Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

152 full reads
256 story viewsUnique page visitors
152 read the story to the endThat's 59% of the total page views
16,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма саккизинчи қисм)

Улар кирганларидан кейин Виталий амаки костюмининг ёқасини кенгроқ очиб қўйди.

— Хўш, — деди мийиғида кулиб Шоҳруҳга қараркан, — эллик-эллик қилиб, режамизни пишитиб оламизми ёки?..

— «Ёки»си маъқулроқ. Лекин эртага Роман Фёдорович сизнинг мар-ҳумлар қаторига қўшилиб қолганингиздан куйинишини ўйласам, ачиниб кетаяпман унга. Чунки нима сабабдан ўлганингизни шўрлик билмайди-да! Билганида борми, гўштингизни итларга ем қиларди. Бунисигаям чидаш мумкин, аммо Оксанадай содда қизнинг заҳарланган онгини қандай тозалаш мумкинлиги одамни қийнайди.

— Ҳали шунақами? Оббо сенлар-эй! Лекин бир ҳисобдан қойил қолдираяпсизлар. Манави йигитларга бир қара! — деб Виталий амаки барзангиларни кўрсатди. — Иккалангни битта кафтига сиғдиради-я! Бунинг устига, қуроллари ҳам бор. Шуларнинг чангалидан омон чиқаман, деб ўйлаяпсанларми?! Қўрққан олдин мушт кўтарар... Демак, пўписа қилсанглар, биз қўрқиб қоламиз ва сизларни иззат-икром билан кузатиб қўямиз... Ха-ха-ха! Кузатиб қўямиз, албатта, фақат нариги дунёга!

Виталий амаки ён чўнтагидан тағин сигарета олиб тутатди. Тўғрироғи, у лабига сигаретани қўндирди, барзангилардан бири чаққонлик билан зажигалкасини ёндирди. Ўзининг кимлигини намойиш этиш учун Виталий амаки тутунни мириқиб тортиб, лабини чўччайтирди-да, сўнг уни ҳавога паровоз қилиб чиқарди. Сўзлаш учун оғиз жуфтлаган эди ҳамки, чўнтагидаги қўл телефони жиринглаб қолди.

— Шу маҳалда кимга керак бўлиб қолибман? — деди Виталий амаки. Унинг сўзларида кибр бор эди. Шу гапи билан у бошқаларга нақадар керакли одам эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.

Бироқ телефонда сўзлашаётиб, афт-ангори ўзгарди. Қўнғироқ қилган одамга хушомадгўйлик билан муомала қилди. Гарчи телефондаги одам уни кўрмаётган эса-да, ўзи сезмаган ҳолда қўли билан ҳавода ҳар хил қилиқлар қилдики, бундан энсаси қотган Шоҳруҳ мийиғида кулиб қўйди.

— Хўп, албатта, худди сиз айтганингиздай бўлади, Таран Игнатьевич, — деди кутилмаганда ранги қизариб кетган Виталий амаки. Сўнг қизил тугмачани босиб телефонни чўнтагига соларкан: — Табриклайман, — дея Шоҳруҳга қўлини узатди, — ниҳоятда омадли одам экансиз, яхши одамларнинг эътиборига тушибсизлар. Бу дегани — муваффақият! Айниқса, хонимнинг бошига бахт қуши қўнибди!

У Юлдузга эҳтиросга лиммо-лим нигоҳини қадади. Шоҳруҳнинг жон-пони чиқиб кетди. Ўзини босишнинг иложи бўлмади. Енгил ҳаракат билан Виталий амакининг тумшуғи тагига мушт туширди. Унинг овозини хонадагиларнинг ҳаммаси эшитди. Ўзини осмон билиб турган киши полга гурсиллаб йиқилди ва шу заҳоти ҳушидан кетди. Орадан икки сония ҳам ўтмай, Шоҳруҳ ҳам қулади. Унинг танаси барзангиларнинг иккита зарбасига нишон бўлди. Биттаси қорнига, иккинчиси умуртқасига тегди. Барзангилар ортиқ ҳаддиларидан ошмади. Қолаверса, Юлдуз ҳам бунга жим қараб турмасди. Ҳозир эса девқоматларга ташланмади. Шундоқ ҳам чигаллашиб кетаётган вазиятни баттар чигаллаштиргиси келмади.

— Ҳайвонлар, эшаклар! — деди алам билан ва секин энгашиб, Шоҳруҳни турғазишга ҳаракат қилди.

Барзангилар қилт этишмади. Зеро, улар хўжайиннинг Шоҳруҳга айтган сўнгги гапидан кейин йигит билан қизга ортиқча озор бермасликлари лозимлигини тушунишганди.

Автомат кўтариб турган йигит қуролини шерикларидан бирига бериб, ўзи стол устидаги минерал сувнинг қопқоғини очди-да, топ-тоза қўл рўмолчасини ҳўллаб Виталий амакининг юзини артди. Эркак аввал бир-икки марта чуқур-чуқур нафас олди, сўнг кўзини очиб, бошини ушлади. Бир муддат хизматчига термилди ва дарров бўлган воқеаларни эслади.

— Баччағарнинг боласи ёмон туширди. Сен эшаклар фақат томоша қилиб турган бўлсаларинг керак, — деди ётган жойида.

