euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Ўн иккинчи қисм)

144 full reads
199 story viewsUnique page visitors
144 read the story to the endThat's 72% of the total page views
14,5 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Ўн иккинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Ўн иккинчи қисм)

Ичикдим. Ичимдан йиғига ўхшаш бир нима бўғзимга келиб тиқилди. Кўзим ёшга тўлиб, мен кўриб турган одам сиймоси хиралашди.

Хаёлимда устозимнинг ғазабкор нигоҳи автомат ўқталиб турганларга қаратилгандай эди. Аммо ундай бўлиб чиқмади.

— Бунга, — деди у мени қўли билан кўрсатиб, — бу ерда ҳеч кимнинг кучи етмайди. Албатта, яккама-якка олишсанглар. Шунинг учун ҳам маккорлик қилиб ҳаммангни яксон қилмоқчи.

Унинг гапларидан титраб кетдим. “Наҳотки менинг азиз устозим менга қарши бўлса? Наҳотки у ҳам манавиларнинг ноғорасига ўйнаса... Устознинг қўлида ўлим топиш... Шарафли, албатта. Лекин қандайдир бошқачароқ шароитда ўлдирганида, айтайлик, у мени билмасдан ўлдириб қўйганида бунчалик қийналмаган бўлармидим...”

Қайғули ўйларга ғарқ бўлганча чўккалаб қолганимни сезмабман.

— Тур ўрнингдан! — бақирди Батинков. — Ёш болага ўхшаб нега йиғлаяпсан!

Унинг овози илгаригидай шиддатли эди. У бизни тайёрлаётган кезлари шунақа ўткир овозда бақирарди. У ўзининг шогирдларини бечорасифат ҳолатда кўришни асло ёқтирмасди.

Устоз тарбияси ёдимдан кўтарилмаган экан. Ғайриихтиёрий равишда ўрнимдан сакраб турдим.

— Айлана кичикроқ бўлсин, — деди Батинков мени қуршаб турганларга. — Мен қандай қилиб буни қулатишни кўрсатиб қўяман. Токи иккинчи марта бунақанги одамларга дуч келганларингда ҳозиргидай аҳмоқчилик қилиб юрманглар.

Давра торайди. Жанг майдонида Батинков билан мен, яъни устозу шогирд турибмиз. У мени ер билан битта қилиб ташлаши мумкин, аммо унга қўл кўтаришга менинг ҳаддим сиғмайди.

Батинков қўлларини икки томонга ёйди ва бир томонда иккита бармоғини, иккинчи томонда учта бармоғини кўтарди. Бу билан... ахир... ахир, бу шартли ишора... бу билан у: “Ортимдаги бештаси менга, қолганини эплайсанми?” демоқда эди. Менинг бирдан юзим ёришиб кетди. Ҳамма шубҳа-гумонларим бир зумда тумандай тарқалди. Худди у каби “қанот”ларимни ёйиб, иккита қўлимда иккитадан бармоғимни кўрсатдим.

Мендаги жавобни кўриши билан Батинков ишга киришиб кетди. Ортидан мен бошладим. Бизни ўраб турганлар бундай воқеани мутлақо кутишмаган, автоматларини ҳам елкаларига осиб олишганча бўладиган томошани интиқлик билан кутишмоқда эдилар, шу боисдан дастлабки зарба еганлари мутлақо ҳеч нарсани англаб етмасдан ерга қуладилар. Менинг улушимга тушган тўртинчи йигитгина қуролини қўлига олишга улгурди. Аммо ундан ошиғига абжирлигу тезлик, заковат етишмади. Батинков эса мендан-да илдамроқ ишини адо қилиб қўйди. “Овчи”ларнинг биронтаси ҳам ўрнидан тура оладиган аҳволда эмасди.

Батинков қучоғини очиб, менга яқинлашаркан, йиғлаб юборганча мени маҳкам бағрига босди. Мен ҳам ўзимни тутиб туролмадим. Кўзларимдан шашқатор ёш оқар, бироқ овозим чиқмас эди.

— Нималар қилиб юрибсан? — деди у йиғидан ўзгарган, хирилдоқ овозда.

— Билмайман, — дедим мен.

— Ким сени бу ёққа жўнатди?

— ...

— Александр Петровичми?

Мен бошимни қимирлатдим. Сўнг:

— Машани олиб кетишим керак, — дедим.

— Нега очиқ ҳужумга ўтдинг, жосуслигингни унутдингми?

— Бошқа иложим йўқ эди.

— Бор эди. Тополмадинг.

— Истамадим.

— Нобуд бўлишинг мумкин эди-ку.

Яна жавоб қайтармадим. У қучоғидан мени бўшатди. Юзимни кафтларининг орасига олди.

— Омон қолганингдан бошим осмонда эди. Озгина бўлсаям виждоним хотиржам, ҳеч қурса биттаси одамларга ўхшаб яшаяпти, деб ўйлардим.

— Яшолмаяпман, устоз. Қўлимдан келмаяпти. Тинчгина яшашимга халақит беришяпти.

— Мен аблаҳман, биласанми? Сенларнинг ҳаётларингни барбод қилганлардан биттаси мен бўламан!

— Сиз ҳам буйруқни бажаргансиз.

— Ҳамма нарсага чап бериш, доғда қолдириш мумкин. Лекин мен буни қилолмадим, қўлимдан келмади. Ҳозир ўзим ҳам сенинг аҳволингдаман.

— Бундан буён биргамиз!

— Ишонаман... Майли, ҳали сен билан гаплашадиган гаплар кўп. Ҳозир ўша Машангни ол-да, жўна, — деди Батинков.

— Сиз бу ерда қолмоқчимисиз?

Саволни беришим билан Батинков бирдан ортига ўгирилди-да:

— Ёт! — дея бирдан ўзини ерга отди.

Худди шу маҳал автоматнинг тариллаган овози эшитилди. Мен икки думалаб, боягина Батинков тепиб ағдариб ташлаган ҳарбий кийимлининг ёнига бордим. У бутунлай ўзидан кетиб қолмаган, башарасини ушлаганча инқиллаб ётарди. Уй томондан автоматнинг яна тариллаган овози эшитилди. Визиллаб учиб келган ўқлардан иккитаси ўша оғриқдан азобланаётган йигитнинг боши-ю елкасига тегиб, у бир марта “имм!” деганча гавдасини озгина кўтариб, сўнг бўшашганча қайтиб жойига ётди. Ундан сачраган қон менинг юз-кўзимни қонга белади.

Кейинги ўқлар мени тешиб ўтмаслиги учун ерга қапишдим. Бир қўлимни эса жасаднинг қуролини олиш учун чўздим. Аммо уни ишлатишнинг зарурати бўлмади. Уй томонга секин қарасам, бир йигитнинг гавдаси деразадан пастга осилиб ётарди. Бирдан Батинковни кўзим билан қидирдим. У ўрнидан туриб, бошини эгганча ўтирарди. Ўша лаҳзада унинг хаёлидан нималар ўтаётгани, қандай азоблар чангалига кириб қолгани ёлғиз худога аён эди. Мен ҳам чуқур нафас олиб ўрнимдан турдим. Чўнтагимдан дастрўмол чиқариб, юзимдаги қонни артдим. Кейин устозимнинг ёнига бордим.

— Ичкарига кирсанг пақирда сув бор, юзингни ювиб ол, — деди у паст овозда.

— Маша қаерда? — дея сўрадим ундан.

— Ертўлада, эшигида қулф бор, ўзинг очиб оларсан, — дея жавоб қилди Батинков.

Бошимни пақирга тиқдим. Шу аҳволда бир оз тургач, калламни кўтардим-да, пақирдаги сувга термилиб қотиб қолдим. Бир челак қон кўз олдимда турарди. Хаёлимдан боягина бошидан ўқ еб нобуд бўлган йигитнинг аҳволи ўтди. Манзара нақадар даҳшатли эди. Одамнинг эти жунжикиб кетарди. Қанчадан-қанча қонига беланганларни кўриб дийдам қотган менингки этим жунжикдими, бошқа одамнинг юраги ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас.

Секин орқага тисарилдим-да, кўйлагимни ечиб ташладим. Тўғрироғи, мен турган ҳаммаёғи ёғоч девордан иборат хонанинг бурчагига улоқтирдим. Неча-неча марталаб энди бировга озор етказмайман, дея онт ичганларим ёдимга тушиб, ўзимдан-ўзим нафратланиб кетдим. Ўйлаб қарасам, беқарорлик одати ҳам менга яқинлашиб қолгандай эди. Илгари нимадан воз кечмоқчи бўлсам, қўлимни силтардим, қоларди-кетарди. Ҳозир эса ўзим сезмаган, хоҳламаган ҳолда онтимга хиёнат қилиб қўйяпман.

Машани қутқариш ҳам хаёлимдан кўтарилиб, хонада талай муддат ўтириб қолибман. Хаёлга шунчалик берилиб кетибманки, Батинковнинг кириб келганини мутлақо сезмабман. Фақат у:

— Нима қилиб ўтирибсан? — деганидан кейингина чўчиб кетиб ўзимга келдим.

— Кечирасиз, — дедим бошқа гап тополмай.

— Мен сенга айтишни унутибман. Охирги ўлган йигит радист эди. У аллақачон ўзининг шефларига бўлиб ўтган воқеа ҳақида хабар бериб улгурган, шунинг учун шошилиш керак. Йўқса, яна қон тўкилади... Ташқаридагиларнинг ҳаммасини бир жойга тўплаб қўйдим. Ўзларига келиб олишлари учун камида ярим соат вақт керак.

— Сиз мен билан кетасизми?

— Қизиқсан-а! Энди бошқа иложим қанча? Ҳамма нарса тескарига айланиб кетди. Бу ерда қиладиган ишим қолмади... Бўпти, кўп эзилмайлик, юр, Александр Петровичнинг қизини олиб чиқамиз. Бечора келганидан бери зах ерда ётибди.

Ертўла эшигига катта қулф осилган экан. Калит кимдалигини Батинков ҳам билмаскан. Шу боисдан қулфни бузишимизга тўғри келди. Чироқни ёқиб ичкарига кирганимизда Маша аввал нурдан кўзи қамашиб, юзини бекитди. У ўтирган жой ҳақиқатан ҳам зах эди. Бунинг устига шунақанги бадбўй ҳид таралар эдики, одамнинг кўнглини айнитиб юборарди.

