euroasia.me
58 subscribers

Жаҳолат қурбонлари (Тўртинчи қисм)

359 full reads
Жаҳолат қурбонлари (Тўртинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
  • (Тўртинчи қисм)

— Отанг кўнглингдагини олиб бермаяптими? — синфдош жўрам Толиб секин ёнимга келиб, қулоғимга шивирлади.

— Йўқ, ўзим хоҳлаган қизга уйланаяпман. Нимайди? — дедим ҳайрон бўлиб Толибга қарарканман.

— Унда нимага қовоғинг бунча солиқ? Жўралар яқинингга келишолмаяпти. Менга: “Бориб билиб кел-чи, нима гап экан?” дейишди.

Учинчи қисмни ўқиш

— Ҳаммаси зўр, — дедим ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилиб. — Ишлар кўплигидан сал бошқачароқ кўринаётган бўлсам керак. Болаларга айт, тайёр туришсин, ҳозир кетамиз. Айтганча, ҳеч ким қолмадими, ҳамма келдими?

— Нуралидан бошқа ҳамма шу ерда.

— У нега келмади?

— Билмадим. Уйига борсак, йўқ экан. Отаси: “Туркманистонга кетди”, дейди.

“Келгиси келмаган, — дея ўйландим, — мендан хафа. Одам бир-бирини тушунмасаям қийин экан”.

Келинни олиб келадиган вақт бўлди. Худди ана шу пайт дилимнинг хиралиги боисини англагандай бўлдим-у, шошиб қолдим. Чунки Барнонинг қишлоғидаги анави “корол” биронта қилиқ чиқариб қолдимикин, деган ўй миямга урилган эди. Ҳаммадан олдин ўзим машинага чиқдим. Одатда, куёв деганлари бир оз уялиши, тортиниб, қимтиниб, шунда ҳам куёвжўраларнинг ниқташларидан кейин машинага ўтириши керак эди. Бу ёзилмаган қонун эди, назаримда. Аммо айни дақиқада юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлаётгани боис, бунақанги қонунларни четлаб ўтиб кетгандим.

Барноларнинг қишлоғига кириб бораяпмиз-у, лекин шу қишлоқда ҳақиқатан ҳам тўй бўлаётганлиги сезилмайди. Ҳаммаёқ жимжит. Ҳатто кўчада биронта одамга дуч келмадик. Юрагим така-пука бўла бошлади. “Ишқилиб, бирор кор-ҳол рўй берган бўлмасин”, деган хавотир хаёлимни чулғаб олди. “Мен ўзимни ҳар қандай шароитда ҳам идора қила оладиган одамман”, дея ўйлайман. Шундай деб ўйлайман-у, лекин барибир безовталанавераман. Қишлоққа кирганимиздан то Барноларнинг уйигача бўлган оралиқ, чамамда, бирор минг чақиримга чўзилиб кетгандай бўлди. Ҳатто ўзим билмаган ҳолда: “Уйи жуда қишлоқнинг ичкарисида экан-а”, деб юборибман. Гапимга жавобан ҳайдовчи кулди:

— Ошна, ҳали шошмай тур, бир қадам бўп қолади.

Ҳартугул, Барноларникига кириб-чиқаётган одамлар кўп экан, шуларни кўриб, кўнглим бир оз хотиржам тортди. Ўзимдан-ўзим хафа бўлдим. “Қаердаги йўқ нарсага типирчилаб юрибсан”, дея койиндим.

Кутиб олувчиларнинг юзларида табассум билан безовталанишга ўхшаш яна бир нима зоҳир эди. “Келинг-келинг, ўтинг-ўтинг” ҳам шунга яраша бўлди. Шу боисми, Барноларникига тақаб қурилган қўшнининг уйига бошлашди. Дастурхон ёзилиб, қанд-қурс қўйилганидан кейингина ширин чой келтирилди. Ваҳоланки, энг аввал ширин чой олиб келиниши, ҳар битта куёвжўрага бир пиёладан берилиши, ширинчой ҳақи талашиб-тортишилиши керак эди. Номигагина бўлди ҳаммаси. Бошимни эгганча ўтиравердим, жўраларимнинг юзига қарашга ҳам уялардим. Умримда бир маротаба бўладиган никоҳ тўйимнинг ҳам мана шундай дилхиралик билан бошлангани менга алам қиларди.

— Қани, қайси уйда ўтирибди? Давай, чақириб чиқинглар, мен ўзи билан яхшилаб бир гаплашиб қўяйин! Барно тегаман деса шу ердаям болалар тиқилиб ётибди. Нимага қаердандир пайдо бўлган муштумзўр қишлоқнинг энг олди қизини олиб кетар экан? — деган дағдағали овоз келди бир маҳал ташқаридан. Ўтирганларнинг ҳаммаси бир-бирига қаради. Хаёлимга “корол”нинг овози муҳрланиб қолган экан — дарров танидим. “Бекорга кўнглим ғаш бўлмаган экан. Сезган эканман. Нима қилсам экан?” дея ўйландим.

— Эсинг жойидами? Энди сайил ўтди. Қишлоғингнинг олди қизи бошқа ернинг олди йигитига тегаяпти. Энди бориб, уйингда босиб ўтир. Ўзи эрталабдан бери ҳамманинг жонига тегиб кетдинг. Тўғриси, сени огоҳлантиряпман, кетмасанг, тўйга иккита-учта мелиса келган. Айтаман, обориб тиқиб қўяди. Зўрлигингни ундан кейин кўраман, — деди ташқарида яна кимдир “корол”га. Лекин у тинчимади. “Чақиринглар, гаплашаман. Бўлмаса жанжалнинг зўрини кўрсатаман. Беш-олтита болага тайинлаб қўйганман. Бу ердан куёвнинг ўлиги кетади!” деб оёқ тираб туриб олди. Мен секин ўрнимдан турдим. Жўраларим: “Чиқма, ўрнингда ўтир”, дейишди. Аммо чиқмайдиган бўлсам иш битмаслигини англаганим боис, уларнинг гапларига қулоқ солмасдан эшик томонга юрдим.

