euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Ўнинчи қисм)

139 full reads
192 story viewsUnique page visitors
139 read the story to the endThat's 72% of the total page views
16 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Ўнинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Ўнинчи қисм)

— Бир кепсизлар, озгина бўсаям меҳмон қилай, — деди чол нигоҳини Шавқинадан зўрға узиб.

— Шошиб тургандик, эртароқ бормасак...

Чол анчагина ўжар экан, мени гапиртиришга қўймади.

— Шунча чидашибди, яна ярим соат чидаса ҳеч нарса қилмайди, ўтиринглар, — деб иккита стулчани биз томонга суриб қўйди. Ўзи эса тезда ликопчага яримта колбасани тўғраб дастурхон устига нон қўйди.

— Хапа бўмайсизлар, келишларингни олдиндан билганимда бошқача тайёргарлик кўрган бўлардим, — деди сўнгра.

Мен атайлабдан берироққа ўтириб, Шавқинани унга яқинроққа ўтқазиб қўйдим. “Чол бир яйрасин. Эртага қишлоқнинг одамларига мақтаниб юради. Саёҳатчилар ярим тунда келди. Олифта жувон билан ёнма-ён ўтирдим, деб” — хаёлимдан шу ўй ўтди.

Ароқ ичимни куйдириб кетди. Бирдан тетиклашдим, руҳим енгиллашди. Шавқина ҳам бировдан ийманиб ўтирмади. Бир кўтаришда пиёлани оқ қилди. “Яшавор, ҳазрати Аъзамнинг маъшуқаси”, дея уни “мақтаб” қўйдим. Қоровул чол эса унинг ичишини кўриб, бақа бўлиб қолди. Кейин эса авжланди, юзига шодлик уфуриб келди. Ва яна пиёлаларни тўлдирди.

— Бўлди, ошқозонда ҳеч нарса йўқ, маст қилиб қўясиз, — дедим номигагина илжайиб.

— Эркак бир шиша ичсаям чидаши керак, ука, аялнинг олдида мени уялтириб қўйма, қани ол, — деди ва иккала кўзини лўқ қилиб Шавқинага тикилди.

Қиз ўлгур ҳам атайин қилгандай сипқориб юборди. Лекин газак қилмади. Худди профессионал ичувчилардай кафтини ҳидлаб қўйди. Бундан чол баттар яйради. Оғзидан боди кириб-шоди чиқиб, орада мени озгина камситиб ўтиб, “сайрай” кетди. Қарасам, Шавқинанинг кўзи сузилиб бораяпти. Чора кўрмасам аҳвол бошқача тус олиб кетиши шундоққина кўриниб қолди. Аслида, Шавқинани ишни эртароқ битириш учун бирга етаклаб чиқувдим.

Дарров чолни гипноз қилдим. Кейин унинг ёрдамида колбаса-ю биттагина нон топиб, дастурхон устига пул ташлаб, Шавқинани етаклаганча қоровулхонадан чиқдим. Манзил унчалик узоқ эмасди. Лекин елкамга Шавқинанинг осилиб олгани юришни анча қийинлаштириб юборди. Мен ҳам чарчаганман. Бирорта жой топиб маза қилиб ухлаш орзуимга айланган эди. Йўл-йўлакай, осилиб олгани етмагандай, у мени қучоқлаб, ўпишга ҳаракат қиларди. Аммо мен унинг Аъзамнинг қароргоҳида дугонасини нима қилганлигини кўрган эдим. Ғижингандим. Бунақанги аёлга юзни ўптириш у ёқда турсин, ёнига яқинлашишга ҳам одам жирканади. Шу боисдан бир-икки марта силтаб ташладим. Лекин у бутунлай маст бўлиб қолганидан сезмади ҳам. Мендан ўзига хуш ёқадиган нарсани сўрашга ўтиб кетди. Шунда тинчитиш учун бир шапалоқ урдим. Жувон ўзини хафа бўлганга солди. Сўнг мени қўйиб юборди-да, чўк тушди.

— Мен шу ерда ётиб ухлайман, уйқум келаяпти, — деди нозланиб ва ўзини ерга ташлаб юборди.

— Падарингга лаънат, дардисар! — деб уни турғизмоқчи бўлиб қўлидан тортсам, қимирлай демайди.

Шунча қисқа вақт ичида ухлашга улгурибди. Ноилож қолганлигимдан кўтариб олдим.

Асирлар тарракдай қотиб қолишибди. Уларни уйғотиб ўтирмадим. Қаторига Шавқинани ҳам қўшиб, ўзим сал нарига бориб чўзилдим. Чарчоғу ароқ дарров кучини кўрсатди. Ва тезда ухлаб қолдим. Лекин хаёлимда тонг отмасидан туриш лозим, деган ўй маҳкам ўрнашган эди.

Этим жунжикиб уйғониб кетдим. Бу пайтда тонг энди-энди отмоқда эди. Атрофдаги буталар яққолроқ кўзга ташланиб қолган, онда-сонда битта-иккита чуғурчиқларнинг ҳам овозлари эшитиларди. Ҳаво тундагидан анча совуқ эди. Асирларга қарасам бутунлай қунишиб кетишибди. Ичим ачиди. Лекин кўмак бериш қўлимдан келмас эди.

— Подъём! — дедим уларнинг тепасига бориб.

Шавқинадан бошқа ҳаммаси аллақачон уйғониб бўлишган экан. Бунақанги совуқда ухлаб бўлармиди! Шавқина эса бошқаларга нисбатан ўта чарчаганлиги боис ҳамон ухлаётган эди. У менинг овозимдан уйғонмади ҳам. Шу боисдан туртишга тўғри келди.

Мен кечаси бориб келган қишлоқни анча-мунча катта бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Ундай эмас экан. Cанасангиз йигирматача ҳовли чиқади. Лекин дарахтларга мўл, сўлим маскан экан. Кўриб баҳри-дилинг очилади. Шу ерда қолиб, икки-уч кун маза қилиб дам олгинг келади. Айниқса, қишлоқнинг кунботар томонидан оқиб ўтаётган сувнинг шилдираши қулоғингга шунақанги ёқимли эшитиладики, ўз-ўзидан кайфиятинг кўтарилади. Беихтиёр табиат шундай гўша яратганига таҳсин ўқиб юборасан. Мен қоровул чолни ўйладим. У гипноз ҳолатида уйқуга кетган эди. Бундай ҳолатда ухлаган одам, бошқаларга нисбатан кўпроқ дам олади. Унинг ҳали-ҳануз уйғонмаганлиги аниқ. Чошгоҳларда, шундаям магазинчининг ўзи келиб уйғотса ажаб эмас. Эҳтимол, бизни тушимда кўрдим, деб ўйлар. Нима бўлган тақдирдаям беғуборлиги шундоққина кўзидан кўриниб турарди. Агар бошқа пайт бўлганда, уни ҳечам бундай ҳолга солмаган бўлардим...

Кўз қувониб, дил яйраб қишлоқни ортда қолдирдик. Шундаям бу гўзалликни орамизда кўра олганлардан кўролмаганлари кўпроқ бўлди, менимча. Чунки икки кунлик шерикларим ердан кўзларини узишмас, худди қадамларини санаб кетишаётганга ўхшар эди. Кўп ўтмай асфальт йўл ҳам бошланди. Бу пайтда қуёш уйғонган, ҳаво ҳам аста-секин қизий бошлаганди. Шерзод орқасига бир қараб қўйди-да:

— Мошина келаяпти, — деди атайлабдан мени эшитсин деб қаттиқроқ гапириб.

Ортимга ўгирилдим. Дарҳақиқат, анча нарида юк машинаси келаётган эди. Дарров асирларнинг қўлларидаги арқонларни ечдим, қизларга машинага қўл кўтаришларини тайинладим. Ҳаммасига жон кириб кетди. Машина тўхташга тўхтади-ю, лекин олиб кетишга бир оз тихирлик қилиб турди.

— Дугонам иккаламиз кабинада ўтириб кетамиз, сизни зериктирмаймиз, — деди Гули.

Унинг сеҳрли сўзлари ҳайдовчини эритди. Бизни кузовга, қизларни эса ёнига ўтқизди.

Марказ ўттиз километрча узоқликда экан. Тўғриси, бу масофани яёв босиб ўтгунча асирлар тугул менинг ҳам тинка-мадорим қуриб кетган бўларди. Марказга кириб боришимиз билан машина тўхтади.

Мен кабина томон энгашдим-да:

— Ҳайданг, ҳайдайверинг, — дедим.

— Мошинамдан айрилиб қолиш ниятим йўқ, — дея қўрслик билан жавоб қилди у.

Сакраб эшик пастидаги зинага тушдим-да, унга ўқрайганча буюрдим:

— Милисахонагача ҳайда, жиноятчиларни олиб кетаяпман, ғинг десанг буларнинг қаторига сен ҳам қўшиласан!

Шу гапнинг ўзи ҳайдовчига етиб ортди. Унинг кўзи олайиб кетди-да, “хўп, хўп”, деди бошини қимирлатиб. Асирлар эса ғимирлаб қолишди. Айниқса, Тўхтамурод ён-атрофига аланглади. Кейин кузовнинг орқа томонига югурди. Аммо сакраб тушиб қолишга улгурмади. Орқасидан бориб ушлаб қолдим-да, биқинига мушт туширдим. У бир марта “ҳиқ”, деди-ю, дарров ақли кирди.

Навбатчи милиционер гапларимни эшитиб, ҳайрон бўлди-да, елка қисди. Сўнг бошлиғига қўнғироқ қилиб, менинг гапларимни етказди. Бошлиқ нима деганлигини эшитмадим-у, лекин навбатчи милиционернинг бирданига ранги гезарди ва ўрнидан туриб кетди. Тўртта милиционерни бошлаб югуриб хонасидан чиқиб келган бошлиқ “шерикларим”ни тезда панжара ортига тиқишни буюрди. Менга эса:

— Собиржон, юринг, — деди ва ўзи олдинга тушиб йўл бошлади.

Хонасига кирганимиздан кейин мени муваффақият билан табриклаб қўлимни қисди-да:

— Лекин вазифани анча тез уддалабсиз, мен энг тез бажарсангиз яна икки кунлардан сўнг келасиз, деб ўйлаган эдим... Қани, бир бошдан ҳаммасини гапириб беринг-чи, нималар бўлди? — деди.

Лекин мен у ўйлаганчалик нималар содир бўлганлигини ипидан игнасигача гапирмадим. Табиийки, бошлиқ қониқмади. У ёқдан-бу ёқдан айлантириб сўраб кўрди. Аммо натижа чиқаролмади. Шу бўйи гапимиз узилди.

— Баҳодир билан институтда бирга ўқиганмиз, — деди у кейин ўзининг бегона эмаслигини билдириб қўйиш мақсадида. — Биргаликда нима ишлар қилмаганмиз. У тоза бола. Бировни шу пайтгача алдаганини билмайман... Ҳадемай ўзиям келиб қолади.

— Яхши, — дедим мен мамнун жилмайиб.

