euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Ўн биринчи қисм)

122 full reads
191 story viewUnique page visitors
122 read the story to the endThat's 64% of the total page views
17,5 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Ўн биринчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Ўн биринчи қисм)

Машинага келиб ўтиришим билан Наташа:

— Нима бўлди? — деди кўзлари каттариб ва пешонамга кафтини босмоқчи бўлди.

— Тегинма! — дея қўлини силтаб ташладим.

— Қон оқаяпти.

Чўнтагимдан дастрўмолимни олиб пешонамга босдим. Рўмолча бирпасда қип-қизил бўлди. Боғламаса тўхтайдиганга ўхшамайди. Сал нарироққа бориб боғлайман, деган ўйда машинани юрғаздим. Ҳали юз метрча ҳам юрмасимдан, Александр Петровичнинг учта қоп-қора “Мерседес” машинаси катта тезликда келиб, ёнгинамизга тўхтади. Машиналардан қуролланган йигитлар билан бирга Александр Петровичнинг ўзи ҳам сакраб тушиб келди.

— Тинчликми, нима бўлди?! — дея сўради у эшикни очишим билан.

— Буни сиздан сўраш керак! — дедим мен жаҳл билан.

— Ҳаммаси жойига тушади, юр, нариги машинага, — деди ва мени “Мерс”ларидан бири томон бошлади.

— Мен сизга мутлақо тушунолмадим, — дедим машина йўлга тушганидан кейин Александр Петровичга, — Машани Волганинг бўйида сақлашаётган бўлишса, вақт кам бўлса, мен Москвада нима қиламан? Ундан кейин қаердаги фоҳишани юборибсиз. Сизга қизингиз керакми? Ёки синамоққа чақирдингизми мени?!

Александр Петрович қўлини елкамга қўйди-да, чуқур нафас олди. Ва секин гап бошлади.

— Йигитлар сенинг сафардан қайтишинг билан бу ёққа йўлга чиққанингни айтишганди. Озгина дам олсин, ҳали икки кун вақт бор, деб ўйловдим, — деди.

— Волгага етиб олишимга икки кун вақт кетади-ку.

— У ёғидан хавотир олма. Уч соатда етказиб қўямиз вертолётда.

— Вертолёти бор одам беш миллион тополмай қолдими? — дедим мен кесатиб.

— Ўзимникимас-да. Майли, ҳаммасини кейин гапириб бераман. Ҳозироқ йўлга тушмоқчимисан?

— Ҳа.

Александр Петрович кичкинагина қўл телефони олиб рақам терди. Мен ҳали бунақанги телефонни кўрмагандим. Ажабландим. Лекин унга сездирмадим.

— Семён Аркадевич, — деди Александр Петрович юзига табассум югуриб, — соғлиқларингизни яна бир марта сўрашга ижозат берсангиз.

Гаплашадиган одами қандай жавоб қилганини эшитмадим. Александр Петрович эса қаҳ-қаҳ отиб кулди. Шундан билдимки, гаплашаётган одами латифага ўхшаш бир нарса деган. Кулгидан зўрға ўзини тўхтатиб олган Александр Петрович Семён Аркадевич деганларининг яна бир-иккита гапларини эшитганидан кейин мақсадга кўчиб, транспортни икки соат ичида тайёрлаб беришни илтимос қилди. У томондан розилик билдирилди, шекилли, менга қараб жилмайиб қўйди.

Александр Петрович бошқа уйга кўчиб ўтибди. Буниси аввалгисига нисбатан анча виқорли, ҳашаматли, безаклари бошқача, ранги кўзни оладиган, яна чўмилиш ҳавзаларигача бор. Машиналару иморатни кўрганимдан кейин Александр Петровичнинг пулим йўқ, деб нолиганига кўпам ишонгим келмай қолди. Лекин нима бўлган тақдирдаям Машани қутқаришим керак эди. Отасининг бойваччалиги, ўзининг мен билан яқинлик қилгани учун эмас, балки кўнглимдаги бурч сабаб. Нимага шундайлигига ўзимнинг ҳам ақлим етмасди.

Турли-туман ноз неъматлару егулик-ичимликлар билан тўлган стол атрофида ўтирарканмиз:

— Икки дақиқага ҳамма нарсани унутайлик, — деб қолди Александр Петрович.

— Шундай-ку-я, лекин муаммо бартараф бўлмагунча одамнинг бошида айланаверади-да, — дедим мен бир оз юмшаганимни билдириш мақсадида жилмайиб.

— Тўғри, — деди ҳамсуҳбатим ва ароқлардан бирини очиб иккита қадаҳга тўлатиб қуйди-да, биттасини менга узатиб, ўзиникини индамасдан ичиб юборди. Унинг орқасидан мен ҳам худди шундай қилдим.

— Уйланиб, тўйга айтмабсанам, — деди Александр Петрович газакни иштаҳа билан чайнаб.

— Тўсатдан бўп қолди. Хабар беришга улгурмадим ҳам, — дея жавоб қилдим бошқа сабаб тополмай.

— Бахтлимисан?

— Уйда кам бўлаяпман.

— Бундан ташвишга тушма, эркакларнинг ҳаммаси шундай... Ҳа, сир бўлмаса, қаерда сафарда бўлдинг?

— Буни айтишга ҳожат бўлмаса керак, лекин, майли, айта қолай. Қандайдир гуруҳлар пайдо бўлибди. Динни ниқоб қилиб, ҳукуматни ўзгартиришмоқчи экан. Шуларнинг орасига иккита шогирдим адашиб кириб қолибди. Ўшаларни қайтариб олиб келдим. Қон тўкилди. Бошқа илож ҳам йўқ эди...

— Тушунарли, — деди Александр Петрович бошини сарак-сарак қилиб. — Сен уларни ким бошқараётганлигини биласанми?

— Хабарим йўқ.

— Бин Лоден исмли миллионер одам. Асли Саудия Арабистонидан. Бир пайтлар СССРга қарши курашган. Афғонистонда. Уни Америка тайёрлаган. Энди эса бошқаролмай қолди. Ўзларига душман бўлди. Қолгани сен билан менинг ишим эмас, сиёсат. Мен ёқтирмайдиган, ёнига ҳам йўламайдиган сиёсат. Мана шунақанги гап... Бу ердан қайтганингдан кейин нима қилмоқчисан?

— Аввал қайтайин. Қолгани бир гап бўлар.

Шу пайт Александр Петровичнинг стол устига қўйиб қўйган телефони жиринглади. У шошилмасдан телефон тугмасини босиб, қулоғига тутди. Унинг гапларидан Семён Аркадевич қўнғироқ қилаётганлигини билиб олдим.

— Вертолёт ҳозир тайёр экан. Кейин кеч бўларкан, шошилмасак бўлмайди, — деди Александр Петрович телефонни ўчириб.

Шаҳардан ташқарига чиққач ҳам ярим соатлар чамаси юрганимиздан сўнг, ўрмон четидаги кенг ялангликда турган ҳарбий вертолёт кўринди. Бутун бошли ялангликда унинг сўппайиб туриши ғалати туйиларкан. Иккинчи томондан шамол тегирмонини ҳам эслатиб юборади. Балки бошқаларга бошқача туйилиши мумкин, лекин менга шундай кўринди.

— Уч соатда манзилга етасан, мана булар сенга асқотади, — дея Александр Петрович каттагина сумка берди.

Ичини очиб кўрсам, яна тўппонча, автомат...

— Мен учиб кетганимдан кейин ортимдан бирорта қизни ҳам юборарсиз, — дедим кулиб.

— Нималар деяпсан? — деди ҳайрон бўлиб у.

— Олдинги сафар шундай қилдингиз-ку.

У юзини ойна томонга ўгирди. Демакки, гапим ёқмади. Хафа бўлди. Эҳтимол, “битта гапни ҳадеб чайнайверасанми?” дея ичида мени яниб қўйгандир.

— Ҳазиллашдим. Шунақанги қалтис ишга кетаётганида одамнинг ҳазиллашгиси келиб қоларкан, хафа қилиб қўйган бўлсам узр, — деб энди мен унинг елкасига қўлимни қўйдим.

Шу билан орадаги хафалик зумда йўқолди.

Биз вертолётга яқинлашишимиз билан унинг тепасидаги парраги айланишга тушди. Худди биз ҳали етиб бормасимиздан учишга чоғланаётгандай эди. Умримда бирор марта бўлсин бундай ҳаво транспортида учмагандим. Шу боисдан унга чиқиш бир оз қизиқ туйилди.

Мен навбатдаги жанггоҳим томон вертолётда шитоб билан учиб борар эканман, юрагим ғалати ўйнади. Ҳеч бунақанги бўлмаган эди. Худди охирги сафарга кетаётгандай сеза бошладим ўзимни. Хаёлимдан ўғлимнинг ширин кулгилари, Барнонинг мафтункор жилмайиши, отамнинг ўйчан жиддий қиёфаси бирма-бир ўтди. Ичикдим. Вертолётдан сакраб тушиб қолгим келди. Аммо энди бунинг иложи йўқ эди...

Маҳзун аҳволда ярим соатдан зиёдроқ ўтирдим. Ҳаво машинасининг вариллаган овози ҳатто қулоғимга эшитилмаcди. Ўйларим кирмаган кўча қолмади, ҳисоб. Бир маҳал учувчилардан бири мени туртиб, банкали пиво узатди ва бош бармоғини юқорига кўтариб, “зўр” ишорасини қилди. Мен жилмайиб бошимни қимирлатиб, унинг ишорасини тасдиқлаб қўйдим. Ғарбий Германияда Анна билан бирга кўп бора бунақа матоҳнинг мазасини татиб кўргандим. Ўзимиздаги, сотувчилар ибораси билан айтганда, “тозаси”дан мазаси деярли фарқ қилмасди.

Шу бир дона пиво сабаб учувчилар билан гапимиз чиқишиб кетди. Улар менга учиб ўтаётган жойимиз ҳақида тинмай гапириб кетишди. Маълумотларнинг кўплигидан, бу ерларга анча-мунча сафар уюштирилганлигини билдим.

Табиий ўрмон билан одам қўли яратган ўрмоннинг фарқига бориш учун Россия-ю Европага сафарга чиқиш керак экан. Мен вертолёт ерга жуда яқин қолганида сакраб тушдим-у, дастлабки дарахтларга дуч келганимда хаёлимдан шу нарса ўтди. Палапартиш ўсиб ётган оқ қайин ва игна баргли дарахтларни оралаб ўтиш осон эмасди. Шундай пайт: “Қатор-қатор қилиб экишнинг иложи йўқмикин?”, дея ўйлайсан. Аммо шунча кенг майдонга ўйлаганингдай қилиб экишнинг ўзи бўлмаслигини англаб, афсусланиб ҳам қўясан. Тарвақайлаб ўсиб ётган дарахтлар орасидан ўтаётиб ёнимдаги ўткир пичоқни ишлатишга тўғри келди. Чунки баъзи шох-шаббалар шунчалик йўлимни тўсиб қўйган эдики, уларни кесиб ташлашга мажбур эдим. Ва бу иш, табиийки, вақтимни олиб мени баттар жиғибийрон қиларди. Шу аҳволда бир оз юрганимдан кейин сийрак дарахтзорга дуч келдим ва пешонамдаги терни артиб чуқур нафас олдим. Менга берилган маълумотга қараганда, манзилгача камида йигирма чақирим бор эди. Масофа анчагина, ҳали бемалол унча-мунча нарсага эътибор қилмасдан кетаверсам бўларди. Аммо бу кейинчалик зийракликни бутунлай йўқотиб қўйиш билан баробар эди. Шу боисдан босадиган ҳар бир қадамимдан олдин бор дарахт, оёқ остидаги майда-чуйда хас-чўплар, ўт-ўланларнинг ҳаммасига диққатимни қаратиб бордим. Ўша лаҳзада мени битта дон чўқиб, етмиш марта аланглайдиган чумчуққа менгзаш мумкин эди. Бу ҳолат менинг вақтимни янаям кўпроқ олар, юришимни қийинлаштираверарди. Аста-секинлик билан қоронғи тушаётганлиги кейинчалик дарахт шохларига қараб юришимга мажбур этарди. Шундай бир оғир аҳволда ўн чақиримлар чамаси юрганимдан сўнг кўзим дарахт шохида милтираб турган шуълага тушиб қолди. Дарров ўзимни ерга ташладим-да, синчиклаб назар солдим. Адашишим мумкинмасди, кўриб турганим кичкинагина видеокамера эди. Тайёргарликдан ўтаётган маҳалим бунақанги митти камералар тўғрисида кўп маълумот олгандик. Эҳтимол, ўша лаҳзада бу матоҳ мени “сезиб” улгургандир. Лекин айни пайтда манзилнинг яқинлигини ҳам билдириб қўйди. Камерани айланиб ўтиш учун аввал орқага, кейин ёнга юрдим. Ўйлаганимдек, бошқа томонда гоҳида бало-қазодан бошқасига ярамайдиган кино олиш асбобининг митти вакили ўрнатилмаган экан. Бунинг менимча, иложи ҳам бўлмаса керак. Ахир, бунинг учун озмунча Александр Петровичга ўхшаганнинг қизи керак бўладими? Фалокатни қарангки, мен айнан шу падарингга лаънат турган жойдан келиб қолибман. Назаримда, бу матоҳни ўрнатган одам ҳамма томонни ҳисобга олган, демакки, анчагина ақлли киши бўлса керак. У айнан шу ер юриш учун бошқа жойларга нисбатан қулай эканлигидан хабардор бўлган. Дарҳақиқат, айланиб ўтишда анча қийналдим. Қоронғиликда дарахт шохи юзимни тилиб кетди. Ичимда сўкиниб қўйдим. Албатта, кимни сўкаётганлигимни ўзим ҳам билмасдим.

Шу тарзда яна бир оз юрганимдан кейин эшик тирқишидан хира нур таралиб турган кулбага дуч келдим. Бир қарашда, у янги йил арчасига ўхшаб кетар эди. Фақат яқинига борганингиздан кейингина дарахт эмаслигини билиб олардингиз. “Бу ергаям камера ўрнатилган бўлса керак”, деган ўйда эмаклаб кулбага яқинлаша бошладим. Ер анча совибди. Бир оз эмаклаганимдан сўнг кўкрагимдан зах ўтаётганлигини сездим. Бироқ турмадим. Хатардан кўра, мана шу аҳволда эмаклаш маъқул эди. Кулба ёнига етиб олганимдан кейин орқамни ёғоч деворга тираб ўрнимдан турдим ва секин кичкинагина туйнук — деразадан ичкарига мўраладим. Айтсам лоф деб ўйлайсиз-у, лекин гапларим рост, бу ерда ҳам иккита барзангидай йигит ярим-яланғоч иккита қиз билан ишрат қилмоқда эди. Бир кулгим келади, бир ҳайратим ошади. Қаерга, қандай ишга бормайин, шунақа қизлар албатта йўлимдан чиқаётгани мени ҳайрон қолдиради. Нафасимни ростлаб олиш учун озгина шу ерда турдим.

— Сенга машина керакми, Олечка? — деди йигитлардан бири, — эртагаёқ оёғинг тагига қўяман.

— Қанақасидан? — нозланди қиз эҳтирос билан.

— Ҳозирча, БМВ, қоп-қорасидан!

— Вой, Витя, шунақанги яхши кўраманки сени, тасаввур ҳам қилолмайсан! БМВ — менинг жоним!

Қиз ўлгурнинг шу гапларидан кейин чўлпиллаган овоз эшитилди. “Яшавор хўроз! — дея хаёлимдан ўтказдим. — Қулоққа тепишнинг бундан баттари бўлмаса керак. Сал эпини қилиб алдасанг ҳам бўлаверарди. БМВмиш! Яхшики, самолёт демадинг”.

Навбатдаги марта туйнукдан мўраласам, икки жуфтлик ўпишишдан ўтиб кетишибди. “Оббо, — дея ўйладим, — энди камида яна ярим соат кутадиган бўлдим. Боя келганимданоқ ишни бошлаб юбораверсам бўларкан”.

Аввалига майин эсиб турган шамол кутилмаганда бирдан кучайди. “Ишқилиб бирор нима ёғиб юбормасайди”, деган ўй хаёлимдан ўтишга улгурмасидан юзимга ёмғир томчилари келиб урилди. Худди шу маҳал чақмоқ чақиб, атроф ёришиб кетди. Дарахтлар ваҳимадан-ваҳимали тебрана бошлади. Иккинчи томондан ёмғир шатир-шутур қилиб қуйиб қолди. Агар шу ерда яна озгина турсам ивиб кетишим турган гап эди. Шу боисдан эшик томонга юрдим.

— Толя, қара, ёмғир ёғаяпти. Мен ёмғирни шунақанги яхши кўраманки, юр, чиқамиз ташқарига! — дея қичқирди ичкаридаги қизларнинг бири.

Мен жойимда қотиб қолдим. Бор диққат-эътиборимни кулба ичига қаратдим.

— Ҳозир, эй, тўхта, экрандаги ким бўлди? Ван, сен бу ёққа қарагин! — деган овоз мени бирдан сергаклантирди.

— Орқага қайтар, бошқатдан қарайлик, — деди иккинчи йигит.

Мен энди ортиқ бу ерда ғўддайиб туролмасдим. Югуриб бориб эшикни бир тепиб очдим-да, ичкарига яшиндай кириб бордим. Менинг тўсатдан пайдо бўлганим кулба ичидагиларни асло довдиратмади. Иккала йигит ҳам стол устидаги автоматларига ташланишди. Аммо улар кечикишганди. Столни ағдариб юбордим.

— Кимсан? — дея бақирди улардан бири, боя қизчаси билан гаплашганида овозидан таниб қолгандим, Витя бўлса керак, дея тахмин қилдим.

— Жудаям билгинг келаяптими? — деб саволига савол билан жавоб қилдим. Йигитлар бир-бирига қарашди. Шу онда туйнук ёнида бир-бирига қапишиб турган яланғоч қизларга зимдан қарадим. Улардан бирининг кўзи ўйнарди. Демакки, бало келса ўшандан келади, деган тахминга бордим. Ва бу сафар ҳам адашмадим. Қиз гўё ҳолсизлангандек дугонасига сирпаниб ўтирди-да, полдан столни мен ағдариб юборганимда тушган пичоқни олди.

— Хоним, қўлингиздагини ташланг, йўқса ўзингизга ёмон бўлади, — дедим унга қарамай.

Аммо у гапимга қулоқ солмади. Пичоқни менга улоқтирди. Вақтида энкайиб қолган эканман, бўлмаса нақ биқинимга санчиларди. Пичоқнинг эшикка қадалгани мени чалғитиб қўйди, дея ўйлади шекилли, йигитлардан бири ўзини мен томонга отди. Ортиқча ҳаракат қилгим келмади, шу боисдан ҳам қўлимдаги тўппонча билан унинг оёғини яралаб қўяқолдим.

— Вой, итдан тарқаган! — дея бўкириб юборди у.

Шу ёшимга қадар биров бир оғизгина ҳақоратласа, суяк-суягимгача зирқираб кетади. Ҳозир ҳам ўзимни босолмай қолдим. Оғзи бузуқ йигитнинг башарасига, биқинига кетма-кет уч марта тепдим. Энди у сўкиниш у ёқда турсин, ҳатто инқиллолмай ҳам қолди.

Ёвузлигимни кўрган қизлар йиғлашга, иккинчи йигит эса тиззалаб ўтириб жонини омон қолдиришимни сўраб ялинишга тушди. Албатта, бу илтижоларнинг ҳаммаси сохта эди. Озгина имконият туғилиб қолса, уларнинг ҳаммаси мени йўқ қилишга тайёр туришарди.

— Устиларингга латта-путта ташлаб олинглар, — дедим қизларга.

— Қипяланғоч қоламизми, деб ўйлагандик, — деди улардан бири.

— Умуман, сенларга кийимнинг нима кераги бор? Барибир ҳеч кимдан уялмайсанлар-ку. Яланғоч юраверинглар.

Иккала қиз ҳам менга ўқрайиб қараб қўйиб, кийимларини олишди-да, секинлик билан кийина бошлашди. Кулба ичи хийла совуқ экан, калта иштондаги йигитларни бир оз шу аҳволида ушлаб турдим. Озгина таъзирини есин-да, энди.

— Энди менгаям кийинишга рухсат берарсан? — деди ияги қалтирай бошлаган йигит.

— Исминг нимайди, Толямиди? — сўрадим ундан.

— Ҳа, — жавоб қилди у.

— Кўринишингдан ақлли болага ўхшайсан, гап бундай, ҳозир иккаламиз манави думалаб ётган ўртоғинг билан дугоналарингни бир-бирига орқа қилиб боғлаймиз, ундан кейин ўрмонни сайр қилишга чиқиб келамиз. Нима дединг?

— Топган одамингни қара-ю, ундан кўра қизларнинг биронтасини ол. Маза қиласан. Хоҳласанг шу ердаям улардан фойдаланавер.

— Дугонангдан шунчалик тез айниб қоласан, деб ўйламагандим.

— Қаёқдан дугонам бўлсин! Шунчаки бугунга эрмак эди-да.

— Бир кунлик эрмакка мошина совға қилсаларинг, ёмон эмас экан. Унда мошинасиз қиз қолмаскан-да.

У кулди, сўнг:

— Мен эмас, Витя ваъда қилди. Мен, — дея қизларни кўрсатди у, — улардан олсам оламанки, лекин сариқ чақа ҳам бермайман!

— Ана кўрдингларми? — дея қизларга юзландим мен, — сенлар қаерлардан буларнинг роҳатини ўйлаб келсанглар-у, йигитлар сенларни сариқ чақага ҳам олишмаса. Ғирт пасткашлик қилишса.

— Буларнинг бир тийини ҳам керакмас. Сенинг ўзинг қайси гўрдан келиб қолдинг? Нима истайсан биздан? — деди боягина йиғлаб ётган қиз энди кибр билан.

— Ҳеч нарса. Умуман, менга биронтанг керакмассан. Шунинг учун отиб ўлдирсамми ёки бўғиб қўйганим яхшироқми, деб ўйлаб турибман.

Шу ерда кичкинагина хато қилибман. Ваняни ҳушдан кетган хаёл қилиб унга бутунлай эътибор қилмай қўйибман. Бундан у усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилиб кўрди. Ярадорнинг бирдан оёғимга тармашишидан қўлимдаги тўппонча учиб кетди. Худди шу маҳал Толя ҳам менга ташланди. Унга иккала қиз қўшилди. Айнан қизларнинг қўшилиши йигитларига халақит бериб қолди. Толя мени тепмоқчи бўлганида унга чап бериб қолдим. Аммо унинг тепкиси ҳавога кетмади. Ўнг томонимдан ташланган қизнинг қорнига теккан зарба уни қулатди. Витянинг биқинига мушт туширганимдан кейин у оёқларимни қўйиб юборди ва бир қадам орқага чекинган бўлдим-у, мен томон энгашиб турган Толянинг ҳиқилдоғига тепиб юбордим. У ярим метрлар чамаси ердан кўтарилиб, орқаси билан полга қулади. Иккала қиз ҳам бало экан. Боя биттасининг пичоқ отишидан уларнинг оддий кўча қизлари эмаслигини билиб олган эдим. Иккиси икки тарафимдан бараварига зарба бера бошлашди. Бир пайтлар Аннани қаттиқроқ уриб қўйганимда анча ноқулай аҳволга тушгандим. Аёл минг қилса ҳам барибир аёл-да. Эркакнинг ишини қиламан, деб баъзида ўзи қийналиб қолади. Қизлар бераётган зарбаларига мен томондан жавоб бўлмаётганлигини англаганларидан сўнг баттар илҳомланиб кетишди. Худди машғулот ўтказишаётгандай ҳаракат қилишга тушишди. Қарасам, бундан йигитлари яна фойдаланишмоқчи. Икки қиз бараварига сакрашганида қочиб қолган эдим, бир-бирини тепиб юборишди-да, полга гурсиллаб қулаб тушишди. Ва жойларидан қимирлолмай қолишди. Мен эса ўрнидан туришга улгурганини орқа миясига уриб, қайтатдан қулатдим.

Витяни қизлардан бири билан бирга шунақанги қаттиқ боғладимки, ёпишиб қолишди. Иккинчи қизга эса столни “жуфт” қилиб қўйдим. Ҳамма ишни битирганимдан сўнг қуролларнинг барини яроқсиз ҳолга келтирдим ва Витянинг кийимларини кийдим.

Толя иккаламиз ташқарига чиққанимизда ёмғир тинган экан. Лекин шамол янада кучайибди. Ваҳима ортибди. Бунақа пайтда ташқарида юраги иккиталаргина юриши мумкин.

— Қаерга борамиз? — деди Толя эшик ёнида.

— Қаерга бўларди, мени тўғри дарё бўйидаги бош “офис”ларингга бошлаб борасан!

— Йў-ў-ў-қ! — деди қўрқиб кетган Толя.

— Ўлгинг келяптими?

У менга сўзсиз термилди.

— Ўлгинг келмаётган бўлса, бошла, — деб елкасига ниқтадим.

Ноилож у оғир қадамлар ташлаб юра бошлади. Бундан бу ёғига йўл анча тузук экан. Алоҳида йўл қилинмаган эса-да, одам қатнайверганидан йўлакча ҳосил бўлибди. Бир соатга яқин юрганимиздан кейин Толя қўл чироғини гоҳ ўчириб, гоҳ ёқа бошлади. Бунинг нима эканлигини ёш бола ҳам яхши билади. Жаҳлим чиқиб курагига бир мушт туширдим-да, қўлидаги матоҳини олиб қўйдим ва ўзим йўлни ёрита бошладим. Ўн қадамча юрмасимизданоқ қуш деса қушга ўхшамайдиган, одам деса одамсифатмас бир шарпанинг чийилдоқ овози эшитилди. Худди шу пайт Толя тўхтаб, ортига бурилди-да:

— Чексам майлими? — дея сўради.

— Мен сенга сигарета топиб беролмайман, — дея жавоб қилдим унга.

— Сигаретсиз қанчалик оғир, — деди у ярим бақириб.

Албатта, бу қилиғи учун ҳам насибасини олди. Сонида турган оғриқдан Толя инграб юбориб:

— Айбим нима?! — дея баттар бўкирди.

Менинг жаҳлим чиқиб кетди. Унинг оғзини бир қўлим билан бекитиб, иккинчи қўлим билан биқинига кетма-кет бир неча марта туширдим. У индамай ерга ўтирди-қолди. Буларнинг бари бекорга бўлмаётганлигини билганим учун ҳам қоним қайнади. Ўзимни босолмайдиган даражада тутоқдим. Лекин ортиқча ҳаракат қилмадим. Профессионаллигим йўл қўймади. Толянинг ёқасидан этига қўшиб ушлаб кўтардим-да:

— Жонингдан умидинг бўлса юр! — дедим таҳдид билан.

Бироқ у менинг айтганимни қилмади. Чунки манзилга етиб қолганимизни ва пойлоқчилар аллақачон бизни кўриб бўлганлигини яхши билар эди. Бир қарашда у вазифасини адо этиб бўлган. Энди ҳар не кўйга солсам-да, натижали бирон нима бериши амримаҳол. Ўлдириб юборадиган бўлсам, қуруқ гуноҳдан ўзгасини олмайман. Шунинг учун орқа миясидаги махсус нуқтага юмшоқроқ уриб ҳушидан кетказиб қўйдим-да, шошилмасдан камарини ечиб олиб, оёқ-қўлини маҳкам қилиб боғлаб, ўзим йўлда давом этдим. Кўп юрмадим, улкан арча ёнидан ўтаётганимда:

— Тўхта! — деган овоз келди унинг остидан.

Мен тўхтаб арча томон ўгирилдим.

— Ерга ёт! — навбатдаги буйруқ янгради.

Мен айтилган ишни қилдим. Шу пайт мени тўрт-беш қадам наридаги прожектор ёритди. Унинг нури шунчалик ўткир эдики, қарасам, кўзимни олди. Индамай ерга қараб ётишдан бошқа чора тополмадим. Орқа томонимда уч-тўртта одамнинг оёқ товуши эшитилди. Секин уларга қарамоқчи бўлганимда:

— Қимирлама! — тағин буйруқ берилди. Яна кўксимни нам, муздай ерга беришга мажбур бўлдим.

— Буни ажал бу ёқларга бошлаб келган бўлса керак, — деди улар менинг тепамга келганларидан кейин биттаси.

Худди шу маҳал иккинчиси биқинимга шунақанги тепдики, оғриқнинг зўридан бўкириб юбордим. Ва яхшигина сўкиб қўйдим. Шундан сўнг иккитаси қўлимни орқамга қайириб ўрнимдан турғазишди. Мен турғазаётган пайтларида икковини ҳам бир ёқли қилишим мумкин эди. Аммо бундай қилмадим. Чунки қолган шерикларининг қаерда турганликларини билмасдим.

— Бунчалик баҳайбат эмаскан-ку, — деди дўрилдоқ овозда, менинг рўпарамда сигарета чекиб турган йигит, — қандай қилиб постдан ўтиб келдийкин, Толя билан Витяга кучи етадиган одам орамизда йўқ. Ёки бу шунчалик зўрмикин?

— Ҳийла ишлатган. Йўқса иккаласи буни еб ташлаган бўларди, — деди унинг ёнида менга автомат ўқталиб, иржаяётгани. Прожекторнинг нури юзига тушиб, унинг кўзлари ёнарди гўё. Мен қаршимдагиларнинг ҳаммасини иккитаси гапираётган пайтда ўрганиб чиқишга улгурдим. Биронтаси ҳам мени ҳужум қилади, деб ўйламаётганди. Бу мен учун айни муддао эди.

— Нима қиламиз? — дея шерикларига юзланди сигаретасини улоқтириб юборган йигит.

— Чексам майлими? — дедим мен унинг шериклари жавоб беришга угурмасларидан.

Ҳозирги ҳолатда бундай савол беришим бир оз кулгили чиқди. Шу боисдан мени қўлга туширган “овчи”лар тиржайишди. Папиросини улоқтирган йигит эса ёнидан бир қути сигарета чиқариб мен томон узатди. Ичидан бир донасини олдим. Ўша маҳали Толяни етаклаб яна битта “овчи” пайдо бўлди. Толя ҳалиям тўлиқ ўзига келмаганидан бошини қуйи солиб тебраниб келмоқда эди. Демакки, Толяни ҳисобга олмаганда олтита йигит билан олишишимга тўғри келади. Уларнинг ҳаммаси қуролланган, бу эса мўлжалга вақтида олмасам, умримга нуқта қўйилади, дегани.

— Вой-бўй, нима аҳволга солиб ташлабди буни?! Витяга нима бўлдийкин? — дея Толядан кўзини олиб менга қараган бояги йигит башарасини тириштирди, — агар бошидан битта сочи тўкилган бўлса туғилганингга пушаймон едираман!

— Аллақачон дўзахда сайр қилиб юрган бўлса-чи?

Оғзимдан шу гап чиқиши билан у башарамга мушт тушириб қолди. Унинг бу зарбасига чап бериб, ўзим ҳужумга ўтишим мумкин эди. Аммо боягина қилган ниятимдан қайтдим. Сабаби, агар буларни бир ёқли қилиб кетган тақдиримда Маша сақланаётган жойда яна бир муаммога дуч келишим мумкин эди. Чунки мана, ҳали у ерга етмасимдан қанча тўсиққа дуч келдим. Ким билади, “қамоқхона” қандай қўриқланаяпти...

Ўмбалоқ ошиб кетганимни кўрган “овчи”:

— Бунинг мутлақо жони йўғакан-у, одам роҳатланиб уришгаям ярамайди. Икки барзанги йигитни қандай қилиб овора қилдийкин? — деди.

Шундан кейин менинг бор қуролимни олиб қўйишди. Александр Петрович ҳар эҳтимолга қарши керак бўлиб қолар, дея берган қўл телефони ҳам шу ернинг “эга”ларига “совға” бўп кетди. “Ишқилиб қўнғироқ бўп қолмасин-да, — дея хаёлимдан ўтказдим, — нега бунақанги “шайтонлар макони”да санқиб юрганлигимни билволишади. Кейин ҳамма нарса чигаллашиб кетиши мумкин”.

Менинг «нимжон» эканлигимни англаб етганларидан кейин қуролланган ҳарбий кийимдаги йигитлар ўзларининг бош қароргоҳлари томон олиб кетишди.

Узоғи билан ярим чақиримча юрганимиздан сўнг ҳамма томони ёғоч девор билан ўралган, тўрт тарафга прожектор қаратилган бир жойга етиб келдик. Мен бу ерни уларнинг макони, дея тахмин қилдим. Адашмабман. Парол айтилганидан сўнг баҳайбат эшик очилди. Ичкарига киришим билан қоровулларга назар солдим. Улар роса уйқуси келганидан кўзларини базўр очиб туришарди. Вақт пишиб етилган эди. Мени қўлга туширган аҳмоқларнинг қўлимни боғламаганлиги ана энди ўзларига панд бериши аниқ эди.

Аввал-бошда орқамга автоматини тираб келаётгани энди қуролини шунчаки орқамда осилтириб келаётган эди. Руҳшунослик илмида менимча шундай: узоқ муддат бир нарсага диққат бўлиб туриш жудаям оғир. Ва айтиш мумкинки, бунга ҳамманинг ҳам бардоши етавермайди. Ҳатто шу диққатни узоқ жалб қилиб туриш учун тайёргарликнинг ўзиёқ анча-мунча вақтни ўғирлаб қўяди. Бунга албатта сабрнинг камида отни калласидайи зарур бўлади. Шундай эса-да, ҳар эҳтимолга қарши, ортимга ўгирилиб қўйдим. Ҳужумни эса ёнгинамда автоматини елкасига қўйиб, ҳафсаласизлик билан қадам ташлаб келаётганидан бошладим.

У ҳатто қуролини қандай олиб қўйганимни сезмади ҳам. Бирров юзимга меровсираб қараб турганидан сўнг бирдан кўзи олайиб кетди. Бу маҳал мен унинг башарасига автомат қўндоғи билан тушираётган эдим. Орқамдаги йигитни ҳам тепиб ағдаришга улгурдим. Аммо қолганлари билан иш анча муддатга чўзилди. Учинчи “овчи”нинг кўксидан дарча очганимдан кейин карахтликдан эндигина чиққан қоровулнинг башарасига мушт тушириб унинг ортига ўтдим. Худди шу дамда автомат тариллади ва бечора қоровулнинг баданини темир парчаларига тўлдириб ташлади. Менинг елкамни ҳам ўқ ялаб ўтди. Мажбуран икки марта ўмбалоқ ошиб ҳовли ўртасида тарвақайлаб ўсиб ётган арчанинг ортига яширинишга улгурдим. Ўқ овозининг янграши барча “бош штаб”дагиларнинг уйқусига сув қуйиб юборди. Ярим-яланғоч, калта иштондаги одамлар фақат ёғочнинг ўзидангина қурилган уй ичкарисидан қўлларида қурол билан югуриб чиқа бошладилар. Менинг автоматим тинимсиз ишга тушиб кетди. Яланғочлардан уч-тўрттаси ер тишлади. Айни пайтда ўзим ҳам ўқ ёмғири остида қолиб кетдим. Агар яна бир озгина шу ерда турадиган бўлсам ҳаммаёғим илма-тешик бўлиб кетиши ҳеч гап эмасди. Шу боисдан қисқа-қисқа ўқ узиб, “овчи”ларни чалғитиб, бир неча марта думалаб уй бурчагига ўтдим. Сал нарида эса дераза бор экан. Уни кўриб кўзим чақнаб кетди ва сакраб ўрнимдан турдим-да, автомат қўндоғи билан ойнани синдириб ичкарига кириб олдим. Бу ер нисбатан хавфсизроқ эди. Бир оз нафасимни ростлаб атрофни кўздан кечираётган маҳалим ўқ овозлари бирдан тинди. Жимжитлик албатта ниманидир бошлаб келиши аниқ эди. Бу ҳақда Батинков кўп марта бизга гапириб берганди: “Имкон қадар осудаликдан қочинглар, агар ўша нарсани ўзларинг пайдо қилсанглар, ўзларингга фойда келтириши мумкин, лекин бошқалар шундай йўл тутса, дарров бузиб ташланглар!” Устозимнинг ўгитлари хаёлимга келиши билан мен олишаётган одамларнинг тахминий сонини таваккал санаб чиқдим. Ҳисобим бўйича нобуд бўлганлардан ташқари кўпи билан ўн, ўн иккита бўлиш эҳтимоли бор эди.

Эшик ёнига ётдим-да, аста бир қўлим билан уни оча бошладим. Шу дамдаёқ одамни ўлдириш учун одам томонидан яратилган темир-терсак “сайрашга” тушиб кетди. Мабода тик туриб эшикни очганимда соғ қолмаслигим аниқ эди. Чунки учиб келган ўқлар эшик тутқичи атрофининг тит-питини чиқариб ташлади. Менинг қуролимнинг ишга тушиши эса мени мўлжал қилганни дарров жонсиз ҳолатга келтирди. Шундай бўлса-да, ўрнимдан турмадим. Мурданинг ёнига эмаклаб бориб унинг қўлидаги автомат ўқдонини ечиб олдим. Бу ер йўлакча бўлиб, деворларнинг ораси бир-бирига яқин эди. Уйнинг бунақа қурилгани менга яна битта имконият совға қилди. Икки оёғимни икки деворга тираб, шифтга чиқиб олдим-да, қопқонга тушадиган “сичқон”ни пойлаб турдим. У кўп куттирмади. Мендан икки қадам наридаги хонанинг эшиги оҳиста очилди. Ва битта бош кўринди. У хонадан худди мен каби эмаклаб чиқмоқда эди. Тепадан қаралса, кулгили кўринаркан, худди сичқон ўрмалаб кетаётганга ўхшайди. У аввал жасаднинг олдига келди. Уни туртиб кўрди. Сўнг:

— Дима, Дима, кўзингни оч! — деди паст, қалтироқ, мунгли овозда. Ичим ачиб кетди. Орқасига пичоқ санчиб ўлдирмоқчи эдим. Ниятимдан қайтдим. “Шуниси яшайқолсин”, дея хаёлимдан ўтказиб ёнига сакраб тушдим. У қўрқиб менга қараган эди, бўйнининг орқасига уриб ҳушидан кеткиздим ва шу ондаёқ қўлга тушдим.

— Қимирлама! — дея бўкирди сал нарида турган ҳарбий кийимли йигит. Унинг овозидан кейин орқасида яна икки киши пайдо бўлди.

— Қуролингни ташла! — дея навбатдаги буйруқни берди у. Мен айтилганини бажардим.

— Энди қўлингни орқага қилиб ёт!

Полга қўлимни бошимнинг устига қўйиб ётишим билан иккитаси югуриб келиб, қўлимга кишан солишди ва ўрнимдан турғазишди. Автомат ўқталиб турган йигит эса ёқасидан чиқиб оғзигача келган елим асбобга:

— Қўлга тушди! — деди қувонч билан.

У шундай дейиши билан орқа томонидан ҳарбий кийимдаги беш-олти йигит югуриб келишди. Биттаси асабини жиловлай олмади шекилли, келган заҳоти автоматининг қўндоғи билан қорнимга туширди. Жоним ҳалқумимга келди. Оғриқнинг зўридан инграб юбордим. Энкайиб қолганимдан сўнг иккитаси икки қўлтиғимдан судраб ташқарига олиб чиқди. У ерда уларнинг бошлиғи жиғибийрон бир аҳволда сигарета тутатиб турарди.

— Итдан тарқаган! — деди у мени кўриши билан, кейин сигаретасини улоқтириб юборди-да, юзимга мушт туширди. Зарба ниҳоятда кучли эди. Гўё каллам узилиб кетгандай бўлди. Кўз олдим қоронғилашиб орқамга қуладим. Бирор фурсат нима бўлаётганини англолмай ётдим. “Ҳаммаси тамом бўлди. Жасадим мана шундай ит топмас жойларда қолиб кетаркан-да”, деган ўйлар миямни чулғаб олди. Менга доим кўмак берадиган кампирни ҳам эсладим. Унинг нимага келмаганига ҳайрон эдим. Балки мендан воз кечгандир. “Шунча марта қутқардим. Сен эса ўз оёғинг билан ажал домига кетавердинг, охири чарчадим”, дегандир, эҳтимол. Юзимга муздай сув тегди-ю, кўзим очилди. Тепамда беш-олти одам мендан кўзини узмай қараб турганлигини кўрдим.

— Яккама-якка олишасанларми?

Нега бундай дедим, ўзим ҳам билмайман. Миямга шу фикр келди, айтиб юбордим. Тамом-вассалом. Менинг кутилмаганда шундай дейишим тепамдагиларни ҳайратлантириб юборди.

— Тушунмадим, — деди уларнинг мўйловли, сариқ сочли бошлиғи, — шу ҳолингча, биз билан яккама-якка олишмоқчимисан? Анави “бомж”лар ҳам сени бир уришда ернинг тагига тиқиб юборади-ку!

— Битта шарт! — дея бошимни бир оз кўтардим. — Агар ютиб чиқсанглар, мени хоҳлаган кўйларингга солинглар. Чидамаган одаммас.

— Сен ҳали мени иззат-икром кўрсатиб, совға-саломлар билан кузатиб қўйишади, деб ўйлаганмидинг? — деди командир.

— Агар бунақанги чангалдан шунақа чиқиб кетишни ўйлаганимда ғирт аҳмоқ бўлар эдим. Айтмоқчиманки, мен ютадиган бўлсам, қўйиб юборасанлар, тамом-вассалом.

— Шунақами? — дея иржайди командир, — бўпти, сен айтганча бўла қолсин.

Шундай деб у йигитлари томон юзланди-да:

— Сашка, ўзинг буни бир ёқли қилиб қўяқол, боягина қўлим роса қичияпти, деб нолиётгандинг. Ана сенга, қичиғингни қолдирадиган имконият.

Бўйи икки метрлар чамаси келадиган, елкалари кенг, боши тап-тақир, бурни қийшиқ, иржайганда оғзи сал кам қулоғигача очиладиган йигит ҳиринглади. Ҳамма қуролланган йигитлар ортларига чекиниб, каттагина айлана ясашди. Мен секин ўрнимдан турдим-да:

— Бир дақиқа, — дея қўлимни кўтардим, — мабодо мен енгадиган бўлсам, ҳаммаларинг бирдан ташланиб қолмайсанлар. Манавиндан кучлироқларинг чиқасанлар.

Гапимдан кейин ҳамма қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Иккала енгини тирсагигача шимарган Саша эса аста-секин менга яқинлаша бошлади. Унинг юришидан буқадек кучга тўлганини билиб олиш қийин эмасди. Шундай эса-да, мен жойимда жилмайиб туравердим. У менга етишига бир қадам қолганида ўнг оёғини кўтариб тўғри бетимга зарба берди. Чап бериб қолганимдан кейин унинг оёғи ҳавони шув этиб кесиб ўтиб кетди. Айлана қурганлар “Ву!” деб юборишди. Саша эса бошини сарак-сарак қилди.

— Тезроқ ҳаракат қилиш керак эди. Зарба беришда сусткашлик қилма, — дедим мен.

— Яхшилаб ўрганиб ол! — деган командирнинг овози эшитилди. Ана шу дамда Саша яна ҳужумга ўтди. Бу сафар у ҳам оёғини, ҳам қўлини ишга солди. Аммо унинг ҳаракатлари зое кетди.

— Бунақада ўзингни чарчатиб қўясан, айтдим-ку, тезкорлик керак деб, — дедим мен.

Бу гапим Сашанинг жиғига тегди. У жон-жаҳди билан менга ташланди. Бу сафар унинг қўлидан ушлаб қолдим-да, орқасига айлантириб юбордим. У иккала оёғи ҳам осмонга кетиб, гурсиллаб орқасига ағанаб тушди. Буни кўрган даврадагилар ҳайқириб юборишди. Ораларида “Сашка, сенга нима бўлди?!” дея қичқирганлари ҳам бўлди.

— Айтганимни қилсанг, дарров мени енгасан, — дедим мен Сашкага қараб жилмаярканман. Бу гапим унинг нафсониятини бўғзига келтирди. Ўрнидан турди-да, арслондай устимга отилди. Мен эса қочиб қолдим-у, у йиқилаётганида қорнига тепишга улгурдим. Саша ерга қулаганидан кейин қорнини ушлаб букчайганча инқиллай бошлади. Буни кўрган командир чидаб туролмади.

— Энди менга кучингни кўрсат! — дея даврага чиқиб келди.

— Кечирасиз, сал асабингизни бузиб қўяман, — дедим мен юмшоқ оҳангда.

У бошқача усулни қўллади. Иккала қўлини ерга тираганча чирпирак бўлиб айланиб, менинг оёғимга тепиб ағдармоқчи бўлди. Бу оддий каратэ усули эди. Сакраб қолгандим, зарба ўтиб кетди. Шундан кейин у қўл жангига ўтди. Машқи анча зўр экан. Унинг муштларини қайтариб, жағини мўлжалга олганимда, бир неча марта чап берди. Орқага бир оз чекиндим.

— Қаерда бунчалик тайёргарликдан ўтгансан? — деди у бир оз ҳансираб.

— Бу ердан кўринмайди, — дея жавоб қилдим унга.

— Шунча техниканг барибир увол бўларкан. Ишқилиб, бу ёққа чиқаётганингда яхшигина соққа олиб, ишончли одамингга бериб қўйганмидинг? — дея сўради у яна.

— Ўртоқ командир, дам олволишга бошқачароқ усул танлаганингизда яхши бўларди, — дедим мен.

— Сезгир экансан, — деб у тағин ҳамлага ўтди. Аммо бу сафарги ҳаракатлари бошидагига нисбатан сусайганди. Демакки, кўп чекади. Ўпкаси тамом бўлган. Унинг зарбаларига чап бериб қочиб юраверсам, ҳадемай ҳансираб қолиши шундоққина кўриниб турарди. Шу боисдан ҳам унинг меҳрини яна бир оз қозониб олиш учун ўйлаган режам бўйича иш тутавердим. Аммо унинг ўзи менга шундай қулай вазият туҳфа этиб қўйдики, ўзимни тутиб туролмай, биқинига тепиб юбордим. У ёнига қулаб тушди-да, ҳансираб нафас ола бошлади. Шу ондаёқ “шарақ-шуруқ” этган овоз эшитилди. Қарасам давра қурганларнинг ҳаммаси автоматларини мен томонга қаратиб турибди.

— Тўхта! — деган овоз келди уй томондан. Ўгирилиб не кўз билан кўрайки, эшикка суянганча кўзи ғазабдан чақнаган устозим Батинков турар эди!

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм

Саккизинчи қисм

Тўққизинчи қисм

Ўнинчи қисм