euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Олтинчи қисм)

360 full reads
442 story viewsUnique page visitors
360 read the story to the endThat's 81% of the total page views
13,5 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Олтинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
  • (Олтинчи қисм)

Бош врачнинг хонаси туғруқхонага кирилганидан кейин йўлак бўйлаб чап томонга юрилса бешинчи эшик экан. Бундай ўйлаб қаралса, бир дақиқага ҳам қолмасдан етиб олинади. Лекин назаримда шунчалик узоқ юрдикки, анча вақт ўтиб кетгандай бўлди.

Кўзойнагини пешонасига қўйиб олиб алламбало қоғозларни кўриб ўтирган бош врач менга кўзи тушган ҳамон ўрнидан ҳам турмай рўпарасидаги столни кўрсатиб:

— Ўтиринг, — деди майин овозда.

Унинг юмшоққина гапидан мен баттар титраб кетдим. Кўнглимда Барнога бирон нима бўлганлигига шубҳа қолмади. Ич-этимни еяётган эсам-да, умид билан оқ халатли киши кўрсатган жойга омонатгина ўтириб, савол назари билан унга қарадим. Бош врач шошилмасдан қоғозларини тахлаб, столнинг бир четига қўйганидан кейин менга юзланди:

— Ука, гап бундай, ҳозир хотинингизнинг олдига кирасиз. Тўғрисини айтсам, у туғишга анча қийналаяпти. Битта усул қолди. Шуни қўллаб кўрамиз. Агар шундаям ўзи туғолмаса, операция қилишга тўғри келади...

— Ўзи... ўзи яхшими? — дедим мен дўхтир ҳали гапини тугатмасидан бурун ҳаяжонимни босолмай.

— Яхшиликка, яхши. Лекин туғиш эркаклар ўйлаганчалик осонмас... Ҳозир гапни чўзиб ўтирмайлик. Мен айтган нарсани қиласиз. Бошқа илож йўқ. Туғиб олсин, кейин ҳамма нарсани тушунтириб бераман. Унгача ғинг демай айтганимни қилиб турасиз. Албатта, соғлом хотин билан бола керак бўлса.

— Керак!.. Керак, дўхтир!

— Туринг, кетдик.

Мен ўша дамда нималар содир бўлаётганлигини англаш аҳволида эмас эдим. Юрагимни қаттиқ қўрқув эгаллаб олган. Ичимда хотинимнинг эсон-омон кўз ёришини Худодан илтижо қилардим.

Туғдириладиган хона ёнига борганимиздан кейин:

— Хотинингизнинг бош томонида туриб, унинг сочларини силанг, далда беринг. Ҳаммаси осонгина ўтиб кетишини айтиб туринг. Тушундингизми? — деди дўхтир.

Мен “ҳа” дегандек бошимни қимирлатдим.

— Унда ичкарига киринг, эсингиздан чиқарманг, бола билан хотин кўпроқ сизга керак.

Тўрт девору поли кафелланган совуқтоб хонанинг деразага яқинроқ жойидаги махсус елим каравотда Барно шифтга қараганча инграб ётар, унинг ёнида семиздан келган (тўлачадан эмас, айнан семиздан келган), ёши қирқлар атрофидаги оқ халатли аёл:

— Эринг билан бирга бўлишни қотирасан. Туғишга келганда... — дея бақириб мен томонга қаради-ю, қошлари чимирилиб кетди.

Яхшики орқамдан бош врач кириб келгани, йўқса ким билади бу аёл мени бошқа елим каравотга ётқизиб ташлармиди. Унинг биргина қош чимириб қарашидан ниҳоятда қаҳрли эканлиги шундоққина кўриниб қолганди.

Бош врач елкамдан туртди. Туртки мазмун-моҳиятини тезда илғаб, Барнонинг тепасига бордим-да, юзлари-ю сочларидан силадим.

— Ҳаммаси яхши бўлади!.. Дарров ўтиб кетади... Ҳеч нарсадан қўрқма, мен ёнингдаман!..

Бунга жавобан Барно ингради. Юзи шунчалик аянчли тус олдики, йиғлаб юбораёздим. “Ё Худо, ўзинг кўмак бер! Агар шунақа бўлишини билганимда мутлақо юкли қилмаган бўлардим”.

— Бўйин томирларини силанг, — деди қаҳри қаттиқ аёл менга.

— Ҳозир, бир минутга қолмай ўтиб кетади, қийналмайсан ҳам, — дея довдираганча аёл айтган юмушни бажара бошладим.

Ўша лаҳзада Барнонинг тепасида Қозоғистон чўлида йўлиққан, сўнг Бўрибой чолнинг жасади устида кўриниш берган кампир пайдо бўлди. Юрагим товонимга тушиб кетаёзди. Титроқ босди. Пешонамдаги тер қошим ораларидан ўтаётганида у ердагиларни ҳам ўзига қўшиб катталашганидан кейин, киприкларим орасини ёриб ўтиб кўзимга тушди ва у ердан ёш бўлиб оқиб чиқди.