— Майли, — деди у, сўнгра қўлларини икки томонга ёзиб: — Сизни таърифлаганларича бор экан. Баҳодирга ҳавасим келаяпти. Энди ушлаб келган одамларингиз билан икки оғиздан гаплашайин, унгача ташқарида сигарет-пигарет чекиб турасиз, — деб қўшимча қилди.

Йўл бўйида талай муддат у ёқдан-бу ёққа бориб келиб юрдим. Бошим оғриди. Бир хаёл, кетворсамми, деб ўйладим. Тўғри-да, нима қиламан бу ерда, ҳамма иш битган бўлса, ҳали замон Баҳодир ака келиб асирларни олиб кетади. Элёр билан Шерзодни ўзи ота-онасига топширади. Ростданам, менинг умуман қиладиган ишим қолмабди. Шундай ўйлар гирдобида энди кетишга чоғланган маҳалим ёнгинамга “ғийқ” этиб Баҳодир аканинг машинаси келиб тўхтади.

— Қойил! — деди у машинадан тушиб. — Уддалашингни билардим-у, лекин, рости, мени бунчалик лол қолдирасан, деб ўйламагандим!

Баҳодир ака билан қучоқлашиб кўришдик. Йўл бўйида у мендан ҳеч нарса сўрамади. Бошлиқнинг хонасига кирганимиздан сўнг касбдоши мени мақтаб тўлиб-тошиб гапирганда ҳам ортиқча гап-сўз қилмади. Фақатгина ўзимизнинг туманга қайтиб келганимиздан кейин (асирларнинг ҳаммасини область марказига олиб кетишди. Улардан Элёр билан Шерзодгина махсус машинада бизнинг ортимиздан келтирилди) ҳамма бўлган воқеаларни сўзлаб беришимни илтимос қилди. Бу сафар ҳеч нарса қолдирмадим. Оқизмай-томизмай гапириб бердим. Баҳодир ака ўйланиб қолди. Қўлидаги ручкасини ўйнатди. Оппоқ қоғозга тушуниксиз белгилар чизди.

— Буларнинг илдизи ҳақиқатан ҳам бақувватга ўхшайди. Лекин вақт-соати келганидан сўнг барибир қурийди, — деди ўйини ниҳоялаб бўлгач, сўнг столининг тортмасидан қоғозга ўроғлиқ бир нарса олди-да менга узатди.

— Нима бу? — дея сўрадим.

— Сенинг мукофотинг.

— Сиздан мукофот сўраганим йўғиди-ку.

— Сўрашинг шарт эмас. Аслида, бажарган ишинг бундан ҳам қимматроқ туради. Энди уйингга бор. Ўғилчанг ҳам кутиб қолгандир.

— Анави иккаловини нима қиласиз? — дея сўрадим Шерзод билан Элёрни назарда тутиб.

— Аввал яхшилаб сўроқ қилайлик, кейин вазиятга қараб иш тутамиз-да.

Мен ташқарига қушдай енгил тортиб чиқдим. Бўйнимдаги қарзни узгандай эдим. Уйга югуриб кетмоқчи бўлганимда мендан кейин бошқармадан чиқиб келган Баҳодир аканинг ҳайдовчиси олиб боришини айтди. Унамадим. Лекин у хўжайини қаттиқ тайинлаганлигини айтиб оёғини тираб туриб олди, ноилож рози бўлдим.

Барно хаёл суриб ҳовлини супураётган экан, мени кўрди-ю, аввал анқайиб турди, сўнг ёнимга югуриб келиб бўйнимдан қучоқлаб олмоқчи бўлди, бироқ ортимдан кириб келган ҳайдовчини кўриб шаштидан қайтди. Ва салом бериш билангина чегараланиб қолди. Мен эса дарров Бахтиёрни, отамни сўрадим.

— Ўғлингизни ҳозир олиб чиқаман, — деди у жилмайиб ва уйга югуриб кириб кетди.

Бахтиёрнинг юз-кўзларидан ўпиб бағримга босдим.

— Уйда меҳмон бор, — деди Барно ўша табассумини мендан дариғ тутмай.

— Ким? — дедим мен ҳайрон бўлиб.

— Билмадим, иккита ўрис киши.

Мен буткул таажжубда қолдим. Ва ҳовлига мен билан бирга кирган ҳайдовчини ҳам эсимдан чиқариб отам ўтирган уйга кирдим. Отам билан гаплашиб ўтирган мендан беш-олти ёш катта сап-сариқ сочли иккита одам, мутлақо нотаниш эдилар. Улар мени кўришлари билан ўринларидан туриб кетишди. Сўрашиб бўлганимиздан кейин дастурхон гирдига айланишиб ўтирдик. Отам узоқ дуо қилганидан кейин деворда осиғлиқ бир маромда чиқиллаётган соатга қараб:

— Сизлар гаплашиб туринглар, намоз пайти бўп қопти, мен намозимни ўқиб келайин, — деб ўрнидан турди.

Отам ташқарига чиқиб кетганидан кейин меҳмонлар ўзларини танитишди.

— Менинг исмим Андрей, — деди ёнимда ўтирган тўладан келган, мўйловли, овози дўрилдоқ киши рус тилида.

— Меники эса Саша, — деди унинг ёнида ўтирган, кўзларини тез-тез юмиб олаётган, келганимдан бери лабидаги табассумни йиғиштиролмай ўтиргани. — Сизни эса яхши таниймиз. Александр Петровичдан катта салом.

— Александр Петрович? — дедим мен бирдан чиройим очилиб. — Зўр-ку! Акамиз қалайлар?

Менинг сўроғимдан кейин иккисининг ҳам туси ўзгарди. “Наҳотки бирон нима бўлган бўлса?” деган хавотирдан юрагим орқага тортиб кетди.

