Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

143 full reads
265 story viewsUnique page visitors
143 read the story to the endThat's 54% of the total page views
17,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма бешинчи қисм)

Омадсизлик Рамиз-Февзининг жонига тегиб кетди. Агар ҳамма ишлари кўнгилдагидай якунланганида, у хорижга чиқиб кетмоқчи ва шу билан қайтиб келмоқчи эмасди. Унинг олган хабарларига қараганда, Голландияда наша чекиш расман рухсат этилган экан. Бу унинг наркобизнесни у ёқларда давом эттириши учун айни муддао. Бу ерда қандайдир майда-чуйда (у бутунлай ўзининг кимлигини унутганди) одамлар билан ҳисоб-китоб қилиш жонига тегиб кетганди.

Йилига камида икки-уч юз кг марихуана сотса, олам гулистон. Пичоғи мой устидан бери келмайди. Лекин бунинг учун пулларини Кипр банкига ўтказиши керак. Шу оддийгина ишни қандай бажаришни у ўйлаб тополмаётган эди. Ваҳоланки, шотирларига бир оғиз айтса, тамом, ҳамма йўл-йўриқдан хабардор қилади. Шунда банкирни, унинг қизини ўлдиришнинг ҳам ҳожати қолмайди. Аммо у бундай қилолмасди. Орттирган пулларини бошқаларга билдиргиси йўқ эди. Чунки шотирларига ишонмасди. Тўғри, уларнинг баъзилари Рамиз-Февзининг ҳисоб рақамида катта суммадаги пул борлигини билишарди. Бироқ, бу ерда борлигини билган бошқа, хориждагисини билган бошқа. Унинг яна битта ниҳоятда аҳмоқона иши (ахир буни деб қанча одамларидан айрилди) Роман Фёдоровичнинг қизини йўқ қилиб, унинг отасини қўрқитиб қўйишда эди. Мабодо Оксана ўлдириладиган бўлса, Роман Фёдоровичнинг мутлақо ожиз жойи қолмаслигини у ҳатто ўйлаб ҳам кўрмасди.

Навбатдаги хушхабарни эшитганида, у ҳар доимгидай бир нуқтага термилганча пиво симириш билан овора эди.

Шотири банкирнинг қизини тинчитишнинг яна бир имкони пайдо бўлганини тўлиб-тошиб гапириб бераётганида, у гўё қулоғи кар одамдай қўшиқ хиргойи қилди. Йигити сўзлаб бўлгач, ёнидан тўппончасини олиб столнинг устига қўйди.

— Мана шунинг ичида, — деди у қуролини кўрсатиб, — бешта патрон бор. Агар бу сафар ҳам қовун туширадиган бўлсанг, ҳаммасини сенинг танангга санчаман. Тушунгандирсан! Энди ишни тамомлагач, олдимга келасан!

Йигити сертавозелик билан чиқиб кетди. У ўзига ишонганидан шундай қилди. Чунки бу сафар кампир амаллаёлмаса, уруғ-аймоғига қирон келади. Албатта, унинг ҳам умри тугаши мумкин. Буниси энди эҳтимолдан анча йироқ. Рамиз-Февзи шундай дегани билан, ишончли одамлари саноқли қолди. Уларни ҳам гумдон қилса, қўл-оёқсиз қолади. Италиялик ҳомийсининг ёнига қуруқ қўл билан боради. Бир-икки марта Рамизнинг лаллайишидан кўз юмган ҳомий, охири, унинг баҳридан ўтиб қўя қолиши ҳам ҳеч гапмас. Мана шуларни яхши билган Рамизнинг шотири хўжайинининг ёнидан чиқиши билан режа тузишга тушиб кетди.

Буларнинг баридан бехабар бўлажак келин-куёв ва Оксана Роман Фёдоровичнинг дала ҳовлисига етиб боришди. Ҳаммаёқ байрамона безатилган эди. Дарахтлар ва чироқлар устига шарлар илинган, фаввора турли рангда отилаяпти. Мусиқа янграб, столлар тансиқ таомларга тўлатилганди. Калта юбка, оппоқ кофта кийган қизлар хизматда, қора костюм-шимли эркаклар эса йўлакда туришарди.

Оксана кўзи билан отасини қидирди. Бироқ у ҳовлининг ҳеч қаерида кўринмасди. Қизга қўриқчилардан бири Роман Фёдоровичнинг ичкарида телефонда ким биландир гаплашаётганини айтди. Шунингдек, қўриқчи йигит суҳбат бир соатдан бери давом этаётганини қистириб ўтди.

Шоҳруҳ Юлдузга юзланди. Унинг кўзларида хавотир бор эди.

— Кутилмаганда шоҳона тўй ташкил қилиш, ҳаддан зиёд меҳмонларни таклиф қилишнинг тагида ҳеч нарса йўқмикан? — деди у ўзбекчалаб.

— Ҳозирдан бир қарорга келмайлик, йигитлар шу ерда-ку! Улардан суриштирайлик-чи, шубҳали бирон нима бўлганмикан, — деб у Оксанага жилмайиб қўйди.

— Ўзларингнинг тилларингда нималарни гаплашаяпсизлар? — сўради Оксана.

— Сенга куёв қидираяпмиз. Бир йўла сенинг ҳам тўйингни ўтказиб юборайлик, — деди унга кулиб Шоҳруҳ.

— Барибир тополмайсизлар. Менга ерликларнинг биронтаси ҳам уйланолмайди. Агар уйланадиган бўлса, инжиқликларимга чидолмасдан ўзини осиб қўяди, — деб Оксана бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

Шоҳруҳ ҳам, Юлдуз ҳам унинг кулишидан мамнун эдилар. Чунки бу кулги уларнинг ичларидаги саросимани яшириб турарди. Агар яширмаганида, ичкарида ким биландир соатлаб гаплашиб бўлганидан кейин ташқарига чиққан Роман Фёдорович иккисининг ҳам кўзидаги безовталикни сезиб қолар эди.

— Сиз, хоним, мен билан юринг, пардоз-андоз қилиб олишингиз керак. Аёллар ишига эркакларнинг аралашмасликларини Шоҳруҳ жуда яхши билади, — деди Оксана мириқиб кулиб олгач.

Шу билан Шоҳруҳ ёлғиз қолди. Столлардан бирига бориб ўтирди. Оппоқ дастурхон устидаги ноз-неъматларга қараб, қорни очқаганини сезди. У эрталаб тамадди қилганди. Тушликка вақти бўлмади. Тезгина битади, деб ўйлаган ишлари чўзилиб кетди. Айниқса, никоҳ ўқийдиган домлани анча вақт кутиб қолишди. У қаергадир кетган экан. Кейин келиннинг гувоҳи мусулмон бўлсин, деб талаб қўйди. Шоҳруҳ уни кўп авради, барибир кўнмади. Ноилож Шоҳруҳ кўчага чиқиб, ярим соат деганда бир татар хотинни топиб келди. Шундан сўнггина қори уларни никоҳлаб қўйди.

Шуларни ўйлаб ўтирган Шоҳруҳ беихтиёр ликопчалардаги газаклардан санчқи билан олиб оғзига сола бошлади. Аччиққина экан, иштаҳаси очилиб кетган йигит битта ликопчани дарров бўшатиб қўйди. Иккинчисига ўтмоқчи бўлиб турганида Роман Фёдоровичнинг овозини эшитиб қолди.

— Куёв қочиб кетдими, нима бало, ҳеч қаерда кўринмайди?! — дерди у йигитларидан бирига.

Шоҳруҳ кулди ва қўлини шоша-пиша сочиққа артди-да, ўрнидан турди. Худди шу маҳал у томонга ўгирилган Роман Фёдорович қучоғини очди.

— Менинг ёш дўстим! Яширинишга не ҳожат?! Кел, бағримга босиб аввал ўзим табриклаб қўяйин. Масжидда никоҳ ўқитганларингни эшитдим! — дея ҳайқирди Роман Фёдорович.

Шоҳруҳ ҳам қучоғини очди ва илдам юриб, банкир билан ачомлашди.

— Менинг ёш дўстим, — деди қувноқ овозда Роман Фёдорович, — йигирмага кирган вақтимни эслатиб юбординг. Хотиним билан бир-биримизни шунақанги яхши кўрар эдикки, тўйимиздан икки йил аввал бирга яшай бошлагандик.

— Қанақасига? — сўради ҳайрон бўлган Шоҳруҳ.

— Оддий. Ўша пайтлари тадбиркор эканман, ўзим сезмаган ҳолда, пул йиғиб қўйгандим, — деб Роман Фёдорович Шоҳруҳни қучоғидан бўшатди, — аслида саккизинчида ўқиётганимдан бери йиғардим. Билмадим, пулни бунчалик яхши кўришимга нима сабаб? Ўша пулларнинг бир қисмини ва севган қизим отасидан олган пуллар эвазига бир хонали уй олдим. Мен ҳам талабаман, маъшуқам ҳам. Яшайвердик. Оксана туғилди. Кейин тўй қилдик. Майли, кўп гапириб юбордим. Айтмоқчи бўлганим, менинг ёшлигимни эслатдинг. Бунинг учун сенга жудаям катта раҳмат. Хўш, энди, менинг ёш дўстим, меҳмонлар келишидан олдин қиттай-қиттай қиламизми?

— Бўлмасам-чи! Ундан кейин сизни ушлаб бўлмайди.

— Бу гапларни қўйинг, менинг ёшгина дўстим, қани столга ўтиринг. Йўқса, гап билан бўлиб, вақтни бой бериб қўямиз-да, бирга ичиш насиб этмай қолади.

Шундай дея Роман Фёдорович шоша-пиша ароқлардан бирини очиб, иккита қадаҳга лиммо-лим қилиб қуйди. Бирини Шоҳруҳга тутқазиб, иккинчисини ўзи олди-да, юқорига кўтарди.

— Бахтларинг учун ичамиз! — деб банкир қулқуллатиб қадаҳдаги ароқни ича бошлади. Шоҳруҳ уни томоша қилди. Очиғи, ҳаваси келди. Роман Фёдорович бўшаган идишни Шоҳруҳга кўрсатаркан:

— Нега қараб турибсан? — деди.

— Ароқни шу даражада маҳорат билан ичган одамни биринчи кўришим. Тўғриси, кўрган ҳар қандай ичмайдиган одам ҳам ичиб юборади. Энди газак қилишингизни ҳам томоша қилмоқчиман.

— Бекор айтибсиз, менинг ёш дўстим. Мен текинга бир нима ўргатадиган одам эмасман. Қани, қадаҳингизни бўшатинг-чи!

Шоҳруҳнинг нафаси тиқилиб қолди. Шундай эса-да, ўзини мажбурлаб бир кўтаришда идишидаги шайтон сувининг ҳаммасини сипқорди. Ўзиям афти шунақанги ғижимлашдики, уни кўрган Роман Фёдорович қотиб-қотиб кулди.

Ҳазил-ҳузул билан дарров бир шиша бўшади. Иккаласининг ҳам анчагина кайфи ошди.

— Сенга ўхшаб мен ҳам таваккал қилдим, — деди юзи қизарган, сочи майин шабадада ўйнаётган Роман Фёдорович.

— Бюрократларнинг ҳаммасини тўйга келишга кўндирдим. Мендай одам тўйга айтади-ю, улар келмайдими? Келади! Биласанми, нима дедим?

Шоҳруҳ “йўқ” дегандек бошини чайқади.

— Қизимни эрга бераяпман, дедим.

— Нега ўғлимни уйлантираяпман, демадингиз? Юлдуз бир кўринишдаёқ қизингизга айланибди-ю, шунча вақтдан бери сиз билан таниш бўлиб куёв бўлдимми? — деди банкирнинг гапини ҳазилга бурган Шоҳруҳ.

— Юлдузни эмас, Оксанани турмушга бераяпман! Оксанани! Сенга! Сен уйланаяпсан!

Шоҳруҳнинг чайнаётган луқмаси оғзида қолди. Унинг юзи бирдан жиддийлашиб беихтиёр ўрнидан турди.

* * *

Шаҳло Муродга бозорда қандайдир ўйин борлигини айтди.

— Дадам билан бир марта узоқ гаплашиб қолганмиз, — дея ҳикоясини бошлади қиз. — Мен ўшанда эндигина ўнинчига ўтгандим. «Ким бўлмоқчисан?» деган мавзуда гап очилди. «Бизнесмен!» — деб жавоб қилдим мен. Дадам бўлса кулди. Кейин бир дона сигаретани лабига қистириб анча ўйланиб қолди. «Балки сал бундайроқ, қизларбоп ўқишга киритиб қўйсам яхши бўлар, — деди дадам. — Бизнесменлик жудаям оғир. Қаллобликка тўлиб-тошган. Сал эътиборсизлик қилсанг, ноғорасига ўйнатиб, ер билан битта қилиб ташлашади». Дадамнинг гапларига тушунмадим. «Ана, сиз ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиб бойиб кетгансиз-ку», — дедим. Дадам менинг соддалигимдан яна кулди. «Қизим, айтайлик, сен бирор мамлакатдан мол олиб келдинг. Лекин худди шу молдан бошқалар ҳам келтиришган. Табиийки, нони яримта бўлишини истамаганлар зимдан сенга ҳужум бошлашади. Чунки бошқа давлатдан мол олиб келганларнинг кўпчилиги бозорда ўтирволиб майдалаб сотмайди. Кимларгадир бериб чиқади. Ана шунда сени синдиришади. Оддий усуллардан бири — сенинг молингга сотиб олишнинг имкони бўлмайдиган нархни қўйишади». «Қиммат демоқчимисиз?» Сўроғимга дадам яна кулиб қўйди. Сўнг: «Йўқ, қиммат эмас, чалкаш. Масалан, икки юз ўн беш сўм. Агар бирдан кўп нарса олса харидорга билинмаслиги мумкин. Лекин доналаб олганда анави майда суммани топиб беролмайди. Кейин қўлини силтайди-да, икки юз ёки уч юз сўмлигини олиб кетаверади. Сенинг молинг бўлса, унинг орқасидан безрайганча қараб қолаверади», — дедилар...

Мурод тирсагини столга тираб, муштумига иягини қўйди.

— Даданг савдонинг пири бўлиб кетган экан-да!

— Аслида булар жуда оддий тажрибалари экан. Лекин шу гапларидан кейин мен ниятимдан қайтганман. Тикувчиликка, дизайнерликка қизиқдим.

— Демак, бозор билан жиддий шуғулланишим керак экан-да, хоним, — деб Мурод ўрнидан турди-да, маъшуқасини ўпиб қўймоқчи бўлганда, Фотима опа келиб қолди.

Шундай эса-да, у бўлажак хотинига кўз қисиб қўйди ва кийингани хонасига кириб кетди.

Шаҳло хомуш эди. Ҳарчанд буни Фотима опадан яширишга уринса-да, аёл барибир сезди.

— Тинчликми, қизим? Нега бундай ўтирибсиз? Мурод бирон нима дедими? — дея Шаҳлога тикилди.

— Мени хафа қиладиган ҳеч нарса демадилар. Иш ҳақида гаплашдик. Мен ўзим... Ҳаво бугун сал бошқачароқми? Шунга бўлса керак, — жавоб қилди Шаҳло кўзини олиб қочиб.

— Ҳа, бугун ўзи ҳаво бошқача. Бунинг устига, уйда ўтиравериб сиқилиб кетдингиз. Оёғингиз бутунлай тузалганида, Мурод билан бирга айланиб келардингиз. Озгина сабр қилинг, ҳаммаси ўтиб кетади. Наргиза ҳам эрталабдан қаергадир кетиб қолибди. Келиши билан уришиб қўяман, — дея унинг кўнглини кўтарган бўлди Фотима опа. Ваҳоланки, ич-ичидан қизнинг нега бунчалик сиқилаётганини билиб турарди. «Ахир уйидан ҳеч қачон бу даражада узоқ муддат бирон жойга чиқмаган. Яхшими-ёмонми, барибир уйдагиларини соғинади. Оёғи яхши бўлгандаям кўча-кўйда айланиб вақт ўтганини сезмай қоларди», деган ўйлар хаёлидан ўтди. Лекин буларни Шаҳлога айтолмайди. Шундоғам ўпкаси тўлиб турган қиз Фотима опанинг оғзидан бундай гаплар чиқиши билан уввос тортиб йиғлаб юбориши ҳам ҳеч гап эмасди.

— Наргизахон яхши қиз. Уришманг. Иши бўлгани учун кетгандир-да, — деди Шаҳло бошини эгиб паст овозда сўзларкан.

— Унда сиз кириб озгина дам олинг. Мен аччиққина мастава қилайин. Биргалашиб ичамиз, — деди Фотима опа унга жилмайиб.

— Ойижон, яқиндагина турдим. Сизга қарашаман. Шундоғам оёғимни кўтариб ётаверганимдан уялиб кетдим.

— Унақа деманг. Тузалсангиз, шундай ишлар буюриб ташлайин, бош қашишга вақтингиз бўлмасин.

Шаҳло барибир кириб ётмади. Фотима опанинг қўлидан пичоқни олиб картошка арчди, пиёз тозалади. Кўзи ачишиб ёш оқди. Шундан кейингина озгина енгиллашди. «Йиғлаш одат бўлиб қолибди-да, тавба. Нима, энди ҳар куни шунақа йиғлайманми?» — дея хаёлидан ўтказиб қўйди у.

Ҳамма ишлар адоғига етиб, қозоннинг қопқоғи ёпилганидан кейин Шаҳло неча кунлардан бери ўчиб ётган қўл телефонини ёқди. Худди шуни кутиб тургандай бирдан қўнғироқ бўлди. Экранга назар ташлаган Шаҳлонинг юзи ёришиб кетди. Чунки унда дугонаси Севинчнинг исми ёниб ўчаётган эди. Фотима опага бир қараб қўйган қиз дарров кўк тугмачани босиб, телефонни қулоғига олиб борди:

— Жинни, қаерларда юрибсан? Кунига ўн марталаб телефон қиламан. Дарагинг йўқ, уйингга қўнғироқ қилувдим, — дея Севинч бир муддат жим бўлиб қолди. Шаҳлонинг юраги ҳаприқиб кетди. Кўкраги тез-тез кўтарилиб туша бошлади.

— Нима гап экан уйда? — деди кўзлари каттариб.

— Амакинг бор экан, — дея жавоб қилди Севинч аллақандай ғалати товушда.

* * *

Бўрон ранги докадай оқариб ўтириб қолганини ўзи ҳам сезмади. Бир муддат полдаги қонга термилди. Сўнг кўзини юмди. Милклари жуда қаттиқ оғриб кетди. Бошларини беш-олти марта қаттиқ силтади. Шундан кейингина кўзини очди. Кўрсаки, қон аслида қон ҳам эмаскан, деразага қизил рангли хийлагина катталикдаги лупа қўйилган, унинг шуъласи эса полга тушиб турган экан. Бўрон жаҳл билан ўрнидан ирғиб турди. Лупани полга уриб чилпарчин қилди. Кейин ивирсиб, сасиб ётган хонани кўздан кечирди-да, чирт этказиб гиламнинг устига тупурди.

Укасининг хонасига кирганида хушбўй атир ҳиди гуп этиб юзига урилди. Асаб толалари бироз юмшади. Бу ерда ҳам гарчи Жаҳонгирнинг хонасидаги каби бўлмаса-да, бетартиблик бор эди. Шу пайт у иккинчи хотинини эслади. «Майли, — ўйлади у, — Жаҳонгирнинг хонасининг тартибсизлигини тушунса бўлади. Жанжал-тўполоннинг орқасидан бўлган, лекин эр-хотиннинг хонасида ҳамма нарса жой-жойида туриши керак-ку!» У шундай хаёлга боришга борди-ю, лекин биринчи аёли Фароғат ҳам Хонзодадан ортиқ эмаслиги эсига тушди. Унинг «фаҳм-фаросати ва меҳнаткашлиги» дастидан, қачон қарама, ҳамма нарса сочилиб ётади. Бўрон унга бир гапирди, икки гапирди... барибир бўлмади. Беш-олти марта сўкиб, бир сафар юзига шапалоқ ҳам туширди. Йўқ, букрини гўр тўғрилайди, деб бежиз айтишмаган экан. Фароғат сўкиш эшитган кунлари номигагина уйни йиғиштирадиган бўлди. Кейинги кунларда эса яна асл ҳолига қайтиб олди. Буни кўрган Бўроннинг қўл силташдан ўзга иложи қолмади. Чунки эшагу итни қанча тарбия қилганинг билан барибир одам бўлмас экан.

Дастлаб кирганида димоғига урилган мушк-анбар ҳиди йўқолгандай туйилиб, Бўрон хонадан пешонаси тиришиб чиқди ва бир-бир босиб пастки қаватга тушди.

Онасининг гапларини эслади: «Болам, сен фарзандларимнинг каттасисан. Ҳолларидан хабар олиб тур. Бирови қийналса, мен гўримда тинч ётолмайман», деганди у. Бироқ Бўрон Содиқ укасига қўшилиб Шоҳруҳни тепкилаганида она васиятини унутди. Ўшанда унинг ғазаби жунбушга келган эди ва, албатта, тепкиларни тарбиянинг бир усули деб ўйлаганди. Лекин буларнинг бари бесамар эканлиги унинг тушига ҳам кирмаган эди. Ҳозир эса эсига тушди. Шунда ҳам Шоҳруҳга озор бериб қўйгани учун онасининг руҳи безовталиги ҳақида эмас, Содиқ бўшанглик қилиб оиласини пароканда қилиб қўяёзгани учун у ўзини онасининг руҳи олдида айбдордек ҳис этди. «Эҳтимол, тўртта мардикор аёл олиб келиб, ҳамма ёқни тартибга келтириб қўйсам, онам мени кечирар», деб ўйлади. Шу мақсадда ташқари эшик ёнига борди. Бироқ бирдан телефон асабий жиринглаб, унинг хаёлини бўлиб қўйди.

— Алло, Шаҳлоларнинг уйими? — сўради қўнғироқ қилган қиз бирозгина нозли овозда.

— Ҳа, Шаҳлоларники. Мен амакиси бўламан, — жавоб қилди Бўрон бўғиқ товушда. У мутлақо бунақанги оҳангда гапирмоқчи эмасди. Чунки қандай аҳволга тушмасин, ўзини дадил тутарди. Аммо ҳозир негадир томоғини қириб, товушига дард бериб юборди.

— Анақа... Мен Шаҳлонинг дугонаси Севинч бўламан. Чақириб беринг, илтимос.

— Чақириб беролмайман. У ҳозир уйда йўқ. Кўриб қолсам айтаман, — деб Бўрон гўшакни қўйди ва ташқарига чиқиб кетди. Шу билан бирга уйни тозалатиш ҳам ёдидан кўтарилди. Аниқроғи, эринди.

* * *

Севинчнинг биргина: «Амакинг ғалатироқ гапирди», дегани Шаҳлони қўрқитиб юборди. У дугонасининг бошқа гапини эшитмади.

— Нима бало, қулоғинг том битдими? — деди Севинч сўроғига жавоб қайтавермагач.

— Ишқилиб, уйдагилар тинчмикан? — деди Шаҳло бироз ўзига келгач. — Нима бўпти? Айтишмадими?

— Ўзинг қаерларда юрибсан? Уйингга кетаётганингни айтгандинг-ку. Ёки яна қочиб чиқиб кетдингми?

— Ҳали ҳаммасини гапириб бераман. Сен менинг уйимдагилардан...

— Қаердасан?! — сўради Севинч Шаҳлонинг гапини бўлиб. — Боядан бери сўрайман, айтмайсан.

Шаҳло жавоб беришдан аввал Фотима опага юзланди.

— Ойижон, — деди унга умид кўзларини тикиб, — уйимизга бориб келсам майлими? Кирмайман. Дугонамни киритвораман, ўзим берироқда кутиб тураман. Нима бўлганлигини билиб, дарров қайтаман.

Севинч гўшакдан у кимнидир «ойижон» деганини эшитди. Одатда, бунақанги сўз қайноналарга нисбатан ишлатилади. Севинчнинг кўзлари каттариб кетди. Шаҳлонинг ўша аёл билан тезроқ гаплашиб бўлишини кутди.

Фотима опа ўйланиб қолди. У иккиланаётган эди. Ҳозир бунга жавоб бериб юборса... Биринчидан, ҳали оёғи тузалгани йўқ. Иккинчидан, Мурод нима дейди? Ҳозирча хотини эмас, лекин барибир унга тегишли...

— Қийналиб қолмайсизми, қизим? — деди Фотима опа.

— Йўқ, ойижон. Дугонамга айтаман, таксида келади. Шундоқ подъезддан олиб кетишади. Жудаям хавотир олаяпман, ойижон!

— Муродга айтиб қўйсак... Йўқ, майли, ўзим тушунтираман. Агар подъезднинг ёнидан олиб кетишса, боринг-у, қайтинг. Тағин мен Муроддан гап эшитиб юрмайин.

— Раҳмат, ойижон! — деди Шаҳло ва гўшакка қулоғини тутиб «Севинч» дейиши билан дугонаси:

— Нима дединг? Ким у ойижонинг?! — деб сўраб қолди.

Аммо бу сафар ҳам Шаҳло жавоб бермади, бунинг ўрнига:

— Дугонажон, таксида келгин, мен адресни айтаман, — деди шошиб.

— Бўпти, тайёр бўлиб тур. Ишқилиб, боргунимча қайнонанг айниб қолмасин, — деди Севинч Шаҳло берган манзилни кичкина қоғозчага ёзгач.

Шаҳло қизил тугмачани босиб телефонни ўчирганидан кейин Фотима опанинг ёнидан айбдорлардек бошини эгганча ўтди-да, ётоғига кирди. Шошилмасдан кийинди, ўзига оро берди. Шу маҳал осмондан тушдими, ердан чиқдими, хонада Наргиза пайдо бўлди.

— Кеннойи! — деди у кўзлари порлаб. — Дугоналарим ҳасаддан ўлиб қолишди. Бунақанги фасондаги кўйлакни ҳали умрларида кўришмаган экан, оғизлари очилиб қолди. Минг долларга бўлсаям тиктираман, деганлари бўлди. Кеннойи, бой бўлиб кетасиз!

Наргиза: “Хушхабарни эшитиб, Шаҳло қувончдан ирғишлаб кетса керак”, деб ўйлаган эди. Аммо Шаҳло жилмайибгина қўйди, холос.

Наргиза унинг аҳволини суриштириш учун эндигина оғиз жуфтлаганида, хонага Фотима опа кириб келди.

— Наргиза, яхши келдингми, қизим? Шаҳлохон билан бирга бир жойга ўтиб келинглар. Бир ўзи шу аҳволда бормасин, — деди.

Шаҳло Наргизанинг боришини ҳечам истамас эди. У ҳам борса, оиласининг аҳволини кўрса, кейин бирда бўлмаса, бирда юзига солмайдими?.. Лекин илож йўқ.

Севинч тезда етиб келди. Машинадан тушибоқ, дугонасини қучоқлади. Юзидан чўлпиллатиб ўпди. Шундан кейин Наргизани таништирди. Севинч Шаҳлонинг ёнидаги қизнинг кўйлагини кўриши билан энтиккан эди. Шу боисдан ҳам дугонаси билан кўришаётганида унга зимдан бошдан-оёқ разм солди.

— Муроднинг синглиси бўласизми? Жудаям хурсандман. Устингиздаги кўйлагингиз жудаям ярашиб турибди сизга, — деди озгина хушомад билан.

— Раҳмат, кеннойимларнинг хизматлари, — деб Наргиза кўйлагини сийпалаб қўйди.

— Унда кеннойингизга айтинг, битта заказ бор.

Шаҳло қизарди. Бир Наргизага, бир Севинчга кўз ташлаб қўйди-да:

— Тезроқ кетайлик, — деди.

Шу билан Наргизанинг мақтанишига, тўғрироғи, уни мақташига йўл қўймади.

Манзил яқинлашгани сайин Шаҳлонинг юраги безовта урар, ҳар-ҳар замон қимирлаб қўяр, чуқур-чуқур нафас оларди. Унинг аҳволини икки ёнидаги қизлар англаб турсалар-да, на униси ва на буниси чурқ этди. Ҳамманинг кўзи йўлда эди, гўё улар шу тахлит тикилиб кетмасалар, ҳайдовчи машинани бирон жойга уриб оладигандай ёки манзилдан адашиб кетадигандай.

Ниҳоят кўзланган жойда улов тўхтади. Қизларнинг учаласи ҳам машинадан тушишди.

— Сен боравер, — деди Шаҳло Севинчга, — биз Наргизахон иккаламиз шу атрофни айланиб турамиз. Ойимдан ҳол-аҳвол сўра. Фақат мен ҳақимда ҳеч нима дема. Адам, ойим, укам яхши бўлсалар бўлди. Тезроқ келгин. Юрагим ёрилиб кетай деяпти.

Севинч хўп дегандек бош силкиди ва илдам юриб кетди.

— Кеннойи, нима бўлди? — деди тоқати тоқ бўлган Наргиза Севинч узоқлашганидан кейин.

Бошқа пайт бўлганида, Наргизанинг оғзидан «кеннойи» деган сўз чиққанлиги учун Шаҳло уни маҳкам қучиб, юзидан ўпган бўларди. Ҳозир гарчи кайфияти ёмон бўлса-да, шуни ўйлаёлди.

Улар озгина юрганларидан кейин тўхташди. Чунки Шаҳло юришга жудаям қийналаётганди. Севинч ҳам узоқ қолиб кетмади. У югуриб қайтиб келди-да:

— Уйларингда ҳеч ким йўққа ўхшайди. Лекин дарвоза негадир очиқ. Қўнғироқни босдим. Биров жавоб бермади. Кейин эшикни итарсам, очилиб кетди. Киришга қўрқдим, — деди.

Шаҳлонинг кўзида ёш ҳалқаланди. У Наргизага суянган кўйи:

— Борайлик. Нимагадир юрагим безовта, — дея бир қўли билан юзига оқиб тушган ёшни артди.

Шаҳло оёғининг оғриғини унутди. Шахдам қадам босди. Кўп эмас, беш-олти метр. Кейин бирдан кўзи бир оёғининг гипсига тушди. Уйга дарвозадан аввал унинг ўзи кирди. Кираётганда титраб кетди. Гарчи Наргизанинг қўлидан маҳкам ушлаган эса-да, йиқилиб тушишига оз қолди. Наргиза уни белидан қучоқлади. Иккинчи тарафидан Севинч ҳам ушлади.

Уйга кираверишдаги зиналар бирма-бир босиб ўтилганидан кейин уйнинг эшиги очилди. Шаҳло ҳайратдан «Войдод!» дея қичқириб юборди.

* * *

— Ҳазилингиз жуда қўпол экан, тузукроғини ўйлаб топсангиз бўларди, — деди Шоҳруҳ ранжиганини яширмай.

— Менинг ёшгина дўстим, ҳазиллашмаяпман. Амалдорларни шундай деб чақирмасам, тўсатдан қилинган таклифга бирортаси ҳам рози бўлмайди. Натижада, сени таништиролмайман.

Шоҳруҳнинг ўзи бу сафар қадаҳига ароқни тўлдирди. Сўнг ичиб юборди-да:

— Қизингизга бошқа куёв топинг. Мен Юлдузни абгор қилмоқчимасман. Ниятингиз яхши эди. Лекин шу ниятнинг тагида бунақанги ифлослик ётибди, деб сира ўйламаган эканман. Раҳмат. Энди биз кетишимиз керак.

Роман Фёдорович Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб қолди. Иржайди. Кейин нарироқда турган қўриқчисига қаради. Қўриқчиси бошини қимирлатиб тасдиқлади. Аммо у нимани тасдиқлаганини Шоҳруҳ англаёлмади.

— Юля рози бўлибди. Ишонмасанг, юр, ўзим сенга кўрсатаман, — деб Роман Фёдорович Шоҳруҳни уй томон етаклади.

Банкир алдамаган экан. Оксана келинлик либосида ўзини кўзгуга солиш билан овора, ёнида эса Юлдуз. Қизнинг гоҳ кийимларини тўғрилайди, гоҳ сочларини тузатади. Ҳар-ҳар замон у ҳам кўзгуга боқиб, Оксананинг чиройини томоша қилади. Улар иккаласи бирга кўйлак танлашаётганларида Оксана худди шундай ҳавасланиб боққанди.

— Тушунмадим! — деди ҳайратланган Шоҳруҳ. — Нима ўйин бу?! Юлдуз!!!

Юлдуз чўчиб тушди ҳамда шоша-пиша овоз келган тарафга қаради. Сўнг жилмайиб:

— Оксанани бир кўринг, малика бўлиб кетди, — деди.

— Менга деса қиролича бўп кетмайдими?! Менга нима бўлаётганини айт! — дея Шоҳруҳ Юлдузнинг билагидан маҳкам ушлади.

— Оғриди, — деди Юлдуз пешонаси тиришиб.

— Баттар бўлсин. Гапир, нима бўлаяпти?!

— Қўлини қўйиб юбор, ўзим тушунтираман.

Юлдузнинг кўзида бирдан ёш пайдо бўлди. У йиғлаб юбормаслик учун зўрға ўзини босиб турарди. Каратэ билан шуғулланаётганида икки марта қўли синганди. Бир марта оёғи чиқиб кетганди. Яна неча марта калтак еган. Лекин бирор марта ҳам йиғламаган. Ҳатто кўзига ёш келмаган. Аммо ҳозир Шоҳруҳнинг қилиғи ўтиб тушди. Аслида шундай бўлишини ҳам кутганди. Бироқ негадир ўзи азоб чекиши ҳақида ўйламаган экан.

Оксана ҳам қизариб кетганди. Шунчалик қизарган эдики, кўрган одамни қўрқитиб юборар даражада. Унга жудаям алам қилаётганди. Ахир бир марта гарчи ўз ихтиёри билан бўлса-да, Шоҳруҳ Оксанани бағрига босганди. У билан висол онларини ўтказганди. Нега энди бирдан у қўрқиб кетди? Мабодо ҳақиқатан ҳам шунақа бўлганида, ўзини-ўзи ўлдирар экан-да. Севган қизига шунчалик вафодор экан, Оксана қанақанги қилиқ қилмасин, уни ўзидан итариб ташлаши керак эди-ку! Лекин у буларни айни дамда йигитга айтолмайди. Азбаройи Юлдуз борлиги учун.

— Мен илтимос қилдим, — деди у Шоҳруҳни бироз четга тортиб, — чунки отам чиқиб бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолди. Уни қутқаришим лозим эди. Йўли битта... Гўёки келин мен бўламан ва отам тўйимга мэрдан тортиб, прокуроргача бўлган одамларни таклиф қилади. Аслида, беш-олти кун аввал шунчаки чақчақлашиб ўтирамиз, деганида ҳам келишарди. Лекин ҳамма нарса бугун ҳал бўлди. Амалдорлар кутилмаган таклифга умуман боришмайди. Отам ҳам бормайди. Лекин уларнинг ҳаммаси мени танишади. Уйимизга келишганида отам таништирган. Демак, менинг тўйимга келишга, албатта, рози бўлишади...

— Шошма, — деди Шоҳруҳ бирдан қизни гапиришдан тўхтатиб, — унда бошқа бир куёв танласанг ҳам бўлавераркан-ку. Айтайлик, қўриқчилардан. Шунда ҳеч нарса ўзгармайди.

— Ўзгаради. Амалдорларнинг биронтасининг ҳам яқинига йўлолмайсан. Кейин ҳам улар сени қабул қилишмайди. Мақсадинг, улар билан танишиш эди, шундаймасми?

— Бунинг учун Юлдузни йиғлатишим, азоблашим керакми?

— Мен ўзим кўндим. Оксана шунчаки роль ўйнаб беради. Мен эса хотинингиз бўлиб қолавераман. Кейин ўзимиз тўй қиламиз, ҳамма қариндошларимиз, яқинларимиз билан.

— Лекин нега менга аввалроқ айтмадинглар? Шунчалик сир тутиб мени довдиратишларинг шартмиди?.. Бўпти, унда мениям битта шартим бор. Ён томонимда сен ўтирасан.

— Нима десангиз, ҳаммасига розиман. Фақат ишимиз битса бўлгани.

Улар рус тилида гаплашишаётган эдилар. Шу боисдан ҳам Роман Фёдорович ва унинг эркатойи Шоҳруҳнинг гапларини эшитиб жилмайишди. Банкир келиб Шоҳруҳни қучоқлади ва унинг қулоғига шивирлади:

— Менинг қандай аҳволга тушишимни тасаввур қилаяпсанми? Оксананинг тўйини ўзим ташкил қилдим. Сохта тўйни. Унинг Петкаси эшитса борми, бирдан воз кечиб юборади.

У шундай дея кулди. Кейин куёв боланинг эртароқ кийиниб тайёр бўлишини, ҳали-замон меҳмонлар келиб қолишини айтди-да, ташқарига чиқиб кетди.

Бу пайтда Бек худди оёғи куйган товуқдай ташқарида у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. У гўё ҳеч нимани кўрмаётгандай эди. Ҳа, кўрмасди. Ичини алам куйдирарди. Бир неча марта банкирнинг уйига кириб, Шоҳруҳни отиб ташлашни ҳам ўйлади. Бироқ қўрқув уни бундай ҳаракат қилишига йўл қўймади. У оқибатини ўйлади. Чунки Шоҳруҳни ўлдирган тақдирда ҳам, Юлдузга эга чиқолмасди. Аввало ё ўзиникилар ёки Роман Фёдоровичнинг одамлари пешонасидан дарча очади. Ундай қилмаганларида ҳам, Юлдузнинг нафратига дучор бўлади. Бу эса, ундан бутунлай айрилиш дегани.

У столлардан бирига ўтирди ва беихтиёр ароқ шишасига қўл узатди. Икки марта кетма-кет ичганидан кейин боши қизиди. Атрофни теранроқ кўраётгандай туйилди ўзига. Хаёлан тўйнинг режасини туза бошлади. Ва кутилмаганда кўзи келин-куёвнинг столини безатаётган аёлга тушди. Унинг хатти-ҳаракатлари жудаям шубҳали эди. Чунки тез-тез ён-атрофга ўғринча қараб қўяётганди. Бек уни бир неча дақиқа кузатиб ўтирди. Аёл нимадир қилганидан кейин столдан узоқлашди. Бек ҳам ўрнидан турди ва унинг ортидан кета бошлаганида, уйдан Роман Фёдорович чиқди. Сал бўлмаса хизматчи аёл билан тўқнашиб кетаёзди. Илгарилари, тўғрироғи, бошқа ҳар қандай пайтда у олдидан чиқиб қолган хизматчини туртиб юборар ва албатта сўкарди. Шу боисдан ҳам, ҳамма ундан қўрқарди. Бу сафар эса индамади.

— Эҳтиёт бўлиш керак, хоним, — деди.

Бу пайтда дарвоза тарафда мэр кўриниш берди. Роман Фёдорович шошганча унинг истиқболига юрди. Шу билан Бекнинг хаёли чалкашиб, уйга кирган хизматчи аёлни унутди.

Мэр банкир билан қучоқлашиб кўришганидан кейин Оксанани кўришни истаб қолди. Ва анча йиллардан бери қадрдон бўлган Роман Фёдоровичнинг елкасидан қўлини ўтказиб, юзидаги табассумни йўқотмаган кўйи уй томон кела бошлади. Бек ўзини четга олди. Бутун диққат-эътиборини мэрга қаратди.

— Хаёлимда, Оксана жудаям ёш қиздай. Ахир у билан таништирганингда бешинчи синфда ўқиётган қизалоқ эди-да. Мана, кўз очиб юмгунча... Дарвоқе, бир ой аввал кўргандим. Мафтункор жононага айланган экан. Эсингда бўлса, онаси ҳам худди шунақа эди, — дея сўзлади мэр.

Унинг бўйи узун, овози дўрилдоқ эди. Ҳар-ҳар замон бошини бир ёнига силтаб оларди.

— Мен уни келин либосида кўриб, онасини эсладим. Ишонсанг, дўстим, йиғлаб юборай дедим.

Роман Фёдоровичнинг гапини эшитган Бек тахта бўлиб қолди. «Қанақасига унинг қизи келин бўлади? Бугун Юлдуз оқ либос кийиши керак эди-ку?! Ёки уларнинг тўйлари бугун эмасми? Нималар бўлаяпти ўзи? Тагига етишим керак. Аниқлашим шарт. Агар Оксананинг тўйи бўлса, Худонинг бергани шу. Бир ойга қолдирмай, орадан силлиққина қилиб Шоҳруҳни чиқариб ташлайман. Кейин Юлдузга ўзим уйланиб оламан. Унинг бутун борлиғи меники бўлиб қолади. Фақат меники», деб ўй сураётган Бекнинг кўзи Роман Фёдорович билан мэрда эди. Бир хаёл улар билан бирга уйга кирмоқчи ҳам бўлди. Аммо бунинг сира иложи йўқ эди. Чунки Роман Фёдоровичнинг эшик ёнида қўлларини орқага қилиб турган иккита қўриқчиси киришга қўймайди.

Унинг ичини ит тирнай бошлади. Нима қиларини билмаганидан қўлларини бир-бирига уриб, у ёқдан бу-ёққа бориб кела бошлади. Юриш унинг бесаранжомлигини босолмади. Қўриқчи йигитлардан сигарета олиб чекди. Вақтнинг ўтиши шунчалик қийин эдики, худди тўхтаб қолгандай.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)