Тўйнинг битта томони чатоқ, агар биронта одам анави ерда икки киши уришаяпти, деса ҳамма кўчиб боради. Битта-иккитаси уришаётганлар ишига аралашиши мумкин-у, қолганлар томошадан қуруқ қолиб кетмаслик илинжида бўлишади. “Корол”нинг бақир-чақиридан кейин беш-олти одам ҳовлига тўпланиб улгурган экан. Мен ташқарига чиқишим билан жўраларим ҳам ортимдан эргашишди.

— Корол, мени сўраётганмидинг? — дедим унинг кўзига важоҳат билан тикилиб.

У мени кўриши билан илжайди. Устидаги пальтосини секин еча бошлади, шу билан бирга юзи қаҳрли тус олди. Биринчи учрашувимизда эътибор қилмабман, қоши тепасида чандиғи бор экан. Чандиқ пешонасидаги ажинларга қўшилиб шунақа хунук қиёфа олдики, у билан муштлашишдан кўра ижирғаниб, узоқроқдан ўтгинг келади.

— Ҳа, сени... — деди “корол” менга тикилганча ва шу алпозда бир оз тургач эса тўсатдан: — Яхши ўтирибсизларми? Яхши келдингларми? — дея сандироқлай бошлади. Чунки у гипноз таъсирига тушиб қолганди.

Ҳовлида турганларнинг ҳаммаси ҳангу манг. Бир менга, бир унга қарашади.

— Биз билан бирга ўтирмайсизми? — дедим мен.

— Гап йўқ, ўтираман, — илжайди “корол”.

— Ука, — деди унинг ёнида турган, ўттиз беш-қирқ атрофидаги, сочлари оқарган киши, — ўзига келганда уйига борсин. Бунинг яхши гапигаям одам ишониб бўлмайди. Яна биронта ўйин чиқариб юрмасин.

— Йўқ, ўйин чиқармайди. Биз бирга отамлашамиз, — дедим мен унга.

— Тўғри, мен бу болани олдиндан билардим. Бирга ўтирамиз, ҳақ бераман, девди. Шунга буни мен излагандим, — деди “корол” ҳам.

Унга бу гапларни менинг ўзим хаёлан сингдиргандим.

Биз бошқатдан уйга кирдик. Мезбонлар менинг олдимга бир шиша ароқ қўйиб кетишди. Битта пиёлани ароққа, иккинчисини сувга тўлдирдим.

— Қани, олдик, — дедим “корол”га, — ўша гаплар учун.

— Ҳа, зўр гап бўлганди, — деди у ва бир кўтаришда пиёлани оқлаб қўйди.

Тағин тўлдирдим. Бу сафар ҳам у чўлда сувсиз қолиб кетган одамдай сипқорди. Куёвжўраларга қарадим, уларнинг ҳайратдан оғизлари очилиб қолган эди. Назаримда, улар “корол” иккаламизни аввалдан таниш деб ўйлашаётган эдилар. Умуман олганда, у билан таниш эдим. Ҳар қалай, бир марта учрашгандим-да.

Тўртинчи пиёладан кейин “корол” бутунлай маст бўлиб, ағанаб қолди-да, хуррак отиб ухлашга тушди. Шундан кейингина менинг кўнглим бир оз жойига тушди.

Ҳамма расм-русумлар ниҳояланганидан кейин ахийри Барнони олиб йўлга тушдик. Барно оппоқ келинлик либосида шунақанги очилиб кетган эдики, қараб кўзим тўймасди. Онда-сонда унинг ўзи ҳам мен томон қиё боқиб қўяр, бундан менинг юрагим баттар дукиллаб уришга тушиб кетар эди. Айнан унинг гўзаллиги таъсирида хафаликларни бутунлай унутиб юбордим... Тан олиб айтайин, шу пайтгача учраган қизларнинг биронтаси мени бундай кўйга сололмаган эди. Балки солиша оларди, агарда уларга Барнога қарагандай муҳаббат билан қараганимда...

Тўй яримлаб қолганида қаердандир Нурали пайдо бўлди. Аввал синфдошларнинг ёнига келиб ўтирди. Кейин ўрнидан туриб, мен томонга тебраниб кела бошлади. “Туркманистон ҳам бунга бир қадам бўп қопти, шекилли”, дея хаёлимдан ўтказдим.

— Дўстим, — деди Нурали кўзи сузилиб, ёнимизга келганидан кейин, — сен менинг энг яқин қадрдонимсан. Сен, биласанми, мард боласан, эркаксан!.. Келин... Келин, бу бола менинг қадрдоним бўлади... Шундай қадрдон жўрамни сизга ҳозир ишониб топшираяпман... Ҳиқ... Бугунги тарихий кун учун ичамиз!

Барно ердан кўзини узмас эди. Нурали эса келин-куёвнинг столидаги ароқни очишга тушиб кетди. Мен ёнимда ўтирган Толибнинг қулоғига: “Манавини йўқот”, деб шивирладим. Аммо Нурали йўқолмади. Ўжарлиги тутиб: “Собир ҳам, келин ҳам мен билан бир қадаҳдан ичади”, дея оёқ тираб туриб олди. Ноилож, унинг айтганини қилдим. Барно қадаҳни лабига теккизди-ю, яна жойига қўйди.

— Йўқ, — деди уни кузатиб турган Нурали, — сизам худди Собирдай охиригача ичасиз. Ёки бахтли бўлишингизни хоҳламаяпсизми?

— Илтимос, — дедим мен Нуралига ўқрайиб қараб, — зўрлама, уникиниям мен ичаман.

— Кечириб қўясиз, дўстим, келин бола сизга тегишли бўлгани билан, ҳар қалай, бутун бошли бошқа одам, — деди Нурали ўшшайиб.

— Ошна, — дея гапга аралашди Толиб, — қўй, буларни, юр, ундан кўра, икковимиз ўйнаймиз.

