Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

175 full reads
277 story viewsUnique page visitors
175 read the story to the endThat's 63% of the total page views
16,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Йигирманчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Йигирманчи қисм)

Шаҳло қизариб кетди. У секин Фотима опанинг орқасига ўтиб, Муродга ўғринча қаради ҳамда ўзига термилиб турган йигитга: “Ана энди, айтганларини қилинг”, дегандек кўзлари билан ишора қилиб қўйди. Бир зумгина уни ғам-ташвиш холи қолдирди. Озгина муддат у хурсанд бўла олди. Юраги севинчга лиммо-лим бўлди.

— Унда сизлар билан бир нарсани келишиб олайин. Ойи, айтганларингизнинг ўзи бўлмайди-ку, тўғрими? Менга Ўктам бир иш таклиф қилди. Қисқаси, битта фирма бор экан. Шуни юрғазишим керак эмиш. Ҳар қандай ишни қилиб кетавераман-у, лекин буниси сал бошқачароқ экан. Хуллас, тикиш-бичиш...

— Зўр-ку! — деб юборди Шаҳло кутилмаганда. — Менинг орзуимдаги иш. Ҳам тикувчиликка, ҳам дизайнерликка... — Шаҳло гапираётганида Фотима опа билан Мурод унга тикилиб туришди. Шу боисдан у уялиб кетди. Бошини эгиб, паст товушда: — Ўқигандим-да, — деб қўйди.

— Демак, — деди Мурод кулиб, — иккинчи хоним менинг шу фирмада ишлашимга рози. Биринчи хоним нима дерканлар?

— Шошманглар, — деди Фотима опа нима деярини билмай, — яхшиси, ўтириб гаплашайлик. Сен нима гап-нима сўзлигини тушунтир. Ундан кейин маслаҳатлашамиз. Қани, меҳмонхонага киринглар-чи.

Ўктам нимаики деган бўлса, Мурод ҳаммасини бирма-бир сўзлаб берди. Сўнг ойиси Шаҳлога қаради. Шаҳлонинг ичи ёниқиб кетаётган эди. Чунки агар Мурод шу ишни бошлайдиган бўлса, жон-жон деб ёрдам берар, бунинг натижасида эрта бир кун бойиб кетишларига кўзи етарди. Айни чоғда, у бойишни сира истамасди. Чунки оиласининг пароканда бўлиб бораётганига айнан мана шу бойлик сабабчи эди. Шунингдек, унинг бу фикрига: “Ойи, мана кўриб қўйинг, ҳар қандай одам ҳаракат қилса бойиб кетиши мумкин. Сиз бекордан-бекорга Мурод акамни ҳақорат қилдингиз. Мана, бу кишининг қандай тадбиркорлигини кўриб қўйинг”, деган ўй қаршилик қилиб турарди.

— Ўктам ёмон боламас, — деди Фотима опа анча вақт мулоҳаза қилиб, — Сени жарликка етакламаса керак. Майли, бир уриниб кўр. “Уддалолмасанг, бемалол кетаверасан”, дебди-ку?! Фақат, болажоним, йўқ жойдан бир дунё қарз бўйнингга илиниб қолмасин. Эҳтиёт бўл. Бу — бир томони. Иккинчидан, қўлингда анави пулинг бор. Шуни ишлатгин-да, Шаҳлохонни никоҳлаб олгин. Худо ярлақаб, ишинг юришиб кетса, бир-икки ойда тўй ҳам қиламиз... Қолгани бир гап бўлар.

Шаҳло уятдан ерга кириб кетай деди. Муроднинг ҳам боши эгилди. Чунки Фотима опа сўнгги гапи билан нима демоқчилигини икковигаям билдириб қўйганди. Дарҳақиқат, Хонзода билан тил топишишнинг ўзи бўлмасди. Унинг қизини келин қилиш учун одам ё амалдор ёки яхшигина бой бўлиши лозим эди.

* * *

Уколдан кейин роса ухлаган, ўзига келгач, бир муддат карахтланиб ётган, сўнг бўлиб ўтган воқеалар хотирасига келиб, кўзидан ёш оққан Хонзода ўрнидан туриб, эри ва қизидан хабар олишни хаёлига ҳам келтирмай, касалхонадан ташқарига чиқди. Айни чоғда, қизининг тақдири уни мутлақо қизиқтирмаётганди ҳам. Унинг юрагини ўртаётган нарса — ютқазиб қўйгани эди. Яна келиб-келиб камбағал, ўз таърифи билан айтганда, ялангоёққа ютқазгани суяк-суягигача ўтиб кетди.

