euroasia.me
54 subscribers

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

285 full reads
335 story viewsUnique page visitors
285 read the story to the endThat's 85% of the total page views
17,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Бешинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Бешинчи қисм)

Машинадан тушишгач, худди Шаҳло Муродни қолдириб ўзи кетиб қолгандай, улов ортидан бироз тикилиб турди. Сўнг чуқур уҳ тортди-да, ўзига термилиб турган соҳибжамолга қаради:

— Бу ёғига пиёда кетаверамиз. Менимча, шундай демоқчи бўлгандинг.

— Мурод ака, — деди мўлтираб Шаҳло, — ойингизнинг кўзларига қарашга ботинолмаяпман. Уйимдагилар ҳақида сўраб қолсалар, нима дейман? Кейин ота-онам бўла туриб, сизникига уялмай боришимни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетаяпти.

Мурод уни қучоқлади ва бироз шу ҳолатда туришгач, деди:

— Унда сен анави анҳор бўйидаги ўриндиқда ўтириб турасан, мен ғизиллаб уйга бориб, ойимни олиб келаман. Йўлда ҳаммасини тушунтириб бераман. Сен ойимнинг қанақа аёл эканини билмайсан. Дарров тушунадилар. Энди вақтни ўтказмайлик.

Шаҳло боши эгик мажнунтол остида нигоҳини ерга қадаб, бир соатдан мўлроқ ўтирди. Ҳар-ҳар замон келаётган-келмаётганликларини билиш учун атрофга боқар, Мурод ва унинг ёнидаги аёл кўринмагач, ҳафсаласи пир бўлиб, тағин ўша ҳолда ўтираверарди. Бошида билинмаган бўлса-да, аста-секин кўнглида умидсизлик пайдо бўлди. “Ойиси: “Келиб-келиб, уйидан қочиб кетган қизни келин қиламанми? Ота-онасини ёмонотлиққа чиқарган қиз эртага бизниям маҳаллага достон қилмайдими?.. Ҳеч вақт қизнинг ўзи мени келин қилинг дейдими? Қўй, болам, дарахтни тепсанг, қиз ёғилади, нечта-нечтаси йигит тополмаганидан иккинчи хотин бўлиб кетаяпти. Ўзим сени яхши қизга уйлантириб қўяман”, — деган бўлса-ю, Мурод акам ҳам ойисининг гапини икки қилолмай, менинг ёнимга келмай қўя қолган бўлсалар керак. Агар шундай йўл тутган бўлса, мен асло кечирмайман. Кечирмаганимда нима бўпти? Уларга барибир эмасми, эрта бир кун бошқа қизни топиб уйланаверадилар. Мени... Мени ким ҳам оларди? Ҳеч кимга ғубор теккан қизнинг кераги йўқ”.

Мана шундай ўйлар гирдобида у бир неча бор ўрнидан туриб, кетишга чоғланди. Бироқ оёғи шу ерга елимлангандай эди. Қанча уринмасин, ҳеч қаёққа кетолмади. Шубҳа-гумонларнинг бир четида милт-милт ёниб турган умид шамчироғи уни қўйиб юбормади.

Қиз ўтиравериб зериккач, Севинчга қўнғироқ қилди. Аммо дугонаси ҳали гўшакни кўтармасидан ўчириб қўйди. “Фойдаси йўқ, — ўйлади у, — ёнига чақиради. Шу билан ҳеч нарса ўзгармай қолиб кетаверади”.

* * *

Муродни пешонасидан ўпиб қаршилаган ойиси унинг ёнида ҳеч ким йўқлигини кўриб ҳайрон бўлди.

— Қани меҳмонинг? — дея сўради.

Мурод жавоб беришга улгурмасидан, ошхона томондан отаси кавшаниб чиқиб келди. У билан кўришгач, синглиси ҳам югуриб келиб елкасига осилди. Сўнг бутун оила жам бўлишиб, ошхонада бир стол атрофида ўтиришди. Мурод отаси билан синглисининг ёнида ойисига ҳеч нарсани айтолмасди. Шу боис чой қайнашини кутди. Кейин ярим коса овқатни бир амаллаб ейишига ҳам тўғри келди. Вақт эса ўтиб бораверди. Агар Муроднинг фақат ўзи битирадиган иш бўлганида, аллақачон сабаб топиб чиқиб кетган бўларди. Ҳозирги ҳолда эса кутишга маҳкум, қачонки қулай пайт келса, ойисига ҳамма нарсани ётиғи билан тушунтиради. Кейин иккаласи Шаҳлонинг ёнига боришади.

Гап орасида ойиси меҳмон кимлигини, нега олиб келмаганини қайта-қайта сўради. Мурод чайналиб, тузук-қуруқ гап айтмади.

— Ўн метр юрасанми-юз метрми, барибир одам қариганидан кейин билинаркан, нимагадир бошим ғувиллаяпти. Озгина чўзилай, — деб отаси ўрнидан турди-да, ётоғига кириб кетди. Синглисини эса қўшни қиз сўраб келди.

Шундан кейин ҳам Мурод тезда тилга кира қолмади. Гапни нимадан бошлашни билмай, талай муддатни ўтказиб қўйди. Бир хаёл Шаҳлога қўнғироқ қилиб: “Ҳеч қаёққа қимирламай тур, ҳозир борамиз”, деб айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо ойисининг ҳам «чарчадим» деб ётоғига кириб кетиши ёки синглиси қайтиб келиб қолишидан чўчиди.

— Сизга бир гапни айтмоқчийдим, — деди ойиси идиш-товоқларни юва бошлаганида.

— Сезиб турибман. Ўзим ҳам ҳайрон бўлаётгандим оғзингга толқон солгандай жимиб қолганингдан, — деди ойиси унга бир қараб қўяркан.

— Ойи, қўйинг шу косаларни, қизингиз ювиб қўяверади. Сиз кийининг, бир жойга борамиз. Фақат ҳозирдан қаерга боришимизни сўраманг. Ҳаммасини йўлда айтиб бераман.

— Мен билан таништирмоқчи бўлганинг, ҳар қалай, ўғил бола бўлмаса керак... Кейин менга ёқишиниям олдиндан биларкансан... Нега олиб кела қолмадинг? — деди ойиси ўғлининг кўзига тикилиб.

— Ойи... Юринг, ойи, ҳаммасини йўлда тушунтириб бераман, ҳозирча бошқалар билмасин. Илтимос, ойи, мен сизни пастда кутиб тураман.

Ўғли дабдурустдан: “Меҳмонни сиз билан таништираман”, дегандаёқ Фотима опа гап нимадалигини англаб етганди. Айни пайтда жаҳли ҳам чиққанди. “Энди бировнинг эшигини тақиллатаман, ўғлимга қизини сўрайман, келин бўлмишнинг уялиб бошини эгиб, бир-бир қадам босиб чой олиб келишини томоша қиламан”, дея орзу қилиб юрган онага бирдан ўғли: «Келинни уйга опкелиб таништириб қўяман», деса, қай аҳволга тушишини тасаввур қилаверинг.

Агар Мурод уйга етаклаб келганида борми, ўша қизни туғилганига пушаймон едирарди. Қандай уятсиз, беор қиз бўлдики, безрайиб йигитнинг уйига келса... Ҳартугул, Фотима опанинг кўнгли таскин топди. Айтмоқчи бўлган гаплари ичида қолди.

Йўл-йўлакай Мурод узуқ-юлуқ гапирди. Шаҳло билан оқшомни бирга ўтказганини айтишга эса мутлақо тили бормади.

— Ўғлим, қизиқсан-а, қайси оилада майда-чуйда гап бўлмайди? Шунинг учун аразлаб чиқиб кетиш шартми? Ойиси бечоранинг ҳам бўлари бўлгандир. Ўзим уйига қўйиб келаман, агар ўша қиз менга ёқса, — деди Фотима опа ўғлининг нима демоқчилигини тушунгач.

* * *

Шаҳлонинг ўтирганига икки соат бўлди. У охирги умидини кўзида ёш билан кузатиб қўйгач, сумкачасини елкасига илди-да, кетишга ҳозирланди. Шу пайт анча нарида бир йигит билан аёлнинг қорасини кўриб қолди-ю, юраги яна гупиллаб ура кетди. Тўпланиб қолган барча шубҳа-гумонлари тумандай тарқаб, ўрнини ҳаяжон эгаллади. У нима қиларини билмай, аввал ўтирди, сўнг ўрнидан турди. Бир-икки қадам юрди. Қайтди. Тағин жойига ўтирди. Сумкачасидан бежирим ойначасини олиб, юз-кўзига қаради. Юзи қизарибди. “Тезда упа суртиш керак”, деган ўй ўтди хаёлидан. Аммо энди кеч эди. Пардоз вақти ўтиб бўлганди. Упа суртаётганини Муроднинг онаси кўрса борми, бир-биридан “гўзал” иккита сўз айтиб, орқасига бурилади-ю, кетади-боради. Ундан кейин ҳаммаси тамом.

— Вой, манави қизнинг кетворганига қаранглар, даҳшат!..

Шаҳло чўчиб тушиб, овоз келган тарафга қаради. Атиги тўрт-беш қадам нарида уч йигит турар, улардан иккиси оёқда туролмай тебранарди. “Қайси гўрдан пайдо бўлди булар?” — дея уларга ўқрайди.

— Чучмомо! Ёлғизми, значит, биззи кутиб турибди, — деди тебранаётганлардан бири, — ҳозир мен ўзим гаплашаман...

Шаҳлонинг жон-пони чиқиб кетди. Агар озгина олдин келишганида борми, у олд-орқасига қарамай қочарди. Маст-аластларнинг уни қувиб етиши гумон, қолаверса, одамлар серқатнов катта кўча ҳам узоқ эмас. У ерда мелиса бўлишиям аниқ. Лекин айни дақиқада... бунақанги бошоғриқларнинг пайдо бўлиши... Аксига олади, деганлари шу экан-да, ахир ҳозир Шаҳлонинг тақдири ҳал бўлиш арафасида-ку!

— Сизга нима керак?! — деди бутун вужуди титраётган қиз ўзига яқинлашиб қолган йигирма беш ёшлардаги маст йигитга.

— Битта ўпич, — деди йигит иржайиб, — сендай чучмомонинг битта ўпичи мени жаннатга обориб қўяди. Бошқа нарса керакмас сендан!

— Йўқол! Ана, эрим келаяпти, — қўли билан икки юз-уч юз метр нарида қадам олиши тезлашган Мурод томонга ишора қилди Шаҳло, — спортсмен, башарангни бузиб ташлайди!

Йигит секин у кўрсатган тарафга қаради.

