Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

151 full read
258 story viewsUnique page visitors
151 read the story to the endThat's 59% of the total page views
19 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма тўққизинчи қисм)

* * *

Шоҳруҳ қўлидаги телефонни ташлаб югуриб борди-да, ташқари эшикни итарди. Темир эшик қилт этмади. Дарров орқасига қайтиб келиб:

— Бирор чора кўрмасак бўлмайди. Болалар бекорга абгор бўлишади, — деди столга ўтириб пешонасини ушлаб турган Юлдузга.

— Қанақа чора? Ҳамма йўлларимиз беркилди-ку, — деди унга жавобан Юлдуз алам билан.

— Жа унчаликмасдир. Бирорта ёриқ қолдиришгандир, биронта йўлни эсларидан чиқаришгандир?

— Йўл бор. Лекин улар эсларидан чиқаришмаган. Атайин қолдиришган бу йўлни, — деди Юлдуз Шоҳруҳга юзланиб. Йигит унга савол назари билан қараб турарди.

— Амалдорлар билан танишишингиз учун менинг ўрнимга Оксана ўтирди. Оқибатда қанча нарсага чидашимга тўғри келди. Эндиги чидаш навбати сизники.

— Тушунмадим. Нималар деяпсан?! — деди бирдан жаҳли чиқиб пешонаси тиришган Шоҳруҳ.

— Анави падар лаънати нималар деб кетгани эсингиздан чиқдими? Мени кимгадир инъом қиласиз, кейин мушкулингиз осон бўлади.

Шоҳруҳ тутақиб кетмасин деб Юлдуз атайин юмшоқроқ қилиб гапирди. Бироқ шу гапининг ўзи ҳам Шоҳруҳни издан чиқариб юбораёзди. Столнинг устида нимаики бўлса, ҳаммасини ғазаб билан бирма-бир олиб полга уриб майдалай бошлади.

— Бас! — бақириб юборди охири сабри чидамаган Юлдуз. — Нималар қилаётганингизни билаяпсизми?!

— Йўқ, билмаяпман! Билмаяпман, — деди Шоҳруҳ киноя билан, — ҳамма нарсанинг йўлини биладиган, ҳар қандай шароитга мослашиб кетоладиган сиздек хоним билган нарсаларни мен қаёқдан билай?!

— Ўзингизни босинг. Мен, ҳар қалай, ақлимни йўқотганим йўқ. Ҳаммаям Оксана бўлавермайди. Сиз Роман Фёдоровичга қўнғироқ қилиб кўринг-чи, балки бу машмашалардан унинг бутунлай хабари йўқдир. Балки Виталий исмли мараз аввал тўғри ишни қилиб, кейин уни бошқа томонга буриб юборгандир. Бизнинг хабаримиз бўлмагач, қаердан биламиз?

Юлдуз текис, равон сўзлади. Шу қадар бемалол гапирдики, Шоҳруҳ пуфакдай бўшашди. Бояги аламзадалик, ғазаб ўз-ўзидан йўқолди. Йигитда ўзгариш содир бўлаётганини Юлдуз гапини охирига етказмасидан сезиб улгурганди. Ич-ичидан кулди. Шоҳруҳнинг устидан эмас, бутун эркак зотининг устидан, эркакларнинг ожиз ва соддалигидан кулди. Агар замон шу тахлит давом этадиган бўлса, кун келиб ҳамма нарса аёлларга, ҳаттоки бутун халқлар устидан ҳукм ўтказиш ҳам аёллар зиммасида қолишини идрок этди. Аввало, мамнун бўлди. Сўнг хўрсинди. Сабаби, у Шоҳруҳнинг ожиз қолишини сираям истамаганди.

Шоҳруҳ гапирмади. Телефонини титкилаб Роман Фёдоровичнинг рақамини топиб қўнғироқ қилди. Чақирув овози анча давом этди. Шоҳруҳ банкирни ухлаган хаёл қилиб телефонни ўчириб қўймоқчи бўлганида, Роман Фёдоровичнинг хириллаган овози эшитилиб қолди.

— Уйқунгизни бузганим учун узр. Лекин шундай қилишимга тўғри келди, — деди Шоҳруҳ.

— Менинг ёшгина дўстим, сени кўриш у ёқда турсин, овозингни эшитишдан ҳам чўчиб қолдим. Чунки, албатта, бирор фалокатдан хабар берасан, — деди Роман Фёдорович.

— Ўзим ҳам шундан афсусдаман. Аммо иложим қанча? Бу сафар топшириқ ўзимга бўлди. Яъни сизни ўлдиришим кераклигини айтишди. Қўрқитишлар, пўписалар, хуллас, ҳаммасини бошдан ўтказдим. Дарвоқе, Оксананинг қаердалигидан хабарингиз борми?

— Виталий уни хавфсиз жойга олиб кетган.

— Эҳтимол. Аммо унинг ҳолидан хабар олиб қўйсангиз ёмон бўлмасди. Агар сизни бугуннинг ўзидаёқ ўлдирмасам, йигитларимдан айриламан. Ҳозир уларнинг машиналари қуршовда.

Банкир чидаб туролмади. Шунақанги ёмон сўкиндики, Шоҳруҳ эшитиб қолмадимикин, деган хавотирда Юлдузга қараб қўйди. Кейин Роман Фёдорович Шоҳруҳнинг йигитлари қаерда эканлигини айтди. Шу билан алоқа узилди.

— Ана кўрдингизми? — деди йигитга қараб турган Юлдуз. — Роман Фёдоровичнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ. Демак, ҳаммаси анави Виталийнинг иши. Тўйдаги воқеалар ҳам. Хизматкор аёл, Бек унинг қилмишининг қурбони.

— Майли, энди ҳаммасини бас қилайлик. Эртаям бор. Агар бутун тунни шу тахлит ўтказадиган бўлсак, эрта кун бўйи карахт аҳволда юришимизга тўғри келади, — деб Шоҳруҳ юмшоқ оромкурсига бориб ўтирди. Юлдуз ҳам унинг ёнидан жой олди. Бошини йигитнинг елкасига қўйди. Улар шу тахлит ухлаган эдилар. Шоҳруҳ туш кўра бошлаган маҳал эшик шарақ-шуруқ қилиб очилди. Иккиси ҳам бараварига чўчиб уйғонишди. Лекин ўринларидан туришга улгурмасларидан олдинма-кейин уларга таниш бўлган йигитлар, охирида Роман Фёдорович кириб келди.

Шоҳруҳ тушим бўлса керак, деб ўйлади. Шу боис кўзини уқалади.

— Ухлаганмидинг? Қара-я, мени уйғотиб, ўзинг қотган экансан-да, — деди Роман Фёдорович унинг ёнига келиб елкасига қўлини қўяркан. У Шоҳруҳнинг елкасини тутиб ёмон ниятда келмаганлигини билдирди.

— Йигитларингнинг ҳаммаси соғ эканлигини кўриб турибсан, энди улар кетаверишсин, — деб у Юлдузга юзланди. — Юля, оҳ, гўзал қиз, сизни шунчалик овора қилганликлари учун уларнинг териларини шилиб ташласанг ҳам камлик қилади. Сиз ҳам пастга тушаверинг, мен Шоҳруҳ билан ёлғиз қолмоқчиман. Маълум муддат. Кейин у, албатта, ёнингизга тушади.

Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолар экан. Йигитлар бирин-сирин Шоҳруҳнинг ишорасидан кейин ташқарига йўл олган эса-да, Юлдуз қимирламади.

— Эркаклар гаплашишаётганда аёлларнинг иштирок этишини кўпда ёқтиравермайман, қизгинам, — деди унга Роман Фёдорович.

— Лекин биз шу даражага бориб етдикки, салом берган одамни саломдан кейин сўкмадимикин, деб ўйлаймиз, — деб Юлдуз юмшоқ ўриндиққа ўтирди, — бемалол гапираверинг. Мени эшитмаяпти деб ҳисоблайверинг.

— Бўпти, келишдик. Азизлар, мен тайёрман. Бемалол ўлдиришларинг ва кейинчалик ваъда қилинган пулларга эга чиқишларинг мумкин, — деди Роман Фёдорович.

Шоҳруҳ Юлдузга қаради. Иккаласининг нигоҳи тўқнашганидан кейин юзларида табассум пайдо бўлди.

— Калака қилишнинг бошқача йўлини топганингизда бўларди, — деди Шоҳруҳ.

— Унда, — деди кўзларидан ўт сачраб банкир, — сизларга ким буйруқ берганини айтасизлар! Йўқса, мен ўзим иккалангниям отиб ташлайман!

— Сотқинлик қилади деб ўйласангиз, адашасиз! — дея Шоҳруҳ ҳам овозини бир парда кўтарди.

— Сотқинлик қилиб бўлдинглар. Сотқин ҳаммасини охиригача айтади.

— Виталийнинг уйини билсангиз керак...

Роман Фёдоровичнинг пешонаси тиришди. Зеро, у бу номни эшитаман деб сира ўйламаган эди.

— Мен унинг уйини сўрадим. Буюртмачи у, деяётганим йўқ, — деди банкирдаги ўзгаришни кўрган Шоҳруҳ.

Роман Фёдорович жилмайишга уриниб кўрди. Аммо ўхшатолмади. Дарров юзи жиддий тус олди.

— Баъзан қандай даврда яшаётганингни ҳам тушунмай қоласан. Ким сенга дўст-у, ким душманлигини аниқлаш шунчалик мушкулки, ўйлайвериб эсинг кетади. Қани, менга айт-чи, ёшгина дўстим, Виталийнинг уйи сенга нима учун керак бўлиб қолди?

— Бормасам бўлмайди. Хуллас, у ёқдан келаман-у, кейин ҳамма гапни сизга айтаман. Унгача мендан ҳеч нима сўраманг.

— Яхши, келишдик. Аввал биргалашиб юз граммдан ичайлик, ишқилиб, стол устидагиларнинг ҳеч бирига заҳар солинмаганми?

— Менимча, шундай.

— Унда нега шунча идишни синдириб ташладинг? Майли, қўявер, қани, олдик, — деб Роман Фёдорович ароқ тўла қадаҳлардан бирини Шоҳруҳга тутқазди.

Юлдуз бирга кетмоқчи бўлганида, уни Шоҳруҳ қайтарди.

— Сени хавф-хатарга қўймоқчимасман. Илтимос, шу сафар...

Аммо унинг гапи ҳавода қолди.

