Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

136 full reads
256 story viewsUnique page visitors
136 read the story to the endThat's 53% of the total page views
17,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма еттинчи қисм)

У Фарангизни хизматкор ёки уй ишчиси бўлса керак, деб ўйлаганди. Аммо ўта жиддий амакиси ўзига шунақанги аёлни эп кўриши етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. У бир муддат довдираганча Фарангизга бошдан-оёқ қараб чиқди. Ўзини йўқотиб қўйган аёлнинг ранги оқариб кетганди. Шаҳло бировнинг эри билан юрадиган аёллар тўғрисида кўп эшитган ва унинг тасаввурида бунақангилар безбет ва фаросатсиз бўлиши керак эди. Сал ортиқча гапга йиғлаб юборадиган бу беозор аёлдан қанақа жазман чиқсин? Ана, ойисининг билиб-билмай қилган ҳақоратини эшитиб ерга кириб кетгудек аҳволга тушди-ку.

— Ойи, сиз адашаётганга ўхшайсиз. Фарангиз опамлар мутлақо сиз ўйлаган...

— Мен кўрганимга ишонаман, тушундингми, қизим?! — дея Шаҳлони жеркиб ташлади Хонзода. — Қандай қилиб бу енгилтак билан топишиб олдинг? Майли, аввалги қилиқларингдан кўз юмаман. Севган йигитингга турмушга беришгаям розиман; ич-ичимдан норози бўлсам ҳам. Аммо бузуқлар билан бирга юришингга қандай чидайман, жон қизим?!

Хонзоданинг кўзидан дув-дув ёш оқа бошлади. Шаҳлонинг боши ғувиллаб кетди. Бир неча сония кўзларини юмиб турди. Шундан кейингина амакиси ойисини нега жиннихонага ташлаб кетганини тушуниб етди. Демак, ҳақиқатан ҳам ойисининг ақли жойида эмас, у оғзига келганини қайтармайди.

— Ойи, биринчи навбатда соғайишингиз керак. Дадамлар касалхонада ётибдилар. Жаҳонгир ҳам қўлини синдириб олибди... Бу ёқда менинг оёғим гипсда. Хуллас, ҳаммамиз бир аҳволдамиз. Бошқа нарсаларни эсингиздан чиқаринг. Ором олиб, асабларингизни тинчлантиринг. Майда-чуйда гапларга умуман эътибор берманг.

Шаҳло деворга гапираётгандай эди. Хонзода қизига термилиб турган бўлса-да, хаёли бошқа жойда кезиб юрар, қизининг гапларини эшитмаётганди. Бу ёқда эса Фарангиз ҳайкалдай қотиб турарди. Ўкинч, ғазаб, алам — буларнинг бари бир бўлиб миясида ғужғон ўйнарди. Ҳозир у ҳам шулар билан андармон эди, Шаҳлонинг сўзларини у ҳам эшитмаётганди.

— Мени кўргани келганинг учун катта раҳмат, — деди Хонзода маълум муддатлик сукунатдан сўнг, — ҳаммамиз тузалиб чиқамиз. Лекин бир гапимни қулоғингга қуйиб ол. Бу хотин билан, — Хонзода қўлини бигиз қилиб Фарангизни кўрсатди, — умуман бирга юрма. Майли, мен адашган бўлайин. Майли, хотирам панд берган бўлсин. Майли, мени жинни деб ўйла, лекин барибир шу хотин ёнингга йўламасин. Жон қизим, ҳеч бўлмаганда шу сафар айтганимни қил!

У кафти билан ёшларини артди ва секин ортига бурилиб палатасига қайтди. Йўлда кетаётиб яна изига қайтгиси, овсинига кундош бўлаётган юзсизнинг (аслида, у овсинини жудаям ёмон кўрарди. Фақат шу аҳволга тушишида озми-кўпми хизмати сингганлиги учун эмас, илгаридан, илк келин бўлиб тушган пайтлариданоқ. Ҳа, Фароғат камбағал оиланинг қизи эди. Яна унда қўлига илинган нарсани онасининг уйига ташиш одати бор эди. Ҳатто бир сафар икки кило гўштни сумкасига солиб олиб кетаётганида раҳматли қайнонаси сезиб қолганди, бироқ индамади. “Келин, бу ишингиз яхшимас”, дейиш билангина чекланди. Фароғатга кўпам иш ёқавермасди. Албатта, танбалликда Хонзода ҳам ундан қолишмасди. Бироқ Фароғат катта келин бўлгани сабабли ўзининг юмушларини ҳам осонгина унинг бўйнига юклаб қўяверарди. Бунинг натижасида иккала овсин беш-олти марта “чўқишган”. Шу-шу Фароғат унинг кўзига балодай кўриниб қолган) сочларини юлмоқчи бўлди. Аммо шу заҳоти бу ниятидан қайтди. Чунки айни пайтда унинг гапига биров ишонмайди. Айбсиз айбдор бўлиб қолаверади. Кейин палатага олиб киришади-да, билган қийноқларига солишади. Зеро, у бир марта бунақанги азобни татиб кўрди. Қайноғаси кетганидан сўнг, ўзининг касал эмаслигини айтиб тўполон кўтарганида қўл-оёғини боғлаб ташлашди. Қандайдир укол қилишди. Унинг жони шунақанги оғридики, туғилганига пушаймон еди. Шартми шу азобни яна тортиши? Эсон-омон мана шу Худо қарғаган жойдан чиқиб олса, албатта, яхшилаб ҳисоб-китоб қилади. Бошқача йўл билан, албатта.

Сўнгги ўйи Хонзодага жудаям ёқиб тушиб, юзида табассум пайдо бўлди.

Унинг ортидан қараб турганлар эса ҳайрон эдилар. Айниқса, Шаҳло. У ойисини жинни деса жиннига ўхшамайди, соғ деса соғга.

— Кетдик, — деди унинг қўлидан ушлаган Наргиза.

Шаҳло кўз ёшларини артди ва бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди. Улар касалхона дарвозаси томон йўл олишди. Аммо Фарангиз жойидан жилмади. Унинг кўкси тез-тез кўтарилиб тушар, лаби титрарди. Дунёга сиғмаётганди у. Алами бўғзига тиқилганди. Кошки эди, бир нафас билан ташқарига чиқариб юборса, кейин ҳаммасини унутиб, боши оққан томонга кетса. Ҳеч ким уни тутиб олмаса ва ҳеч ким қидирмаса. Нима деган гап бу? Тўғри келган одам уни фоҳишадан олиб фоҳишага солаяпти. Унинг ўзи шундай бўлсин дебмиди? Ўзига қолса шундай йўл тутармиди?

“Фарангиз опа”, деган овоз эшитилди қулоғига. Аёл ўгирилиб Шаҳло билан унинг дугонасини кўрди. Шу икки қиз ҳам ундан бахтли. Ташвишлари бир дунё, лекин бахтли. Сабаби, уларнинг муаммолари эртами-кечми ҳал бўлади. Кейин эркин нафас олишади. У-чи?.. Унинг ташвиши бир умрлик. Ҳар куни елкасидан босади. Ҳар куни азоб беради. Ҳар куни...

— Нега туриб қолдингиз, Фарангиз опа? Юринг, — деди Шаҳло. Унинг кўзида бир олам мунг бор эди. Шу нарса аёлни юришга мажбур қилди.

Сўзсиз-сўроқсиз касалхонадан чиқишгач, таксига ўтиришларидан аввал Фарангиз Шаҳлони тўхтатди.

— Сизда гапим бор, — деди.

Наргиза унинг нима демоқчилигини тахминан биларди. Шу боисдан ҳам жаҳли чиқди. Аслида у Шаҳлонинг ойисини кўриб, унинг гапларини эшитганидаёқ ғалати бир аҳволга тушди. “Акам келиб-келиб шу жинни аёлнинг қизига уйланадими? Қанчадан-қанча дугоналарим акамнинг оёқлари остига пояндоз бўлишга тайёр туришибди. Бу қиз ҳам бир кун келиб аслига тортади”, дея хаёлидан ўтказди. Бирдан ҳали тузук-қуруқ танишишга улгурмаган Фарангизнинг уни тўхтатиши (албатта, Наргиза бу аёлни ҳам ёқтирмаётганди. Хонзоданинг гапларидан сўнг у ҳақдаги тасаввури ўзгарганди) ғашини келтирди.

— Майли, — деди Наргиза энсаси қотиб, — сизлар гаплашиб олинглар, мен сал нарироқда тоза ҳавода тураман.

Унинг сўзлари Шаҳлони ўқдай тешиб ўтди, лекин у тишини-тишига босиб, Фарангизнинг гапига қулоқ солиш учун тўхтади.

— Бир нарсани билиб қўйишингизни жудаям хоҳлардим. Тушунган қизга ўхшайсиз, — деди Фарангиз Наргиза узоқлашгач, — мен амакингизга ўйнаш эмасман.

— Биламан, — деди хижолат тортган Шаҳло, — ойимнинг гапларига эътибор берманг.

У йиғлай бошлади. “Бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолдим”, демоққа чоғланди-ю, дарров тилини тишлади.

— Сиз гапимни охиригача эшитинг. Мен амакингизнинг любовницаси эмасман, балки хотиниман.

— А-а? — ажабланди Шаҳло Фарангизга тикилиб. — Хотинисиз?..

— Ҳа, шундай... Ойингиз адашгани йўқ. Бирон жойда балки бирга кўргандир... Хуллас, чалкаш ишлар жудаям кўп. Гапирса, вақт етмайди... Гап-сўзларидан ойингизнинг ақлдан озганига ишонгинг келмайди. Бир-икки кун ичида уйларингга қайтиб боради.

— Сиздай аёл қандай қилиб?.. Ҳеч нарсага тушунмаяпман, — деди Фарангиздан нигоҳини узмаган Шаҳло.

— Шунақа бўп қолган. Лекин мен сира афсусланмайман. Худонинг иши бу.

— Йўқ, барибир тушунмадим. Чиройлисиз, ақл-ҳушингиз жойида, гапларингиз мулойим. Нега энди иккинчи хотин бўлишингиз керак? Ё амаким алдаб йўлдан урганмилар?

— Йўқ, бу тақдир. Мана, асосийсини билиб олдингиз, бошқалари шунинг атрофида. Ҳозирча шунисини билиб туринг, қолганини кейин гаплашамиз. Унгача баъзи нарсаларни ўйлаб кўрарсиз.

Шаҳлонинг боши шишиб кетганди. Бирон нимани идрок қилиш даражасида эмасди. Бир кунда шунча ташвиш, қай бирини кўтарсин? Яхшиямки ёш, соғлиғи жойида, йўқса, аллақачон қон босими ошиб, ағанаб қолган бўларди.

— Дугонангиз кутиб қолди, борайлик. Ҳар хил шубҳага бориб юрмасин, — деди Фарангиз вазиятдан чиқиш учун.

— У менинг дугонам эмас, — деди кутилмаганда Шаҳло ҳам, — бўлажак қайнсинглим.

Энди Фарангизнинг ҳайрати ошди. Бир нималарни сўрашга чоғланди-ю, аммо пайти эмаслигини англаб индамай қўя қолди. Шу боисдан ҳам қизнинг қўлидан етаклади.

Наргиза улар билан бирга кетмади. Иши борлигини важ қилиб ўз уйига боражагини айтди.

— Акамга сизнинг келолмаслигингизни етказиб қўяман. Хавотир олиб юрмасин акам, — деди кесатиб ва йўлнинг нариги тарафига ўтиб кетди.

Унинг ортидан Фарангиз билан Шаҳло қараб қолишди. Иккаласида ҳам сўз айтишга забон йўқ эди. Ҳар иккиси ҳам қизнинг аччиқ қилиб кетаётганини билишарди. Бироқ айни лаҳзада унинг қилиқ чиқариши икковига ҳам алам қилди.

— Мен ҳам, — деди Шаҳло оғир-оғир нафас оларкан, — унинг ўрнида бўлганимда шундай қилган бўлардим.

Унинг шу гапидан Фарангиз Шаҳлонинг қандай қизлигини билиб олди. Унинг ўрнига бошқа бўлганида, Наргизани гўрдан олиб, гўрга тиққан бўларди.

Кўп ўтмай Наргиза таксига ўтирди-ю, жўнаб кетди. Шу маҳал Шаҳлонинг қўл телефони жиринглади. Бир қанча муддатдан бери йиғидан тийилиб келаётган қиз экранга қараши билан бирдан кўз ёш тўка бошлади. Ва шу кўйи:

— Мурод акам, — деди, — овозимни эшитсалар сиқилади. Дарров етиб келади. Ишлари қолиб кетади. Яхшиси, ҳозирча гаплашмайман.

Фарангиз унинг сочларини силади. Ёрдам беролмаётганидан ўкинди. Айни пайтда яхши кўриб кетди.

— Юринг, кетамиз, — деди.

Шаҳло уйига етгунича Мурод қарийб ўн марта қўнғироқ қилди. Аммо қиз бирор марта бўлсин унинг қўнғироқларига жавоб бермади. Кейин шу иши учун пушаймон еди. Чунки энсасини қотириб кетган Наргиза акасига ҳар балолар деб вайсаши мумкинлиги эсига тушди. Аслида ҳам шундай эди. Уйига шошиб бораётган Наргизанинг хаёли аллақачон ойисига айтиши керак бўлган гаплар билан тўлганди. “Қўлидан иш келади, деб қаердаги қизга уйланадими? Садқаи бойлик кетсин уларга. Уйни икки қаватли, ҳашаматли қасрга ўхшатиб қургандан кўра, оиласини эпласа ўлармиди? Нима қилиб бўлсаям акамни айнитаман. Жиннининг қизига уйланмайди акам. Ундан кўра, дугонам Заҳро минг марта афзал. Замонавий кийинади. Рўзғор ишлариниям боплайди. Ота-оналариям яхши одамлар”, дея ўйлар эди у.

* * *

Марфа Степановна келин-куёвга етишига беш-олти қадам қолганида тўхтади. Унинг бутунлай ранги ўчиб кетганди. Кўрган одам мурдага ўхшатарди. Тўйдагиларнинг эса деярли ҳаммасининг кайфи бор. Ҳаммаси ширингина бўлиб ўтиришарди. Оксананинг бақирганини эшитганлар эса ўринларидан туриб, келинни хурсанд қилгани учун хизматчи хотинни ол-қишлаб қарсак чалишарди. Уларнинг орасида, албатта, Роман Фёдорович ҳам бор эди. У ҳам бўлиши муқаррарга айланиб бораётган фожиадан бехабар, бошқаларга қўшилиб қарсак чалаётганди.

Шоҳруҳ эса ҳайратда эди. Одатда, хизматкорлар бунақанги тадбирларда хизматга шай туришарди. Ҳали маросим тугамасидан бирон жойга кетмас, қандайдир гул кўтариб келиш эса, одобсизлик эди. Чунки бошқаларнинг кўнглига оғир ботиш эҳтимоли бор эди. Яна хизматкор бошқа бировнинг эътиборини ҳам тортмаслиги керак эди. Бу аёл эса барига қўл силтаб, янги узилган оппоқ атиргулларни кўтариб келибди.

— Менга ёқмаяпти, — деди Юлдуз унинг қулоғига шивирлаб.

Шоҳруҳ унга қаради ва унинг афт-ангори қизнинг гапини тасдиқлаб турарди.

— Нега тўхтаб қолдингиз, Марфа Степановна? — қичқирди Оксана столни айланиб ўтаркан. Негадир хизматчи аёл ортига тисарилди. Унинг бармоғи тугмачанинг устида турарди. Босса, тамом! Бир неча сониядан кейин портлаш рўй беради. “Йўқ! Йўқ! Мен сира бундай қилолмайман. Оксанани гўдаклигидан катта қилганман. У менга ўз қизимдай бўп қолган. Унинг ўлимини кўриш... Оҳ, бунга қандай чидайман?.. Қизгина... Қизгина, асло ёнимга яқинлаша кўрма... Яқинлашма!” дея хаёлидан ўтказар эди Марфа Степановна. Оксана унинг хаёлини қаёқдан ҳам билсин? Энагаси томон шошар эди у.

Марфа Степановна ҳаммани ҳайратда қолдириб, ортига тисарилиб қоча бошлади.

— Нега у қочаяпти? — сўради Виталий амаки Роман Фёдоровичдан.

Банкир елка қисди ва жаҳли чиққанидан буйруқ кутиб турган қўриқчи йигитларга имо қилди-да, шароб тўла қадаҳни бир кўтаришда ичиб юбориб, ликопчадан газак олиб оғзига солди.

— Падар лаънатилар эркаланиб кетишибди. Яхшилаб таъзирини бериб қўйиш керак, — деди у оғзидаги луқмаси билан ғўлдираб.

Унинг қизи эса изза бўлганидан бир жойда қоққан қозиқдай қотиб турарди. Бир неча сония ўтиб, ҳеч ким кутмаган воқеа содир бўлди. Югуриб кетаётган хизматкор аёл қўриқчи йигитлар етиб олишларига озгина қолганида портлаб кетди. Гумбурлаган овоз қулоқларни қоматга келтирди. Аёлнинг жасади бир неча бўлакларга бўлиниб, атрофга сочилди. Улардан бир бўлаги уни қувиб кетаётганлардан бирининг юзига тегди.

Одамлар ўн дақиқача ўзларига келишолмади. Ҳамма ваҳимада, хавотирда эди. Қўриқчилар амалдорларни ўраб олишган, ёнларига бировни яқинлаштиришмасди.

Роман Фёдорович бўларича бўлди. Ҳали йигитларини у ёққа чоптирди, ҳали бу ёққа. Ҳеч қанақанги натижа йўқ. На девор ортида шубҳали одам учради, на ичкарида. Фақат мурда топилди. Тўй бошланганидаёқ ичиб маст бўлган Бекнинг қотиб қолган мурдасини ташқарига олиб чиқишди.

— Нималар бўлаяпти?! — деб бақирди Шоҳруҳ.

Жавоб йўқ эди. Мурда тепасига йиғилганлар ҳайронликдан ўзга нарса дейишолмасди.

Шоҳруҳ ғазаб билан Роман Фёдоровичга юзланди. Шундоқ ҳам ошна-оғайнилари олдида обрўси чил-парчин бўлганидан алам ўтида қоврилаётган банкир йигитнинг қарашидан ловиллаб кетди. Йўқ, у аччиғини Шоҳруҳга сочмади, балки нима қиларини билмай довдираб турган соқчи йигитлардан бир-иккитасини тепкилади. Бу пайтда келган меҳмонлар кетиш тараддудига тушиб қолишганди. Мэр, прокурор, суд раиси... Ҳаммаси ўз машинасига ўтириб жўнаб кетди. Биргина Виталий амаки қолди. У Оксананинг ёнида эди. Эсини йўқотаёзган қизнинг кўнглини кўтариш билан овора эди. Кетма-кет икки марта Оксананинг жонига қасд қилишди. Қиз бечора Петкасини йўқотганидан кейин уни унутиш учун ҳар қанақа ишлар қилиб юрганди. Шулардан бири ичкиликка ружу қўйгани эди. Кўнглига озроқ ёққан одамга бутун ихтиёрини бериб қўядиган даражага келиб қолганди. Иккинчи портлаш унинг хаёлларини бутунлай ал-ғов-далғов қилиб юборди. Дадасини жудаям ёмон кўриб кетди. Онасининг ўлимига айнан у сабабчи бўлган. Энди унинг ҳам қазоси яқинлашиб қолганга ўхшайди. «Йўқ, мен ортиқ чидолмайман! Дадамдан бутунлай узоққа кетаман. Унинг қорасини кўришни истамайман! Унинг нияти — мени йўқ қилиш. У фақат ўзини севади. Бошқа ҳеч кимни эмас. Майли, уни ўлдиришсин, керак эмас менга». Оксана ўйлаяпман, деган хаёлда эди. Аслида гапираётганди. Унинг гапларини тинимсиз юз-кўзларидан ўпиб, бағрига маҳкам босиб турган Виталий амаки эшитиб турганди. Айни дақиқада қизнинг оғзидан чиқаётган сўзлар унга мойдай ёқаётганди. Ахир Роман Фёдорович ўлдирилса, бор мол-мулки Оксанага қолади. Соддагина қизни авраб олиш ва бойликларига эга бўлиш унинг қўлидан келади.

— Оксана, ўзимнинг эркагинам. Сен ортиқ бу ерда қолмаслигинг керак. Сени менинг йигитларим олиб кетишади. Менинг қароргоҳимда бехавотирроқ бўласан. Сенга ҳеч ким тегмайди, яқинингга ҳам йўламайди, — дея Виталий амаки ўзига тегишли йигитларни имлаб ёнига чақирди-да, уларга қизни олиб кетишни буюрди. Ўзи эса чорасиз қолган Роман Фёдоровичнинг ёнига борди. Унга ҳам бироз далда берганидан кейин уйга киритиб юбориб, ҳамма бошқарувни қўлига олди.

Кўп ўтмай, омончилар бригадаси ва улар билан бирга тиббий тез ёрдам машинаси ҳам етиб келди. Дарров текшир-текшир бошланиб кетди. Дўхтирлар Бекнинг заҳарланиб ўлганини аниқлашди. Шубҳа остига олинганлар кўпчилик эди. Уларнинг орасида Шоҳруҳ ҳам бор эди. Шу боисдан у ҳам бўлинмага олиб кетилди. Ярим кеча прокурорнинг буйруғи келгандан кейингина қўйиб юборишди. Шунгача Юлдуз кўчада изғиди. Минг бир хаёлга борди. Воқеаларни ипидан-игнасигача хаёлида тиклади. Айбдорни қидирди. Бироқ тополмади. Демакки, ўзидан хафа бўлиши керак. Чунки эътиборсизлик қилди. Синчковликни унутди. У фақат бир нарсадан хурсанд эди. Яхшиям Шоҳруҳ ўзига ажратилган қадаҳдан ҳеч нима ичмагани... Акс ҳолда, ҳозир у ҳам Бекнинг ёнида ётган бўларди.

Шоҳруҳни қўйиб юборишаётганида Оксана қоп-қора “Мерс”да етиб келди. Уни кўриши билан Юлдузнинг жаҳли чиқди. Айниқса, Юлдуз шундоққина эшикнинг тагида ўтиришига қарамасдан, Оксана ўзини кўрмасликка олиб ўтиб кетаётганидан қони қайнаб кетди:

— Оксана! — деди унга еб қўйгудек тикилиб.

Шошиб кетаётган қиз бирдан тўхтаб ортига ўгирилди, илжайди ва қадрдон инсонини кўргандай келиб Юлдузни қучоқлаб, юзидан ўпди.

— Ярамаслар, аблаҳлар! Индамасанг, бошингга чиқиб олишади! Менинг мутлақо хабарим йўқ экан. Билганимда бир дақиқа ҳам ўтиришига йўл қўймаган бўлардим! — деди бақириб.

Худди шу пайт иккита милиционер ҳамроҳлигида ичкаридан Шоҳруҳ чиқиб келди.

— Жонгинам! — деб Оксана Шоҳруҳнинг бўйнига осилди.

— Бўлди! — деди унинг қўлини силтаб ташлаган йигит. — Театр тугади! Нима машмашани бошлаб келдинг бу ерга?!

Оксана бир муддат довдиради.

— Мен... Мен, — деди Шоҳруҳдан кўзини узмай, — кечирим сўрамоқчийдим. Кейин сизлар билан бирга келишиб оладиган иш ҳам бор. Кетдик.

У Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб етакламоқчи бўлганида йигит яна уни силтаб ташлади ва Юлдузнинг елкасидан қучди.

Оксана бундан бошқачасини бемалол ҳазм қилиши мумкин эди, лекин уни силтаб ташлаб, бошқа бир қизни қучоқлашларини ҳечам сингдиролмайди ўзига. Агар шу сонияларда Шоҳруҳ билан бирга келин-куёвлик вазифасини бажараётган маҳали Юлдузнинг кўз ўнгида ўпишгани ёдига келмаганида эди, шунақанги тўполон қилардики, Шоҳруҳ бир умрга эслаб юрарди. Ҳозир эса ўзида жилмайишга куч топди, холос.

— Қамалиб кетишингга бир бахя қолди-ю, маҳбубангни қучоқлаш билангина чекланасанми? Маҳкам бағрингга босиб ўпмайсанми? — деди ҳатто.

Сўнг зиналардан бир-бир тушиб машинага ўтирди. Ойнани тушириб, бир муддат Шоҳруҳ билан Юлдузга тикилди-да:

— Орқамиздан юринглар, — дея қоп-қора ойнани кўтарди.

Оксананинг ортидан боришга Юлдузнинг оёғи тортмади. “Яхшиси, бориб дам олайлик. Бугун жудаям оғир кун бўлди”, деди.

Лекин Шоҳруҳ унамади. Лом-мим демасдан машина рулига ўтирди-да, газни босди. Бир зумда олдинда кетаётган қора “Мерс”га етиб олди. Хаёли бузилди. Тезликни янада ошириб, «Мерс»ни пачақлаб ташлагиси келди. Аммо охирги дақиқаларда ўзини босди. Унинг юзи қизарган, пешонаси тиришган эди. Ёнида ўтирган Юлдуз ундаги ўзгаришни тез англади-ю, аммо унинг ҳам ўжарлиги тутди. “Билганингни қил. Қолаверса, зўр томоша бўлади”, деб хаёлидан ўтказиб қўйди. Бироқ машиналар тўқнашмади. Изма-из кетаверди. Ярим соатча шу тахлит юришди. Олдиндагиларнинг ҳам, орқадагиларнинг ҳам гўё тиллари боғланган эди. Бирови чурқ этмасди. Ҳаммаси ўзининг хаёли билан банд эди. Ҳаммаси ўзларича режа тузиш билан овора эдилар.

Йўл торайиб, бир хил қилиб қурилган қатор кўп қаватли уйлар бошлангач, Оксана тезликни сусайтирди. Бу манзил яқин қолганидан далолат берарди. Ниҳоят, тормоз босилиб, машинанинг орқа чироқлари ёнди. Юлдуз уйларга, дарахтларга, умуман атрофга бир қур назар ташлаб қўйди.

— Шаҳарнинг бу қисмига сира ўтмаган эканман, — деди.

— Мениям биринчи келишим. «Дом»лар кўп экан, бирорта микрорайон бўлса керак. Орқадагиларга телефон қилиб, қаердалигимизни аниқлашни буюриб қўй. Кейин уларнинг ҳаммаси кўчада, мошинанинг ичида қолишсин, — деб Шоҳруҳ уловини йўл четига, “Мерс”нинг орқасига тақаб тўхтади. Эшикни очиб пастга тушди-да, осмонга қараб: “Ҳаво анча салқинлашиб кетибди”, дея хаёлидан ўтказди. Бир муддатдан сўнг унинг ёнига Оксана келди. Ҳеч нима демасдан тушиш-тушмаслигини билмай ўтирган Юлдузнинг ёнига борди.

— Хоним, марҳамат қилсинлар, — деди эшикни очиб, — етиб келдик. Уйга кириб озгина гаплашиб ўтирамиз.

— Биз кетаверсак ҳам бўларди. Бир-икки кундан кейин, мия озгина жойига келгач, гаплашармиз, — деди Юлдузнинг ўрнига жавоб берган Шоҳруҳ.

— Йўқ. Бугун. Кейин эҳтимол бир-биримизни тополмасмиз. Бошқалар кетаверишсин. Эрталабгача машинада музлаб қолишмасин, — деди Оксана.

— Музлагандаям ҳеч нарса қилмайди. Керак бўлса эритиб оламиз, — деб Юлдуз машинадан тушди-да, Оксананинг қўлидан етаклади:

— Қани, бошланг, толиққан оёқларимизни дам олдирайлик, нима дедингиз?

— Битта куёвга иккита келин! — деди-ю, Оксана хохолаб кулиб юборди.

Юлдузнинг шунақанги жаҳли чиқдики, бу беҳаё қизнинг юзига тарсаки тортиб юборгиси келди. Шундай бўлса-да, ўзини босди.

Оксана бошлаб кирган уйнинг меҳмонхонаси шоҳона безатилган эди. Шкаф, эшик тутқичи, қандил, уй бурчакларига турли рангдаги шарлар илинган. Ҳаммасига “Севаман! Севаман!” деган битиклар ёзилганди. Яна бари юрак шаклида. Хона ўртасидаги думалоқ столнинг усти эса егулик-ичкиликлар билан тўлдирилганди.

— Томошанинг иккинчи қисми шу ерда экан-да, — деди Шоҳруҳ кесатиб.

— Бу ерда нима қиламиз? Портлатиш билан шуғулланамизми ёки ёқамизми? — дея Шоҳруҳнинг гапини давом этказди Юлдуз.

— Илтимос, — деди Оксана, — стол атрофига ўтиринглар, нима билан шуғулланишни аста-секин келишиб оламиз.

— Заҳар сурилган идишларда овқатланганимиздан кейин, албатта, — дея Шоҳруҳ Оксанага термилди.

Қиз ортиқ кесатиқларга чидолмади. Битта кичкинагина стаканга газли сув қуйиб, идишни чайди, кейин суюқликни бошқа қадаҳга солди, сўнг яна бошқасига ва шу тахлит ичиш мумкин бўлган ҳамма идишни чайди.

— Мана, ишончларинг комил бўлиши учун, — деб сувни ичди.

— Энди ишонгандирсиз?

Шу маҳал хонага Виталий амаки кириб келди.

— Тўғриси, ишончларингизни йўқотганимиз учун бизни кечирасизлар. Очиғи, нима бўлганини ҳалигача ўзимиз ҳам билмаймиз. Охирги қароримиз шуки, хизматкор аёл кимгадир сотилган. Ўйлаб қарасак, Москва аэропортида итнинг портлаб кетиши, тўйдаги “томоша”, булар битта қўлнинг иши. Ҳозир Марфа Степановна ўлди. Афсуслар бўлсинки, сизларнинг йигитларинг ҳам унинг қурбонига айланди... Мен гаплашиб қўйдим. Тонгги самолётда унинг жасадини юртларингга жўнатишларинг мумкин. Аммо ҳозир мотамни унутинглар. Қани, икковинг ҳам столга ўтир.

Юлдуз Шоҳруҳга юзланди. Унинг буйруғини кутди.

— Яхши, — деди Шоҳруҳ ва столлардан бирига ўтирди-да, пиёлага салқин ичимликдан қуйиб ичди. Лабини артиб Виталий амакига қараркан:

— Биз фитна билан ўлдиришларингдан сираям чўчимаймиз. Қолаверса, ниятимиз сизлар билан яқинлашиш, дўст орттириш эди, — деди.

— Гапинг менга жудаям ёқди, — деб Виталий амаки Шоҳруҳнинг рўпарасидаги столга ўтирди ва қадаҳларга ароқ тўлатди, — озгина ғамларни эсдан чиқариб ўтирайлик.

Кетма-кет икки мартадан қадаҳлар бўшагач, тановул бошланди. Ора-чора Виталий амаки уларга ҳаваси келаётганини, ўзининг ёши ўтиб қолганидан афсусдалигини айтди. Гапига латифа аралаштирди. Сўнг жуда ажойиб ва шу билан бирга тушуниб бўлмайдиган замонга қандай қилиб келиб қолганликларини қистириб ўтди.

— Мен, — деди у оғиздаги луқмасини ютганидан кейин шайтон сувидан яна бир қадаҳ ичиб, газагига кўк пиёз чайнаркан, — Оксананинг турмушга чиқаётганига чиппа-чин ишонибман. Лекин ролни қойиллатиб ўйнадинглар. Ҳатто Абрам Сергеевич яқинда қўнғироқ қилиб: “Келин-куёвни тезда Таиландга жўнатиш керак. Стресс ҳолатидан чиқиб, баҳонада дам олиб келишади”, — дейди. Аммо мен унга ҳақиқатни айтмадим. Ҳозирча билмагани маъқул. Хуллас, нима демоқчиман, қаршимда ёш, истеъдодли йигит ва қизлар ўтиришибди, шунинг учун яна биттадан ичамиз!

Юлдуз қадаҳига ҳар доимгидай лаб теккизди ва Шоҳруҳни ҳам туртиб қўйди. Виталий амаки эса идишини стол устига қўйиб ўрнидан турди ва чўнтагидан сигаретасини олиб йўлак томонга юраркан, Шоҳруҳга қараб:

— Айвонда битта-битта чекиб келамиз, — деди.

— Мен чекмайман, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Ҳечқиси йўқ, гурунглашиб турасан.

Эркаклар кетганидан кейин Оксана айланиб ўтиб Юлдузнинг ёнидаги бўш стулга ўтирди ва елкасига қўлини қўйиб:

— Бир нарсани келишиб олмоқчиман, — деди.

— Шоҳруҳни ташлаб кетишим керак, шундайми? — деб мийиғида кулди Юлдуз.

— Йўқ. Рости, бу гапни айтиш учун бўкиб ичишим керак. Бўлмаса, журъатим етмайди.

Оксана қадаҳни ароққа тўлдирди. Кейин бир кўтаришда ҳаммасини ичишга уриниб кўрди. Эплади. Лекин охирида нафаси қайтиб, йўтал тутди. Юлдуз унинг оғзига газак тутганди, емади. Сув ичди. Кейин Юлдузнинг юзидан ўпди.

— Энди, кайфим ошиб қолмасидан айтайин. Сизларнинг ёрдамларингга жудаям муҳтож бўлиб турибман... Мен ниҳоятда бойиб кетаман. Чунки ягона меросхўрман... Пулларимни эртароқ қўлга киритишим керак. Лондоннинг марказида уйим бор. Ўша ёққа кетишим ва Петкам билан яшашим зарур.

Оксананинг кўзи сузила бошлади. Бир неча сония ўтгач, йиқилиши аниқ бўлиб қолди. Буни унинг ўзи ҳам сезиб турарди. Шунинг учун тезроқ гапиришга уринди:

— Дадамни ўлдиришларинг керак!

“Жинни!” — Юлдузнинг хаёлига келган илк сўз шу бўлди. Бошқача ўйлаш мумкин ҳам эмасди. Шу лаҳза бир мақолни эслади: “Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма!” Ҳолбуки, бу нарса унинг бошидан ҳам ўтганди. Бир пайтлар... (Яхшиси, бунга кейинроқ тўхталамиз). Юлдуз Оксананинг қонсиз юзига қараб шуни эслади. Қийналиб кетди. Ўз ўрнини вақтинча эгаллаган малласоч қизни обдан дўппослагиси келди. Шу онда у бировга маслаҳат берадиган аҳволда эмасди. Мабодо хоҳиши бўлганида ҳам бирорта тузукроқ гап чиқмасди. Биринчидан, ўрнига келинлик вазифасини бажариб туришни бўйнига олганида унинг олам-олам нафратига сазовор бўлган бўлса, иккинчидан, отасини ўлдиришларини истаётгани Оксананинг ўтакетган аҳмоқлигидан дарак берарди. Бунинг устига, чекиш, ичкиликка муккасидан кетиш ҳам Оксананинг хулқи нақадар “гўзал”лигини кўрсатиб турибди.

“Отангни биз ўлдирсак, сен чеккада ёлғондакам оҳ-воҳ чекиб нола қилсанг-у, унинг жамики мол-мулкига эга чиқсанг. Кейин чет элнинг энг сўлим жойларида айшу ишрат қилиб юрсанг. Ёқмай кетсин-а! Сен бизни ўта гўл, ҳамма айтганимга кўниб кетаверади, деб ўйласанг, чучварани хом санабсан”, — дея хаёлидан ўтказди қиз.

Оксана тезда жавоб бўлавермаганидан ичиб, кайфи янаям ошиб, кўзини зўрға очиб турарди. Айни чоғда у бирон нима эшитадиган аҳволда ҳам эмасди. Гарчи истамасаям ухлайди, тамом-вассалом.

Юлдуз бошини столга қўйиб ухламоқчи бўлган Оксананинг белидан қучоқлаб ўрнидан турғазди-да, судраб деворга тақаб қўйилган оромкурсига ётқизди. Оксана алланималар деб ғўлдираганча нариги тарафига ўгирилди-да, уйқуга кетди.

Шоҳруҳ билан Виталий амаки қайтиб келгунича Юлдуз дастурхон попугини ўйнаб ўтирди. Хаёлга берилиб, кеча ниҳоятда аҳмоқона йўл тутганига ўзининг кулгиси келди. “Ақлдан озган эканман. Ўзим учун қилган энг катта ярамаслик шу бўлса керак. Тавба, ўпишганларини кўриб туриб ғинг демадим-а?! Одамга кейинчалик алам қиларкан. Бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммаси миянгга синггач, азобланаркансан. Лекин бундай пайтда кошки ёнингда бирор одам бўлса-ю, аламингни ундан олсанг. Майли, Шоҳруҳ билан ёлғиз қолайлик, унга нима дейишни ўзим биламан. Хафа бўлса ўзига. Ўпишмасин эди, бирор арзирли баҳона топиб вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топса бўларди-ку. Агар иши битиши учун Оксананинг йўриғига юрса, у хоҳлаган энг жирканч ишни ҳам тап тортмай бажариб ташлайвераркан-да, — дея хаёлидан ўтказди у. Унинг юраги сиқилар, туриб кетиб қолгиси келарди. — Тўғри-да, ундай бевафони кутишдан не ҳожат? Яна бирор хиёнатни ўйлаб юргандир-да анави тасқара билан”. Ўйи уни ғазаблантирди. Пишиллаб ухлаётган Оксанага нафрат билан тикилди. Кўзи қизнинг очиқ белига, янаям тепароққа кўтарилган калта юбкасига тушди. Бориб унинг кийимларини тузатиб, тартибга келтирган бўлди. Аммо шу заҳоти Оксана уйқусида бир нималар деб ғўлдиради. Қимирлаган эди, Юлдузнинг меҳнати бир пул бўлди. Шундан кейин қиз унинг устига чойшаб ёпди ва энди хонадан чиқмоқчи бўлганида, Шоҳруҳ билан Виталий амаки кириб келди. Уларнинг кўзи, аввало, Оксанага тушди.

— Қизгина тушмагур, роса чарчабди-да, — деди Виталий амаки мийиғида кулиб.

Шоҳруҳ эса миқ этмади. Столга ўтирди.

— Юлдуз! — деди дастурхондаги ликопчадан кўзини узмай рус тилида. — Бизга ғалати таклиф бўлди. Роман Фёдорович...

— Эшитдим, — деди қиз унинг гапини бўлиб, сўнг Виталий амакига қараб қўйди, — Оксана отасини ўлдиришимизни илтимос қилди...

— Эвазига, — деди Шоҳруҳ унинг гапини давом этказиб, — эллик миллион нақд беришади.

— Лекин ўзлари кўз очиб юмгунча бир неча миллиарднинг эгасига айланишади, — деб бу сафар Юлдуз Шоҳруҳнинг гапига қўшимча қилди. Улар иккиси худди келишиб олганга ўхшарди.

— Суммани айтинглар, — деди пешонаси тиришган Виталий амаки сигарета олиш учун қўлини чўнтагига тиқаркан.

— Элликка-эллик, тузукроқ сумма бўлмаса, таваккал қилиб бўлмайди. Ахир шу арзимаган нарсани деб жонимизни тикаяпмиз, — жавоб қилди Шоҳруҳ ўрнидан туриб.

— Ҳали унинг бойлиги қанчалигини аниқ билмаймиз...

— Унда биз аралашмаймиз. Ўзингиз бир йўлини қилсангиз, ҳамма пуллар ёнингизга қолади. Менимча, савдомиз пишмади. Энди кетаверсак ҳам бўлади.

— Афсус! Аралашиб қўйдинглар, бу ёғи энди қийинроқ кечади, деб ўйлайман.

— Адашдингиз, биз ҳали ҳеч нимага келишмадик.

— Эшитганларингнинг ўзи — келишганимиз, биродар.

— Юрагингиз қуённикидан фарқ қилмаскан, нима қиласиз арслон билан беллашишга чоғланиб?

— Сиз арслон бўлиб қолдингизми? — деди Виталий амаки сигаретасини тортиб, тутунни ичига ютаркан.

— Қандай хоҳласангиз, шундай тушунинг. Дўстига хиёнат қилган одамдан бошқалар нима яхшилик кутсин? Пасткашлик ҳам эви билан-да! Назаримда, шу пайтгача Роман Фёдоровичдан кўп фойдалангансиз. Ахир сиздайин ялангоёқ ошнаси бўлади-ю, бунга бефарқ қараб турармиди? Энди уни чув туширишга ҳозирланибсиз. Кўриниб турибди, қизини аллақачон йўлдан уриб қўйгансиз. Отасини йўқ қилсангиз, тамом, ҳаммаси осонгина сизники бўлиб қолади. Ҳатто унинг амалдор ўртоқлари ҳам бармоқларини тишлаб қолишади, — деди Шоҳруҳ ва Юлдузнинг қўлидан тутди. — Бу ерда бошқа қиладиган ишимиз қолмади, кетдик.

— Қамоқдан осонгина қутулиб қолдим, деб ўйлаяпсанми? — кутилмаганда сўради Виталий амаки.

— Агар сизнинг шарофатингиз билан озод бўлган бўлсам, ҳозир бориб мени қамашларини илтимос қиламан. Чунки бировдан қарздор бўлишни ёқтирмайман, — деди Шоҳруҳ Виталий амакига ўқрайиб қараб.

— Қарзингни шу ерда узиб кетасан!

Виталий амаки шундай деб сигаретасини полга ташлаб, товони билан эзғилади.

Шу пайт эшикдан бир-биридан бақувват иккита барзанги кириб келди. Иккисининг ҳам қўлида тўппонча. Уларнинг ортидан яна бири Калашников автоматини елкасига осиб олганча, сақич чайнаб кириб келди. Афт-ангоридан тоғни урса толқон қиладиганга ўхшайди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)