Нажотни яна отасидан қидирди. Аввал унинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Ўчирилган. Алам қилди. “Ҳар доим қидирганимда тополмайман”, дея кўз ёшини кафти билан артди. Телефонини сумкачасига солиб, тез-тез юрганча касалхона дарвозасидан чиқиб, такси тўхтатди. Ота уйининг манзилини айтиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Кета-кетгунча йиғлади. Такси ҳайдовчиси бир неча марта ажабланиб, кўзгу орқали унга қараб қўйди. Аммо Хонзода эътибор қилмади. Кўзидан ёшини оқизиб кетаверди. Ора-чора бурнини тортиб қўярди. Гўё атрофида ҳеч ким йўқдай, ёлғиз ўзи ўтиргандай эди.

— Тинчликми? — сўради ҳайдовчи охири сабри чидамай.

Хонзода жавоб қилмади. Сумкачасидан рўмолчасини олиб юз-кўзини артди.

— Кўзингиз қизариб кетибди, — деди кўзгудан нигоҳ ташлаган ҳайдовчи.

— Аҳвол шунақа бўладиган бўлса, қизармаган жойим қолмайди, — деди алам билан Хонзода.

— Бирор ёрдамим керак эмасми?

— Нимаям ёрдам берардингиз? Энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

— Ўлимдан бошқа ҳар нарсанинг давоси бор. Кўринишингиздан истарали аёлга ўхшайсиз. Сиздай аёлни шу даражада хафа қилишга кимнинг ҳадди сиғди?

— Топиларкан шунақалар ҳам. Уйимга, рўзғоримга яхши бўлсин деб, қанча югурсам ҳам, биров билмади. Қайтанга ҳаммага кулги бўлганим қолди.

— Биров алдаб кетдими?

— Ундан беш-баттар бўлди.

— Унда уйингизга борсангиз, эрингиз аҳволингизни кўриб, пичоқ яланғочлаб чиқса керак?!

— Нималар деяпсиз? Қанақанги эр? У ётибди оёғини осмондан қилиб. Парвойи фалак. Менинг ўлиб кетганим билан иши йўқ. Ҳозир дадамнинг ёнига бораяпман. Яхшиям шу дадам бор эканлар. Бўлмаса, ўлиб кетаверсам ҳам бўларди.

— Ҳозир дадангизникига бораяпсизми?

— Ҳа.

— Нима бўлган тақдирдаям бу аҳволда боришингиз яхши эмас. Сал ўзингизга келволиб, кейин борсангиз маъқулроқми дейман.

— Қаергаям борардим? Кимнинг кўзи учиб турибди?

Ҳайдовчи энди аёлга яхшилаб қаради. Унинг бўйнидаги қалин тилла занжирга кўзи тушди. Шу биргина деталнинг ўзи унинг камбағал эмаслигидан далолат берарди. Бунинг устига оппоққина. Ёши ўттизлардан (Хонзода анча ёш кўринарди. Уни кўрган одам ҳечам қирқдан ошган деб ўйламасди. Бунинг учун у мағрурланарди ҳам. Давраларда кибр билан юрар, ўзидан анча ёш эркакларга-да эҳтиросли нигоҳ ташлаб қўйишни унутмасди. Шу билан у дугоналарининг ичини куйдиришни яхши кўрарди) ошган. Бундай пайтда аёл эридан ранжийдиган бўлса, албатта, бошқа бировнинг юпатишига эҳтиёж сезади. Ҳайдовчи Нажимнинг фикри шунақа эди.

— Битта кафе бор. Шовқин-суронсиз жойда. Яна элитний. Салқин. Биров халақит бермайди. Ўтириб озгина дам олсангиз, ҳозирги дилхиралигингиз тарқармиди... Нима дейсиз? — дея савол қотди Нажим.

— Майли, ҳайданг. Тўғриси, шу аҳволимда дадажонимнинг ёнларига борсам, эримни ўлдиртириб юбориши мумкин.

Унинг гапидан Нажим бир қалқиб тушди. Ахир ҳозирги замонда бировни ўлдиртириб юбориш осон иш эмас. Бу ишни қилган одамнинг томири бақувват бўлади. Қўпориб ташлашга унча-мунчанинг тиши ўтмайди. Бундай аёл билан боғланиш бир тарафдан яхшилик олиб келса, иккинчи томондан одамни майиб қилиши ҳам мумкин. Ҳар қалай, эҳтиёт бўлган маъқул.

Нажим ўзи мўлжал қилган жойга Хонзодани олиб борди. Аёл ҳеч нарсага эътибор қилмади. Икки кишилик хонага кириб, оромкурсига ўтирди-ю, уларнинг олдига келган хизматчи йигитга:

— Илтимос, биз меньюни кўриб бўлгунимизча, муздай пиво олиб келинг. “Балтика-9”дан, — деди.

У пиво ичмагунча гапирмади. Нажим ҳам жим ўтирди. У ўзича бўладиган ўтириш неча пулга тушишини ҳисоб-китоб қиларди. Ахир бор-йўғи таксичи бўлса. Куни билан итдай ишлаган тақдирда ҳам қирқ мингдан зиёд тополмайди. Ҳозир бир ўтиришда бунинг барини сарфлаб юбориши мумкин. “Нималар қилиб қўйдим? Индамай уйига обориб қўйиб, пулини олиб кетавермайманми? Йиғласа, эзилса, ундан нарига ўтиб кетмайдими?” — дея хаёл сурар эди у.

Хонзода пивони ичиб бўлганидан кейин ҳақиқатан ҳам бироз бўшашди. Миясини эзғилаётган ташвишлар бироз узоқлашгандай бўлди. Оч қоринга даражаси юқори пиво ичганидан ҳатто кайфи ҳам ошди. Илжайиб, рўпарасидаги ўзидан бир-икки ёш катта одамга қарагач:

— Нега мени бу ерга олиб келдингиз? — дея сўради.

— Кайфиятингиз жуда ёмон экан. Озгина дардингиз енгиллашсин, дегандим.

— Раҳмат, унда танишайлик, менинг исмим Хонзода, — деб аёл эркакка қўл узатди.

Нажим унинг қўлини кафтлари орасига олиб сиқиб қўяркан, исмини айтди ва танишганидан ниҳоятда хурсандлигини яшириб ўтирмади.

— Кўнглимни кўтардингиз. Агар сиз бўлмаганингизда давлениям ошиб, бирон жойда ағанаб қолишим ҳеч гап эмасди.

— Нима бўлди? Эрингизнинг шундай ажойиб хотини бор экан, қандай қилиб бу даражада хафа қилишга ҳадди сиғди? — дея сўроқни давом этказди Нажим.

Хонзода қўл силтади. Сўнг исиб кетаётганини айтиб, нимчасини ечиб қўйди. Лямка кўйлагининг кўкрак қисми кенг очиқлиги боис, эркак зотининг эҳтиросини қитиқлайдиган, хаёлини олиб қочадиган оппоқ, бўлиқ икки “жоду” Нажимнинг кўзини ўйнатиб юборди. Хонзода ундаги ўзгаришни дарров сезди. Хаёлан Содиқни яниди. “Сен ўкситган бўлсанг, бошқа биров кўнглимни кўтаради. Ҳатто мен учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр туради”, дея ўйлади.

— Сиз жудаям малоҳатли экансиз. Айниқса, юзингизда табассум бўлса. Кичкинагина илтимосим, ҳечам хафа бўлманг. Дунё остин-устун бўлиб кетсаям парвойингизга келтирманг. Шунда ҳозирги ёшлигингиз, гўзаллигингиз доим дугонангиз бўлиб юради.

Хушомад Хонзодага хуш ёқди. Уялинқираган киши бўлиб деди:

— Оширвордингиз, қирқдан ошган аёлда чирой нима қилсин? Лекин барибир сизга раҳмат.

— Шошманг, қирқдан ошган дедингизми? Очиғи, ёлғон сизга сираям ярашмаскан. Бошқа ҳар қандай нарсани айтишингиз мумкин, лекин қирқдан ошганман, десангиз ҳеч ким ишонмайди. Узоғи билан ўттизлар атрофидасиз.

Хонзода қиқирлаб кулди. Беш-олти кун бадалига илк маротаба.

— Майли, қўйинг бу гапларни, Нажим ака. Яна биттадан пиво ичайлик. Слабийроғидан. Йўқса, мен маст бўлиб қоламан. Кейин кўтариб олиб кетишингизга тўғри келади.

— Сиздай аёлни машинада эмас, қўлда кўтариб кетса ҳам арзийди.

— Қаерга?

— Дунёнинг нариги бурчагига бўлса ҳам.

— Мен ўзига тортадиган, чиройли аёлманми?

— Ҳеч шубҳа йўқ.

* * *

Шоҳруҳ ўрнидан ирғиб турди. Унинг ранги докадай оқариб кетган эди.

— Бир нарса бўлганга ўхшайди. Телефонга жавоб бермай қўйди. Бориш керак. Оксанага нимадир бўлган! — деб бақириб юборди.

— Бироз кутайлик. Балки бошқа нарса учун жавоб бермагандир. Қизи айтганини қилмагани учун унга шунақа бақиргандир, — деди уни йўлдан қайтармоқчи бўлган Юлдуз.

Агар бошқа пайт бўлганида эди, қиз унинг гапини дарров қўллаган ва ўзи ҳам шерик бўлган бўларди. Лекин ҳозир нимадир унинг юрагини ғашлар, Роман Фёдоровичникига боришга оёғи тортмаётганди.

— Йўқ, Роман Фёдоровичга ўхшаган одамлар биров билан гаплашаётганида иккинчи бир одамнинг сўзини эшитмайди. Кўнглим сезиб турибди, бир гап бўлган.

Қўйиб берса, Шоҳруҳнинг учгудай чоғи бор эди. Унинг хатти-ҳаракатидан қизнинг жаҳли чиқди. Ҳеч бир сўз демай, шахт ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди. Шоҳруҳ унинг ортидан анграйганча қараб қоларкан, эшик ёпилиши билан: “Бир нарса бўлган бунга”, деди паст овозда. Кейин шоша-пиша пинжагини кийди.