Оёқ таги тупроқ, деворлар бетон ва биронта ҳам туйнук йўқки, ташқаридан ёруғлик тушиб турса. Буларам камдай, Машанинг қўллари боғлиқ. У овқат ейиши мумкин, бошқа ҳеч нима қилолмайди. Шундай гўзал қизни бу кўйга солиш учун эркак киши бениҳоя тошбағир бўлиши керак, албатта.

Маша бизни кўрмади, қўлларини юзидан олмай:

— Дадам айтганларингни қилиб беради, илтимос, менга тегманглар! — дея йиғлашга тушди.

— Сенга бошқа ҳеч ким тегинмайди, — деди Батинков, — халоскоринг келди.

Бутун вужуди дағ-дағ титраётган Маша бир муддат қалтирашдан тўхтади. Сўнг қўрқа-писа қўлларини туширди-да, ҳайратланганча менга тикилди. Кейин ютиниб қўйгач, ўрнидан турасола мен томон югурмоқчи бўлди-ю, аммо эпини қилолмади. Қўлларидаги кишанлар тортиб қолди. Шунда қизнинг бўйнидаги занжирга ҳам кўзим тушди, улар қўлларидагилар билан бирга Машани ортга тортган эди. Қиз шўрлик пихиллаганча орқасига қулади. Батинков билан бирга югуриб унинг тепасига бордик.

— Итдан тарқаганлар! — дея сўкиндим мен.

Устозим менга қараб қўйди. Унинг олдида илк маротаба сўкинганимдан ажабланди, шекилли.

— Ҳозир, — деди Батинков, — ҳозир озод қиламиз, қизим.

Унинг гапидан кейин Маша қўлларини ерга уриб, ўкириб йиғлашга тушди...

Уни темир-терсаклар “чангал”идан озод қилишнинг ўзи бўлмади. Ҳатто занжирларни синдиришимизга тўғри келди. Қўлимиздаги қурол ёрдамида, албатта. Шунда ҳам қизнинг бўйни-ю қўлларида бир қаричдан занжир осилиб қолди. Уларни бутунлай олиб ташлаш учун эса темир арра зарур бўларди. Чунки калит кимнинг чўнтагида экан, дея биттама-битта “овчи”ларнинг чўнтакларини қараб чиққунимизча анча-мунча вақт ўтиб қўярди.

Маша тутқундан озод бўлган заҳоти бирдан менинг бўйнимга осилди. Қиз кўзларидан дув-дув ёш тўкар, зор-зор йиғларди. Негадир у ўзининг шундай аҳволга тушишида қисман мени ҳам айбдор санарди: “Агар сен кетиб қолмаганингда, мени биронтаси ҳам ўғирлаб кетолмасди”, дерди нуқул.

Машага ҳеч нарсани тушунтириб ўтирмадим. Чунки мавриди эмасди.

Ташқарига чиққанимизда тонг энди-энди оқариб келаётган эди. Шамол тўхтаган, дарахтлар силкинавериб чарчаганлариданми, қимир этмасдан, дам олмоқда эдилар. Тунда ваҳимаси юртни бузадиган булутлардан асар ҳам қолмаганди. Хуллас, кеча қанчалик тўс-тўполон билан ўтган бўлса, ҳозир шунчалик осудалик ҳукм сурмоқдайди.

“Шунқор”ларнинг ҳаммасини Батинков деворга суяб ўтқазиб қўйган экан. Менимча, уларни ҳам устозим маълум вақтга “дам” олдириб қўйган бўлса керак ўзининг услубида. Кеча менинг қўл телефонимга эга чиққан “овчи” ҳам кўзини юмганча шериклари қатори ухлаётган экан, чўнтагини кавлаб ўзимга тегишли матоҳни олиб қўйдим.

Батинков бизни бошқа йўлдан бошлади.

— Бу сен келган йўлга нисбатан анча-мунча хавфсиз. Юриш қийинроғ-у, лекин манави дарахтлар орасидан тезроқ ялангликка чиқиб оламиз, — дея изоҳ берди у савол назари билан қарашимга жавобан.

Маша юролмади. Гандираклаб кетаверди. Шу боисдан аввал мен уни опичлаб олдим. Ярим йўлга қадар юрганимиздан кейин устозим қизни ўзига ортмоқлаб олди.

— Енгил экан, кўтариб кетавераман, — дедим.

— Мен ҳам ҳали сен ўйлаганчалик қариб қолганим йўқ, — кулди устозим.

Назаримда, ялангликкача масофани тез босиб ўтдик. Соатга қарасам, анчагина вақт ўтибди. Менимча, Батинков иккаламизнинг тинимсиз гаплашиб кетганлигимиз нафақат муддатнинг тез ўтиб кетишини, балки йўл машаққатларини ҳам билдирди. Устозим кета-кетгунча мени анча койиди. Бунга сабаб эса менинг Машани қутқаришда оқилона йўл тутмаганим. Ўзимни оқламоқчи бўлгандим, Батинков мени силтаб ташлади.

— Сен профессионалсан. Шундай экан, бирорта ҳам хато қилмаслигинг керак эди, — деди у. — Бошқа пайт бўлганида сени бошқача жазолардим. Бахтинг бор экан.

Жазонинг қанақа бўлишини яхши билардим. Ўлдирмайди-ю, лекин ўлдирса енгилроқ жазо бўларди.

Ялангликка чиққанимиздан кейин унчалик ҳам узоқ бўлмаган жойда қишлоқ кўринди.

— Шу ерга борамиз, — деди Батинков. — “Ясная луна” қишлоғи, харитада кўрганман. Кўпи билан ўнтача уй бор. Менимча, ҳаммаси қариялар бўлса керак. Бунақа жойларда ёшларнинг яшаши амримаҳол.

— Номи ғалати эканми? — дедим мен.

— Ғалатимас-ку, менимча, бу ердан ой яхшироқ кўринса керак-да.

Биз секин-аста қишлоқ томон йўлга тушдик. Йўл-йўлакай мен Александр Петровичга қўнғироқ қилдим. Лекин ҳеч ким кўтармади. “Нима бўлдийкин? Қизини шундай жойдан қутқариб олиб бораяпмиз, телефонга қадалиб ўтирмайдими?” дея ўйладим. Аммо хаёлимдагини мен билан бирга кетаётганларга айтмадим.

Қишлоққа яқинлашиб қолганимизда чеккадаги уйдан бир кампир югуриб чиқди. Шундай думалоқ хотиннинг бунчалик тез югуриши ақлга сиғмайди. Уйининг орқа томонига етганидан кейин эса чўк тушиб бақирганча ёрдам сўрай бошлади.

— Чол қурмағур ичволиб хотинини урган шекилли, — деди Батинков кулиб.

Аммо:

— Эримни қутқаринглар, яхши одамлар! — дерди кампир томоғини йиртгудай бўлиб.

Буни аниқ эшитган устозим таққа тўхтаб, менга қаради-да:

— Қизни устингдан тушир. Югур! — деди-ю, мени ажаблантирган кўйи мендан олдин ўзи чопиб кетди.

Кампир, ўпкаси тўлиб зор-зор йиғлаётганлиги боис нима бўлаётганлигини аниқ тушунтириб беролмади. Лекин қўли билан зўр бериб уйи томонни кўрсатарди.

Шоша-пиша уй ҳовлисига ўтиб, не кўз билан кўрайликки, қари бир чол “Москвич” машинасининг остида хириллаб нафас олганча ётарди. Машинанинг олдинги ғилдиракларидан бири йўқ. Чол тирсагини ерга тираб машинани бир амаллаб кўтариб турар эди.

— Аҳмоқ! — деди уни кўриши билан Батинков ва машинанинг олд қисмидан кўтара бошлади, унинг ёнига мен ҳам қўшилдим.

Машина хийла кўтарилди.

— Уф-ф! — дея иккала қўлини ёнига ташлаган чол чўзилиб ётиб олди.

— Чиқ, чиқмайсанми, сассиқ чол! — дея бақирди устозим.

Шу маҳал кампир пилдираб келиб қолди-ю, чолини бир амаллаб суғуриб олди-да, бирдан уни дўппослай кетди. Чол у ёқдан-бу ёққа думалар, юзини яширар, аммо кампирининг калтагидан қутулолмас эди. Яхшиям биз аралашиб чолни унинг чангалидан олиб қолдик. Йўқса, кампирнинг ўзи чолнинг суробини тўғрилаб қўйиши мумкин эди.

— Мияси айниган чол, одам шунақанги аҳволдаям мошинанинг тагига кирадими?! — дея тинмай жаврарди кампир.

— Домкрат қулаб кетди, — дея тўнғиллади чол.

— Аслида ўлганингда бирдан сендан қутулиб қўяқолардим. Бекор ёрдамга чақирибман буларни! — деб қўлини мушт қилганча шанғиллашни давом эттирарди кампир.

— Тўхтанглар, тўхтанглар! — дея қўлини осмонга кўтарди Батинков. — Ўзларингни босинглар.

— Ана кўрдингми? — деди чол. — Ёшларга қулоқ тутиш керак.

— Ҳамма гапирсаям сен овозингни чиқарма! — бақирди унга кампири.

— Бизни меҳмон қилмайсизларми? Ҳар қалай, меҳмонмиз, — деди Батинков кампирга қараб илжаяркан.

Устозимнинг гапи кампирни бирдан юмшатиб юборди.

— Бўлмасам-чи, қани, уйга киринглар, — деди кампир овози мулойимлашиб.

— Тирик қолганлигимни ювамиз, — деди чол ҳам илжайган кўйи.

— Бунинг ақли-ҳуши ароқда. Алкаш, пиёниста!

Кампир бисотидаги бор “ширин” сўзлар билан қарияни сийлай-сийлай уй томонга юрди.

— Жодугарнинг қариндоши бу, — деди чол кампири сал нари кетгач паст овозда. — Ўттиз йилдан бери яшаб келаман шу билан. Қаҳрамонлик бериш керак менга. Икки марта... Юринглар, уйга кирамиз, кампир сизларни ҳозир сийлайди, баҳонада мен ҳам томоқни ҳўллаб оламан.