— Қизи...

— Нима бўлди қизига? Тирикми, ишқилиб?!

— Тирикликка тирик, лекин... — дея чайналди Андрей.

— Нега бунча эзилдинг? Гапир! — деб бақириб юборибман унинг меҳмонлигига ҳам қарамасдан сенсираб.

Йигитлар бир-бирига қарашди. Уларнинг юзларида бирдан саросималик пайдо бўлди.

— Ўғирлаб кетишди... — деди Андрей.

— Тушунмадим...

— Икки кун бўлди, — дея гапни илиб кетди Саша, — эвазига пул сўрашаяпти. Беш миллион доллар. Топиб берилмаса ўлдиришармиш. Ҳозиргача ўғриларнинг ким эканликлари номаълум. Телефон ҳар хил жойлардан бўлаяпти. Александр Петрович сизни топиб келишимизни буюрди. Хуллас, сиздан бошқа ҳеч ким Машани қутқариб қололмайди. Чунки Александр Петровичда ҳали бунча пул йўқ.

— Қаерда? Қандай жойда, ўзи, у?! — дедим мен асабийлашиб.

— Тахминий манзил бор. Лекин у ер Александр Петровичнинг қўли етмайдиган жой, — деди Саша.

— Мен боришим учун бир-икки кун ўйлаб кўришим керак.

— Вақт жудаям зиқ, тўрт кун муҳлат беришган. Икки куни ўтди. Яна икки кундан кейин... фойдаси бўлмайди... — дея гапга аралашди Андрей.

Мен қарсиллатиб хонтахтани муштладим.

— Ўзи ҳозиргина келдим. Ўшанақанги... Падарингга лаънатлар!

Бошимга оғриқ кирди. Устма-уст келаётган бу муаммолар ҳиқилдоғимга келган эди. Нима деяримни, нима қиларимни билмасдим. Қон кечиб келганим совимай туриб, иккинчиси бўй кўрсатиб турса, додингни кимга айтасан!

— Собир, — деб қолди бир маҳал эшикдан кириб келган отам, — сенга кўп ёрдам берган одам экан. Бошига ташвиш тушиб қопти, шундай пайтда ўзингни четга оласанми?

— Ота, безиб кетдим шунақанги ишлардан! Нимага мени тинч қўйишни ҳеч ким хоҳламайди? Мениям болам бор... Бир марта ёрдам берган бўлса шуни пеш қилиш керакми? Аллақачон узганман қарзимни!

— Собир, яхшики манавилар, — дея отам кўзи билан меҳмонларга имо қилди, айни чоғда улар умид билан отамга термилиб туришарди, — гапларингни тушунмайди. Бўлмаса қаттиқ хафа бўлишарди. Яхшилаб танангга ўйлаб кўр. Сен кимларнингдир қўлида азобланаётган қизнинг ўрнига хотинингни қўйиб кўр.

Отамнинг гапларидан мен баттар тутақиб кетдим. Нега энди мен Машанинг ўрнига Барнони қўйиб кўришим керак? Ахир, улар бутунлай бошқа-бошқа дунё-ку... Тўғри, у ҳам Барнодай ўзини менга бахшида қилувди. Яхши кўриб қолувди. Керак бўлса ҳамма нарсага тайёр бўлганди мен учун... Лекин... лекин-пекинга бало борми? Барибир улар бошқа-бошқа... Александр Петрович менинг уйланганимни билмасмикин? Билмагани учун, қизимни яхши кўрса келиб қутқаради, деган умидда...

Ғамгин ҳолда ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим. Ҳовлида юрган Барно мени кўрди-ю, югургилаб ёнимга келди.

— Тинчликми, Собир ака?! — деди ҳаяжондан қалтираб. — Ким экан улар, нимага келишибди?

— Бахтиёр қаерда? — дея сўрадим унинг саволига жавоб бермасдан.

— Уйда, ўйнаб ётибди.

— Бекор бир ўзини қолдирибсан, — деб мен Бахтиёр ўйнаётган хона томон юрдим.

Табиийки, Барно ҳали тузук-қуруқ кўришмаганди, ортимдан эргашди.

Ўғлим билан хотинимни соғиниб кетган эканман, ҳар иккисини ҳам талай муддат қучоғимдан қўймадим. Барно эса ўзининг бир-биридан тотли ўпичлари билан мени сийлади. Кетганимга бор-йўғи уч кун бўлганди. Шу вақт қанчалик узоқ туйилиб кетди менга, агар Россияга кетадиган бўлсам, қандай чидайман буларсиз, ҳайронман.

— Барно, — дедим хотинимнинг сочларидан силаб, — мен яна сафарга кетаяпман.

У хўрсиниб қўйди. Эҳтимол, шу дамда менга текканидан пушаймон егандир. Тақдиридан нолиган бўлса ҳам ажаб эмас. Ўрнида бошқа бўлганда ҳам шундай қилар эди-да. Аслида, менга ўхшаганлар уйланмай ўтса дурустроқ бўлармиди...

— Ўқишингиз тез тугадими? — дея сўраб қолди Барно.

Шундагина менинг хаёлимга кетар чоғимда уни ўқишга кетаяпман, деб алдаганим ёдимга тушди. Отамга ҳам шу гап айтилганди. Лекин у ўқишинг нима бўлди, деб бир оғиз ҳам сўрамади-ку. Кейинчалик менинг қаерга кетганимдан хабар топдимикин?

— Бунисиям шунга ўхшаш нарса, — дедим мен Барно берган саволга бошқа гап тополмай.

— Тез қайтасизми?

— Билмадим.

— Бошқа бормайсизми?

— Балки.