Шунда унинг йигити қорнини ушлаб турган Шоҳруҳга ишора қилди.

— Ичини эзиб ташламадингларми, аҳмоқлар? — сўради Виталий амаки ўрнидан туришга ҳаракат қилар экан.

— Биласиз-у, хўжайин, — деб ҳиринглади йигит.

Виталий амаки кўзини юмиб жағини ушлаб у ёқ-бу ёққа қимирлаган киши бўлди, сўнгра бир сўз демай, бир қадаҳ ароқни ичиб юборди.

— Ҳазиллашгандим, лекин сен овсар ҳеч балони тушунмаскансан. Бечора дўстим қандай қилиб ишонганига сира тушунолмаяпман. Сенга махфий топшириқ бергандан кўра итдай меҳнат қилдириш керак. Агар шунгаям ярасанг. Бўпти, яхши қолинглар. Романга яроқсизлигингни айтиб қўяман, — деб Виталий амаки йигитларига юзланди, — Оксанани олиб тушинглар!

— Бизнинг бу ерда қиладиган ишимиз йўқ. Шундай экан, кетганимиз маъқул, — деди Шоҳруҳ.

— Афсус, топшириқ шундай бўлган. Сизлар қолишларинг керак!

Виталий амаки буйруқ оҳангида гапирди. На кўзида ва на сарғайган юзида ўзгариш бўлди. Унинг қараши шунақанги жиддий эдики, Шоҳруҳ қанчадан бери уни кўраётган эса-да, фақат ҳозир Виталий амакининг одамни музлатадиган даражадаги башараси борлигига гувоҳ бўлиб турганди.

— Бунинг сираям иложи йўқ. Йигитларимиздан биттаси ўлди. Уни юртимизга жўнатиш керак, — деди Шоҳруҳ эътироз билдириб.

Виталий амаки ҳавода қолиб кетган қўлини туширди, сўнг мушт қилиб тугди.

— Аллақачон у аэропортларингда, жўнатиб юборганмиз. Бунисидан хавотир олмасанг ҳам бўлади. Уни кузатиб кетган йигит ҳам ўзингга тегишли.

— Нима?! — деди Шоҳруҳ ҳайратини яширолмай.

Виталий амаки гапириб ўтирмади. Барзангиларга имо-ишора қилган эди, улардан бири (ҳеч нарсага аралашмай, қоққан қозиқдай тургани) ёнидан кичкинагина кассетани олди-да, уни шкафнинг очиқ полкасида турган магнитофонга тиқди. Бир неча сониядан кейин магнитофондан Шоҳруҳнинг овози эшитилди.

— Баҳром, Бекнинг мурдасини сен олиб кетасан. Йигитларга телефон қилиб айтганман. Аэропортда кутишади. Оила аъзоларига таъзиямни етказиб қўй!

Шоҳруҳ даҳшатга тушди. Юлдуз бирдан унга юзланди.

— Мен қачон бунақанги буйруқ бердим? — деди Шоҳруҳ томоғига бир нима тиқилиб.

— Буниси бизга қоронғи, лекин овозингизга шубҳа қилмасангиз керак, жаноб, — деб мийиғида кулган Виталий амаки қўлидаги сигаретасини аввалгисидай полга ташлаб, ғазаб билан эзғилади, худди ҳамма машмашага шу бечора тамаки қолдиғи айбдордай. Сўнг шитоб билан чиқиб кетди. Унинг ортидан шотирлари ҳам жўнашди. Биттаси худди бир қоп ун кўтаргандай, Оксанани елкасига ташлаб олди. Нималар содир бўлаётганини англолмай, бечора қиз ўзича бир нималар деб ғингшиди.

Уйда Шоҳруҳ билан Юлдузгина қолишди.

— Столнинг усти ноз-неъматга тўла. Уйда икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Агар хоҳласанг ҳам... — дея гапираётган Шоҳруҳ кутилмаганда сўзлашдан тўхтади ва шоша-пиша телефонини олиб рақам терди. Гудок учтагаям бормади.

— Алло, — деган Бахтиёрнинг овози эшитилди.

— Қаердасизлар? — сўради Шоҳруҳ ортиқча гапириб ўтирмай.

— Буйруққа биноан вокзалга келиб турибмиз. Лекин бу ерга нимага келганимизга ҳайронмиз. Бир соатдан бери ўтирибмиз. Нима қилишларингни айтаман, дегандингиз. Кутаяпмиз, — деди эснаш асносида Бахтиёр.

— Мен ҳеч қанақанги буйруқ берганим йўқ. Тушундингми? Кимдир менинг овозимни ўзлаштириб олибди. Биз ҳалиям кирган квартирамиздамиз. Тез келиб, эшикни бузиб киринглар, — деб Шоҳруҳ телефонни ўчирди.

— Бу ердагиларнинг ҳаммаси рус бўлса, қандай қилиб овозингизни ўхшатиб гапириши мумкин? — сўради Юлдуз.

— Мен ҳам шунисига ҳайронман. Бир гап борга ўхшайди. Магнитофонни қўй-чи, яна бир эшитиб кўрайлик.

Шоҳруҳ стулга ўтириб, қадаҳни майга тўлдирди ва бир кўтаришда идишни бўшатди. Сўнг магнитофондан таралаётган овозга қулоқ тутди.