— Гап бўлиши мумкинмас, ичсин. Тўйни ўзим қизитаман, — деди унга Нурали.

Жаҳлим чиқиб кетди. Қўлларим мушт бўлиб тугилди. Барно менинг ҳолатимни дарров илғади, шекилли, билагимдан маҳкам ушлади. Бу билан у “қўйинг, шу билан ади-бади айтишманг”, деяётгандай эди. Барнонинг қадаҳидаги ароқни ҳам алам устида ўзим ичиб юбордим. Буни кўрган Нурали иржайди:

— Одамни ташвишга қўясан-да, Собир. Яна қадаҳларни тўлдиришимга тўғри келади.

Унга еб қўйгудек ўқрайиб қарадим-да: “Йўқол!” — дедим тишларимни ғичирлатиб. Толиб важоҳатимни кўриб бирдан Нуралини қучоқлади-да, рақс тушаётганлар томонга торта бошлади. Нурали уни силтаб ташлади. Аммо Толиб ҳам бўш келмади, яна уни қучоқлаб олди.

— Сен қилган ҳақоратинг учун ҳали жавоб берасан! — деди менга Нурали ва Толиб билан бирга кетди.

Толиб нарироққа борганларидан кейин уни рақс тушишга даъват қилди, аммо Нурали ўйнамади, қўлини силтади-да, тўйхонадан чиқиб кетди.

— Хафа бўлманг, — деди Барно юмшоқ овозда, қўлимни нозик, оппоқ бармоқлари билан силаб, — хафа бўлишингизга арзимайди.

Биргина шу гап менинг кўнглимни тоғдай кўтариб юборди. Шундай ақлли қизга уйланаётганлигимдан хурсанд бўлиб кетдим. Нурали кетганидан сўнг ёнимга келиб ўтирган Толибга қарадим-да:

— Ошна, шампанни оч, ҳаммамизга тўлдириб қуй, — дедим.

Бу сафар мен айтмасам ҳам Барно озгина ичди. Кейин менга кулиб қўйди. Кулгиси юракни олгувчи кучга эга эди. Мен эртароқ тўй тугашини истаб қолдим...

Ичиб қўйганлигим сабабли янгалар чимилдиққа эртасига киришим лозимлигини айтишди. Додлаб юборай дедим. Улардан бирининг қулоғига: “Фақат гаплашиб ўтираман”, дея секин шивирладим. Лекин ҳушёр янга кўнмади.

Ўша тунни бедор ўтказдим. Аввалига уйда ўтирдим. Кейин ташқарига чиқдим. Ҳаво совиган, этим жунжикарди. Лекин менга бу ёқаётган эди. Икки соатча ойга тикилиб ўтирдим. Ҳаётимни бирма-бир хаёлимдан ўтказдим. Онамни эсладим. Кўзимдан ёш сизиб чиқди. Хаёлан у билан гаплашдим, ҳатто. Кейин сирли кампир эсимга тушди. Яна унинг навбатдаги ташрифидан мазмун қидирдим. Тополмадим. Охири совуқ қотдим-да, уйга кирдим. Шу бўйи тошдек қотиб ухлаб қолибман.

Эрталаб мени ҳеч ким уйғотмабди. Турсам, соат ўндан ошиб кетибди. Бундай пайтда кеч уйғониш одамга ноқулайлик туғдираркан. Биров юзингга солмаса-да, худди кейинги кечага тайёргарлик кўриб, кўп ухлагандай бўлиб қоларкансан.

Кун пешиндан ўтганидан кейин “навбатчи” янга уйига кетди. Эри чақиртирибди. “Айни кўнглимдаги иш бўлди”, дея ўйлаб энди чимилдиқ тикилган уйга кирмоқчи бўлганимда, Саида тўхтатиб қолди:

— Кечгача кирмаскансиз, янга шундай деб тайинлаб кетди, — деди у қизариб-бўзариб.

— Кетдик, иккаламиз кирамиз, — дедим мен, — янганг билан гаплашиб ўтирамиз, зерикиб кетдим.

Синглим эътироз билдирмади. Киришга мен билан бирга кирди-ю, кейин тезда чиқиб кетди. Барно иккаламиз ёлғиз қолдик.

— Соғиндим, — дедим унинг ёнига бориб.

— Алдаманг, — деди Барно шумлик билан.

— Рости.

— Ишонмайман.

— Исботлайми?

— ...

Барнонинг юзини, сочларини силадим. Қилиғим ўзимга хуш ёқди... Мен узоқ муддат шундай қилишни хоҳлардим. Аммо Барно йўл қўймади.

— Чиқинг, бу ерда ўтирсангиз уят бўлади, — деди.

— Энди бутунлай ўзимники бўлдинг-ку.

— Шундаям. Ҳозир Саида келади. Кейин иккаламиз ҳам уялиб қоламиз... Бу ерда ўтирганингизни отам ҳам билиб қолса... Мен ташқарига чиқолмай қоламан.

— Майли, сизнинг амрингиз вожиб, — дея ўрнимдан турмоқчи бўлдим-у, Барнони қучоқлаб олдим. Лабидан тўйиб-тўйиб бўса олдим. Шундан кейингина ҳовлига чиқдим.

Куннинг кеч бўлиши, назаримда, асрга тенглашиб кетди-ёв, яхшиямки, телевизор бор экан. Керак-нокерак ҳамма кўрсатувни томоша қилдим. Ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ эди. Отам кечгача қаергадир бориб келди. Сўнг ота-бола бир оз гаплашиб ўтирдик. Гапимиз унчалик ҳам қовушмади. Бундай пайтда қовушмаслиги ҳам аниқ. Умуман, биз гаплашадиган гапнинг ўзи ҳам йўқ эди. Суҳбатимиз узилган кезлари, ора-сира отам чуқур нафас олиб қўярди. Ҳойнаҳой, онам ёдига тушгандир. Келин кўриш унга насиб этмади, деб ўйлаётгандир. Балки аёлларнинг баъзи иши ҳам отамнинг ўзига қолганлиги алам қилаётгандир. Ичим ачиди. Ахир ҳозир отам кўтариб турган юк унча-бунча одамнинг белини майиштириб юбориши ҳеч гап эмасди. Айниқса, кўргиликларни кўраверганидан юраги адо бўлаёзган одамнинг чидаши оғир.