Кираётганимда совуқдайин туйилган хона ниҳоятда исиб кетгандай бўлди, нафас олишим қийинлашди. “Наҳот эндиги сафар бу кампир жон олгани келган бўлса?!” деган совуқ ўй миямга урилиб, уни ҳайдамоққа шайланганимда:

— А-а-а!!! — дея Барно чинқириб юборди. Унинг овоз тўлқинлари ҳали ҳавога сингиб улгурмай унга “Инга!” деган ажиб бир товуш уланди. Мен бирданига хотинимга қарадим. Унинг лаблари бир оз титраган, оқариб кетган юзида ним табассум бор эди. Сочлари эса жиққа ҳўл бўлганди. Буларнинг барига эътиборсиз қарадим. Мен учун муҳими, кампир унинг жонига чанг солган-солмагани эди. Биринчи сафарги кампирнинг ташрифи мени сақлаб қолганди. Бунга менда заррача ҳам шубҳа йўқ. Лекин у Бўрибой чолнинг устида пайдо бўлганида нимани аён қилганини ҳали-ҳануз англаб етмагандим. Агар у ўшанда ҳам менга ёрдам бериб кетган деб ҳисобласам, унда буларнинг бари бекорга бўлмаган, эвазига нимадир талаб қилган. Бир пайтлар ўқитувчимиз: “Ҳаётда биронта ҳам воқеа-ҳодиса ўз-ўзидан рўёбга чиқмайди, унга нимадир сабаб бўлади. Ва албатта, ҳар қандай нарса, агар у сенга яхшилик келтирса, қарз эвазига берилади. Шунингдек, мўъжизалар ҳам”, деганди. Эвазига Барнони бераманми? Йўқ, ҳеч қачон! “Йўқол”, демоққа шайланиб, кампир турган жойга нигоҳимни ташладим. Аммо у ғойиб бўлишга улгурган экан.

— Ўғил муборак, йигит, — деди бояги қаҳри қаттиқ аёл.

Унга юзландим. Ё алҳазар, у бир дақиқанинг ичида мунис, меҳрибон аёлга айланибди.

— Раҳмат, Барно яхшими? Барно эсон-омон...

— Кўриб турибсиз, она-боланинг иккаласи ҳам соппа-соғ, — деди аёл менинг довдираётганлигимдан кулиб ва чақалоқни Барнонинг қорни устига қўйди. Ингалаб йиғлаётган гўдак дарров овуниб қолди.

— Хайрият!..

— Энди сиз чиқиб кетаверинг. Ҳа, айтганча, узоқ кетиб қолманг, кераксиз, — деб у ёнидаги шеригига сирли қараш қилиб қўйди.

Ташқи эшик ёнида мени бош врач кутиб турган экан. Мен ёнига борганимдан кейин қўлимни сиқди-да:

— Табриклайман, — деди жилмайиб ва ўзининг хонасига бошлади.

Кириб аввалги жойимга ўтирганимдан кейин у бир пиёла чой узатди, сўнг:

— Энди гаплашиб олсак ҳам бўлаверади, — деди.

— Нима ҳақда? — дедим мен чуқур нафас олиб.

Аслида, унинг нима демоқчи эканлигини сезгандай эдим. Тўғрироғи, гумон қилиб тургандим. Яъни, “ука, ўзинг кўрдинг, хотининг анча қийналди. Биз ҳам кўп тер тўкдик. Мана, омон-эсон қутулиб олди. Бу ёғига кўнглингдан чиқарганингга озгина қўшиб берасан. Бизниям тирикчилигимиз шу...” ва ҳоказо. Аммо кутилмаганда у бошқача гапни бошлаб юборди:

— Сизга тўғрисини айтай, бугун мен эксперимент ўтказдим. Очиғи, бунчалик муваффақият келтиради деб ўйламагандим!

— Қанақа “эксперимент”? Мен тушунмаяпман!

— Бу усул аслида жаҳонда аллақачонлардан бери қўлланиб келинади.

Мен унинг юзига анқайиб қараб қолдим. Бош врачнинг қанақа усул ҳақида гапираётганлигини мутлақо тушунмаётгандим.

— Бўпти, бошидан бошлайман. Ким бўлишингиздан қатъий назар, барибир медицинага ақлингиз етмайди. Илгарилари ҳомиладор аёл туғаётганида унинг ёнига яқинларидан биронтаси йўлатилмасди. Аёлнинг туғишига халақит беради, дейишарди. Ваҳоланки, ундай эмас. Қайтанга ёрдам беради. Бу Европада аллақачон исботланган. Буни ҳамма билади. Лекин сиёсатга тўғри келмасди. Чунки агар лозим бўлиб қолса, чақалоқ алмаштирилади. Албатта, бундай воқеалар камдан-кам содир бўлади... Кейинги “саҳна” ҳаммасидан даҳшатли. Яъни, бола туғилганидан кейин уч кун мобайнида онасига беришмайди. Бу вақт мобайнида гўдак бошқа аёл сути билан озиқланади. Биласизми, нима учун?

— Билмайман...

— Миллатни ногиронлаштириш учун. Соғлом ота-онадан соғлом бола туғилган тақдирда ҳам гўдакка биринчи марта қанақанги онанинг сути берилса, у келажакда худди шунақанги бўлиб вояга етади. Айтайлик, сут ақли ноқис, пиёниста, чекувчи, ичиқора, бахил онаники бўлса, чақалоқ ҳам вояга етганидан кейин худди шу амалларни қилади. Шунинг учун, агар эътибор бериб қарасангиз, баъзан одам ҳавас қиладиган оилаларда бемаза болалар вояга етади...

— Менинг боламгаям биринчи марта бегона сут эмиздириларкан-да...