— Йўқ!

— Йўқ!

Қиз билан йигит бир пайтда шундай дейишди. Айни сўз уларнинг хаёлларини бошқа томонга буриб юборди, улар жим қолишди.

— Талаффузида акцент бор, — деди Шоҳруҳ.

— Менгаям шундай туйилди, — дея унинг фикрини тасдиқлади Юлдуз.

Худди шу пайт Шоҳруҳнинг қўл телефони жиринглади. Йигит экранда Бахтиёрнинг рақамини кўргач, дарров яшил тугмачани босди.

— Хўжайин, аҳвол чатоқ. Бизни тўхтатишди. Тўртта машина ўраб олган...

Бахтиёр гапини охиригача айтолмади. Бирдан алоқа узилди.

* * *

Наргиза шоша-пиша уйга кирди. Нафасини ростлаш учун туфлисиниям ечмасдан остонада турди. Нафас олиши бироз маромига келгач:

— Ойи! Ойи! — деб бақирди ваҳимали товушда.

Лекин унинг чақирувига ҳеч ким жавоб қилмади.

— Уфф! — деди қиз ва бирма-бир хоналарга кириб чиқди. Бироқ ҳеч қаердан онасини тополмади. Айвонга чиқиб, ташқарига қаради. Бирон жойда кўринмайди. “Доим шунақа қиладилар, менга керак бўлганларида изсиз ғойиб бўладилар”, — дея хаёлидан ўтказиб хонасига кирди. Биринчи навбатда Шаҳлонинг кийимларига кўзи тушди. Пешонаси тиришди. “Бир кун ҳам уйимизда турмайди танноз хоним... Тавба, унинг нимасига учдийкан акам бечора?” — деб ўзига-ўзи гапирган қиз шкафни очди-да, селофан халта олиб унинг ичига Шаҳлонинг кийимларини тиқа бошлади. Кийимлар унчалик кўп эмасди. Бор-йўғи ярим селофан бўлди. Наргиза уни ҳавода бироз у ёқдан-бу ёққа силтади-да, кейин каравотнинг устига отиб юборди. Бу билан ҳам қониқмади. Селофанни каравот устидан олиб, гиламнинг устига ташлади-да, устига чиқиб тепди. Бир нарса сингандай бўлди. Наргиза бирдан тепкилашдан тўхтаб, шоша-пиша селофаннинг ичидан шимни суғуриб ташқарига чиқарди ва чўнтагини ковлади. Қўлига соат илинди. “Синибди”, хаёлидан ўтказди қиз. Шу заҳоти унинг юзида қўрқув аломатлари пайдо бўлди. “Тавба, нимадан қўрқаман? Синса ундан нарига ўтиб кетмайдими?” — дея хаёлидан ўтказиб соатни олиб кўрди. Дарҳақиқат, соатнинг ойнаси дарз кетганди. “Жажжигина, чиройлигина экан, боғичиям пушти рангда, мен яхши кўрадиган ранг”, — деб ўзига-ўзи гапирган қиз соатни айлантириб кўраётганида, кўзи унинг орқа тарафидаги қопқоғига ёзилган майда ҳарфларга тушди. Уни синчиклаб ўқий бошлади: “Дунёдаги энг гўзал, мафтункор, меҳрибон, юрагимнинг маликаси бўлган қизга, Муроддан!”

— Тавба! Юрагимнинг маликаси эмиш, жинни-пинни бўп қолган бу акам! — дея ўрнидан сапчиб турган Наргиза югуриб бориб йўлакдаги телефон гўшагини кўтарди-да, рақам терди. Акасининг соткаси банд экан. Қизнинг жаҳли чиқди. Яна бир марта текшириб кўрди. Тағин банд. Бешинчи марта рақам терганидан кейингина Мурод гўшакни кўтарди.

— Ака! — деди Наргиза ҳаяжонланиб, Муроднинг овозини эшитиши билан. — Уйга келинг, гап бор!

— Тинчликми? Сени ойим Шаҳло билан кетди, дегандилар-ку! Қани Шаҳло, телефон қилсам кўтармаяпти, тинчликми, ишқилиб?! — сўради Мурод.

— Келганингиздан кейин биласиз нима гаплигини. Келинг эртароқ, — деб атайин Муроднинг ичини куйдирган Наргиза гўшакни қўйди. Бу пайтда ташқари эшик очилган, остонада Фотима опа пайдо бўлган эди. У қизининг гапларини қисман эшитди.

— Нима бўлди? — сўради у қизи гўшакни қўйиши билан.

— Ойи, акам жинни бўп қолганга ўхшайди. Келиб-келиб, шундай озода уйимизга қаердаги қизни етаклаб келадими?! — дея шошганча гапира бошлади Наргиза.

— Ҳовлиқма, — жеркиб берди уни Фотима опа.

— Ҳовлиқсам-ҳовлиқмасам, эшитиб қўйинг, ойи! Шаҳло уйимизга бошқа қадам босмайди. Агар у келадиган бўлса, мен кетаман! Ойиси ғирт томи кетган экан, ҳозир жиннихонада ётибди. Уйлари-чи, данғиллама қилиб қурилгани билан дабдаласи чиқиб кетибди. Анави Шаҳлонинг дугонаси билан зўрға эпақага келтирдик. Кейин-чи, амакиси битта хотинни етаклаб келди. Билсам, ўйнаши...