— Қийналаяпсизми?

— Сизларни соғинаман.

— Сиз кетсангиз менинг ҳам куним ўтмай қоляпти.

— Ҳаракат қиламан тез қайтишга.

— Собир ака.

— Нима?

— Бир хил пайтлари сизни тушунолмайман. Жуда тез ўзгариб қоласиз.

— Ҳали тушуниб оласан ҳаммасига.

— Биз бахтлимизми?

— Буни ўзингдан сўра.

—...

— Иккиланаяпсанми? Бунинг учун мен айбдорман.

— Ҳечам унақамас, мен сизни севаман. Ўзимданам кўпроқ.

— Демак, бахтлимиз. Лекин мен озгина вақтга Россияга бориб келишим керак.

— Анавилар шунинг учун келишибдими?

— Ҳа.

— Фақат ўзингизга эҳтиёт бўлинг. Ўғлингиз иккаламиз сизни интизорлик билан кутамиз. Мен сизга ишонаман.

Висол дамлари шу билан тугади. Мен ташқарига чиқдим. Ундан кейин меҳмонлар ўтирган хонага кирдим. Уй ичидаги учала одамнинг ҳам кайфияти йўқ эди. Ҳаммаси хўмрайибгина ўтирарди. Иккала ўрис йигитни тушунса бўлади. Аммо отамга нима бўлди? Наҳотки жаҳаннам домига мени жўнатаётганини тушунмаётган бўлса? Ҳар доим уруш-жанжалдан қайтараётган одам, бугун...

— Собир, мен номардликни кўтаролмайман, — деди отам дастурхондан кўзини олмаган кўйи.

Унинг овози ўкинишга йўғрилиб чиқди. Менинг ичим эзилди.

— Бораман, ота, бораман... — дедим мен.

Сўнг бу гапларимни рус тилида ҳам такрорладим. Йигитларнинг кўзлари чарақлаб кетди. Юзларидаги хафақонлик бирпасда кўтарилиб, ўрнини табассум эгаллади.

— Бугун кечки рейсга самолётга билет гаплашиб қўйганмиз. Шу ердаги биродарлар ёрдам беришди, — деди Андрей.

Тавба, буларнинг ҳам биродарлари бор-а, фақат мен бечоранинг ўзи ёлғизманми, дейман?

Ҳамманинг чиройи очилганидан кейин у ёқ-бу ёқдан гаплашишга тушишди. Чой ҳам ичилди. Отам менга: “Анави дардисардан топиб кел”, деди. Отам назарда тутган ароқни, биздан икки уй нарида йўл ёқасига кичкинагина дўконча очиб олган Қаҳҳор аканикидан олиб келдим.

Икки соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин йўлга тушдик. Барно йиғлади. Унга Бахтиёр ҳам қўшилди. Худди кўп нарсага ақли етадиган одамчадай. Отам эса хомуш ҳолда кузатди. Мен уйдагилар билан кўришгандай ҳам бўлмадим.

Самолётда кетиб борарканман, ўтган умримни яна бир маротаба ёдга олдим. Ачиндим ва ўз-ўзимга қасам ичдимки, “Бу охиргиси, шу ишни тугатаман-у, иккинчи маротаба, Александр Петрович у ёқда турсин, отам илтимос қилган тақдирдаям қилмайман”.

* * *

Александр Петровичнинг ўзи мени Москва аэропортида кутиб олди. Қучоқлади-ю, йиғлаб юборди. Ўтган вақт ичида унинг сочлари бутунлай оқариб кетибди. Озибди, юзидаги ажинлари кўпайибди. Қадди ҳам озгина букчайгандай туйилди менга.

— Келишингни билардим, — деди у кўзидаги ёшларини кафти билан артиб.

— Хафа бўлманг, ҳаммаси жойига тушиб кетади, — дедим унинг кўнглини кўтариш мақсадида.

— Ҳа, сен келдинг, энди жойига тушиши аниқ... Узр, ўзимни тутиб туролмадим. Ҳали саломлашмасдан дардимни тўкиб солаяпман. Худди гўдак отасига арз қилгандай.

— Унақа деманг. Биз ака-ука бўп кетганмиз-ку, сизнинг дардингиз менга ҳам тааллуқли.

— Раҳмат, машинага юр, — деб у мени етаклади.

Биз иккита қоп-қора “Мерседес” ёнига бордик. “Александр Петрович анча-мунча бақувватлашибди”, деган ўй ўтди хаёлимдан. Чунки мен собиқ СССРга бунақанги машиналар кириб келганлигини ҳали билмасдим. Шундай бир нарса миямга ўрнашиб қолган эдики, чиройли машиналар фақат чет элларда бўлади, деб ўйлардим. Шунинг ўзи менинг анча-мунча орқада қолиб кетганлигимдан далолат берарди.

— Мени бошқа бир жойга олиб бориб ташланг. Мутлақо сиздан узоқда юрайин. Кейин бирорта оддий машина беринг, — дедим Александр Петрович машинада қизни қандай қилиб ўғирлаб кетганликлари ҳақида гапириб бўлганидан кейин.

— Нега? — деди у ҳайрон бўлиб.

— Сиз билан бирга юрганлигимни ҳеч ким кўрмаслиги, билмаслиги керак. Сиз телефон қилганлардан яна озгина муҳлат сўранг. Ҳеч қурса ярим кун. Мен унгача “объект”ни назоратдан ўтказиб қўйишим керак.

— Ҳаммаси сен айтгандай бўлади, — деди Александр Петрович бир оз ўйланиб турганидан кейин.

Иккала машина олдинма-кейин тўхтади.

— Ванька, — деди машина эшигини очган Александр Петрович.