— Сизга айтдим-ку, эксперимент ўтказаяпмиз деб. Ярим соатлар ичида хотинингиз палатага ўтказилади, ундан кейин ёнига чақалоғига жой қилиб берамиз. Хуллас, ҳаммаси жойида бўлади...

Бош врачнинг хонасидан чиққанимдан кейин ҳам унинг гаплари қулоғим остидан кетмади. Хаёлимда кампир, қулоғим остида бош врачнинг гаплари, телбавор кетиб борарканман:

— Собир! — деган овоздан чўчиб тушдим.

Қарасам, туғруқхона ҳовлисида отам, Абдукарим ака, қайнонам турибди.

— Нима бўлди?! — деди мен ҳали гапиришга улгурмасимдан кўзлари косасидан чиққудек, юзлари қизарган, ҳаяжон босган қайнонам. Қолганлар ҳам шу аҳволда.

— Яхши, — дедим мен кўзимни ерга тикиб, — ўғил!..

— Онасиям, боласиям яхшими?! — ҳамон ҳаяжонда эди Абдукарим ака.

— Иккаласиям яхши.

— Бўмаса нимага бунча сувга тушган мушукдай келаяпсан? Нимага ичкарига чақиришибди?

— Суюнчи бераётганимда бош врач кўриб қолди. Кейин медсестрани койиди. Мени хонасига олиб кириб, анча бошимни қотирди. Шунга озгина кайфиятим бузилганди, — деб мен отамнинг сўроғига жавоб қилдим.

Очиғи, шунча ёлғонни бирдан тўқиб ташлайман, деб ўйламаган ҳам эдим.

— Ҳаммаям суюнчи беради-да. Шунга шунчамикин! Энди бу бетингдан бузилгур медсестралар қизим бечорага зуғум қилади-да. Шуни ўйламабсиз-да, куёв. Медсестраларни айбдор қилмаслик керагиди...

— Қачон қарама, минғир-минғир. Ҳеч шу қилиғинг қолмади-қолмади-да. Айтаяпти-ку, ҳаммаси яхши деб. Медсестраларам одам. Тушунади. Бу главврач кўрсин демаган-ку. Ўзим гаплашиб қўяман. Қизинг билан неваранг яхши бўлса бўлди, — дея хотинини гапиртирмай қўйди қайнотам.

Шундан кейин биз кетмоқчи бўлдик. Лекин қайнонам кўнмади. “Қизимни кўрмагунча кўнглим тинчимайди”, деб туриб олди. Ноилож яна беш дақиқача кутишимизга тўғри келди.

Туғруқхонадан оғзи қулоғида чиққан қайнонам аввал эри-ю отамни набира билан табриклади. Кейин менга ҳам: “Ўғил муборак бўлсин!” деди.

Орадан бир ҳафта ўтганидан кейин Барнони ўғлим билан бирга олиб келдик. Ҳамма бир овоздан ўғлимнинг менга ўхшашлигини айтишди. Лекин мен чақалоққа қанча тикилмайин, ўзимга тегишли бўлган аломат тополмадим. Бошқалар унинг менга қаерини ўхшатишаётганлигига ҳайрон эдим. Отам унга омадсиз бўлмасин, бахтсизликка йўлиқмасин деган ўйда Бахтиёр деб исм қўйди. Барно туққунича кўп сиқилганди. Албатта, буларнинг барига мен сабабчиман. Шу боисдан “ўғлимда биронта нуқсон йўқмикин”, деган ўйда уни тез-тез маҳалламиз дўхтирига кўрсатиб турдим. Ҳартугул гумонларим исботини топмади. Бахтиёрни ҳар сафар текширган дўхтир унинг соғломлигини гапириб мақтарди.

Кун кетидан кунлар, ойларни қувиб ойлар ўтаверди. Чақалоқ аста-секин каттариб, қилиқлар чиқара бошлади. Аввал у билан кўпроқ отам ўтирадиган бўлса, энди мен ҳам қўлимдан қўймай қўйдим (Бахтиёр бир-икки ойлигида тушириб юбормайин деб уни камроқ кўтарардим). Уйга келдим дегунча бирдан кўтариб оламан. У қийқириб кулади. Мен маза қиламан. Ана шу кезлари ҳамма ташвишлар менга унут бўлади. Ҳатто Баҳодир ака ҳам мени безовта қилмасди.

Вокзалдаги ишимни яна бошладим. Тўғри, у аввалгидай даромад бермасди. “Рақобатчи”лар кўпайганди. Улар арзимаган пул эвазига вагондаги юкларни тушириб ташлашар эди. Шундай эса-да: “Карвон кўп, ризқи бошқа”, деган хаёлда ишлайверардим. Орадан, чамаси, етти ойча вақт ўтганидан кейин атрофимга яхшилаб қарасам, замондан ортда қолиб кетаяпман. Менга ўхшаб фақат қора меҳнат билан шуғулланаётганларнинг куни ўтади-ю, лекин яйраб яшашига имкониятлари йўқ. Ўзим ҳам ўтган вақт мобайнида менга қўчқордай ўғил совға қилган Барнога тузук-қуруқ бирон нима олиб бермабман. “Агар замон шу тахлит давом этадиган бўлса, оиламдагилар қийналиб қолишади”, деб ўйлаб Барнога:

— Мен ҳам савдогарлик билан шуғуллансамми? — деб маслаҳат солдим бир куни.

