euroasia.me
57 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Тўққизинчи қисм)

122 full reads
166 story viewsUnique page visitors
122 read the story to the endThat's 73% of the total page views
20,5 minutes — average reading time
Жаҳолат қурбонлари (Тўққизинчи қисм)

Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
(Тўққизинчи қисм)

— Оллоҳ раҳматига олсин, — деди соқолтойлардан бири.

— Кошки эди, — дедим мен унга совуқ илжайиб.

Сўнг асирларни мурдадан сал берироққа, эшик ёнига ўтқазиб қўйдим. Токи бошлиқларининг жасади кўриниб турсин. Токи қилаётган ишларининг охири нима билан тугашини англаб етишсин. Ўзим эса бошқоннинг “қасри”га кирдим. Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб ётган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Аммо не ажабки, аввал қандай бўлса худди шу ҳолатида турибди. Жимжитликни эса “кўк девор” ортидаги эҳтиросли овозлар бузиб турарди. Ҳайратдан донг қотдим-да, аста-секин унинг ёнига бориб нариги томонга қулоқ тутдим. Айтсам ишонмайсиз, кимдир анави икки “малика” билан ишрат қилаётган эди. Ташқарида қанча тўполон, қанча отишма бўлди. Шундай пайтда ким юрагини иккита қилиб бундай иш билан шуғулланаётганлигига сира ақлим етмас эди. “Чимилдиқ”нинг бир томонини секин тортиб, ичкарига қарадим. Хаёлимда: “Биронтаси кириб шуларнинг орасига яширинган-у, мени йўламасин деган мақсадда ўзларича шунақанги эҳтиросли овоз чиқаришаётган бўлишса керак”, деган ўй ҳам йўқ эмасди. Аммо манзарага кўзим тушди-ю, ҳайратим икки карра ортди. Ёпиниш мумкин бўлган ҳамма нарсани каравотдан пастга улоқтириб ташлаган иккала жувон қип-яланғоч ҳолда бир-бирини ялаб-юлқашу “маъшуқа”сига лаззат бериш билан овора эдилар. “Чимилдиқ”ни ғижимлаб ғазаб билан тортган эдим, тортилган дорнинг иккала томони ҳам узилиб “девор” пастга қулаб тушди.

— Во-й-й!!! — дея чинқиришган “малика”лар ҳеч нарса йўқлигидан бир-бирини қучишиб таналарини бекитишди.

— Ўчир! — дея дўқ урдим уларга. — Расво экансанлар-ку, чидаб туролмадингларми?! Кий устингга латта-путтангни!

Улар қалтирашиб, мендан кўзларини узмаган кўйи секин каравотдан тушишди. Кейин биттаси ўзидан-ўзи илжайди ва дугонасига қараб қўйиб:

— Ҳақиқий эркакни кўрмаганимизга анча бўп кетди, — деди ва мен томонга яланғоч ҳолида яқинлаша бошлади.

У то яқинимга келгунича тишимни-тишимга босиб турдим. Кўзимга айёрона тикилиб бўйнимдан оппоқ қўлини ўтказмоқчи бўлганида башарасига шапалоқ тортиб юбордим. У ёнига йиқилиб тушди-да, ўкириб йиғлаб юборди.

— Сен ифлосга устингни ёп, дедим! — дея бақирдим мен қўлимни ниқтаб.

Мен билан тил топишиш имкони йўқлигини англаб етган жувонлар шошилганча кийинишга тушиб кетишди. Улар ташқарига чиқишга тайёр бўлганларида яна бир марта мени ажаблантиришди. Сал новчароғи калта юбка, кўкракларини бўрттириб кўрсатиб, юпқа футболка кийиб олган, дугонаси — кундоши — маъшуқаси жинси шим ва аввалгисиники каби юпқа спорт кийимида ўзини кўз-кўз қилиб турарди.

“Аъзам ҳали кўчанинг қизларини қучоғига олиб кириб, қанчадан-қанча бузуқликлар билан шуғулланиб, яна шунча одамни орқасидан эргаштириб иймонга, динга етакламоқчи эдими?.. Ҳайф сенга имом, ҳазрат деган мўътабар сўзлар! Сенинг бундай сўзларни тилингга олишга ҳам ҳаққинг йўқ!” — дея хаёлимдан ўтказдим ва “қадимий касб” вакилаларини ташқарига ҳайдадим.

Анави тўрталаси бунақа манзарани мутлақо кутишмаган эканлар. Кўриб бақа бўлиб қолишди. Мен кулдим. Кейин асирларимнинг ёнига бориб:

— Боягина сенлар анавинга, — дея Аъзамнинг жасадини кўрсатдим, — Оллоҳдан раҳм-шафқат тилаган эдингларми?

Улар бошларини эгишди.

— Кўрдингларми, у нима ишлар билан шуғулланиб юрган. Бунисидан хабаримиз йўқ эди, деб ўзларингни оқлайсанлар-да, тўғрими?

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Барча асир мум тишлаган. Худди оғзидан биронта калима чиқса, бояги қирғинбарот қайтадан бошланадигандек. Уларга нафрат билан бир оз қараб турдим-да, кейин ярадордан бошқа учаласининг қўлини бўшатдим. Қизларникини эса боғлаб ташладим, ҳар эҳтимолга қарши. Сўнгра ўликларни биттама-битта йиғиб чиқдик. Фақат жазо палаткадагилари бутунлай куйиб кетган экан. Кўриб анави икки қизнинг юраги ёрилиб кетмасин, деган хаёлда матога ўраттирдим. Биринчи марта мурда кўрганларида ранглари оқариб, ўзларидан кетиб қолаёзган шогирдчаларимда озгина кўникма ҳосил бўлибди шекилли, бемалол жасадларни ташишди. Ўлганлар Амин билан бирга ўн иккита чиқди. “Агар, — дея ўзимча тахмин қилдим, — буларнинг сони ўттиз бешта бўлган бўлса, шулардан ўн биттаси ўлган, тўрттаси асирда, бундан чиқди, йигирматаси қочиб қолган”. Нега қочганлиги менга қоронғи эди. Йигирма киши бўлса нимадан қўрқишади, ҳайронман. Бу ҳақда жасадларни кўмганимиздан кейин (Аминдан бошқа ҳаммасини битта қабрга кўмдик. Менга анча яқин бўлиб қолган, манавиларнинг тили билан айтадиган бўлсам, биродаримга алоҳида лаҳад қаздирдим. Жанозани ўз ихтиёри билан таслим бўлган Аъзамнинг йигити ўқиди, албатта билганича), асирлардан сўрадим.

