Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

165 full reads
277 story viewsUnique page visitors
165 read the story to the endThat's 60% of the total page views
17 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма биринчи қисм)

* * *

Роман Фёдоровичнинг қони қайнади: “Вой, ярамас, вой, ақлсиз-эй! Ҳали яшаб нимани кўрдинг? Тепкини битта боссам, ўлиб кетасан-ку, жувонмарг бўласан-ку, нега кеккаясан? Тилингни тийсанг, бир жойинг камайиб қоладими? Фалон пул берасан, де. Кўнглимдаги хавотир йўқолсин. Йўқ, сен бошқа нарсани истайсан. Яна шунақанги мавҳумки истагинг, одамнинг қонини қайнатади. Агар қизимни ўлдирмоқчи бўлганларга озгина аралашган жойинг бўлсаям, ўлдиртириб юбораман. Ҳеч қанақа сўроқ бўлмайди”, шуларни хаёлидан ўтказганча хонанинг у бошидан бу бошига бориб-келиб юрди. Кейин ўзининг бу аҳволидан жаҳли чиқди. “Қаердаги тирранчанинг гапларини ўйлаб ўтириш мендай ақлли, бой одамнинг иши эмас”, деган хулосага келди. Иш ҳақида ўйлади. У даромаднинг янги йўлини топганди. Банк хизматини аввалгидай мижозларга яхлит кўрсатмасдан, бўлакларга бўлиб, яна ҳар бир бўлакка ярим фоизнинг учдан бир қисмини қўшган ҳолда кўрсатишни режалаштирганди. Ўшанда сумма одамнинг кўзига жуда кам кўринади. Албатта, турни кўпайтириб юбориш ҳам мижозни зериктириб қўяди. Шу боисдан орага «текин» деб номланадиган бандлар ҳам қўшиб, кўзни чалғитиш лозим.

Йўқ, Роман Фёдорович кўнглидагидай иш тўғрисида ўйлаёлмади. Барибир “ёш дўст”ининг гаплари хаёлини чулғаб олаверди.

Шу пайт унга хабар келди: “Оксана бир соат олдин самолётга чиқибди”.

— Нега? — деди ҳайрон бўлган Роман Фёдорович. — Нега шу пайтгача билмадинглар? Ҳали келмаслиги керак эди-ку?!

— Оксана касалхонадан қочиб кетибди. Буни ҳеч ким сезмай қолибди. Тахминимизча, милиционерларнинг сўроқлари жонига тегиб кетган. Аэропортга келибди-ю, чипта олибди. Аксига олиб, худди шу маҳал самолёт бор экан. Ярми бўш, — деди хабарчи йигит худди айб иш қилгандай киприкларини пирпиратиб.

— Лекин тўғри иш қилибди, — дея илжайди банкир, — юрагимга қил сиғмаётганди. Қанча врач бўлса, шу ерда топилади. Мен ўзим аэропортга чиқиб кутиб оламан.

Роман Фёдоровичга иккита машина шериклик қилди. Бири олдинда, иккинчиси орқада қўриқчилик қилиб кетди. Авваллари у сираям бунақанги қилиб юрмасди. Қўриқчиси бор бойваччаларни кўрганда, ғижиниб: “Қуён юраклар”, деб қўярди. Энди эса ўзи ҳам худди шу аҳволда кетаяпти. Лекин ўша айтган гаплари эсигаям келмайди.

Кутилмаганда олдинги машина тўхтади. На чорраҳа бор эди ва на одамлар ўтадиган йўлак.

— Падар лаънатилар, нима гап? — дея бақирди Роман Фёдорович ойнадан бошини чиқариб.

Унинг овозини эшитган нариги машинадагилар бирин-кетин сакраб тушишди ва имиллаб ўтаётган қандайдир аравакашни сўкишга тушиб кетишди. Бу пайтда Роман Фёдорович ўтирган “Мерс”нинг орқасида иккита алкаш муштлашаётганди. Бири машинанинг тагига кириб кетган, иккинчиси уни суғуриб олиш билан овора эди. Шунингдек, ора-чора шишадошининг биқинига тепиб ҳам қўярди. Машина остидаги пиёниста жони оғриганидан бақирар ва калтакдан қутулиб қолиш учун янаям ичкарилашга ҳаракат қиларди.

Роман Фёдоровичнинг жони ҳалқумига келди. Аламидан ўкириб, “Мерс”нинг эшигини очиб сакраб тушди-да, шими остига қистирилган тўппончасини олди. Бу пайтда орқа уловдаги йигитлар ҳам машинадан тушишган, зўравон пиёнистани икки-уч мушт уриб, қонига белашга улгуришганди.

Агар орқа тарафда машиналар тизилиб қолмаганида, бири қўйиб, бошқаси сигнал чалмаганда, қони қайнаган банкир иккала пиёнистани ҳам қўлидаги қурол билан илма-тешик қилиб ташларди.

— Маразларни йўл четига чиқариб ташланглар! — деб бақирган Роман Фёдорович машинага ўтирди-да, — Газни бос! — деди ҳайдовчига.

У Оксанани кўрганидан кейин йўлдаги воқеани унутди. Қизини маҳкам бағрига босаркан:

— Ҳеч жойинг лат емадими? — деди тинимсиз йиғлаётган Оксананинг сочини силаркан.