Ниҳоят, узоқ кутилган лаҳзалар келди. Отам:

— Уйингга бор, бизам чарчадик, — деди.

Отанинг ўғилга бу гапни айтиши ҳазил нарса эмас, албатта. Она айтиши мумкин.

Қушдайин учиб кетадиган шаштим бор эди. Лекин отамнинг мени иккинчи марта “қувиш”ини кутдим. “Ўлиб ўтирган экансан-да”, деган хаёлга бормасин”, деб ўйладим. Кўп ўтмай отам менга ола қараш қилиб:

— Ўтираверасанми? — деди сохта пўписа билан.

Ўша куни тонг отишини ҳечам хоҳламадим. Лекин вақт яна менга қасдма-қасдига иш қилди. Барно билан суҳбатимиз адо бўлмасидан қаердандир хўроз қичқириб қолди дунёни бузгудай бўлиб...

Орадан бир ҳафта ўтганидан кейин мен одатим бўйича вокзалга бормоқчи бўлдим. Лекин Барно: “Бормайсиз”, деб туриб олди. Унинг айтганига бўйсунмай кетаётган эдим, йиғлашга тушди. Шу билан вокзалдаги ишимнинг умри адо бўлиб, фақат мактабгагина қатнайдиган бўлдим.

Иш оз эди, шу боисдан ҳам тезда зерика бошладим. Шундай кунларнинг бирида қайнотам бўлмиш Абдукарим ака қайнонам билан бирга келиб қолишди. Улар билан анча вақт гаплашиб ўтирдик. Аёлларнинг ўзлари бошқа хонага ўтганларидан кейин қайнотам ёрилди:

— Мана, келинли бўлиб олдингиз, энди нариги ишниям битирайлик, — деди отамга.

Отам “сен нима дейсан”, дегандек менга юзланди. Мен нима дейишга ҳайрон эдим. Бирорта жўялироқ гап топармиканман, деб ўйланиб турганимда, отамнинг ўзи гап бошлаб қолди:

— Қишни ўтказиб, ундан кейин ҳаракат қилсак, қандай бўларкин?..

— Эгамқулам анча қийналди. Эркакнинг аёлсиз яшаши қийин-да.

Қайнотамнинг шу гапидан кейин отам розилик берди.

Шундан сўнг иккинчи тўйга ҳам тайёргарлик бошланиб кетди. Ҳамма нарса ҳисобга олинди. Биз томонда тўй қилинмади. Сабаби, куёв ҳақида сўраб-суриштирувчилар кўпаяр, ундан кейин бизнинг устимиздан очиқ куладиганлар пайдо бўларди. Шуларни ҳисобга олиб, Эгамқул аканинг уйидагина тўй қиладиган бўлдик. Шундаям эскича тўй. Яъни, келин-куёв столга чиқмайди. Фақат келадиган меҳмонларга ош тортилади. Буларнинг ҳаммасидан хабар топган Саида шўрлик кўп эзилди. Барнонинг айтишича, синглим бечора биздан яшириб куну тун йиғлар экан.

Шундай қилиб, бир ҳафта деганда уни узатдик.

Саида кетганидан кейин уйимиз ҳувиллаб қолди, назаримда. Айниқса, отамга қийин бўлди, уйга киради, эшикка чиқади, нима қиларини билмайди. Дардига малҳам топишга уринаман-у, лекин топмайман. Бир куни отамнинг олдига кирдим-да:

— Сизни уйлантираман, — дедим ерга қараб.

— Нима дединг?! — отам деярли бақириб юборди.

— Уйлантираман.

Отам жим бўлиб қолди. Бошимни кўтариб қарасам, кўзидан ёш оқаяпти. Вужуди титраяпти.

— Бу гапни, — деди отам ҳаяжон билан, — бир марта айтдинг, иккинчи оғзингга олма! Агар оғзингга оладиган бўлсанг, оқ қиламан!

Отамдан ҳеч қачон бунақанги кескин гап эшитмаган эдим. Ҳайратдан қотиб қолдим.

— Кечиринг, сизни ўйлаб...

— Мени ўйламай қўяқол... Насиб бўлса, келиним невара туғиб берса, овунчоғим бўлади... Энди қанчаям яшардим...

Отамнинг ёнидан бўғилиб чиқдим. Отамнинг кўнглини оламан деб ярасига туз сепганимга ўзимдан-ўзим хафа бўлиб кетдим.

Шу кайфиятда мактабга борсам, иккита бегона йигит турибди. Бири соқол ҳам қўйиб олган. Улар мени кўришлари билан бир-бирига қараб олишди.

“Ким бўлдийкин булар?” дея хаёлимдан ўтказиб, индамай уларнинг ёнидан ўтиб кетаётсам, иккиси ҳам бараварига салом бериб қолишди. Тўхтаб, кўришиш учун қўлимни узатдим.

— Сизнинг ёнингизга бир иш билан келгандик, — деди салом-аликдан кейин соқол қўйган йигит.

— Нима иш экан?

— Менинг отим Абдулла, шеригимники Мансур, қўшни районнинг Қушқўнмас қишлоғида яшаймиз. Бу ерда ПМКда ишлаймиз. Сиз ҳақингизда аввал кўп эшитувдик. Кейин шу мактабда болаларни каратэга ўргатаётганлигингиз қулоғимизга чалиниб қолди-да, югуриб келдик. Бизам озгина шуғуллансак, деб...

Йигит жуда мулойим гапирар, тез-тез жилмайиб қўярди.

— Ёшларингиз нечада? — дея сўрадим соқолли йигитдан.

— Меники ўн тўққизда, Мансур ўн саккизга кирди, — деб жавоб қилди у.

