Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

142 full reads
249 story viewsUnique page visitors
142 read the story to the endThat's 57% of the total page views
18 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма олтинчи қисм)

Кетма-кет яна меҳмонлар келишди. Уларнинг ҳаммасини Роман Фёдоровичнинг ўзи кутиб олди ва столларга ўтқазди. Бир муддатдан кейин мэр ҳам чиқди уйдан ҳамда бориб элитага қўшилди. Келин-куёвдан эса сира дарак бўлавермади. «Ўзим кирмасам бўлмайди. Юрагим ёрилиб кетади», деб ўйлаган Бек баҳона қидирди. Аммо боши ҳам тузук-қуруқ ишламасди. Ҳамма вақт исталган нарсага сабаб тополадиган ақли шу сафар панд бериб қўйди.

Бир неча сониядан кейин эса уйга киришнинг ҳожати ҳам қолмади. Келин-куёвнинг ўзи чиқиб қолди. Шоҳруҳ қоп-қора костюм-шимда, ёнида... Ёнида... Бек кўзига ишонолмасди. Келин айнан Роман Фёдоровичнинг қизи эди. Келиннинг дугонаси эса, Юлдуз! Офарин! Яшасин! Омад сен томонда, Бек! Унинг қичқиргиси келиб кетди. Шодлиги ичига сиғмас, кўзига ишонгиси келмасди. Шу боис битта жойда қоққан қозиқдай туриб қолди.

Оксана ўтирганларга қўл силкиди. Шу пайт мусиқа янгради. Ҳамма ўрнидан турди. Келин-куёвни олқишлаб қарсак чалишди. Роман Фёдорович эса келиб қизини қучоқлади. «Оҳ, мана шу ҳақиқий тўйинг бўлишини жудаям истардим!» — деди пичирлаб қизига. «Хоҳишинг бажарилади, дада. Сен кўриб турганинг айни ҳақиқат, мен эрга тегаяпман! Ҳеч қанақа роль ўйнаётганим йўқ. Энди куёвингни ҳам табриклаб қўй!» — деди Оксана ҳам паст овозда отасига.

Уларнинг пичирлашлари Шоҳруҳга ёқмади. Шу боисдан норози қиёфада Юлдузга қаради. Юлдуз жилмайди ва кўзини қисиб қўяркан:

— Оригинал, — деди.

Роман Фёдорович келин-куёвни амалдорлар ёнига олиб борди.

— Оксанани ҳаммангиз яхши танийсиз, — дея гап бошлади у дўстларига қараб. — Унинг эри Шоҳруҳ. Тўғриси, унинг исмини айтишга мен ўзим ҳам қийналаман. Шунинг учун эртагаёқ қулайроқ исм беришга сизларга ваъда бераман.

Ўтирганлар кулиб юборишди ва қадаҳларини кўтаришди.

— Икки ёшнинг бахти учун ичамиз! — деди мэр.

Унинг гапини ҳамма қўллади.

Келин-куёв ўзлари учун ажратилган столга бориб ўтирди. Оғирроқ мусиқа тиниб, унинг ўрнига шўхроғи чалина бошлади ва унинг овози ғала-ғовурни босиб кетди.

— Шартмиди шунақанги майнавозчилик? — деди Шоҳруҳ Юлдузнинг қулоғига шивирлаб. — Исмимни ўзгартирармиш.

— Азизим, ҳаммаси жойида. Биз ютаяпмиз. Мана, ёнингизда ўтирибман. Оппоқ кўйлакдагиларнинг ҳаммаси ҳам келин бўлиб қолавермайди. Майли, бизга қараётганлар кўп. Оксана билан гаплашиб туринг, бошқаларнинг кўз ўнгида сизлар ҳақиқий келин-куёв бўлишларинг керак, — деб Юлдуз Шоҳруҳнинг қўлини ўзининг тиззасига қўйиб олди.

Шундан кейингина Шоҳруҳ бироз ўзига келди. Бу пайтда оғзи қулоғида бўлган Бек уларга яқинлашиб келмоқда эди. Унинг ўзида йўқ хурсандлигидан Шоҳруҳ ижирғанди. «Баччағар, жа кўнглингдаги иш бўлаётганидан ўзингни қўярга жой тополмай қолдингми?» — дея хаёлидан ўтказди у.

— Табриклайман, дўстим. Сўзсиз бахтли бўласан. Бир-бирларингга жудаям мос тушибсизлар! Сен ва Оксанахон учун юз-юз оламиз! — дея Бек келин-куёвнинг қадаҳини ароққа тўлдирди. Оксана билан Юлдузга эса шампан виносидан қуйди.

Оксанани ёшлигидан катта қилган хизматчи аёл Бекни кўрди-ю, кўзи олайиб кетди. Чунки у махсус заҳар суртилган қадаҳлардан бирини қўлида ушлаб турарди.

Хизматчи аёл бирдан Оксананинг қўлига қаради. Унинг қўлидаги қадаҳ мутлақо бошқа эди. Заҳар сурилган қадаҳларнинг бири куёвда, иккинчиси унинг рўпарасидаги йигитда эди. Агар улар лабларини шу идишларга теккизиб ичишса, тамом, беш дақиқага қолмай иккови ҳам йиқилади.

— Бу қанақа бедодлик? — деди тансоқчилардан бирининг ёнига борган аёл. — Одобсизлик ҳам эви билан-да! Анавига қара, — у қўли билан келин-куёв томонни кўрсатди, — ярамас бола Оксанамнинг идишида ароқ ичмоқчи. Бориб, қўлидан олиб қўй.

— Эй, кампиршо, бориб идишингни ювсанг-чи, — дея уни жеркиб берди йигит.

— Ахир мен Оксанамни гўдаклигидан катта қилганман. Чўқинтирган онасиман. Тўйини кўрмай ўлиб кетаман, деб қўрқувдим. Майли, сен шу ерда тур, мен ўзим бориб ҳаммасини ҳал қиламан, — деди хизматчи аёл.

Тансоқчи йигит уни яхши танигани учун олдини тўсмади. Шунчаки пилдираб кетаётган аёлнинг ортидан қараб турди. Аммо хизматчи негадир дарвоза тарафга шошарди.

— Кампирнинг томи кетиб қолганга ўхшайди, — деди йигит ва иржайиб қўйди.

Аёл келин-куёвнинг ёнига етиб боришга улгуролмаслигига кўзи етганди. Энди фурсат борида жуфтакни ростлаши керак. Йўқса, шунақанги қиёмат бошланадики, хизматчилар у ёқда турсин, ошпазлар ҳам соғ қолмайди...

Бек хурсандлигидан шайтон сувини охиригача сипқорди. Стол устига қадаҳни тўқ этказиб қўйиб, лабини артди. Шоҳруҳ эса ичмади. Чунки Роман Фёдорович билан бирга анча ичиб қўйганди. Яна ичса маст бўлади. Кейин тузган барча режаларини барбод қилиб қўйиши мумкин.

Анча кайфи ошиб қолган Бек столни айланиб ўтиб, ҳеч тортинмасдан Юлдузнинг қўлини ўпди. Унинг бу қилиғини мутлақо кутмаган Юлдуз карахт бўлиб қолди.

— Биз бахтли бўламиз, — деди Бек қаддини ростлаб. Шунда унинг боши айланиб йиқилиб тушаёзди. Яхшиямки, уларнинг яқинида қўриқчи йигитлардан иккитаси турарди. Дарров Бекнинг қўлтиғига киришди.

— Ўзим кетаман, — дея Бек уларни силтаб ташламоқчи бўлди-ю, уддалолмади. Кейин тақдирига тан бериб йигитларга осилди. Дарров уни даврадан олиб чиқиб кетишди.

— Тўй бошланмасидан маст бўптими? — сўради Шоҳруҳ ҳамон ўзига келолмай ўтирган Юлдуздан.

— Шунақага ўхшайди. Бўшашиб кетибмиз. Ҳечқиси йўқ. Тўй ўтсин, яхшилаб гаплашиб қўямиз, — деди Бекнинг ортидан қараб қолган қиз.

Бек ўзлари учун ажратилган столда ҳам ўтиролмади. Гоҳ боши бир томонга оғиб кетар, ҳали стаканни ерга тушириб юборса, ҳали газакни ғижимлар эди. Бошқалар уни маст бўлиб қолган деб ўйлашаётганди. Шу боисдан қўриқчи йигитларни чақириб, бирорта хонага киргизиб ётқизишларини илтимос қилишди.

Мэр Бекни уйга киргизаётганларини кўрди ва секин энгашиб Роман Фёдоровичнинг қулоғига:

— Кун бўйи тўй бўлдими дейман, тайёр бўп улгуришибди баъзилар, — дея пичирлаб уй тарафга ишора қилди.

Банкир кулди-да:

— Шунақага ўхшайди, — деб қўйди.

Бекнинг бутунлай маст бўлиб қолганини Юлдуз ҳам кўрди. Ичида ғижинди. “Ярамас, ичолмай юрганмидинг?” — дея хаёлидан ўтказди.

Бекни юмшоқ ўриндиққа ётқизишганларида унинг юзи докадай оқарган ва танаси музлаб бормоқда эди. Аммо қўриқчи йигитлар бунга эътибор қилишмади. Эшикни ёпишди-ю, чиқиб кетишди. Бек бир қимирлаб қўйди, сўнг боши ёнбошига қийшайиб қолди.

Бу пайтда сўз навбати прокурорга берилганди. Мусиқа тинган, ҳамманинг нигоҳи шапкасини олиб қўйган ялтир бошли басавлат кишида эди.

— Оксана, — деди у ва ёнидагиларга бир-бир қараб чиқди, — дадангни билганимга, бугун ҳисоблаб кўрсам, йигирма йил бўлибди. Ўшанда у оддий банк ходими эди. Сен туғилгач, унинг бошига омад қуши ҳам қўнди. Мана, орадан йигирма йил ўтиб банкирга айланиб турибди. Биласанми, қизалоғим, унинг ҳурмати акцияларининг кўплигида эмас, чин инсонлигида. Ва шундай одамнинг қизи, албатта, ақллиликда отасидан қолишмайди деб ўйлайман. Ёнингдаги йигитни, албатта, ўзинг танлагансан. Юрагингни унга бердингми, демак, у, албатта, ишончингни оқлаши керак ҳамда сизлар менга банкир эмас, бўлажак прокурорни дунёга келтириб берасизлар.

Унинг шу гапидан кейин ҳамма ўтирганлар бирданига “Во-о-о!” деб қийқириб юборишди. Илло, бундай буюртма ҳали бирорта базмда ҳам, тўйда ҳам берилмаганди. Бу фикрлар прокурорнинг миясида аввалдан ўйланган эди.

— Бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак, — дея гапида давом этди прокурор бир муддат атрофидагиларга қараб ўзининг гапи қўллаб-қувватланаётганидан вужудига ажиб шодлик эниб, — ахир мен Роман Фёдоровичнинг набирасидан ўзимга шогирд тайёрлашим керак-ку?!

— Агар, — деди мэр прокурорга эшитилмайдиган қилиб паст овозда, — набира улғайгунча сен тирик турсанг.

— Шунинг учун оламиз!

Прокурорнинг сўнгги гапидан кейин яна қийқириқлар янгради. Барабанчилар таёқчаларини беш-олти марта асбобларига уришди.

— Шошманглар! — қичқирди прокурор бир қўлини юқорига кўтариб. — Горка!

Тўйга йиғилганларнинг бари бирдан оёққа турди. Худди келишиб олишгандай бир овоздан “Горка! Горка!” дея қичқира бошлади. Шоҳруҳ ҳангу манг эди. Юлдуз ўзини қаерга қўйишни билмасди. Шунчасига чидади. Бунисигаям чидайди. Аммо ўзи бошқа жойда бўлиши ва Шоҳруҳнинг бегона қиз билан ўпишаётганини кўрмаслиги керак. Айни чоғда... Яхшиси, унинг кўксига пичоқ уришсин, қийнаб ўлдиришсин. Шунда ҳам бу даражада азобланмайди.

— Ҳамма бизни кутаяпти, тур, жоним, — деб Шоҳруҳнинг қўлидан тортқилади Оксана.

Шоҳруҳ Юлдузга қаради. Қиз эса юзини бошқа томонга бурди.

— Дугона, — деди вазиятни тезда англаб етган Оксана, — ҳаммаси ёлғондан бўлади. Биз сираям ўпишмаймиз. Сен ўзинг ҳамма нарсани тушунасан-ку!

Юлдуз ғазаб билан у томонга ўгирилди.

— Бунинг учун сенга катта раҳмат! — деди.

— Иложим қанча?

Юлдуз қадаҳидаги винони ичиб юборди ва жилмайди:

— Горка! — деди алам билан.

Биров сочидан бураб тортгандай Шоҳруҳ зўрға ўрнидан турди ва келин томон юзланди. “Горка!!!” деган қичқириқ авжга чиқди. Шоҳруҳ шунчаки Оксананинг юзига лабини босиб қўймоқчи эди. Аммо келин чаққонлик қилди. Дарров ўзининг қип-қизил нозик лабларини куёвникига туташтирди. Тўйга йиғилганлар баттар қий-чув кўтаришди. Кейин “Бир! Икки! Уч!” дея бақиришди. Юлдуз ерга кириб кетгудек бўлди. Шоҳруҳ лабларини узолмай қолди. Айни вазиятдан усталик билан фойдаланган Оксана истеъдодини кўрсатишга улгурди...

Шоҳруҳ қайтиб жойига ўтирганида Юлдуз титрар эди. Кўзидан ёш тирқираб оқарди. Шоҳруҳнинг ҳам боши эгилди. Юлдуз пиқиллаб, рўмолчаси билан кўзидаги ёшни артиб куёвга қаради. Бир-иккита аччиқ-аччиқ гап айтмоқчи эди, аммо дарров ниятидан қайтди. Чунки боши эгилган йигитнинг чакка томирлари бўртиб кетганди. Бунинг устига, у шунақанги шалвираб қолгандики, одамнинг ичи ачирди.

— Бошингизни кўтаринг, — деди Юлдуз, — нима бўлса бўлди. Бошқалар ҳар хил ўйга боришмасин. Келишганимиздай, ҳаммаси табиий чиқиши керак.

Шоҳруҳ қизга юзланди ва секин қўлини ушламоқчи бўлганида, Юлдуз қўлини стол устига қўйди.

— Маза қилдингизми? Ширинмикан лаби? — деди.

Унинг гапи Шоҳруҳнинг суяк-суягидан ўтиб кетди. “Нималар деб валдираяпсан? Ҳамма томошани ўзинг ташкил қилдинг-ку! Энди мен айбдор бўп қолдимми?” — дея хаёлидан ўтказиб Юлдузга ўқрайиб қараб қўйди.

Бу маҳал давра қизигандан қизиб борарди. Кимдир рақсга тушган, яна кимдир ўрнидан туриб олиб алланималар деганча шароб тўла идишини лабига тутган, бошқалари ёнидагиси билан тинимсиз гаплашарди.

Шоҳруҳ деярли ҳаммани бирма-бир нигоҳидан ўтказиб чиқди. “Ишим чала қоляпти. Таниганим мэр бўлди. Шундаям озгина гаплашдим. Бу аҳволда амалдорларнинг бари хурмачаларини тўлдиради-да, жуфтакни ростлайди. Кейин яна бошидан бошлашим керак”, — дея атай бошқа нарса ҳақида ўйларди у. Мабодо Оксана билан ўпишганини, Юлдузнинг кўз ёшини эслайдиган бўлса, ўзи қийналади. Қийналгач, албатта, ичади. Ичдими, биронта “каромат” кўрсатади. “Каромат”ининг охири отишма билан тугайди. Чунки кўзига Роман Фёдорович итдай кўринаяпти.

Демак, маст бўлдими, тўй-пўйни эсидан чиқаради. Шартта ўрнидан туради-да, унинг ёнига бориб: “Қасамхўр, туллак”, деб ёқасидан олади. Бир-иккита мушт туширади. Табиийки, банкирнинг қўриқчилари қараб туришмайди. Бирдан Шоҳруҳга ёпишишади.

Буни кўрган Бахтиёр билан унинг ёнида ўтирганлар тўппончаларини ишга солишади (дала ҳовлига кираверишдаги қўриқчи йигитлар фақатгина Шоҳруҳнинг йигитларини текширувдан ўтказишмаганди. Роман Фёдорович ўзаро ишонч пайдо қилиш мақсадида атайин шунақа буйруқ берган эди). Қий-чув, дод-вой! Биров қочади, биров қонига беланади...

Шоҳруҳ жуда ўйга берилиб кетганидан, Роман Фёдорович рўпарасига озғингина бир кишини бошлаб келганини сезмай ҳам қолди. Оксана туртиб қўйганидан кейин ўзига келиб бошини кўтарди.

— Ҳар доим қандайдир режалар тузиб юрадиган менинг ёшгина дўстим, — деди Роман Фёдорович Шоҳруҳни кўрсатиб.

Шоҳруҳ дарров ўрнидан турди. Ўзига қўл узатиб турган одамнинг кафтини сиқди.

— Бу эса, — деб банкир ёнидаги одамнинг елкасига қўлини қўйди, — менинг энг қадрдон дўстим Виталий. Москванинг бойваччаси.

У шундай дейиши билан Оксана дик этиб ўрнидан турди.

— Виталий амаки, — деди қувноқ овозда, — бунча ўзгариб кетдингиз?! Илгари озғингина эдингиз, мўйловингиз ҳам йўқ эди!

Оксана гаплашиш баробарида столни айланиб ўтди ҳамда Роман Фёдоровичнинг қадрдонининг бўйнига осилиб, юзидан чўлпиллатиб ўпди.

— Менинг эркатойим, бунчалик очилиб кетдинг?! Кўрмаганимга ўн йилдан ошибди-я, — деди Виталий амаки ва банкирга юзланди: — Қизинг онасига ўхшабди. Жудаям гўзал.

У шундай деб Оксананинг лаби аралаш юзидан ўпди. Сўнг белидан қўлини ўтказиб:

— Қани, куёвнинг ёнида ўтиравермасдан бизнинг ҳам кўнглимизни овлаб кел-чи, — деди.

— Юля, — деди келин-куёв столи томонга ўгирилган Оксана Юлдузга мурожаат қилиб, — эркатойимни ўзинг зериктирмай тур.

Шу пайт банкир қизининг қулоғига алланималар деб шивирлади. Оксана билан бирга хохолаб кулиб юборишди.

Юлдуз уларнинг орқасидан шунақанги ғазаб билан қарадики, имкони бўлса бориб янчиб ташласа. “Падар лаънатиларда уят деган нарсанинг ўзи қолмаган”, — хаёлидан ўтказди у. Сўнг Шоҳруҳга юзланди ва куёв боланинг тикилиб турганини кўриб жилмайди.

— Бевафо, хотинчангиз сал узоқлашиши билан менга ёмон қараш қилаяпсизми? — деди.

— Хотинчам ёнимда. Агар хотинчамга биров шунақа муомала қилганида, уриб миясининг қатиғини чиқарардим, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Унда сиз ўтириб туринг, мен бориб Оксананинг миясининг қатиғини чиқариб келайин.

Уларнинг иккови ҳам кулиб юборишди.

— Энди, анави дардисардан қуйинг, ичамиз. Фақат келин-куёвнинг қадаҳида эмас, оддий стаканда. Чунки шу қадаҳларни кўрсам қоним қайнаб кетаяпти.

— Нега қайнаркан?! Биттасини Бек дўрдоқ лаби билан тозалаб кетган, ўшанисини сенга бераман.

— Унақада, сизнинг лабингизни ҳам Оксанахон тозалаб қўйди, кир бўп қолган экан. Мен ҳам бериб қўяқолайин Оксанага...

— Ҳамма нарсага гап топилади.

— Ҳали шошманг, яхшилаб жазонгизни бераман, хотинбоз!

Шундай дея Юлдуз пиқирлаб кулди. Худди уларнинг гапини эшитиб тургандай, Виталий амакисининг қучоғида ён-атрофдагилари билан чақчақлашиб ўтирган Оксана ортига ўгирилди. Қўлини ҳавода силкитди. “Ҳозир бораман, зерикмай ўтир, жоним!” дея қичқирди. Унинг гапига ёнида ўтирганлар кулишди. Ундан кейин кимдир латифа айтди шекилли, қийқириқ бўлди. Келин кўйлакнинг орқаси бутунлай очиқ эди, Виталий амаки қўлини айнан ўша жойдан ўтказиб Оксананинг белидан қучганди. Буни узоқдан Шоҳруҳ кўриб ўтирарди. Аслида унга барибир эди-ю, аммо мабодо ҳақиқатан ҳам ҳозир унга уйланаётган бўлганида, шубҳасиз, қизни соғ қўймаган бўларди. Уни яна битта ажаблантирган нарса Роман Фёдоровичнинг миқ этмаётгани. Албатта, у қизига рўбарў ўтиргани боис, эҳтимол, Виталий ошнасининг қилаётган ишини кўрмаётгандир. Балки ўзини кўрмаётганга олаётгандир. Эҳтимол, бу улар учун оддий ҳолдир. Лекин барибир ғалати. Эс-ҳуши, эркаклик, оталик ғурури бор одам қизиниям, ошнасиниям, озгина бўлса-да, тартибга чақириб қўйиши зарур. Шуларни ўйлаб ғижиниб ўтирган Шоҳруҳни Юлдуз туртиб қўйди.

— Куёв боланинг рашки келаяптими? — деди жилмайиб.

— Нималар деяпсан?! Мен фақат сени рашк қиламан. Биров билан озгина ортиқча гаплашиб юборсанг, тепа сочим тикка бўлади, — деди Шоҳруҳ.

Шунда Юлдуз қаҳрамонлик кўрсатди. Юрак ютиб жилмайди-да (боягисидан чиройлироқ, мафтункорроқ):

— Шунинг учун сизни яхши кўраман-да, — деди.

Шу гап унинг оғзидан чиқиши билан, йигитнинг юзи кундай ёришиб кетди. Зеро, у навбатдаги кесатишни қабул қилишга тайёр эди. Шунинг билан ўзини жудаям ёмон кўриб кетди. Ахир шундай фариштанинг кўз ўнгида бошқа қиз билан ўпишди. Ёлғондакам эмас, ростдан. Аслида у ёлғондакам қилмоқчи эди, аммо ундай бўлиб чиқмади.

У ўйини охирлатгунча келин ўрнидан турди. Яна ўша маъшуққа ўхшаб кўринаётган Виталий амакисининг қучоғида. Шоҳруҳнинг ёнгинасига келиб ўтиргач, куёв боланинг қулоғига энгашди.

— Тўйимизни бутун умр эсимдан чиқармайман. Сен билан бахтли ҳаёт кечирамиз, худди жаннатдагидай, — деб ҳиринглади, унинг оғзидан ароқ иси анқир эди. — Азизим, — дея у гапини давом эттирди ҳиринглашдан тўхтар экан, — сен билан бугун тўйгунимизча ичишимиз керак. Бугун иккимизга ҳам рухсат этилган. Бизга, албатта, Юля ҳамроҳ бўлади.

— Меҳмонлар қарашяпти. Ўзингни бос, — деди унинг маст бўла бошлаганини сезган Шоҳруҳ.

— Тисс! — деб кўрсаткич бармоғини лабига босди Оксана ва ароқ шишасига узалаётиб, сузма солинган ликобчага енгини ботириб олди.

— Оббо, нима қилиб қўйдинг? — деб унинг қўлини ушлади Шоҳруҳ, кейин Юлдузга юзланди: — Тозалаш керак...

Унинг гапи чала қолди. Оксана қўлини тортиб олиб, енгига ёпишган сузмани Шоҳруҳнинг костюмига ишқаб қўйган эди.

— Хавотир олма, — деди у ҳиринглаб, — энагамиз бирпасда тозалаб қўяди. Ҳозир чақираман.

Оксана кўзи билан хизматчи аёлни қидирди, лекин ҳеч қаерда кўрмади.

* * *

Хизматчи аёл дарвозадан чиқиб олгач, қадамини тезлатди. Беш дақиқада у ўрмонгача етиб олиши керак. Агар етолмаса, шўри қурийди. Чунки куёв бола заҳар сурилган идишдан ароқ ичади. Бироздан сўнг ўлиб қолади. Кейин шовқин-сурон кўтарилади. Уни қидиришади. Чиқиб кетганини билишса, орқасидан тушишади. Ялангликда дарров топишади. Ўрмоннинг ичкарисига кирса, марра уники. Яхшиямки, Ивановкадаги синглисиникига оиласидагиларнинг ҳаммасини жўнатиб юборгани. Бехавотир. Энди ўзи амаллаб етиб олса бўлгани... Бир ҳисобдан Оксананинг тирик қолаётгани ҳам яхши. Руҳан қийналмайди... Топшириқни у сидқидилдан бажарди. Оксананинг ажали етмаган бўлса у айбдорми? Йўқ, унақаси кетмайди. Энди сўхтаси совуқ, башарасини жун босган, махлуқнинг қиёфадоши Бомба уни ернинг тагидан ҳам тополмайди. Ажаб бўпти. Бир марта тайёр қилиб берганди. Ўзлари эплашолмади. Битта тугмачани эплаб босиш қўлларидан келмаган одамларга кекиришга бало борми? Йўқ, ҳаммаси жонга тегди. Бунақа давом эттириб бўлмайди. Оксананинг ўрнига куёвнинг ўртоғи заҳар сурилган қадаҳдан ароқ ичса у айбдорми?..

Марфа Степановна — Оксанани ёшлигидан катта қилган аёл ҳеч нарсани ўйламаётган эди. Қадамини тезлатганча дарвозадан чиқиб, юз қадамча юргач, орқасига ўғри мушукдай қаради. Кейин ўзига-ўзи гапиришни бошлаб юборди.

Унинг шундоққина ёнгинасида машина тўхтади. Юраги товонига тушиб кетган Марфа Степановна “Во-о-о-й!!!” дея бақириб юборди. “Жип”. Бу машинани у бир неча марта кўрган: Бомба айнан шу машинада келади доим. У исмини айтмаган, лақабини айтган, холос. Ўзиям бомбага ўхшайди. Башараси тасқара. Сочи жингалак. Бирдан осмондан тушгандек пайдо бўлади.

— Марфа Степановна, қаёққа кетаяпсиз?! — деганча машинадан тушиб аёлга яқинлашиб кела бошлади Бомба. У қўлидаги ханжарни айлантириб ўйнар, Марфа Степановнанинг кўзи пичоқда эди. Пичоқ билан бирга кўзи косасида айланарди.

— Мен ҳамма ишни бажардим. Айтганларингдай, келин билан куёвнинг қадаҳига берган заҳарингдан сурдим. Лекин... Лекин, — дея кампир йиғлаб юборди, — куёвнинг ўртоғи Оксананинг идишида ароқ ичиб қўйди. Менинг айбим йўқ-ку, тўғрими?!

— Бир оғиз ҳам ёлғон гапирмадинг, кампиршо! Шунинг учун ўлимдан омон қолдинг! Лекин куёв ўлгани йўқ, ўртоғи ўлди. Унинг ўлганини ит ҳам сезгани йўқ.

У энкайиб, башарасини Марфа Степановнанинг юзига теккизгудек бўлиб гапирарди. Оғзидан шунақанги бадбўй ҳид келардики, аёл қайт қилиб юборай деди.

— Ҳозир сенга атиргул совға қиламиз, сен бу совғани Оксанага берасан, тўйи билан табриклайсан. Кейин тугмачасини босиб узоқлашасан — олам гулистон! Шу пайтгача дағдаға билан ишимизни бажараётгандинг, энди манави мукофотини ҳам оласан! — деб Бомба қўйнидан бир даста бели букилмаган доллар чиқариб кампирнинг кафтига мажбурлаб тиқиштирди. — Ҳақиқий киллер бўлдинг, кампиршо! Энди машинага ўтир, йўқса, Роман Фёдоровичнинг дала ҳовлисига етиб боргунингча тўй тугайди, — деди у ва Марфа Степановнанинг билагидан ушлаб ўрнидан турғазди-да, машинага судради.

Аёл ҳамма кўрсатмани машинада олди. У атиргулларни Оксананинг қўлига тутқазаётиб, дастанинг тагидаги қизил тугмачани босиб қўяди ва беш сония ичида ундан узоқлашади. Қиладиган иши шу. Гўё арзимасдек туйилади. Ҳеч қанақанги хавотирли жойи йўқ. Гўёки, ҳаммаси ўз ўрнида қолади. Унинг жонсиз танаси ерга гурсиллаб тушмайди...

Марфа Степановна даҳшатли туш кўраётгандай эди. Тезроқ уйғонишни истар, бироқ сира уддасидан чиқолмасди.

Марфа Степановнани уч юз метрча берироққа ташлаб кетишди. Юраги дукиллаб ураётган аёл бир неча муддат жойидан жилмади. Қўрқди. Кўзидан дув-дув ёш оқди. Сўнг ўзига келди. Тўғрироғи, хаёлига: “Балки тирик қоларман”, деган ўй келганди. Шундан умид қилди ва улкан дарвоза сари илдам қадам босди.

Қўриқчи йигитлар унинг чиқишида ҳеч нимани суриштирмаганидек, кираётганида ҳам лом-мим дейишмади. Бемалол ичкарига кирган аёл тўғри келин-куёв столи томонга юрди. Назарида, бир неча ўнлаб кўзлар уни кузатиб тургандай эди. Аслида у ҳеч кимнинг эътиборида эмасди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Фақат келин-куёв уни қидирарди. Оксана ёнига қўриқчи йигитлардан бирини чақириб Марфа Степановнани топиб келишни буюрди. Бироқ шу ондаёқ уни тўхтатди.

— Ана, ўзи келаяпти! Бир даста атиргул билан! Мен нега шундай кунимда йўқолиб қолди, деб хафа бўлаётгандим, у бўлса атиргулга кетган экан! — дея қичқирди Оксана ва ўрнидан туриб: — Ҳали ҳеч ким оппоқ атиргул совға қилмаганди! — деди қувониб.

* * *

Шаҳло сочларини ғижимлади. Бошқа бақиришга кучи етмади. Ўтириб қолди. Севинч ошхонага шошиб кирди-да, бир коса сув олиб келиб унинг юзига сепди.

— Қўрқитиб юбординг, Шаҳло! — деди бақириб.

Довдираб қолган Шаҳло унинг гапига мутлақо эътибор бермади. Ҳайрат билан сочилиб ётган идишларга қарар, шунинг билан бирга кўзидан тинимсиз ёш оқар эди.

— Ўғри тушганга ўхшайди, — деди Наргиза.

— Йўқ. Ўғри идиш-товоқни синдириб нима қилади? Ошхонанинг дабдаласи чиқиб ётибди, — дея Севинч гилам устида ётган лаб бўёғини қўлига олди ва уни айлантириб кўраркан, топағонлигини намойиш қилаётган эди.

Шаҳло иккала қизга маъносиз қаради. Сўнг Наргизага: “Илтимос, амакимга телефон қилиб юборинг, мен номерини айтиб тураман”, — деб ўзининг жажжигина қўл телефонини берди.

Бўрон тезда телефонини олавермади. Бу пайтда у ресторанда кичик хотини билан бирга ўтирарди. Унга бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб, ундан маслаҳат сўраётганди. Шунинг билан бирга: “Фароғатнинг ўрнига буни чақирсам бўларкан, ҳар қалай, тузукроқ фикр чиқарди. Шунда балки келиним Хонзодани жиннихонага топширмасмидим”, — дея ўйлаётганди ҳам. Айни дақиқада шароб тўла идишидан ҳўплаб қўяётганди. Фарангиз сўзлаш учун эндигина оғиз жуфтлаганида телефон жиринглади. У бир муддат эри телефонни олишини кутди. Аммо Бўроннинг ҳозир биров билан гаплашишга ҳуши йўқлигини сезгач:

— Телефонни ўчириб қўйинг, — деди.

Бўрон телефонни олиб экранига қаради-да:

— Таниш номерга ўхшайди, — деди ва яшил тугмачани босиб қулоғига тутди. Шаҳлонинг овозини эшитганидан кейин кўзини юмди.

— Шаҳло, қизим, — деди мумкин қадар юмшоқ овозда гапириб, — қимирламай ўтир. Ҳозир етиб бораман. Нима дейсан?! Ойинг... Боргандан кейин ҳаммасини сенга тушунтириб бераман.

Шаҳло яна йиғлади. Телефонни отиб юбориб, савол назари билан қараб турган қизларга:

— Ҳозир келарканлар, — дея ҳолсизланиб ўрнидан туришга ҳаракат қилди.

Наргиза Севинчга нисбатан илдамроқ ҳаракат қилиб, Шаҳлонинг қўлтиғига кирди. Азбаройи кеннойиси Севинчнинг олдида обрўсизланмаслиги учун шундай қилди. У Шаҳлони кўпам ёқтиравермасди. Гарчи у фасонини чизган кўйлаклар орқасидан тўрт-беш сўмли бўлгани, бошқаларга: “Мана, акамнинг хотини нималарга қодир!” — деб мақтангани билан, ич-ичидан: “Бу қиз эр топилмаслигига кўзи етгани учун акамга осилган. Акам уни хотин қилмаса, кўчадаги қизларга қўшилиб кетарди”, — деб ўйларди. Айни чоғда у ўта худбин эди. Бошқалардан бир қадам илгарироқ юрмаса, кўнгли таскин топмасди. Ҳозир ҳам Севинчдан аввал Шаҳлога ёрдамлашаётганида миясида шу ўй йўқ эмасди.

— Нима қиламиз? Амакинг уйни шу аҳволда кўрадиларми? — сўради Севинч дугонасига тикилиб.

— Амаким кўрганлар. Шундай бўлсаям, ҳеч бўлмаганда ошхонани тозалаб қўяйлик, — деди Шаҳло қандайдир ўксик, айни чоғда ялинчоқ товушда.

Шуни кутиб турган қизлар дарров ишга киришишди. Кўп ўтмай, ошхона аввалги ҳолига қайтди. Энди навбат биринчи қаватнинг йўлагига эди. Аммо Бўрон келди-ю, иккала қиз ҳам йиғиштиришдан тўхташди. Шаҳло амакисининг ёнидаги аёлга мутлақо эътибор бермади. Йиқилган ёш боладай йиғлайверди, йиғлайверди. Бўрон уни оталарча қучди. Пешонасидан ўпиб қўйди.

— Ҳаммаси изига тушиб кетади, қизим. Буям бир синов, — деди салмоқ билан гапираркан.

— Лекин, амаки, нега энди бирдан бутун оиламиз синовдан ўтиши керак? Буларни кўрганимдан кўра, ўзимни ўлдирганим яхшироқ!

— Қўй, бундай гапларни... Мана, иккита дугонангни бошлаб келибсан. Биргалашиб ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб чиқасизлар. Қолган ишларни ўзим уддалайман. Даданг, ойинг, Жаҳонгир ҳам келади. Аввалгидай хушчақчақ яшайсизлар... Қани, меҳмонхонага... Йўқ, яхшиси, ҳовлида гаплашиб қўя қоламиз, юр, — деб Бўрон жиянини ташқарига етакламоқчи бўлганида, Шаҳло синган оёғини полга босди-ю, инграб юборди.

Бирдан ташвишга тушган Бўрон аввал қизнинг юзига, кейин оёғига разм солди. Пешонаси тиришди.

— Сени соғлом кўрдим деб қувонгандим. Нима аҳвол бу?! — дея бақириб юборди. Унинг овозидан бошқалар чўчиб тушишди. Икки қиз дарров ўзларини иш билан андармон кўрсатишга урина бошлашди.

— Секинроқ, — деди у билан бирга келган аёл, — ҳаммани қўрқитиб юбордингиз. Буям етмагандек, бечоранинг жонини оғритдингиз.

Бўрон бирдан қаҳр билан аёлга қаради. Аммо унинг юзидаги самимиятни, меҳрни кўриб дарров шаштидан тушди.

— Қаттиқ оғрияптими? — деб сўради Шаҳлодан.

— Йўқ, билмай босволибман, — деди пешонасига тушган сочларини тўғрилаган Шаҳло.

Улар ташқарига бориб, ҳалинчакли ўриндиққа ўтирганларидан кейин Бўрон чўнтагидан сигарета олиб чекди. У нима деярини билмасди. Аслида, Фарангиз Шаҳлога ким бўлишини айтмоқчи эди. Аммо қизнинг оёғини кўрганидан кейин каловланиб қолди. “Мавриди эмас, бирор кун ётиғи билан тушунтирарман. Ёки бошқа бировлардан эшитар. Умуман, билиши шартми?” — деб ўйлади ва қизнинг юзини силади.

— Манави аёл сен билан бирга қолади. Уйингдагилар келгунча қараб туради. Хўпми, она қизим? — деди.

Шаҳло ҳайрон бўлиб аввал амакисига, сўнгра аёлга қаради.

— Дўхтирмилар? — сўради у.

— Бир ўзинг битта уйда қўрқасан. Дугоналаринг дарров кетиб қолишса керак. Хуллас, шу аёл билан бирга ўтириб туринглар, мен хабар олиб тураман.

Бўрон бошқа ҳеч нима деёлмади. Тез-тез юриб кўчага чиқиб кетди. Шаҳло билан Фарангиз эса, бир-бирларига термилганча қолаверишди.

— Менинг исмим Фарангиз, — деди аёл қўлини қизга узатиб. — Мана, танишиб олдик. Энди ишни ҳамма ёқни уборка қилишдан бошлаймиз. Сиз ошхонада картошка артиб турасиз. Ишларимизни тугатганимиздан кейин ҳаммамиз ўтириб чой ичамиз.

Тахминан икки соатлардан кейин тўс-тўполони чиқиб ётган уй аввалги ҳолига қайтди. Лекин барибир Шаҳлонинг кўнгли ёришмади. Ликопчасидаги бир донагина картошка бўлагини санчқи билан майдалаганча, ер чизиб ўтираверди. Қизлар, Фарангиз ҳар хил кулгили гаплардан гапиришиб унинг хаёлини бошқа ёққа бурмоқчи бўлишди-ю, барибир эплашолмади.

— Фарангиз опа, амакимнинг қўл телефони номерларини билмайман. Мабодо сизда бўлса, беринг, илтимос, ойим қаердаликларини сўрамоқчиман, — деди Шаҳло бошини кўтариб аёлга термиларкан.

Фарангиз жилмайди. Табассуми шунчалик чиройли эдики, ҳаттоки учала қизнинг ҳам ҳаваси кетди. Аслида, Наргиза билан Севинч бу аёлни айлантириб сўроққа тутмоқчи эдилар, чунки Шаҳлодан: “Ким?” — дея сўрашганида, у елка қисиб қўйганди. Бўроннинг телефон рақамлари аниқ, дона-дона қилиб айтилганидан кейин билишдики, бу аёл унчалик ҳам бегона эмас. Демак, уни зимдан сўроққа тутиш ёш қизлар учун унчалик ҳам тўғри келавермайди.

Шаҳло амакисидан ойисининг қаердалигини билганидан кейин ёнидагиларга боришини айтди. Биров эътироз билдирмади. Қайтага маъқуллашди унинг гапини. Фақат Севинч бирга боролмаслигини, уйида зарур иши борлигини айтди.

Такси уларни шундоққина асаб касалликлари шифохонасининг дарвозаси ёнига ташлаб кетди.

Шаҳло ойисини кўриш учун анча тер тўкди. Илтимослари ўтмади. Фарангиз орага тушиб бир-икки сўм қистирганидан кейин қисқа муддатга кўришларига изн беришди.

Хонзоданинг сочлари тўзғиб кетган эди. Бир қарашда унинг ҳақиқий жиннидан фарқи йўқ эди. Лекин унинг ташқи кўриниши шундай эса-да, ақли-ҳуши жойида, ҳамма нарсани яхши фаҳмлайдиган даражада эди. Тўғри, уйида ҳар балоларни вайсади. Ўшанда у воқеага кимнидир сабабчи қилиб чиқиб кетиш нияти бор эди, аммо нияти амалга ошмай қолди.

Ҳозир ҳам Шаҳлони кўрганидан кейин уни гўрдан олиб, гўрга тиқмоқчи бўлди. Аммо шаштидан тушди. Агар озгина ножўя ҳаракатни бошласа, оқибати нима билан тугашини у яхши биларди, шу боис, қизини қучоқлаб йиғлади. Кечирим сўради. Омон-эсон шу ердан чиқса, ҳаётини бутунлай бошқача қуражагини ҳам яшириб ўтирмади. Кейин кўзи Фарангизга тушди ва бир муддат унга тикилиб қолди.

— Қизим, ким билан келдинг? — деди у Шаҳлони маҳкамроқ қучиб.

— Булар... — деб Шаҳло эндигина гап бошлаган эди, Хонзода бирдан уни гапиришдан тўхтатди.

— Мен бу аёлни кўрганман. Ҳа, эсладим. Бўрон амакинг билан бирга. Бўрон амакингнинг “любовница”си!

Шаҳлони яшин ургандай бўлди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)