— Й-ў-қ, — деди ўпкаси тўлиб йиғлаётган Оксана, — Петкадан бир умрга ажраб қолдим! Унинг ўлганини ўз кўзим билан кўрдим, дадажон, ўз кўзим билан! Бечора дунёга тўймай кетди. Мени асрайман деб, ўзи ўлди. Энди нима қиламан?!

— Ҳечқиси йўқ, бошқасини обераман. Ўзинг танлайсан энг чиройлисини, энг ақллисини, — дея уни юпатган бўлди Роман Фёдорович.

— Унақаси бошқа йўқ. Менга фақат ўзимнинг Петкам керак. Ўзимники! Тушуняпсизми?

— Яхши, яхши, уйга борайлик. Ҳамма бизга қараяпти.

— Қараса қарайверсин. Қарамаганда Петкам тирилиб келармиди?

— Тисс, уйга борайлик, юр, — деб Роман Фёдорович қизини ташқарига етаклади.

Энди машина ёнига етганларида қизнинг кўзи беш-олти қадам нарида худди унинг Петкасига ўхшаб кетадиган итни етаклаб кетаётган аёлга тушди.

— Вой, Петка! — қичқириб юборди кўзи қинидан чиққудай бўлиб Оксана.

Роман Фёдорович ялт этиб унга юзланди, сўнг у тикилиб турган томонга қаради. Дарҳақиқат, аёлнинг етовидаги кучукча Петкага қуйиб қўйгандай ўхшарди.

— Дадажон, меники, меники, дарров берсин, — дея кўз ёшини оқиза бошлади Оксана.

Банкир шотирларига имо қилди. Улар аёл томонга югуришди. Оксана чидаб туролмади. У йигитларнинг ортидан чопди. Борибоқ кучукчани қучоқлаб, кўтариб олди. Юзларидан ўпди. Ит бунга жавобан ғингшиб безовталанди.

— Нима қилаяпсиз? — деди қўрқиб кетган итнинг эгаси ҳайрон бўлиб, бир итни ялаб-юлқаётган қизга, бир унинг олдини тўсиб чиққан барзангиларга қараб. — Нега менинг Бодрингчамга тегинаяпсиз, хоним?

— Дада, худди менинг Петкамга ўхшар экан. Айт, берсин, — деди Оксана етиб келган Роман Фёдоровичга.

— Қанча туради? — дея итнинг эгасига юзланди банкир.

— Вой, нималар деяпсиз? Мен Бодрингчамни ҳеч кимга сотмайман, ўзимга жудаям керак, — деди ранги докадек оқарган аёл.

— Сенга жон керакми, ит? — деди унинг рўпарасида турган барзангилардан бири.

— Ҳалиги, — дея кўзлари жовдираганча атрофга боқиб милицияни қидирди аёл.

— Ҳеч ким ёрдам беролмайди. Сиз ўзингизга бошқасини сотволасиз, — деб Роман Фёдорович ён чўнтагидан бир даста бели букилмаган доллар чиқариб аёлнинг қўлига тутқазди.

Пулнинг кўплигини кўрган аёл ҳаяжонланиб кетди. Ахир бунча пулга бунақанги итдан йигирматасини беради.

— Бодрингчам ниҳоятда ақлли. Нима айтсангиз, ҳаммасини қилади. Ўзиям шунақанги тартиблики, қўяверасиз, — дея итини мақташга тушиб кетди у.

Роман Фёдорович мийиғида кулди.

— Қолганини Оксананинг ўзи ўргатиб олади. Сизга раҳмат, — деб қизининг қўлидан ушлаб юришга ундади.

Ота-боланинг машинага ўтиришларини аэропорт эшиги ёнида уч киши интиқлик билан кутиб турарди. Уларнинг қўлларида масофадан бошқарадиган мослама бор эди. Роман Фёдорович билан қизи қоп-қора, сўнгги моделдаги “Мерс”га ўтиришлари билан қўлларидаги асбобнинг мурватини бурашади, шу билан немисларнинг дунёга машҳур улови осмонга сапчийди. Пулдор ва унинг эркатойидан зумда ном-нишон қолмайди. Эвазига барзангилар Рамиз-Февзидан яхшигина мукофот олишади. Яна қўшимчасига рағбат.

Афсуски, бечораларнинг бу сафар ҳам омадлари юришмади. Кутилмаганда, махсус машинада бошларига каска кийган, қўлларида автомат, юзларига ниқоб тортган омончилар келиб қолишди. Улар бирин-сирин машинадан ўқдай тушарканлар, аэропорт ичкарисига югуришди. Учала барзангининг ҳам кўзи қинидан чиқиб кетай деди. Қўлларида портлатиш мосламаси. Бурашса, тамом, ҳозиргина машинага ўтирган банкир билан қизининг кули кўкка совурилади. Шундай имконият қўлдан бой берилаяпти. Улар бир-бирларига қарашди. Биттаси кўзи билан “Бура!” деган ишора берди. Лекин асбобни ушлаб турган барзанги ундай қилмади. Секин оқ “Шевролет” томон кетди. Йўл-йўлакай шерикларига:

— Орқасидан тушиб, шаҳар ичида портлатиб юборамиз, — деди ва қадамини тезлатди.

Бу пайтда омончилар уларнинг ёнларидан ўтиб бўлишганди.

Катта шаҳарда кундуз куни битта машинанинг орқасидан етиб олиш анчайин мушкул. Чунки машиналар шунчалик кўпки, битта қизил чироқда тўхтаб қолсанг, олдиндаги машина анча илгарилаб кетиши мумкин. Агар масофа узоқлашса, табиийки, асбобни ерга тоблаб урсанг ҳам, фойдаси йўқ.