— Аввал бирон марта ҳам бунақанги ишни қилиб кўрмагансиз, қийналиб қолмайсизми, бунинг устига, бизда ортиқча маблағ ҳам йўқ, — деди хотиним хавотирланиб.

Эркак зоти ҳамма нарсага чидаши мумкин. Буни неча-неча марта синовдан ўтказганман. Лекин ўзингга яқин бўлган аёлнинг бечораваш ўтириши олдида чидолмас экансан. Шарт ўрнимдан турдим-да, ташқарига чиқдим. “Йўқ, бунақаси кетмайди. Барно менга умримни хор қилиб ўтказасан, деб турмушга чиққани йўқ. У бошқалардан бахтли яшашга ҳақли ва шундай ҳам бўлади”, деган қарорга келдим-да, қайтиб уйга кирдим. Бешикни аста тебратиб, маъюс алла айтаётган Барнонинг ёнига тиз чўкиб, уни қучоқладим.

— Мана кўрасан, ҳаммаси яхши бўп кетади!..

— Ҳалиям ёмон эмас, — деди Барно кулиб. — Бошқалардан қаеримиз кам?

— Лекин барибир менинг кўнглим тўлмаяпти. Қандайдир, бошқача яшашимиз керак.

— Хўш, қанақа экан?

— Менам у-бу нарса олиб келиб, бозорда сотаман. Аста-секин бойиймиз.

— Бозорда ҳозир йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Аллақачон бозорни тўлдириб ташлашган.

Худди шу маҳал менинг хаёлимга ғаройиб ўй келди. “Ахир бошқаларга нисбатан менинг имкониятим катта-ку. Мен Россиядан одамлар олиб келолмаётган нарсаларни арзон баҳода келтиришим мумкин-ку. Нега олдинроқ шу нарса хаёлимга келмади? Бекорга бировларнинг юкларини белим чиққудек бўлиб юклаб-тушириб юрибман. Қанча умрни бекорга ўтказиб юборибман-а! Тўхта, Александр Петровичнинг ёнига борсам-чи! Унда Маша билан тағин рўбарў келаман. Уйланганлигимни эшитса фиғони фалакка кўтарилмайдими?.. Балки у ҳам аллақачон турмушга чиқиб кетгандир... Шошма, Александр Петрович менга ким бўлибдики, хоҳлаган пайтимда борсам ёрдам берадиган? Аллақачон мени эсидан ҳам чиқариб юборгандир...”

— Нега ўйланиб қолдингиз? — деди бир маҳал Барно.

— А-а, йўқ, ўзим шундай... Барно, балки ҳақиқатан ҳам омадим келиб қолар. Нима деб ўйлайсан? Ҳозир савдогарлик билан шуғулланаётганларни кузатсам, кундан-кунга аҳволлари яхшиланиб бораётгандай.

— Ҳаммасимас. Охирги марта келганида аям қўшнимизни гапириб қолди. Бечора тўртта молини сотибди савдогарлик қиламан деб. Кетма-кет уч марта олиб келган нарсалари ўтмабди. Ҳозир ейишга нони йўқ эмиш. Бунинг устига, ҳар куни уйида жанжал дейди.

— Фалончи шунақа бўпти, деб қўл қовуштириб ўтиролмаймиз-ку.

— Отам билан гаплашинг, рухсат берса, шуғулланинг.

Шу билан Барно иккаламизнинг тадбиркорлик тўғрисидаги гапимизга нуқта қўйилди. Отамга маслаҳат солиш учун қулайроқ пайт қидириб юрган кунларимнинг бирида эса (сўнгги пайтларда отам негадир тез асабийлашадиган бўлиб қолган. Озгина ёқмайдиган гап айтиб қўйсам бирдан “ёниб” кетарди), мактабда каратэ билан шуғулланаётган болалардан иккитасининг оталари келиб қолди. Бирининг ёши олтмишларда, иккинчиси элликнинг нари-берисида бўлса керак. Уларга бир қарашдаёқ ғам-ғуссага ботганлигини кўриш мумкин эди.

— Келингизлар, — дея уларнинг истиқболига юрдим.

— Сенми Собир? — деди ёши улуғроғи.

— Ҳа, менман, — дедим уларнинг қандай ташвиш билан менинг ёнимга келганлигига ҳайрон бўлиб.

— Сени анча изладик!..

— Тинчликми?

— Тинчликмас-да...

— Нима бўлди?

— Бировга айтишгаям бўмайдиган нарса бўлди, ука... — деди иккинчи одам йиғламоқдан бери бўлиб.

— Очиқроқ айтинг.

— Сенинг тўгарагинг бор экан-ку мактабда. Ўшанга икковимизниям боламиз қатнарди. Элёр билан Шерзод, — деди ёши улуғроқ киши.

— Яхши болалар. Энг чаққонлариям шу иккови. Лекин бир ойдан бери нимагадир келмай қўйди. Болалардан сўрасам, қаергадир ўқишга жўнатибсизлар...

— Ҳамма бало шунда-да, ука. Улар билан бирга сенинг каратэнгга қатнашадиган Абдулла исмли бола бор экан-ку. Ёши сал каттароқ, — деди кўзидан оқа бошлаган ёшини рўмолчаси билан артган ёши улуғроқ киши.

— Ҳа, бор эди, қўшни райондан...

Гапимни охиригача етказмасимдан кўча томондан отам келиб қолди. Дарвозахонадан бир оз биз томонга қараб турди-да:

— Эшқобил, сенам бормисан, қаердан кеп қолдинг? — деди жилмайиб.