— Улар ҳали тўла бизнинг ишончимизни оқлашмаган эди. Шунинг учун ҳали қурол берилмаганди. Биттасини шаҳид бўлган биродарлардан бири отиб қўйди. Билмасдан. Сен деб ўйлаб. Ўзиям ўхшаб кетар экан. Аъзам бизниям ўлдиришга буйруқ берган, деган хаёлга боришиб қочишга тушган. Агар шунақа қилишмаганда, ҳозир сен бизнинг оёқларимиз остида қилмишингга жавоб бераётган бўлардинг! — деди қўлидан яраланган асир.

— Отинг нима эди сенинг? — дея сўрадим, жаҳлим чиқаётган эса-да, ўзимни босиб.

— Абдуллоҳ.

— Нечтангнинг отинг Абдуллоҳ? Унингдан сўрасам ҳам, бунингдан сўрасам ҳам шундай жавоб берасан. Сендан ота-онанг қўйган исмни сўраяпман!

— Тўхтамурод.

— Шуни айт-да. Менга қара, Тўхтамурод. Сен сиғинадиган одамнинг аҳволини кўрдингми? Ёки манавилар, — деб беозор қушчадай бир-бирига термилиб ўтиришган жувонларни кўрсатдим, — гапириб берсинми ҳаммасини?

— Буларнинг гаплари гапмас. Аъзам ҳазратлари буюк инсон эдилар!

— Кўр экансан, шундайлигингча қоласан. Манавилар, кўчада юрадиган, хоҳлаган одам етаклаб кетиши мумкин бўлган қизлар, агар хоҳласанг ҳозирнинг ўзида сен билан ҳам бўлиши мумкин. Ўша сен сиғинадиган одам булар билан ҳар куни айш қилган, фоҳишабозлик қилган, тушундингми энди, овсар? Ёки ҳалиям ақлинг кирмадими?

— Сен динсизсан! Динсизнинг оғзидан ҳар бало чиқади. Шу гапларингга мени ишонади деб ўйлаяпсанми?

Бу гапларга мен чидаб туролмадим. Шу боисдан унинг башарасига мушт тушириб юбордим-да:

— Сен отангни ҳам танимайдиган даражага борибсан. Сендақа одамнинг боридан йўғи! — деб бақирдим.

— Диндан бирон нимани биласанми ўзи? — деди у афти бужмайган кўйи лабидаги қонни артиб ўрнидан турар экан.

— Менимча, динда одамларнинг қонини тўкинглар, дейилмагандир?

— Шунинг учун ҳам сен шунча одамни ўлдирдинг-да. Қони тўкилганлар орасида болалилари ҳам бор эди!

— Бошқаларнинг уйларини вайрон қилишга тайёргарлик кўраётганларга ичинг ачияптими? Агар ҳозир булар ўлмаганида ёш боласи борлар эмас, ёш болаларнинг ўзлари нобуд бўларди. Нега у ёқдан-бу ёққа гапни олиб қочаяпсан? Нима бўлган тақдирдаям мақсади бировни бўғизлаш бўлган одам — одаммас!

— Сенам шулар қаторида экансан-да?!

— Менинг мақсадим бошқа эди. Лекин ўзларинг мажбур қилдинглар.

Тўхтамурод жимиб қолди. Афтидан, мен билан тортишиш бефойда эканлигини тушуниб етган эди. Менинг эса баттар қайсарлигим тутди. “Шу қилганига, — дея хаёлимдан ўтказдим, — ёрдамга келаётган легионерларингнинг ҳам онасини учқўрғондан кўрсатаман... Тўхта, тўхта, — дедим миямга келиб урилган ўйдан ҳайкалдек қотиб, — бу мен билан тортишиб атайлабдан вақтни ўтказаётган бўлмасин тағин... Шошилиш керак!”

Югуриб Аъзамнинг қароргоҳига кирдим. Сейфдаги ҳужжатларини олиб кетишим керак эди. Бошқон кечаси код терганидаги рақамларни эслаб қолган эдим. Қийналмасдан сейфни очдим-да, ичидаги ҳамма қоғозу папкаларни олиб бир сидра қараб чиқаётганимда кўзим харитатага тушди. Унда бу ер асосий жой сифатида кўрсатилиб, Афғонистон ва бошқа қўшни республикаларга яширин бориш йўллари аниқ-тиниқ чизиб қўйилган эди. Хурсанд бўлиб ташқарига чиқдим...

Ўзимизнинг ҳудудга ўтиб олиш учун тоғ томонга кета бошладик. Қўлимда харита, қаерда нима борлигини аниқлаб, шунинг мўлжалини олиб кетаяпман. Яна қоя тошлар, учраган ҳар хил дарахтларга диққат билан қарайман. Шундай қилиб икки чақиримча юрганимизда, йўл икки томонга бўлинди, биттаси Афғонистонга, иккинчиси бизнинг республикага олиб бориши харитада кўрсатилганди. Ўзимиз томонга яна икки юз метрча юрганимиздан кейин анча ҳориб-толган асирларни тўхтатдим. Айниқса, нозикниҳол қизлар ҳолдан тойиб қолишибди. Ўзларини бирдан ерга ташлашди. Оппоқ, баррамисол баданлар дир-дир титрарди (бирорта қўй ёки қорамол сўйилиб териси шилинаётганлигини ҳеч кўрганмисиз? Терининг тагидаги гўшт билинар-билинмас титрайди. Гўё сўйилиб руҳи аллақачон осмонга учиб кетишга улгурган жониворнинг гўштида ҳам жон бордай туйилади одамга... Ичингиз ачийди... Назаримда, ҳаётида ишратдан бошқа нарсани кўрмаган “жонон”ларга ҳам раҳмим келди. Тўғриси, бошқа жой, бошқа макон бўлганида қўйиб юборган бўлардим. Лекин бу ерда бунинг иложи йўқ. Гарчи, озод бўлишса-да, ҳеч қаёққа кетишолмайди. Кетишган тақдирдаям, емиш тополмаганидан оч-наҳор юрган йиртқичларга дуч келиб, нариги дунёга равона бўлиши турган гап). Шунинг ўзиёқ бу нозикниҳолларнинг жисмоний меҳнатга эмас, бошқа нарса учун яратилганлигини кўрсатиб турарди.