У Роман Фёдоровичникига етиб борганида банкир ўзига келган, роса асабийлашганидан тинимсиз сигарета чекарди.

Унга Шоҳруҳнинг келганини айтишганида, аввалига қўл силтади. Кейин худди уйқудан уйғонгандай:

— Ким?! — деди бақириб.

— Анави бола-чи, ярим кечаси келиб оромингизни бузган, — жавоб қилди шотири.

— Тез чақиринглар, — дея Роман Фёдорович қўлидаги сигаретасини кулдонга босиб ўчирди-да, стол устидаги коньякни шишаси билан кўтариб ичди. Сўнг хонанинг у бошидан бу бошига бориб келиб, Шоҳруҳни интиқлик билан кута бошлади. Кутгани эшикдан кўриниши билан қучоғини очди.

— Менинг ёш дўстим, сени кўриб турганимдан бошим осмонда, — деди.

Унинг юзидаги табассумни кўрган Шоҳруҳнинг кўнгли таскин топди. У ҳам жилмайди.

* * *

Оксана сумкачасидан телефонини оламан деб, итини ерга тушириб юборган эди. Бундай бўлишини унинг жони умидида келганлар мутлақо кутишмаганди. Шу боисдан сўнгги тугмачани босишди. Ерга тушган Петка ғингшишгаям улгурмади. Бирдан портлаш содир бўлиб, кучукчанинг боши учиб кетди. Унинг бўйнидаги ҳалқадан учиб чиққан темир парчаларининг иккитаси қизнинг нозик оёқларини ялаб ўтди. У портлашни кўриши билан бақириб, қўлидаги телефонини тушириб юборди. Қўрққанидан ёнига йиқилиб ўзидан кетди. Бирпасда ҳамма ёқда қий-чув бошланиб кетди. Тезда милиционерлар, шифокорлар етиб келишди ҳамда Оксанани касалхонага олиб кетишди.

Роман Фёдорович бир муддат ўзини йўқотиб қўйгач, дарров телефонини қўлига олиб: “Алло, алло”, дея бир неча марта қичқирди. Бироздан сўнг бегона одам телефонга жавоб қилди. У кучукчанинг калласи узилганини, қиз озгина яраланган эса-да, жони омон қолганини айтди. Шундан кейингина бироз ўзига келган банкир Москвадаги танишларига қўнғироқ қилди.

* * *

— Қизингиз соғ-омонми? Телефонда бақирганингизни эшитиб, капалагим учди, — деди Шоҳруҳ Роман Фёдорович билан кўришгач.

— Сенга жудаям катта раҳмат. Агар вақтида хабар бермаганингда, ёлғизгина зурриёдимдан айрилган бўлардим. Кейин бойликларимнинг ҳам кераги йўқ эди. Умуман яшамасам ҳам бўларди... Кучукчаси Петканинг бўйнидаги ипга бомба ўрнатишган экан. Қизим вақтида кучукчасини ерга қўйибди... Ҳозир Оксана касалхонада. Кечки рейсда учиб келади. Айтарли зиён етмаган унга, — деди Роман Фёдорович Шоҳруҳга ўтириш учун оромкурсини кўрсатар экан.

— Тирик қолганидан хурсандман. Лекин мени сизнинг совуққонлигингиз ҳайрон қолдираяпти. Кеча сизга бўлажак хунрезликни айтдим. Аммо ким шунақа иш қилишга тайёргарлик кўраётганини бир оғиз ҳам сўрамадингиз. Ўшанда мен қизингизнинг тақдири билан қизиқмасангиз керак, деб ўйлагандим ҳатто.

— Менинг ўзимга ҳам ёқмайдиган одатим бор. Ҳамма нарсани ўзим билиб олгим келаверади. Бироқ, мана кўриб турибсиз, ўша одат гоҳида панд ҳам бериб қўяр экан. Эҳ, менинг ёшгина дўстим, аслида, Оксананинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уни Швейцарияга жўнатгандим.

— Хўш, душманларингизга ким ёрдам берган деб ўйлайсиз? Ҳар қалай, уларнинг ўзлари қизингизнинг кучукчаси бўйнига бомба ўрнатиб кетишмагандир?

— Унинг ўлигини йигитларим шаҳар чеккасига обориб кўмиб келишди.

— Кимнинг ўлигини?

— Буниси сир бўла қолсин. Ундан кўра менга айт, ўша эшаклар нега ўзимнинг эмас, қизимнинг жонига қасд қилишди?

— Бу саволларни беришга анча кеч бўлди. Энди яхшилаб ўйлаб кўринг. Ахир кимгадир ёмонлик қилганингизни эсингиздан чиқармаган бўлсангиз керак? Қолаверса, ўша айбдорни ўлдиришдан аввал сўроқ қилгандирсиз?..