— Ўчир овозингни! — бақириб юборди бирдан Фотима опа. — Нималар деб валдираяпсан?! Сен айтмасангам биламан ойиси қанақалигини. Ҳамманиям уйи тўзийди-да. Қўлингга битта супургини ушлаганмисан-йўқми, шунга шунчами?! Қаердан ўргандинг бемаза сўзларни?!

Наргиза йиғлаб юборди. Кафти билан юзини бекитаркан:

— Кўрганимни айтаяпман-да! — деди.

— Шаҳло қани?!

— Жиннихонадан уйига кетди, анави хотин билан.

— Сен нега бормадинг?

Наргиза жавоб беролмади. Агар жавоб берганида, онаси юзига шапалоқ тортиб юбориши ҳам мумкин эди. Чунки унинг кўнглига озмунча гап келдими? Унинг йиғисида шунақанги улкан нафрат, ғазаб бор эдики, уни кўриб Шаҳлони ёқтирадиган одам “қилич” яланғочлаб қолиши ҳеч гап эмасди. Қиз югуриб хонасига кирди. Ўзини тўшакка ташлади ва қолган йиғисини ўша ерда давом этказди.

Фотима опа ошхонага кирди. Ювилган, устма-уст тахлаб қўйилган пиёлаларни бошқатдан ювди. Кейин қозонга, чойнакка ўтди. Дастурхонни стол устига қўйди. Очди. Нонларни аввал ёйди, сўнгра йиғиб дастурхонга ўради. Қайтиб жойига қўйди. Бу муддат ичида унинг ичидаги ҳаяжон босилди. Энди у бемалол кула олиши, суҳбатлашиши мумкин эди.

Қизининг ёнига борди. Тўшагининг бир четига ўтириб, Наргизанинг сочларини силади, сўнг ўпиб қўйди. Қиз йиғидан тўхтади. Бироз индамай ётди.

— Ойи, — деди йиғламсираб, — нега мени ёмон кўрасиз?

— Ким айтди сенга ёмон кўради, деб? Сен жисмимнинг бир бўлагисан. Салгина йўталиб қолган пайтларинг кўзимдан ёш чиққанини неча марталаб кўргансан. Ўзинг “Нега йиғлайсиз?” дердинг.

Наргизанинг кўнгли равшан тортди. Ойиси томонга ўгирилди. Унинг тиззасига бошини қўйди.

— Мен сизни яхши кўраман, — деди.

— Она қизим, эркатойим. Жудаям ширинсан-у, баъзида айниб-айниб турасан-да.

— Билмадим, ойи, шунақа туққан бўлсангиз керак-да!

— Айбдорниям дарров топдинг. Майли, сен айтганча мен айбдор бўлақолайин, лекин бир нарсани эсингдан чиқарма: Шаҳлони мен, аканг қабул қилдик. Сен унинг уйи, ойиси билан нима ишинг бор? Ўзи яхши бўлса бўлди-да! Балки у онасига ўхшамагандир... Янаям ким билади дейсан, қизим? Бир нарса дейишга биз ожизмиз. Худо нимани раво кўрса, шу бўлади.

— Ойи, қуш уясида кўрганини қилади, деб кўп айтардингиз. Уйимизга келволганидан кейин қилиқ чиқарса, нима қиламиз?

— Айтдим-ку, ҳаммасини Худо билади деб. Тақдир, пешонадагини кўраверамиз... Энди тур ўрнингдан, аканг келгунича бориб Шаҳлонинг ҳолидан хабар олайлик. Шу оёқ билан нима қилаяптийкан бечора?

Аммо улар уйдан чиқишга улгуришмади. Ҳовлиққанча Мурод кириб келди. Унинг ранги бироз оқаринқираган, юқори қаватга югуриб чиққан шекилли, ҳансирарди. У келибоқ Наргизани сўроққа тутди. Онасининг гапларидан кейин анча босилиб қолган Наргиза ўйлаб қўйган ваҳимасини айтолмади. Уйида ҳеч ким йўқлиги учун Шаҳло келолмаганини эшитиб, Мурод бўшашди. Кўзини юмиб деворга суянди.

— Наргиз, агар яна бир марта шунақа ваҳима қиладиган бўлсанг, ўзингдан кўр, — деди.

— Биз бораётгандик, ўғлим. Кўрайлик, агар бу ёққа опкелишнинг иложи бўлса, опкеламиз.

— Мен ҳам бораман. Пастда такси кутиб турибди. Дарров етволамиз, — деб Мурод ташқарига чиқиб кетди.

Унинг кўнгли хотиржам тортганлиги боис, машинада Шаҳлонинг уйига етгунча ойисига ишлари ривожланиб кетгани, ишчиларининг қўли-қўлига тегмаётгани ҳақида гапириб кетди. Ора-чора Наргизага қараб қўяр, гўё: “Бекор юргандан кўра, сен ҳам бориб қарашсанг бўларди”, демоқчидай бўларди.