Қайтатдан ҳаммасининг қўл-оёғини боғлаганимдан кейин келаётган “меҳмонлар”ни “ҳурмат-эҳтиром” билан кутиб олиш учун ортимга қайтдим.

У томоннинг йўли бошқачароқ экан. Торгина сўқмоқ. Шуям бир хил жойларда чуқур жарликлардан ўтади. Баъзида тоғнинг устига қараб кетади. Хуллас, юриш азобнинг ўзгинаси. Шу боисдан ҳам узоқ кетмадим. Йўлнинг ниҳоятда тор жойини топиб, унинг тепасидаги қоя устига чиқиб жойлашдим-да, ўлжа қилинган қуролларни бир сидра кўздан кечириб, тозалаб қўйдим. Легионерлар бир соатдан зиёдроқ куттиришди. Бу вақт мобайнида анча-мунча дам олволдим. Ҳатто кўзим уйқуга ҳам кетишга улгурди. Ниҳоят, узоқдан “меҳмонлар”нинг қораси кўринди. Улар бир қатор бўлишиб имиллаб келишарди. Агар шу аҳволда юришса, камида йигирма дақиқалардан кейин тузоқнинг ёнига етиб келиши мумкин. Ичимда: “Нимага бунчалик имиллашади?!” дея уларни яниб қўйдим. Тузоқнинг бир томони жарлик, иккинчи томони, яъни мен ўтирган жой баланд қоя. Сўқмоқ йўл жуда тор. Битта одам, ундаям ёни билан юрсагина ўтиши мумкин эди. Узунлиги эса эллик метрнинг нари-берисича чиқарди. Демакки, ўтиб олгунча энасини хола деб юбориши тайин. Лекин легионерларнинг ҳаммаси оддий одамлармас, эҳтимол, қийинчиликсиз ўтиб кетишар.

“Меҳмонлар” бирин-сирин мен мўлжаллаган жойга етиб келишди. Санаб чиқсам йигирма тўртта экан. Яна ўзлари билан бештача кулранг эшакни ҳам олволишган. Уларнинг устига турли-туман яшиклар ортилган. Тор сўқмоқдан ўзлари омон-эсон ўтиб олиши мумкин, лекин эшакларни қандай ўтказиб олиши мени қизиқтирарди. Бунинг устига, эшак деганлари шунақанги ўжар ҳайвонки, қўрқдими — тамом, зинҳор жойидан жилмайди. Минг уринг, минг судранг, барибир тўртала оёғини тираб туриб олади.

Легионерлар хавфли сўқмоқ бошида тўхташди. Ҳаммаси йиғилиб бўлганидан кейин эса ўзаро маслаҳатлаша бошладилар. Мен билан уларнинг орасидаги масофа анча олис бўлганлиги сабаб, ҳеч балони эшитмадим. Шу боисдан ҳам кузатиб ўтиришдан бошқа чора тополмадим. Агар шундай пайтда биттагина граната бўлганида борми...

Ниҳоят улар бир қарорга келишди, шекилли, эшакларнинг устидаги юкларни ерга тушира бошлашди. Энди улар учун яна битта муаммо туғилганди. Одам ўзи базўр ўтадиган жойдан қандай қилиб яна юк ортмоқлаб олиши мумкин. Лекин легионерлар чорасини топишди. Икки кишидан бўлишиб, орқаларини қояга тираб ўта бошладилар, юкни эса таёққа илиб ўрталарига олишди-да, икки учидан ушлаб олишди. Улар бирор ўн қадамча юрганларидан кейин навбатдаги жуфтлик йўлга тушди. Энди мен саросималаниб қолдим. Агар улар шунақанги оралиқда юришса, охиргилари ҳали жойларидан қимирламай биринчидагилар манзилга етиб қўйишарди-да! Ҳар тугул кейингилари масофани бунчалик узоқ ташлашмади. Шундай бўлса-да, олдиндагилар илдамроқ юриб кетаётгандилар.

Сўнгги жуфтлик қояга орқасини тираганида дастлабкиларининг тор сўқмоқнинг охирига етишига бор-йўғи икки қадамча масофа қолганди. Худди шу маҳал мен ишга киришдим. Дастлабки легионернинг елкасини нишонга олиб тепкини босдим. У яраланган шердай ўкириб юборди. Овоз тоғ-тошларга урилиб, шундай акс-садо бердики, худди турли томондан бир неча одам бирдан бақиргандай бўлди. Аҳмоқ, елкасини ушлаб энкайди. Унинг турган жойида асло бундай қилиб бўлмас эди. Бечоранинг жарликка шўнғиб кетганлигини кўриб ҳатто ичим ачиди. Навбат қолганларига келган эди. Автоматни битталаб отишга мослаб қўйганлигим боис, икки томоннинг энг четидагиларини нишонга ола бошладим, бутунлай саросимага тушиб қолган легионерлар иложи борича жаҳаннам кўпригидан ўтиб олиш учун тезроқ юришга ҳаракат қиларди. Шошиб қолишганидан мен отмасимдан бурун яна иккитаси жарлик қаърига равона бўлишди. Худди ўша пайт хотиржамликка берилиб қолибман, кетма-кет икки марта ўқим нишонга тегмади, бундан фойдаланган икки қоравой билан битта оқ танли тошлар панасига яширинишга улгурди. Ана ундан кейин ҳақиқий отишма бошланди. Ҳақиқатан ҳам яхши тайёргарликдан ўтган легионерлар дарров менинг яширинган жойимни топиб олишди ва учаласи бирданига ўқ ёмғирини ёғдира бошлашди. Шу боисдан талай муддат жойимдан қимирлолмай ўтирдим. Бу муддат ичида рақибларим нафасларини анча-мунча ростлаб олишди ва менинг ёлғиз эканлигимни англаб етишган бўлишса ажаб эмас. Қимирлашнинг иложи бўлавермагач, легионерларни синаб кўриш мақсадида кичкинагина тошчани осмонга отдим. Ишонасизми, визиллаб учиб келган ўқ уни нақ икки бўлакка бўлиб ташлади. Шундан билдимки, учаласидан бири снайпер. Энди у мени жойимдан жилдирмаслиги аниқ эди. “Қоронғи тушгунча шу аҳволда ётаман, шекилли”, деб ўйлаб автоматимни ёнимга қўйдим-да, озгина бўшашган эдим, қулоғимга қадам товуши эшитилгандай бўлди. Дарров сергакландим. Мени умид қилиб келаётган одамни “кутиб олиш”га шунчалик диққатимни қаратдимки, ҳамма нарсани унутиб эс-ҳушим оёқ товушида бўлди. Худди шу маҳал қандайдир муздай бир нарса оёғимга теккандай бўлди. Сесканиб кетдим-да ўгирилиб не кўз билан кўрайки, йўғонлиги билагимдай келадиган қоп-қора илон оғзини катта очиб, шохли тилларини чиқариб-ичига тортиб вишиллаб турибди. Жон-поним чиқиб кетди. Бунинг устига, у турган жойда шимим озгина тепага кўтарилиб, оёғим шундоққина кўриниб турибди. Озгина ҳаракат қилсам, чақиб олиши кундай аён. Бу ёқда қадам товуши тобора яқинлашиб келаяпти. Секин автоматни унга тўғриламоқчи бўлганимда у қаттиқроқ овозда вишиллади. “Наҳотки ажалим етган бўлса, — дея ўйладим. — Ҳеч қачон бундай вазиятга тушмаганман. Ҳар доим қандайдир имконият бўларди менда. Энди икки томондан сиқувга олинаяпман. Қимирласам, илон заҳарли тишини оёғимга ботиради. Индамай тураверсам, легионерлардан бири тепамга келади-да, отиб ташлайди...”