— Йўқ! — деди Юлдуз қатъий. — Кўп марта ёлғиз қўйиб юбордим. Шу ёғи етарли. Қолаверса, ҳечам зиёним тегмаслигини биласиз.

Шоҳруҳ қўлини икки ёнига ёзиб, Роман Фёдоровичга қаради. Банкир кулди.

— Ҳа, бу қиз ўжарлиги билан доим ўзининг айтганини қилдирадиганга ўхшайди. Бир томондан ҳавасимни келтирди. Лекин иккинчи тарафдан, эрга бўйсунмаслик яхши эмас.

— Баъзиларга ўхшаб отамга қарши бораётганим йўқ, — деди Юлдуз Роман Фёдоровичга ўқрайиб, сўнг ташқарига Шоҳруҳдан олдин чиқиб кетди.

* * *

Оксана қаттиқ маст бўлганлиги боис нималар содир бўлаётганини мутлақо идрок этолмасди. Элас-элас ташқарига чиққанларини, кейин уни машинанинг орқа ўриндиғига ётқизиб қўйганларини эслайди. Қолгани мутлақо хотирасида йўқ. Виталий амакисининг йигирма сотихли жойга қурилган ҳайбатли уйига боргани, уни майса устига ётқизишгани, унинг устидан қўриқчи йигитлар кулганини билмайди.

— Шу ҳолидаям, — деб бақирди Виталий қўлидаги шишадан муздек пиво ичгач, — сенларнинг юзтангдан қиммат туради. Кулишларингга бало борми? Ундан кўра оёғини яламайсанларми?.. Уйни яхшилаб қўриқланглар, тонггача зоғ кирмасин. Оксанани менинг ётоғимга олиб киринглар!

Йигитлардан бири кулди.

— Яхшиси, бассейнда чўмилтирайлик. Кейин ўзиям ўликка ўхшаб ётавермасдан сизга ёрдамлашиб юборарди.

Виталий уни бўралатиб сўкди. Аммо унинг ҳақлигини кейин билди. Тўғри, Оксана унинг бўйнидан қучиб, бир нарсалар деганча ўпмоқчи бўлди-ю, бироқ ҳоли келмади. Юмшоқ каравотда чўзилиб ётаркан:

— Петка, — деди ожиз товушда ва уйқусини давом этказди.

Виталий ҳеч балони эплолмади. Ёши етмишга яқинлашган, барча ёшлик лаззатлари элликнинг нарёғида қолиб кетганди. Бирон натижа чиқишидан умидвор бўлганди. Чунки тўй пайти, ундан кейинроқ Оксанани қучганида ўзида ўзгариш сезганди. Лекин қизнинг бутунлай ҳолсизлангани унинг ҳамма ниятини чиппакка чиқарди.

Бир хаёл Оксанани ювиниш хонасига олиб бормоқчи бўлди-ю, аммо дарров ниятидан қайтди. Шарманда бўлгани қолади, холос. Аммо қанийди, бу ўйлари унинг қариган танасига таскин бўлолса, баттар юрак-бағрини эзғилайди. Хонанинг у бошидан-бу бошига бориб келиб ёшлик даврларини эслади. Турмада ўтирган кезлари ёдига келди. Ўйладики, ўшанда уни совуқ олиб қўйган. Ҳа... Ҳа, у ўшанда ожизланиб қолган. Бунинг ҳам сабаби бор. Битта гуржи саккиз кун азоб берувди. Соқолсизлик ишларига кўнмаганди ўшанда у. Кечки пайт зах жойда яланғоч ўтиришга мажбур қилишди. Орқасидан ўтган совуқ миясигача етиб борди. Ва ўн кунлик “тажриба”дан кейин қувватсизлик касалига чалинди. Мана, оқибати: ҳар нарсага қўли етадиган пайти ҳеч балога ярамай ўтирибди.

Виталий мижжаларидаги ёшни артди. Сўнг нима бўлса бўлар, деб Оксанани қучди. Қиз уйғонгандай бўлди. “Петка, эркатойим”, — деди ҳам. Лекин мутлақо ҳаракат қилмади. Виталийнинг жаҳли чиқиб, уни даст кўтарди. Олиб бориб ювиниш хонасига тиқди. Устидан муздай сув қуйди. Қиз чўчиб уйғониб кетди. Ҳали-ҳамон карахт эса-да:

— Ярамаслар, нима қилаяпсизлар?! — дея чинқирди. — Ҳали ҳаммангни йўқ қиламан. Шамоллатиб қўясанлар!

— Эркатойим, ўзингга келишинг керак, — деди уни эркалаган Виталий.

Юзидан оқаётган сувни қўли билан артган Оксана Виталийни кўрди.

— Амаки, нима қилаяпсиз?! Совқотиб кетдим. Илтимос, иссиқ сувни очинг, — дея ялинди Оксана.

— Оҳ, менинг гўзалгинам, — деб Виталий тунги кўйлагини ечишга сабри етмай, йиртиб ташлади.

Оксана унинг қилиғидан ҳайрон бўлди. Кулди.

— Нима қилаяпсиз? — деди.

Виталий худди ёв қувиб келаётгандай шошарди.

Виталий бошқа мақсадда шошаётганди. Аслида унга ҳақиқатан ҳам ёв яқинлашаётганди. Агар ўзи қўлидан келмайдиган ишни бажаришга бел боғламаганида, соқчи йигитлари пинакка кетишмаганида, эҳтимол, ёвдан омон қолар, яна бир неча йил яшаши мумкин эди. Афсус, ожиз банда бу ҳақда мутлақо ўйламади. Мақсади, ўзига нисбатан ожизанинг кўпроқ меҳрини уйғотиш ва шу баҳонада унинг отасига тегишли мол-мулкка эга чиқиш эди ва... Бу унга мутлақо эришмайдиган бўлди.

Девордан иккита қора шарпа ошиб тушди. Иккаласининг ҳам юзига ниқоб тортилганди. Кийимлари ҳам қора рангда. Ҳар икковининг қўлида автомат бор эдики, уларни кўрган одамнинг эти жунжикарди. Улар бироз энгашганча атрофни кузатишди. Сўнг улардан бири — бақувватроғи бош бармоғини кўрсатиб чироғи ёниқ деразага ишора қилди.

Иккиси ҳам дераза остида пайдо бўлганидан сўнг чироқлар ёруғида кўриниб турган ҳар бир нарса яна бир қур кўздан кечирилди. Бири энгашганди, иккинчиси унинг устига чиқди-да, деразани секин итарди. Бахтига ромнинг бир табақаси очиқ эди. Енгил ҳаракат қилган ниқобли деярли овоз чиқармай ичкарига кириб олди. Ортидан иккинчиси ҳам тепага кўтарилди. Бу ётоқ эди. Тағин жиҳозлар кўздан кечирилди. Кейин шундоққина ётоқхонага қўшни бўлган ҳаммомдан келаётган овозга қулоқ тутишди.

— Ҳали бу қилиғингизни дадам билиб қолса, ёмон қилади, — дерди қиз бола қиқирлаш асносида эркаланар экан.

— Билиши учун шундай қилаяпман. Билиб қўйсин куёвининг кимлигини!

Ниқобдагиларнинг иккови ҳам сўзлашаётганлар кимлигини дарров сезишди. Оёқ учида юриб эшик ёнига келишди.

— Жудаям қарилик қиладиганга ўхшайсан... Шошилма, ана шундай, ақллигинам...

Эшик очилганини на Оксана, на Виталий сезди. Улар ҳамон ошиқ-маъшуқ ўйини билан машғул эди. “Гуп” этган товуш чиқди-ю, Виталий секин бўшаша бошлади. Сувга қон сизиб чиқди.

— Мен сенга айтгандим-ку...

Оксана гапини охирига етказолмади. Пешонасига теккан муздай нарсадан чўчиб кўзини очди. Тепасида иккита ниқобли кишини кўрди. Бақирмоқчи бўлганди, лекин қўрқув овоз чиқаришга қўймади. Ниқоблилардан бири Виталийнинг сочидан ушлаб бошқа томонга ағдарди. Иккинчиси Оксананинг қўлидан ушлаб қулоғига:

— Тур! — дея шивирлади.

Қўрқувдан дағ-дағ титраётган қиз секин ҳаммомдан чиқди. Уни кийинтириб олиб чиқиб кетишди.

Тонг отишига бирор соатлар қолган, бу пайтда Виталийнинг ҳамма йигитлари қотиб ухлашарди. Шу боисдан бирортаси ҳам кириб чиқаётганларни сезмади. Ҳатто дарвоза тепасига ўрнатилган камераларни назорат қиладиган Владимир исмли йигит ҳам.

Оксана машинага ўтиргач, Юлдузни кўриб жаҳли чиқди.

— Нега бундай қилдинглар?! — деди аламидан кўзига ёш олиб.

— Бунисини, — деди ҳайдовчининг ёнида ниқобини ечиб у томонга ўгирилган Шоҳруҳ жилмайиб, — дадангнинг ёнига борганингдан кейин биласан.

— Виталийни ўлдириб қўйдинглар-ку! — деди Оксана қўлларини кўкрагига чалиштириб.

— Ҳечқиси йўқ. Унинг нафас олиш вақти тугаган экан, холос, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

Шу билан Роман Фёдоровичнинг уйига етгунча биров миқ этмади. Ора-чора Оксана бурнини тортиб қўярди. Бу унинг шамоллаб қолганидан дарак берарди. У Виталийнинг ўлимига мутлақо ачинмаётганди. Алам қилгани, дадасининг ҳамма мол-мулкини ўзиники қилиб ололмади. Орзуси армонга айланди. Тўғри, отасидан қанча пул сўраса беради. Лекин доим сўрайвериш жонига текканди. Эмин-эркин, катта-катта нарсаларни сотиб олиб, маза қилиб юришни ўйловди. Ахир, бир ҳафта Гавайи оролларида, иккинчи ҳафта Швейцария ўрмонларида, учинчисида Жанубий Америка ёки араб давлатларининг сўлим гўшаларида айшу ишрат қилиб юриш кимга ёқмайди? Агар Оксанага отасининг ҳамма мол-мулки қолганида, бир умр аёвсиз совурган тақдирида ҳам тугамасди.

— Нималар қилиб юргандинг? — сўради ундан Роман Фёдорович.

— Ишинг бўлмасин! Сенинг қора ишларинг жонимга текканидан одамга ўхшаб яшашни мўлжаллагандим. Барибир, сен менинг шахсий ишларимга аралашдинг. Назаримда, ойимга ўхшаб ўлсамгина қутуламан! — дея Оксана банкирни четлаб ўтмоқчи бўлганида, падари қўлидан ушлаб қолди ва қизининг дағ-дағ титраётганини сезди. Оксана бирдан отасига юзланди. Ундан шунақанги қўланса ҳид келаётгандики, Роман Фёдорович афтини бужмайтиришга мажбур бўлди.

— Бориб яхшилаб чўмил. Кейин ҳамшира қиз кўриб қўяди. Шамоллаганга ўхшайсан. Туш пайти сен билан жиддий гаплашамиз, — деди жаҳл билан банкир ва қизининг қўлини қўйиб юборди.

Қизи кетгач, миллиардлар соҳиби анча вақтгача ўзига келолмади. Қандай ўзига келсин? Ахир куни келиб, ҳамма бойликларини ташлаб кетиши керак бўлган қизи унинг кўз олдида сўлиб бораяпти. Ҳозир унинг қаноти остида шу кўйга тушаётган экан, ёлғиз ўзи қолганида нимани кутиш мумкин? Бунинг чорасини топиш керак. Шундай қилиши лозимки, унинг бутун мол-дунёси Оксана саксонга кирганда ҳам керагидан ортиқ бўлсин. Албатта, бунинг учун ўта ишончли одамни топиши зарур бўлади. У Оксананинг бекордан-бекорга пул сарфлашига йўл қўймасин, шунингдек, ўзи ҳам маълум суммадан ошиғини ололмасин. Аммо ўшандай одам қани? Қаердан топса бўлади уни? Анави бир неча йиллардан бери Швейцарияда яшаётган қизининг севган йигитими? Роман Фёдоровичга қолса, қизини ундайин кўзи оч йигитга турмушга бермасди. Ахир у бир йилга қолмай, Оксанадан ҳамма пулни тортиб олади. Сўнг қизини хору зор қилиб, ҳайдаб юборади. Шошма... Шошма, Роман, мана, ёнгинангда турибди-ку қизингни неча марталаб ўлимдан сақлаб қолган Шоҳруҳ! Унинг кўзларида ёлғончилик, ёвузлик аломатлари кўринмайди. Фақат кимдир тегинса, соғ қўймайди. Лекин у Оксанага уйланолмайди. Сабаби, ёнида бошқа қиз бор. Демак, жуда усталик билан, ҳеч кимга билдирмасдан, ўртадаги ғовни йўқ қилиш лозим. Шундагина ҳамма нарса изига тушади.

Роман Фёдорович қизи билан гаплашгач, қаттиқ ўйга берилиб кетгани боис, Шоҳруҳ билан Юлдуз индамай кутишди. Вақт жуда чўзилди. Тунни деярли мижжа қоқмай ўтказган йигит билан қизнинг уйқуси келди. Шоҳруҳ бир неча марта: “Биз кетамиз”, демоққа оғиз жуфтлади-ю, лекин индамади. Одоб доирасидан чиққиси келмади.

— Оҳ, менинг ёш дўстларим, — деди бирдан юзи ёришган Роман Фёдорович, — сизларга қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмай турибман. Умуман, буни пул билан ўлчаб бўлмайди. Кўриниб турибди, иккингиз ҳам роса толиққансиз. Дам олишингиз керак. Менимча, аввал кофе ичсак яхши бўларди. Уйқуни қочиради. Аммо бунақанги чарчаган одамга кофенинг таъсири бўлмаса керак.

— Раҳмат. Биз кета қолайлик. Кофени кейинроқ ичармиз. Йўқса, мен турган жойимда ухлаб қоламан, — деди Шоҳруҳ ва Юлдузнинг қўлидан ушлади.

Роман Фёдорович уларни ортиқ ушлаб туришга мажбур қилмади. Зотан, унга ҳам шуниси маъқул эди. Чунки режасини яхшилаб пишириб олади. Шундай қилсинки, Шоҳруҳ тинчланиш, Юлдузни унутиш учун Оксанага уйлансин.

Юлдуз машинага ўтиришлари билан Шоҳруҳнинг елкасига бош қўйганча, жонига қасд қилинганидан бехабар, уйқуга кетди.

* * *

Рамиз-Февзи навбатдаги омадсизликдан кейин қўлидаги пиво идишни ерга уриб синдирди. Йигитларига бир-бир қараб чиқди. Қўлини чўнтагига тиқиб тўппончасининг дастасидан ушлади, сўнг қўлини яна чиқариб олди-да, бурилиб хонасига кириб кетди. Ҳовлида икки ёрдамчиси бир-бирларига қараганча қолаверди. Асаблари таранглашди.

— Ўлдираман! — деди Бомба Рамиз-Февзи кириб кетган тарафдан кўзини узмаскан. — Бошқа сабрим қолмади.

— Ўзингни бос, — деди унинг шериги қўлидан ушларкан, — эртага ошнаси Италиядан келади. Агар келиб, мана шу маразни топмаса, ҳолимизга вой. Бу падар лаънати аслида қўғирчоқ. Ҳаммамиз ҳақимиздаги маълумотларни ўша падар лаънатига бериб қўйибди. Мабодо бу эшакка бирон кор-ҳол бўлса, қочган тақдиримиздаям топиб олишади. Уқдингми, Бомба?!

У гапини тугатиши билан Рамиз-Февзи уйдан чиқди. Лабида сигарет, қўлида тўппонча. У бармоғи билан имлаб йигитларини ёнига чорлади. Иккала ёрдамчининг ҳам бирдан дами ичига тушиб кетди. “Тамом, ҳозирнинг ўзидаёқ отиб ташлайди”, деган хаёлга боришди улар. Ва хожаларининг ёнига бир-бир қадам ташлаб боришди.

— Бундан кейин, — деди Рамиз-Февзи, — банкир билан унинг қизини кузатиш учун тўрт кишини қўясизлар. Уларга топшириқ: биринчи имкониятдаёқ ота-болани йўқ қилишсин. Сенлар вокзалга борасанлар. Ҳозиргина хабар қилишди, Тожикистондан мол етиб келибди. Яхшилаб текширинглар, Шиқир афғонникининг ўрнига ўзиникини босворган бўлмасин. Жа устаси фаранг бўп кетишди ярамаслар.

— Хўжайин, — деди ичида қувонган Бомба, — афғонникиниям абжағи чиққан ҳозир. Анави паразитлар босиб олганларидан кейин тоза молни сохталаштириб юборишди. Одам мутлақо кайф қилмайди. Бунинг устига, нархи осмонда. Айтишларича, махсус кимёвий кукун қўшишаётган эмиш.

— Вой ярамаслар-эй, шунча нарсага эга чиқишгани каммиди?! Неча фоиз қўшилма бор?

— Адашмасам, ўттиздан каммас. Эсингизда бўлса, ўтган ойда қоғоз фабрикаси хўжайинининг эркатойига икки доза бергандим, лекин таъсири жуда кам бўлди. У қайтиб сўрамади. Демак, наркоманга айланмаган.

— “Саната”дан беринглар янаги сафар. Ўтган йилгисидан қолганми?

— Ўзимиз учун асраб қўйибмиз. Ундан кейин европаликларнинг қизиқиши катта “саната”га. Икки баробар қимматига сотамиз, хў-жайин.

— Қанча бор?

— Икки юз.

— Оз, лекин ҳозирча етарли. Беш килосини олиб қолинглар-да, қолганини сотворинглар. Ҳа, пул тўғри Кипрга бориб тушсин. Мен ҳисоб рақам бераман. Дарвоқе, “Копток”нинг пуллариям шу ёқда экан. Билинглар-чи, кунига неча фоиздан олаётган экан?

— Хўп.

— Боринглар.

Рамиз-Февзи тўппончасини чўнтагига тиқди-да, хонасига кириб кетди. Пиво ичди. Телевизорда беҳаё фильм томоша қилди. Кейин ўзи ҳам нозик вужудни қўмсаб қолди. Йигитларига топшириқ берди. Улар дарров ўн саккиз-ўн тўққиз ёшдаги қизлардан тўрттасини топиб келишди. Иккитаси сариқ сочли эди. Айнан шуларни олиб қолди.

Бир соатдан кейин толиқди ва ухлаб қолди. Тушига алламбалолар кирди. Қўрқиб уйғониб кетди. Дарров ёстиғи тагидаги тўппончасини қўлига олиб, эшик-деразага қаради. Ҳеч қанақанги хавф йўқ. Ёнида бир сариқ сочли қиз онасидан янги туғилгандек қиёфада ухлаб ётибди. Рамиз-Февзи бошини ёстиққа ташлади. Тушини эслади. Агар ўша воқеа ўнгидан келиб қолса нима қилади? Ахир уни пешонасидан отишди, оғриқ туйди. Жуда ёмон оғриқ, лекин ўлишга улгурмади. Айни нафаси қайтган маҳали уйғониб кетди. Биринчи марта ўлимдан қўрқди. Бундан ҳам даҳшатлиси — хориждаги банкка қўйилган пулни акасига айтолмай кетишдан қўрқди. Пуллар акасининг номида, лекин энг яқин қариндоши буни билмайди. Рамиз-Февзи ўлимидан олдин айтади.

Унинг боши оғриди. Қип-яланғоч қизни турткилади. Сариқ сочлари ёстиқ устида ёйилиб ётган, ажойиб тушлар кўраётганидан юзида ним табассум пайдо бўлган қиз:

— Яна озгина, яна озгина, — деди-ю, ухлашда давом этди.

— Тур ўрнингдан, ярамас! — деб бақирди Рамиз-Февзи. — Бошимнинг оғриғига дори топиб кел!

Бундан бир неча соат аввалги эркалашлар, силаб-сийпашларнинг бари зумда қаҳрга айланди. Қиз чўчиб уйғонди. Шоша-пиша устига ипак халатини илди. Уйқуга тўймаган кўзини ишқалаб, қадамини тезлатди. Чунки бунақа асабийлик билан буйруқ берилганида хонада ортиқ туриш мумкин эмасди. Мабодо озгина туриб қолсанг борми, бошингга итнинг куни тушиши муқаррар эди. Ҳозир эшик остонасига етиб борган Соня буни жуда яхши биларди. Илк келган куни роса калтакнинг тагида қолган.

Ҳали ўн еттига кирмаганди. Дискотекага борувди, чиройи бошига етди. Дарров Рамизнинг одамлари илғаб қолишди-да, хўжайинга инъом қилишди. Албатта, ҳақиқий Рамизга. Иш ниҳоясига етиб, юрак-бағри қонга айланган Соня гарангсиб турганида, Рамиз унга “Йўқол!” деб бақирди. Ўшанда Соня бир муддат туриб қолди. Ҳар дақиқада қаҳр-ғазаби зоҳир бўлиб турадиган Рамиз уни аёвсиз тепкилашга тушиб кетди. Қиз унинг калтакларидан фақат ҳушидан кетибгина қутулди. Кейин бир ҳафта даволанди. Шу-шу, ишрат ниҳоясига етадими, етмайдими, буйруқ берилиши билан югуриб кетадиган бўлди.

Рамиз унга чап биқинидаги нўхатдай холини силатишни яхши кўрарди. Сонянинг қўли ўша жойга текканида у бирдан кўзини юмар ва бир муддат тек қотарди. Лекин орадан маълум вақт ўтгач, негадир ўша хол йўқолиб қолди. Соня бир неча марта холнинг йўқолиб қолганини сўрамоққа оғиз жуфтлади-ю, лекин сўраёлмади. Қўрқди. Кейинчалик эътибор қилса, Рамизнинг хатти-ҳаракатиям сусайгандай. У нега бунақа бўлаётгани ҳақида кўп ўйлади. Бироқ ўйининг охирига етолмади. Сўнг қўл силтади. Агар бундан бир неча дақиқа муқаддам Рамизнинг холини силагани тушига кирмаганида, хол бутунлай эсидан чиққан эди. Ҳозир дорини олиб келгунича шу ҳақда хаёл сурди. Рамиз-Февзи яна бошини ёстиққа ташлагач, чўмилиб чиқиб сочини қуритаётганида, Бомба унинг орқасидан келиб қучоқлади. Соня тек турди.

— Шеф сезиб қолса, иккаламизга ҳам ёмон бўлади, — деди.

Бомба унинг гапига эътибор қилмади. Ютоқиб бўйинларидан ўпишга тушиб кетди. Шу пайт Соня ўзи ҳам сезмаган ҳолда:

— Холинг борми? — деб сўраб юборди.

Бомба дарров қилиғини бас қилиб, қизнинг мовий кўзларига тикилди.

— Қанақа хол? — деди ҳайрон бўлиб.

— Хол... Йўқ, ўзим шундай.

— Бекорга сўрамайсан, гапир.

Соня Рамиз-Февзининг эшигига бир қараб қўйди-да:

— Шефнинг биқинида холи бор эди, негадир ҳозир йўқ, — деди.

— Бошқа жойига ўтиб кетгандир, — дея ҳиринглади Бомба.

— Холини силасам, унга жудаям ёқарди.

— Энди ёқмаяптими?

— Хол йўқ деяпман-ку! Мабодо олдириб ташладимикан?

— Унинг яқин орада дўхтир билан кўришганини эслолмайман, — деди пешонаси тиришган Бомба, — лекин ғалати гапни айтдинг. Аниқлаштираман. Бошқа бировга гуллаб юрма, оқибати ёмон бўлади.

Бомба дарров унинг ёнидан узоқлашди. Одатда, бундай пайтда унинг калласи яшин тезлигида ишларди. Тез фикрлаб, тез қарор чиқарарди.

Холдан хабари бўлган яна бир одам, бу — Рамиз-Февзининг орқасини уқалаб қўювчи семиз хотин. Рамиз уни қаердан, қачон топиб келган — ҳеч ким билмайди. Рамиздан бошқа биров ҳеч қачон унга ўзини уқалатмайди. Сабаби, аёл семиз бўлгани учун бармоқлари шунақанги кучли, чайирки, одамнинг суякларини қасирлатиб юборади. Рамиз унга қандай чидайди, ҳамма ҳайрон. Бироқ охирги пайтларда у ҳам безиб қолган, шекилли, “маcсаж” олмай қўйди.

Бомба тўғри унинг ёнига борди.

— Яхшиям келдинг, зерикиб ўлай деяётувдим, — деди уқаловчи хотин кафтларини бир-бирига уриб ишқаларкан.

— Шеф ҳеч қачон бекор қўймасди-ку, — деди Бомба ўзини ҳеч нарсани сезмаганга олиб.

— Шеф... Шеф охирги марта икки ой аввал орқасини уқалатганди. Ўшанда шунақанги нозиклашиб қолибдики, қиз боланинг баданини ушлагандай бўлдим. Одам жуда ғалати бўларкан. Илгари миқ этмай ётадиган шеф, қўлимни этига сал қаттиқроқ ботирсам, ўкириб юбораверди. Мажбур бўлдим силаб-сийпаб чиқариб юборишга, — деди уқаловчи хотин бир дона сигаретани лабига қистириб тутатаркан, — шу бир-икки кунда ҳайдаб юбормасайди, деган хаёлга бораман баъзида.

— Менимча, озгина тоблари бўлмай қолган. Яна сиз эҳтиётсизлик қилиб, шефнинг энг яқин ёрдамчисига ҳамма гапни айтиб ўтирибсиз.

— Биламан. Лекин қўрқмайман. Нари борса, ўлдириб юборасизлар. Яшаш жонимга тегиб кетган. Ўзимни-ўзим ўлдиришга қўрқаман, сенлар ўлдирсанглар осонроқ бўлади.

Бомба ишшайди.

— Мен, тирик жон борки биздан зир титрайди, деб ўйлаб юрарканман. Аммо, мана, адашганимни билиб турибман. Лекин нима бўлган тақдирдаям тилингизга эҳтиёт бўлганингиз маъқул. Ҳа, эсимдан чиқай дебди, илгари шеф сизнинг ёнингиздан чиққанида жуда хурсанд бўп кетарди. Сабабини ҳеч билолмасдим, — деди.

— Ҳе, — деб кулди уқаловчи хотин сигарета тутунини мароқ билан ичига ютиб чиқараркан, сўнг кулдонга тамакисининг кукунини қоқди-да, бироз ўйланиб тургач, деди: — Унинг холи бор, аммо охирги марта уқалаётганимда ўша холни кўрмадим. Одатда, холга тегинсам, шефнинг нафас олиши тезлашарди. Кўзини юмиб оларди. Ҳайрон қолардим. Одам холдан ҳам кайф оладими, деб.

— Хол қаёққа йўқолди? — сўради Бомба аёлга тикилиб.

— Мен қаёқдан билай? Кайф олиш жонига теккан бўлса, кестириб ташлагандир? Буни қара, умуман ўрниям йўқ.

— Тушунарли, — деб иржайди Бомба, — бизга нима, тўғрими? Майли, мен кетдим. Қиладиган ишларим бор.

— Шошма, орқангни эзғилаб қўяман.

— Ажалимдан беш кун олдин ўлишни хоҳламайман. Бўпти, омон бўлинг, хоним.

У ниманидир англаганидан, тўғрироғи, топганидан жудаям хурсанд эди. Фақат буни охиригача етказиш керак. Аввал уйига бориб, ҳаммасини бир сихга тизиб чиқмоқчи, кейин шунга қараб иш қилмоқчи бўлди-ю, ичидаги ҳаяжони йўл қўймади. Шеф ҳақида кимгадир айтгиси келаверди. Албатта, салгина ортиқча ҳаракати ўзига ёмон бўлишини у яхши биларди. Аммо ким биландир бу ҳақда гаплашиши ҳам шартдай эди унинг назарида. Рамиз мабодо ўзгариб қолган бўлса, манави нусхани тезлик билан йўқ қилиб юбориш керак эди.

У Рамизнинг бошқа бир ёрдамчиси Паровоз — Архатнинг ёнига боришни маъқул кўрди.

Бомба у билан жуда яқин эди. Бомба ўғрилик қилиб қўлга тушганида, Паровоз уни қутқариб қолганди. Мутлақо тасодифан.

Ўшанда Архат ҳали унақанги буюк эмасди. Лекин унча-мунча одамни танир, сўзи ҳам ерда қолмасди. Бозорда Эрондан келтирилган ҳужжатсиз молларни ҳамюрти сотаётганида милиционерлар олиб қўйишган экан, у шу молларни қайтариб олиш учун бўлинмага борди-ю, темир панжара ортида бурни танқайган, сўхтаси совуқ бир нусха ўтирганини кўрди. Индамай ўтиб кетаётганида:

— Ардаш, мени қут-қарсанг, хизматингни қиламан, — деди Бомба (дарвоқе, у ҳали Бомба эмасди, оддийгина киссавур, Тасқара лақабли — Нешон эди) ялинчоқ овозда.

Паровоз унга синчиклаб қарагач, келажакда кўп фойдаси тегиши мумкинлигини англади. Икки юз доллар пора эвазига панжара ортидан олиб чиқди. Кейин ўзи билан бирга олиб юрди, устозлик қилди. Қарабсизки, киссавур Тасқара зумда унча-мунчани йўқ қилиб юборадиган даражадаги Бомбага айланди.

Бомба кириб борганида Архат эндигина ҳаммомдан чиқиб, мириқиб пиво ичиб ўтирарди. Бомба уни кўриши билан хурсанд бўлиб кетди. У билан сўрашар-сўрашмас рўпарасидаги юмшоқ курсига ўтирди.

— Нечук йўқлаб қопсан? — сўради Паровоз қўлидаги идишини стол устига қўяркан.

— Битта иш чиқди, маслаҳатга келдим, — деди Бомба устозига.

— Фойдаси борми?

— Билмадим.

— Билмайдиган нарсангни мендан сўрайсанми?

— Сўрамасам бўлмайди. Икковимизгаям тегишли.

— Қани, айт-чи, — деб Паровоз сигарета тутатди (дарвоқе, у Паровоз лақабини бир дона сигаретани тўрт марта тортишда тугатиши ва ичидан бурқситиб тутун чиқаргани учун орттирганди).

— Ўзимизми? — деб Бомба атрофига аланглади.

Архат унинг нима демоқчилигини дарров тушунди ва “йўқ” дегандек бош чайқаб, стол устида турган идишга қўлини узатди. Пиво ичди. Бомба билдики, гапириб бўлмайди. Аммо айни чоғда бошқача маслаҳат сўраши керак устозидан. Чунки шу ҳақда оғиз очди, “Қулоқ”лар ҳушёр тортгани аниқ. Агар “маслаҳат” ҳақида оғиз очмаса, бу ҳам “катта”га етиб боради. Ундан кейин Бомба портлашга улгурмаслиги, бўлакларга бўлиниб кетиши мумкин.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)