Роман Фёдорович бир муддат кўзларини юмиб ўтирди. Қошларининг сезилар-сезилмас қимирлаб қўяётганини ҳисобга олмаганда, у худди мурдадек қотган эди.

— Мен кўп ўйладим. Охирги марта ким Петкага қараган бўлса, ўшани гумондор билдим. Сўроқ қилишга сабрим чидамади. Қандай қилиб тўппончамни олиб, пешонасидан отганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Бунинг учун афсусланиб ўтирибман.

— Мабодо бегуноҳ одамни ўлдирган бўлсангиз-чи?

Шоҳруҳ шундай дейиши билан Роман Фёдоровичнинг кўзи олайиб кетди. Ранги ҳам бироз оқарди. Аммо у дарров ўзини қўлга олди.

— Сезгиларим шу пайтгача алдамаган, — деди.

— Майли, ихтиёрингиз.

— Сенга қанча қарз бўлдим?

— Агар пул билан ўлчайдиган бўлсак, банкдаги пулларингиз етмайди. Ўзингиз айтдингиз-ку, Оксанани ўлдиришганда бойликларимнинг кераги йўғиди деб. Сизга керак бўлмаган нарсанинг менга нима кераги бор? Лозим бўлса, истаганча топа оламан. Сиз билан дўстлашмоқчиман, холос.

— Шуми?

— Шу.

— Бекоргамасдир?

— Балки. Вақт кўрсатади... Келинг, сизни йўқотмоқчи бўлганларни биргаликда излаймиз.

— Эвазига... — дея Роман Фёдорович ўткир нигоҳини Шоҳруҳга қадади.

— Айтдим, шекилли.

— Унақада келишолмаймиз. Мен нима иш қилаётганимни билишим керак. Шунчаки бирон нима қилмайман. Яхшиси, қанча беришимни айт. Шу билан орамиз очиқ бўлади.

— Начора, — деб Шоҳруҳ қўлларини икки ёнига ёзди, — сиз билан савдомиз пишмади.

У ўрнидан туриб, эшик томонга йўналди.

— Тўхта, — бирдан бақириб юборди Роман Фёдорович.

Шоҳруҳ тўхтаб орқасига ўгирилди-ю, қотиб қолди. Чунки банкир қўлидаги тўппончасини унга ўқталиб турарди.

— Сен ўзинг ҳаммасини ташкиллаштиргансан. Мени қўлга олиш учун шу йўлни танлагансан. Йўқса, бунақанги аниқ маълумотга эга бўлмасдинг. Битта одамни сўроқсиз отиб ташладим. Лекин сен билан бунақа бўлмайди. Албатта, кимга ишлаётганингни айтмагунингча роса азоблайман. Ундан кейин ўлдираман.

Шоҳруҳ мийиғида кулди. Сўнг пешонасидан чиққан совуқ терни артди.

Унинг бу хатти-ҳаракати ҳам банкир учун шубҳали туйилди ва у сал бўлмаса “ёш дўст”ини отиб қўяёзди. У Шоҳруҳга қимирламасликни буюриб, кўрсаткич бармоғини тепкининг устига яхшироқ жойлаштирди.

— Менинг ўлимим сизни асраб қололмайди. Қолаверса, тилимни суғуриб олган тақдирингизда ҳам қониқарли жавоб ололмайсиз. Чунки аслидаям ҳеч нарсани билмайман. Тағин битта душман орттирасиз. Яъни менинг одамларим сизни соғ қўйишмайди. Бошқа рақибларингизга қўшилиб, албатта, қизингиз иккалангизни йўқ қилишади.

— Қўрқитмоқчи бўлаяпсанми?

— Сиздай одам менинг пўписамдан қўрқиб қолмаса керак?

— Саша! — қичқирди Роман Фёдорович эшик томонга.

Унинг овози ҳавога сингиб улгурмасидан қотмадан келган, серсоқол бир йигит эшикни очиб ичкарига мўралади.

— Мановини, — деди Роман Фёдорович томоғи йиртилгудек бўлиб, — Кушковадаги уйга қамаб қўйинглар! Ҳаммасининг тагига етгунимча, ана ўша ерда ўтиради.

— Унда битта телефон қилволишимга рухсат беринг, пулларнинг хўжайини. Ўзимникиларга сиз билан бирга зарур ишни ҳал қилиш учун Питерга кетганимни айтиб қўяйин. Йўқса, уйингизга бомба ёғдирилади. Ҳазиллашмаяпман, — деди юмшоқлик билан Шоҳруҳ.