— Ҳеч қаерингиз оғримаяптими? — дея сўради ундан Батинков.

— Бе, балоям ургани йўқ! Лекин қойилман. Бутун бошли мошинани кўтариб турдим-а! Шунчалик кучим борлигини билмаган эканман. Аммо анави жодугарга кучим етмайди-да. Ҳар куни уради, — деди қария йиғламсираб.

— Мен Машани олиб келайин, — дедим устозимга қараб.

— Дарвоқе, — деди Батинков бошини қашлаб чолга қараркан, — сизда мабодо темирни кесадиган арра топилмайдими?

— Топилганда қандоқ, — дея илжайди чол ва “Москвич”ининг юкхонасини очиб, бир оз кавлаштирганидан сўнг узунлиги икки қаричча келадиган темир матоҳни кўтариб келди.

Маша мен ташлаб кетган жойда қимирламасдан ўтирарди.

— Энди сени бутунлай озод қиламиз, — дедим унга.

Қиз аввал жилмайди. Сўнг жилмайиши йиғига айланди.

— Ҳаммаси ортда қолиб кетди-ку, нега яна йиғлайсан? — деб унинг юзига оқиб тушган кўз ёшларини бармоқларим билан артиб қўйдим.

Маша темир-терсакдан бутунлай холи бўлганидан кейин чуқур нафас олди. Мен унинг қўлидан етакладим. Аммо у бунга қаноат ҳосил қилмади. Қўлимга осилиб олди. Буни миннатдорлик белгиси деб қабул қилдим.

Биз чол билан кампирнинг уйига кириб борганимизда аллақачон икки эркагу бир кампир тузалган стол атрофига ўтириб олишибди. Кампирнинг шунча нарсани қандай тайёрлаб улгурганига ақлим бовар қилмасди. Яна илжайиб туришидан эркакларга қўшилиб озгина отиб олганга ҳам ўхшар эди.

— Қиз бола ҳам бор экан-ку, — деди чол ғайрат билан кафтларини бир-бирига ишқаркан. — Энди ўтиришимиз роса қизийдиганга ўхшайди. Бундай давраларда аёллар кўп бўлса яхши-да.

— Ичингга озгина кирса дарров алжирашни бошлайсан, сассиқ чол, — дея бирдан унинг оғзига урди кампири.

Шу билан чол ўчди-қолди.

— Кечирасизлар, — деди Маша бир оз ноқулай тортиб, — мен ювиниб олсам...

— Бемалол, — деб бирдан ўрнидан турди кампир, — ўзим ёрдам бериб юбораман. Бир томондан тўғри ҳам қиласан. Эркаклар билан ўтирган аёл қачон барака топган! Булар алжирашдан бошқасига ярашмайди.

— Ана энди зерикадиган бўлдик, — деди Батинков чолга кесатиб.

— Менга қара, отинг нимайди... ҳа, эсимга келди, Володя, бу аёллардан эркак зоти умуман рўшнолик кўрмаган. Ёшлигимда чирқиратардим. Қариганимдан кейин кучим етмай қолди. Қишлоғимизда шу кампирларнинг дастидан мен билан Иван қолдик, қолганлари қочиб, ўлиб қутулди. Бу кампирларнинг бўлса ҳаммаси тирик, Азроил ҳам уларнинг жонини олишдан қўрқади. Шунақанги махлуқ-да булар. Аёллар билан ўтириш қизиқ деган гапни кампиримдан қўрққанимдан айтдим... Ундан кўра ароқдан қуй. Манави йигитчагаям, — дея гапининг сўнгида менга бир қараб қўйди чол.

— Бу менинг шогирдим, укам бўлади, — дея мени кўрсатди Батинков. — Исми Собир.

— Мен бўлса, — дея менга мурожаат қилди чол, — мана шу акангнинг акаси бўламан, исмим Захар.

Унинг гапидан кейин даврада енгил кулги кўтарилди.

Очиғи, роса очқаган эдим. Чолнинг айтиши бўйича, ўзи тайёрлаган ароқдан бир стаканини ютдим-да, иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетдим.

Захар амаки эса тинмай сайраб турди. Кампирнинг айтганича бор экан. Ичган бўлса бор-йўғи икки стакан ароқ ичган, шунга оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлади. Ва албатта сўкинишгина гапларига озгина «маза» бериб турар эди. Стаканлар яна уч мартадан бўшаганидан кейин у бутунлай учиб қолиб, бошини столга қўйганча хуррак ота бошлади.

— Шуларам, — дея чўнтагидан сигарета олиб лабига қистирди Батинков (мен унинг аввал тамаки чекканини мутлақо кўрмагандим, шунга ажабландим), — яшаяпти. Бизга нисбатан эркинроқ. Кампирини ҳисобга олмаганида оромини биров бузмайди. Буларга ароқдан бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ.

Шу пайт Маша билан бирга кампир кириб келди. Маша очилиб кетган эди. Озғинлик ҳам унга қандайдир ярашганди.