Лекин уларнинг ёши анча каттага ўхшарди. Жавоб мени унчалик ҳам қониқтирмади. Шу боисдан:

— Армияга бормаганмисизлар? — дея сўрадим.

— Насиб қилмади-да, ўзи афғонга бормоқчийдик.

Кайфиятим яхши бўлмаганлиги учун уларга ортиқча савол бериб ўтирмадим. Мактаб ўқувчилари шуғулланадиган вақтни айтиб:

— Шу пайтда келаверасизлар, — дедим. Кейин соқолли йигитга: — Лекин бу аҳволда келманг. Соқолни олиб ташланг, — дея тайинладим.

Эртасига улар мен айтган вақтга келишди. Абдулла исмли йигит соқолини олиб ташлабди. “Бекор айтибман, — дея ўйладим мен, — соқоли олинганидан кейин тасқаранинг ўзи бўлиб қолибди. Айниқса, иягидаги оқ доғи жуда хунук кўринар экан. Ҳатто одам жирканадиям”.

Дастлабки машғулотнинг ўзидаёқ янги келганларнинг жисмоний жиҳатдан ўта бўшликлари билиниб қолди. Ўзиям оёқларидан дармон кетиб, базўр судралганча уйларига кетишди. “Энди бўлди, келишмаса керак”, деб ўйлаган эдим. Йўқ, адашибман, эртасига ҳам келишди.

Орадан бир ой ўтганидан кейин уларда бир оз жисмоний кўникма пайдо бўлгач, Абдулла ёнимга келиб:

— Ака, намоз ўқийсизми? — деб сўраб қолди кутилмаганда.

Очиғи, жуда ноқулай аҳволга тушдим. Нима деб жавоб қилишга ҳам ҳайрон эдим.

— Нимайди? — дедим залда шуғулланаётган болалардан кўз узмай.

— Намоз ўқисангиз яхши-да, — деди Абдулла менга синчков термилиб.

— Насиб бўлса ўқирман.

— Ўрнингизда бўлганимда аллақачон бошлаган бўлардим. Агар хоҳласангиз, ўзим йўл-йўриғини кўрсатиб юбораман.

— Майли, нимани ўқишим кераклигини ёзиб келсангиз, ёдлаб, кейин ўқийман.

— Таҳорат олишниям билиш керак-да.

— Аввал ёдлаб олайин, кейин...

Уйга ғалати бир кайфиятда қайтиб келдим. Қулоғим остида Абдулланинг гаплари жаранглайверди. Онам раҳматли: “Ўғил бола ўн икки ёшга етганидан кейин намоз ўқиши керак”, дер эди. Ҳатто бир-иккита сураларни ҳам ўргатганди. Лекин мен онам ният қилганидай ўн икки ёшимдан бошлаб намоз ўқимадим. Жўраларимдан уялдим. Аниқ биламан, ўша пайтда бу ҳақда айтганимда, улар менинг устимдан кулишарди. Ҳатто лақаб ҳам қўйиб олишлари мумкин эди. Аммо гўдаклигимда онам ўргатган суралар хотирамда муҳрланиб қолган.

Бу пайтга келиб эса намоз ўқийдиганлар сони анчагина кўпайиб қолганди. Агар мен ҳам ўқисам, биров ажабланмайди. Шулар ҳақида ўйлаб уйга кирарканман, Барнонинг чорпоя ёнида қайт қилаётганлигига кўзим тушиб қолди. Юрагим “шув” этиб кетди. Югуриб келиб унинг бошини ушладим-да:

— Сенга нима бўлди? — деб сўрадим ҳовлиқиб.

Аммо у гапиришга улгурмасдан яна ўхчиди. Пешонасини маҳкам сиқдим.

— Ҳозир ўтиб кетади, — дея уни ўзимча юпатдим.

Худди шу маҳал дарвозахонада Эгамқул ака билан Саида пайдо бўлишди. Синглим янгасининг аҳволини кўрди-ю, югуриб келди.

— Янга, сизга нима бўлди? — деди у ҳам ҳовлиқиб.

Барно Саиданинг овозини эшитиб бирдан бошини кўтарди. Сўнг сал нарида нима воқеа рўй бераётганлигига ақли етмайроқ турган Эгамқул акани кўрди-ю, дув қизариб кетди. Барно юзини чойнакдаги сувга апил-тапил ювди-да, салом берасола уйга югурди. Саида мен билан кўришишни ҳам унутиб, унинг ортидан чопди.

Эгамқул ака менинг ёнимга келиб, елкамга қўлини қўйди-да:

— Ҳаммаси яхши бўлади, — деди жилмайиб.

Афтидан, у Барнонинг касалини фаҳмлагандай эди. Шундан кейингина мен бир оз ўзимга келиб, Эгамқул ака билан кўришиб, уйга бошладим.

Ажаб, мен Эгамқул акани нима деб чақиришни ҳам билмасдим. Сизлаб гапирардим-у, лекин “ака” ёки “куёв” дейишга тилим бормасди. Шунинг ўзи ҳам одамга бир дунё ноқулайликлар туғдирарди.

Эгамқул ака иккимиз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргандик, Саида ташқаридан мени чақирди. “Биронта дори керак бўп қолдимикан?” деган ўйда ҳовлига чиқдим. Синглим аввал салом бериб, юзимдан ўпиб қўйди-да, кейин:

— Суюнчи беринг! — деди кулиб.

— Нимага? — дедим бир Саидага, бир ошхона эшигига суяниб, жилмайиб турган Барнога қараб.

— Янгам фойдали касал бўпти.

— Касалнинг ҳам фойдалиси бўларканми? — дедим ажабланиб.

— Бўлади, акажон, бўлади. Насиб этса, мен жиянчали бўламан!

Ҳайкалдек қотдим. Ичимда ўзим ҳам тасаввур қилолмайдиган даражада бир нарса пайдо бўлди. Буни нима деб изоҳлашни ҳам билмайман. Менга шунақанги ажиб бир неъматни ҳадя қилган Барно томонга юра бошладим... Унинг юзидан ўпиб қўйдим. Барно қучоқлашимга рухсат бермади: “Меҳмонлар бор-а”, деб шивирлади.