Унинг дадил туриши, хаёлига келган нарсани бировдан чўчимай гапириши Роман Фёдоровичдай давра кўрган одамни ҳам довдиратиб қўйди. “Қўрқоқлик қилаяпман-ку, — дея ўйлади у. — Ҳеч бир қуролсиз, тансоқчисиз ёлғиз келган йигитчадан қўрқиб ўтирибман. Яна тўппонча билан уни тўхтатиб турибман... Ҳа, мен стресс ҳолатидаман. Ўтиб кетади, ўтиб кетади. Бир соат, икки соатдан кейин аввалги ҳолимга қайтаман. Илгаригидай дипломатик йўл билан бунинг ҳам ишини тўғрилаб қўяман”. У тўппончасини туширди.

— Обориб қама, — деди шотирига паст овозда. — Уйимиз бомба тагида қолганини кўриш, менимча, завқли бўлса керак.

* * *

Юлдуз Шоҳруҳни кечгача кутди. Аммо ундан дарак бўлмади. “Барибир келади. Иш-пиши чиқиб қолгандир, хабар беришнинг имкони бўлмаётгандир”, дея ўзини-ўзи алдаб ўтирди. Шу билан бирга девордаги соатга тез-тез кўз ташлаб қўяверди. Ичини нимадир кемирар, тоқатсизланганидан бир неча марта ўрнидан туриб дераза ёнига борар, ҳовлидаги дов-дарахтларни томоша қилган бўлар, сўнг яна жойига келиб ўтирарди-да, нигоҳини соат милларига қаратарди.

Охири сабри чидамай, ташқарига чиқди. Бекка кўзи тушди. У бекорчиликдан арраланиб ғўла ҳолига келтирилган ўтинларни ёриш билан овора эди. Ҳаваси келди. Ўғил бола бўлиб туғилмаганига афсусланди. Ва бир-бир қадам ташлаб, унинг ёнига борди-да:

— Ҳорманг, йигит! — деди.

Бек ишини тўхтатиб унга қаради-да, илжайди.

— Қишлоғимиз эсимга тушиб кетди. Қиш келди дегунча, ўтин ёриш билан овора бўлардим. Четдан қараганда оғирдай туйилади-ю, лекин одам маза қилади. Бизда биров болта урсанг, ёрилиб кетадиган ғўлача тайёрлаб қўймайди, — деди.

— Менга болтани беринг. Ҳечам ўтин ёриб кўрмаганман, бекорчиликда бир кўрай, — дея Юлдуз у томонга қўл чўзди.

— Қандай бўларкан, бармоқларингиз нозик. Қавариб кетадими, деб қўрқаман-да...

— Кўриниши нозик. Лекин шундай ишларни қиладики...

— Айниқса, биров билан муштлашаётганда, — деб оғзидан гапини олди Бек.

Юлдуз талай муддат болтага термилиб турди. Кейин битта ғўлани тикка қилиб, болтани энди ҳавога кўтарган эдики, машина товуши эшитилди. Қиз болтани ташлаб юборди ва юзига табассум эниб, машина келаётган тарафга ўгирилди. Юзидаги табассум бирдан йўқолди. Чунки йўл ўйдим-чуқур бўлишига қарамасдан, катта тезликда яқинлашиб келаётган иккита қоп-қора “Мерс” бегона эди.

— Тез қуролларни олиб чиқинг! — деб бақирди Юлдуз Бекка.

Бек уй тарафга югурди. Юлдузнинг овозини эшитган ҳовлидаги йигитлар ҳам ҳаракатга тушиб қолишди.

Елдай учиб келган уловлар уйнинг тўғрисида, темир панжара нарисида тўхтади. Бир муддат ундан ҳеч ким тушмади. Юлдуз Бек тутқазган тўппончани секин ўқлади. Унинг юраги гупиллаб урар, кутилмаган сукунат ичида қандайдир даҳшатли нарса борлигини сезиб турарди. У машиналар салонига қанчалик тикилмасин, қорайтирилган ойналар ортида кимлар борлигини билолмасди.

Олдинги машина ҳайдовчининг ёнидаги эшик очилди. Ундан қора кўзойнак таққан, қоп-қора костюм-шим кийган, йигирма бешларга бориб қолган йигит тушди. Қоп-қора сочларини бармоғи билан тараб қўйди-да, иржайди. Битта-битта қадам босиб, машина юкхонаси тарафга ўтди. Юкхона автоматик тарзда очилди.

— Уни кўздан қочирманглар, озгина ортиқча ҳаракат қилиши билан отиб ташлайсизлар, — деди Юлдуз ёнида турган Бекка.

Ўз навбатида Бек нарироқда, уй ёнида турганча шубҳали ҳаракатланаётган чақирилмаган меҳмонга қуролларининг стволини тўғрилаб турган йигитларга қараб, кўрсаткич бармоғида ишора қилди. Бу: “Мен буйруқ беришим билан отасизлар”, деган маънони билдирар эди.