— Қизим билан бўй-бастлари бир хил экан, қизимнинг кўйлагини кийгиздим-у, ўзимнинг Викториямни кўргандай бўлдим.

Кампирнинг қолган гаплари дийдиёга айланиб кетди: Викториянинг келмаганига уч йилдан ошиб кетган, Виктория аввал Петербургга кетиб, кейин Москвага кўчиб ўтган, уч йил ичида тўртта эр алмаштирган. Виктория буларга набира туғиб бермаган ва ҳоказо. Кампир ора-сира эрининг стаканига ароқ қуйиб ичар, газагига ҳеч нарса емас, қуйилиб келган кўз ёшларини енгига артар, лекин бирор марта бўлсин чолига эътибор бермасди.

Хуллас, кампирнинг дийдиёларини эшитиб бўлгунимизча бир неча кундан бери тузук-қуруқ овқат емаган Машанинг ҳам қорни тўйди. Батинков менга имо қилди: Александр Петровичга қўнғироқ қилишим керак.

Ташқарига чиқдим. Тоза ҳаводан симириб-симириб нафас олганимдан кейин телефон тугмачаларини босдим. Яна жимжитлик. У ёқдан ҳеч ким гўшакни кўтармайди.

“Бирон нима бўлганлиги аниқ. Машани олиб кетганимизни унинг душманлари эшитишган бўлишса, Александр Петровични бир ёқли қилиб қўйишган. Шошилиш керак. Бу ердан эртароқ жўнамасак бўлмайди. Ҳар қалай, Александр Петрович яхши одам, нобуд бўлса, қизи кун кўролмайди”, деган ўйда қайтиб уйга кирдим.

Устозим менга савол назари билан қаради. Мен бош чайқаб, телефонни ҳеч ким кўтармаганлигини билдирдим.

— Меҳмондорчилик учун катта раҳмат, — деди Батинков кампирга қараб. — Жуда яхши ўтирдик, қорнимиз ҳам очиб қолганди, баҳонада тўйғазиб олдик.

— Нима, сизлар кетмоқчимисизлар? — деди кампир ҳайратланиб. — Биз бу ерларда фақат қариялар зерикиб кетгандик... Бир-икки кун тоза ҳаводан симириб, дам олиб кетардинглар.

— Ишларимиз жудаям кўп. Мавриди бўлса бошқа сафар келармиз, — дея устозим ўрнидан турди.

— Ишлайверасизлар, ишлайверасизлар, кейин қандай қариб қолганларингни билмай, бизга ўхшаб қоласизлар. Ҳа, сизларга маслаҳатим, қариганда қишлоқда яшанглар. Яхши бўлади, — деди кампир.

— Бўпти, — деди унга жилмайиб Батинков, — айтганингизни қиламиз. Захар амаки уйғонганларидан кейин бизнинг ташаккуримизни айтиб қўйинг.

— Уйғонгандан кейин ҳамма нарса эсидан чиқиб кетади. Ҳатто сизлар қутқариб қолганларинг ҳам хаёлига келмайди, анави Иваннинг олдига бориб, ётиб қолгунча барматуха ичишдан бўшамайди.

Ташқарига чиқиб, энди йўлга тушмоқчи бўлганимизда кампир бизни тўхтатди. Сўнг ўзи югуриб бориб оғилхонасига кирди-да, олачипор тулпор етаклаб чиқди.

— Ҳов сен, — деди сўнгра мени чақириб, — бу ёққа кел.

— Нима қилмоқчи бу кампиршо? — дедим мен ҳайрон бўлиб.

— От-арава қўшиб беради, — деб бирдан фол очди Батинков.

Буни қарангки, унинг фоли тўғри чиқди. Кампир отни ҳовлисида турган аравага қўшди-да:

— Катта йўлга чиққанларингдан кейин бу ёққа буриб юборсангизлар, ўзи уйни топиб келаверади. Пиёда кетсанглар кечгачаям етолмайсизлар, — деди.

У айтганича бор экан. Бир соатлар аравада юрсак-да, катта йўлдан дарак бўлмади. Батинков менга дам берди.

— Мен озгина бўлсаям ухлаб олганман. Аравани ўзим бошқариб кетавераман. Қолаверса, бундай лаззатни сенга бериб қўядиган аҳмоқ ҳам йўқ. Уйғоқ ҳолда дам олишни биламан деб мени ишонтиришга уринма. Мен ўзимни ўйлаяпман, — деди у.

Биз томонлардагидан бутунлай фарқ қиладиган тўрт ғилдиракли, устига пичан ташланган араванинг устида чўзилдим. Буни кўрган Маша:

— Оёқларимга бошингни қўй, — деди жилмайиб.

— Шунақаси менга қулайроқ, — дея рад этдим.

— Шундай гўзал санам сенга илтифот кўрсатади-ю, сен йўқ дейсанми? — дея орқасига бир қараб қўйди Батинков.

— Бошим баланд бўлса уйқум келмайди, — деб баҳона қилдим.

Аслида гап бунда эмасди. Агар ҳозир Машанинг оёғига бошимни қўядиган бўлсам, унинг кўнглида бошқача туйғу пайдо бўлиши муқаррар эди. Бу орқали у менга тағин боғланиб қолиши мумкин. Қиздаги ҳис-туйғуларни уйғотганим учун эса мен қийналиб юришимга тўғри келади.

Шу пайтгача кўп қизлар билан анча-мунча бемаза ишлар бўлди, ҳатто Маша билан ҳам, лекин энди менинг Барном бор. У менга гавҳар мисолики, заррача хиёнат қилишни хаёлимгаям келтиролмайман...

Албатта, буларнинг бари баландпарвоз ўйлардек эди. Лекин бориям аслида шу-да.

Ухлаб қолибман. Бир маҳал кимдир юзимни силагандай бўлди. Уйғондим. Лекин кўзларимни очмадим. Кўзларимни очсам Маша қўлини тортиб олиши мумкин эди. Ёки бўлмасам баттар эркалашга тушиб кетарди. Қўлини тортиб олса, хижолатпазлик бўлиши эҳтимол эди, олмаса юқоридаги гап: кўнглида умид пайдо бўлади. Шундагина бировнинг дилини оғритишдан сақланиш қанчалик оғирлигини ҳис этдим...

Охири топдим йўлини: уйқусираган киши бўлиб, ёнимга ўгирилиб олдим-да, шу баҳонада “уйғониб”, ўрнимдан туриб кетдим. Керишиб олдим. Сўнг бир осмонга, бир атрофга боқиб: “Бунча гўзал бу олам, бир қара”, дея машҳур қўшиқни минғирлай бошладим.

— Ҳа, шоввоз, — деди овозимни эшитган Батинков, — дарров уйғонибсан-ку.

— Ҳавонинг тозалигидан дарров уйқуга тўйибман. Келинг, “рул”ни менга беринг, бу ёғига мен ҳайдаб кетай, сиз дам олинг, — дедим шўх овозда.

— Ҳожати йўқ, — деди Батинков. — Манзил яқин. Бу ёғига ўзимиз ҳам эплаб қўя қоламиз.

— Орқага қайтсак-чи, — дея шу пайт кутилмаганда гапга аралашди Маша. — Ҳавоси тоза экан. Ҳам бехавотир. Кампирнинг бирорта хонасини ижарага олиб яшайверардик.

— Яхши, — деди устозим унинг гапига жавобан кулиб, — сизларга яхши. Икковларингам ёшсизлар, дарров топишиб оласизлар. Мен анави кампирни Захар амакидан тортиб оламанми?

Ҳаммамиз кулиб юбордик. Бундан Батинковнинг баттар завқи келди.

— Кейин Захар амаки уруш эълон қилади. Қариянинг кучини кўрдингларми, бутун бошли машинани кўтарди-я. Ундаги куч менда нима қилсин! Кучсизлигимни билиб қолса кампир ҳам мендан айниб кетади. Шунинг учун, ўртоқлар, фақат ўзини ўйлаш бўлмасин, — деди у.

— Хавотир олманг, битта-яримтаси адашиб келиб қолар, — деди Маша кулиб. — Шартта оёқ-қўлини боғлаб, сизга топширамиз.

— Ё Худо, ётарканман-да қачон биронта қиз ўз оёғи билан адашиб келиб қоларкан деб. Мениям кўзимнинг қонга тўлиши бор...

— Хавотир олманг, устоз, — дедим мен гапга аралашиб. — Кампирнинг қизи уч йилдан бери келмаскан. Ажабмаски, сизнинг кутаётганингизни тушида кўриб...

— Илтимос, камситиш бўлмасин, — дея гапимни бўлди Батинков. — Индамасам қария деб чеккага чиқариб қўясанлар. Айт, шаҳарга тушиб бирортасини ушлаб олиб келиб бераман, онаси ўпмаганидан де. Ҳозирнинг ўзида отни орқага бурайин. Топган гапларинг бирорта қиз ўзининг оёғи билан адашиб келиб қолса-ю, ундан кейин... Унгача қариб-чуриб, Иван ёки Захар бўп қолсам-чи!

— Қиз келгунча қишлоқдаги бирорта беванинг ҳожатини чиқариб турасиз-да, — дедим мен шўхлигим қистаб.

— Сен болани аслида гапга ўқитган эканман-да, яхшики бахтингга Маша бор. Бўлмаса тарбия дарсини ҳозироқ бошлаб юборардим, — дея ёлғондан пўписа қилди Батинков.

У яна бир нарсаларни гапирмоқчи эди. Аммо отнинг қалқиб кетгани фикрини чалғитиб юборди, чамамда. Ўрнига бошқа гапни айтди:

— Кеп қолибмиз, анави асфальт йўлни кўраяпсизларми?

Биздан икки юз метрча нарида қоп-қора йўл кўриниб турарди. У ерга етиб олгунимизча бошқа сўзлашмадик.

Кампир айтганидай, оти жуда ақлли экан. Биз аравадан тушиб, ортга буриб қўйган эдик, бошини қуйи солганча секин-секин қадам ташлаб келган йўлига кетаверди.

Отнинг кетишини бир оз томоша қилиб турганимиздан кейин йўл бўйида учаламиз бирорта машина келиб қолишидан умид қилиб ўтирдик. Ҳар тугул “орзу”имиз тез ушалди. Узоқдан олдинги ойнаси қуёшда ярақлаган улов биз томонга яқинлаша бошлади. Мен ўрнимдан турдим-да, машинадан кўзимни узмай тикилиб туравердим. У анча яқинимизга келиб қолганидан кейин УАЗК “тез ёрдам” машинаси эканлигини англадик. Қўл кўтарганимиздан сўнг у ёнгинамизда тўхтади.

— Йўл бўлсин? — деди ҳайдовчи деразадан бошини чиқариб.

— Шаҳаргача олиб бориб қўймайсанми, оғайни? — деди Батинков.

— Шуям муаммоми, ўтиринглар, — дея илжайди ҳайдовчи.

Менга унинг башараси ёқмади. Ўсиб кетган сариқтоб соқоли, ўйнаб турган кўзлари ва бурнининг устидаги тиртиқ шубҳа уйғотди. Шундай бўлса-да, башаранг ёқмади деб тайёр уловнинг баҳридан ўтиб юборолмайман-ку.

Олдинма-кетин машинага чиқдик. Машина ичида эса ҳайдовчининг биздан бошқа йўловчилари ҳам бор экан. Тўртта ўттиз ёшлар атрофидаги эркак. Сигаретани бурқситиб тутатиб, пиво ичиб ўтиришибди. Улар биз чиққанимиздан кейин бир-бирига қараб иржайишди. “Бундан бу ёғига ҳам “ҳазил-ҳузул” қилиб кетамиз шекилли”, дея ўйладим. Ўйим исботини икки дақиқа ҳам ўтмасдан топди.

— Йўлкирага пулларинг бўлса керак? — деди улардан бири пивосини ҳўплаб, лаб-лунжини кафти билан артар экан.

— Бунинг сизларга нима алоқаси бор? — дедим мен.

Батинков мен томонга синовчан қараб қўйди.

— Чунки йўлкирани биз йиғамиз-да, — деди ҳалиги одам.

— Бизнинг ҳам қуруқ раҳмат айтиб тушиб кетиш ниятимиз йўқ, — дедим мен жилмайиб.

— Бизнинг машинанинг бир метр юриши уч юз рубль туради. Ҳар юз метр юрганида ҳисоб-китоб қилиб борамиз. Ҳозир беш юз метрдан кўп юрди. Қани, соққани чўзинглар бу ёққа! — таҳдид қилди бояги одамнинг ёнида ўтиргани сигаретасини оёғининг остига ташлаб эзғилар экан.

— Зўр-у, — деди Батинков унга диққат билан тикилганча. — Сервис ҳам шунга яраша бўлса керак.

— Бўлмасам-чи, қария. Манави қизчаларингни яланғоч қиламиз-да, рақс туширамиз. Кейин тўрталамиз ҳам куч-қувватга тўлиб тошганмиз, шундай жононни кўрганимиздан кейин эркакчилик қилмасдан кетишимиз инсофнинг биронта ҳам қиррасига тўғри келмайди... Қани, аввал сен икковинг йўлкирани тўлаб қўйларинг-чи. Пулларинг сервис кўрсатишга етадими-йўқми ҳали, — деди биринчи гапиргани.

— Балки етиб қолар, — дедим мен.

— Етмаса ташвиш тортишнинг ҳожати йўқ. Донорлик қиласанлар. Икковлашиб бир литр топширсанглар етарли... Кўрдингларми, биз одамларни ҳеч қачон йўлда қолдирмаймиз. Сенлардан олдин ҳам шундай мурувватни кўрсатиб келаяпмиз, — деди яна ўша одам.

— Ҳақиқатан ҳам хизмат кўрсатиш сизларда даҳшат экан. Менимча, дунёда ягона бўлса керак, — деди Батинков киноя аралаш.

— Қария, менимча, эзмалик қилиб юбординг. Биз бир километрдан ҳам кўп йўл босиб қўйдик, сочингнинг учигача қарзга ботдинг. Шунинг учун машинани тўхтатиб, ишингни битирамиз-да, орқангга биттадан тепиб, жўнатиб юборамиз, — деди шу пайтгача гапга аралашмасдан бир сигарета чекиб, бир пиво ичиб келаётган тўртинчи эркак.

— Собир, — деди ортиқча валақлашишга сабри чидамаган Батинков, — икки дақиқа.

— Кўп, — дедим мен тишимни тишимга босиб, — бир.

— Вақт кетди, — деди устоз.

Шу ондаёқ ишга киришдим. Машина “эга”лари бунақа бўлишини мутлақо кутишмаган шекилли, довдираб қолишди. Биринчисининг бурни синди. Иккинчи-учинчиси ағанаб тушган заҳоти зўравонларнинг тўртинчиси машинанинг чеккароғига ўтиб, чўк тушиб йиғлаб юборди. Бунисини эса биз кутмаган эдик. Ҳайдовчи бўлса машинани тўхтатди-ю, сакраб тушиб ура қочди.

Батинков уларнинг қилиқларини кўриб қорнини ушлаганча қотиб-қотиб кула бошлади...

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм

Саккизинчи қисм

Тўққизинчи қисм

Ўнинчи қисм

Ўн биринчи қисм