Орқа машинадан тушиб қараб турган йигит югуриб унинг ёнига келди.

— Ўрмондаги, анави чала қурилган дачага Собирни олиб борасан. Кейин машина олиб бориб бер, “Жигули”, янгисидан бўлсин, — деди.

Сўнгра менга қараб қўйди. “Қалай, бўладими?” қабилида.

Мен бош бармоғимни тепага кўтариб, “Окэй”, дедим.

Шу билан Александр Петрович билан вақтинчалик ажрашдик.

Унинг дачаси ўрмоннинг қоқ ўртасида экан. Ўзи айтганидай, бир томони тўлиқ битган, иккинчи томонига ғишт терилган-у, лекин усти ёпилмаган эди. Ёмғиру қор остида қолаверганидан терилган ғиштнинг устки қисми ивиб, уваланиб қолибди.

— Қачон одам келган бу ерга охирги марта? — деб сўрадим Ванькадан.

— Тўғриси, билмайман.

— Бўпти, сен боравер, ўзим жойлашиб оламан, — деб машинадан тушдим-да, сумкамни кўтариб ярим вайрона иморат томон кетдим.

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ярим соатдан мўлроқ жой қидирдим. Одам ётиши, дам олиши мумкин бўлган ернинг ўзи йўқ эди бу ерда. Жаҳлим чиқди. “Александр Петрович мени ким деб ўйлаяпти! Бу ерда фақат ҳайвонларгина тунаши мумкин-ку”, дея хаёлимдан ўтказдим. Сал кўздан панароқ бир жой топиб, сумкамни қўйдим-да, қуруқ шох-шабба ахтариб ташқарига чиқиб кетдим.

То мен ўзимга қулайроқ капа қургунимча Ванька қайтиб келди. Уни кўрганимдан кейин бояги аламим бўғзимдан отилиб чиқди.

— «Бомж»лар ҳам бу ерга нисбатан қулайроқ жойда яшашади, мени одаммас, деб ҳисобладингларми?! — дедим жаҳл билан.

— Бошқа жойни...

— Бўлди, керакмас энди ҳеч нарса, кетавер. Александр Петровичга жуда-а қулай жойлашганлигимни етказиб қўй! — дея чайлага кетаётган эдим, орқа томонимдан қиз боланинг қиқирлаб кулгани эшитилди.

Ҳайрон бўлиб тўхтадим-да, ортимга ўгирилаб қарасам, Ванянинг машинасидан қип-қизил калта юбка кийган, кўкраги кенг очиқ кофтасидан икки сийнанинг ярми кўриниб кўзнинг “жонини” суғуриб оладиган, оёқлари узун, сап-сариқ сочини орқасига ёйиб ташлаб олган қиз тушиб мен томонга нозланиб кела бошлади.

— Сизга ким керак, хоним? — дедим хунобим ошиб.

— Айнан сиз, — деди қиз баттар нозланиб.

“Маша йўқолмаган. Александр Петрович менинг бошқасига уйланганимни эшитиб, жаҳли чиққанидан шу йўл билан ўч олмоқчи”, деган ўй яшин тезлигида хаёлимдан ўтди.

— Йўқол! — дея унга қараб бақирдим.

Худди шу маҳал менга аталган машинани миниб келган йигит билан Ваня ўзлари ўтирган машинага газ бериб орқага катта тезликда қайтиб кетишди.

— Ҳов, итдан тарқаганлар! — деб ерда синиб ётган таёқ бўлагини олдим-да, уларнинг ортидан отдим. Йўқ, таёғим етиб бормади. Улар жуфтакни ростлаб қолишга улгуришди.

— Сенга пишириб қўйибдими бу ерда! — дея бақирдим қизга ғазаб билан.

— Менга сизни зериктирмаслик топширилган, — деди у майин товушда.

— Ким айтди мени зерикиб қолди, деб? Ҳали жойлашишга ҳам улгурганим йўқ-ку. Қани, ортингга бурил-да, келган жойингга қараб жўна!

— Қўрқаман, бу ердан энди чиқиб кетолмайман, — деди у ранги гезариб.

— Мен билан қолишга қўрқмайсанми?

— Йўқ, — дея тиржайди у.

— Бунчалик хунуксан, тузукроғи қуриб кетганмиди? — дедим мен атай уни камситиб.

Ваҳоланки, гўзалликда тенги йўқ эди унинг. Аммо ҳозир бунақанги гўзалнинг менга мутлақо кераги йўқ эди.

— Хунукманми? — деди у бошини эгиб.

— Ҳа, бундан баттари бўлмайди. Қораялоқ ҳам сенинг олдингда чиройлироқ, — деб машинанинг олдига бордим ва юкхонасини очдим.

У ерда турли-туман егуликлар билан бирга битта автомат ва иккита тўппонча ўқлари билан турарди. “Ҳартугул шунга қолганида адашишмабди”, дея пичирладим.

Юкнинг ҳаммасини ўзим қурган чайланинг ёнига олиб бориб қўйдим, сўнгра машинанинг орқа ўриндиғини ечиб олиб, уни ҳам “уй”га киргиздим. Ва устига чўзилдим. Бир оз кўзимни юмиб ётдим. Шу маҳал юзимга бир нарса тегавериб ғашимни келтира бошлади. Бу хушбўй атир ҳиди келиб турган анави қизнинг сочи эди. Билсам-да, бир оз индамай ётдим. Индамасам қиз энди юзимни нозик бармоқлари билан силашга тушиб кетди. Бирдан унинг билагидан қаттиқ сиқиб ушлаб олдим. Қиз қўрққанидан бақириб юборди.

— Нима қилаяпсан? — дедим ўрнимдан туриб ўтирарканман.

— Мен... мен... ҳалиги... — дея довдирашга тушди қиз.

— Ажалингдан беш кун бурун ўлишни истамасанг ёнимга яқинлашма, тушундингми? — дедим паст, аммо қаҳрли овозда.

У “хўп”, дегандек бош силкиди. Шундан кейин унинг қўлини қўйиб юбордим-да, сумкамни титкилаб, Александр Петрович берган дафтарни олдим. Ва яна қайта жойимга чўзилиб уни варақладим. Машани Волга дарёсининг бўйидаги, бизнинг тилда айтадиган бўлсак, чайлага яшириб қўйишгани ҳамда у ернинг уч томони сув билан ўралгани ва қуруқлик томонидан биттагина йўл олиб бориши дафтарда ёзилган экан. Қаламда харитаси ҳам чизилган. Буларни кўриб тутақиб кетдим. Сўкиндим. Москва қаерда-ю, Волга дарёси қаерда? Ўрнимдан сакраб тургандим, икки қадамча нарида хаёл суриб ўтирган қиз чўчиб тушди.

— Ҳамма нарсани машинага орт, кетамиз, — дедим-да, ўзим машина ўриндиғини кўтариб олдим.

Машинада ярим соатча юрганимиздан кейин ўрмон ичидан чиқдик. Бу пайтда қуёш энди-энди уфққа ёнбошлай бошлаганди. Газни қаттиқроқ босдим, машина тезлашди, деразани очиб қўйганим боис совуқ ҳаво салонга кириб, этимни жунжиктира бошлади. Ойна орқали қарасам орқа ўриндиқда ўтирган қиз қунишиб кетибди. Уни кўриб янада тезликни оширдим. Қиз энди ростакамига қалтирашга тушди. Бечора шунчалик мендан қўрқиб қолибдики, ҳатто гапиришга тили бормаяпти.

— Совуқми? — дедим киноя билан.

— Ҳа-а, — деди ияги такиллаб.

— Қалинроқ кийинмаганингдан кейин бундан баттар бўл!

— Мен сизни иситиб қўядими, деб ўйлагандим.

— Чучварани хом санаганингни энди тушунаяпсанми? — десам-да, қизга ичим ачиганидан машина ойнасини кўтариб печкани ёқдим.

Бир оздан кейин ойнадан қизни тағин кузатдим. У энди бутунлай ястаниб олган эди.

— Исминг нима? — дея сўрадим.

— Наташа, — жавоб қилди у.

— Қаерликсан?

— Новосибирскдан.

— Бу ерларда нима қилиб юрибсан?

— Ўқишга келгандим. Александр Петровичнинг йигитларидан бирининг қўлига тушиб қолдим. Тўғрироғи, Артурни севгандим. У билан дискотекада танишгандик. Унинг мафиозларга алоқаси борлигидан хабарим йўғиди-да.

— Хабаринг бўлганида севмасмидинг?

— Барибир севардим. У ёқимтой йигит эди.

— Нега «эди»?

— Икки ой бўлди, ўлдириб кетишди...

— Дарров уни унутиб, тўғри келган билан ётиб юрибсанми?

— Жа, унчаликмас. Чиройли бўлганим учун сенга ўхшаган меҳмонларгагина тортиқ қилишади.

— Ким, Александр Петровичми?

— Билмадим, уни ҳали кўрганимча йўқ. Менимча, у бунақанги буйруқларни бермаса керак. Йигитларига зериктирманглар деса, улар ўша одамни қиз билан таъминлаш зарур деб тушунишса керак-да.

— Мен сени ўша йигитларнинг чангалидан қутқарсам, яна ўқишга кириб тинчгина яшайверасанми?

— Йўқ. Шу ҳаётга ўрганиб қолдим. Куним ўтмай қолади. Ўқишга киришга эса энди миямда ҳеч нарса йўқ. Ҳаммаси ҳавога учиб кетди...

— Тушунарли, — дедим мен ва бошқа савол бермадим. “Шу қизгаям қийин”, дея хаёлимдан ўтказдим.

— Сизнинг хотинингиз борми? — дея сўраб қолди у бир маҳал.

— Бор. Уни қаттиқ яхши кўраман, — дедим мен унинг кейинги саволига ҳожат қолдирмай.

— Буниси кўриниб турибди. Лекин сизнинг қандай қилиб бировни севишингиз мумкинлигига сира ақлим етмаяпти. Роса тошбағирсиз-ку.

Менинг кулгим қистади. Лекин буни билдирмадим ва ўзимни ҳайрон қолган кўрсатиб:

— Нега? — дея сўрадим.

— Шундоққина кўриниб турибди.

— Бўлса бордир. Шаҳаргача ҳали кўпми? — дедим гап мавзусини бошқа томонга буриш мақсадида.

— Қирқ километрча келади.

Шу билан гапга нуқта қўйилди. Мен хаёлимни жамлаб Александр Петрович билан бўладиган учрашувга тайёргарлик кўра бошладим. Бунақанги аҳмоқона иш учун уни яниб олиш ниятим ҳам йўқ эмасди. У ёқда мени шошириб оилам билан бир кун бўлишимга ҳам қўймасдан олиб келишади-да, бу ерда бунақанги қилиқ кўрсатиб туришса, алам қилади-да одамга, яна қаердаги қиз билан кунимни кўнгилхушликда ўтказсам. Илгари бу менга янгилик эди, қизиқ эди. Лекин энди у давр ўтди. Барнога хиёнат қилиш ниятим йўқ...