Қора кўзойнак юкхонадан қандайдир узун қопни суғуриб олди-да, ерга ташлаб юборди. Қопнинг бироз букланиб тушганидан Юлдуз сездики, унинг ичида одамнинг мурдаси бор. Хаёлига бирдан лоп этиб, Шоҳруҳ келди. Унинг юраги гупиллаб уриб, кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, вужудини титроқ босиб, кўзи каттариб кетганди. “Наҳотки?!” — дея пичирлади унинг лаблари. Шу заҳоти кўзидан ёш қуйилди. У турган жойида қотиб қолганди. Шунинг учун ҳам қора костюм-шимнинг бемалол машинага минишига имконият яратиб қўйганди.

Машинанинг мотори ўт олди. Қопдаги мурда эканини сезган Бек ортиқ чидаб туролмади. Чунки улар шу тахлит яна бир неча сония туришса, иккала машина ҳам кетиб қолади.

— Отинглар! — дея бақирди у йигитларига.

Бирдан тасир-тусур бошланиб кетди. Машинадагилар ҳам шунчаки томошaга келмаганликларини тинимсиз ўқ отиш билан исботлашди. Яхшиямки Бек вақтида Юлдузнинг белидан қучоқлаб ерга ўтқизди. Йўқса, унинг нозик баданини бир нечта ўқлар тешиб ўтиши аниқ эди.

Келгиндилар қочишга тушишди. Аммо жуфтакни ростлаш фақат битта машинага насиб этди. Иккинчисининг бензин бакига эса кетма-кет иккита ўқ тегиб портлаб кетди.

Афтидан, Шоҳруҳ ва унинг одамларини чув тушириш умидида келганлар бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган бўлишса керак. Машинада нечта одам борлигини ҳеч ким билмайди. Чунки кучли портлашдан кейин машина бутунлай ёниб, ичидагилар кулга айланди. Биров унинг ичида нечта одам борлиги билан қизиқмади. Юлдуз шоша-пиша бориб, қолдирилган қопнинг ичини очиб кўрди: у танимайдиган бутунлай бошқа одамнинг мурдаси. Қулоқ, бурун, лаблар кесиб олинганидан уни ваҳшийларча ўлдирганликларини билиш қийин эмасди. Юлдузнинг оёқларидан мадор қочди, кўз олди қоронғилашиб, атрофини туман қоплади. У нималар содир бўлаётганига тушунолмай қолди, ҳатто йиқилаётганини, ўн қадамча наридан унинг аҳволини кўриб, бақирганча югуриб келаётган Бекнинг овозини ҳам англамади. Ерга қаттиқ тушиб, қуруқ арча шохи биқинига ботди. Бироқ қиз буни ҳам сезмади. Ўзини худди кўрпа устига йиқилгандай ҳис этди.

У ярим тунда ўзига келди. Кўзини очиб, тепасида Бекни кўрди.

— Нима бўлди? — деб сўради.

— Яхши бўп қолдингизми? Мен сизга ўқ тегдими, деб қўрқиб кетгандим, — деди Бек унинг оппоқ қўлини тутиб.

— Нега менга ўқ тегар экан? Ким у... — дея бир неча сония ўйланиб турган Юлдузнинг хаёлига бирдан бўлиб ўтган воқеалар келиб, сўзлашдан тўхтади. — Мурда кимники экан? — деди гапириш учун оғиз жуфтлаган Бекка нигоҳини қадаб.

— Мурда... Анави итлар олиб келган мурдами? Уни аниқлашнинг сираям иложи йўқ экан, издеватса қилиб ташлашибди. Қошларигача кесиб олишибди. Лекин биз иззат-икром кўрсатиб кўмдик. Яхшиям болалар ичида жаноза ўқийдигани бор экан.

— Мошинадагилар кимлигини билдингларми?

— Йўқ.

Бек гарчи ўзини ҳозир ҳар нарсани билувчи, ер остида илон қимирласа сезувчидек ҳисобласа-да, аллақачон фақат чизиқ чизилгандагина ўша чизиқ бўйлаб юрадиган одамга айланиб қолганини сезмасди. Сезган тақдирда ҳам тан олмасди. Шоҳруҳ бўлмаса, у ўзини эркин ҳис этар, бошқалардан ақллидай ғоз юрар, Юлдуз билан ҳам эмин-эркин муомала қиларди.

У Рамиз-Февзининг қитиқ-патига тегишганини хаёлига ҳам келтирмаётганди. Кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирига бостириб киришгани, пул, наркотика, компьютер ва ҳоказоларни ўлжа қилиб олиб келишганлари унинг ёдидан кўтарилганди.

Ҳозир Рамиз-Февзи қутуриб кетганди. Компьютерни ўғирлаганлар унинг ичидагилар нима эканлигини билиб олишолмайди, деган ўта хом хаёлга борган эди. Шу боисдан Шоҳруҳ билан унинг йигитларига Роман Фёдоровичнинг уйи ёнидан кетишларига имкон яратди. Чунки, банкирни чўчитиб қўйишдан қўрқди. Аммо Шоҳруҳнинг ортидан қўйган одамлари “ўлжа”нинг аниқ манзилини билмай қайтганларидан кейин ғазаб отига минди. Бу сафар бошини эгиб кириб келганларни отиб ташламаган эса-да, хуморидан чиққунча тепкилади. Бир муддат ўтиб, иккинчи омадсизлигини эсидан чиқарди, бутун диққат-эътиборини Роман Фёдоровичнинг қизини йўқ қилишга қаратди ва яна бир омадсизликка дуч келди. Қон босими ошганидан томирлари кенгайди. Аламига устма-уст пиво ичди. Ундан кейин ёрдамчиларини сўкди. Ора-орада меъёрдан ошиб кетаётганини, йигитларининг бардоши сўнгги нуқтага яқинлашиб қолаётганини хаёлининг бир четига ҳам келтирмади.

— Ўша мараз кетган тарафдаги ҳар битта уйнинг тит-питини чиқарасанлар, ифлосни топиб келасанлар! — дея ўкирди аъёнларига.

Бироқ унинг йигитлари у айтганчалик шовқин кўтаришмади. Чунки айтганидай қиладиган бўлишса, томи кетган чол сўзидан қайтиб, яна бир-биридан хунук сўзларни устларидан ёғдириш билан бирга, бир-иккитасини яшатмай қўйиши ҳам аниқ эди. Шу билан мақсадга етишишди. Шоҳруҳнинг йигитлари сабрсизлик қилиб кузатувни сусайтирганлари ва бир кишини қолдириб, шаҳарга кетиб қолганлари, қоровул йигит ўзини шу ернинг эгасидай тутиб, катта кўчада бемалол дайдиб юргани уларга қўл келди. Аввал унинг ёнида тўхташди. Одамга ўхшаб салом-алик қилишди. Санқиётган йигитнинг тили рус тилига нўноқлигини билганларидан сўнг, дарров учтаси машинадан отилиб тушиб, кутилмаганда тепкилашди. Қоровул бола шунчалик анқовлик қилдики, улар машинадан тушиб, унинг ёнига келгунларича чўнтагидаги тўппончани олиб улгурмади. Йигит мажбурлаб машинага ўтқазилгач, унга азоб беришди. Жон оғриғи қоровулнинг тил тугунини бутунлай ечиб юборди ва у маконнинг қаердалигини ипидан-игнасигача айтиб қўйганини ўзи ҳам сезмади. Мукофот... Мукофотига даҳшатли “совға” олди. Аниқроғи, ҳам “гуллади”, ҳам тили, бурни, қоши ва кўзини мукофотга бериб юбориб, юрагини ханжарга топширди.

“Осонликча Шоҳруҳни қўлга туширамиз”, дея хаёл қилган Рамизнинг шотирлари “ўлжа” ёнига яқинлашганларидан кейин бутунлай бошқача манзаранинг гувоҳи бўлишди. “Буқоқ” лақабли гуруҳ каттаси нима мақсадда Юлдузнинг кўз ўнгида мурдани юкхонадан чиқариб ташлашга буйруқ берганини ўзи ҳам тушунмади. Ва оқибатда ўзининг тўртта йигити ва битта машинасидан айрилиб жуфтакни ростлашга мажбур бўлди.

Бироқ Рамизга йўқотишлар айтилмади. Фақат Шоҳруҳнинг макони топилгани хушхабари етказилди.

— Хайрият, — деди бирозгина юзи ёришган Рамиз-Февзи, одатига хилоф қилмаган ҳолда, янги пиво очиб, шишанинг оғзидан қулқуллатиб ичаркан (илгари ҳақиқий Рамиз шундай қилар эди. Янгиси асллигини билдириш учун у каби пиво ичавериб, охири ўзи ҳам ўрганиб қолди). Сўнг шишани стол устига тўқ этказиб қўйди ва тамаки қутисидан бир дона сигаретани олиши билан шотирларидан бири гугурт ёқиб, хўжайинининг сигаретасини тутатиб берди.

— Шу сафар уддаладинглар, бўлмаса яна битта-иккитангнинг бошингни олишимга тўғри келарди. Тезда тўртта мошина тайёрланглар! Агар одам кўп бўладиган бўлса, шунчаки жон беришмайди. Икки кундан кейин, кечаси соат уч яримда бостириб борасизлар. Бирортасини ҳам тирик қолдирмайсизлар. Чунки ўша битта уруғлик вазифасини бажариши мумкин.

Рамиз-Февзи ўзининг нутқини шу билан якун қилди ва шотирларига қўли билан ишора қилиб, чиқиб кетишларини буюрди. Улар кетганидан кейин илжайди. “Зўр гапирдим. Калласини китобдан кўтармай олим бўлганлар ҳам бу даражада ақлли гап айтолмасалар керак. Қойил!” — дея хаёлидан ўтказди у ва шишани кўтариб қулқуллатиб пиво ичди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)