Эшқобил деганлари менинг олдимга келганларнинг ёши каттароғи бўлса керак. Лекин у отамга жавоб қилмади. Бошини эгди, шунинг баробарида кўзидаги ёшини тағин артиб, бурнини ҳам тортиб қўйди. Отам бу одамнинг шунчаки келмаганлигини билди чоғи, тез-тез юриб келиб Эшқобил аканинг елкасига қўлини қўйганча:

— Тинчликми, ошна? — дея сўради ҳадик аралаш.

— Бошимга ташвиш тушиб қолди. Ўзимнинг ёғимга ўзим қовурилиб юрибман. Нима қиларимни билмай ич-этимни еб ўтирибман. Манави, — деди у ёнидаги одамни кўрсатиб, — менинг қўшним бўлади. Оти Ғани. Шу икковимиз болаларимизни ўз қўлимиз билан жаҳаннамга ташлаб қўйибмиз.

Отамнинг бирдан пешонаси тиришди.

— Уйга кирайлик, уйда гаплашамиз, — деди у ёқ-бу ёққа қараб, сўнг менга юзланди: — Келинга айт, чой-пой қилсин.

Мен меҳмонлар ўтирган уйга кирганимда ҳали-ҳануз улар ғамгин тарзда дардларини отамга айтишмоқда эдилар. Олиб кирган чойимдан бир пиёладан ичишганларидан кейин:

— Ука, — деди Эшқобил ака, — сенга шогирдликка берувдик. Сенинг донғингни эшитиб, жасур бола бўлсин, деган ниятимиз бориди.

— Уларга нима бўлди? — дедим мен ҳеч нарсани тушунмай.

— Падарингга лаънат ўша Абдулла деганлари икки ойча бизнинг уйда турди. Намоз ўқиркан. Элёр ҳам унга қўшилиб намоз ўқий бошлади. Ўшанда теримга сиғмайдиган даражада қувониб кетгандим. Қўни-қўшниларга, таниш-билишга мақтаниб юргандим мен аҳмоқ. Болам динга кирди, деб хурсанд бўлгандим-да. Энди билсам, ўша эшшак уларни йўлдан уриб юрган экан.

— Қандай қилиб?

— Бир куни менинг олдимга келиб, Элёрни Бухородаги мадрасада ўқитиш зарурлигини айтди. Ким боласининг иймонли, инсофли бўлишини хоҳламайди. Бунинг устига баччағар шунақанги юмшоқ гапирадики, қандай қилиб эриб кетганингни билмай қоласан. Розилик бердим. Худди шундай гапларни Ғанига ҳам айтган экан. Уям рози бўпти. Биз галварслар бировдан маслаҳат олмай болаларимизни унга қўшиб жўнатиб юборибмиз. Ўша мараз: “Ўғилларингиз ҳар ҳафтадан келиб туради”, девди. Биринчи ҳафта келмади. Ҳа, энди ўқишнинг бошланиши қийиндир-да, кейинги ҳафта келиб қолар, дедик. Йўқ, келмади. Яна кўзимизни йўлга тикиб ўтиравердик. Барибир дарак бўлавермади. Шундай кунларнинг бирида қулоғимизга қандайдир жиноий гуруҳ пайдо бўлганлиги, улар ёшларни алдаб олиб кетаётганлиги эшитилиб қолди. Ғани икковимиз юрагимизни қўлтиқлаб Бухорога бордик. Абдулла айтиб кетган Жоме масжидини кўрдик. Лекин у ерда ҳеч қанақанги мадраса йўқ экан. Кейин балки биз адашгандирмиз, деб ўйлаб бошқа масжидларниям кўрдик. Битта жойда болалар ҳақиқатан ҳам ўқитиларкан. Лекин у ерда Элёр билан Шерзод йўқ. Хаёлимиз дунёнинг минг бир кўчасига кириб, қайтиб келдик. Хотин уйда ҳар куни жанжал қилади, боламни топиб бер, деб...

Эшқобил ака кўзига ёш олди. Ғани ака ҳам чидаб туролмади. Алам билан қўлларини мушт қилди. Эркак боши билан бизнинг олдимизда кўз ёш тўкаётганлигидан хижолат тортиб, тез-тез рўмолчасини кўзига босади...

— Топилиб қолар, — деди отам уларга далда бермоқчи бўлиб.

— Эй, ошна, агар ёмонларга қўшилган бўлса, топилсаям ўлиги топиладими, деб қўрқаман. Агар шундай бўп қолса, мен ўзимни у дунё-бу дунё кечирмайман, — деди Эшқобил ака. — Энди биргина умид Собиржондан. Агар шу уларни топиб келолмаса, умидимизни узаверсак ҳам бўлади.

— Собир! — деди бирданига ҳаяжонланиб кетган отам.

— Ҳа, жўра, улингнинг қўлидан кўп иш келади. Буни ҳамма билади.

— Лекин буни мен қандай жўнатаман? Ўзинг айтиб турибсан, жиноятчилар, деб. Буниям боласи, хотини бор. Ўзи, энди сал-пал одамга ўхшаб яшаётгандик... Милисага хабар қилсанг...

— Шов-шув бўп кетмасин, деяпман-да. Кейин эл орасида қандай бошимни кўтариб юраман?! Бир марта тавқи лаънат олган одам қайтиб ўнгланмайди.

— Барибир, жўра. Ўзи энасидан, укасидан айрилганимдан бери одамгарчиликданам чиқиб қолганман, — деди отам мунгли овозда.

Менинг ярам тағин тирналди. Тағин азоб ўзининг исканжасига олди. Бундан бир ярим йил олдинги воқеалар, онам, укам кўз олдимдан ўтди. Йиғлаб юборишдан зўрға ўзимни ушлаб қолдим. Ичимда мени ана шундай изтироб алангасига ташлаганларни сўкдим.

— Ўзининг шогирди, кўз ўнгида ўйнаб юрган болани қонига беланиб ётган аҳволда кўриш Собиргаям осон бўлмаса керак, — деди Эшқобил ака.

Унинг гапидан кейин мен чидаб туролмадим, ўрнимдан турдим-да, ташқарига чиқиб кетдим. Совуқ шабада юзимга урилди. Куни билан юриб чолга айланиб қолгач, қайтадан туғилмоқ учун уфққа ёнбошлаётган қип-қизил қуёшга раҳмат айтгим келиб кетди. Менинг бир озгина бўлсаям иссиғимни олган шабада эса мурувватимдан бенасиб қолди...

Барнонинг паст, ширали, жозибадор алласи эшитила бошлади. Овоз келаётган уйнинг деразаси ёнига бориб ичкарига қулоқ солдим. Таралаётган алла мени ҳам элта бошлади. Шунда хаёлимга раҳматли онамнинг: “Болам, қуёш ботиш маҳали ухлаб бўлмайди, ёмон бўлади”, деган гапи келди-да, деразани тақиллатиб:

— Ухлатма, Барно, — дедим.

— Ҳали овқат ҳам қилганим йўқ. Бунингиз йиғлайвериб ҳечам ишлагани қўймаяпти, — деди менга жавобан у.

Уйга кирдим-да, бешикдаги Бахтиёрни Барнога ечиб олдирдим. Йиғлаётган гўдак бўшалганидан кейин бирдан кўниб қолди. Мен кўтарганимдан кейин эса аясига қараб қиқирлаб кулди. Шу маҳал менинг бошимдаги қайғуларимнинг ҳаммаси унут бўлди. Бахтиёрни кўтариб ташқарига чиқдим. Эшқобил ака ҳам кетиш тараддудида қўшни уйнинг эшигини очди (бизда битта уйнинг ҳамма хоналари алоҳида-алоҳида уй деб аталади). “Бекор Бахтиёрни кўтариб чиқибман ”, деган ўй ўтди хаёлимдан ва нигоҳим билан Барнони қидира бошладим. Бироқ топа олмадим.

— Собиржон, — деди ёнимга келган Эшқобил ака, — бола ширин-а!

Унинг нима демоқчи эканлигини яхшигина англаб турар эдим. Аммо ўша лаҳзада уни юпатиш учун бисотимдаги сўзлар ночорлик қилиб қолди.

Эшқобил ака шериги билан кетди. Лекин на мен ва на отам билан хайрлашди. Арази катта эди. Отам иккаламиз кетаётганлар ортидан тошдек қотганча тикилиб қолдик. Отам чуқур хўрсинди. Билдимки, ошнасига ичи ачияпти. Аммо на илож. Бошқа нарса айтишганда ёрдам беришим аниқ эди. Лекин уларнинг илтимоси оғир, бунинг устига, хатарли юмуш. Аммо бажарса бўлади. Бунинг учун Барно билан отам анча-мунча сиқилиши керак бўларди.

Орадан икки кун ўтиб Баҳодир ака мени чақирди.

Борсам, бошини кафтлари орасига олиб ўтирибди. Бунгаям қийин. Беҳаловат одам. Уйидаям тузук-қуруқ дам олмаса керак. Ёшига... Ёши ўтиб бораётганлигини қаёқдан ҳам билсин. Тун билан кунни аралаштириб юбормаганлигининг ўзи катта гап. У мени кўрганидан кейин юзига ним табассум югурди. Ўрнидан туриб саломимга алик олди-да, қўл бериб кўришди, сўнг рўпарасидаги столни кўрсатиб:

— Ўтир, — деди қандайдир хаста овозда, — сен билан кўришмаганимизгаям анча бўп кетди. Сен ўзингдан билиб, одамгарчилик қилиб бирровга бўлсаям келиб кетмайсан. Мен ишларим кўплигидан боролмайман. Чақиртирай десам, ҳамма ёғингни ваҳима босиб кетади... Ишларинг яхшими ўзи?

— Раҳмат, ака. Аста-секин ҳамма нарсага ўрганиб, кўникиб бораяпман, — дея жавоб қайтардим унга.

— Ана шуниси чатоқ-да. Яна тўрт-беш йилдан кейин сенинг ҳам анави бозорчиларданми ёки бошқасиданми фарқинг қолмайди. Юрасан шимилдириғингни тортиб.

— Нима қилай? Бировни қувиб, бошқасидан қочиб юрайми?

— Оддий одам бўлишга сенинг ҳаққинг йўқ. Сенинг ўзингни кўрмаганим билан сен тўғрингда сўраб-суриштириб юрибман. Вокзалда юк тушириб юрганмишсан. Шу сен қиладиган ишми? Оддий колхозчини олиб келсанг ҳам унақанги ишларни эплаб ташлайди... Ҳеч қурса ўқишга кирмай шунча умрингни бекорга ўтказиб юбординг-а!.. Ҳай, майли, ҳалиям вақт бор.