Чорасизликдан ўзимни тақдирнинг ҳукмига ташлаган пайтимда ўша, авваллари ҳам бир неча маротаба кўзимга кўринган кампир тағин пайдо бўлди. Бу сафар унинг қараши аввалгиларига нисбатан бошқача эди. Кампирнинг қовоқлари осилган, сочлари тўзғиган, юзидаги ажинлар янада кўпайган, қарашлари жуда совуқ. Хаёлимга Тўхтамуроднинг гаплари келди. У менинг қанчалик кўп қон тўкканлигимни эслатиб қўйган ва вақти келиб бунинг учун жазо олишимни айтганди. Эҳтимол, у ҳақ бўлгандир. Ҳақиқатан ҳам гуноҳларим бўйим баравардан ҳам ошиб кетгандир. Шунинг учун ҳам кампир энди менинг жоним умидида келгандир...

Ўйларимни охирига етказмасимдан кампир қандай пайдо бўлган бўлса, яна худди шундай кўздан йўқолди. Унга гапирмоқчи, ташрифлари сабабини, кейинги келганларида нега ҳеч бир сўз демаганлигини сўрамоқчи эдим. Бироқ улгурмадим. Лекин ҳали жоним ўзимда қолишини англаб етдим. Ва автоматни қўлимга олдим-у, илоннинг бошини мўлжалга олиб тепкини босдим. Газанданинг калласи бир неча бўлакка бўлиниб, атрофга учиб кетди. Гавда-ю дум қисми эса типирчилаб қолди. Кейинги отилган ўқлар менинг автоматимга тегишли эмасди. Улар бошим узра шунақанги визиллаб учар эдики, озгина кўтарилсам илоннинг ҳолатига тушардим, шу боисдан ҳам ёнимга ўмбалоқ ошиб кетдим ва бошқа тош ортига яшириниб ўзим мўлжал қилган томонга ўқ уздим. Лекин ҳаммаси бефойда кетди. Легионер яхшигина тажрибага эга экан шекилли, ўқларимга чап бериб яширинишга улгурди. Аммо энди мен унинг қаерда эканлигини билиб олган эдим. Бу пайтда снайпер жим турди. Афтидан, у ҳам юқорилаётган бўлса керак. Узоқ муддат бу ерда туролмас эдим. Чунки улар ҳам менинг қаерда эканлигимни билишар, учаласи бирдан ҳужумга ўтиб қолишса, кўз очирмай қўйишарди. Шу боисдан эски жойимга юмалаб ўтдим-да, ўқ отилган томонга секин мўраладим. Худди ўша пайт худонинг ўзи мени қўллаб юборди. Легионер менинг яна аввалги маконимга қайтганимни кўрмай қолган ва бўйнини чўзиб аланглаётган экан. Эндиги отганларим бехато тегиб, у қоядан пастга юмалаб кетди. Тезда унинг ўрнини бориб эгалладим. Шерикларининг қулаганлигини кўрган қолган легионерлар аста-секин пастга туша бошлаган эдилар. Мен ҳам ортларидан йўлга тушдим. Яна қисқа отишмалар бошланди.

Негадир улар менинг пастга тушишимга имкон беришди. Тошлар орасига нисбатан бу ерни қулай билишган бўлишса керак. Бир-биримизни нишонга олишимиз чўзилиб кетди. Бу эса руҳий жангни ҳам уйғотиб юборди. Энди кимнинг асаби мустаҳкам бўлса, ўша ютиб чиқар эди. Бунақанги ҳолатга ҳам тузуккина тайёрланганим фойда бериб қолди. Улар учта-тўртта ўқ узишганда мен бир мартагина қуролимни ишга солиб қўяман. Қолган пайти ўзим яхши кўрадиган қўшиқни хиргойи қилиб ўтираман. Охири бундай ҳолатга иккала легионер ҳам бардош бера олишмади. Иккиси ҳам яширинган жойидан чиқиб ўзларининг тилларида бақира кетишди. Секин мен уларга кўриниш бердим-у, лекин ўлимга тик қараб турганларга ўқ уза олмадим. Шунда легионерлар қўлларидаги қуролларини улоқтириб юборишди-да, яна бақирганча қўллари билан имо қилиб мени чақира бошлашди. Таклиф қўл жанги эди. Бу эса менинг энг яхши кўрган усулим. Аммо улар маккорлик ҳам қилишлари мумкин эди, шу боисдан эҳтиёт шарт, ўзим билан олиб юрган пичоқни шимимнинг орқасига яшириб ўрнимдан турдим-да, улар томон юра бошладим.

