ўйлаб қарасам, сўнгги кезларда отам одамови бўлиб қолибди. Суҳбатдоши — ҳали забонсиз Бахтиёр.

— Тузук, ота.

— Кеч келадиган одат чиқардинг?

— Баҳодир ака милиса болаларни озгина шуғуллантириб тур, деганди. Шунга қолиб кетаётгандим, — дея отамнинг юзига қараб ёлғон гапириб юбордим.

Ўзимнинг ёлғонимдан ўзим уялиб бошимни эгдим. Ростини айтиш чораси йўқлигидан қийналдим.

— Болам, ҳаётинг анча изига тушиб кетди. Энди менсиз ҳам бемалол яшасанг бўлаверади. Кўз тегмасин, хотинингнинг ақл-ҳуши жойида, — деб отам чуқур хўрсиниб қўйди.

— Нималар деяпсиз, ота? Буларнинг бари сизнинг борлигингиздан, — дедим мен отамнинг нега бундай гапираётганлигидан ҳайрон бўлиб.

— Энди, болам, омонат жон-да... У ёқда энангам ёлғизланиб қолди...

— Ота! — дедим мен титраб. — Сиз бизгаям кераксиз. Ҳали шошилманг. Неварангизнинг суннат тўйида бош бўлиб туришингиз керак. Невара келин туширишингиз керак!

— Отам раҳматли бу ташвишларнинг ҳаммасини менинг бўйнимга юклаб кетиб қолганди. Энди, Собир, сенам ўзинг ўтказасан шекилли...

— Бирон жойингиз оғрияптими? Дўхтир чақирайми? — дедим мен бошқа гап тополмаганимдан.

Ҳеч кимнинг кераги йўқ. Айтдим-қўйдим-да. Майли, сен бориб дамингни олавер. Ҳа, Баҳодир яхши одам кўринади. Унинг этагини маҳкам тут, кам бўмайсан. Мендан бўлса, хавотир олма, ҳали бирор йилсиз кетмайман. Бир кеп қолди — айтдим-да.

Менинг ичимдан бир нима чирт этиб узилди. Нима дейишимни, нима қилишимни ҳам билмай қолдим. Ахир бундай шароитда ҳеч қаёққа кетолмас эдим. Лекин ҳамма иш битган. Кетишга тайёргарлик кўриб қўйилган... Бу ёқда отам... Падарига лаънат ҳаммасининг, ҳеч қаёққа бормайман! Уйда бўламан! Худо кўрсатмасин, отамга бирор нима бўлиб қолиб мен уйда бўлмасам, ҳеч қачон ўзимни кечирмайман!..

— Сен йўғингда Баҳодир телпон қилувди, — деди отам менга қараб туриб, — эртага қаергадир ўқишга бориб келармишсанми?

Мен “ҳа” дегандек бошимни қимирлатдим.

— Кўзингга қараб юр. Ҳамма нарсага аралашиб кетаверма.

— Бормасамми деб турибман.

— Бор. Ўзи, ҳеч қаерда ўқимадинг. Ҳеч қурса, шу ёқда ўқиб кел. Ундан кейин ишинггаям яхши бўлади. Менданам, болаларингданам хавотир олма.

Баҳодир аканинг отамни қари билиб лақиллатганидан жаҳлим чиқди... Тўғри, унинг ўрнида мен бўлганимда ҳам шундай йўл тутган бўлардим. Барнони алдадим-ку. Яна майор билан келишмасдан бир хил гапни айтибмиз. Тасодифни қаранг...

Мен ҳужрага етиб борганимда у ердагиларнинг ҳаммаси кетишга тайёр турган эканлар.

— Қадрдоним, биродарим, — дея мени қучди Аҳмад, — ҳамма умидимиз сиздан. Йигитларни омон-эсон манзилга етказинг. Мен хат жўнатдим. У ёқда сизларни яхши кутиб олишади.

Биз юкларимизни орқалаб автобус бекати томонга кетаётганимизда Аҳмад кўзига ёш олди. Менинг энсам қотди. “Аблаҳ, ўзинг ҳаммани даъват қилган, ўзинг шу ишга бошлаган, яна юзингга ....ни оқизишингга бало борми?” дея хаёлимдан ўтказдим. Ва нафрат билан қараб қўйдим. У менинг қарашимни бошқача тушунди шекилли, елкамга, ўғлини урушга кузатаётган ота мисоли, уриб қўйди.

Ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби олинган экан: бекатга чиққанимиздан кейин беш дақиқа ҳам турмасимиздан автобус келди. Бундан чиқдики, Аҳмад ҳамма нарсани ҳам менга айтавермаган. Демакки, тўла ишонмаган. “Фаросатингга қойил, ақлингга балли”, деб ичимда уни мақтаб қўйдим.

Автобусга чиқаётган бешала йигитнинг ҳам юзида қувонч, табассум зоҳир эди. Уларнинг ҳозирги ҳолатини мен қалбдан ҳис этдим. Бир пайтлар, қайсидир байрамни илк маротаба қизлар билан биргаликда нишонлаётганимизда, биз болалар шундай қувонгандик, кейин армияга кетаётганимизда ҳам шунақанги ҳолат бўлган. Худди борсак — дунё бутунлай ўзгариб кетадигандай, атроф фақат гўзалликка бурканадигандай. Булар ҳам жаннатий жойларга шошишаётгандай эди. Лекин дўзахий азобларни бошдан кечириши мумкинлигини хаёлларининг бир бурчига ҳам келтиришмасди.

Автобусда Амин билан ёнма-ён ўтирдик. У анави йигитлардан фарқли равишда, ўйга чўмган. Гоҳ-гоҳида бармоғини ғажиб қўярди. Бу унинг нимадандир ҳаяжонланаётганлигини билдирарди. Лекин шуниси аниқки, у шод эмасди.

— Аввал ҳам борганмисиз, тақсир? — дея сўрадим уни гапга солиш мақсадида.

— Бормаганман, — деди у менга бир қараб қўйиб.

— Адашиб кетмаймизми?

— Йўқ, чегарадан ўтганимиздан кейин биродарлардан бири бизни кутиб олади. Ва у ёғига ўзи бошлаб кетади.

— Насиб бўлса, уч-тўрт соатда етиб оларканмиз бўлмаса...

— Собиржон, нимагадир менинг оёғим тортмаяпти. Ҳидоят йўлида ҳамма нарсага тайёрман. Лекин негадир шу ёққа боргим йўқ...

— Унда қолаверинг. Биз ўзимиз кетаверамиз.

— Аҳмад шунчаки қолиб кетишимизга қўймайди. Кўринишидан у ўта мулойимдек туйилса-да, аслида, қаҳри жудаям қаттиқ. Кейин биз бирорта ножўя ҳаракат қилиб қўйсак, уйимиз куяди.

— Демак қўрққанингиз учун кетаётган экансиз-да?

— Бошда кетиш иштиёқи баланд эди. Ҳозир автобусга минганимиздан кейин шунақа бўп қолди.

Бу даврага қандай кириб қолганлиги менга қоронғи бўлса-да, лекин юрагининг аллақаерида қилаётган ишидан пушаймонлик борлигини у ошкор этиб қўйган эди. “Ҳечқиси йўқ, — дея хаёлимдан ўтказдим мен, — қайтаётганимизда яна бир киши кўп бўлади”.

Автобус бир соатдан мўлроқ юрганидан кейин тўхтади. Тўғрироғи, ДАН ходимлари тўхтатишди. Ҳайдовчи анча вақт ташқарида улар билан бирга нималарнидир гаплашиб турганидан кейин ортига милисалардан бири билан бирга қайтди.

— Ҳеч ким ўрнидан жилмасин, — деди милиционер ҳайдовчи ўриндиғи ёнига келиб, салонга нигоҳини ташлар экан. — Сизларни озгина безовта қилиб, кейин қўйиб юборамиз. Илтимос, ҳамма паспортини тайёрлаб турсин.

Худди шу маҳал Баҳодир акага кимлар бизлар билан бирга кетаётганлигини айтмаганим эсимга тушиб қолди. “Бу энди шунча одамнинг ичидан қандай қилиб бизни ажратиб олар экан? Бир жойда ўтирганимизда ҳам майли эди”, дея ўйладим. Биттама-битта ҳужжатларни текшириб келаётган милиционер рўпарамда тўхтади. Юзимга бир неча сония қараб турди-да, кейин қўлимдан паспортимни олди.

— Қаёққа кетаяпсиз? — дея сўради ҳужжатимга кўз югуртираётиб.

— Мардикорликка, — дедим иложи борича самимий илжайишга ҳаракат қилиб.

— Бир ўзингизми? — сўради у қовоғини уйиб.

— Ёнимда шеригим бор. Кейин яна бир-иккита болалар... Орқада ўтиришибди. Битта бригада бўлиб кетаяпмиз.

— Тушунарли. Қани, бировларнинг оғирини енгил қиладиганлар, бир ўринларингдан туринглар-чи. Бутун бригада. Биздаям балки иш чиқиб қолар.

Орқа ўриндиқларда ўтирганлар ўринларидан туришди. Милиция ходими уларнинг ёнига бориб, бирма-бир ҳужжатларини йиғиштириб олиб, синчиклаб кўздан кечирган бўлди-да:

— Ҳужжатлар чатоқ-ку. Сен, бешаланг, мен билан юр, — дея автобусдан тушди.

— Ака, нимаси чатоқ экан? — дедим мен ўрнимдан туриб.

— Сен жойингда ўтир. Агар прописканг бўлмаганида сенам шуларнинг қаторига қўшилардинг. Ҳалиям бахтинг бор экан, — дея у мени жеркиб берди.

Мен ноилож жойимга чўкдим. Амин хавотир аралаш қаради менга.

— Чиқаётганингларда паспортларни текширмаганмидинглар? — дея пичирлаб сўрадим ундан.

У елка қисди. Сўнг:

— Ҳаммасини Аҳмад кўрган эди, — деди. — Энди нима қиламиз?

— Нима қилардик, — дедим мен ўзимни жаҳли чиққан кўрсатиб, — кетаверамиз икковимиз.

— Сизга уларни омон-эсон манзилга етказиш топширилган-ку?

— Агар паспортларини одамбашара қилиб берганида, оборардим. Ҳозир ГАИ билан муштлашайинми?

Амин чуқур хўрсиниб, автобус деразасидан ташқарига қаради. Мен эса иш силлиққина битаётганлигидан хурсанд эдим. Шу боисдан ҳам тепа сочи тикка бўлаёзган Аминга қараб жилмайиб қўйдим-да, секин ўрнимдан турдим. Мен томонга юзланган қўшним савол ҳам бермасдан, умидвор кўзларини тикиб тураверди.

Автобусдан тушиб, бешала болага ҳам нималарнидир уқтираётган ГАИ ходимининг олдига бориб:

— Ўртоқ командир, шу болалар ишлаб, уйига тўрт-беш сўм топиб келаман, деган умидда чиққан. Қўйиб юборинг. Бирор ҳафта ишлаб қайтиб келамиз-да, кейин ҳужжатларни тўғрилаб қўямиз, — дедим.

— Сен бизга ақл ўргатма. Уйидан умид билан чиққан экан, документиниям тўғрилаб қўйиш керагиди! — дея дўқ урди ходим.

— Балки келишиб қўярмиз.

— Келишишга бошқа жойга борамиз. Агар яна сайрайдиган бўлсанг, ўзингдан кўр. Иссиғинг борида автобусга чиқ, — деди у менга, сўнг ҳайдовчига қаради-да: — Сенам аравангни судра правангнинг ажали етмасдан, — дея пўписа қилди.

Албатта, ғазаб сохта эди. Бошқа одамга бу билинмаса-да, мен яхши англаб турардим. Шу боисдан ҳам кулгим қистади. У билан ортиқча гап талашмай, қайтиб автобусга чиқдим. Аминнинг афти баттар гезариб кетганди. Шу ҳолида одамда бир дунё шубҳа уйғотиши турган гап.

— Қўлга олинг ўзингизни, — дедим унинг ёнига ўтираётиб.

— Нима бўлди? — дея сўради у паст овозда.

— Аҳмад бошқатдан одам йиғади.

— Қайтиб кетамизми ортимизга?

— Йўқ, энди ҳеч қурса сизни манзилга эсон-омон етказишим керак. Сўз берганман. Сўзимда турмасам бўлмайди. Эҳтимол, етиб боролмаган болаларнинг ўринларигаям ўзим хизмат қиларман. Бу ёғи пешонадан. Эсиз, Аҳмад Абдуллани бекор олиб қолган экан-да. Ҳар қалай, уч киши бўлардик.

Менинг шу гапимдан кейин Амин кўзларини юмди-да, бошини ўриндиққа ташлади. Орадан бир оз ўтиб автобус жойидан жилди.

Ҳадеб хаёл суриб кетавериш жонимга тегди, бунинг устига, нимани ўйламайин, охири барибир боши берк кўчага тақалаверди. Шундан сўнг барча ўй-хаёлларни бир четга суриб, ухлаш учун кўзларимни юмдим. Бир оз ўтиб ҳақиқатан ҳам ухлаб қолибман.

Автобус қаттиқ силтанди-ю, кўзларим очилиб кетди. Атрофимга разм солсам, ҳамма ўрнидан туриш ҳаракатига тушиб қолибди. Ёнимда ўтирган Амин ҳам атрофга аланглаяпти.

— Келдикми?

— Келибмиз.

— Кетдик унда, — деб, мен ҳам жойимдан қимирладим.

Биз борадиган манзилга автобус йўқ экан. Бекор қилинибди. Лекин Тожикистон чегарасигача етказиб қўядиган хусусий машиналар қаторлашиб туришибди.

Менинг мақсадим, вазифам аниқ, лекин Амин иккиланмоқда эди. Энди унинг фақат қўрққанидан сафарга чиққанлиги очиқ билиниб қолди. Иложи бўлса, бирорта баҳонаи сабаб топиб, ортга қуш бўлиб учса.

Амин автобус йўқлигини эшитганидан кейин яйраб кетди. Лекин мен унга шунақанги тунд қиёфада қарадимки, бирпасда ҳафсаласи пир бўлди-қолди.

Такси ҳайдовчиси нархни анча баланд айтди. Бир оз туширишга ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо у оёғини тираб туриб олди. Ноилож шофёрнинг айтганига кўндим.

Манзил унчалик ҳам узоқ эмас экан. Бир соатдан зиёдроқ юрганимиздан кейин етиб олдик.

Чегара пости қўйилибди. Бирорта одам чегаранинг нариги томонига текширувсиз ўтмаяпти. Аминнинг ҳужжатини текширган чегарачи, унга ҳеч нарса демади-ю, аммо менинг паспортимни кўрганидан кейин юзимга тикилиб қолди.

— Расмим ўзимга ўхшамаяптими? — дедим мен унга зўрма-зўраки илжайиб.

— Ўхшаяпти-ю, лекин фамилиянгиз, исмингиз таниш туйилаяпти, — деди у менга ўқдай нигоҳини қадаб.

— Балки бирор жойда кўришгандирмиз?

— Кўришмаганмиз. Лекин... Ҳозир, бир дақиқага, — деди-да, ёнидаги шеригига менинг паспортимни кўрсатди.

Хайрият, шериги анча зийрак экан. Ҳужжатимга ва ўзимга бир қаради-да:

— Ҳаммаси жойида, ўтиб кетаверинг, — деб ўзидан ёшроқ ҳамкасбига ўқрайиб қўйди.

Шу билан биз чегарадан ўтдик. Амин минг йиллик қадрдони таҳликадан омон-эсон ўтиб олгандай мени маҳкам қучоқлади.

— Биродар, мана, ўтиб олдик. Худо хоҳласа, бундан буён бир-биримиздан ҳечам ёрдамимизни аямаймиз! — деди у қувончдан кўзлари порлаб.

У қўрқаётганди. Бораётган жойи, дуч келадиган одамларидан қўрқаётганди. Шу боис менга ўзини янада яқинроқ тутаётганлигини кўзлари айтиб турарди.

— Шундай бўлади. “Дед”лар бирон нима деса икковлашамиз, — дедим мен унга ҳазиллашиб.

Ҳазил унинг юрагини баттар ўртаб юборди, шекилли, худди ҳозирнинг ўзида кимдир ҳужум бошлаб қоладигандек, бир қур атрофга назар ташлаб олди.

— Акажонлар, — деб қолди шу маҳал соқол-мўйлов қўйиб, салла ўраб олган, лекин ёши тахминан йигирмалар атрофидаги йигит бизнинг ёнимизга келиб. Боя унга кўзим тушган эди. Ўзимча: “Бизни кутиб оладиган одам шу бўлса керак”, дея хаёлимдан ўтказгандим.

— Мабодо биронтангизнинг исмингиз Собиржон эмасми?

— Мен бўламан Собир деганингиз, — дедим унга жилмайиб.

— Яхши етиб келдингизми? Йўлда қийналмадингларми? — деди у ҳам мийиғида кулиб.

— Оллоҳга шукр, — деди Амин мендан олдин.

Шундан кейин кутиб олувчи бир менга, бир Аминга қараб:

— Мактубда кўпчилик бўлиб келишларингиз ёзилганди, — деди ҳайрон бўлиб.

— Афсус, — дедим мен Амин яна бирон нима деб лақиллаб қўймасидан олдин, — беш йигитимизнинг ҳужжатларида чатоқлик бор экан. Уларни йўлда келаётганимизда милиционерлар ушлаб олишди.

— Ёмон бўпти, биз кўп хурсанд бўлгандик, ҳазрат Аҳмаддан янгиликни эшитиб. Мен иккита мошина ҳам олиб келгандим, — дея у бошини сарак-сарак қилганча биздан юз метрча нарида, йўл четида турган иккита “Москвич”га қараб қўйди. Кейин менга юзланди: — Ҳечқиси йўқ. Мусулмончилик аста-секинлик-да, биродарлар. Сизнинг иккингизга ҳам ҳазрати имомимиз Аъзам жанобларидан катта салом!

— Ташаккур, — дея мен бошимни эгдим энсам қотиб.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм