euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (иккинчи қисм)

385 full reads
496 story viewsUnique page visitors
385 read the story to the endThat's 78% of the total page views
20,5 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (иккинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
  • (Иккинчи қисм)

Умуман олганда, ҳозир уни гипноз ҳолатига тушириб, ичидаги гапларнинг ҳаммасини бемалол суғуриб олишим мумкин. Бу мен учун ҳеч бир қийинчилик туғдирмайди. Лекин пасткашлик қилишга виждоним йўл қўймади.

— Кечирасиз, — дедим мен Эгамқул акага бир қараб олиб, — анави, синглим ичадиган гиёҳ қаерда ўсишини менам бориб кўрсам. Балки яна керак бўлиб қолар.

Эгамқул ака бир зум индамай турди. Унга яна бир марта қараб олганимдан кейин билдимки, гапим оғир ботган. Чунки Эгамқул ака йўлга термилганча сассиз ўтирарди.

— Майли, — деди у ниҳоят ғамгин овозда, — бирор кун оборарман. Унгача менинг ўзимда етарлича бор. Балки шу билан тузалиб ҳам кетар.

Кўнглим бир оз равшан тортди. Эгамқул аканинг синглимга уйланиш-уйланмаслигидан эмас, албатта, Саиданинг соғайиб кетиши мумкинлиги ҳақида эшитганимдан сўнг.

Абдукарим ака бизни қучоқ очиб кутиб олди. Айниқса, Эгамқул акани кўрганидан кейин яйраб кетди. Лекин хотинининг кўз қарашлари бир оз тундроқ эди. Турган гапки, мен уларнинг машинасини миниб кетганим, боз устига, Барно ҳам мен билан кетганлиги унга ёқмаган. Балки эрининг менга нисбатан илиқ муносабатини ҳам хушламаётгандир. Мен бўлғуси қайнонам деб ҳисоблаётган аёлга салом берганимдан кейин дарров нигоҳимни олиб қочдим. Ўзга иложим ҳам йўқ эди. У ҳам чўзиб “Ва-а-а-лайкум”, дея жавоб қилдики, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим.

— Тез чой-пойингга қара, — деди хотинига жеркиган оҳангда Абдукарим ака ва бизни уйига бошлади.

Бу ерда ҳам суҳбат тезда қовушиб кетавермади. Яна ўшандай узуқ-юлуқ гаплар. Абдукарим ака синглимни сўради. “Яхши бўлиб қолдими?” деди. Мен унинг гапига жавоб қайтараётиб, машинасини рухсатсиз миниб кетганлигим учун узр сўрадим.

— Ҳечқиси йўқ. Зарур экан, минибсан. Асло хафа эмасман, — деди Абдукарим ака.

1-қисмни ўқиш

Шундан кейин ҳам гап бир-бирига уланмади. Сезиб турибман. Агар мен бўлмаганимда икки ошна маза қилиб суҳбатлашишган бўларди. Шу боисдан ҳам менга жавоб беришларини сўрадим. Бироқ Абдукарим ака кўнмади.

— Сен билан эллик-эллик қиламиз, кейин кетасан. Унгача ўтир.

Кўнишдан бошқа илож тополмадим. Қизиқ, озгина ичганимиздан кейин гапларимиз ҳам бир оз қовушгандай бўлди. Шундай эса-да, кўп ўтирмадим. Бўлғуси қайнонам овқатини сузмасидан бурун йўлга отландим.

Ҳовлидан чиқар чоғимда Барнонинг онаси:

— Қизимизга уйини эслатиб қўярсиз, — деди тагдор қилиб.

— Хўп, — дедим мен қизариб-бўзариб.

Уйга етиб келсам, Саида уйғонибди. Ҳатто Барно иккаласи ҳовлиларни супуришибди. Овқат тайёрлашибди. Отамнинг ҳам кайфияти чоғ. “Хайрият-э!” дея хаёлимдан ўтказдим.

Қуёш ботиб, атрофга қоронғилик этагини ёзганидан кейин Абдукарим ака машинасида келиб қолди. “Қизини олиб кетгани келган, шекилли”, деб ўйлаган эдим. Бироқ унинг нияти бошқа экан. Синглимга Эгамқул акадан совчи бўлиб келибди. Эгамқул аканинг ниятини англаб етган эдим-у, лекин унинг ўзи мени шубҳалантириб қўйганди-да.

— Қизим кетса, Собир икковимиз қийналиб қоламиз. Кир-чир ювиш, овқат-повқат қилиш, деган гаплар бор. Менинг ҳушим келмайди, Собир ҳам эрта бир кун ишга ўтиб кетса, вақти етмайди бунақа ишларни қилишга. Шунга кўра аввал Собирни уйлантириб, кейин Саидани узатсакми, деб ўйловдим-да, — деди отам.

— Бўлмаса уйлантиринг, ўзим совчи бўлиб бораман. Савоб ишга ҳамма вақт биз тайёрмиз. Тем более, Собирдай йигитга, — деди Абдукарим ака.

Мен бошимни эгдим. Қизардим. Тилим мумланди. Шунчалик мени уйлантириб савоб иш қилмоқчи бўлган одам, кошки эди, ўзининг қизига ошиғу беқарорлигимни билса. Балки билар, сезгандир ҳам. Балки шу гапларини айтиш орқали қизини менга бермоқчилигини билдириб қўйгандир. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам аввал мендан садо чиқиши керак. “Мен Барнога уйланаман!” деб айтишим керак. Аммо бу гапларни айтишга менда матонат қани?

— Унда, болам, гап яна сенда қолибди. Энди акангга кимга уйланишингни айтасан. Ёки ўзим келин топаверайми? — деди отам.

— Мен тенгилар уйланишни ҳали бошлашмаган, шекилли, — дедим бошимни эгиб.

— Нима қипти? — деди отам. — Ўзинг бошлаб бераверасан. Мен, ана, Абдукарим аканг бош-қош бўлиб турамиз.

Отам шу ерда бир ўқ билан икки қуённи уриб қўйган эди. Эҳтимол, у бошқа мақсадда айтгандир. “Қуён” иккиталигини билмагандир ҳам. Лекин менга шундай туйилди.

— Бўлди, — деди Абдукарим ака жилмайиб, — аввал Собиржонни уйлантирамиз. Кимникига совчиликка борайин?

Отам бир оз ўйланиб турди-да, менга юзланди:

— Собир, овқат жа чўзилиб кетди, бориб хабар ол-чи.

Гапнинг мазмунини дарров илғадим, шу боисдан ҳам тезда ўрнимдан туриб ташқарига йўналдим.

Отам билан Абдукарим аканинг суҳбати анча чўзилди. Мен бирор марта ҳам уларнинг олдига киролмадим. Отам Абдукарим акадан қизининг қўлини менга сўраётганлигини кўнглим сезиб турарди. Чунки бир-икки марта отам Барнони: “Жуда яхши қиз экан”, деб таърифлаганди. Таърифнинг остида келин қилиш истаги борлиги эҳтимолдан холи эмасди, ўйлаб қарасам. Синглим ҳам, Барно ҳам менинг аҳволимда экан. Фақат уларнинг иккаласи-да ичкаридаги икки кишининг нима ҳақида гаплашаётганларидан бехабар, бири овқат, иккинчиси чой олиб борарди.

Отам билан Абдукарим ака нима хулосага келишларини билмасам-да, Барно бу кеча бизникида қолмаслиги кундай аён эди. У билан тонггача гаплашиб ўтириш ниятим бор эди.

Синглим отам мени чақираётганлигини айтди. Кирсам, Абдукарим ака кетишга чоғланаётган экан. Кўрпачага ўтиришим билан отам дуога қўл очди-да:

— Ўйлаган ниятимиз, илойим, ижобат бўлсин, — деди.

Тахмин қилганимдай Абдукарим ака қизини олиб кетди. Улар билан хайрлашиб уйга кирганимиздан кейин отам:

— Болам, мен Абдукарим акангдан қизини сўрадим, — деди менга зимдан тикилиб. — Сен нима дейсан? Сендан сўрамай туриб иш қилиб қўйганимдан хафамасмисан?

Отам айни кўнглимдаги ишни қилганлигини мен унга қайси юз билан айтайин. Лекин ўзимнинг ҳам истагим шунақа эканлигини отамга билдириб қўйишим керак эди. Шу боисдан:

— У нима деди? — дея отамнинг саволига савол билан жавоб бердим.

— Берсам шундай йигитга бераман-да. Лекин онасидан бир оғиз сўрайин. Кейин қизимизнинг ҳам кўнглини билайин, деди. Менимча, рози бўлди-ёв.

Барнонинг онаси менга қандай муносабатда эканлигини бугуннинг ўзида кўрган эдим. Агар онасига қолса, кўнмаслиги аниқ. Лекин Абдукарим ака билан қиз мен томонда бўлса, кўнмай қаёққа борарди...

Отамга аниқ бир жавоб қилмай, ўзимнинг хонамга ўтиб кетдим.

Эртасига Нурали қорин қўйган, йўғон овозли, сипо кийинган бир одамни етаклаб келди.

— Мана бизнинг қаҳрамонимиз, — деди мени кўрсатиб.

Андак хижолат чекдим. Бир оз қизарган бўлсам ҳам, эҳтимол. Аввал менга қаҳрамонлик нисбатини бериб, ҳеч ким айтмаган эди. Агар таниш-билишлар олдида бўлгандаям ноқулай туйилмасди.

— Жўрамиз ҳамма вақт кўпиртириб гапиради, — дедим мен ҳалиги одамга жилмайиб қарашга ҳаракат қилиб, кўришиш учун қўл узатар эканман.

— Шу сафар кўпиртирмади, шекилли, — деди у киши кулиб, — сизни бутун област қаҳрамон деб билади.

— Жа, унчалик эмас. Ҳамма қатори одамман... Уйга кирамиз, юринглар, — дедим гап мавзусини ўзгартиришга уриниб.

— Жўра, ишларимиз кўп. Акахонниям ҳар бир минути ҳисобда. Шунинг учун мақсадга кўчиб қўяверайлик. Хуллас, бу кишининг, — дея Нурали ёнидаги одамнинг елкасига қўлини қўйди, — исми Нодирбой ака. Районда биринчилардан бўлиб кооператив очган. Тўртта фермаси бор. Қорамоллариниям сони мингнинг тагига бориб қолган. Винзавод ҳам бу ёққа қарашли...

— Етади, — деди Нодирбой ака Нуралига қараб, — индамасам райондаги ҳамма нарсани меникига айлантириб қўясан.

У менга юзланди. Ёнимга келиб қўлимдан тутди.

— Ука, гап бундай, — деди салмоқ билан, — сени биргаликда ишлашга таклиф қилиб келдим.

— Телехликка, — дея гапга қўшилди Нурали.

— Озгина жим тур, — деди унга қовоғини уйиб, Нодирбой ака, — бирга ишласак кам бўлмасдинг, ука.

Яна жонни хатарга қўйиш. Яна хавф-хатар исканжасида яшаш. Шу иш туфайли қанча нарса йўқотдим. Такрорласам қолганини ҳам йўқотишим ҳеч гап эмас, шу керакми менга?

— Йўқ, ака, мен озгина дам олмоқчиман. Ҳали ишлаш ниятим йўқ. Агар таклиф қилаётганингиз тансоқчилик бўлса, унда узр. Мен бунақа ишни бошқа қилмайман, деб ўзимга-ўзим қасам ичганман.

— Эй-й, қўйсанг-чи, жўра. Ҳозир замон ўзгариб кетди. Илгаригидай яшамоқчи бўлсанг, кунинг ўтмай қолади. Вақтида отингни қамчилаб қол. Бунақа имконият ҳамма вақт ҳам бўлавермайди. Кеча кўрдинг-ку, жўраларнинг аҳволини. Агар шундай юраверсанг, тўрт кунда сениям улардан фарқинг қолмайди, — деди менинг жавобимдан бирдан қизариб кетган Нурали.

— Бир гап бўлар, — дедим мен унга кулиб қараб.

— Бошқа иш бўлса қиласанми? — дея сўради Нодирбой ака.

— Айтдим-ку, аввал ўзимга келиб олайин, деб.

— Бир ҳафта етадими?

— Аниқ ваъда бермайман.

— Хўп, бир ойдан кейин гаплашсак бўлаверадими? Унгачаям мен сенга ҳақ тўлаб тураман. Уйинг ҳам нураб қопти, — дея Нодирбой ака қўли билан уйимизни кўрсатди. Шу пайтгача эътибор қилмаган эканман. Уйимиз кўзимга ғариб кўриниб кетди. — У ёқ-бу ёғини ремонт қилиб оласан. Кейинчалик агар бирга ишлайверсак, бошқатдан қуриб оласан. Менинг ўзим ёрдам бериб юбораман.

— Шартмас, — дедим бир оз асабим ўйнаб, — шундоғам уйнинг таъмирига қурбим етади.

Нодирбой ака мендаги ўзгаришни дарров илғади.

— Тушунаман ҳамма нарсага, ука. Майли, сен дамингни олавер... Бизам эсингдан чиқиб қолмайлик, — деди.

Нуралига нима оғир-енгили бор эканки, менинг жавобимдан қониқмай кўчага чиққунча ғудинг-ғудинг қилиб кетди. Қўл силтадим. “Агар мендан бирон нима умид қилиш эвазига жўрачилик қилаётган бўлса, унақа жўранинг боридан йўғи”, — дея хаёлимдан ўтказдим.

Шу билан бу учрашув унут бўлиб кетиши мумкин эди. Агар орадан бир ҳафталар ўтиб Нурали тағин келмаганида.

— Қара, — деди у мени кўчага бошлаб чиқиб, оппоқ “Москвич”ни кўрсатаркан, — тўрт ой Нодирбой ака билан ишлаб олдим. Одамлар-чи, бунақа матоҳ олгунича камида беш-олти йил ишлайди. Мен тўрт ойда олдим! Нодирбой аканинг ўзи ҳозир Владивостокдан бешта “Тойота” олиб келишга кетган. Ўзи шунақа машиналар борлигини биласанми?

— Билмайман, — дедим мен кулиб.

Ваҳоланки, Нурали айтган машина мен учун янгилик эмасди. Жосуслик қилган давримда кўп кўргандим.

— Жўра, хафа бўлмагин-у, сенда кучдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Худо сенга тентак куч билан чаққонликдан берган. Мен сенга айтсам, беш-олти йилдан кейин ҳеч нарсага яроқсиз бўп қоласан. Ундан кейин ҳолингга маймунлар йиғламаса, менга кел. Билсанг, мен сени ўйлаяпман. Келажагингни ўйлаяпман.

Очиғи, унинг гапига кулгим қистади. Нурали ёшлигидан уддабурон бола эди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган ишларни қилиб юрарди. Ҳамма жойдан нимадир ундирсам, деган ўйда юрарди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўнинчида ўқиб юрган кезларимиз биология кабинетидаги скелетни сотиб юборган. Бор-йўғи уч сўмга — медицина институтида ўқийдиган ҳамқишлоғимизга. Ўшанда роса қидир-қидир бўлган. Ўзиям орадан икки ой ўтганидан кейингина скелет топилган. Ундаям ўша студент боланинг ўзи оғзидан гуллаб қўйган. Ана шундай ишини пухта бажарадиган бола эди Нурали.

— Бўпти, мен рози бўламан, — дедим Нуралининг кўзига тикилиб. — Фақат битта шарт билан. Эвазига қанча оласан ўша Нодирбой акангдан?

— Жўра, мени ким деб ўйлаяпсан? Мен унақа паст кетадиган болалардан эмасман. Ёрдам берсам, сенга ёрдам бераман. Ундаям дўст бўлганимиз учун... Топаётганим, худога шукр, ўзимга етиб ортади. Битта законний қиз топиб олганман. Ўшанга уйланаман, тамом...

У гапини охиригача етказолмади. Бирдан гипноз қилдим-да:

— Нодир аканг мен учун сенга қанча ваъда берган? — дея сўрадим.

— Беш минг, — деб жавоб қилди у.

— Яша, қадрдон дўстим, хўш, ўша Нодир аканг аввал нима иш қилган?

— РайОНОда бош бухгалтер бўлган.

Эсладим. Қайси синфда ўқиётганлигимиз ёдимда йўқ, муаллимлар кетма-кет икки ой маош ололмади. Гап-сўзларга қараганда бош бухгалтер, кассир тил бириктириб, учта мактабнинг маошини “еб” юборган экан. Ўқитувчилар жанжал қилишиб, РайОНОга боришганди. Кейин биров кассирни қамалиб кетди, деди. Бошқаси бухгалтер қаёққадир гумдон бўлганлигини айтди. Орадан олти ой ўтиб, йўқолган бухгалтернинг қайсидир колхозда ишлаётганлигини айтишди. “Ўша бухгалтермасмикин?” деган ўй ўтди хаёлимдан.

— Сен уни кўпдан бери танийсанми? — дея сўрадим Нуралидан.

— Икки йилча бўп қолди.

Нуралини бошқа сўроққа тутмадим. Шундоғам ҳамма нарса кундай аён эди. Шу боисдан ҳам уни дарров гипноз ҳолатидан чиқардим. У ўзига келганидан кейин бир оз менга қараб турди-да:

— Ишлайсанми бирга? — деб сўради.

— Ўйлаб қарасам, менга тўғри келмаскан, шунинг учун, жўра, мени қийнамагин-да, бошқа одам топиб қўяқол, — дедим.

Нуралининг қовоғи осилгандан-осилиб кетди. У ортига бурилди-да, машинанинг эшигини очди ва бир оз ўйланиб турганидан кейин:

— Жўра, анави кун олган ароқларингнинг пулини эгасига бериб қўйишим керак эди. Эгаси бир-икки марта сўраб келди, — деди.

Менинг дўстим энди ўзига келганди. Кўриб турганим, бундан икки-уч йил олдинги Нуралидан мутлақо фарқ қилмасди. Лекин унинг фавқулодда пул сўраши мени довдиратиб қўйди. Ҳатто бир оз каловланиб қолдим. Александр Петрович берган пуллардан бирор икки юз сўмча қолган эди. Уйга кирдим-да, олиб чиқдим. Ва менинг “садоқатли” дўстим айтган суммани унинг қўлига тутқаздим.

— Бўлдими энди, ҳурматли дўстим? — дедим киноя билан.

У гапирмади — машинасига ўтирди-да, жўнаб қолди.

Аммо мен ундан зиғирча ҳам хафа бўлмадим. У ҳожатимни чиқарганида меҳримга сазовор бўлганди. Шу боисдан гина қилишга ҳаққим йўқ эди. Иккинчи томондан, мен ўзимга ошна билиб юрган одамнинг кимлигини билиб олдим.

Абдукарим ака яна келди уйимизга. У билан кўришдим-у, лекин бирга ўтирмадим. Юзим чидамади, ўзимни ноқулай сеза бошладим. Отам иккаласи икки соатлар чамаси гаплашиб ўтирганларидан кейин кетди. Абдукарим ака кетганидан кейин отам мени ёнига чақирди. Хурсандлиги шундоққина юз-кўзидан кўриниб турар эди.

— Бахтинг очилди, болам, — деди у жилмайиб. — Абдукарим аканг қизини беришга рози бўлди.

Ғалати бир ҳолат эди. Қиз берувчи одамнинг ўзи келиб: “Мен ўғлингизга қизимни беришга розиман”, деса.

Отамга жавоб қайтармадим. Уялганимдан бошимни эгдим.

— Саидани беришга менам кўндим. “Тўйни тезлаштирайлик”, деди Абдукарим. Эгамқул: “Саиданинг касали яна қўзғаб қолиши мумкин. Тўйни эртароқ қилсак, дарднинг олдини олардим”, дебди. Шуниси менга озгина ўтиришмай турибди. Онангнинг ўтганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ. Тўйни бирдан бошлаб юборсак, эл-юрт олдида юзимиз ерга қараб қоладими, дейман-да.

Отамнинг нигоҳлари менга қадалганди. У мендан қандайдир кўнгилни кўтаришга, юпанчга ўхшаш бир нарса кутаётган эди. Лекин бирон нима дейишга ожиз эдим. Ичим буткул қуриб қолган, отам истаган гапни топишга қийналардим.

— Бунинг устига, тўй қилишга қурбимиз ҳам келмайди ҳали, — дея гапида давом этди отам.

Шу пайтгача пул ҳақида умуман ўйламаган эканман. Ўксиндим. Биринчи марта ақча тополмай қолишимдан қийналдим. Билагимда кучим мўл. Ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқишимга ишончим комил. Айни дақиқада эса ожизман... Хаёлимдан Нодирбой қилган таклиф яшин тезлигида ўтди. Агар унинг айтганига кўнганимда ҳозир отам айтаётган муаммо бўлмасди. Лекин кейинчалик бундан баттари бўй кўрсатиши кундай аён эди.

— Мен эртадан ишга ўтиш ҳаракатини қиламан. Сиз хавотир олманг, ҳали ҳаммаси яхши бўп кетади, — дедим отамнинг кўнглини кўтариш учун.

Район маркази кичкина бўлгани билан поезд йўли ўтган, иккитагина томдан иборат вокзали ҳам бор эди. Армияга кетишимдан олдин тенгқурларим билан у ерга кўп борардик. Вагонларда ҳали тахта, ҳали шифер, қўйинг-чи, поезд вагонларига ортиш мумкин бўлган ҳамма нарса келар, уларни туширадиган машина гоҳида бузилиб, гоҳида улгурмаганлиги боис, қўл кучи кўп керак бўлар эди. Биз ўн чоғли йигитчалар ана шу “қўл кучи” эдик. Кун бўйи, баъзан туни билан ишлардик. Яхшигина ҳақ беришарди...

Бирон жойга иш қидириб боргим келмади. Борсам-у, иш йўқ деб қайтариб юборишса, изза бўлиб қолишимдан қўрқдим. Иккинчи томондан, ишга жойлашганим билан, “Мана сенга маошинг”, дея олдиндан бериб қўймайди. Вокзалда эса нақд пул. Ишни бажардингми, қўлингга ҳақингни бирдан беришади.

Қуёш ботиб, атрофга тун этагини ёяётган маҳалда вокзал омборхонасига бордим. Омборнинг атрофи сим тўр билан ўралган, усти доимий очиқ эди. У ерга туширилган моллар ёзда қуёш жазирамасини ер, қишда ёғин-сочин тагида қоларди. Ҳисоб-китоби бўлмаса керакки, қанчадан-қанча тахталар тураверганидан чириб адо бўларди. Бошқа нарсаларнинг ҳам маълум қисмининг тақдири худди шундай якун топар эди.

Пастқамгина қоровулхонада Бўрибой чол алмисоқдан қолган радиосини эшитиб, чой ичиб ўтирган экан. Ошиқ-мошиғи қурилганидан бери ёғланмаган эшикни ғийқиллатиб очганимдан кейин, қоровул бир оз муддат менга термилиб қараб турди. Назаримда, ё кўзи яхши кўрмай қолган ёки танимади.

Мен салом бердим. У овозини чиқармасдан бошини қимирлатиб алик олди-да:

— Кел, — деди гулдурак овозда.

— Мен Собирман, — дедим ўзимни танитиш учун.

— Қайси Собир? — сўради чол пешонаси тиришиб.

— Келиб жўраларим билан юк туширардик-ку, уч йиллар аввал.

— Тушда нима егандингиз, деб сўра олдин. Қанча одам келиб, қанча одам кетса, қанақа Собирлигингни мен қаёқдан билайин? Эсимда қоптими?.. Нима ишинг бориди?

— Юк-пук бўлса, тушираман, деб келувдим, ота, — дедим иложи борича юмшоқ гапиришга ҳаракат қилиб.

— Эй-й, болам, — деди Бўрибой чол эчки соқолини силаб, — илгарийди, юк туширтиришга одам излаб топмасдик. Бир хил пайтлари ўзимам туширганман. Ҳозир ишлайман дегани тиқилиб ётибди. Овора бўп кепсан-да.

“Эски ҳийла”, — дея хаёлимдан ўтказдим. Бундан уч йил аввал ҳам бу чол бизга шунақа дерди. Учта-тўртта вагон қаторлашиб турсаям, “Ҳали юк келмади”, деб тураверарди. Бир-икки сўм қистирсак, чолнинг бирдан чиройи очилар, “Сизлар бораверинглар, мен тилпонда айтиб қўяман. Боягина битта вагон келгандай бўлувди. Кран билан туширманглар, болаларам ризқини олсин, дейман”, дер эди.

— Бобо, сизниям хафа қилиб қўймайман, — дея чўнтагимдан битта уч сўмлик чиқариб унинг олдига қўйдим. У пулга бир қараб қўйди-да, чуқур хўрсинди.

— Гўримнинг лабигача бир қадам қолган, — деди қандайдир изтироб билан, — пулингни олиб қўй. Барибир ичингда мени сўкиб бераяпсан.

— Чин кўнгилдан. Ўзим чиқариб бераяпман-ку. Аввал ҳам шундай қилганмиз.

— Қўй, барибир керакмас. Менда хотин, бола-чақа бўлсаки, уларни боқиш учун сендан пул олсам.

Шу пайтгача мен унинг хотини йўқлигини билмас эканман. Унинг ўзидан ҳам, бировдан ҳам эшитмаганман.

— Уйланмаганмисиз? — дедим бошқа гап тополмай.

— Бе, иккитасига уйланганман. Туғмаган-да, баччағарлар. Яна ўзлариям йиққан-терганларимни олиб кетиб қолишган... Менга қара, битта гап айтсам қиласанми? — деди чол кўзи ярақлаб менга қарар экан.

— Қўлимдан келса, қиламан.

— Келади. Мен сенга пул бераман. Яна тоза мол келган вагонга хўжайин билан гаплашиб, сени ўтказиб қўяман. Хўжайин икковимизнинг қалинлигимизни яхши биласан.

Дарҳақиқат, шундай эди. Бошқа нарсаларни билмадим-у, лекин вокзалга қанақа мол келса, қоровулнинг розилиги билан тушириларди. Қоровул билан вокзал бошлиғининг орасида қандай ришта борлигини билиш шу пайтгача ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Қанақа иши бор эканки, эвазига пул тўласа, ҳартугул, уйлантириб қўясан, демас.

— Айтган нарсамни қиласанми?

— Сиз айтаверинг-чи, балки...

— Балкисига бало борми? Қиласанми-йўқми, шунисидан гапир! Эркакмисан ўзи?

— Бўпти, — дедим мен.

Шундай дедим-у, ўйланиб қолдим. Битта-яримтаникига ўғирликка тушасан ёки шунга ўхшаш бошқа бир нарсани айтиб қолса, нима қиламан?..

— Қасам ич, — деди энди чол кўзимга тик қараб.

— Ишқилиб, яхши нарсами? Билмайдиган нарсамга қасам ичиб, бошимни чангаллаб қолмайин тағин.

— Қўрқма, сенга зиёни тегмайди. Қасам ич!

Нима бўлса бўлди, дея хаёлимдан ўтказдим-у, қасам ичиб юбордим. Шунда ҳам чол кўнмади. “Оилангни ўртага қўйиб қасам ичасан!” деб туриб олди. “Оиламни аралаштирманг. Мен ўзим учун онт ичаман. Ваъда бердимми, устидан чиқаман!” десам ҳам кўнмайди. Бир хаёл: “Бор-э, пул-мулинг керакмас”, деб кетворай дедим. Лекин чолнинг авзойи борган сари ўзгариб, одамнинг раҳмини келтирар, қўл силтаб кетишга ботинолмай қоладиган даражага етган эди. Охири бўлмади. Ичимдан зил кетиб, қасам ичдим. Энди бўлди, чол гапини айтар десам, қаёқда, бир қўлимга нонни, иккинчи қўлимга бир китоб ушлатиб:

— Бу Қуръони карим бўлади. Ҳозир бу китоб ҳаммадаям бор эмас... Энди онт ич. Кейин мен ишонаман, — деди ўжар чол.

— Агар гапимда турмасам мана шу Қуръон урсин, — дедим сабрим чидамай.

Шу гапни айтишим билан Бўрибой чол узоқ муддат термилиб қолди. Кўзида ёш жилғаланди. Бир-икки марта бурнини тортди. Кейин чўнтагидан ғижимланиб кетган дастрўмолини олиб кўзидаги ёшни артди-да:

— Менинг уйим бор, — дея гапира бошлади, — йигирма сўтихча келади, эртага шуни сенга хатлаб бераман. Беш мингча жамғариб қўйибман, уям сеники...

— Сизнинг ерингизниям, пулингизниям менга кераги йўқ...

— Гапимни бўлма, қасам ичгансан. Энди жим ўтир... Қўй-чи, шу дунёга келиб нимаики орттирган бўлсам, ҳаммасини сенинг қўлингга топшираман...

— Ўзингиз-чи, ўзингизга нима қолади унда? — дедим чолнинг гапини бўлиб.

Тўғриси, ўша пайт чолни ақлдан озиб қолган шекилли, деб ўйлай бошлаган эдим.

— Мен... мен, — деди овози бўғилган чол, — мен етиб келдим, етадиган жойимга... Худонинг ўзи кечирсин, кўп номаъқулчиликлар қилиб қўйдим. Кеча мачитдаги мулла билан анча вақт гаплашиб ўтирдим. У дўзахда бериладиган азоблардан гапирди. Эшитиб туриб қўрқиб кетдим. Охиратимни куйдириб қўйган эканман...

Чол йиғлаб юборди. Мен уни тинчлантириш учун бисотимдаги сўзларнинг мосини қидирдим. Аксига олиб, тузукроқ гап келавермади миямга. Ҳартугул, чол узоқ йиғламади. Бирдан ўзини босиб олди.

— Энди қилган номаъқулчилигимни ювиб кетадиган иш қилишга умрим ҳам, қурбим ҳам етмайди... Ўзи қазо муддатим келиб қолгангаям ўхшайди. Ҳозир сен билан гаплашиб ўтирибман. Бир соатдан кейин оғзимдан гапим чиқадими-йўқми, худо билади. Хуллас, гап бундай... Мен ўлиб қолсам, ўзинг олиб бориб кўмасан... Маъракаларимни ўтказасан. Вақти-вақти билан, эсингга тушиб қолган пайтларимда, номимга Қуръон тиловат қилиб турасан. Эвазига менинг ҳамма бойликларимни оласан. Келишдикми?

Менинг буткул бошим қотиб қолган. Чол қўяётган шарт, гарчи осонгина кўрингани билан, унинг уддасидан чиқиш анча мушкул эди. Бунинг устига, унинг бойликларига эга чиқишга ғурурим йўл қўймасди.

— Ота, нега бу нарсаларни менга айтаяпсиз? Бошқага, айтайлик, анави хўжайинингизга шунақа-шунақа десангиз, бажонидил қиларди. Бунинг устига, сизга бегонамас, қанчадан бери уни танийсиз, — дедим.

— Уни қўй. Қандай одамлигини яхши биламан. Мен катта гуноҳларни шу билан бирга қилганман... Сен кўзимга иймонини йўқотмаган боладай кўриндинг. Янаям худонинг ўзи сенга инсоф берсин. Лекин қасам ичиб қўйгансан! Агар қасамингда турмасанг, уйинг куйиб кетади!..

Менинг эртароқ бу чолнинг олдидан кетгим келди. Негадир ортиқ у билан бирга ўтиролмай қолдим. Шу боисдан ҳам:

— Бўлмаса, мен борайин, энди, — дедим.

— Тахта ортилган иккита вагон бор. Кран туширади. Сен симини илдириб турасан. Юкнинг эгаси бақувват одам. Эллик сўм беради. Ўзим бориб кранчига айтиб қўяман. Сен боравер, ҳозир ортингдан етиб бораман, — деди чол хўрсиниш билан.

Қоровулхонадан чиққанимда оёқларим оғирлашиб қолгандай эди. Минг хил ўй гирдобида судралиб, вагон турган томонга кета бошладим.

Иш ниҳоятда осон эди. Ўзиям уч соатга етар-етмас вагонларни бўшатиб қўйдик. Бўрибой чол айтганидай, Россиядан тахта олиб келган одам менга бешта ўн сўмлик тутқазди. Қилган ишим учун бу жуда кўп эди. Бир хаёл, ярмини қайтариб берсамми, деб ҳам ўйладим. Лекин чол айтган кранчи хаёлимдагини уқиб олди, шекилли, шаштимдан қайтарди.

— Пулларингни нега иккига бўлиб олдинг? — деди у юк эгаси нарироққа кетганидан кейин. — Анави қарисаям тўймайдиган чол берасан деганмиди?

— У айтгани йўқ. Фақат бу пул анча кўп-да, эгасига қайтариб берсамми?

— Жиннимисан, бунақада бизни ер билан битта қиласан-ку. У сенинг “здачи”нгга қараб қолгани йўқ. Агар ортиқчалик қилаётган бўлса, бер менга.

Мен жойимда музлагандек қотдим. Бунгача атрофимдагиларнинг ҳаммаси кетиб бўлган эди.

Шу билан уйга қайтаверсам бўлаверарди. Чунки ўзим мўлгина пулни ишлаб топиб бўлгандим. Лекин кетгим келмади. Яна биронта иш қилсам, деб ўйладим. Шундай хаёлда турганимда уч-тўртта одамнинг овози қулоғимга чалинди. Овоз келаётган томонга бурилиб қарасам, юз метрча нарида вагон турибди. Назаримда, юк эгаси билан тушираётганлар нимагадир келишолмаётгандек эди. Бордим, айтганим тўғри экан. “Ака, — дерди йигитлардан бири юк эгасига, — темир содасининг нималигини жа яхши биламиз. Қўлнинг расвосини чиқариб ташлайди. Тўрталамизгаям юз сўмдан берсангиз туширамиз. Бўмаса, уйга бориб дам олганимиз минг маротаба яхши!” “Ҳов барака топгур, бу матоҳнинг ўзи ҳеч бало пул турмайди. Уловидан тушови қиммат бўп кетган... Агар арзиганда, майлийди. Сен айтган пул ёнимда йўқ-да. Бунинг устига, менинг шахсий молим бўлсайкан. Шундаям элликдан бераман, деяпман-ку!..” — деди пешонасида реза-реза тер пайдо бўлган мулк эгаси.

Улар вақт тортишишди. Ниҳоят, иккала томон айтган нархнинг ўртасига келишишди. Мен: “Бўлди энди, ўзлари тушираверишаркан”, деган ўйда энди ортимга қайтаётганимда, юк туширадиган йигитларнинг каттаси кўриб қолиб, аввал кимлигимни суриштирди. Уларга ўхшаган одам эканлигимни билганидан кейин, айтдики: “Пул ҳаммага тенг тақсимланади, сенам қўшил!” Бир ўзим бошқа нима иш қилардим? Дарров рози бўлдим.

Илгари темир содаси деган нарсани умримда кўрмагандим. Махсус қоғоз қутиларда бўлса керак, деб ўйлагандим. Адашган эканман. Қопларда бўларкан. Ҳақиқатан ҳам қўлнинг эгови экан. Ҳали вагонни яримлатмасимиздан бурун билакларимиз қийилиб, қон чиқиб кетди. Иккита йигит чидолмасдан кетиб қолди. Уч кишилашиб ишни охирига етказгунимизгача қуёш чиқиб кетди. Очиғи, ҳаммамиз итдай чарчадик, шу боисдан ҳам уйга боришим билан ювиндим-у, синглим олиб келган бир коса овқатга ҳам қарамасдан тошдай қотиб ухлаб қолибман.

Уйғонганимда қуёш энди-энди уфққа ёнбошлаётган эди. Туриб яна эски кийимларимни кияётган маҳалим отам:

— Қаерга бораяпсан? — дея сўраб қолди.

— Вокзалга, — дедим мен бепарво.

— Нима қиласан шу тўрт-беш сўм деб жонингни жабборга бериб?.. Уйланишинг учун пул керак бўлса, битта-яримтадан қарз оламиз. Ҳаммаям тўй қилганда олади...

Менинг ҳам жуда боргим келаётгани йўқ эди. Лекин чолга ваъда бериб қўювдим, бугун унинг уйига боришимиз керак эди. Кейин бирорта осонроқ иш топилиб қолса, озгина ишлаб келаман, деган хаёлда эдим.

— Сен ухлаб ётганингда, — дея гапида давом этди отам, — анави ўқиган мактабингнинг директори келувди. Ишга олаймиш.

— Қанақа иш? — дедим мен ҳайрон бўлиб. — Ҳеч қаерда ўқимаган бўлсам. Қўлимда диплом йўқ.

— Қандайдир тўгарак дедими, ишқилиб, шунга ўхшаган бир нима очармиш... Сени уйда йўқ, девдим чарчаганинг учун дам олсин деб. Келиши билан олдимга борсин, деди. Тўғри уйига бораверармишсан. Ҳа, ойлигингни яхши қилаймиш.

— Ота, мен битта одамга келаман деб қўйгандим. Директорнинг олдига эртага борсам бўлмайдими?

— Энди у одам ҳам кичкинамас. Ҳар қалай, ўн беш йилдан бери битта мактабнинг каттаси. Бу ёғи, ўзингнинг малиминг. Уят бўлади-да, болам. Уйиям унчалик узоқмас, кириб ўтиб кет.

Мен “хўп” дегандек бошимни қимирлатдим-да, дарвоза томон юрдим.

Директор очиқ чеҳра билан кутиб олиб, уйига бошлаган эди, мен унамадим. Ишларим кўплигини баҳона қилдим.

— Шу десанг, — дея гап бошлади директор, — жиянинг ҳозир тўққизга кўчган. Кеча ўғил... Сенинг таърифингни эшитгандан ёпишиб олди. “Мактабга келиб, бизгаям каратэни ўргатсин”, деб. У дедим-бу дедим, бўмади. Кейин ўйлаб қарасам, сендай йигит мактабга керак экан. Битта менинг боламмас, бошқаларам мактабдан кейин бекорчи бўлиб юрганидан кўра, шуғулланса ўзига фойда бўлар экан. Шунинг учун мактабда каратэ тўгарагини очсак, девдим, шунга нима дейсан?

— Очилса яхши-ю, лекин мен шу пайтгача бировга ўргатмаганман. Қўлимдан келармикин? — дедим иккиланиб.

— Сенинг ўзинг қандай ўрганган бўлсанг, худди шундай бошлайсан. Улар сенинг даражангда бўлиши шартмас. Бекор юрмаса, ўзи учун фойда олса, шунинг ўзи етади.

— Майли, мен бир ўйлаб кўрайин.

— Унда бугун ўйла. Эртага тушгача олдимга кел.

Мен у билан хайрлашдим-у, кўчага чиқдим, дарров хаёлимни болалар эгаллаб олди. Ўзимча уларга сабоқни нимадан бошлашни, нималар дейишни мўлжал қила бошладим. Шу хаёллар исканжасида вокзалга етиб борганимни ҳам билмай қолибман.

Бўрибой чол кўзимга кечагидан ҳам ғамгинроқ кўринди. Унинг аҳволи мени кўрганидан кейин ҳам ўзгармади. “Ниятидан қайтиб қолдими? Қанийди, шундай бўлса”, дея хаёлимдан ўтказдим.

— Мен сени жуфтакни ростлаб қолди, қайтиб бу ёқларга қадамини босмайди, деб ўйлагандим, — деди мен унга салом берганимдан кейин қоровулхонанинг остонасидаги столни қўли билан кўрсатиб, ўтиришга таклиф қилар экан.

— Айтдим-ку, ваъда берганимдан кейин устидан чиқаман деб, — дедим мен кулиб.

Шу гапим ҳам чолга оғир ботди. У пешонасини қашилаб:

— Ишқилиб, художон, адашмаган бўлайин, — деди. Ва ўтирган кўрпачасининг тагига қўлини тиқди-да, бир даста пул олиб менинг олдимга қўйди.

— Бу — мен айтган пул!.. Кундузи келганингда ҳовлиниям документларини олиб нотариусга бориб келар эдик.

Мен ниҳоятда хижолатда эдим. Нима қилишга ҳам ҳайрон ҳолда:

— Ҳали кўп умр кўринг-ку-я, лекин бирон нима бўлган тақдирдаям сиз айтган нарсаларни қилардим, — дедим бир оз қизариб.

— Унда ишончли бўмайди. Бунинг устига, шунча пулни гўримга олиб бориб чиритаманми?! Қўй, майнавозчилик қилма. Пулни ол-да, уйингга жўна, яна менга: “Эртага оқшоми билан ишлагандим. Чарчаб қолувдим, шунинг учун келолмадим”, дема, — деди чол жиғибийрони чиқиб. Сўнг фотиҳага қўлини очди...

Пул ўралган рўмол қўлимда, уйга кетиб борар эканман, отамга нима дейишим ҳақида бош қотираман. “Қоровул мени кўмиб, маъракаларимни ўтказиб берасан, деб шунча ақча берди, десам ишонармикин”, дея ўйлайман. Сўнг отамнинг ўрнига ўзимни қўйиб: “Мабодо ўғлим шунақа деганда ишонган бўлармидим?” — деб мулоҳаза юритиб кўраман. Лекин мулоҳазам ўзимга ёқмайди. Эҳтимол, бу ҳали ота бўлиб, оталик масъулияти қанақа бўлишини татиб кўрмаганимдандир. Ишқилиб, миямда пайдо бўлган учи-қуйруғи йўқ саволларнинг биронтасига ҳам жавоб тополмасдан уйга кириб бордим.

— Акамнинг сафари бугун эртароқ қарибдими? — дея ҳазиллашди Саида.

— Учрашадиган одаминг кетиб қолибдими? — дея сўради отам.

Иккисига ҳам жавоб қилмай дастурхон гирдига ўтирдим-да, рўмолга ўралган пулни ёнимга қўйдим.

— Янгам бирон совға қилдими дейман? — деди синглим кулиб.

— Нима бу? — дея сўради отам.

— Пул... — дедим мен ўзимни хотиржам тутиб.

— Ним-ма?! — деди бирдан кўзи олайиб кетган отам. — Пул?!

— Ҳа, — дедим мен бош силкиб.

Отам рўмолчани шартта олди-да, тезлик билан ичини очиб, ҳайратдан қотиб қолди. Мен синглимга қарадим. У ҳам, кўзи рўмолчанинг ичидан чиққан бойликда, безрайганча ўтирарди.

— Ўғирлик қилдингми?! — деди отам бир оздан кейин озгина ўзига келиб ранги оқарганча.

— Йўқ, битта одам берди.

Шундай дейишим билан, “Нимага беради? Қанақа одам ўзи у? Нима қилмоқчисан бу пулларни?..” каби саволлар ёғилиб кетди отам томонидан. Мен шошилмасдан аввал бир пиёла чой ичдим. Менинг бунақа беғамлигимдан отамнинг баттар жиғибийрони чиқиб кетди. Шундан кейингина ҳамма воқеани бирма-бир айтиб бердим.

— Ўғлим, — деди отам мен гапларимни ниҳоялаганимдан кейин, — барибирам бу пуллар тозамасакан. Обориб эгасига бер. Нима қилса, шуни қилсин. Биз тинч ўтирайлик. Ўзи шу ёғиям етиб ортади...

— Қасам ичганман дедим-ку, ота. Агар мен қоровулнинг пулларини олмасам, у менга ишонмайди. Кейин мен субутсиз бўлиб қоламан, — дедим мен эътироз билдириб.

— Эртага ўзим бораман. Сенам қасамингни қайтариб оласан. Болам, пул топсанг, ўз меҳнатинг билан топ. Ҳаром-харишга аралашма, — деб отам қандай тезликда рўмолчани очган бўлса, яна шундай ўраб ёнимга қўйди.

Шундан кейин на отам, на синглим ва на мен гапирдик. Ҳамма ўз ўйи билан банд эди. Қошиқнинг косага теккани, чой ичилганигина сукунатни бузиб турарди.

Эртасига отам иккаламиз Бўрибой чолнинг олдига бордик. Лекин унинг пулини қайтиб бериш насиб этмаган экан. Чол кечаси жон таслим қилибди. Яна бизгача унинг ёнига бирорта ҳам одам келмаган, тўғридан-тўғри калласи бир томонга қийшайиб, оғзи ғалати тарзда очилиб қолган ўликнинг устига борибмиз. Шошиб қолдик. Отам бирдан шу ерда ётган кир латта билан унинг энгагини бошига танғиб боғлади. Устини кўрпача билан ёпди. Мен вокзал идорасига югурдим. У ерда бошлиқ йўқ экан-у, лекин уч-тўртта ходим юрган экан. Улар хабарни эшитишлари билан қоровулхонага югуришди.

Бирпасда қоровулхонада шовқин-сурон кўтарилди. Кимдир милисага, дўхтирга телефон қилиш учун чопди.

Кўп ўтмай «Тез ёрдам» машинаси ҳам, милисалар ҳам етиб келишди. Дўхтирлар мурдани текширишни, милисалар шу ерга йиғилганларни сўроққа тутишни бошлаб юборишди. Яхшики, сал олдинроқ отамнинг қулоғига: “Пул тўғрисида ҳеч кимга ҳеч нарса деманг”, дея шивирлаб қўйганим. Бўлмаса отам нима мақсадда келганлигини айтган бўлармиди? Яна бир яхши томони, уйдан чиқаётганимизда отам пулни ўша рўмолга яхшилаб ўраб, латта сумкага солган, унинг устидан қуруқ чой ва нон қўйганди. Менимча, буларнинг ҳаммасини қоровулга беришни ният қилган бўлса керак.

Милисалардан бири менинг исмимни эшитганидан кейин илжайди.

— Ўша қўлга тушмас Собир сен бўласанми? — деди ва ўзи билан бирга келган иккита шеригига маъноли қараш қилиб қўйди.

— Билмайман, қайси Собирни назарда тутаяпсиз-у, лекин мен... — у ёғини айтолмай қолдим.

Нима деб айтаман? Қўлга тушадиган дейинми? Ёки бошқа нарса деб айтганим маъқулми — иккиландим.

— КГБчини тинчитган-чи? Худди ўзисан. Бу шундоққина туришингдан кўриниб турибди... Лекин сенинг бу ердалигингнинг битта қизиқ томони бор. Қоровул билан нима алоқада бўлганлигинг, дабдурустдан унинг ўлиб қолиши... Бунинг устига, мурдани биринчи сен кўргансан. Дунёда ҳамма нарса тасодифан бўлиб қолавермайди-ку, тўғрими? Менинг ўрнимда сен бўлганингдаям шунақа хаёлга борардинг!..

— Хаёлингиз шаклланган хаёл экан. Қойилман. Ҳақиқий милиционерларга хос иш қиларкансиз, тўғрироғи, хаёл сураркансиз. Бундай қилишга менинг қурбим етмаган бўларди, — дедим мен иложи борича самимий жилмайишга ҳаракат қилиб.

Давоми бор...

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм