Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

236 full reads
319 story viewsUnique page visitors
236 read the story to the endThat's 74% of the total page views
16 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн иккинчи қисм)

Шоҳруҳнинг оёғи устида нимадир ўрмалагандай бўлди. “Ухлаяпман, — деб ўйлаган йигит қимирламади. — Бироз жим ётсам, бургами-бошқа нарсами безовта қилмай қўяди”, деб хаёл қилди. Ўжар ҳашарот тиззасидан баландроққа ўрмалай бошлагач, Шоҳруҳнинг тоқати тоқ бўлди, лекин негадир қўлини қимирлатолмади. Ҳайрон бўлган йигит кўзини очиб ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, бироқ буниям уддалолмади. Сездики, иккала қўли ҳам маҳкам боғлаб ташланган. Ўзи похол устида ётибди. У бир муддат нега бунақа ётганини билолмай ҳайрон бўлди. Бирдан хаёлига Юлдуз иккиси меҳмонхонадан чиқишаётганида тўппонча ўқталган йигит-қизлар келди. Шошиб атрофига қаради. Ёнгинасида пишиллаб ухлаётган Юлдузни кўрди. Арқондан қутулиш учун қўлларини икки ёнга тортди. Аммо яна имконини қилолмади. Шу палла Юлдуз ҳам уйғонди. Йигитга қаради. Бир муддат ҳайрон бўлди.

— Тузоққа тушдик, — деди унга Шоҳруҳ.

— Қаердамиз? — сўради қиз.

— Билмадим, лекин боплашди.

— Мени кечиринг.

— Нега?

— Айтганингизга кирмадим.

Шоҳруҳ чуқур нафас олди.

— Яхшиси, бу ердан чиқиб кетишни ўйлаш керак. Ит эмганлар оғилхонага ташлаб кетишибдими, дейман?

— Йўқ, — деди юзида ним табассум пайдо бўлган қиз, — отхонага. Ана қаранг, — у кўзи билан чап томонни кўрсатди.

Шоҳруҳ ҳар-ҳар замон думлари билан пашша ҳайдаб қўяётган иккита отни кўриб:

— Бечораларнинг бошига бизнинг кунимиз тушибди, — деди.

— Уларга биздан яхшироқ, ҳар қалай, оёқда туришибди.

Отхонанинг икки табақали тахта эшиги очилди. Қуёш шуъласи тўғри йигит билан қизнинг юзига тушди. Иккисининг ҳам кўзи қамашди.

— Ваҳ-ваҳ, буларнинг ётишини қаранглар, — деди соч-соқоли ўсиқ, калласи хумдай, аммо ўзи туртиб юборса йиқиладиган даражага келиб қолган, бурни узун, қирқ ёшлардаги киши.

— Романтика, — деди унинг ёнидаги йигит. Овоз жуда таниш эди.

Юлдузнинг жаҳли чиқди. Айни пайтда унга алам қилаётганди. Қаҳрини ичига ютиб Шоҳруҳ томон бошини бурди. Кўзларида бир дунё афсус яширин эди. Шоҳруҳнинг қараши эса бунинг акси, унда мутлақо безовталик сезилмасди.

— Калласи йўқ, тентак, — деди Шоҳруҳ.

— Тушунмадим, — дея унга яқинлашиб келди хўрозбош, — ким тентак?

— Албатта, ўзим. Йўқса, биринчи дуч келганингдаёқ сен маразнинг жағингни синдириб ташламайманми? Билардим сенинг маразлигингни! — деди тобора қаҳрланиб бораётган Шоҳруҳ ётган жойида асабий.

— Ҳе, — кулди Саша, — сендақалар лақма бўлишади. Сени кўрганимдаёқ сезгандим. Кечагина қишлоқдан келиб бу ерда ғўдаймоқчимидинг?! Кўрсатиб қўяман сенларга!

Юлдузнинг кўзи ёшга тўлди. Уни ҳозирги аҳволи эмас, балки Шоҳруҳнинг гапига кирмагани кўпроқ қийнаётганди.

Оғизларидан аллақандай ёқимсиз ҳид таратаётган махлуқсифатлар Юлдузни турғазаётганларида, Шоҳруҳ қизариб кетди. Бўйин томирлари йўғонлашди.

— Тегманглар унга! — дея бақирди.

Эвазига бир-биридан хунук иржайишларни кўрди. Биқинига Саша туртиб ҳам қўйди.

— Ҳали бақиришга улгурасан, томоғингни асра, яна бўғилиб қолмасин, — деди.

Ташқарига чиққанларидан кейин иккисининг ҳам оёқ-қўлларидаги арқон ечилди. Чунки энди унга ҳожат йўқ эди. Ўн-ўн беш чоғли бир-биридан бақувват барзангилар қўлларидаги ўқотар матоҳларини ўйнаб туришарди. Шоҳруҳни ажаблантиргани — уларнинг орасида оппоқ сочи елкасига тушиб турган, қадди хиёл букилган тўқсон ёшлар атрофидаги бир чолнинг ҳассага суяниб тургани эди.

У асирдагиларни кўриб бош чайқади.

— Ваҳ-ваҳ-ваҳ, — деди ўтмаслашиб қолган нигоҳини ёнидагиларга қаратиб, — ҳали шуларни деб иссиқ жойимни совитдингларми?! Сенларда инсоф деган нарса қолмабди. Ўзларинг... Тўхта, Арзуни тепиб ағдарган қиз ҳали шуми? Ишонгим келмайди. “Калит”!

У шундай деб ёнидаги йигитга мурожаат қилди. Очиғи, бу йигитни одам боласи туққанига ишониш ниҳоятда мушкул. Кўзлари олайган, башарасининг бир неча жойи тиртиқ. Буям камлик қилгандай, татуировка қилинмаган фақат кўз қолганди. Йўғон бўйни калла билан елкани қўшиб юборган, худди бўйни йўқдай эди. Унга хўкиз ёки шунга ўхшаш бирор ҳайвон, айтайлик, “бегемот” деб лақаб қўйса бўларди. Чол уни калитга ўхшатаётгани Шоҳруҳни ажаблантирди.

— Шу қиз билан бир тепишиб кўр... Шошманглар, нега менга шу пайтгача стул опкелмадинглар, пиво қани?! — дея чийиллади чол.

— Мана, — деди Саша унга стулни кўрсатиб, — ҳозиргина турдингиз, отахон, пиво ҳам турибди жойида.

— Сен бола, — деди уни ҳассаси билан ниқтаб чол, — мени чалғитма!

У стулга ўтирди. Шишанинг оғзини ҳидлаб кўриб, ичмади, улоқтириб юборди.

— Нега менга эски пивони бераяпсизлар?! — дея ўкирди.

Шу ондаёқ унинг қўлига муздеккина, Германиядан келтирилган юқори сифатли ичимлик тутқазилди.

“Жинни-ку бу! Нега шунча одам томи кетган қариянинг атрофида гирдикапалак?” ўйлади Шоҳруҳ ва чол яна кўрсатиши мумкин бўлган навбатдаги майнавозчиликни кутди.

Бир кўтаришда шишани яримлатган чол ютоқиб-ютоқиб сигарета тутунини ичига ютгач, “Калит”га юзланиб:

— Бос, бир томошангни кўриб қўяйин, — деди.

— Ва-а! — деб Калит лақабли барзанги ўз кийимларини бурдалаб ташлади. Шоҳруҳ кўрдики, барзангининг танасидаги татуировкаларнинг ҳаммасида калит шакли акс этган. Барзанги бир-икки қадам босганидан кейин тўхтади.

— Хўжайин, — деди дўрилдоқ овозда чолга юзланиб, — қиз кетворган экан, бир маза қилай, кейин мажақлаб ташлайман.

Унинг гапидан кейин атрофдагиларнинг ҳаммаси хохолаб кулиб юборишди. Юлдуз қизарди. Шоҳруҳнинг қони қайнади. Чол бўлса, пиво ичди, сигарет чекди.

— Ваҳ-ваҳ-ваҳ, — деди калласини сарак-сарак қилиб, — агар ёшлигимда бу қиз рўпара бўлганида, сенга бериб қўймасдим. Энди томошадан бошқасига ярамайман. Сен кўр-чи, мабодо қариган мускулларим жонланиб қолса мен ҳам татиб кўрарман!

Ўкириклар, қийқириқлар, қарсаклар ва ҳоказо шовқин-сурондан чор-атрофдаги дарахт шохлари қимирлаб кетди.

— Агар, — деди Юлдуз, — кучинг етса билганингни қил! Оёғим остида ётадиган бўлсаларинг қўйиб юборасанлар. Икки соат ичида таъқиб қилмайсанлар, кейин майли, қувинглар. Мана шу ўрмондан ё сенлар тирик чиқасанлар, ё биз!

Чол қарсак чалиб қўйди. Қолганлар увиллаб наъра тортиб юборишди. Калитнинг кўзи қонга тўлди. У бир-биридан оғир қадамлар ташлаб қизга яқинлаша бошлади. Шоҳруҳ ҳам олдинга чиқмоқчи бўлганида, Юлдуз уни тўхтатди.

— Шарманда бўлсин шунча одам орасида! — деди.

— Итлар, — деди Шоҳруҳ, — қиз бола билан муштлашгунча, тириклайин кўмилганларинг яхшийди.

Юлдуз Шоҳруҳга жилмайиб қўйди. Худди видолашаётгандай, бошқа тирик ҳолда учрашолмаслигига кўзи етган одамдай. Қарашида ғам-ғусса шунчалик кўп эдики, табассум қилса-да, барибир сезилиб турарди. Шоҳруҳ ютиниб қўйди. Унинг оёқлари қалтиради, ҳаяжон босди. Бироқ жойидан қимирлолмади. Чунки Юлдузга ўзбекча гапиргани боис, ёнидагилар хавфсирашган ва тўппончани биқинига тирашганди. У ўлишдан қўрқмасди. Фақат ортиқча ҳаракат қилиб Юлдузни хафа қилиб қўйишдан чўчирди.

Барзанги Калит яқинлашганидан кейин Юлдуз сўл тарафга икки марта сальто қилди: рақибининг кўзини қўрқитиш учун. Аммо Калит унинг хатти-ҳаракатига тиржайиб қўя қолди. Уни читтакдай у ёқдан-бу ёққа сакраётган қушчани ушлаб олиш, “патини юлиш”, кейин билган ишини қилиб бошқалар олдида ғўдайиш қизиқтирарди. Унинг қон-қонига шунақанги паст ишларни бошқалар кўз ўнгида бажариб мақтаниш сингиб кетганди. Айниқса, ўзидан ожизроқларни бир мушт билан уриб ўлдириб қўйганида шунақанги хурсанд бўлиб кетардики, асти қўяверасиз.

Юлдуз кейинги сальтони икки хил бажарди: аввал ёнига, кейин тўғрига. Кейингисида Калитнинг пешонаси мўлжалга олинганди. Калит эса бунақа бўлишини мутлақо кутмаганди. Қиз яна ёнига сакраб ўзини кўз-кўз қилади деб ўйловди.

Юлдуз бор кучини тўплаб туфлисининг товони билан Калитнинг икки қоши ўртасига тепди.

Аммо барзангига чивин чаққанчалик бўлмади. Фақат калласи силтаниб орқага бироз тисарилди. Қизнинг маҳорати эса атрофдагиларни қойил қолдирди. Ҳамма бараварига қийқириб юборди. Мункиллаган чол эса ўрнидан туриб ўйнаб кетаёзди. У ҳали бирор марта ҳам Калитнинг бунақанги тепки еганини кўрмаганди.

Шерикларининг қийқириқлари Калитни қутуртириб юборди. У йўлбарс мисол Юлдузга отилди. Аммо ўзи ерга йиқилиб тушди. Абжир қиз аллақачон турган жойидан қочиб қолганди.

— Тур ўрнингдан, — деди Юлдуз Калитни имлаб.

Унинг гапи барзангининг суяк-суягигача етди.

Ҳақиқатан ҳам у Юлдузнинг бирон жойидан ушлаб олганида борми, албатта, мажақлаб ташларди. Аммо қани бунинг эпини қилолса? Бесўнақайлиги панд бериб, ҳар бир ҳамласидан кейин ўзи озор чекаверди: ҳали тиззалаб қолди, ҳали ёнига йиқилди, чўзган қўллари эса ҳавонигина кесиб ўтди... Унинг кучи ердаги чанг жойдан қўзғалишгагина етди. Орадан беш дақиқадан мўлроқ вақт ўтиб у ҳансирай бошлади. Шундан сўнггина Юлдуз ҳужумга ўтди. Икки марта биқинига тепди. Аста-секин ҳолдан тойиб бораётган Калитга булар ҳам таъсир қилмади. Юлдуз унинг орқа миясига урди. Мўлжални бироз нотўғри олди-ю, ўзининг қўли оғригани қолди.

Шундан сўнг бу майнавозчиликни ортиқ чўзиб ўтиргиси келмай, Калитнинг навбатдаги ҳамласига чап бериб орқасига ўтиб олди-да, туфлисининг учи билан уни чунонам тепдики, барзанги наъра тортиб юборди-да, оғриқли жойини чангаллаб қолди. Қиз товонлари билан букчайиб турган барзангининг белига тепди.

Оғзи тупроққа тўлиб қолган Калит тинмай думалар, аъзои баданидаги оғриққа чидаёлмай ўкирарди.

Чол унга термилиб ўтираркан, қошлари чимирилди, ҳассасини ўйнатди, сўнг ёнидаги йигитга қўл узатди. Йигит у нимани истаётганини дарров илғаб, тўппонча тутқазди. Юлдузнинг ранги оқарди. У мени отса керак, деб ўйлаганди. Аммо чол ундай қилмади. Калитга стволни тўғрилаб, тўппончадаги бор ўқни унинг танасига санчди. Аввалига сапчиган барзанги кейинги темир парчалари келиб текканида қимирламади ҳам.

— Сен, — деди чол ҳассасини Юлдузга ўқталаркан, — икки соатга озодсан. Лекин бу гап шеригингга тегишли эмас.

— Номардлик қилманг, — деди ўткир нигоҳини унга қадаган қиз, — биз шунга келишгандик.

— Биз фақат сенинг ўзингга келишгандик, вақт кетаяпти, беш секунд ўтди.

— Тезроқ кетинг, мен билан ишингиз бўлмасин, амаллайман, — деди Шоҳруҳ Юлдузга.

— Бир ўзингизни ташлаб кетмайман.

— Ақлли қиз, майли, яна бир имконият. Буям йигитларимнинг бирортаси билан уришади. Агар ютса, икковинг ҳам кетасан, бўлмаса пешонангдан кўравер.

Шоҳруҳнинг чекига Калитга ўхшаган беўхшов эмас, ўрта бўйли, ихчамгина, қад-қомати келишган, кийиниши ҳам бошқаларига нисбатан тузукроқ, сариқ сочларини силлиқ тараган йигит тушди. У муштлашишдан аввал оёқларини кериб, бурнини шишириб нафас олди. Кейин ўрнидан сакраб турганча Юлдузга ўхшаб сальто қилди. Шу билан ўзининг нимага қодирлигини кўрсатиб қўйди. Албатта, бундай амалларни Шоҳруҳ бажаролмасди. Шу боис ҳам Юлдузнинг юраги гупиллаб ура бошлади.

Шоҳруҳ рақибидан кетма-кет иккита зарба ўтказиб юборди. Шулардан биттаси унинг кўксига тегди. Бир неча сония нафас ололмай қолди, қийналганидан афти бужмайди. Юлдуз Худога ялиниб-ёлворди. Аммо худди шу пайт Шоҳруҳнинг жағига мушт тегди, лаби йиртилиб, оғзи қонга тўлди.

* * *

Мурод ўзига келавермагач, кўчага чиқди. Уй олдида бироз айланиб юрган бўлди. Йўқ, юрагининг безовта уриши қолмади. Кўз ўнгида севгилиси абгор аҳволда кўринди. Автобусга ўтирди-да, Шаҳлоникига йўл олди. Йўл бўйи у дуч келадиган қаҳрли аёл билан бўладиган суҳбатга тайёргарлик кўриб борди. “Бир-биримизни севамиз, бермасанглар олиб қочаман, шарманда бўласизлар, дейман”, дея ўйлади. Бироқ ўйи бироздан кейин ўзига эриш туйилди. Хаёлидагилар ёш боланинг гапига ўхшаб қолди. Аммо нима бўлганда ҳам, суҳбат шу тахлит бўлиши керак.

У дарвоза ёнига келганда ҳам бир қарорга келгани йўқ эди. Истар-истамас қўнғироқ тугмачасини босди. Ичкарида жимлик ҳукмрон. Бирор сас эшитилмайди. Бунга сайин йигитнинг юраги гупиллаб уради. Ич-ичидан Шаҳлонинг ўзи дарвозани очишини истайди.

Бироқ кошки унинг ўйлагани амалга ошса. Бир қанча вақтдан кейин дарвозанинг кичик табақаси очилиб, Хонзоданинг хўмрайган башараси кўринди.

— Сизга ким керак?! — сўради аёл секин, аммо сўзларини тишлари орасидан чиқариб.

— Шаҳло! — деди йигит ундан нигоҳини узмай.

— Марҳамат, — кутилмаганда йўл бўшатди Хонзода, — сиз кирмасангиз, бошқа ким ҳам кирарди?

Кесатиқ гарчи ўтиб кетган эса-да, Мурод ўзини босди. Ичкарига бир қадам қўйганида:

— Сиздай безбет йигит киради-да, — дея қўшимча қилди Хонзода.

Мурод юришдан тўхтади. Хонзодага нимадир дегиси келди. Аммо тилини тийди. Яна ичкарилай бошлади. Дарвозахонадан ҳовлига ўтгач, Хонзоданинг ўзидан олдинга ўтишини кутди.

Омборхона эшигини калит билан очган аёл Муродга:

— Шу ерда ўтириб туринг, ҳозир Шаҳло келади. Дадаси кетсин, — деди.

Муроднинг кўнгли қандайдир нохушликни сезса-да, ичкарига кирди. Картошка, сабзи, пиёз ва алланималарнинг ёқимсиз ҳиди димоғини қичитди. Бирдан аксириб юборди. Худди шу пайт эшик бошқатдан қулфланган эди. У зим-зиё хонада ёлғиз қолиши билан ортига бурилди-ю, эшикни итарди. Очилмади. Аммо унинг ошиқ-мошиғи қимирлаганидан билдики, омонат турибди. Қаттиқроқ тепилса ағанаб тушиши аниқ. “Картошка-пиёзни кимдан бунчалик бекитишаркан?” — ўйлади йигит. “Уфф”, дея кўксидаги ҳавони чиқариб юборганча деворга суянди.

Хонзода Муродни қамаб қўйганидан ўзида йўқ хурсанд эди. У бундай қилмоқчи эмасди. Муродни кўриши билан кутилмаганда шу ўй хаёлига келди ва буни боплаб уддалади.

Хурсанд бўлишга бўлди-ю, бу ёғига нима қилиш кераклигини ўйлаб боши қотди.

* * *

Содиқ анҳор бўйидаги чойхонанинг шундоққина сув устига қурилган чорпояси устида ёнбошлаб ётарди. У уйидаги ғалвалар, ишхонасидаги муаммолардан роса чарчаганди. Кўнгли ором тусаганди. Уйда ўтириб ароқ ичавергани билан бошининг оғриғи қолмади. Қайтанга баттар ишкаллар гирдобида қолаверди. Охири ўйлай-ўйлай шу ерга келиб “паноҳ” топди. Бир пиёла ароқ ичиб, икки сих кабоб еди. Бироқ Шаҳлонинг қилмишини миясидан чиқаролмади. Унинг назарида чорпоянинг остидан оқиб ўтаётган сув ҳам қизининг қилмиши ҳақида сўзлаётгандай туйилаверди. У ёмон сўкинди. Ҳар битта сўзни алоҳида-алоҳида талаффуз қилиб сўкинди. Сўкиш хотинига қаратилганди. Чунки қизини ҳақорат қилолмасди. Ҳақоратласа, хунукдан-хунук сўзлар қабрда фақат суяклари қолган онасига қаратилгандай туйилаверарди. Чунки, у Шаҳлони ёшлигида “онам, онам” деб кўп эркаларди. Кейинчалик қизида худди онасиникига ўхшаш одатларни кўрди. Ич-ичидан мамнунлик туйди, ғурурланиб қўйди. “Менинг ойим ўлмади. Қизимга айланиб қайта дунёга келди”, деб хаёл суриб юрди. Мана ўша ойисининг сиймосидаги қизнинг аҳволи. Содиқнинг хаёлига: “Ойимнинг ёшликлари қандай ўтган экан?” деган ўй келди-ю, ўрнидан туриб кетди. Бу пайтда чойхоначи ундан узоқда эмасди. Ғалати-ғалати қилиқлар қилаётган бу одамни чойхоначи кузатиб турганди. Содиқнинг ўз-ўзига гапираётганини кўриб: “Тавба, кўринишидан туппа-тузук одамга ўхшайди-ю, оғзидан чиқаётган гап жинниларникидан фарқ қилмайди”, дея кўнглидан ўтказди.

Содиқнинг қўл телефони жиринглаб, экранда “Хонзодахон” деган ёзув кўринди. Бу ёзувни у ҳали хотинига нафрати уйғонмаганида (нафратнинг уйғонганига ҳали кўп бўлмади) ёзиб қўйган эди. Содиқ бир муддат қўл телефонига тикилиб турди. Шунақа матоҳни чиқарган одамнинг номига бир нечта “гўзал” сўзлар йўллади. Кейин “сотка”сини сувга улоқтирмоқчи бўлди-ю, қандайдир ички туйғу халақит бериб, ниятидан қайтди.

— Қизинг ўзини осиб қўйдими?! — деди у ғазаб билан телефонни кўтариб. — Шу “хушхабар”ни айтиш учун мени безовта қилаяпсанми?! Ўлгани яхшимасми, икковимиз ҳам қутуламиз!

— Дадаси! — деди Хонзода эри кўнглидагини тилига кўчиришга имкон бермаётганидан жаҳли чиқиб. — Аввал гапимга қулоқ солинг. Нега бунча портлаб кетаяпсиз? Шунчалик ўз пушти паноҳингиздан бўлган қиздан қутулгингиз келаяптими?..

У оғир хўрсинди. Бир-икки марта бурнини тортди. Йиғламаётганди. Аммо эрида ачиниш туйғусини уйғотиши керак эди. Билмасдики, агар Хонзода: “Ўлаяпман”, деганида ҳам Содиқнинг бир туки ўзгармасди.

— Қизимизни йўлдан урган йигит ўз оёғи билан келди, — дея гапида давом этди бироз танаффусдан кейин. — Омборхонага қамаб қўйдим. Келинг, уни бир ёқли қилайлик.

— Унда бундай қил, — деди Содиқ қўлтиғига ёстиқни яхшилаб жойлаштирди-да, қулайроқ ёнбошлаб, — болта билан бошига ур, ўлсин. Бир урма, чавақлаб ташла. Кейин машинанинг багажига ортиб, шаҳар ташқарисига обориб ташла. Ит ҳам сезмайди. Шу билан ҳамма бало-қазодан қутуласан.

— Эсингиз жойидами?! — бақирди Хонзода. — Қўлимни қонга ботирайми?!

— Унда отангга айт, бирорта одамини жўнатсин. Сенинг ўрнингга мен айтган ишларни бажаради, шу билан олам гулистон. Сен оппоқ бўп қолаверасан.

— Уфф, бунча беўй танбалсиз?! Ҳамма нарсага мен куйиб-ёнишим керакми? Мени ўйламасангиз ҳам қизингизни, унинг бахтини ўйланг. Отасиз-ку! Шу қизни мен кўчадан орттириб келмаганман. Ёшимиз ўтиб қолган пайтда шундай дейсизми?!

Хонзода гапираркан, кўзидан ёш қуйилаверди. Ўзини тутиб туролмади. Охири телефонни ўчирди. Эрини бутун уруғ-аймоғига қўшиб қарғади. “Қаерда бўлсанг ҳам, ўлигинг ҳақида хабар келсин!” — деди. Бунга ҳам қаноат қилмади. Дераза токчасида турган гулларни тувак-пуваги билан ағдариб ташлади. Ҳолсизланиб диванга ўтириб қолди. Бир муддат пешонасига қўлини тираб ўтирди. Кейин қайнисини уйидан қандай қувғин қилгани эсига тушиб қолди. Бир муддат хаёли тиниқлашди, ўрнидан турди. Хонасига чиқиб, бор тиллаларини олиб чиқиб, алдаб-сулдаб Муроднинг қўлига бермоқчи, кейин милицияга қўнғироқ қилиб, уйига ўғри тушганини айтмоқчи бўлди. Бир ҳисобдан жўнгина, синалган усул. Осонгина битишига кўзи ҳам етади. Лекин бу милиса қурмағур, шунчаки ўғрини ушлаб қамаб юборавермайди-да, суриштирувни бошлаб юборади. Агар сири очилиб қолса, ҳамманинг олдида шарманда бўлгани қолади. Бундан кўра эридан фойдаланади. Қандай бало келса, унга ураверсин. Эрсиз ҳам яшайверади.

Содиқнинг телефон рақамини терди. Чақирув кетди. Лекин эри у билан гаплашишни истамади шекилли, ўчириб қўйди.

Содиқ телефонни ўчирмади, сувга улоқтириб юборди. Кейин пиёласини ароққа тўлдирди-да, бир кўтаришда бўшатиб ўрнидан турди.

— Ўлдираман, сенлар билан бир умр асаббузарлик қилиб юрганимдан кўра ўлдираман. Биринчи ўринда сени, манжалақи Хонзода, — деди ва чорпоядан сакраб тушиб, шитоб билан юриб кетди.

* * *

Бўроннинг оғзи ачишиб кетганидан, бошқа ухлаёлмади. Ювиниш хонасига боришга сабри чидамай деразани очди-да, томоғини қириб тупурди. Кутилмаганда кўзларини уқалаб, истар-истамай кетиб бораётган жиянларига нигоҳи тушди.

— Сожида! — деди ҳайрон бўлиб. — Қаерга кетаяпсизлар?

Тўртала қиз ҳам тўхтаб, иккинчи қаватдаги кўчага қараган деразага нигоҳ ташлашди. Биронтасидан ҳам садо чиқмади.

Бўрон ниманидир тушунгандай бўлди.

— Шошманглар, — деб шкафни очиб ялтироқ халатини кийди. Сўнг ташқарига югурди. Ҳовлида фаввора ёнида турган Фароғатга кўзи тушди. Аёл уни кўрмаганга олди. Гўё фавворани артган киши бўлди. Бўроннинг қони қайнаб кетди. Хотинини бўралатиб сўкди-да, дарвозахона томон шошди.

У жиянларини қайтариб келди. Сўнг ювинтирди. Хотинига дўқ-пўписа қилиб нонушта тайёрлатди. Кейин машинага миндирди-да, ўзи билан бирга олиб кетди. Фароғат ҳеч нарсани тушунмай қолаверди.

— Жиян, — деди Бўрон ёнида ўтирган Сожидага, — нима бўлди?

Қизчадан садо чиқмади. У тоғасига термилган кўйи ўтираверди. Кўзлари эса ёшга тўлди. Қандайдир нохушлик бўлганини сезган Бўрон йўл чеккасига чиқиб машинасини тўхтатди. Ўгирилиб Сожидага қаради-да, саволни такрорлади. Сожида бир муддат жимликдан сўнг ойисининг касалхонада эканлигини айтди.

— Нега?! Нега касалхонада бўлади?! Нимага аввалроқ айтмадинглар?! — деди жаҳли чиқиб Бўрон.

Қизлар унинг бақириб гапирганидан нотўғри иш қилиб қўйгандай қўрқиб кетишди. Кичкинаси ҳатто йиғлай бошлади.

— Даданг қаерда? — сўради Бўрон юмшоқ оҳангда.

— Уйдалар, — жавоб қилди Сожида.

Бўрон машинага газ берди. Янги “Мерс” гижинглаган отдай учди.

Ғайбулло аллақачон уйғонган, чой ҳам ичишга улгурган, ишга кетишга ҳали эрта бўлгани учун телевизор кўриб ўтирарди. Болалари, хотинини бутунлай эсидан чиқарганди. Тўғрироғи, эсида эди, лекин қўл силтади. “Озгина сарсон-саргардон бўлиб юришса, қадримга етишади”, деб ўйлади.

Эшик қўнғироғи жиринглаганида: “Қизларим келди”, деган хаёлга борди. Шу боис, бемалол ўтираверди. Қўнғироқ кетма-кет асабий шовқин солаверганидан жаҳли чиқди. Сўкинганча эшикни очди-ю, башарасига теккан муштдан орқасига қулади. Бир муддат кўз олди қоронғилашди. Шоша-пиша ўрнидан тураётганида, биқинига ҳам тепки тегди. Бу сафар умбалоқ ошиб кетган эса-да, оёққа туришнинг иложини қилди. Кўрдики, рўпарасида қайноғаси турибди. Ичидан бир нима чирт этиб узилди, эти музлаб кетди.

— Ҳароми! — деди Бўрон ўшқириб. — Ҳеч ким сўрамайди, деб ўйладингми?!

— Акажон! — деди кўзидан дув-дув ёши оқиб Ғайбулло. — Айбим нима?!

— Ҳали нима қилганингни билмайсанми?! Айтайми?! Бечора жиянларим кўчада изғишса, синглим касалхонада ётса, сен бу ерда ҳеч нарса бўлмагандай талтайиб ўтирсанг!..

— Қизлар кеча ойисининг ёнига кетишувди. Кечаси билан ухлаганим йўқ, ака! Одамнинг иситмаси чиқиб туради-да. Ўзим ҳозир сизга хабар бермоқчи бўлиб турувдим. Хотинимнинг озгина мазаси йўқ. Ўз-ўзидан давления...

— Қайси балнисада? — сўради Бўрон унинг гапини бўлиб.

Ғайбулло довдиради, нима дейишини билмай, кўзи ўйнади. Буни кўрган Бўрон баттар тутақиб кетди.

— Ҳали, сен ифлос, унинг қаерда ётганиниям билмайсанми? Ўз ёстиқдошингни-я!..

Гапнинг давоми муштлашувга айланиб кетди. Ғайбулло икки қўллаб башарасини яширди. Сўнг букчайиб қолди. Унинг бундай қилиғи Бўронни баттар ғазаблантирди. Шунчалик ғазабландики, куёвини уришдан ҳазар қилиш даражасига борди.

Ёнидан қўл телефонини чиқарди. Ўзининг фирмасида ҳамширалик қилаётган қизга қўнғироқ қилиб, синглисининг исми-шарифини айтди-да, қайси касалхонадалигини зудлик билан топишни буюрди. Сўнг нафрат билан куёвига боқди. Яна бир-икки марта тепишни мўлжаллади-ю, лекин тепмади. “Буни уришам ҳайф! Қўлим кирланади”, деб ташқарига чиқиб кетди. Ҳали йўлакдалигидаёқ, ҳамшира қўнғироқ қилиб Раънонинг қайси касалхонада эканлигини айтди.

Бўрон синглисини бориб кўрди. Сингил акасини кўрганида унга қараб қотиб қолганди. Бирин-кетин палатага қизлари кириб келганидан кейин эса йиғлаб юборди. Ўпкаси тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Болаларини қучди, юз-кўзларидан ўпди. Уларни шундай бахтиқаро қилиб қўйгани учун кечирим сўрамоқчи бўлди-ю, тилини тийди. У акасининг олдида эри ҳақида ёмон гапиролмасди. Лекин ичи тўлиб кетганди. “Шу одамга тегмаганимда, сизлар бундай кўргиликларни кўрмаган бўлардинглар... Дадангнинг пасткашлигини кошки аввалроқ билсайдим”, демоқчи эди у.

Она-болалар йиғлаб-сиқтаб кўришишгач, Бўрон синглисидан аҳвол сўради (агар уйига жиянлари бормаганда синглиси борлигини ҳам унутганди). Кейин Раъно ойисини соғиниб кетганини айтди. Ана шу гап Бўронни эзиб юборди. Бироқ эри тўғрисида, касаллиги ҳақида лом-мим демади.

— Ҳаммасининг тагига етаман. Мени кечир, — деди Бўрон ва жиянларини ёнига олиб касалхонадан чиқиб кетди. Йўл-йўлакай Шоҳруҳни эслади. “Юргандир бирон жойда санқиб”, деган хулосага келди.

Машина шаҳарнинг текис йўлида елдай учиб бораркан, тўрт опа-сингилнинг митти юракчаларини қўрқув эгаллай бошлади. Чунки уларнинг ҳеч бири Фароғат янгаларини кўргилари йўқ эди. Унинг хўмрайган башарасини кўришдан чўчишарди. Аммо тоға уларни бутунлай бошқа ёққа, иккинчи хотининикига олиб кетаётганини билишмасди.

Истараси иссиқ, йигирма беш-ўттиз ёшлар атрофидаги жувон дарвозанинг кичик табақасини очиб, Бўронга салом берди, қизларга кўзи тушгач, юзида табассум пайдо бўлди. Қизларнинг ҳар бирини айланиб-ўргилиб юзларидан ўпди. Бир-биридан ширин гапларни гапириб ичкарига таклиф қилди.

Гарчи уй сўнгги модадаги “мушук” услубида қурилмаган эса-да, ҳамма жойи саранжом-саришта эди. Ҳовли ўртасига турли анвойи гуллар экилган, улар турли-туман очилиб, одамнинг кўзини қувнатар, кайфиятини кўтарарди.

— Опа, опа, — деди шошиб қолган қизларнинг кичиги Сожиданинг қўлидан тортқилаб. — Қаранг гулларнинг чиройлилигини. Ҳидиям роса ширин бўлса керак-а!

Сожида жилмайди, аввал тоғасига, сўнг уларни кутиб олган жувонга қаради.

— Вой, ўзимнинг жоним, — деди аёл, — ёқиб қолдими? Ҳозир узиб бераман.

— Йўқ... Йўқ, — деди қизча шошиб. — Узманг, йиғлайди!

Қизчанинг ширин талаффузда гапирганидан ҳаммалари кулиб юборишди.

— Йиғламайди, — деди Бўрон, — хурсанд бўлади, мени шундай ажойиб қизча олди, деб. Кейин ўрнидан яна бошқаси ўсиб чиқади. Фарангизхон, тезда битта гулдаста қилиб беринг.

— Хўп, — деди жувон Бўронга ажиб табассум ҳадя этаркан, — жиянчамиз бир маза қилиб яйрасин.

Гарчи уч қиз унинг сўзларига эътибор беришмаган эса-да, Сожида ҳайрон бўлди. Бу аёлни умрида биринчи кўриши, онаси-ю дадасининг уруғида бундай жувонни учратмаганди. Таниганлари — иккита бир-биридан қовоғи осиқ ва битта улардан тузукроқ янгалари. Жувоннинг исми Фарангиз экан.

Фарангиз уларни меҳмонхонага киритмоқчи бўлса-да, қизлар ошхонада ўтиришни маъқул кўришди. Бўрон бу пайтда ётоқхонага кирган, икки кишилик каравотга чалқанча ётиб шифтга термилганча янада кўп даромад қилишни ўйларди. У газетада ўқиб қолди: бир рус миллиардери кунига эллик миллион доллар ишларкан. Эллик миллион! Айтишга осон. Тўғри, улар маблағининг катта қисмини чет эл банкларига фоизга бериб қўйишади. Лекин шу билан бирга ишлаб чиқаришга йўналтирилганлари ҳам оз эмас-да. Бўрон улардек бўлишни кўпдан орзу қилади. Ўзи ҳам, эллик миллион бўлмаса-да, ҳар қалай, салмоқли пул топгиси келади. Тинимсиз ишласа, ҳар бир ишга қўл урганида қоплаб пул пайдо бўлса... У шундай ширин ўйларга берилиб жиянларини унутди. Пул унинг учун ҳамма нарса. Бундай пайтда унинг хаёлини бошқа майда-чуйдалар эгаллаши мумкин эмас. Унинг назарида фақатгина бойлик дунёни бошқаради. Агар қўлингда жарақ-жарақ пул бўлса, ўз-ўзидан ҳурматинг ошади. Гарчи бировга фойданг тегмасаям. Фақат бугина эмас. Ҳамма ишни битиришинг мумкин. Ҳатто ҳокиму ҳукамо бўласан. Аслидаям шундай-да. Қайси аҳмоқ бой бўлибди? Фаҳм-фаросатинг, ақлинг бут бўлса, зебу зар орқангдан қувиб юради. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам чўнтагингга кириб олади...

Хонага Фарангиз кирди. Юзида табассум, кулгич. Айни шунинг учун Бўрон уни севиб қолган.

Фарангиз қиз бола эди. Университетда беш йил ўқиган, кейин яна озгина ишлаган, шу билан ёшини йигирма бешдан ўтказиб қўйган. Одатда, бундай пайтда йўқ жойдан “ўтирган қиз” деган тамға босилади (эшитишимча, дунёнинг баъзи давлатларида қиз йигирма бешга кирмагунча турмушга чиқмаскан). Фарангиз ҳечам “ўтириб қолган” қизга ўхшамасди: мафтункор, ёш кўринарди. Ошиқлари ҳам кўп эди, лекин у орзу қилган йигит учрамади. Кутилмаганда Бўроннинг чангалига тушиб қолди.

Диёра исмли дугонасининг тўйига борганда “сотка”сига ойиси қўнғироқ қилиб тоби қочганини айтди. Қиз тўйда ўтиролмади. Келинга билдирмасдан бошқалардан узр сўраб, тўйхонадан чиқди. Такси тўхтатмоқчи бўлганида, ёнига кутилмаганда “иномарка” тўхтаб, ойнаси очилди. Фарангиз бунақа машиналарга чиқавермасди. Назарида, бунақанги улов эгалари пул ишлаш учун одам олмайди, кўзига яхши кўринган қизларни ўтқазиб, улар билан шунчаки гаплашиб кетади. Ҳозир эса бошқа машина кутишнинг мавриди эмасди. Фарангиз шошиб манзилни айтди.

— Ўтиринг, айнан шу ёққа кетаётгандим, — деди ҳайдовчи жилмайиб.

Қиз кира ҳақини сўради.

— Минаверинг-чи, бирон нима берарсиз, — деди улов эгаси.

Улар икки дақиқагина, машина жойидан жилгунича гаплашишмади, холос. Сўнг то манзилга етгунларича галма-галдан гапириб кетишди. Фарангизнинг бегоналар билан гаплашадиган одати йўқ эди. Аммо шу сафар гапирди. Сабабини ўзи ҳам билмайди. Ўзининг оиласи, тўйи бўлаётган дугонаси тўғрисида, ойисининг кутилмаганда бетобланиб қолгани ҳақида... Ҳайдовчи унинг ҳар бир сўзини жон қулоғи билан эшитди. Ўша дамда унинг шумлик қилиш, амаллаб қизнинг кўнглини топиб уни ишратга бошлаш нияти йўқ эди. Шунчаки, йўл бўйида турган қизнинг ёнида машинасини тўхтатди. Ҳаттоки улов секинлаётганида: “Нега тўхтаяпман?” — деб ҳам ўйлади. Хуллас, қизнинг майин сўзлашлари, ҳар-ҳар замон жилмайиб қўйиши, табассум қилган пайти пайдо бўладиган кулгичи Бўроннинг меҳрини уйғотди. Бунда ҳали эҳтирос кўринмаган эди.

Бўрон машинасини Фарангизларнинг уйи ёнгинасида тўхтатди. Сўнг:

— Уйингизга кириб кўринг, мабодо яна бирон жойга обориш керак бўлса, савобни тўлароқ қиламан, — деди.

— Майли, бораверинг, сизни овора қилиб қўяман, — дея рад этди қиз.

— Биз дўстмиз. Дўстлар бир-бирларини бундай пайтда ташлаб кетмасликлари керак. Сиз тезроқ онангизнинг ҳолидан хабар олинг. Агар яхши бўлсалар, хабар қилинг, — деб Бўрон Фарангиз ўтирган томон эшигини ўзи очиб берди.

Ўн дақиқалар чамаси вақт ўтгач, кўчага чиққан қиз жилмайиб:

— Сизни куттириб қўйганим учун узр. Ойим яхши экан. Озгина қон босими ошган экан. Дорилари бор. Ичириб қўйдим. Дарров ўзларига келдилар. Касалхонага оборишнинг ҳожати йўқ. Юринг, энди бир пиёла чой ичиб кетинг, — деди.

Бўрон кирмади. Қизнинг телефон рақамини олиб машинасини юрғизди.

Орадан икки кун ўтиб, улар тағин кўришишди. Ўтган кунлар мобайнида Бўрон қизнинг гапиришларини, майин боқишларини, табассумли кулгичини эслаб юрди. Кейин қўнғироқ қилди. Қизнинг салом-алиги бошқача эди. Ҳар бир сўз талаффузидан кейин кулги эшитиларди.

Бўрон уни ресторанга кечки овқатга таклиф қилди. Иккиланишлардан кейин Фарангиз кўнди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)