— Сизларга шунақанги ҳавасим келаяптики! — деди Саида жилмайиб.

У бу гапни бизни янада хурсанд қилиш учун, шу ҳолатимизда гўзал турганлигимизни ифодалаш учун айтди-ю, аммо овози қалтираб кетгани билиниб қолди. Бу билан у ўзининг дардини ошкор қилиб қўйди. Агар менга ўхшамаган акаси бўлганида, вақти-соати келиб у ҳам худди шунақанги бахтдан масрур бўларди. Бунга шубҳа йўқ эди... Шу ерда ҳам, шундай пайтда ҳам мен ўзимнинг нақадар гуноҳга ботганлигимни яна бир марта ҳис этдим.

Шу кундан бошлаб Барнони уй ишларидан деярли озод қилдим. Фақат ҳовли супурмасдим, қолган ҳамма ишларни ўзим бажарадиган бўлдим. Баҳонада яхшигина ошпаз ҳам бўлиб олдим.

Аммо орадан беш-олти кун ўтганидан кейин келган қайнонам Барнога: “Бунақа қилиб ялпайиб ётаверма, эртага ўзинг қийналиб қоласан. Иложи борича кўпроқ ҳаракат қил, лекин оғир нарсаларни мутлақо қўлингга ола кўрма”, дебди. Шундан кейин биз ошхонадан яна “ҳайдалдик”. Бошқа ишларни ҳам Барнонинг ўзи қилаверди. Шундай бўлса-да, уни иложи борича эҳтиётлашга ҳаракат қилардим.

Осойишта кунлар ўтаверди. Ҳаш-паш дегунча олти ой яшаб қўйибмиз. “Еб ётганга тоғ чидамас” деганларидек, вокзалда ишлаб орттирган пулларимнинг ҳам охири кўриниб қолди. Тўгаракдан оладиган маошим эса, тўғриси, бир ўзимга бир ҳафтагаям етмасди. Бўрибой чолнинг пулларини эса отам у-бу баҳона билан мачитга бериб юборди. Қолаверса, унинг бир қисмини отамдан яширинча тўйга ишлатгандим. Шу боисдан менга қўшимча иш қилиш зарурати туғилиб қолди.

Бундан ташқари, Барно менинг бунақанги аҳволимни кўриб, феъли айнидими, ишқилиб, бирдан ўзгариб қолди. Ажабки, гоҳида иккаламизнинг гапимиз умуман бир-бирига тўғри келмасди. Мен боғдан келсам, у тоғдан келарди. Баъзан қаттиқроқ гапириб юбормайин, деб тилимни базўр тишлаб қолардим.

Агар истаганингни уйдан тополмасанг, кўчага кўп чиқадиган бўлиб қоларкансан (тўғриси, нимани хоҳлаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Лекин шуниси аниқки, менга нимадир етишмаётгандай эди). Эрталаб ҳеч бир мақсадсиз кўчага чиқаман. У ёққа ўтаман-бу ёққа ўтаман, дуч келган танишлар билан озроқ гаплашаман, кейин уйга қайтиб келаман. Кўпинча, биздан анча нарида турадиган, Нуралининг қўшниси Хосият опа Барно билан гаплашиб ўтирган бўлади. Аввал-бошда эътибор қилмадим. Кейин деярли ҳар икки куннинг бирида уларга дуч келаверганимдан ўзим ҳам ҳайрон бўла бошладим. “Мабодо, Барнонинг ўзгариб кетаётганига унинг алоқаси йўқмикин?” — деган гумонга бордим. Шубҳамни текшириб кўриш мақсадида бир-икки марта эртароқ келдим.

Хосият опа билан гаплашган кезларим ҳам бўлди, аммо аёлнинг гапларидан, юз тузилишидан Барнони йўлдан уриши мумкин бўлган аломатларни сезмадим. Шундай кунларнинг бирида йўлда Толибга дуч келиб қолдим. У билан бир оз гаплашиб турганимиздан кейин:

— Сенинг олдингга бир ўтсамми деб юрувдим-у, лекин ҳали у иш чиқиб, ҳали буниси чиқиб, боролмай юрувдим, яхшики, ўзингни учратдим, — деди у.

— Бирорта ишинг бормиди? —сўрадим ундан.

— Менинг-ку, ишим йўғ-а, лекин айтадиган гап чиқиб қолди. Балки айтишим ҳам шартмасдир. Лекин ҳар эҳтимолга қарши-да...

— Тинчликми?

— Тинчлик. Бундан тўрт кун олдин бешта синфдош бир бўлиб қолдик. Кейин Аҳмадларникига бориб ўтирдик. Уям бир мард кетиб, хўроз сўйди. Энди овқатга қўл узатганимизда қаердандир Нурали пайдо бўлди. Сафимизга уям қўшилди. Аҳмаднинг асраб юрган иккитагина виноси бор экан. Олти кишига урвоқ ҳам бўлмай кетди. Нуралини биласан, ғўдайишни яхши кўради. Уйига бориб, иккита ароқ кўтариб келди. Иштаҳамиз роса очилиб кетган экан, буям етмади. Сўнг пул йиғдик, Нурали бу сафар ўзи бормади-ю, Аҳмадни жўнатди. Уям иккита кўтариб келди. Хуллас, ҳаммамиз тайёр бўп қопмиз. Кейин ҳамма бараварига “сайраш”га тушиб кетди. “Сенлар, — деб қолди бир маҳал Нурали, — Собирни, ўзларингча, Худо биласанлар. Керак бўлса ҳамманг унга сиғинасанлар. Унинг қўлидан келмайдиган иш йўқ, деб ўйлайсанлар. Лекин бирга ўқиган болалар ичида ким лидерлигини билмайсанлар!.. Керак бўлса, ўша Собирингни эмаклатиб ташлайман... Мен унга бир-икки марта зўр ишни айтдим. Лекин ўзича мени менсимади... Тўғри, у билан яккама-якка чиқсам кучим етмас. Чунки мен спорт билан унга ўхшаб шуғулланмаганман. Агар шуғулланганимда энасини учқўрғондан кўрсатиб юборардим... Ҳалиям уни мажақлаб ташлайман, фақат каллам билан, ақлим билан, тушунаяпсанларми, ақлим билан!.. Ҳамманг унинг хотинчасини кетворган нарса деб оғизларингдан сувларинг оқиб юрибди. Унинг бошига ўша кетворган хотини етади. Кейин менинг қучоғимга киради, мана кўрасанлар! Агар шундай қилмасам, қилолмасам, Нурали отимни бошқа қўяман! Мени менсимаганлиги учун, шефимнинг олдида обрўйимни туширгани учун ундан шундай қилиб ўч оламан!..”

Толиб гапираяпти-ю, менинг жоним ҳиқилдоғимга келаяпти. Қоним кўпириб, кўзимдан ўт чақнаяпти. Ғазабим қўзиганидан қалтираб кетаяпман. Мендаги ўзгаришни кўрган Толиб бирдан гапиришдан тўхтади.

— Собир, сенга нима бўлаяпти? — деди кўзлари ола-кула бўлиб.

— Ҳеч нарса!..

— Балки мастликда оғзидан шунақанги гаплар чиқиб кетгандир. Ўзи бекор айтибман сенга. Айтма...

— Мастлик — ростлик. Ҳақиқатан ҳам унинг таклифига кўнмагандим. Лекин хотинимнинг нима алоқаси бор бунга?.. Ипирисқи!..

Толиб мени тўхтатмади. Бундай пайтда тўхтатолмасди ҳам. Мен ўзим билан ўзим овора бўлиб қолгандим. Агар ўзим ҳақимда биров бундан баттар нарсаларни айтганида чидашим мумкин эди. Лекин мендан ўч олиш учун Барнони мўлжалга олиш... Бунисига чидолмайман! Мен туфайли онам, укам ўлиб кетди. Синглим хароб бўлди. Энди навбат Барногами? Йўқ, Нуралибой, чучварани хом санабсан. Мен сени шу пайтгача аядим. Азбаройи бирга ўқиганимиз, бирга ўсганлигимиз учун аядим. Энди бунақаси кетмайди. Меникимас, ўзингнинг тумшуғинг кўтарилиб кетибди. Бундан бу ёғига менга қарши қўйган ҳар битта қадаминг учун жавоб берасан!..

* * *

— Собир ака, тинчликми?! — деб қолди бир маҳал Барно.

Мен шундан кейингина ўзимга келдим. Атрофимга разм солиб қарасам, уйдаман. Рўпарамда кўзлари катта-катта бўлиб кетган Барно менга термилиб турибди.

— Барно, сен мени ҳалиям яхши кўрасанми? — сўрадим дабдурустдан.

— Бу нима деганингиз? — деди Барно ҳайратини яширолмай.

— Тушунмадингми?

— Тушундим, лекин бирдан бунақа деб сўрашингиз. Биров эшитиб қолса...

— Нима қипти эшитиб қолса?! Ўзимнинг хотинимдан мени яхши кўриш-кўрмаслигини сўрашга ҳаққим йўқми?

Барнога ҳеч қачон бунақанги ўшқириб гапирмагандим. У бир муддат менга термилганча қотиб турди, кейин лаблари пирпиради, сўнг кўзидан ёш сизиб чиқди. Ва шу алпозда қорнини ушлади. Мен аҳмоқ шундан кейингина нима қилиб қўйганимни англадим. Ахир унга ҳозир ҳаяжонланиш мумкин эмас-ку. Болага бирон нима бўлиб қолиши мумкин, ахир! Қаердаги итваччани деб боламдан... Худо кўрсатмасин!

— Кечир, — дедим бирдан ақлимни йиғиб, — мен бунақа демоқчимасдим!..

— Тинчликми? — деди уйдан чиқиб келган отам. — Нега бақираяпсан, Собир?

Отамнинг саволидан кейин Барно ўзини тутиб туролмади. Кафти билан юзини бекитганча ҳўнграб юбориб, чопиб уйга кираётган маҳал остонада қоқилиб кетди.

Юрагим шиғ этиб кетди. Жон ҳолатда Барнонинг ортидан чопдим.

Гўё сира кечириб бўлмас мудҳиш ҳодиса содир бўлгандай Барно ўксиб-ўксиб узоқ йиғлади. Уни юпатиш учун бисотимдаги ҳамма ширин сўзларни ишлатдим, лекин у сира кўнай демас, ҳиқиллаб йиғлагани-йиғлаган эди.

Ниҳоят асаб толаларим бениҳоя таранглашиб, узилиш арафасига келганида уйдан чиқиб кетдим. Ким билади, акс ҳолда севикли рафиқамга қўл кўтариб юборган бўлармидим...

Кенг ҳовлига сиғмадим. Беш-олти марта ҳовлининг у бошидан-бу бошига қадар бориб келганимдан кейин кўча томон йўл оларканман, дарвозахонада Хосият опага дуч келиб қолдим.

Опа менинг афт-ангоримни кўриб қўрқиб кетди, шекилли, бирдан киприклари пирпиради. Одатда, бунақа пайтда бирор айби бор одам шундай аҳволга тушади. Гарчи қоним қайнаган, асабий бир ҳолатда бўлсам-да, аёлдаги ўзгариш назаримдан четда қолмади. Чамаси, ўн ёш катта бўлишига қарамасдан, менга биринчи бўлиб салом бергани эса хаёлимдаги гумонни яна бир карра тасдиқлагандай бўлди. Атайлабдан аёл билан номигагина сўрашиб, ёнидан ўтиб кетдим. Ич-ичимдан унинг орқамдан ҳайратланиб, эҳтимолки, қувониб қараб қолганлигини ҳис этиб турар эдим. Шу боисдан ҳам кўчага чиқиб, озгина турдим-да, дарров орқамга қайтдим. Бу маҳал Хосият опа Барно ўтирган хонага кириб улгурган эди.