“Мерс” уларнинг уловига нисбатан илгарироқ жойидан жилди ва бирдан тезлик олди. Буни кўрган барзангиларнинг бирдан кайфиятлари тушди. “Шевролет” қанчалик учқур бўлмасин, барибир “Мерс”ни кўздан қочирди.

Оксана уйга етиши билан итини қучоқлаганча ювиниш хонасига кириб кетди. Петкасини қандай ювинтирган бўлса, Бодрингчани ҳам шундай чўмилтирди. Сўнг ўзининг фенида қуритиб, атир сепди, ҳидлади.

— Ўзимнинг Петкам, — деди қувончдан кўзи порлаб, — сен ўлмагансан, тириксан.

Жавобига ит ғингшиди ва қизга суйкалиб қўйди. Бундан Оксана шунақанги хурсанд бўлиб кетдики, кетма-кет итнинг тумшуғидан ўпишдан ўзини тийиб туролмади. Фақат шундан кейингина отасининг ёнига борди.

— Сени хурсанд кўрганимдан бошим осмонда. Ўзингга келтиролмай қийналсам керак, деб ўйлаган эдим, — деди унга пешвоз чиққан Роман Фёдорович қизининг қўлидаги итнинг юнгини бармоқлари билан тараркан.

— Бахтинг бор экан, дада, агар мана шу ширингинамни учратиб қолмаганимда, сендан бир умрга хафа бўлган бўлардим.

— О-о-о, бунинг учун сизга катта раҳмат, — дея итнинг тумшуқчасидан ушлаган Роман Фёдорович қизига юзланиб сўради: — Дарвоқе, бунинг исми нима экан?

— Адашмасам, анави аёл: “Бодрингчам”, деди.

— Хўш, биз ҳам шундай атаймизми?

— Ихтиёринг, агар сенга ёқса, шундай деб атай қол.

— Энди юр, овқатланамиз, қорнинг ҳам роса очқаб кетгандир?

— Нимасини айтасан, ўлиб қолаёздим. Ҳозир қанча овқат бўлса, барини еб ташлайман. Кечадан бери туз тотганим йўқ.

Улар ҳар хил егуликлару мева-чевадан тортиб, ичимликларгача қўйилган стол ёнига боришди. Оксана қовурилган гўштга қўлини узатди. Роман Фёдорович эса шишани оча бошлади.

— Менгаям ароқ қуй, — деди Оксана оғзидаги гўштни чайнаркан.

— Бугун сенга рухсат. Асабларинг эртароқ жойига тушишини истайман.

— Ўзимнинг бебаҳо дадажоним, — деб Оксана лабларини чўччайтирганча ҳаво орқали отасидан ўпич олди.

Банкир қизи билан бир соатлар чамаси овқатланди. Шу муддат ичида бир шиша ароқ тугади, қизнинг кайфи анча ошиб қолди. У хурсандлигидан кучукчасини эркалар, қайта-қайта дадаси билан қадаҳ тўқиштирарди.

— Бўлди, бошқа ичмаймиз, — деди гарчи ароққа эндигина иштаҳаси очилган бўлса ҳам ўзини босишга уринган банкир.

— Дада, яна озгина. Ўтган икки кунни ҳаётимдан бутунлай ўчириб ташламоқчиман.

— Ортиқчалик қилади. Шундай бўлсаям, азбаройи сени жудаям яхши кўрганим учун яна бир қадаҳ ичишингга розиман. Фақат ортиқ сўрамайсан.

Роман Фёдорович қизига қадаҳ тўлдираётганда қулқуллаб оқаётган суюқликка термилиб турган Оксана:

— Мени шунақа ўлдиришларини қаердан билдинг? — деб сўраб қолди.

Банкир ароқ қуяётган жойида тўхтади. Қизига бир муддат жим қараб турди. Шундан сўнг ўзининг идишидаги ароқни бир кўтаришда ичиб юборди-да, сўнг деди:

— Тунда келган йигитни эсингдан чиқармаган бўлсанг керак. Ўша йигит қўнғироқ қилиб айтди. Лекин жуда вақтида айтган экан. Озгина кечикканида борми?..

— Мен ҳозир қабристонда ётган бўлардим. Рўпарангда эса дўстларинг ўтиришарди. Сен худди ҳозиргидай ароқ ичаётган бўлардинг.

Оксананинг кўзи ёшга тўлди. У чуқур ўксик нафас олганидан кейин идишни қўлига олди ва бир кўтаришда унинг ичидагини худди отаси каби ичиб тугатди.

— Ҳозир ўша бола қаерда? — деди ундан кейин бурнини кафтининг орқаси билан артаркан.

— Қамаб қўйганман.

— Нега? — деди ҳайрон бўлган Оксана. — Мукофот бериш ўрнига...

— Атайин уюштирган бўлиши ҳам мумкин мени кўпроққа тушириш мақсадида. Бўлмаса бунақа ишонч билан бехато айтолмасди.

— Аниқ билмайсан-ку, дада?!

Оксана ўрнидан турди ва отасига қарамаган кўйи:

— Қаерда? — деб сўради.

— Йигитлар оборишади.

— Фойдасиз йигитларингнинг биронтаси ҳам кераги йўқ. Ўзимнинг мошинамда кетаман.

— Бу аҳволда бормайсан. Обориб қўйишади. Кейин, майли, ёлғиз ўзинг кириб гаплашавер.