Очиғи, бўйнимга теккан иссиқ қўлдан чўчиб тушдим ва бирдан ойна орқали ортимга қарасам, Наташа кўксини очганича эҳтирос билан қўллариму елкаларимни силаяпти.

— Нима қилаяпсан? — дедим энсам қотиб.

— Машинада шуғулланишни хуш кўраман, — деди у илжайиб ва энди қучоқлашга тушди.

— Ўзингни босмасанг, мана шу ерда тушириб қолдираман, — дедим мен ортиқча асабийлашмай.

— Уф-ф, — дея у ўзини ўриндиққа ташлади. Ва аразлаб ойнага қараб олди.

Ўн беш дақиқалардан кейин шаҳарга кириб келдик. Биринчи телефон будкасига кўзим тушиши билан машинага тормоз бердим.

— Ишламайди, — деди Наташа, энди машина эшигини очаётган эдим. — Яхшиси, бирорта кафедан телефон қил.

Ноилож машинани яна жойидан қўзғатдим. Кўп юрмадик. Чамаси беш юз метрлардан кейин ресторан чиқди. Наташа кулди. Кулгиси тушунарсиз эди. Шу боисдан ҳам унга ўгирилиб қарадим.

— Бу ерга кирсанг, — деди у қарашимнинг мазмунини ўзича уқиб, — тирик чиқмайсан. Бандитларнинг уяси. Александр Петровичнинг ҳам қўли етмайди бу ерга.

— Ҳартугул жасадим чиқаркан-ку. Сен мошинада ўтириб тур. У ёғи бир гап бўлар.

Ресторан эшиги ёнида иккита мастга тўқнашиб кетишимга сал қолди. Улар ичкаридан бир-бирини суяб чиқишаётган экан. Менга кўзлари тушганидан кейин:

— Кўзингга қарасанг ўласанми, ит! — дея бўкирди сал ўзини биладигани.

Бу гап бирдан менинг асабимга тегиб кетди. Жон жойига ўхшатиб иккита мушт туширай дедим-у, бироқ ўзимни босдим. Чунки улар нима деяётгани ҳам у ёқда турсин, юриб кетаётганлигини билмасди. Шундай одамсифат махлуқлар мени кўриб қолганини қаранг.

Ичкарига кирсам, ҳаммаёқ тутун. Нафас олишга одам қийналади. Хўрандалар тўда-тўда бўлиб ичишаяпти. Қий-чув авжига чиққан, ким нима деяётганлигини билмайди. Хуллас, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Индамай уларнинг ёнларидан ўтдим-да, тўғри буфетга яқинлашдим.

— О-о-о, янги мижоз! — дея бўкирди орқа томонимдан кимдир дўрилдоқ овоз-да.

Аммо мен ўгирилиб ҳам қарамасдан йўлимда давом этдим. Сотувчи ҳар тугул пича одамшаванда экан. Дарров телефонни узатди. Александр Петрович билан қисқагина гаплашдик. Мен зудлик билан кўришишимиз зарурлигини айтдим. У турган жойимни сўради. Айтишим билан: “Тез у ердан чиқиб кет, йигитлар етиб боришади!” деди. Аммо мен тез чиқиб кетишга улгурмадим. Кўринишидан қоқ суяк, арвоҳга ўхшайдиган бир нусха келиб:

— Сен мендан сигарета қарзсан, — деди чайқалиб.

— Қанақасига? — дедим ҳайрон бўлиб.

— Кирганинг учун. Энди бир блок қарзсан, гапимни қайтарганинг учун.

— Тошингни тер! — дея четга суриб ўтиб кетаётсам, у оёғимни чалишга уринаяпти.

Бурилдим-у, башарасига чунонам тепдимки, буфетдаги оппоқ кўйлакли сотувчининг олдига тушиб типирчилаб қолди. Шундан кейин чамамда қиёмат қўпди. Турли томондан идиш-товоқлар, стуллар учиб кела бошладики, чап беравериб чарчаб кетдим. Энди ёнимдаги тўппончани олиб шифтга ўқ узмоқчи бўлганимда, тош кўтарувчиларга ўхшайдиган, башаралари ғазабнинг зўридан ғижим бўп кетган иккитаси махлуқларга ўхшаб яқинлаша бошлади. Ҳар хил нарсалар улоқтирилиши тўхтади. «Начора, пешонамда яна битта олишув бор экан. Иложим қанча», дея ишга киришдим. Барзангилардан бири пўкки экан, қорнига туфлимнинг учи тегиши билан ерга қулади. Лекин иккинчиси башарасига теккан муштга парво ҳам қилмади. Ҳатто бу унга хуш ёққандай иржайди. Қўли билан имлаб яна уришга даъват қилди. Агар унинг жон жойига урмасам, йиқитишим қийин бўлишини тезда илғадим ва ўзимни ерга ўтираётган кўрсатиб, оёғим билан чотига зарба бердим. Барзанги, чамамда, буни кутмаганди. Икки қўли билан нозик жойини ушлаганча энкайиб қолди. Менга эса яна буюмлар улоқтириш бошланиб кетди. Нималигини билмадим-у, лекин тарелкага ўхшаш бир нарса пешонамга тегиб чил-чил синди. Қоним қайнаб кетди. Бунисига чидолмадим. Икки марта сальто қилиб ўтиб, биринчи дуч келганини аямасдан тепдим, яна биттаси мени уришга чоғланганида қўлини ушлаб орқасига қайириб синдирдим. Шундан кейин улар тумтарақай қочишга тушиб кетишди.

— Уришмайсанларми, тўхталаринг! — дея бақирдим уларнинг ортидан. Аммо улар менинг гапларимни эшитиш аҳволида эмасдилар.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм

Саккизинчи қисм

Тўққизинчи қисм