Қора танли легионернинг ғазабдан кўзи ёнди ва кўйлагини йиртиб отиб юборди-да, шиддат билан қадам босиб менга яқинлаша бошлади. Иккинчиси эса ерга чордона қуриб ўтириб олди. Худди иккита хўроз уриштираётган одамдай. Менимча, у ўзининг шериги мени тилка-пора қилиб ташлашига юз фоиз ишонган ва бу ажиб томошани мароқ билан кузатмоқчи бўлган.

Қора танли легионер дуч бўлишимизга икки қадамлар қолганида шердай ўкирди-да, икки оёқлаб сакради — кўкрагимни мўлжал қилиб тепмоқчи бўлди, бироқ чап бериб қолганлигим боис ўтиб кетиб тошли ерга қуймичи билан чунонам йиқилдики, оғриқнинг зўридан бақириб юборди, сўнгра сапчиб ўрнидан туриб, тағин ҳамла қилишга ўтди. Мен эса ҳар сафар ундан осонгина ҳимояланар, ўзим учун соғинчли, қизиқарли олишувни узоқроқ давом этказгим келарди. Ахир қанчадан бери бунақанги муштлашмаганман.

Легионер анча толиқиб қолди. У жавоб зарбаларини кутаётганди, аммо унинг устидан очиқчасига кулаётганлигимни кўрганидан кейин баттар ғазабга минди. “Камон! Камон!” дея бақирди. Мен эса жилмайиб туравердим. Бундан у портлади гўё, ердан тош олиб менга улоқтирди, лекин бу қилган иши ҳам самарасиз кетди. Энди мен ўйин охирлаб қолганлигини тушуниб етдим ва секин-аста чордона қуриб “ош” еяётган шеригининг ёнига яқинлаша бошладим. Бунга сайин деярли толиқиб бўлган қора танли, бирорта зарбам зора тегиб қолса, деган умидда оёқ-қўлларини ишлата бошлади. Охири: “Майли, сазанг ўлмасин, сенам битта мушт туширақол”, деган хаёл билан сўнгги зарбалардан бирига жағимни тутиб бердим. Гарчи шундай хаёл қилган бўлсам-да, аслида, бу шумлик эди. Менга энди кўпроқ сариқ легионер керак эди. Лабиму бурним аралаш теккан мушт унчалик ҳам кучли бўлмаса-да, “учиб” бориб томошага зўр берган “хўрозбоз”нинг оёқлари тагига йиқилдим. Ҳавога чанг-тўзон кўтарилди. Ўзининг тилида алланималар деб валдираган легионер афтини бужмайтирганча қўли билан чангни ҳайдай бошлади ва мен ниятимга етдим. Чаққон ҳаракат билан пичоқни олдим-да, унинг бўғзига ботириб ўрнимдан турдим. Шўрлик бир марта “хирр”, деган сас чиқариб, ўтирган жойида озгина қотиб турди-да, орқасига қулади. Буни кўрган қоравойнинг кўзлари косасидан чиқиб кетди гўё, у ўкириб юбориб менга ташланди. Энди мен вақтни чўзиб ўтиргим келмади. Берилган зарбага чап бериб, қорнига тепдим. У энкайиб қолди. Шу маҳал умуртқасига товоним келиб тушди. Легионер юзи билан йиқилди-да, жимиб қолди. Сўнг секин ёнига бориб сочидан ғижимлаб бошини кўтариб қарасам, пешонаси ёрилиб кетибди. Йиқилаётиб икки қошининг ўртаси муштдай келадиган қиррали тошга тегибди.

— Ўйин тугади, — дедим овоз чиқариб. — Афсус, жасадинг шу ерда қолиши пешонангга ёзилган экан.

Сариқ легионернинг ёнига бордим-да, чўнтакларини титиб кўрдим. Адашмабман. Тўппонча бор экан. Агар қоравойни эртароқ “тинчитиб” қўйганимда, бу қуролдан отилган темир баданимга жойлашиши турган гап эди. Кейин бир даста юзталик купюрадаги долларлар ҳам чиқди чўнтагидан. Пулларга яхшилаб қарасам, ҳаммаси қалбаки (Ғарбий Германияда юрган кезларим долларнинг ҳақиқийси қанақа бўлишини гўринг нурга тўлгур Анна кўрсатган эди). Бечора легионерга ичим ачиб кетди. Қаердаги қоғозларни деб иссиқ жойини совитиб, жонини тикиб шу ерларга келиб юрибди. Жосусликда юрганимда туркияликларнинг, корейсларнинг ишлаб пул топиш учун изғиганларини кўп кўрганман. Уларни тушуниш мумкин эди. Лекин жонни гаровга қўйиб, қанчадан-қанча одамларнинг тинчини бузиб, қон қақшатиб бойлик орттиришга ҳечам ақлим етмайди... Яна топган пулини қаранг — сохта купюралар... Аввал бу легионер деганларининг соддаликлари учун устидан кулдим. Кейин яхшилаб ўйлаб қарасам, ўзим гўллик қилаётган эканман. Уларга бериладиган пуллар аллақачон жойини топиб бўлган, бу пуллар эса манави ерда ҳали ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ босар-тусарини билмайдиганларга аталган бўлиши нега эҳтимолдан холи бўлиши керак?

Ортга қайтаётганимда яна хаёлимни кампир эгаллади. Тағин ўнлаб саволлар пайдо бўлди. Бироқ буларнинг барчасига жавоб йўқ эди. Топишга эса ақлим ноқислик қиларди. Айниқса, унинг юзидаги нимадандир хафалик аломати мени чуқур ўйга толдирарди. “Барибир бир кунмас бир кун у ўзининг кимлигини менга билдириши керак-ку, наҳотки унгача мени қийнаб юришни хуш кўрса?” дердим ўзимга-ўзим гапириб. Очиғи, бунақанги кўникма қачон пайдо бўлганлигини билмайман, лекин сўнгги пайтларда ўзим билан сўзлашадиган, гоҳида баҳслашадиган одат чиқарганимни сезиб юрибман...

Асирлар ёнига етиб борсам, ҳаммаси осмонга қараб ётибди. Фақат Тўхтамурод билан қизлардан бирининг орасидаги масофа яқинлашиб қолибди. Анча яқин, деярли бир-бирига елкалари тегиб турибди. Ҳатто Тўхтамуроднинг анча-мунча типирчилагани ердаги майда тошчаларнинг уюм-уюм бўлиб қолганлигидан ҳам билиниб турарди. Кулгим қистади. “Ҳали сенмидинг ўзингни донишманд кўрсатиб, мени бутунлай ҳеч нимадан хабари йўқ, аҳмоқ ҳисоблаган”, дея ўйладим.

Энди менинг орқада ишкал бўладиган ҳеч нарсам қолмаган эди, шу боисдан ҳам тўхтамасдан юриб кетавердим. Йўл юрсам хаёл сурадиган одатим бор. Шунда юраётганим эсимдан чиқади, манзил яқинлашади. Ҳозир ҳам кетаверибман, асирлар буткул ёдимдан кўтарилиб кетибди.

— Сизда инсоф борми! — деб қолди қизлардан бири.

Хаёлим бирдан бўлинди-да, унинг ёнига бордим.

— Нима дедингиз, ойимқиз? — дея ундан сўрадим.

— Оёқларим шишиб кетди. Юришга мадорим қолмади. Сиз бўлсангиз тўхтаб дам олайлик ҳам демайсиз, — деди у йиғламоқдан бери бўлиб.

Шунда мен қиздан нигоҳимни олиб бошқаларга ҳам бирма-бир қараб чиқдим. Ҳаммасининг дармони қуриб қолибди. Элёр билан Шерзод ҳатто бир-бирига суяниб олишибди.

— Начора, ойимтиллалар баҳонасида бизам озгина дам олволамиз энди, лекин кун қайтиб қолибди. Кечаси бу ерларда оч бўрилар кўп бўлишади. Шуларга ем бўлиб қолишимиз ҳам мумкин-да. Нима дейсизлар, дам олиш баҳонасида бўриларнинг қорнини тўйғазиб қўямизми ёки юравериб биронта қишлоқми, кулбами топиб, бемалол дам оламизми?

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Лекин гапларимни эшитган қизларнинг кўзларида ёш пайдо бўлди. Афтидан, уларнинг бутунлай тинкалари қуриб қолган эди. Бундан бу ёғига юришга энди дармонлари етмасди.

— Майли, — дедим уларга қараб туриб, — ажалимиз бўриларнинг қўлида экан. Тан бермай иложимиз йўқ. Айтиб қўяй, ҳеч кимнинг қўли ечилмайди.

— Бўриларга ем бўлдик нима-ю, сенинг қўлингда итнинг кунини кўриб ўлдик нима! — деди Тўхтамурод.

— Энди, менинг қўлимда озгина кўпроқ яшайсизлар-да.

У бошқа гапирмади. Гапирмоқчи бўлди-ю, лекин лаблари қуруқшаб кетганидан тили ҳам айланмай қолди.

Биз ўн дақиқача ўтирдик. Мен семизроқ чўпни олиб ёнимдаги пичоқ билан эрмак учун учини ўткирлаб ўтирдим. Улар эса йўл бўйига чўзилишганча кўзларини юмишди.

— Сизнинг қаҳрингиз жудаям қаттиқ экан, — деди шим кийиб олган қиз бошини кўтариб мен томонга қарар экан.

— Нега? — дедим унга бир қараб қўйиб.

— Шунча йўлни босиб ўтдик. Бизнинг аёл эканлигимизга ҳам қарамай, ақалли, бир қултум сув ҳам бермадингиз.

— Сув бўлмаса нимани бераман? Ҳали қорнимизни ҳам тўйдир, дерсизлар?

Шу гапимдан ётганларнинг биттаси «қулт» этиб ютиниб қўйди. Менимча, бу Шерзод эди.

— Бунақанги марҳаматни аҳмоқ одамгина сиздан кутиши мумкин, — деди ўша қиз яна.

— Ҳов ойимтилла, исминг нима эди? — деб сўрадим, қилаётган ишимдан бир оз тўхтаб.

— Шавқина.

— Ваҳ-ваҳ-эй, бунақанги гўзал исмни энди эшитишим, дугонангники-чи?

— Гули.

— Уникиям зўр экан, — деб мен яна эрмагимга берилдим.

— Бўлдими? — деди Шавқина.

— Нима бўлдими?

— Исмларимизни сўрадингиз, шу холосми? Сув топиб бериш чорасини қилмайсизми?

— Ҳозир аста-секин ҳаво совияпти. Демакки, намгарчилик бўлади. Осмонга қараб чуқур-чуқур нафас олсанг, чанқоғинг қонади.

У гурс этиб калласини ерга ташлади. Бир оздан кейин ҳиқиллаган овози эшитилди. Шундаям эътибор қилмай ишимни озгина давом этказдим-да, ўрнимдан турдим.

— Бўпти, сувсизликдан ўлиб қолманглар, мен у ёқ-бу ёқни қидириб кўраман, агар бирорта йиртқич, бўрими, шоқолми келиб қолса... Ҳа, бу ерларда айиқларам бор деб эшитгандим... Навбатда турасизлар-да, навбат охирлагунча етиб келсам керак, — дедим атайин уларни қўрқитиш учун.

— Тўхтанг, унда! — деди Гули кўзидаги ёшини тия олмай. — Ғажилгандан кўра сувсизликдан ўлганимиз маъқулроқ.

Тўхтамурод қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Бирор дақиқалардан сўнг ўзига келиб:

— Гулихон, — деди овози базўр чиқиб, — шунинг эртагига ишонаяпсизми? Бу ерларни беш қўлдай яхши биламан. Бўри тугул, агар сичқон топсангиз мен сизга беш кетаман.

— Яхши, — дедим мен ҳам кулиб, — кўрамиз унда.

Биз қўнган ер буталар қалинлашган, ёнғоқлар ҳам пайдо бўла бошлаган жой бўлиб, Тўхтамуроднинг гапларига қараганда меники ҳақиқатга кўпроқ яқин эди. Айни шунақанги гадой топмас ерларни йиртқичлар макон қилишини яхши билардим. Ва уларнинг аксарияти тунда овга чиқишидан ҳам хабарим бор эди. Буни Тўхтамурод ҳам билишига шубҳам йўқ. Аммо у кўнглида айни дақиқада ненидир мўлжал қилди. Бу эса қочишдан ўзга нарса эмас эди. Қизиқ, легионерлар билан уришаётганимда унинг қочиб қолиши учун ниҳоятда катта имконият бор эди. Лекин у қочмади. Энди нимагадир шундай хаёлга бориб қолди. Албатта, у бу гапларни менга айтгани йўқ. Менинг ўзим шундай тахмин қилдим. Одатда, кутилмаганда қилган режаларим доим ўнгидан келган. Ҳозир ҳам худди шундай ҳолатда эдим.

Сўқмоқ йўлнинг чап томони озгина қиялик эди. Агар буталар оралаб озгина юрилса, бу ердагиларга кўринмай кетиш мумкин, бу эса уларнинг мен кетганимдан кейин нима билан шуғулланишини бемалол кўриш имконини берарди. Аммо бунақанги имкониятдан фойдаланмадим. Биринчидан, унчалик узоққа кетиб қолмайман. Иккинчидан, қайтиб келгунимча қўлларини ечишга улгурганлари билан қочиб қаёққа ҳам боришарди? Айниқса, анави иккита томоғи қақраб ётган қизни ётган жойидан қимирлатишнинг ўзи бўлмайди.

Буталар оралаб уч юз қадамча юрганимдан кейин кичкинагина булоққа кўзим тушиб қолди. Қувониб кетдим-да, тўйиб-тўйиб сув ичдим. Танамга қайтадан жон киргандай бўлди. Дарров ортимга қайтдим. Айтганимдай бўлибди. Асирлар ёнига бормасдан берироқдан кузатсам, Тўхтамурод зўр бериб қўлидаги арқонни ечишга уринаяпти. Эпини қилиши қийин эди. Бекорга овора бўлаётганди. Чунки Батинковдай одамнинг таълимини олган жосус боғлаган арқонни ечиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, манавинга ўхшаганларнинг.

Атайлабдан буталарнинг шохларини қимирлатиб келаётганлигимни билдириб чиқдим. Бунгача Тўхтамурод типирчилашдан тинган эди.

Битта-битта ҳаммасининг ўринларидан туришига кўмаклашиб, уларни булоқча ёнига олиб бордим. Шунгачаям қиз шўрликлар камида уч мартадан йиқилишди.

Сувга тўйганларидан кейин асирлар бояги жойларида тунашни таклиф қилишди.

— Агар ялпайиб ётаверсак, бир ҳафтадаям етиб боролмаймиз, юриш керак, — дедим мен.

— Қорин очқаб кетди, — деди Элёр йиғламоқдан бери бўлиб.

— Ўлмайсан! — дедим унга ўқрайиб.

— Ўлсак ҳисобми? — дея гапга қўшилди Шавқина.

— Қани, олдимга тушларинг! — дедим мен уларнинг ҳаммасига бирма-бир ўқрайиб қарарканман.

Аслида, манзил яқин эди. Ўзимизнинг республикага ўтишимизга уч чақиримча қолганлиги харитада кўрсатилган, ундан кейин яна бир чақиримча юрилса, кичкинагина қишлоққа етиб бориларди. Лекин бунақанги қадамни санаб босиш билан бутун тунни ўтказиш мумкин эди.

Тун аста-секин этагини ёйди. Қаердадир бўри увиллади. Шавқина билан Гули қадамларини секинлатиб менинг ёнимда туриб олишди (уларнинг қўлларини бўшатган эдим).

— Бўри ёлғиз ўзи одамга ҳужум қилмайди, тўғрими, Тўхтамурод? — дедим мен.

У менга олақараш қилиб қўйди.

— Хабаринг йўқмиди? Ҳамма нарсани билардинг-ку. Ёки бўри билан итнинг овозини фарқлолмайсанми?

Ҳамма саволларим жавобсиз қолди. Тўхтамурод жавоб бергиси келмади. Нима ҳам десин? Аслида ҳам у ҳеч нарсани билмасди-да. Шунчаки мени узоқлатиб, қочишни мўлжал қилганди.

— Тўхтамурод, хаёлимга битта фикр келиб қолди. Биласанми, мен сени қўйиб юбормоқчиман. Ҳозир қўлларингни бўшатаман-да, орқангга бир тепаман. Шу билан тўрт томонинг қибла, кетаверасан хоҳлаган жойингга. Келишдикми?

— Бошқалар нима бўлса мен ҳам шу, — деди у нигоҳини ердан узмай.

— Боягина бошқаларсиз ўзинг қочмоқчи бўлгандинг-ку.

— Ёлғиз ўзим кетмасдим. Ҳаммани бирга олиб кетардим.

— Қаерга?

— Ишқилиб, сенинг қўлинг етмайдиган жойларга.

— Худонинг олдига экан-да.

— У ёққа боришимга ҳали анча бор.

— Менинг олдимдан кетардинг, кейин бўрилар галасига дуч келардинг. Ана шунда кетиб турибсан-да, осмонга учиб.

— Бўрилар ҳам мендан қўрқади, демоқчимисан?

— Қўрқмайди, лекин менда автомат бор-да. Битта-иккитасини отганимдан кейин қочиб қолишади. Худди сенинг тоққа қочган йигирмата биродарингдай.

— Бу ерларда кўп бўлганмисиз? — дея гапга аралашди Гули.

— Бўлмаганман-у, лекин биламан-да йиртқичларнинг одатини.

Қиз бирдан жимиб қолди. Менимча, унинг юраги орқага тортиб кетди-ёв. Шундан кейин бошқаларнинг ҳам нафаси ичидан чиқмай гоҳ-гоҳида атрофига олазарак боқиб кетаверди. Сезиб турибман, ҳамма ҳозир хаёл гирдобига шўнғиган эди. Албатта, айни пайтда ўйлари ваҳималидан ваҳимали. Шунча гапдан кейин бошқа нарса тўғрисида хаёл суриш мумкин ҳам эмасди. Биргина мен уларнинг бундай кетаётганидан хурсанд эдим. Чунки чарчоқ нималигини, қанча йўл босганлигини бутунлай эсларидан чиқаришади. Демакки, «қорнимиз очқаб кетди», «чарчадик» деган гап-сўзлар бўлмайди.

Икки соатлардан мўлроқ вақт ўтганидан кейин ўзимизнинг республикага ўтиб олдик. Яна озгина юрсак, қишлоқ келади... “Тўхта... тўхта, — дея ўйлаб қолдим, — ҳозир булар билан бирга қишлоққа кириб борсам, у ердагилар нима дейди? Ваҳима кўтариб юборишмайдими? Яхшиси, шу яқин атрофда, бирорта қулайроқ жой чиққанидан кейин тўхтаймиз. Ўзим қишлоққа бориб бирорта егулик олиб келаман”.

Ниҳоят, шундай жой топилди. Ўнг томонимиз тоғ, қалин бутазор, чап томонимиз сойлик, шу томонда қаердадир шилдираб сув оқиб ётибди. Бироқ энди чанқоқ унутилган. Шундоғам ҳаво этни жунжиктирадиган даражада совиган эди.

— Бўлди, шу ерда дам оламиз, — дедим.

Шу гап оғзимдан чиқиши билан Элёр пиқиллаб йиғлашга тушди.

— Нима гап? — дея сўрадим унинг ёнига бориб.

— Туфлим оёғимни уриб ташлади, — деди у ёш боланикидай овозда.

— Шу пайтгача айтсанг ўлармидинг!

— Қўрқдим!

— Шу юрак билан ҳали кеккайиб юрибсанми? Боягина тилинг бурро эди-ку.

— ...

Биттама-битта ҳамманинг қўлини боғлаб чиқдим. Бу сафар, айниқса, Тўхтамуроднинг қўлларини шунчалик маҳкам боғладимки, кейин: “Буни қандай ечаман энди?” дея ўйладим ҳатто. Барини бир қатор қилиб ётқиздим. Фақат Шавқинадан ташқари.

— Мен-чи? — деди у ҳайрон бўлиб.

— Сиз, хоним, мен билан бирга кетасиз, — дедим бир оз киноя билан.

— Қаерга? — деди у. Бу сафар унинг овози қалтираб чиқди.

— Тоза ҳавода би-и-ир дам олиб келайлик.

— Узоққа борамизми?

— Дунёнинг нариги четига.

— Қўрқаман мен!

— Нимадан?

— Сиздан.

— Еб қўймайман, бошқалар қилган ишни қиламан.

— Шу атроф бўлмайдими?

— Одам кўп.

— Мен чарчаганман. Балки ҳозирча инсоф қиларсиз?

— Инсоф... Бизда инсоф нима қилсин? Анавилар, — дея Тўхтамуродни кўрсатдим, — ҳамма инсофни олиб қўйишган.

— Бир марта одамгарчилик қил, — деди Тўхтамурод.

— Одамгарчилик? Шу пайтгача нима қилиб келаяпман? Агар одамгарчилик қилмаганимда юрардинг нариги дунёда айшингни суриб.

Шу билан Тўхтамурод миқ этмай қолди. Албатта, бошқа пайт бўлганда яхшигина “сайраган” бўларди.

Йўлни битта қоя яшириб турган экан, биз деярли қишлоқнинг яқинига келиб қолибмиз. Лекин қишлоқ қоя ортда қолганидан кейин ҳам кўринмади. Чунки ҳаммаёқ қоронғи эди. Одамлар аллақачон иккинчи уйқуни ҳам уришаётган бўлишса керакки, бор-йўғи иккита чироқ нур таратиб турибди. Агар харита бўлмаганида бу ерда қишлоқ бор-йўқлигини сезмаган бўлар эдим.

Чироғи ёниқ биринчи жой магазин экан. Ўзи бир қарашда магазинга ҳам ўхшамайди. Кичкинагина томча, атрофида беш-олти дарахт. Фақат пештоқидаги хирагина ёзув бу иморатнинг («иморат» сал виқорлидай, зарур бўлиб қолганидан ишлатилди) магазин эканлигини билдириб турибди, холос. Чап томонида янаям кичикроқ қоровулхонаси бор экан, бориб туйнукдай келадиган деразасини секин тақиллатдим. Лекин ҳеч ким жавоб бермади. Яна деразани урдим, бу сафар қаттиқроқ.

— Ароқ йўқ, ухлагани қўясанларми-йўқми?! — деган уйқусираган асабий овоз келди ичкаридан.

— Зарур иш билан келувдик, — дедим мен бошқа гап тополмаганимдан.

«Чирқ» этди-ю, ичкарида чироқ ёнди, шундан кейин соқоллари ўсиб кетган қоровул деразага бурнини теккизиб мўралаб қаради ва ичкаридан туриб:

— Кимсан? — деди. Энди унинг овози хириллаб чиқди.

— Биз саёҳатчилармиз, — дея қўлимни орқага чўзиб Шавқинани яқинроқ келишга ундадим.

Қоровул бир оз қараб турганидан кейин эшикни очиб ташқарига чиқди. Мен салом бериб, олдига бордим-да, саёҳатга келганимизни, олиб кетиши керак бўлган машина келмаганлигини, овқатимиз тугаб қолганлигини, шунга бирор егулик беришини илтимос қилдим. У бир менга, бир Шавқинага бошдан-оёқ разм солиб чиқди-да:

— Бизнинг қишлоқдан нарига мошина ўтолмайди-ку, — деди.

— Биз Тожикистон томондан келдик. Харитадаги энг яқин қишлоқ шу ерлиги кўрсатилган экан, йўлга чиққанимизда ҳали қуёш ботмаганди. Етиб келгунимизча ярим оқшом бўп кетди, — дея бирин-кетин ёлғонларни тўқиб ташладим. Зеро, бошқа иложим ҳам йўқ эди.

— Егуликни уйдан олиб бериб юборсам бўлади. Бу ерда ароқ бор... Ҳа, айтганча, “закуска”га деб икки “паличка” калбаса оп қўювдим. Бу ёққа киринглар-чи, — дея у бизни ўзининг кулбасига бошлади.

Ёруққа кирганимиздан кейин қоровул чол Шавқинани кўриб, бутунлай анқайиб қолди. Мен бир оз хижолат бўлган эсам-да, бу қилиқ жувонга ёқиб тушди шекилли, илжайиб-тиржайди. “Озгина туртиб юборса йиқилиб тушгудай бўлиб турибсан, тиржайишга бало борми?” деб хаёлимдан ўтказдим.

(Давоми бор)

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм

Олтинчи қисм

Еттинчи қисм

Саккизинчи қисм