— Ҳе, — деди сўнг қизга юзланиб, — анави хотин билан келаётган болами?! Сўтак-ку! Ҳақиқий эркак мана биз бўламиз!

Маст йигит аввал кўкрагига муштлаб урди, сўнг Шаҳло томон қўлини чўзди.

— Йўқол дедим! — бақириб юборди қиз. — Тегинма!

Унинг овозини Мурод ҳам эшитди. Бир зум юришдан тўхтади, сўнг югура бошлади.

— Ҳоой! Қўлингни торт! Ўлдираман!!! — дея бор овозда бақирарди у.

Бироқ бутун ўй-хаёли Шаҳлода бўлган маст йигитнинг қулоғига унинг гаплари кирмади. Шериклари эса оёғи деярли ерга тегмай елиб келаётган йигитга қарашди-да, сўнг бир-бирларига юзланишди.

— Толмас, бугун роса қўлим қичиганди. Сабабини энди билдим, — деди бири иккинчисига.

— Менинг оёғимда шунақа дард бор. Касалдан қутуларканман-да, — деди иккинчиси.

Уларни иккаласи ҳам ҳиринглашиб енг шимаришди.

Кўп ўтмай, Мурод етиб келди. Бу пайтда, гарчи Шаҳлонинг қўлидан тутишга мастлиги халақит берган бўлса-да, сумкасидан ушлаб олган йигит уни ўзига тортар, қиз эса унга ёлвориб:

— Қўйворинг!.. Қўйворинг!.. — дея ялинарди.

Муроднинг кўзига ҳеч нарса, яъни уни пойлаб турган икки йигит ҳам кўринмасди. Шу боис у оёғидан чалишганини сезмади ва бирдан умбалоқ ошиб кетди. Шу йиқилишнинг ўзида у бошини асфальт устидаги тошга уриб олиб ёрганди. Оғриқни сезадиган аҳволдан йироқ бўлган Мурод ўрнидан сапчиб турди ва ҳали-ҳамон шилқимлик қилаётган йигитнинг қўлидан ушлаб ўзига қаратди-да, башарасига мушт туширди.

* * *

— Нима қилишни сиздан сўрамайман, боринг, янгани чақиринг! — дея ўқрайиб қаради Қоплон Ғайбуллога.

Шу қарашининг ўзиёқ Ғайбуллонинг суягигача тешиб юборди. У киприклари пирпираб, пилдираганча эшик ортида бир аҳволда деворга суяниб турган хотинининг ёнига борди.

— Кир, — деди меҳмонхонага бир қараб олгач, — сени сўраяпти, укангнинг ҳамма қилиқларини айтиб бер. Бизга тинчлик берсин де. Эримни ургани камлик қилганидай, менгаям икки-уч шапалоқ туширди де.

У кейинги гапларини овозини пасайтириб айтди. Унинг пичирлашини эшитиб қолган милиционер мийиғида кулиб қўйди.

Раъно рўпарасига келиб ўтиргач, шундай ўқрайдики, бечора аёл нима қиларини билмай типирчилаб қолди.

— Нега бозорда жанжал кўтардингиз?!

Бунақа савол бўлишини кутмаган Раъно бақа бўлиб қолди. Унинг фақатгина киприклари қимирлар, ранги оқаргандан оқарар, боши айланарди.

— Ме... Ме... Мен, — деди у дудуқланиб, — бозорга бормаганимга бир йилдан ошиб қолди-ку!

— Ёлғон гапирманг, куни кеча бозорда қассоб билан уришгансиз, уни юлгансиз, кейин худди шу шаллақилигингизни уйга келиб эрингизга қилгансиз, бунинг устига, укангиз, анави зўравон спортсмен, ёстиқдошингизни хуморидан чиққунча тепган, унга сиз ҳам қўшилгансиз... Бу фактларнинг ҳаммаси менда бор, яширганингиз билан жиноятингиз салмоғини оширсангиз оширасизки, аммо ҳечам...

Қалтираётган Раъно йиқилиб кетмаслик учун столни ушлади. Қоплон билдики, яна озгина шунақа пўписа қилса, ўзидан кетиб қолади.

— Сизнинг мутлақо айбингиз йўқ, — деди Қоплон Раънони ҳайратлантиришда давом этиб, — барига эрингиз айбдор. У сизни ураётганида укангиз келиб қолган-у, аччиқ устида поччасига бир-иккита шапалоқ туширган бўлиши мумкин, ҳолбуки, бу шапалоқлар сиз еган калтакларингиз олдида ҳолва. Буни афт-ангорингиз ҳам айтиб турибди. Ғайбуллобой, яъни сизнинг эрингиз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бўҳтонларни ҳам устингиздан ағдарди. Шу пайтгача унинг гапларини гапиргандим, шунинг учун мени кечирасиз. Энди бўшсиз, опа. Бемалол ишларингизни қилаверинг, эрингиз эса мен билан бирга кетади. Отделда озгина хат-ҳужжат ишларимиз бор, у билан биргаликда қиламиз. Ҳа, олдиндан айтиб қўяй, сиз хавотир олманг, хўпми?..

Раъно бирон нима дейишга тили айланмас, ҳали-ҳамон ҳайратланар, бўлаётган воқеалар тушида кечаётгандай эди. Шу боис милиционер ўзи билан бирга эрини ҳам олиб кетганини сезмай қолди. Фақат катта қизи бўйнига осилиб:

— Ойижон! — дея йиғламсираб гапирганидан кейингина ўзига келди. Худди уйқудан уйғонгандай чўчиб тушди. Атрофига олазарак боқди.

— Ойижон! — такрорлади қизи. — Нималар бўляпти?!

— Милиционер амаки қани? — сўради Раъно қизидан.

— Дадам билан чиқиб кетишди.

— Қаёққа, нега чиқиб кетади? Дадангни қамаб қўйишса нима қиламиз?! — дея Раъно ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, аммо мувозанатини йўқотиб яна жойига ўтириб қолди ва йиғлаб юборди.

* * *

— Проводник танишим бўлади, ҳозир айтсам, поездни тўхтатади. Кейин сизларни милицияга берворади. Яхшиликча чиқиб кетинглар! — деди кўзлари олайиб кетган Юлдуз.

— Биз чиқайлиг-у, сизлар кайфу сафо қилинглар, шундайми? Вой... Вой, шунақанги аҳмоғингни топдингки, қизалоқ, тенги йўқ. Ундан кўра, кел, бир бағримда эркалайин.

Унинг гапига шериги ҳиринглаб кулди.

— Менимча, бошқа адресга тушиб қолдиларинг, — деди ниҳоят гапга аралашган Шоҳруҳ.

— Буни қара, — деди биринчи барзанги ёнидагига кўз ташлаб қўйиб, — молокасоснинг тили бор экан. Суғуриб олмаймизми-а?

— Зўр бўлади-да, — дея босқинчиларнинг бири йигитга яқинлашди. Пичоғини Шоҳруҳнинг кўксига тирамоқчи эди, улгурмади, ияги остидан шунақанги кучли мушт тегдики, кўз олди қоронғилашиб, орқа мияси билан эшикка урилиб, шилқ этганча полга қулади.

— Вой мараз! — деди капалаги учиб кетган навбатдаги босқинчи. — Сен ҳали...

Унинг қолган гаплари ичида қолди. Шоҳруҳ жуда чаққонлик билан аввал унинг қорнига, энгашиб қолгач, умуртқасига зарба берди. Йиқилган душманни бир-икки тепмоқчи ҳам эди, аммо Юлдуз:

— Бас! — деб бақириб юборди.

— Нега?! — деди ўзини боса олмай титраётган Шоҳруҳ унга қараркан.

— Ўлиб қолишмасин.

— Шуниси яхшимасми?

— Йўқ, улар керакли одамлар.

— Ни-ма?!

— Эшитганингиз, — деб Юлдуз ўриндиқдан пастга тушди, — лекин бопладингиз. Аслида булар бундан ҳам ортиғига лойиқ. Ландавурлар!

— Ҳеч нарсага тушунмаяпман, — деди Шоҳруҳ бу сирли қизга ҳайратланиб боқаркан, — булар сизнинг танишларингизми? Танишларингиз бўлса, нега пичоқ кўтариб келишди?

— Биласизми, сизни вокзал ичида кўрганимдаёқ бошқача фикрга келдим. Кўзингизда ўт бор. Қонингиз қайноқ...

— Нима бўпти шунга... Озгина ёрдам бериб, кейин устидан куламан, деб ният қилганмидингиз?

Юлдуз жилмайди. Табассуми шунчалик мафтункор эдики, биров уни қилни қирқ ёрадиган, бир нечта алпқомат йигитлар устидан ҳукмронлик қилади, деб ўйламасди. У жудаям назокатли, бошқача айтганда, севилишгагина лойиқ қиз дейилса, тўғри бўларди.

— Синамоқчийдим, — деди Юлдуз.

— Синамоқчийдим?! Қанақа синов?

— Кейин тушунтириб бераман қолганини.

Қиз иккала босқинчининг ҳам ўрнидан туришига кўмаклашди. Сўнг уларнинг қўлларига сочиқ тутқазиб, ювиниб келишга чиқариб юборди. Ортидан ўзи ҳам қаёққадир кетди.

Ёлғиз қолган Шоҳруҳнинг боши ғувилларди, нималар бўлаётганига ақли етмасди. Уни: “Бу қиз ким?” — деган савол сиқувга олмоқда эди. У стол устида турган ароқдан пиёлага тўлдириб қуйди-да, бир кўтаришда ичиб юбориб, қотиб қолди. Чунки шишага ароқ эмас, сув тўлдирилган эди. Буни қарангки, худди шунақа бўлишини олдиндан билгандай, Юлдуз кириб келди. Яна ўша табассум. Унинг ортидан:

— Синамоқчийдим, — деган гап.

Бир тарафдан, Шоҳруҳнинг жаҳли чиқди. Иккинчи томондан, ажабланди. Буларнинг бари нима мақсадда қилинаётганига ақли етмасди унинг.

Юлдуз бошқа сўз айтмай, жойига ўтирди, лекин гўзал табассумини Шоҳруҳдан аямади. Бундан қизариб кетган йигитнинг ҳам тили айланмай қолди. Ички ҳаяжони сира босилай демас, тез-тез нафас оларди.

Бўлмага яна бир йигит кириб келди. Бу ҳам синовчиларнинг бири бўлса керак, дея ўйлаган йигит унга бургут қараш қилди. Бироқ келувчи Шоҳруҳга эътибор ҳам бермай, Юлдузнинг ёнига ўтириб:

— Хабар келди. Яна Пахмоқ эгаллаб опти. Икки вагон туширибди, ярим нархида сотаётган эмиш. Болалардан учтасининг абжағини чиқариб ташлабди, — деди.

Юлдузнинг бирдан қошлари чимирилиб, юзи жиддий тус олди. Энди нигоҳидан ўт чақнамоқда эди.

— Ярамас! — деди у қўлларини мушт қилиб тугиб. — Ҳар доим оёғимдан чалишга уринади. Мен обораётган мол энди ачиб-бижғиб қолавераркан-да... Пермга телефон қилинглар, тез!

— Хўп, — дея йигит илдам юриб бўлмадан чиқиб кетди.

Қиз эса сумкасини олиб ичидан ён дафтар билан калькулятор чиқарди-да, алланималарни ҳисоблашга тушиб кетди. Бир соатлар бош кўтармади. Ҳисоблайверди, ҳисоблайверди ва аллақандай сонларни ён дафтарчага ёзаверди. Охири натижадан қониқмади, шекилли, қўлидагиларни вагон деразасидан улоқтирди.

— Мана шунақа! — деб бақирди у Шоҳруҳга. — Бизникилар думини қисиб юришади, бошқалар келиб оғзимиздаги нонни тортиб олишади!

— Менга нима дейсиз, ёрдамингизни пеш қилаяпсизми?! — деди қизнинг ҳаддидан ошиб кетганидан жаҳли чиққан Шоҳруҳ.

— Сиз ҳам юрибсиз-да аммамнинг бузоғига ўхшаб, қўлингиздан битта билет олиш келмайди. Бунча ношудсизлар?..

— Ўзингизни босиб олинг, яхши қиз, ҳақорат ҳам эви билан. Яхшиямки, қиз боласиз, йўқса...

— Туринг ўрнингиздан! — деди ўткир нигоҳини йигитга қадаган қиз Шоҳруҳнинг гапини охиригача эшитишни истамай.

— Буйруғингизни бошқаларга қилинг.

Шоҳруҳ шундай дейиши билан кўкрагига тепки тегди. Юлдуз юқори қаватга осилганча иккала оёғи билан бараварига унга зарба берган эди. Кўксида оғриқ пайдо бўлган йигит ўрнидан сапчиб турмоқчи бўлди-ю, лекин қизнинг антиқа чалишидан полга ағанади. Шоҳруҳ учун бундан ортиқ шармандалик йўқ эди. Юрагига биров ханжар санчгандай бўлди. У важоҳат билан ўрнидан турди, аммо шу пайтнинг ўзидаёқ Юлдуз қайчи усулда оёқлари билан бўйнини қайирди. Сал қолди йигит бечоранинг бўйни синиб кетишига, лекин шу сафар қиз йигитни ағдаролмади. Унинг оёқларидан маҳкам ушлаган Шоҳруҳ “қайчи”ни очиб юборди-да, Юлдузнинг елкасига мушт туширди.

— Имм! — деди қиз ва секин ўтираркан. — Уятинг йўқ экан, қиз бола демадинг-а, аямадинг-а!

— Қиз болалигингни билсанг, эчкига ўхшаб сакрайвермасдан қиз болага ўхшагин-да! — деди ҳамон қўллари мушт йигит шаштидан тушмай.

— Кенгроқ жой бўлганида, ким эчкига ўхшашини кўрсатиб қўярдим, — деди Юлдуз.

— Агар ўғил бола бўлганингда жағингни синдирардим.

Қиз ўрнидан туриб елкасини уқалади-да, аччиқ жилмайди. Сўнг кутилмаганда йиғлаб юборди. Кўкраклари силтаниб, ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Шоҳруҳнинг муштлари ёзилди. Кўзида ачиниш аломатлари пайдо бўлди. Секин Юлдузнинг ёнига яқинлашиб:

— Қаттиқ оғрияптими? — деди.

Юлдуз унга ялт этиб қаради. У ёшли кўзлари билан жилмаяр эди. Буни кўрган йигит бутунлай довдираб қолди.

— Адашмабман, — деди Юлдуз пичирлаб.

— Нимага, нимага адашмайсан?

— Сизни танлашда.

— Тушунмадим.

— Ана шунақа, тушунмайсиз-да... Ҳурматингизни қилиб сиз деяпманми, мени ҳам сиз денг.

— Майли... Ўзинг бошладинг-ку!..

Уларнинг суҳбати узилиб қолди. Ювиниш учун кетган икки “зўравон” бўлмага кириб келди. Улар қизнинг кўзида ёш кўришлари билан ёнидан пичоқ чиқаришиб, Шоҳруҳга ташланиш учун хезланишганда, Юлдуз тўхтатди.

— Шодликдан йиғлаяпман, — деди у, — мен яна ўзига ишонган бир йигит топдим. Сезгим алдамабди. Яна шунақа беш-олти йигит топсам, азарларнинг кунини кўрсатаман.

Шоҳруҳ эндигина ниманидир англагандай бўлди. Демак, қиз бекордан-бекорга унга ёрдам бермаган. Ўзининг қандайдир ечилиши қийин бўлган муаммоси бор, шекилли, умрида кўрмаган беш-бегона йигитга кўмак берган.

Юлдуз дарров кўз ёшларини артди-да, йигитларига бошқаларни ҳам чақириб келишни буюрди. Сўнг Шоҳруҳга аввалгидай табассум ҳадя этаркан:

— Барибир сизни ҳали кўп тайёрлашимиз керак. Муштлашишингиз яхши, лекин мен қониқмадим. Ҳар қалай, қиз бола бўла туриб икки марта ағдардим-ку!..

Унинг гапларидан яна Шоҳруҳнинг асаб торлари таранглашди. Шундай бўлса-да, у ўзини ҳам, тилини ҳам тийди.

— Ҳечқиси йўқ, — давом этди Юлдуз, — шундай тайёрлашадики, ас бўлиб кетасиз.

— Сиз ўзингизча менинг устимдан ҳукм ўқиб қўйяпсизми?

— Ҳа. Мен билан ишлайсиз. Чунки қарздорсиз. Мен оладиган битта билетнинг нархи қанча туришини биласизми?

— Ҳар қалай, осмонмасдир.

— Ўн минг “кўк”ида.

— Нималар деяпсиз?

— Қулоғингиз, менимча, ҳали оғирлашмагандир.

— Адресингизни беринг.

— Нима қиласиз?

— Ҳозир поезддан тушиб қолиб, шу пулингизни топиб, олиб бориб бераман.

— Кўринишингиздан аҳмоққа ўхшамайсиз-у, аммо айтаётганларингиз фақатгина аҳмоқларнинг оғзидан чиқади. Чунки мен ҳар доим клиент келишувимизни ўзининг зиёнига бузсаям, охиригача ишлайман. Қачонки, иш битиб, ҳамма ўз долясини олиб бўлади, ундан кейин тарқаламиз.

У гапираётганида турли ёшли, турли жуссадаги беш киши бирин-кетин кириб келди. Юлдуз уларнинг биронтасига ҳам эътибор бермай, сўзлашда давом этди.

— Тихирлик қилаяптими? — деди келганлардан бири Юлдузнинг ўриндиғига ўтираркан.

— Менимча, бир-биримизни яхши тушундик. Бундан бу ёғига биз билан ишлайди. Агар қочадиган бўлса, ернинг тагидан бўлсаям топаман. Кейин ўзидан кўрсин, — деди Юлдуз ҳамон Шоҳруҳдан кўзини олмай.

— Мени малай қилиб оламан деб ўйласангиз, адашасиз, — деди Шоҳруҳ ўзини ноқулай сезиб.

Юлдуз кўзини юмди. Талай муддат шу тахлит ўтирди. Жимжитлик. Биров сўз қотмайди. Қулоққа поезд оёқларининг темир изга тегиб чиқарган овозларигина эшитиларди.

— Сизни малай қилиш ниятим йўқ эди, лекин сиз бўласиз. Фақат менга эмас, азарлар ёки гуржиларга. Итдай хизмат қиласиз-да, итдай ўлиб кетасиз. Сизни ақли расо, фаросатли йигит бўлса керак, деб ўйлагандим. Адашибман. Билагингизда кучингиз бўлгани билан, бошингизнинг ошқовоқдан фарқи йўқ экан. Сизга қилган ёрдамларимнинг ҳаммасидан кечдим. Сариқ чақангиз керак эмас. Энди купени бўшатиб қўйинг. Сизга ўхшаган кимсалар билан битта купеда кетишдан ор қиламан!

Юлдуз дона-дона қилиб, аллақандай алам, нафрат билан гапирарди. Унинг сўзларидан кейин нафақат Шоҳруҳ, балки, ўзининг йигитлари ҳам бош эгиб қолишди. Қизнинг эса кўзидан ёш сизиб чиқди. Ана шу кўз ёш Шоҳруҳни йўлдан қайтарди. У қаққайганча тураверди.

— Жамол ака, — деди Юлдуз ёнидаги йигитга, — эшикнинг қаердалигини эсидан чиқариб қўйди, шекилли, ёрдам бериб юборинг.

— Қарздор бўлишни хоҳламайман, — деди Шоҳруҳ қизга худди унинг ўзидай тикилиб.

— Қарзингиз унчалик ҳам кўп эмас, Пермгача тамбурда бориб, кейин юкимни туширишга ёрдам берсангиз узасиз, тамом-вассалом.

Шоҳруҳ нарсаларини сумкасига жойлаб, бўлмадан чиқиб кетди. Бу пайтда аллақачон замин узра қоронғилик этагини ёзган, ҳаво ҳам анча салқинлашганди. Йигит жунжикиб қўлларини кўксига чалиштирди.

Орадан икки соатча ўтиб оёқлари толиқди. Кўзи ҳам юмилиб кетаверди. Вагонга суяниб, тик турганча ухламоқчи бўлди. Эплаёлмади. Уйқу элтгандай туйилди-ю, аммо йиқилиб кетишига сал қолди. Охири чидолмаганидан, сумкасини елкасидан олиб, устига ўтирмоқчи бўлганида, тамбурда Юлдуз пайдо бўлди. Йигит билан қиз бир-бирига бир неча сония тикилиб қолишди.

— Юринг, манзилга етгунча менинг купемда бўласиз, яна сиз шамоллаб, мен уволингизга қолиб ўтирмайин, — деди Юлдуз.

— Қарзга ботишдан кўра шамоллаш афзалроқ.

— Шу сафар текин.

Қиз бошқа гапирмади. Орқасига бурилиб, бўлмаси томон кета бошлади. Унинг ортидан бироз қараб тургач, Шоҳруҳ ҳам юрди.

Юлдуз эртасига тушгача Шоҳруҳга гапирмади. Фақат аҳён-аҳёнда келиб турган ўзининг одамлари билан гаплашди. Майда-чуйда гап эмас, ҳаммаси бир-биридан йирик. Айтилаётган миллионлар эса, Шоҳруҳнинг оғзини очиб қўйди. Назарида, Юлдуз исмли соҳибжамол озгина ҳаракат билан пулнинг тагида қолиб кетадиганга ўхшарди. Айни чоғда у шунақанги муаммоларни ўртага ташлардики, гўё уларнинг ечими йўқдай эди.

Кўп сўзлаганидан қиз чарчади.

— Жамол ака, анави Петкага яна телефон қилинг, балки оп қолар, агар уни тополмасак, ишимиз баттар расволашади, — деди.

Шундан кейин йигитлар чиқиб кетишди. Қиз жойига чўзилиб, чойшаб ёпинди-да, кўзини юмди. Шоҳруҳ эса вагон деразасидан ташқарига қаради. Сўнги кўринмайдиган қумликларни, саксовулларни кузатган бўлди. Дарров зерикди. У ҳам ётмоқчи бўлиб Юлдузга кўз қирини ташлаган эди, қизнинг ухламасдан шифтга қараб ётганини кўрди.

— Мен сиз билан бирга ишлайман, — деди.

Қиз унга юзланди. Жилмайди.

— Нега ўзгариб қолдингиз? — дея сўради.

— Билмадим, ишларинг қизиқ туйилди, шекилли.

— Қийналиб қолишдан қўрқмайсизми?

— Қиз бола қўрқмайдиган ишдан мен қўрқсам уят бўлар.

— Бировга малайлик қилмайман, дегандингиз-ку!

— Бирга ишлайман, деяпман, малай бўламан демаяпман-ку.

— Малайликдан баттар бизнинг иш.

Шоҳруҳ индамади. Бир муддат дераза тарафга қараб турди, кейин у ҳам ётди.

Перм вокзалига етганларидан кейин йигит билдики, Юлдузни бор-йўғи учта эмас, балки етти киши қўриқлаб келган экан. Шоҳруҳ шундан англадики, бу қиз бошқалардай оддий қиз эмас. Унинг отаси, акаси ёки шунга ўхшаш биронта яқин одами — камида катта амалдор. Яна шу нарса аниқки, бундай ўта гўзал, тағин сўнгги модада кийинадиган қизларнинг ошиқлариям мўл бўлади. Эҳтимол, ана шундай ошиқлардан биронтаси унинг ортида тургандир. Қизни қўриқлаб юрган йигитларни ҳам шу одам қўйгандир. Ҳартугул, ота ёки ака беш-олтита эркак билан қизнинг ёлғиз ўзини жўнатиб қўймайди.

Поезддан тушишиб, ўн-ўн беш қадам юришлари билан оқ-сариқдан келган, бошига шапка, эгнига қора коржома кийган, лабига сигарета қистириб олган, узун бўйли, шунга яраша елкалари кенг йигит пешвоз чиқди.

— Петенка, одам шунақа ҳам ҳазил қиладими? — деди Юлдуз уни кўриши билан соф рус тилида.

Петенка деганлари қўлларини икки ёнига ёзиб:

— Ҳазил менинг жоним, — дея иржайди.

— Ўша ҳазилингни деб, ўлиб кетишим мумкин эди-ку?

— Мана ўлмабсан.

Улар қўл бериб кўришишди. Петканинг эътиборини дарров Шоҳруҳ тортди.

— Бу йигитингни аввал кўрмагандим, — деди у Шоҳруҳнинг қўлини сиқаркан.

— Захирадагилардан, шу сафар керак бўлар, деб олиб келдим, — дея унга жилмайиб жавоб қилди Юлдуз. — Петка, нега телефонларингнинг ҳаммаси ўчирилган? Сен билан қўнғироқлашамиз деб келишгандик-ку!

— Шунақа бўп қолди, гўзал қиз, шунақа. Истаган пайтингда ёмғир ёғдириб, истаган пайтингда уни қорга айлантиролмайсан. Бу иш ёлғиз Худонинг қўлидан келади. Кўп туриб қолдик.

Петка Юлдузни қўлтиқлаб олди-да, унга алланималарни гапирганча кета бошлади.

Шоҳруҳ уларнинг ортидан эргашди. Вокзалнинг нариги ёғида, йўл бўйида иккита қора “Мерседес”, уларнинг ортида фургонли машиналар турарди. Юлдуз Петка билан суҳбатга шунчалик берилиб кетган эдики, ўртадаги “Мерс”га ўтираётиб ҳам, ортига бурилиб қараб қўймади.

Уч кунга яқин бир бўлмада у билан суҳбатлашиб, керак бўлса, уришиб ўрганиб қолган Шоҳруҳга қизнинг қилиғи бироз оғир ботди.

Улар шаҳарнинг антиқа ресторанига киришди. Шоҳруҳ қизнинг бошқа йигитлари қатори умумий залда ўтирди. Юлдуз эса Петка билан алоҳида хонага кириб кетди. “Наҳотки, шу ўрис билан юрса, — ўйлади у, — қуриб қолганмикин ўзбек зоти? Поездда ўзини тутишидан, бошқача қиз деб ўйлагандим. Адашган эканман-да. Ўзи бекор у билан ишлашга рози бўлибман. Балки ҳали ҳам кеч эмасдир, индамай ўрнимдан туриб кетворсамми? Йўқ, менимча, кейинроқ, озгина сабр қилай-чи, булар яна нима кароматлар кўрсатишаркан?”

У ўйини охирига етказмасидан, стол турли ноз-неъматлару егуликлар билан тўлдирилди. Гарчи нонушта қилишмаган бўлса-да, Юлдузнинг йигитлари тотинишдан ўзларини тийиб туришди. Шунингдек, Шоҳруҳ ҳам. Фақат у йигитларнинг нега тамадди қилишмаётганини тушунмасди. Орадан бироз ўтгач эса Жамол безовталанди. Юлдуз кириб кетган хонага тез-тез қараб қўя бошлади. Унинг безовталаниши аста-секин кучли ҳаяжонга айланди ва у чўнтагидан латтага ўралган бир нимани олиб столнинг тагига тиқди.

— Бек, — деди ёнида ўтирган йигитга, — телефон қил. Чўзилиб кетди.

Бек бошқаларга нисбатан жуссаси кичик, аммо нигоҳи ўткир, қорачадан келган йигит эди. У чаққонлик билан қўл телефонидан рақам терди. Қулоғига қўйди. Бироз кутди. Сўнг Жамолга юзланиб, бошини қимирлатди-да, “йўқ” ишорасини қилди. Аллақачон нигоҳлар билан гаплашишнинг ҳадисини олган йигитлар деярли бир вақтда ўринларидан туриб, Юлдуз кириб кетган эшикка яқинлаша бошлашди. Худди шу маҳал бошқа томондан иккита барзанги уларнинг олдини кесиб чиқди.

— Сизларга бу ёққа кириш мумкин эмас, — деди улардан бири.

— Хонимнинг чиқиши чўзилиб кетди, — деди унга хўмрайиб қараган Жамол.

— Керак бўлса ўзлари чиқишади. Жойингга бориб босиб ўтир. Суҳбатга халақит берма.

Қўпол сўзлар жамланмасидан тузилган гапга Жамол пинагини ҳам бузмади. Барзангига совуқ иржайиб қараркан:

— Беш дақиқа кутамиз, кейин киритишга мажбурсан, — деди паст, аммо кескин овозда.

Бу гап барзангини ҳам тиржайтирди, холос.

— Тушунмадим, — деди Бек жойига келиб ўтиришгач, уч стол нарига соқоллари ўсиқ, бурунлари узун йигитлар келиб жойлашганини кўриб, кўзи билан ишора қилиб уларни Жамолга кўрсатаркан.

— Юлдузга телефон қил, ўйин бўлаётганга ўхшайди.

Бек Юлдузнинг рақамини теришга улгурмади. Унинг ўзи Петка билан бирга олдинма-кейин чиқишди. Шоҳруҳ қизнинг юзи қизарганини дарров сезди. У жилмаярди-ю, лекин табассумининг сохталиги шундоққина кўриниб турарди.

— Тинчликми? — сўради Шоҳруҳ қиз ёнгинасидаги стулга ўтириши билан ичи ёниб.

Бундай савол асли Жамолдан чиқиши лозим эди. Бироқ у улгурмади. Оғиз жуфтлади-ю, ўзидан олдин сўз бошлаган Шоҳруҳга қараб қўйди. Айни пайтда кўнглининг чеккасида ғазабга ўхшаш бир нарса ҳам пайдо бўлди. Чунки у турганда, Шоҳруҳ тугул Юлдузнинг бошқа йигитлари ҳам тилларини тишлаб туришади. Шундай ёзилмаган, айтилмаган қонун бор. Бироқ ҳозир бировдан аччиқланишнинг мавриди эмасди, шунинг учун ҳам Шоҳруҳга бир қараб қўйиш билан чегараланди, холос.

— Тинчлик, — дея кулган бўлди Юлдуз ва қадаҳни ароққа тўлдирди-да, бир кўтаришда ичиб юборди.

— Хоним, — деди шу маҳал унинг ортидан келган Петка, — ёнингизда менга ҳам жой топилса керак.

Юлдуз ўз йигитларининг даврасига қўшилаётганида Петка боя Жамол билан Бекни орқасига қайтарган барзангилар билан гаплашиб қолганди.

— Бемалол, — деб Юлдуз Шоҳруҳга қараб қўйди.

Унинг нима демоқчилигини англаган Шоҳруҳ дарров ўрнидан туриб, Петкага жой бўшатди.

— Мана шу йигитинг, — деди Петка ўтирганидан кейин Шоҳруҳга юзланиб, — бошқаларига сира ўхшамайди. Ҳайронман, аввал нега олиб юрмасдинг? Бундай болаларни захирада тутиб бўлмайди.

— Сенга совға! — деб жавоб қилди Юлдуз Петкага еб қўйгудек тикилиб.

— О-о, совға! Совғаларни жуда яхши кўраман. Айниқса, тиригини!

Шоҳруҳнинг бирдан қони кўпчиди. Қўлини мушт қилиб, тишларини бир-бирига босди. Зеро, у илгари четга йигит-қизларни алдаб олиб бориб, сўнг сотиб юбораётганлар ҳақида кўп эшитганди. “Вой, ифлос, ҳали шу ниятда мени олиб келганмидинг? — дея хаёлидан ўтказди у. — Сендай гўзал шунақа ишлар билан шуғулланади, деса биров ишонмайди. Лекин хато қилдинг. Мени осонликча тўрингга туширолмайсан”.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)