Дераза ёнига келиб, уй ичкарисига қулоқ солдим. Тирқишдан қарадим (жосуслик — касбим, лекин ўз рафиқамни бу тахлит кузатиш ўзим учун ҳам уятли эди. Начора, оила тинчлиги учун керак бўлиб қолди-да шунақа усул).

Хосият опа Барнони бағрига босиб олганча, сочларини эҳтиёткорлик билан силаб:

— Ўтиб кетади ҳаммаси, эркакларнинг бари бир гўр, — дерди. — Кўчага чиқса бўлди, дарров айниб қолади. Айниқса, сенинг эрингга ўхшаганлар. Қуриб кетгур, кўзга яқин-да. Ундан кейин, ўзиниям кўзи ёнади. Ҳар қандай қизни илинтириб олиш қўлидан келади унинг. Дарвозахонада менга шундай қарадики, юрагим ўйнаб кетди...

Миямга қон тепди. Агар Хосият опа эркак бўлганида, кира солиб бўғизлаб ташлашга ҳам тайёр эдим. “Булар мендан нима исташади ўзи?! Бирортасига оғирлигим тушмаса, тузук-қуруқ кўришмасам, хотинимни айнитишга бало борми? Эсиз, энам бўлганида бунақанги ташвишларнинг яқинига ҳам йўламаган бўлардим. Афсус, у кишиям менинг касримга қолган”, дея ўйладим.

— Анавини ичирдингизми, келин? — дея сўради Хосият опа Барнодан.

— Қаёқда! Кўчадан келди-ю, бақиришга тушиб кетди. Мен оғзимни ҳам очишга улгурмадим, — дея жавоб қилди унга Барно йиғламсираган овозда.

— Ҳечқиси йўқ, ўзингизга келиб олинг-да, кечки овқат маҳали косасига солиб юборинг. Мени айтди дейсиз, ана шундан кейин ёнингиздан бир қадам ҳам жилолмай қолади.

— Қўрқаяпман-да, опа.

— Қўрқманг. Мен эримга неча марталаб ичкизганман. Ҳозир гаҳ десам қўлимга қўнади... Муҳими, ўзига билдирманг. Кейинроқ яна биттасини олиб келиб бераман, униси бунисиданам кучли. Дарров таъсир қилади...

Мен бу ялмоғиз аёлнинг гапларини ортиқ эшитиб туролмадим. Ўзимни орқага олиб, кўзларимни бир оз юмиб турдим-да, бир амаллаб асабларимни жиловладим. Ҳаяжонимни босдим. Кейин:

— Барно! — дея чақирдим.

— Ҳа-а, — деган овоз келди ичкаридан.

— Бу ёққа қара. Ҳалиям уйдан чиқмадингми?

— Ҳозир... Ҳозир...

Барнонинг овози жонни ўртаб юборар даражада майин эди. Бундай овозни бирор ҳафтадан бери эшитмаганим учунми, қулоғимга жуда ёқиб кетди. Барнога нисбатан меҳрим ийди. “Эртароқ чиқса-ю, уни кўрсам”, деган ўйга бордим.

Гўё хаёлимдагини уққандай, у ҳам тезликда чиқиб келди. Лабларида табассум, чеҳраси очиқ.

— Уйда меҳмон борми? — дея сўрадим ундан ўзимни гўлликка солиб.

— Хосият опам келган экан, — деди Барно ўша юмшоқ овозда.

— Шунақами? Унда чой-пой қилдингми?

— Йўқ.

— Оппоғим, унақа эмас-да, меҳмон келганидан кейин албатта олдига биринчи навбатда чой дамлаб кириш керак. Уят бўлади.

— Хўп бўлади, — дея Барно дарров ошхона томонга юрди.

Мен эса пайтдан фойдаланиб ошиғич тарзда уйга кириб олдим. Мени кўриши билан Хосият опанинг яна кўзлари олайиб кетди. Илжайдим. Аёлни баттар ваҳима босди. Худди шу маҳал уни гипноз ҳолатига тушира бошладим. Бироқ у нигоҳий, ўзи ҳам билмаган ҳолда, қаршилик кўрсата бошлади. Шунда менинг тажрибам қўл келди. Ва қаршиликни енгиб ўтдим. Буларнинг бари қандайдир сониялар ичида рўй берди.

— Нега бунақанги ишлар билан шуғулланиб юрибсиз? — дея сўрадим ундан.

— Нурали қўлимга икки юз бериб, сенинг хотинингни йўлдан уриб беришимни илтимос қилувди, — дея жавоб қайтарди у.

— Икки юз сўм учун бутун бошли оиламни хароб қилмоқчи бўлдингизми?! — дедим асабий бир ҳолатда.

— У укамни қамоқдан чиқариб олишда ёрдам беришни ҳам ваъда қилди.

— Тушунарли. Барнога нимани ўргатдингиз?

— Ҳали ўргатмадим. Татар хотин тайёрлаб берган “амал”ни унга ичирдим. Уни сендан аввал совитиб олмоқчи эдим.

— Ундан кейин-чи?

— Сени хотинингдан совитиб юбориб, охири Нурали берган дорини Барнонинг қўли билан сенга ичиришим керак.

— Вой, пасткашлар! Вой, ифлослар!.. — деб юбордим мен ўзимни босолмай.

Гарчи бунақанги ирим-сиримларга умуман ишонмасам-да, менга нисбатан қилинган тубанлик жонимни бўғзимга келтираётган эди. Нима исташади булар мендан ўзи?! Бировга оғирлигимни туширмаётган бўлсам. Тинчгина яшаётган бўлсам. Нима, умримнинг охиригача кимлар биландир уришиб яшайманми? Қачон охири кўринади бунақанги ҳаётнинг?

Давоми бор...

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм