Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

153 full reads
250 story viewsUnique page visitors
153 read the story to the endThat's 61% of the total page views
18 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирма учинчи қисм)

Мурод ҳайрон бўлди ва секин овоз чиқармасдан юриб, унинг ёнига бориб, столнинг устидаги дафтарга кўзи тушди. Олиб кўрди. Турли-туман кўйлакларнинг фасонлари чизилган эди. У мийиғида кулди ва дафтарнинг қолган бетларини ҳам варақлади. Турли ўлчамлар, ранглар, номлар, яна рақамлар. Мурод Шаҳлонинг туни билан ухламаганини сезди. Чунки тўрт-бешта кўйлакнинг ўлчамини чизиб чиқиш ўзи бўлмайдиган иш. Унинг қалбида қизга нисбатан меҳр икки ҳисса ошди. Шаҳлони уйғотиб юбормаслик учун секингина сочларидан ўпиб қўймоқчи бўлди-ю, аммо қўполроқ ҳаракат қилиб қўйди. Шаҳло бирдан бошини кўтарди ва киприкларини пирпиратиб йигитга қараркан:

— Вой, шу ерда ухлаб қолибманми? — деди.

— Хонангга кириб, юмшоққина ўринга ётмайсанми? Қани энди тур, чизма чизаман деб кечаси билан ухламаганга ўхшайсан, кўзларинг қизариб кетибди, — деб Мурод унинг қўлидан ушлади.

— Йўқ, — деди кўзларини ишқалаб Шаҳло, — уйқуга тўйибман. Ишимни охиригача етказолмадим. Эркатойлигим тутиб кетди-да, — деб Шаҳло оқсоқлана-оқсоқлана ювиниш хонасига кета бошлади.

Унинг ортидан термилиб турган Муроднинг юрак-бағри эзилиб кетди. Ўзини шунақанги ёмон кўрдики, ҳатто дунёга келганига пушаймон еди. Ахир Шаҳло шу пайтгача мутлақо кам-кўстсиз яшаган, қийинчилик нималигини билмаган. Мурод эса уни йўлдан урди. Энди эса, азоб исканжаси томон етаклаяпти.

— Ишим юришмаётганини унга бекор айтибман, — дея пичирлади.

Бироздан кейин Муроднинг синглиси Наргиза ҳам уйғонди. Ювиниб келиб, акасининг ёнидаги бўш столга ўтирди ва Шаҳлога қараркан:

— Иккалаларинг ҳам ухламасдан гаплашиб чиқдингларми, нима бало? — деди.

У гўзалликда Шаҳлодан қолишмасди. Айниқса, қадди-қомати шунақанги келишган эдики, йигитларнинг кўзини ўйнатарди. Киприклари узун. Юзида кулгичи бор. Бунинг устига, қиз тушмагур, усталик билан ойиси ва акасига сездирмасдан қошини ингичкалатиб, чиройини икки ҳисса оширарди.

Ҳозир у Шаҳлога ола қараш қилаётганди. Хаёлида тўйсиз, никоҳсиз уйларига келиб олган бу ойимча ойисининг йўқлигидан фойдаланиб, туни билан акасини силаб-сийпаб чиққан, деган фикр бор эди. Шунинг учун ҳам гарчи Шаҳлонинг ёнидаги стул бўш бўлса ҳам, унинг ёнига ўтирмади.

— Мен-ку, тошдай қотдим, — дея энди гап бошлаган Муроднинг гапини Наргиза давом эттириб кетди:

— Бўлажак кеннойим тепангизда ухлашингизни томоша қилганлар.

Шаҳло ялт этиб Наргизага қаради. Ранги бирдан оқарди.

Мурод пиёлани тўқ этказиб стол устига қўйди-да, ўрнидан турди. Тез-тез юриб, меҳмонхонадан Шаҳлонинг дафтарини олиб келиб Наргизанинг қўлига тутқазди.

— Бир очиб кўр-чи, — деди жаҳл билан.

Акасига ўқрайиб қараган Наргиза секин дафтарни варақлади ва кўзи турли кўйлаклар чизмасига, моделларига тушди.

— Бунча чиройли! — деб юборди беихтиёр. — Қаердан олиб келдингиз бу чизмани, ака?

— Сен пишиллаб ухлаётганингда, бўлажак кеннойинг мижжа қоқмай чизиб чиққан.

Наргиза бирдан Шаҳлога қаради ва ҳозиргина ўзи силтаб ташлаган қизни боши эгик ҳолда кўрди.

— Узр, — деди паст овозда, — мен билмабман.

— Ҳечқиси йўқ, — деб Шаҳло Наргизага юзланди, — аста-секин кўникаяпман. Фақат ўзимдан кўпроқ хафа бўляпман. Чунки бошқалар нотўғри ўйлашини ҳисобга олмабман.

Наргизанинг устидан биров муздай сув қуйиб юборгандай бўлди. Юзи қизарди. Хаёлида бу қиз барибир алдаётгандай туйилаверди.

— Вақти келса, ҳунарингизни мен ҳам ўрганиб оламан... Тўғрироғи, ўргатасиз, хўпми? Мен ҳам бировларнинг уйига борганимда кечаси билан ухламай, ҳаммасини қойил қолдираман, — деди у.

— Бўлди, бас. Тез чойингни ич-да, бориб ишингни қил, — деди унга ўқрайиб қараган акаси.

Мурод ишга Шаҳлонинг чизмаларини олиб кетди. Эшикдан чиқаётиб унга кўзини қисиб:

— Энди ишимиз зўр бўлиб кетади, кейин никоҳдан ўтамиз, — деб кулиб қўйди.

Жавобига қиз табассум ҳадя қилди. Айни чоғда энтикканидан қизнинг кўзларига ёш тўлганди-ю, бироқ буни Мурод кўрмади. Чунки у ўгирилиб, шошганча зинадан тушишга улгурган эди.

Мурод фирмада ишлаётган қизларга бошқа ҳамма юмушларини йиғиштириб, Шаҳлонинг кечаси билан чизиб чиққан андозалари асосида кўйлак тикишни буюрди. Ўзи ҳеч қаёққа бормай, ҳали у тикувчининг, ҳали бунисининг тепасида тикилаётган кўйлакларни кузатиб турди. Ўша куни кечгача ўнта кўйлак битди. Эртасига Мурод уларни бозорга олиб борди. Бироқ савдо барибир яхши бўлмади. Биринчи куни зўрға икки донасигина сотилди. Кайфияти бутунлай тушиб кетган Мурод уйига келиб омадсизликдан бошини эгиб ўтирди. Уни кўрган Шаҳлонинг юраги эзилди. Келиб Муроднинг рўпарасидаги столга ўтирди.

— Бўлмадими? — сўради севгилисига ачиниб.

Мурод бошини чайқади ва кираверишдаги эшик ёнида турган сумкани кўрсатди. Шаҳло ўрнидан турди, аммо уни очиб кўришга улгурмади. Ундан аввал хонасидан чиқиб келган Наргиза: “Нима бу?” — дея сумкани титкилай бошлади. Ҳаво ранг кўйлакни қўлига олди. У ёқ-бу ёғини кўрганидан кейин кўзи ёниб кетди.

— Вой-бўй, намунча чиройли! — деди.

Мурод унга ялт этиб қаради.

— Лекин биров сўрамади. Ҳеч кимга кераги йўқ экан, — деди у аламли товушда.

— Йўғ-э?! Бунақанги фасондаги кўйлак, менимча, ҳали бозорда бўлмаса керак. Бунинг устига, бичимининг чиройлилигини қаранг. Кўрган қиз ёпишиб қолади, — деди кўйлакни кўздан кечиришда давом этган Наргиза.

— Агар туркча моделдаги кўйлак билан бу ёнма-ён қўйилса, қайси бирини танлардинг? — сўради акаси ундан.

— Биринчидан, турецкий билан бизникининг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Улар кийган аёллар кўйлагини бизникилар кийишмайди. Бизникини эса улар. Мабодо кийишганда ҳам, мен худди мана шу кўйлакни танлаган бўлардим. Буни мен сизга акам бўлганингиз учун айтмаяпман. Шунчаки ўзимнинг холис фикрим... Шошманг, сотилмади, дедингизми? Хўш, акажон, агар сотиб берсам, мана шу қўлимдаги менга совғами?

— Совға, — деди Мурод.

— Ўғил бола сўзидан қайтмайди. Буни уйда қолдираман. Қолганини, ҳозир айни муддао, Гуляникига обораман. Уларникида опасининг “гап”и бўлаяпти, — дея ўзига-ўзи гапирган Наргиза шошганча хонасига кириб, ҳаво ранг кўйлакни қўйиб чиқди. Сўнг акасидан кўйлакларнинг нархини сўраб билгач, сумкани кўтариб ташқарига чиқиб кетди.

Мурод билан Шаҳло эса унинг ортидан ҳайрон бўлиб қараб қолишди. Бир муддат ўтиб, уй ҳовлисида гаплашиб ўтирган Фотима опа кириб келди.

— Нима бўлди? — сўради у эшикдан кирар-кирмас. — Наргиза қоп кўтариб чиқиб кетди. Сўрасам, «Гуляларникига», дейди.

— Мен опкеган кўйлакларни «Сотиб бераман», деб чиқиб кетди. Бозорда ўтмади. У бўлса ўртоқларига кўрсатиб, дарров сотворармиш, — дея Мурод стол устидаги чойдан ҳўплаб қўйди.

Унинг гапи Шаҳлога жудаям оғир ботди. Титраган кўйи оқсоқланаркан, деворни ушлаганча хонасига кирди. Ўзини каравотга ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Овозини чиқармоқчи эмасди. Аммо чидолмади. Ичидаги ингроқ товуш торларини чертиб юборди.

Ошхонага кирмоқчи бўлган Фотима опа қизнинг йиғисини эшитиши билан бирдан тўхтади. Эти жимирлади. Кейин бир-бир босиб, бошини эгганча пиёлани айлантириб ўтирган Муроднинг ёнига келди. Унга бироз термилиб тургач:

— Шаҳлога нима бўлди? — дея сўради.

— Билмадим, — жавоб қилди йигит эрмагини давом этказаркан.

— Йиғлаяпти-ку?!

Мурод бошини кўтарди, онасига қаради.

— Нега? — сўради гўё ҳайрон бўлиб.

— Негалигини сендан сўрамоқчиман, болам.

— Кўйлакларни у чизган андоза бўйича тиктирувдим, бозорда ўтмади. Шунга алами келган бўлса керак-да.

— Ҳеч нима демаганмидинг?

— Йўқ.

Бир муддат ўғлига термилиб турган Фотима опа қизи билан Шаҳлога ажратилган хонага кирди ва каравотнинг бир четига омонатгина ўтирди. Шаҳло хонага кимдир кирганини сезиб, бирдан ўрнидан турди-да, шоша-пиша кўз ёшини артди.

Фотима опа ўғлига тикилгани каби унга ҳам нигоҳ ташлади. Шаҳлонинг юзига тушиб турган бир тутам сочини тўғрилаб қўйди.

— Ойижон! — деганча Шаҳло кўнгли бўшаб яна йиғлаб юборди.

— Қўйинг, қизим, йиғламанг. Ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, — дея уни юпата бошлади аёл.

Шаҳло бирдан унинг бағрига ўзини ташлади. Ҳиқиллаб йиғлашдан тўхтамади.

— Шу кўйлакни деб, йиғлаш яхшимас. Бу сафар бўлмаса, кейингисида бозорнинг олди бўп кетади, қизим. Йиғламанг. Ундан кўра, юринг, биргалашиб чой ичамиз. Муродниям ўзим яхшилаб таъзирини бериб қўяман.

Шаҳло Фотима опани ҳар доимгидан-да кўпроқ яхши кўриб кетди ва дарров ўрнидан турди.

Қайнона бўлмиш қизнинг қўлидан ушлаб олган эса-да, Шаҳло оқсоқланарди. Юриши эриш туйилиб, ўзига-ўзи ёқмай кетаётган эди.

Улар ҳали бир пиёладан чой ичиб улгурмасларидан, ҳовлиққанча Наргиза кириб келди уйга.

— Ака! — бақирди у бўсағада туриб.

Мурод бирон кор-ҳол бўлдимикин, деган хаёлда ўрнидан дик этиб турди ва кўча эшиги томон югурди.

— Тинчликми?! Қоронғи тушиб қолганида бало борми сенга кўчада?! — деб бақирди у синглисини кўрар-кўрмас.

— Вой, нималар деяпсиз? Кўйлаклардан яна борми? Етмади. Гапдагилар талашиб қолишди, — деди югуриб келганидан ҳансираб нафас олаётган Наргиза.

— Йўғ-э?! — деди ҳайратдан кўзи олайган Мурод.

— Рост, мана, — деб бир сиқим пул кўрсатди Наргиза.

— Унда, ўзингга олиб қўйган кўйлагингни обориб сотиб кел. Мен сенга эртага бошқасини тиктириб бераман.

— Бекор айтибсиз. Ўзим эртага кийиб, қизларнинг кўзини ўйнатаман, — деди Наргиза ва Шаҳлога қараб, — кеннойи, минг-миллион марта раҳмат, — дея дарров оёғидаги крассовкасини ечиб ичкарига кирди-да, телефоннинг ёнига бориб рақам терди. Кейинги йўлакдаги қўшнисига кўйлак тугаб қолганини, эртага, албатта, олиб келиб беражагини айтди.

Шаҳлонинг юраги гупиллаб урар, ҳаяжондан ўзини қўярга жой тополмасди. Наргиза топиб келган хабар худди унинг тушида бўлаётгандай эди.

Стол устига қўйилган пулнинг чўғи анча баланд эди.

— Биронтаси адашиб кўпроқ бериб юбордими? — сўради Мурод.

Қўшнилар кўйлакларни кўришгач қандай ҳайратланишганини, иккитаси битта кўйлакни деб уришиб қолаёзганларини ойиси билан Шаҳлога гапириб бераётган Наргиза бирдан сўзлашдан тўхтади.

— Ака, мени гўл деб ўйлаяпсизми? Нима, айтган нархингизда сотиб келишим керакмиди? Устига ўзимнинг ўн фоизимни қўйганман. Беш минутда битта кўйлакка эга чиқдим, ҳам битта соткали бўлволдим. Қалай, боплабманми? — деди у ғўдайиб.

Ҳамма унга анграйиб қолди.

— Вой, пишиғ-эй! Қойил! — дея бошини сарак-сарак қилди Мурод. — Балки ҳақиқатан ҳам кўйлакнинг ўзини олиб қоларсан, эртага...

— Йўқ-йўқ. Яна бир марта йўқ. Насияни шайтон чиқарган. Эркак бўлсангиз, сўзингизда туринг... Эртанги заказниям олиб келишни эсингиздан чиқармассиз? — деб Наргиза ёнида турган Шаҳлонинг елкасидан қучоқлади. — Сизга ко-о-о-тта раҳмат.

* * *

Бек саросималанди. Юзи қизарди. Шоҳруҳга тик қаролмай кўзини олиб қочди. Юлдуз эса ўрнидан туриб ўтирди. Аразламоқчи эди, бўлмади. Барибир юзида табассум пайдо бўлди. Шоҳруҳ буни бошқача тушунди. Яъни унинг назарида, айбини яширмоқчи бўлиб, атайин жилмаяётгандай эди қиз.

— Хайрият, — деб аввал сўз бошлади Бек, — кутавериб кўзимиз саккиз бўп кетди-ку!

— Шуни маслаҳат қилаётганмидинглар ёнма-ён ўтириб? Мен бўлсам ҳовлиқиб келибман, битта-яримта бемаза Бекнинг шаънига ёмонроқ гап айтиб қўйдимикин, деган хаёлда.

Юлдузнинг жаҳли чиқиб кетди. У нима умидда Шоҳруҳни кутганди-ю, кутгани келиши билан қаёқдаги гапларни айтаяпти.

— Ташқаридан келдингизми ёки осмондан тушдингизми? — сўради у кесатиқ аралаш Шоҳруҳдан.

Шу гап ҳам Шоҳруҳга таъсир қилди. Назарида, бу олифта қиз кўзбўямачилик қилаётгандай эди.

— Тушундим. Кутилмаганда келишим озгина ноқулайлик туғдирганга ўхшайди. Қойил, қаердан келганимни ҳам сезмабсиз-а, хоним?

— Ташқаридаги тўполонни кўрмадингизми? — деди Шоҳруҳдан мутлақо бунақанги гапни кутмаган Юлдуз. — Ҳаммамиз қирилиб кетишимизга озгина қолди-ю, сиз бўлсангиз қаёқдаги гапларни гапирасиз!

Шоҳруҳ қизга бир муддат термилиб қолди. Сўнг шахт билан хонадан чиқиб кетди.

Йигитлар унинг чиқишини кутиб туришган экан, шекилли, бирдан атрофини ўрашди. Шоҳруҳ ҳайрон бўлиб ҳар бирига қараб чиқди.

— Нима бўлди ўзи? — сўради жаҳл билан.

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Йигитларнинг бари мум тишлагандай эди гўё. Уларнинг жим туришлари Шоҳруҳни баттар асабийлаштирди.

— Ким ўлди, нима портлади? Гапиринглар, тилларинг борми? — деди у жаҳл билан.

— Унда эшитинг, — деди Юлдуз.

Шоҳруҳ миқ этмай, жаҳл қилиб чиқиб кетгани Юлдузни қаттиқ ранжитганди.

— Ким деб ўйлаяпти бу ўзини? — дея унинг ортидан сапчиб туриб, шоша-пиша кийимларини кийиб, ташқарига югурганди. Таралмаганидан унинг сочлари тўзиб ётарди.

Шоҳруҳ бирдан ортига ўгирилди.

— Сиз кетганингиздан кейин иккита мошинада биз билмайдиган, танимайдиган нусхалар бостириб келишди. Улар кимнингдир ўлигини ҳам олиб келишибди. Биз унинг шахсини аниқлолмаган бўлсак-да, ўз юртимизданлигини ранг-рўйидан билиб олдик. Отишма бўлди. Битта мошинани йўқ қилдик. Лекин иккинчиси қочишга улгурди. Бахтимизга йигитларимиздан биронтаси ҳам яраланмади. Шунинг учун сизнинг келишингизни кутаётгандик. Чунки бу ерда бошқа қололмаймиз.

Юлдуз киприк қоқмай Шоҳруҳга термилиб турарди. Бунинг устига, сўзларида дўқ оҳанги ҳам бор эди. Ана шу нарса унинг ғашига тегди. “Бек билан бунинг орасида нимадир бўлган”, деган ўй ўтди хаёлидан.

— Аллақачон бир қарорга келиб қўйган экансизлар-ку, — деди у иккала қошини бир-бирига яқинлаштириб, — ҳожати йўқ эди мени кутишнинг.

— Шундай қилсак ҳам бўлавераркан. Мен ўтган вақтимизга ачина бошладим.

— Наҳотки?! Мен мазмунли ўтказган бўлсангиз керак, деб ўйлаган эдим.

— Нима демоқчисиз?

— Шундай ақлли қизнинг тушунмаганига ҳайронман.

Юлдуз қизариб кетди. Лаблари титради. Бир хаёл Шоҳруҳнинг юзига тарсаки тортиб юбормоқчи ҳам бўлди. Аммо шаштидан қайтди.

— Сиз билан ичкарида гаплашиб олсак. Менимча, ўзингизга тегишли бўлган гапларни ҳам уялмасдан ҳамманинг олдида вайсаяпсиз! — дея бақирди Юлдуз.

— Шунақами? Бемалол.

Улар ичкарига киришди. Юлдуз ўзини қўярга жой тополмасди. Гоҳ каравотнинг, гоҳ тошойнанинг ёнига борар, ўзича бир нималарни гапирарди.

— Қулоғим сизда, хоним. Қани, нималарни менга айтмоқчийдингиз? — деди Шоҳруҳ.

— Ўйлаб гапираяпсизми ўзи? Нималар деб валдираганингизни биласизми? Сизда бет борми?!

Юлдуз сўзлаётганида титраб кетди. Кўзларидаги ёшни оқизмаслик учун зўрға ўзини босиб турарди у.

— Бегона эркакнинг ёнида бемалол ётишга сизнинг бетингиз чидайди-ю, лекин менинг бетим бўлмайди, шундайми? Бу ерни шунчалик ағдар-тўнтар қилиб кетишган экан, нега бамайлихотир, гўёки байрам бўлиб ўтгандай...

— Бас! — қиз ортиқ чидаб туролмади, ўзини каравотга ташлаб, йиғлаб юборди. Алам билан ўксиниб-ўксиниб йиғларди у.

— Тушунарли. Демак, нозик жойингизга тегиб кетибман-да?! Бир кун бўлмаганимга...

Буниси ошиб тушди. Юлдуз жойидан туришга, Шоҳруҳнинг ёнига келиб унинг юзига шапалоқ тортиб юборишга мажбур бўлди. Йигит турган жойида тарашадай қотиб қолди.

— Нима десангиз денг, лекин Бек билан орамизда сиз ўйлаган нарса бўлгани йўқ. Бемаза ўйлар ҳатто хаёлимга ҳам яқинлашмаган! Сиз бўлсангиз...

— Унда, — деди қўллари мушт бўлиб тугилган Шоҳруҳ, — у номаъқулни еб ўтирганмиди?!

Қиз бошини эгди. Чуқур нафас олди. Сўнг йигитнинг юзига боқди.

— Сиз ҳақсиз, — деди ҳазин овозда, — аёл кишининг ёнида бегона эркакнинг ўтириши мумкинмаслиги хаёлимга келмаган экан. Мени кечиринг!.. Менинг ўйларим ҳам жисмим каби тоза. Ишонинг!..

Янгаси Хонзода Шоҳруҳнинг қўйнига кирмоқчи бўлганди. Агар Шоҳруҳ озгина ўзини бўш қўйганида, нималар содир бўлмасди. Кейин Шоҳруҳнинг егани олдида, емагани кетида бўларди. Кеннойисининг раъйини қайтарди. Ўзига яқинлаштирмади уни. Оқибатда, акаларидан калтак еди. Ўлар ҳолга келди. Энди минглаб километр узоқликда, тушига ҳам кирмаган ишлар билан шуғулланиб юрибди. Юлдуз Бекни «Ярамас!» деди. Қўйиб берса, ҳозир уни балчиққа белаб ташлайди. Ўзи эса бир чеккада оппоққина бўлиб тураверади. Аёллар ўзи шунақа. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Ахир, Оксана бунга яна битта мисол бўлиб турибди-ку!

Шоҳруҳ ўй суриб, Юлдуз уни қучоқлаганини сезмади. Қиз уни ўпишга ҳам улгурди. Аввалига силтаб ташламоқчи бўлди. Кейин миясига бошқа ўй келди. Ўйига исбот топиш учун қизнинг елкаларини, томоқларини ҳидлади. Лекин ўзи қидирган исни тополмади. Бунинг натижасида қиз билан ярашганини ҳам билмай қолди. Ярашмади, балки ҳисоб-китобни кейинроққа сурди. Сабаби, ҳозир бу ердан мумкин қадар тезроқ кетиш керак эди. Рашк бир томондан, иккинчи томондан, иш унинг хаёлини олган эди.

— Хонанггаям кирмасин энди, — деди у.

— Нима десангиз — шу.

Юлдуз жилмайди ва Шоҳруҳнинг юзидан ўпди.

— Нима бўлган тақдирда ҳам, барибир ичимда хурсанд бўлдим. Чунки сиз мени қизғанасиз, — деди у.

Албатта, бу гапларини йигитга ёқсин деб айтди. Бироқ ҳозир унинг ҳар битта ҳаракати-ю сўзлари Шоҳруҳга акс таъсир қилаётганди.

— Шаҳарга бирга борамиз-да, яхшироқ квартирани ижарага оламиз. Йигитларнинг бир қисми шу ерга жойлашади. Қолгани шаҳардан ташқарида бўлади. Ҳозир келаётганимда, қурилиш бўлаётган бир жойдан ўтдим. Бошлиғи билан гаплашаман. Қолган болаларни шу ерга жойлаштириб қўяман. Кейинги ишлар Роман Фёдорович орқали битади, — деди Шоҳруҳ.

Юлдузнинг йигитга нисбатан қаттиқ гапиргани Бекка мойдай ёққанди. Агар иккаласи келишмай қолса, сўзсиз, Шоҳруҳ кетади. Юлдуз унга қолади. Қизни эса бир амаллаб кўнглини олса бўлади. Ҳар қалай, қўлини ушлади-ку. Қўлини ушлатган қиз, вақт ўтиб, кўнглини бериши ҳам ҳеч гап эмас.

Аммо у нияти амалга ошмаганлигини қиз билан йигит уйдан жилмайиб чиққанларидан кейин билди. Аввалига, уй ичкарисидан бақир-чақирлар эшитилганди. Мабодо Шоҳруҳ сўкинадиган ёки шунга ўхшаш гап қиладиган бўлса, Бек ичкарига бостириб кирмоқчи ва у билан ўзи гаплашиб қўймоқчи ҳам бўлганди. Энди эса ҳафсаласи пир бўлди.

— Ҳамма ҳозирча ўзининг иши билан шуғулланиб турсин. Фақат эҳтиёт бўлинглар, бирорта ҳам бегона машинани бу ерга яқинлаштирманглар, — деб буйруқ берди Шоҳруҳ ташқарига чиқишгач.

Сўнг қаёққа кетаётганини айтмай, машинага ўтирди-да, уни ўт олдирди. Юлдуз унинг ёнидан жой олди.

Улар худди оддий севишганларга ўхшашарди. Шоҳруҳ машинани бошқариб кетар, Юлдуз эса унинг елкасига бошини қўйиб олганди. Суҳбатлари ҳам фақат севги ҳақида эди. У ёғи бўлса, нечта фарзанд кўришади, уларни қандай тарбиялашади ва ҳоказо.

Иш тўғрисида сўз очилмади. Чунки Шоҳруҳ шуни истади. Бўлмаса, Юлдуз қаерга боришларини, қанақа уй танлашларини сўраган эди. “Боргандан кейин кўрамиз. Унгача шу падар лаънати бош оғриқлар тўғрисида гаплашмайлик”, дея жавоб қилди Шоҳруҳ. Ва айни пайтда елкасига бош қўйган соҳибжамолнинг муҳаббатга лиммо-лим сўзларини эшитса-да, унинг Бек билан битта хонада ўтиргани сира хаёлидан кетмаётган эди.

Ниҳоят шаҳар бошланди. Шоҳруҳ тез-тез йўл четига нигоҳ ташлаб қўяверди.

— Бирон нима ахтараяпсизми? — сўради ундан Юлдуз.

— Газета сотадиган дўкон қидиряпман. Уйни эълонлардан қидириб кўрамиз. Шунда ишимиз осон битади, — жавоб берди Шоҳруҳ.

Ижарага уй тез топилди. Европача таъмирланган, барча жиҳозларга эга бўлган тўрт хонали уй Юлдузга дарров ёқди. Фақат нархи бироз қиммат эди. Ойига беш юз доллар. Албатта, аввалги ҳолатлари бўлганида, улар яна бошқа квартира қидирган бўлишарди. Энди эса бемалол қурблари етади.

Олдиндан пул тўлангач, ижарачи калитни Шоҳруҳнинг қўлига тутқазди. Юлдуз йигитларни чақириш учун рақам тераётганида Шоҳруҳ унинг ёнига келиб:

— Навбатма-навбат қоровуллик қилишсин. Эртага ўзимиз бориб олиб келамиз, — деди.

Унинг гапини боши билан тасдиқлаган қиз гўшакни кўтарган йигитга ҳамма нарсани тушунтирди.

Кўп ўтмай қоронғи тушди. Шунча кундан бери тинчлик нималигини билмаган Шоҳруҳ чўмилиб чиқиб, егуликлар учун дўконга бориб келди. Сўнг телевизор қаршисига михланди. Юлдуз овқат тайёрлади.

Стол усти мўъжазгина безалди. Юлдуз ёш келинлар каби севгилисини ўзи овқатлантирмоқчи эди. Лекин Шоҳруҳнинг ўзи иштаҳа билан тамадди қилишга тушиб кетди.

— Ҳай-ҳай, менгаям қолсин, — ҳазиллашди Юлдуз.

— Қолмаса кераг-ов! Чунки бунақанги ширин овқатни ёлғиз ўзим ейишни яхши кўраман-да. Айниқса, мана шундай димлама жону дилим, — деди Шоҳруҳ унга жилмайиб қўяркан.

Ваҳоланки, у Юлдузга қарамаслик учун шундай қилаётганди. Чунки қанча уринмасин, Бекнинг башарасини кўз олдидан кетказолмаётганди. Бунинг устига, Оксана икковининг саргузашти ҳам ҳали-ҳануз ўзини эслатиб турарди. Аслида ана шу сабаб Шоҳруҳ Юлдуз тўғрисида бошқача хаёлга бораётганди.

— Энди ўзингиздан кўринг, — деб Юлдуз йигит томондаги картошкаларни қошиғи билан ола бошлади.

Ҳазил-ҳузул, қизғанишлар билан кечки овқат ниҳояланди.

Олдинда бутун бошли тун турарди. Шоҳруҳ ички туйғуси орқали нималар содир бўлишини туяр, айни пайтда уни истар, ҳам қўрқарди. Бунга эса сабаб ахтариб тополмасди. Кўнглида ишқ олови бор эди. У ўчмайдиган бўлиб, мангуга ёнган. Бироқ унинг гуркираб кетишини ҳозирдан истамаётгандай эди. Албатта, бунга Оксана билан бўлган лаҳзалар ҳам маълум маънода таъсир қилаётганди. У ҳозир тез-тез Оксананинг қарашлари, эркаланишларини эслар, бунга ўз-ўзидан Бекнинг Юлдузнинг ёнида ўтиргани қўшилиб кетаверарди.

Шоҳруҳ ана шундай кайфиятда турганда, телевизорда ошиқ-маъшуқларнинг ишқий саргузаштларини кўрсатиб қолишди. Бунга қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам нигоҳи тушди. Сўнг улар бир-бирларига қарашди. Юлдузнинг юзига қизиллик югурди. У секин стол устида турган чойнакни олиб ошхона тарафга кетди.

Бир муддатдан кейин ошхона томондан жўмракнинг очилгани ва сувнинг шилдирагани эшитилди. Шоҳруҳ қулоқ тутди. У қиз тезроқ идишларни ювиб бўлишини кутаётганди. Негадир сув оқишида ўзгариш сезилавермади. Ўрнидан турган Шоҳруҳ ошхонага борди.

Юлдузнинг қўлида ликопча. У сувга термилганча ўй сурмоқда эди.

Шоҳруҳ унинг елкасига қўлини қўйди. Қиз шу заҳоти унга ўгирилди. Нигоҳлар тўқнашди. Сўнг лаблар бир-бирига жипслашди.

* * *

— Нима дединг? — деди титраб кетган Хонзода ўғлига нафрат билан қараркан. — Ким мараз?!

Жаҳонгир унга бепарво қараб турди-да, бурнини жийирди. Сўнг қўлидаги шишадан яна бир қултум ароқ ютди. Шайтон сувининг аччиқлиги унга мутлақо таъсир қилмади. У ҳўл бўлган лабини енгига артаркан:

— Аслида, — дея кўзини сузди Жаҳонгир, — бундан баттарига лойиқсиз-у, ойим бўлганингиз учун айтмадим-да.

У ғирт маст эди. Бироқ сўзлари дона-дона, гаплари равон чиқди.

Хонзода тарашадай қотиб қолди. На бирорта хатти-ҳаракатга ва на бирон нима демоққа тили айланарди унинг. Гўё эшитгани-ю, кўраётгани тушида кечаётгандай эди. Қараши маънисиз, тирик жонникига сираям ўхшамасди.

Жаҳонгир шишасини гилам устига қўйди. Сўнг ўзи ҳам чордана қуриб ўтирди. Ундан кейин амаллаб чўнтагидан бир дона сигарета олиб тутатди. Мириқиб тутунни ичига ютди. Шунгачаям Хонзода қаққайиб тураверди.

— Қақ...қақ... қаққаймай, салат-палат қилиб берсангиз ўласизми? — деди Жаҳонгир.

Энди ғўлдираб қолганди. Ҳар-ҳар замон кўзи юмилиб кетаётган эди. Лекин у эндиги гапи билан ойисини ўзига келтирган эди. Ва шунинг билан бирга гиламга ағанаб хуррак ота бошлаган, қўлидаги сигарета эса гиламни куйдираётганди.

Хонзоданинг жони ҳалқумига келди.

— Ярамас! Эшак, ит, ҳайвон! — дея чинқирди у ва ўғлининг қўлидаги сигаретасини олиб ташқарига улоқтириб юборди. Кейин эса аямасдан тепкилашга тушиб кетди. Лекин унинг тепкилари Жаҳонгирга зиғирча бўлсин таъсир қилмади. Гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига ағдарилар, лекин кўзини очай демасди. Аммо қўлидаги шишани қўйиб юбормас, ароқ эса қулқуллаб тўкилмоқда эди.

Хонзода шишани деворга уриб, чил-чил синдирди, сўнг кўзига кўринган бошқа буюмларни ҳам улоқтира бошлади. Уларнинг орасида, албатта, ўзининг сумкаси ҳам бўлиб, ичидаги барча нарсаси сочилиб кетди. Аёл булар билан ҳам қаноатланмади. Натижада ошхонадаги, меҳмонхонадаги идишлар ҳам турли томонга улоқтирилди. Шиша, чинни идишлар бўлакларга бўлиниб кетди. Ундан сўнг навбат пардаларга етди. Йўқ, булар ҳам унинг жазавасини босолмади. “Ҳозир! Ҳозир!” — деди у бақириб ва югурганча ертўлага тушди-да, идишдаги бензинни олиб чиқиб, аввал ўғлининг устидан сепди. “Ана! — деди у ғолибона қичқириб. — Тўрт соатда қийналиб туққан бўлсам, энди бир минутда йўқ қилиб юбораман! Сен нима деб ўйловдинг? Қўлидан ҳеч нарса келмайди, деганмидинг?! Келганини кўриб қўй! Кейин биласан кимнинг ярамас эканлигини!!!”

Биринчи қаватдаги ҳамма хоналарга шошганча бензин сепиб чиққан аёл ошхонага кириб қўлига гугурт олди. Уни айнан ўғлининг тепасида ёқишни ният қилиб югуриб чиқаётганида, қандайдир эркак кишига урилиб кетди.

— Қоч йўлимдан! — дея чинқириб, халақит бераётган одамни суриб ташламоқчи бўлди-ю, бироқ кучи етмади. — Ғажиб ташлайман! — деб елкаларидан маҳкам ушлаб турган кишининг бақувват қўлларини тишламоқчи бўлди. Аммо шу пайт юзига қаттиқ тарсаки тушиб, орқага тисарилди ва унга ким қўл кўтарганини билиш учун рўпарасига қаради. Қаршисида қайноғаси Бўронни кўрди.

— Мулла ака, қаердан келиб қолдингиз? — сўради ҳайрон бўлиб.

— Келин, томингиз кетиб қолдими?! Нима балоларни бошламоқчисиз?! — деди қошлари чимирилган, қовоқлари уйилган Бўрон.

— Нима қилибман?

— Уйга қўшиб Жаҳонгирни ҳам ёқмоқчимисиз?!

Хонзоданинг бошига биров тўқмоқ билан ургандай бўлди.

— Нега ёқарканман, мулла ака?! — деб гилам устида ғўлдираб ётган ўғлига қаради. Зумда Жаҳонгирнинг айтган гаплари ёдига тушди. Қолганини эслаёлмади. Қўлидаги гугуртни ташлади-да, йиғлаб юборди.

— Мен тамом бўлдим, мулла ака! Тамом бўлдим! Ишонган яккаю ёлғиз ўғлимнинг аҳволини кўраяпсизми? Укангиз касалхонага ётволган, Шаҳлоям, билмадим, қайси гўрга йўқолган! Бир ўзим нима қилай?! Айтинг, нима қилай?! — деб ўкирди.

— Содиққа нима қилди?!

— Авария, мулла ака, авария. Ҳа, худди шундай бўлди. Мошинанинг дабдаласи чиқиб кетган, укангиз бир ўлимдан қолган, жиянларингизнинг биттаси қочиб кетган, иккинчиси алкаш бўп қолган. Воҳай бола, жо-он бола, ўйнаб-ўйнаб, ўйнаб-ўйнаб, қиё боқиб, ошиқларинг, маъшуқларинг ўтда ёқиб! — дея Хонзода қолган гапларини қўшиққа айлантириб юборди ва рақсга тушиб кетди. Шу аснода ҳали ҳам қўлида турган гугурт донасини чақишга урина бошлади. Бўроннинг кўзи олайиб кетди. Бирдан аёлнинг қўлидан гугуртни тортиб олди. Хонзода бўлса шу заҳоти унинг сочига чанг солди. Бўрон қараса, аҳвол чатоқ, келинининг юзига аямасдан кетма-кет тарсаки туширди. Сочлари тўзиб кетган Хонзоданинг бурнидан қон оқди. У ўтириб қолганча юзини кафтлари билан бекитиб, ўкириб йиғлашга тушди. Бўрон бутунлай довдираб қолган эди.

— Нима бўлди сизга, келин?! Нималар қилаётганингизни биласизми?!

Хонзода унинг гапларини эшитадиган аҳволда эмасди. У нияти амалга ошмай қолганидан жазавага тушаётганди.

Бўрон ёнидан телефонини олиб, аввал хотини Фароғатга қўнғироқ қилди. “Тез етиб кел”, деб тайинлади. Кейин ўзининг шаънига бир-биридан хунук қарғишларни ёғдириб ошхонага кирган Хонзоданинг ортидан борди. Шу қисқа муддат ичида келини газ мурватларини бураб улгурган экан. Бўрон тағин Хонзодани уялтирди. Сўнг унинг қўлларини орқасига қилиб боғлаб ташлади.

Бу пайтда Жаҳонгирнинг бироз кайфи тарқаган ва ўрнидан амаллаб турганди. У амакиси ойисининг қўлларини боғлаётганини кўрди. Қизарган, киртайган кўзларини базўр очиб атрофга термилди. Амакиси нега бундай қилаётганига сираям ақли етмади. Билишича, Бўрон амакиси укаларининг хотинларига жудаям хушмуомала эди, доим сизлаб мурожаат қиларди. Энди бўлса, амакиси ойисини чинқиртириб унинг қўлларини боғлаш билан овора.

Бўрон ишини битиргунича у қараб турди. Ҳартугул, маст бўлса-да, ўйлагани амалга ошмаганидан кўнгли бироз таскин топди. Кейин:

— Амаки, нега ойимни боғлаб ташладингиз? — деди турган жойида тебраниб.

Бўроннинг қони қайнади. Бир хаёл, муштдай бошидан пиёнисталикни касб этган жиянини обдан калтакламоқчи бўлди. Бироқ шаштидан қайтди. Ғазабини ичига ютиб:

— Шаҳло қани? — дея сўради.

Жаҳонгир худди бир нима еяётган одамга ўхшаб кавшанди. Сўнг атрофига аланглаб ниманидир қидирган бўлди. У қидираётгани бир неча бўлакларга бўлиниб ётганини кўриб, йиғлаб юбораёзди.

— Амаки, — деди аламдан титраб, — нега шишани синдирдингиз?!

Унинг иккала кўзи ҳам ёшга тўла эди. Бўрон даҳшатдан қотиб қолди. Жаҳонгир ёшлик қилиб озгина ичиб қўйган бўлса керак, деб ўйлаган эди. Ваҳоланки, жиянининг сочлари ҳурпайгани, кийимларининг яғири чиқиб кетгани, қовоқлари шишгани мутлақо бошқа нарсадан далолат бериб турарди.

— Вой аблаҳ-эй! — дея беихтиёр бақириб юборди у ва чидаб туришга ортиқ бардоши етмай, жиянига мушт тушира кетди. Онасининг урганлари чивин чаққанчалик таъсир қилмаганди Жаҳонгирга, лекин амакисининг калтагига чидаб туролмади. Ҳар мушт текканида, зорланиб йиғлар, қочмоқчи бўлар, аммо шуниям уддасидан чиқолмас: “Урманг, амакижон, урманг!” — дея ялинарди, холос.

Бўрон ҳансираб қолганидан, тез-тез нафас олиб, оғзига келган гапни гапиролмади. Сўнг жиянининг сочидан ғижимлаб ювиниш хонасига олиб борди-да, устидан совуқ сув қуйди. Шу тахлит бир қанча вақт ушлаб турди, кейин қайтариб олиб чиқди.

— Жонингиз ачирмиди бировнинг боласига, ўлдириб ташланг, ўлдиринг! Барибир укангиз миқ этолмайди! — деб бақирарди Хонзода ётган жойида.

Бўрон камарини ечиб, жиянининг қўллариниям боғлаб ташлади. Сўнг ташқарига чиқиб, хотини келгунча сигарета чекди. Биттасини тугатиб, иккинчисини тутатди. Негадир юраги эзилиб кетаверди. Узоғи билан бир соатлар ичида унинг бир дона ҳам сигарети қолмади. Ҳовлини эса сигарета қолдиқлари тутиб кетди. Бу вақт оралиғида у неча бор укаси ва унинг хотинини сўкиб олди. Келиши чўзилаётган Фароғат ҳам четда қолмади. Унинг ҳам ота-онасини “сийлов”дан ўтказди. Ниҳоят пешонасига тер тепчиган Фароғат кириб келди.

— Шу пайтгача қайси гўрда эдинг?! — ўкирди Бўрон.

Хотини унга тузук-қуруқ жавоб қайтаролмади. Шу сабаб ҳам уч-тўрт сўкиш билан сийланди.

— Қара, овсининг ҳамма ёқнинг абжағини чиқариб ташлабди! — бақирди Бўрон худди айбдордай қаршисида бош эгиб турган аёлига.

Айнан шу гапни кутиб турган Фароғат ўзини ичкарига урди ва Хонзоданинг қўли боғланган ҳолда уввос тортиб йиғлаётганига гувоҳ бўлди. Унинг капалаги учиб:

— Нима бўлди?! — дея сўради.

— Айтсам, тилим куяди, айтмасам, дилим! — деб чинқирди Хонзода. — Озгина қолди сиз билан кундош бўп қолишимизга, овсинжон!

Фароғат бир қалқиб тушди. Орқага тисарилди. Қошлари чимирилди.

— Нега унақа дейсиз?! — деди вужудига титроқ кириб.

— Уйда ёлғизлигимдан фойдаланиб... Қандай айтсам экан?.. Тилим бормаяпти... Мана, кўнмаганимдан кейин не аҳволга тушдим! Боламнинг аҳволиниям кўрдингизми?! Бу шармандаликка қандай чидайман?! Қандай?!

Ана шу маҳал уларнинг ёнига кўзлари кўкарган, қўллари орқасига боғланган Жаҳонгир келди. Уни кўрган Фароғатнинг кўзи чиқиб кетай деди. Овсинини ўрнидан турғазиш, кишандан озод қилиш ўрнига ташқарига югурди. Ҳали-ҳамон укасининг бўшанглигидан ғазаби келиб, унинг номига ҳақоратлар ёғдириш билан машғул бўлган Бўрон хотинининг ранги оқарганча чопиб чиққанини кўриб, қўрқиб кетди.

— Ўзини ўлдириб қўймабдими?! — деди шошиб.

— Да... да... Дадаси...

— Гапир чайналмай! — дея ўкириб юборди Бўрон.

— Нималар қилиб қўйдингиз?! Келиб-келиб, одам қуригандай, овсинимга ёпишдингизми?! — деди кўзидан ёши дув-дув оқаётган Фароғат.

— Ни-ма?! Нима дединг, сен итдан тарқаган?! Томинг кетиб қолдими?!

— Хонзода ўлолмай ётибди! Мени ерга тиқибсиз-ку! Бундай яшагандан ўлиб кетсам бўлмасмиди?! Шунақаям одам бўладими?!

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)