Оксана индамай ташқарига чиқди. Йўлакда хизматкор аёлга дуч келди. Аёл қизни кўриши билан ранги оқариб кетди. Ҳаяжон босиб тез-тез, чуқур нафас олаётганидан кўкраги кўтарилиб туша бошлади. Аммо қиз ундаги бундай ўзгаришга эътибор бермади. Кайфининг зўрлиги халақит берди.

Унинг ортидан ҳовлига чиққан йигит тезда бориб Оксананинг машинасига ўтирди-да, ўт олдирди.

Қизнинг кўзидан ёш оқарди. У ўзи билан ўзи овора бўлиб, итини унутганди. Бироқ ҳозир уни кўришни истамасди. Отасини ёмон кўриб кетиб, онаси ҳақида хаёл сураётганди. Унга айтишларича, Елизаветта Прокофевна — унинг онаси, автоҳалокат туфайли оламдан кўз юмган эди. Бироқ ҳозир унинг бунга сираям ишонгиси келмаётганди. Отасининг пуллари ва хотиржамлигининг қурбони бўлгандай туйилаётганди қизга. «Мен ҳам шунинг учун ўлиб кетишим мумкин эди. Бир сафар омон қолдим. Лекин кейинги гал вақтида огоҳлантирадиган одам бўлармикан? Йўқ, бўлмайди. Бақиришга-да улгурмай, ҳаётга тўймасдан қазо қиламан. Дадамнинг одамларию пуллари кўп бўлишига қарамасдан, барибир мени сақлаб қолишолмайди. Чунки падаримнинг душманлари ундан-да кучли... Пулнинг қурбонлари. Кетаман. Тупурдим ҳаммасига. Швейцарияда Петка билан тинчгина яшайман», дея ўйлади у. Бу ўйлар унга вақт ўтганини мутлақо сездирмади. Гўё машинага эндигина ўтиргандай эди у. Бироқ Роман Фёдоровичнинг шотири машинага тормоз бериб тўхтатганча орқасига ўгирилиб турибди. Бу манзилга етганликдан далолат берарди.

— Анави йўлакдан тўғрига борасиз... — деди йигит қўли билан икки қатор шиферли девор оралиғини кўрсатиб.

— У ёғини айтмасанг ҳам, ўзим яхши биламан, — дея Оксана ўқрайиб қараб қўйди-да, юриб кетди.

* * *

Шоҳруҳни шаҳарнинг бошқа бурчагига олиб бориб ташлашди. Кўримсизгина (бошқача қилиб айтганда, пиёнисталаргина яшайдиган уйга ўхшаб кетадиган, узоғи билан бир сотихча келадиган жойга каталакдай келадиган уй қурилганди. У ерга машина бормас, тор йўлакдан яёв кириш мумкин эди) уйга қамашди. Шундан кейингина у тақдири ҳақида ўйлади. Бироз қўрқди ҳам. Яна ўша акасининг уйидан қочиб чиққанидаги ниятини эслади. Ич-ичида ўкиниш пайдо бўлди. Ғазаб билан деворни муштлаб сувоғини кўчириб юборди. Шунинг билан бирга ўзининг қўлини синдириб олаёзди. Шундан сўнггина полга ўтириб, тиззалари орасига бошини суққанча сочини ғижимлади. Аллақанча вақт шу зайлда ўтирганидан кейин каравотга, юмшоқ ўриндиққа ҳам чиқиб ётмасдан, полга чўзилиб ухлаб қолди. Узоқ ухлади. Алғов-далғов тушлар кўрди. Фақат Оксана келишидан бор-йўғи беш дақиқа олдин қорни очқаб уйғонди. Хона ичидаги ювиниш жойидаги жўмракни очиб, бошини сувга тиқди. Тани яйради. Бир муддат шу тахлит турганидан кейин сочиққа юзини артди-да, каравотга бориб ўтирди ва бирор банда киришини кута бошлади.

Ниҳоят эшик очилди. Барзангининг ўрнига сулув Оксана кириб келди. Унинг кўзлари қизариб кетганидан йиғлагани билиниб турарди.

— Сизни кутмагандим, — деди мийиғида кулган Шоҳруҳ ўрнидан туриб, — бутун бошли Москвадан бунча тез етиб келишингиз хаёлимга келмаган экан.

— Кўриб турибсиз, дунёнинг нариги бурчагидан бўлса ҳам, агар лозим бўлса, вақтида келоламан, — деди жилмайишга ҳаракат қилган Оксана.

— Тасанно! Лекин чиройли кўзлар нега бунча ғамгин?

— Сабабини ўзингиз яхши биласиз. Хуллас, сиз билан бирорта ресторанда бирга ўтирсам девдим.

— Менимча, бунинг иложи йўқлигини ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Биринчидан, башарамга қараб бўлмайди. Кўрган одам беш-олти қадам наридан ўтиб кетади. Касал деб ўйлайди. Яна юқумли, вабо десам сираям адашмайман. Иккинчидан, шунчалик очқаганманки, официант иккинчи овқатни олиб келгунича столни бўм-бўш қилиб қўяман. Шундай очофат билан ўтириш сиздай нозиктабиат аслзодага уят. Учинчидан...

— Учинчидан, мени ҳеч нарса қизиқтирмайди. Агар бутун бошли шаҳарнинг овқатини еб қўйган тақдирингизда ҳам.

— Пули-чи, менинг чўнтагимда ҳемириям йўқ.

— У ёғидан хавотир олманг. Кейин мен эркакларнинг нозланишини сираям ёқтирмайман. Нозланиш аёллар учун чиқарилган. Сизни ташқарида кутиб тураман.

Оксана чиқиб кетди. Шоҳруҳ унинг ортидан қараб қоларкан: “Отаси буни қандай йўриғига солиб юрибди экан?” — дея хаёлидан ўтказди.

Қиз Шоҳруҳдан сираям ирганмади. Қўлини қучоқлаб олди. Шунда йигит билдики, бу оқбилагойимнинг анчагина кайфи бор. “Сабаб бу ёқда экан-да. Шароб, жойи келса, тиконни ҳам кўзга гул қилиб кўрсатиб қўяди”, дея хаёлидан ўтказди. Бироқ ўзига ҳам, кимсан, Роман Фёдоровичнинг эркатойи қучоқлаб олгани ёқди. Кўрганларнинг, албатта, ичидан зил кетади. Ахир бу нозик-ниҳол-у, унинг бойвачча отасининг пулларига ошиқ бўлганлар озми?

Оксана Шоҳруҳни шаҳарнинг энг қиммат ресторанининг алоҳида хонасига олиб борди. У ерда ҳамма шароит муҳайё эди. Ҳатто чўмилиш хонаси, маълум муддат мизғиб олиш учун алоҳида икки кишилик юмшоқ каравот, қўйинг-чи, одам бир муддат овқатланиб кетиши у ёқда турсин, бемалол яшаши мумкин бўлган имконият бор эди. Шоҳруҳ биринчи марта бунақанги жойга келгани боис оғзи очилиб қолди. Бироқ ўзини бемалол тутишга ҳаракат қилар, гўё бунақанги маскан унинг учун эскидай, аввал ҳам ўнлаб марта овқатланган одамдай кўрсатарди ўзини. Аммо битта нарса уни жудаям ўйлантираётганди. Яъни, бир марталик ташриф неча пулга тушиши. Буни Оксанадан сўраса, сири очилиб қолади. Қизнинг олдида хизматчидан сўраш ноқулай.

Улар ўтирган емакхонага бирин-кетин бешта қиз кириб келди, ҳаммаси бир-биридан гўзал. Сарвқоматлигининг эса таърифига тил ожиз. Яна уларнинг устидаги либос ҳам жуда ўзгача, кўйлакларининг кўкрак қисми керагидан ҳам ортиқ очиқ. Юзларидаги табассумни кўрсанг, эсдан оғасан. Хуллас, фариштанинг ўзгинаси.

— Хўш, — деди уларга беэътибор назар ташлаб қўйган Оксана, — қайси бири хизмат қилсин?

— Танлаш сизнинг ихтиёрингизда. Мен бунақа жойларда аёллардан ўтиб бирон нима деёлмайман, — деди лаб-лунжини йиғиштиролмаган Шоҳруҳ.

— Яхши, — деб Оксана бешта қизга бир-бир қараб чиқаркан, ўртадаги энг сулувини танлади. Агар унинг ўрнида Шоҳруҳ бўлганида, бундай гўзаллик қаршисида чалкашиб қолган бўларди.

— Сиз аслида ўғил бола бўлиб дунёга келишингиз керак экан. Дидингизни кўрган ҳар қандай эркак тан бермасдан иложи йўқ, — деди Шоҳруҳ қизни мақтаб.

— Эркаклар орасида юрганингдан кейин назаринг ҳам эркакникига ўхшаб қоларкан, мен бундан жудаям афсусдаман. Шунинг учун кўришмаганимизга беш йилдан ошган бўлса ҳам, битта одамни аҳмоққа ўхшаб севиб юрибман. Бу ёқда эса энг гуллаган ёшлик чоғим ўтиб кетаяпти... Майли, буларни қўя турайлик. Хизматчи қиз сизга ёқдими?

— Менимча, ким хизмат қилсаям, егулик келтиришдан нарига ўтмайди, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Адашдингиз. Чунки ҳали олдинда интим таъминоти бор. Ахир уч минг долларни шунчаки бир марта қорин тўйғазиш учун бериб кетмаймиз-ку, тўғрими?! — деб Оксана хизматчи қизга қаради ва кўзи билан ишора қилди. Қиз ўта назокат, майинлик билан бош силкиб, “хўп” ишорасини қилди ва столни айланиб ўтиб, секин Шоҳруҳнинг елкасини силай бошлади.

* * *

— Шу гапларни эримдан эшитсам бўлмасмиди?.. Эшитардим, анча аввал бундан ҳам зўрларини эшитганман. Содиқ акам еру кўкка ишонмасди. У киши ўша пайтлари анча камбағал эди... Йўқ, мен адашган эканман. У мени эмас, дадамни еру кўкка ишонмаскан. Унинг пуллари учун ардоқларкан. Мана энди ҳаммаси ойдинлашди... Эҳ, Содиқ ака, бунчалик ғўрсиз-а?! Озгина пул кўришингиз билан...

Хонзода кутилмаганда бирдан чўчиб тушди. У бир неча сония ичида ўзини ёлғиз ҳис этган, атрофида ҳеч ким йўқ деб ўйлаганча ўзига-ўзи гапирмоқда эди. Беихтиёр Нажимга кўзи тушиб, шундоғам ичкиликдан қизарган юзига баттар қизиллик югурди.

— Кечирасиз, — деди ноқулайликдан чиқиш учун, — одамнинг сал кайфи ошса нималар демайди?..

— Мен сизни жуда яхши тушуниб турибман. Ҳаммаси жойида, хавотир олманг. Қайтанга сизга қизиқиб қолдим, — деб тиржайди ҳайдовчи Нажим.

— Турайлик, — деб жилмайди Хонзода, — сиз билан ҳали жуда кўп учрашамиз.

Нажим аёлнинг ичида нимадир безовта қилаётганини сезиб турарди. Шу боисдан ортиқча мулозамат қилмади. Қолаверса, анча пул ёнида қоладиган бўлиб турибди. Бошқа пайт харажатини камроқ қилиб мақсадига етишни мўлжаллаб қўйди. Қолаверса, бир кўргандаёқ аёлларга ёпишиб қоладиган эркаклар тоифасига кирмасди у. Арқонни узун ташларди.

— Кўринишингиз жудаям безовта. Майли, ўзингиз мўлжаллаган ишни бажариб кўнглингизни хотиржам қилинг. Айтганингиздай, ҳали қалинлашиб, дўст бўлиб қоламиз. Фақат, кўп сиқилаверманг. Келишдикми? — деди у.

— Хавотир олманг, ҳаммаси айтганингиздай бўлади.

Отасининг дарвозасини кўриши билан Хонзоданинг кўзига ёш қалқиди. Ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб турди. Шу боисдан машина тўхташи билан эшикни очди.

— Телефон рақамингизни қолдирмадингиз-ку?! — деди Нажим.

Хонзода бир муддат гапиролмай қолди. Оғзидан биронта сўз чиқса, кўзидаги ёш оқиб кетишидан қўрқди. Чунки бу кўз ёшлар ҳали унга кўп керак. Отасининг ёнида шунчалик йиғласинки, падарининг ичи эзилиб кетсин. У чуқур-чуқур нафас олгач, телефон рақамини зўрға айтди. Сўнгра эшикни ёпди-ю, орқасига ҳам қарамай югуриб кетди.

Қайта-қайта чалинган қўнғироқларга ичкаридан жавоб бўлавермади. Аёлнинг жаҳли чиқди. “Нима бало, кўчиб кетганми булар?” дея ғўлдиради. Дарвозанинг тугмачасини ғазаб билан янада қаттиқроқ боса бошлади. Шундан кейин орадан беш дақиқалар ўтиб:

— Ким? — деган ёш боланинг овози келди ичкаридан.

— Ирода, менман, амманг, — деди қизариб-бўзариб кетган Хонзода.

— Аммажон, ҳозир, — дея ичкаридаги қизалоқ амаллаб зулфакни тортиб, дарвозанинг кичик табақасини очди.

— Вой-бўй! — деди амма ичкарига кириб бақираркан, сал бўлмаса, беш яшар қизалоқнинг юрагини ёраёзиб. — Уйда сендан бўлак ҳеч ким йўқми?!

Қизалоқ довдираб қолди. У аммасига тикилганча бошини қимирлатди.

— Бир ўзингни ташлаб кетишдими?

Хонзода кичкинагина жиянчасидан яна тасдиқ ишорасини олди.

— Шунақаям бўладими одам дегани, қани юр-чи! — деб Ироданинг қўлидан ушлаганча ҳовлига етаклади у.

Хонзода ошхонага кирди. Юмшоқ диванга ўзини ташлаб, бир муддат кўзларини юмиб ўтирди. Сўнг музлаткичдан муздеккина шарбат олиб ичди. Тани бироз яйради ва бояги жойига бориб ўтираркан, шу пайтгача унинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган Иродага юзланиб жилмайди:

— Кел, жоним, ўзимнинг ёнимга кел, булар сени ёлғиз ташлаб кетишибдими, келишганидан кейин ўзим гаплашиб қўяман. Қаерга кетишди ўзи? — дея жиянининг сочини силади.

Қизалоқ аввал елкасини қисди. Сўнг аммасига қаради-да, узун киприкларини пирпиратиб:

— Уларнинг ҳаммаси шошиб кетишди. Кимдир телефон қилди. Ойимла трубкани олдила, кейин бирдан ранглари оқариб кетдила-да, бувижонни ёнларига югуриб бордила. Кейин... Кейин, — дея Ирода тутилиб қолди.

— Кейин, кейин нима бўлди? Ойинг бувижонингга нима деди? — сўради кўнгли қандайдир нохушликни сезган Хонзода сабрсизлик билан.

— Додамла касалхонага тушиб қоптила... Ҳаммалиги югуриб кетишди. Ман боролмадим. Ойимла эшикни ёпиб қўй, дедила, — бўлган воқеани соддалик билан гапириб берди қизалоқ.

— Додангла?! — деди капалаги учиб кетган Хонзода. — Нега касалхонага тушади?! Қайси касалхонага?

Бу саволларга жавоб беришга қизалоқ ожиз эди. Шу боисдан аммасига термилиб тураверди.

— Уфф, — дея ўрнидан туриб кетди Хонзода, — нима бўлаяпти ўзи? Нега бунча ҳамма бало бошимизга ёғилаяпти?!

У кўзидаги ёшни артаркан, сумкачасини очиб, телефонни олиб рақам терди. Лекин келини кўтармади. Тўғрироғи, унинг телефони ўчирилган эди. Ойисига қўнғироқ қилиб кўрди. Бўлмади. Укасининг телефони эса хизмат доирасидан ташқарида экан.

— Тавба, буларга нима бўлган ўзи? Биронтасиям ишлатиб қўймайди матоҳини! — деб бақирди у ва телефонини отиб юборди-да, икки қўллаб сочларини ғижимлади. Боши айланди. Йиқилиб тушмаслик учун эҳтиёткорлик билан диванга ўтирди.

— Аммажон, дори опкелиб берайми? — деди бироздан кейин Ирода.

Кўзидан ёши селдай оқаётган Хонзода унга қаради. Меҳри жўшиб кетди. Қўлидан ушлаб ўзига тортиб қучоқлади.

— Ойимлани дориларини биламан қаердалигини, — деди бир муддат жимликдан кейин Ирода.

— Бора қол, унгача мен музлаткичдан сув олиб тураман.

Хонзодага дори таъсир қилмади. Сабаби, ичкилик ичганди. Ҳозир унинг кайфи тарқаётганди, шунинг учун ҳам боши оғриётган эди. Буни унинг ўзи ҳам яхши биларди. Аммо кўзлари меҳрга тўла Ироданинг ёнида музлаткичдаги ароқдан бир стакан қуйиб ичишга уялди. Ҳа, мана шу кичкинагина қизалоқнинг боқиши унинг нафсини, хоҳишини жиловлай олди.

У ҳовлига чиқди. Ёз охирлагани боис, кун ҳар доимгидан бирмунча салқинроқ эди. Хонзода ўпкасини тўлдириб нафас олди. Лекин бу ҳам унга енгиллик беролмади. Тағин ошхонага кирди-да, Иродани ўйнагани ҳовлига чиқариб юборди. Ўзи эса, стаканни тўлдириб ароқ ичди. Шундан кейин бирдан бош оғриғи қолди.

Диванда ўтириб хаёл сурмоқчи бўлди, лекин уйқунинг зўридан ўтирган кўйи пинакка кетди.

Ошхонада бирдан пайдо бўлган шовқин Хонзодани мизғишга қўймади. У кўзини очиб, ойиси билан келини Дилафрўзни кўрди.

Ўпка-гинасини тўкиб солмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, ундан олдин ойиси гап бошлади:

— Сизларни ҳам фарзанд деб улғайтирувдик. Вақти келиб коримизга ярайди, деб ўйлагандик. Лекин тарбияни шунчалик ёмон берибмизки, қиз чиқариб, ўғил уйлантирадиган ёшга етсанглар ҳам, бошимиз ташвишдан чиқмаяпти, — деди у.

— Ойи, — деб ўрнидан туриб кетди Хонзода, — менинг келганимга...

— Икки соатдан ошиб кетди, шундайми?! — дея бирдан унинг гапини бўлди Ойсара опа.

Хонзода ойисининг тиниқ юзига, дона-дона гапларига ўрганиб қолганди. Яна Ойсара опа ҳар доим қошига ўсма қўйиб юрарди. Бу ҳам ҳамма учун кўникма эди. Хонзода волидасининг юзида ҳозир бутунлай бошқа нарсаларни кўрди: алам, ўкинч, қайғу, қарилик. Буларнинг бари жам бўлиб, Ойсара опани мункиллаган кампир ҳолига келтириб қўйганди.

— Қизим, дадангни кимлардир роса калтаклаб кетишибди. Юзига қараб бўлмайди. Сочлари бутунлай оқариб кетган. Тушуняпсанми? Дўхтирлар зўрға ўзига келтиришди.

— Нега, ойи? Ким калтаклайди дадажонимни? Милиса...

— Сенларни деб бўлди. Бир кун бўлсаям шу кунгача уйингда тинчлик бўлдими, қизим?!

Ойсара опанинг лаблари титраб кетди.

— Уйингга бориб, — деди бир муддат тўхталишдан кейин гапини давом этказаркан, — бирортангни ҳам тополмадим. Қўшниларингнинг оғзида минг хил миш-миш. Шаҳло қани?!

Хонзоданинг боши эгилди. Кўзидан битта-битта ёш тома бошлади.

— Ойи, мен уни бошқаролмадим. Қаердаги ялангоёқни топиб...

— Ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Сенинг кимлигингни яхши биламан-ку?! Эринг ким эди-ю, ҳозир ким бўлди? Эсингдан чиқдими?.. Ҳамма гапни эшитдим. Отанг сенларнинг касрингга қолган. Лекин буниси ҳали аниқмас. Агар аниқ бўлса, кечаман сендайин қиздан!..

Хонзода сумкачасини олди-да, худди маст одамдай тебраниб эшик тарафга кета бошлади.

— Дадангга қорангни кўрсатма! — деди Ойсара опа таҳдидли оҳангда.

Хонзода юришдан тўхтади. Секин ортига ўгирилди. Унинг кўз ёшга ювилган юзини кўриш она учун аянчли эди. Лекин Ойсара опа ўзини ушлади. “Қизим”, дея Хонзодани бағрига босишдан зўрға ўзини тийиб турди. Хонзода онасининг кўзлари тубидаги меҳрни кўролмади. Кўрганида ўзини ерга ташлаган, уввос солиб йиғлаган, шу билан овутишлар оғушига шўнғиган бўларди. Бироқ у бундай қилолмади. Ҳовли тарафга юрди.

— Ойи, — деди Дилафрўз ўзини тутиб туролмай, — ўзларини бир бало қилиб қўядилар.

Ойсара опа “қайтар” қабилида ишора қилди. Аммо шу лаҳзадаёқ ўзи диванга ўтириб қолди. Дилафрўз қайнонасининг ихтиёрсиз ўтирганини кўрмади. Шошганча Хонзоданинг орқасидан югурди. Дарвозахонада қувиб етди. Маҳкам қучоқлади.

— Опажон, ойижонимдан хафа бўлманг, аччиқ устида гапириб қўйдилар. Юринг, тўрдаги уйга киринг, бироз дам олинг. Жудаям чарчагансиз...

У гапини давом этказолмади. Ироданинг:

— Бувижо-о-о-н!!! — деган чинқириғи эшитилди. Унинг овозидан ҳар икки жувон ҳам сесканиб тушишди. Дилафрўз Хонзодани унутиб ошхонага югурди.

Остонадаёқ Ойсара опанинг оғзидан кўпиги келиб ётганини кўрди-ю, юраги орқага тортиб кетди.

— Ойи! — бақирди у ҳам худди қизидай.

Унинг ортидан Хонзоданинг қичқириғи ҳам эшитилди.

Ойсара опа тезда ўзига келавермади. Иккала жувон ҳарчанд унинг юзига сув сепмасин, турткиламасин, кўзини очавермади. Чақирилган “Тез ёрдам”дан эса дарак йўқ. Аслида дўхтирларга қўнғироқ қилишганига кўп бўлмаганди, узоғи билан икки дақиқадан зиёдроқ. Аммо Дилафрўз ҳам, Хонзода ҳам “Нега бунча имиллашади?” дейишдан ўзларини тиёлмасдилар. Бу орада уйга Хонзоданинг кичик укаси Султонмурод ҳам келди. Ойисининг аҳволини кўриб унинг ҳам юраги ёрилаёзди...

Орадан йигирма дақиқача ўтиб, хусусий “Тез ёрдам” етиб келди. Қилинган уколдан кейингина Ойсара опанинг нафас олиши бироз мўътадиллашди.

— Эҳтиёт бўлиб машинага чиқаринглар, — деди оқ халатли шифокор, — инфаркт аломатлари бор.

— Шуям пешонамизда бормиди?! — дея ўкириб йиғлаб юборди Хонзода.

Лекин унинг чинқириғига биров эътибор бермади. Ҳамманинг диққати Ойсара опада эди.

Аёл орадан уч соат ўтгач ўзига келди. Шундан кейингина шифохонада Султонмуроддан бошқа ҳамма тарқади.

Ҳайҳотдай ҳовли Хонзодани ютиб юборай деди. “Кимга кераги бор бу уйнинг?” — дея ўзига-ўзи гапирди у юмшоқ ўриндиқли чет элдан келтирилган икки кишилик ҳалинчакда ўтирар экан. Шу пайт бирдан хаёлига ўғли Жаҳонгир келди. Ахир уни неча кундан бери кўрмайди. Бола ўзи билан ўзи овора. Қаерда, нима қилиб юрибди, Худо билади. Хонзода илк маротаба ўзидан ўзи хафа бўлиб кетди.

— Жаҳонгир! — дея овоз берди ўзи эшикни калит билан очгани эсидан чиқиб.

Жавоб бўлмади. Шунда унинг бирдан юраги гупиллаб уриб кетди. Охирги марта ўғлини қачон кўрганини хотирлаш учун хаёлини титкилай бошлади. Эслаёлмади.

— Худо уриб қўйибди-ку! — деб ҳалинчакдан сакраб тушди-да, югуриб уйга кирди. Ўғлининг хонасига кириб бирдан бўшашиб кетди.

Жаҳонгир каравотида пишиллаб ухлаб ётарди. Аммо хонанинг ўртасидаги стол устида иккита ароқ шишаси бўш турарди. Ёнидаги кулдон ичида ўнлаб сигарета қолдиқлари... Хона одам нафас ололмайдиган даражада сасиб кетган эди. Хонзода кирган заҳоти аксириб юборди ва бирдан бурнини кафти билан бекитиб:

— Нима балолар қилиб ташладинг, Жаҳонгир?! — деди ва шоша-пиша деразаларни очиб юборди.

Ана ундан сўнг эндигина ўн бешга кирган боласининг қилган ишларини идрок этди. Жаҳли чиқди. Бориб ўғлини турткилади.

— Тур ўрнингдан, ярамас! — деб бақирди. — Нима балолар қилиб ташладинг?! Ҳали шу ёшингдан ароқ ичиб, сигарет чекадиган бўлдингми?! Компьютерхонага йўқ бўлиб кетаётганингга индамаётгандим. Энди...

Хонзоданинг қолган гаплари ичида қолди.

— Нималар деб валдираяпсиз, ойи? — деди Жаҳонгир уйқусираб.

Хонзода тарашадай қотиб қолди. Нафаси бўғилди. Ўғлига термилганча Жаҳонгирнинг гапларини такрорлади.

— Валдираяпсиз?! Ҳали валдирайдиган бўп қолдимми? Дадангдан эшитмаган гапларни сендан эшитаяпманми? Ё тавба! Вой ўлмасам! Қанақа бола дунёга келтирибман?!

У Жаҳонгирнинг сочини ғижимлади ва уч-тўрт марта аямасдан тортди.

— Вой! Вой! — дея бақирганча ўрнидан сакраб турди ўғли.

Шундагина Хонзода унинг бўйи анча чўзилиб қолганини кўрди.

— Нима?! — бақирди Жаҳонгир. Унинг оғзидан бадбўй ҳид келар, қовоқлари шишиб, кўзи қизариб кетган эди. Қарашидан махлуқ қўрқарди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)