Эшик қўнғироғи чалинганда, Шаҳло Фарангиз билан бирга чой ичиб ўтирган эди. Аёл қизга ҳаммасини — унинг Бўрон амакиси билан қандай танишиб қолгани, ундан кейин нималар содир бўлгани, хуллас, ўтган ҳаётини ипидан-игнасигача гапириб берарди. Шаҳло унга тик боқолмади. Ҳали бошини девор тарафга бурар, ҳали нигоҳини ерга қадар, баъзан пиёла гардишини тирноғи билан тирнаган киши бўларди. У Фарангизни сираям ёмон кўрмаётганди. Қайтанга аёл гапиргани сайин ўзининг Мурод билан ўтказган дамлари кўз олдида гавдаланар, ўша Мурод иккаласи ўтказган тунни эсига соларди. Буни агар ўзи айтмаганида, ҳеч ким билмаган бўларди. Лекин у ойисига айтди. Мажбур бўлганидан айтди. “Балки бекор қилгандирман. Шунда ойим касалхонага тушмаган, дадам авария бўлиб... Ҳаммасига ўзим айбдорман. Дадам бечора бегона жойда, бошқа сабаб билан ҳалокатга учрамадилар-ку?! Мени касалхонага обораётиб... Ичган эканлар... Иккинчи хотин экан. Ҳалол, покиза. Менинг ҳам деярли фарқим йўқ ундан. Битта фарқимиз, менинг кундошим бўлмайди. Очиғи, кундош деган нарсага сираям чидолмаган бўлардим. Агар иккинчи бўлганимда... Йўқ, бўлмасдим. Керакмас. Ўйламайман. Оёғим эртароқ тузалганида, дадамни олиб келардим уйга”.

Фарангиз ўрнидан турди. Уйнинг у бошидан бу бошига бориб кела бошлади. У кибр билан худди аслзодаларга ўхшаб юрарди. Қадди-қомати келишган, йигирма-йигирма беш ёшлардаги аёлнинг юриши ўзига жудаям ярашар эди. Шаҳлонинг ҳам ҳаваси, ҳам ҳасади келди. “Бундай гўзал жононага ҳар қандай эркак жонини беради. Уни севмаслик мумкин эмас. Лекин ҳозир олифталанадиган пайт эмас-ку! Атайин шу ишни қилаётганга ўхшайди”, — дея хаёлидан ўтказди.

— Юришингиз жудаям чиройли экан, — деди у ўзини тутиб туролмай.

Фарангиз юришдан тўхтади. Қизга ўгирилиб қаради. Жилмайди.

— Ҳамма бало шунда-да! Эндигина бешга тўлганимда, дадам раҳматли операга оборгандилар. Икки йил қатнадим. Кейин бормай қўйдим. Лекин юришим шунақа бўп қолди. Йигитларнинг гап отишлари, шилқимликлари жонимга тегиб кетганида оёқ ўлгурни бошқача ташлашга кўп уриндим. Аммо сира ўзгартиролмадим, — дея Шаҳлонинг ёнига келиб ўтирди.

Худди шу пайт эшик қўнғироғи чалинди.

— Мурод акам, — деди Шаҳло топағонлик қилиб, унинг юзи ял-ял ёниб кетди. Нафас олиши тезлашиб, кўкраги тез-тез кўтарилиб туша бошлади. — Телефонларига жавоб бермаганим учун югуриб келган бўлсалар керак.

У сўзлаб бўлиши билан дарров хомуш тортиб қолди. Чунки хаёлига Наргиза келган эди. Муродга синглиси нималар деб тўқиб-бичгани Шаҳлога қоронғи эди. Лекин шуниси аниқки, яхши гап айтмаган. Мабодо яхши гап айтганида, эҳтимол, Мурод келмаган бўларди.

— Бориб қарай-чи, — деб Фарангиз ўрнидан турди ва ташқарига чиқиб кетди. Бир неча сониядан кейин Шаҳлонинг қулоғига ҳовли тарафдан икки аёлнинг ўзаро сўрашганлари эшитилди. У Фотима опанинг овозини дарров таниди. Қизариб, столга суянганча ўрнидан турди.

Фотима опа Шаҳлони кўриши билан қучоғини очди. Қизни бағрига босди, юз-кўзидан ўпди. Бундай меҳрибончиликка чидолмаган Шаҳло йиғлаб юборди.

— Ҳай, ҳай, — деб унинг мижжасидаги ёшни артди Фотима опа, — ҳозир мен ҳам йиғлаб юбораман.

Енгил кулги кўтарилди. Шаҳло Муродни кўриб терисига сиғмай кетди. Аммо салом беришдан нарига ўтолмади. Уялди. Бироқ араз қилишни унутмади.

Келганлар ҳали юзларига фотиҳа тортишга улгурмасидан яна эшик қўнғироғи жиринглаб қолди.

Бу сафар Фарангиз Бўрон акаси келганини ичида башорат қилиб ўрнидан турди. Аммо у адашган эди. Адашганини эшикни очиб Фароғат кундошини кўргандагина билди. Юзи қизарди, вужудида титроқ турди.

— Келинг, — деди Фарангиз зўрға тили айланиб.

— Келдик, — Фароғат Фарангизга бошдан-оёқ қараб чиқди. — Сиз ким бўласиз?

— Олиб келишганди, — Фарангиз беихтиёр ерга қаради.

— Ҳимм, мардикормисиз?

Фарангизнинг юрагига биров пичоқ санчгандай сапчиб тушди. Киприкларини пирпиратиб рўпарасида афтини бужмайтириб турган аёлга қаради. Нима деб жавоб берсин? Вазиятдан қандай чиқиб кетсин? Қанийди, эрингнинг хотини бўламан, деб айта олса-ю, шу билан елкасидан босиб, эзғилаб турган юк ерга тушиб чилпарчин бўлса ва у енгил тортса. Лекин бунга унинг журъати етмайди. Журъати етганда ҳам ақли, фаҳм-фаросати бунга йўл қўймайди: гўёки бир умрга мана шундай яшашга маҳкумсан, деяётгандай.

— Ҳа-а, нега чурқ этмайсиз?! — деди Фароғат рўпарасида мум тишлаб турган жувонга еб қўйгудек тикилиб.

— Шундай, ўзим... — деди зўрға Фарангиз, — мардикор аёлман.

— Сендан бошқа тузукроқ одам қуриганмикан эшикни очишга? — деди бирдан сенсирашга ўтган Фароғат кўнгли алланечук хотиржам тортиб.

“Тузукроқ одамлар шунга лойиқ кишилар келса очади-да”, хаёлидан ўтказди Фарангиз, бироқ дилидагини тилига кўчирмади.

— Мен шу атрофда эдим, — деб қўя қолди.

— Қоч!

Фароғат уни четлаб ичкарига кириб кетди.

Эшик қўнғироғи товушини эшитганидаёқ Шаҳло: “Ким келсаям майли, фақат Фароғат кеннойим келиб қолмасин-да”, деган хаёлга борган эди. У билан амакисининг кейинги хотини дуч келиб қолса қандай аҳволга тушишини ўзича тахмин қилганди. Мабодо Фароғат келинойиси ўзининг кундоши шу аёл эканлигини сезиб қоладиган бўлса, нималар содир бўлишиниям тасаввур қиларди. Ҳали келин бўлиб тушишга улгурмасидан Шаҳло Муроднинг оиласидагиларга керагидан ортиқ шарманда бўлди. Устига-устак, ҳозир соч юлиш, бақир-чақир бошланиб кетса борми, қиёмат қўпчиди, деяверинг. Агар, Худо кўрсатмасин, шунақанги воқеа содир бўладиган бўлса, у Муродга турмушга чиқмайди. Майли, иффатини йўқотган, бошқага эрга тегиши чекланган бўлса ҳам. Чунки атрофида бўлаётган воқеалар олдида унинг аҳволи бирмунча дурустдай туйилди ўзига.

Фароғат эшикни очиши билан Шаҳло ялт этиб унга қаради. Хаёлидан: “Эй Худо, ўзинг қутқар!” деган ўй ўтди ҳамда ўрнидан туришга интилди.

— Меҳмонлар бор экан-да, — деди Фароғат сохта жилмайиб, сўнг аввал Фотима опага, кейин унинг қизига, охирида Муродга қаради. Фотима опанинг кийинишидан билдики, камбағалгина аёл. Ҳаттоки номига бўлса ҳам, биттагина тақинчоғи йўқ, менсимасдан гаплашса бўлади.

— Ойимнинг танишлари, — деди Шаҳло кеннойисига жавобан бошқа баҳона тополмагач.

— Шунақами? — энсасини қотирди Фароғат. — Ойингнинг барча танишларини танирдим, ҳаммаси ўзига тўқ, бой-бадавлат аёллар эди. Ҳа-а, мен танимайдиган дугоналариям бор экан-да?! Ойингни билган одам бундай дугонаси борлигига сира ишонмайди.

Аёл гапириб бўлгунича Мурод тишини-тишига босди, кейин ташқарига чиқиб кетди. Ортиқ чидаёлмасди. Онасининг шаънига айтилаётган камситишлар унинг юрагини тешиб ўтаётганди. Агар оғзи бузуқ хотиннинг гапини яна бироз эшитса, портлаб кетиши тайин эди. Ўзини тўхтатолмай қоларди.

— Кеккайган бола экан-а, — деди Муроднинг орқасидан қараб қолган Фароғат, — ғинг демасдан безрайиб чиқиб кетди.

— Нима дейиши керагиди сизга? Ойисини ҳақорат қилаётганингиз учун раҳмат айтиши керакмиди? — деди Шаҳло Фароғатнинг кўзига тикилиб.

— Ҳай, ҳай, — деб қизни сўзлашдан тўхтатди Фароғат, — мен ҳали ҳеч нима демадим-ку! Шунчалик азиз меҳмонлар эканлиги тушимгаям киргани йўқ. Ана, биттаси бориб эшикни очди. Сўрасам, “Мардикорман”, дейди. Унинг бир ўзи келмаган бўлса керак, деб ўйлагандим-да.

— Сира хафа бўлганимиз йўқ, — деди Фотима опа орага қўшилиб, — танимасни сийламас, дейишади...

— Тилимиз қичиганди, тишимиз билан босиб қолдик. Бўлмаса, эшикдан келганнинг ҳаммасиям сийланишга лойиқ бўлавермайди, — деб кесатди Наргиза онасининг гапини бўлиб.

— Шаҳло, сенга гапим бор эди, — деди Фароғат гўё Наргизанинг гапини эшитмаганга олиб, — меҳмонларинг билан кейин таништирарсан, юр!

У қизнинг юролмаслигигаям эътибор қилмади. Фақат ўгирилаётиб Фарангизга ўқрайди.

— Ҳозирги мардикорларнинг ҳам бурнидан эшак қурти ёғилади. Гапга қулоқ солгунча, ишини эртароқ битирса ўладими? — деди Фароғат ҳали нотаниш кундошига тегиб кетишдан иргангандай атайин четлаб ўтаркан. Сўнг бехосдан аёлнинг бўйнидаги йўғон тилла занжирга кўзи тушди-ю, ҳеч нарсага тушунмай ҳайрон бўлди: “Мардикор аёлда бу матоҳ нима қилсин? Шундай бойлиги бор аёл мардикорлик қилиб нима қилади? Ёки Хонзоданинг очиқда қолган тақинчоғини бўйнига илиб олдими?”

У Шаҳлони шунчаки вазиятдан қутулиш учун чақирган эди. Ҳаммани лол қилмоқчи эди. Гўё у малика-ю, кириши билан анави ялангоёқлар зир титраб, қўлларини кўксига қўйиб, эгилиб, керак бўлса, тиз чўкиб турадигандай. Унинг ҳар бир айтган сўзини жон қулоқлари билан эшитиб, ҳақоратларини кўнгилларининг малҳами каби қабул қилишларини истаётгандай эди. Буни ўзи ҳам билмасди. Аммо хоҳиши шундай бўлса, у бечора нима қилсин? Лекин умиди зумда чиппакка чиқди. Унинг керилишини биров сариқ чақага олмади. Қайтанга устидан кулишди. Очиқчасига, бетинг-кўзинг дейишмади. Албатта, у бировга ҳақини бериб қўядиган аёллардан эмас, лекин Шаҳло халақит бериб қолди. Шу муштдеккина қизнинг олдида у ўзини босишга мажбур бўлди-я, афсус. Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Биринчи навбатда мардикор хотиннинг бўйнидаги тилла занжирдан бошлайди. Ундан кейин анави ялангоёқларни ҳам Шаҳло орқали ҳайдайди...

Унинг бу режаси ҳам амалга ошмайдиганга ўхшайди. Чунки ташқарида боягина ёнидан без бўлиб чиқиб кетган йигитча асабий ҳолатда юрарди.

Фароғат бир неча сония ташқарида кутиб қолди. Мурод унга еб қўйгудек тикилиб чиқиб кетди.

Шаҳло бўлғуси қайнонаси ва Наргизадан келинойиси учун узр сўраб, деворга суянганча ташқарига йўл олаётганида, Наргиза югуриб келиб унинг қанотига кирди.

— Қизим, сиз шу ерда ўтира қолинг, биз чиқиб турамиз. Айтадиганини уйда айтиб олар. Ташқарида чиройли гулзорга кўзим тушувди, унгача гулларни томоша қилиб турамиз, — деб Фотима опа уни юргани қўймади.

Сўнг ташқарига чиқиб Фароғатга Шаҳлонинг оёғи оғриётганлиги боис чиқолмаганини, бемалол кириб гаплашавериши мумкинлигини айтди. Фароғатнинг энсаси қотди. Аммо Шаҳлонинг ёнига боришга мажбур бўлди.

— Шаҳлохон, — деди юмшоқ курсига ўзини ташларкан, — қаёқдаги хотинларни уйга киргизиб ўтирибсан. Ойингдан сўраганмидинг ўзи?

— Кеннойи, — деди жаҳли чиққан Шаҳло, — шуни айтгани келганмидингиз?

— Вой ўлмасам, бу нима деганинг? Анави мардикор хотиннинг бўйнидаги тиллани кўрдингми? Ҳеч замонда мардикор шунақа зеб-зийнатлар тақиб юрадими?!

— У мардикор эмас, менинг тутинган опам бўлади. Бошқа айтадиган гапингиз йўқми? Тўғрисини айтсам, роса сиқилиб ўтирибман.

— Кет, демоқчимисан?

— Ихтиёрингиз.

— Менга қара! Ойинг, даданг касалхонада бўлганиминан, сен ўзбошимчалик қилолмайсан. Амакингга айтсам, таъзирингни бериб қўяди. Ёшгина қизча кўчада қолган хотин-халажни уйга киргизиб олармиш-у, яқинлари индамасмиш.

— Кеннойи, илтимос, уйингизга боринг. Мендан хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади. Ҳожати йўқ.

— Амакинг атайин ҳолидан хабар...

— Ҳожати йўқ, — деб бирдан унинг гапини бўлди Шаҳло.

— Ўзинг биласан, — деб Фароғат ўрнидан турди.

У кетганидан кейин Шаҳло йиғлаб юборди. Ўпкаси тўлиб ўксиб-ўксиб йиғлади. Хонада ҳеч кимнинг йўқлигидан фойдаланиб, баҳонада ичидагини тўкиб олди.

Аввал Мурод келди. Севгилисининг юм-юм йиғлаётганини кўриб, эсхонаси чиқиб кетаёзди. Дарров унинг қошига тиз чўкиб қўлларини ушлади.

— Нима бўлди? Анави илон чақиб кетдими? Ҳозир бориб бир ёқли қилиб келаман! — деди шошиб.

— Қўйинг, — деди Шаҳло йигитнинг меҳрибонлигидан баттар кўнгли юмшаб, — у ўзи шунақа. Обрўйингизни йўқотасиз. Ана, кетди-ку, энди ҳаммаси изига тушиб кетади.

Ташқаридагилар бирин-кетин кириб келишди. Улар томоша қилган гуллар ҳақиқатан ҳам чиройли эди. Кўрган одамнинг баҳри-дили очилади. Девор тубига қатор қилиб териб қўйилган тувакдаги гулларнинг ўнтасини Содиқ атайин гул дўконидан харид қилиб келган. Улар деярли ҳар куни гуллайди. Пушти, қизил, оқ бўлиб очилади. Лекин бу гўзал манзара ҳам уларнинг баҳри-дилини очолмади. Учовининг ҳам ўй-хаёли уйда эди. Фароғат эшикни тарақлатиб ёпиб қарғанганча кўча тарафга йўл олганидан сўнг бир муддат сўзсиз туришди. Мурод югуриб Шаҳлонинг ёнига кириб кетгач, тағин бироз кутишди. Фотима опанинг сабри чидамади. Гарчи ўғли билан келинининг ёнига айни лаҳзада бориш ноқулай эса-да, Шаҳлони кўриш учун шошди.

Шаҳло эндигина йиғидан тўхтаган, шу аснода уни деб қаҳр-ғазаб отига минган Мурод севиклисини овутиш билан овора эди.

— Муроджон, болам, сен ишингга кетавер. Биз ўзимиз гаплашиб оламиз, — деди онаси ниҳоятда юмшоқлик билан.

— Шу аҳволда чиқмасинлар, озгина ўтирсинлар, — деди Шаҳло Фотима опага ялиниб.

Унинг шаҳло кўзлари жовдираб турар, кўрган одамнинг юрагини эзиб юборарди. Фотима опа билан Фарангиз ўзини тутди. Бироқ Наргиза шунчаки қараб туролмади, Шаҳлони маҳкам қучоқлаб, юзидан ўпди.

— Ойи, — деди кўзлари кулиб турган Мурод, — бир минутгина ўтирай, илтимо-о-ос, ойи!

Унинг бу қарашига кулмасдан илож йўқ эди. Аввал Шаҳло кулди, кейин қолганлар. Шу билан хонадан қайғу ариб, дилни қувонтирувчи кайфият зоҳир бўлди.

Қизига чой дамлашни буюрган Фотима опа Фарангиз билан ҳол-аҳвол сўрашди. Аммо зинҳор унга оғир ботиши мумкин бўлган гапга яқинлашмади (яъни: “Кимнинг аёлисиз, болалар нечта ва ҳоказо”, деб сўрамади).

Ярим соатлардан кейин Мурод ишига жўнаб кетди. Меҳмонлар Шаҳлонинг таклифи билан бошқа хонага ўтишди. Дастурхон тузалди. Бир пиёладан чой ичилди. Гап ўзани айланиб тўйга тақалди. Шунда Шаҳлонинг боши эгилди. Юзига қизиллик югурди.

— Кундан-кунга Шаҳлохонни яхши кўриб кетаяпмиз. Умридан барака топсин. Бирам зеҳнли, бирам ақллики, одам ўзидан ҳам қизғонади-я, — деб Фотима опа мақтаганда, Шаҳло қанот қоқиб учиб кетай деди. Фотима опага ўғринча қараб қўйди.

— Ойи, — деди Наргиза кулиб, — кеннойим уялиб кетаяптилар. Бошқа нарса ҳақида гаплашайлик.

— Ҳаммага шундай гапларни эшитиш насиб этсин, қизим, сенгаям.

— Вой! Ҳали шошмай туринг, ойи, — деди юзидаги табассумни яширолмаган Наргиза, — шунақанги мақтовлар эшитайки, келинингиз чангимда қолиб кетсин.

Кулги кўтарилди.

— Индамаса, ойим, кеннойим ўтирибди, меҳмонлар бор, демайсан-а, — деб қизини койиган бўлди Фотима опа.

— Бегонамасмиз-у, шундай пайтда эркалик қилмаса, бошқа қачон қилади? — деб дарров унинг ёнини олди Фарангиз.

— Кеннойи, юринг ошхонага, гурунглашиб туринг. Мен ўзим овқат қиламан. Қочмасак, ҳозир бошқа нарсаларниям эшитамиз, — деб Наргиза Шаҳлонинг қўлидан ушлади.

Аммо шод-хуррамлик узоққа чўзилмади. Чунки Хонзода ҳаллослаб уйига етиб келиб, эшик очиқлигидан хурсанд бўлиб кетган ҳамда дарров ўзини ичкарига урган эди. У остонадаги бегона оёқ кийимларни кўрди-ю, шу лаҳзанинг ўзидаёқ кайфияти бузилди. “Уйда йўқлигимиздан фойдаланиб, ҳамма қаланғи-қасанғи ин қуриб олганга ўхшайди”, дея хаёлидан ўтказди у.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)