Анча пайтдан бери бунақанги дакки эшитмаган эдим. Ўйлаб кўрсам, Баҳодир аканинг гапида жон бор. Ҳақиқатан ҳам шу аҳволда юрадиган бўлсам, куни келганида араванинг орқа ғилдирагидан бошқага ярамай қоларканман. Миям тезликда ишлаб, савдогарлик билан шуғулланишга қатъий аҳд қилдим.

— Сени ўзи бошқа масалада чақирувдим, — деди Баҳодир ака бир оз сукутдан кейин. — Эшитишимча, иккита шогирдинг бор экан. Шуларнинг оталари келувди...

— Хабарим бор, мен билан ҳам гаплашувди улар.

— Хабаринг бўлса яхши. Энди сени бошқа нарсалардан ҳам хабардор қилайин. Ўша сенинг шогирдларинг қўшилган тўда оддий жиноий тўдалардан эмас. Сенинг, балки хабаринг йўқдир, ҳозир икки-учта жиноий экстремистик гуруҳлар тузилган. Ўзларича дунёни ўзгартириб юборишмоқчи. Маълумотларга қараганда, уларнинг илдизи Афғонистонда экан. Тожикистон тоғларидаги инидан ҳам хабаримиз бор. Менимча, шогирдларинг ўшаларнинг орасида. Хуллас, уларни орқасига қайтариш керак. Бу вазифани сендан бошқанинг эплаши қийин.

— Мен у ерларни билмайман.

— Ҳамма маълумотлар билан ўзимиз таъминлаймиз. У ёғидан ташвишланмасанг ҳам бўлади.

— Боришим қийин. Отам кўнмайди. Кейин аввалгидек бир ўзиммасман. Хотин, бола дегандек...

— Менга қара. Агар ҳозир уларнинг илдизи қирқилмаса, кейин хотининг ҳам, боланг ҳам азоб ичида қолади. Тўғри, бир ўзингнинг қўлингдан ҳеч вақо келмайди. Лекин ҳеч қурса шу иккита болани қайтариб олиб келишга сенда имконият бор...

— Икковини олиб келганим билан иш битиб қолмаскан-ку.

— Икковининг отаси ҳам бу ерга келиб, эркак боши билан қанчалик кўз ёш тўкканини биласанми?!

Бошим қотиб қолди. Нима дейишга ҳам ҳайрон эдим. Қайси гўрдан ўша Абдуллани болалар орасига қўшдим-а...

— Қўлингдан келишини биламан, — дея гапини давом этказди Баҳодир ака. — Уйингдан хавотир олма. Эртагаёқ телефон ўтказдиртириб бераман. Ундан кейин харажатларни ҳам бўйнимга оламан. Бундан ташқари, хавфсизлигиниям таъминлаб қўяман.

— Отам билан маслаҳатлашайин...

— Сен маслаҳатлашма. Отангни ўзим кўндираман. Фақат ҳозирча мен билан гаплашганлигингни отангга айтмайсан.

— Майли, — деб юборибман ўзим ҳам билмаган ҳолда.

— Бу гапинг эркакча бўлди! — деди юзида табассум пайдо бўлган Баҳодир ака. — Энди гап бундай. Қулман ота масжидининг ёнидаги уйда тўрттаси йиғилаётганлиги ҳақида хабар бор. Сен аввал шуларнинг орасига қўшилиб олишга ҳаракат қил. Кейин уларнинг ўзлари сенга йўлни кўрсатиб қўйишади. Қолган ишларни қандай бажаришни ўзинг яхши биласан. Фақат сендан битта илтимос, ўзингни эҳтиёт қил. Ҳали кўп керак бўласан...

Аслида, Элёр билан Шерзодни олиб келиш фикри аввалроқ, уларнинг оталари келганида пайдо бўлганди кўнглимда. Бироқ ўшанда озгина иккилангандим. Барно билан отамни ўйлагандим. Баҳодир ака билан суҳбатимиз эса дилимдаги бу туйғуни нари сурди.

Бошқарма эшигидан қатъий аҳд билан чиқдим: иккала шогирдимни ҳам уйига олиб келганимдан кейин одамлар қатори оддийгина яшай бошлайман.

Баҳодир ака ҳақиқатан ҳам отамни кўндирди. Улар қачон учрашишган, нима ҳақида гаплашишганлигидан хабарим йўғ-у, аммо эрталаб юзимни ювиб уйга кираётганимда отамнинг ёнига чақириб: “Болам, Баҳодир акангнинг айтганини бажаргин-у, лекин кўчамиздаги майда-чуйда гапларни, яна милисага хабарини етказиш шарт бўмаган нарсаларни унга гуллаб юрмагин. Кейин ноҳақ бировни айбдор қилма. Фақат битта-яримта жиноятчиларни тутишда ёрдам бериб тур”, — деган гапидан билдимки, рози бўлибди.

Бироқ бу гап менинг асабимни ўйнатди. Тахминимча, Баҳодир ака мени у ёқ-бу ёқдан хабар ташувчи, бошқача қилиб айтганда “қулоқ” бўлиб ишлайди, дея отамга тушунтирган. Содда отам эса унинг гапларига лаққа тушган. Бир хаёл, “бор, тошингни тер”, деб юборай дедим. Аммо Эшқобил ака билан Ғани аканинг фарзандларини ўйлаб, бу шаштимдан қайтдим.

Шундан сўнг аста-секин ишга кириша бошладим.

Соқол-мўйловимни ўстираётганимдан Барно ҳайрон бўлди.

— Нима қилаяпсиз? — деди у бир оқшом. — Шу пайтдан қариликни бўйнингизга олмоқчимисиз?

— Нега бунақа деяпсан? — дедим мен ҳайрон бўлиб.

— Соқол-мўйловингизни олиб юринг. Кўрган одам банги деб ўйлайди.

— Шу соқолга озгина эркинлик бермоқчиман. Бечора қийналиб кетди. Ҳар икки кунда қиртишланади. Буям умид билан кўкаради-ку.

— Унда менга яқинлашманг, — дея Барно тескари ўгирилиб ётиб олди.

— Жуда яқинлашамиз-да. Ҳозирдан бошлаймиз буни...

— Юзимни шилиб ачитиб юбораяпти...

— Яна озгина ўсса мулойимлашиб қолади.

— ...

Эртасига кўчага чиққанимда кўрган таниш-билишлар ҳам мендаги ўзгаришдан ажабланишди. Отам эса: “Бугундан қолдирмай олиб ташла, ҳали мен қўйганим йўғ-у, сенга бало борми?” — дея дакки берди. Шундан кейин сартарошга бориб озгина у ёқ-бу ёғини кузаб олдим.

Қулман ота масжидининг атрофида айланиб юришим учинчи куни Баҳодир ака айтган йигитларнинг эътиборини тортди. Улардан бири мени танир экан.

— Собирбек, — деди ёнимга келиб, — ўзингизмисиз?

Бир қарашдаёқ мен ҳам уни танидим. Биздан бир синф юқорида ўқиган, район марказининг чеккасида турарди. Ёшлигида жуда нимжон эди. Синфдошлари кўп қийнарди уни. Аммо тўққизинчи, ўнинчига ўтганидан кейин бирданига ўзгариб кетди. Бўйи ўсиб, овози дўриллади. Гапини бировга бериб қўймайдиган йигит бўлди. Эшитишимга қараганда, физика ўқитувчисини урган ҳам экан. Ўшанда қамалиб кетишига озгина қолувди.

Ҳозир у ҳам менга ўхшаб соқол-мўйлов қўйибди. Лекин соқол қурғур сийрак экан, эчкига ўхшаб қолибди. Аммо устидаги чопон, оёғидаги маҳси-калиш анча салобатли қилиб қўйибди.

— Мачитга келувдим, ҳамма диндор бўп кетаяпти. Шунга менам охиратимни ўйлаб... Гуноҳимиз кўп-да, ака, — дедим кўришиш учун қўлимни чўзиб.

У менга қўлини бермади, балки қучоқлаб кўришди-да:

— Сиз менга қувончли гапни айтдингиз. Динга кирган ҳар битта одамни кўрсам, дилим яйраб кетади. Лекин биродар (ҳа, у айнан шундай деди), бу масжидга келиб чакки қилибсиз. Бу ерга келаётганларнинг тили билан дили бошқа-бошқа, — дея қўлини силтади.

— Нега унақа деяпсиз? — дедим мен гўё ўзимни ҳайрон кўрсатиб.

— Бунисини кейин сизга айтиб бераман. Мен сизни жуда яхши биламан. Сиз ҳақингиздаги гаплардан ҳам хабардорман. Келинг, бундай қиламиз. Эртага худди шу маҳал мана шу жойда кўришайлик. Сизни ўзимнинг қадрдон биродарларим билан таништириб қўяман. Ундан кейин ҳаммамиз биргаликда намоз ўқиймиз, келишдикми?

Мен шунда ҳам сир бой бермай гўё ўзимни иккиланаётгандай кўрсатиб, бир масжидга, бир рўпарамдаги одамга қараб қўйдим.

— Эй, биродари азиз, — деди у елкамга қўлини қўйиб, — ғафлатда қолманг. Сиз ниҳоятда иродали одамсиз. Ниятингиз ҳам яхши-ю, лекин нотўғри жой танлаб қўйибсиз-да. Худонинг кароматини қарангки, мени сизга вақтида дуч қилди. Шу боисдан сиз ҳеч бир тортинмай, иккиланмай эртагача кутинг. Намоз ўқиш қонун-қоидалари билан ўзим таништириб қўяман. Асосийси, дилингиз ҳам, тилингиз ҳам пок бўлади. Ҳақиқат йўлидан кетаётганингизга ўзингиз иймон келтирасиз.

Шу гапларидан кейин мен унинг айтганларига кўндим, ҳатто қаторларига қўшиб олишлари учун бир оз ёлвордим ҳам. У хурсанд бўлди. Чақнаган кўзлари шундан далолат берарди. Менам хурсанд бўлдим. Аммо менинг хурсандлигим ичимда мустаҳкам яширинганди. Юз тузилишим, кўзимда эса ҳайрат барқ уриб турарди. Шу билан биз хайрлашдик ва мен энди ортимга бурилиб кетаётганимда у тўхтатиб қолди:

— Собиржон, биродар, — деди салмоқ билан, — менинг исмим бир оз ўзгарган... Тоштемир десангиз, дўстларимиз кимни атаётганлигингизни билмай қолишади. Шунинг учун Аҳмад деб чақирсангиз.

— Хўп, — дедим унинг бинойидек исмини ўзгартириб олганидан энсам қотганча.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм