Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

180 full reads
291 story viewUnique page visitors
180 read the story to the endThat's 62% of the total page views
16,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн олтинчи қисм)

Одам ҳаддан зиёд тўқ бўлса, кўп нарса унга оддий ҳолдай туйилади. Ҳатто осмонга қараб ётиб олганча, ҳеч қайсига ўхшамайдиган, ҳар доимгидан-да бошқачароқ кайфу сафо қилишни ўйлаб қоларкан. Шоҳруҳ кўтарилган иккинчи қаватдаги бир-биридан бақувват тўрт киши ана шу тоифага кирганларига анча бўлган эди. Майдан олинадиган сархушлик, ожизаларнинг нозли эркаланишлари уларнинг истагини бажаролмасди. Фақат билакларининг йўғон томирларига шприц орқали жўнатилган хаёлни бутунлай ўғирловчи суюқликкина ҳақиқий роҳат-фароғатни бера оларди. Бироқ айни чоғда, уларнинг биронтаси ҳам ҳушини йўқотмаган эди. Столнинг устига икки қоп пулни ағдаришган ва эринибгина санаш билан овора эдилар. Эшик қўнғироғи жиринглади. Тўртта девқомат йигит сергакланди. Шунда улардан бири қўл силтаб:

— Марина келмоқчийди. Ярим соат олдин телефон қилувди. Дугонаси “ломка”да экан. Қарзга икки грамм сўради, — деди.

Унинг гапини эшитганидан кейин қолган учтаси ўрнидан туриб кетди.

— Қарзга?! — ўкириб юборди калласи хумдай келадиган, ҳамма ёғини жун босган, саватдай сочи жингалак, бурнининг бир тарафида тиртиғи бор барзанги. — Хўжайин қарзга умуман бермайсанлар деган. Ҳатто ҳидлатмайсан ҳам. Соққасини олиб келиб, кейин олаверсин.

— Кетворган нарса у. Пули бўлмагани билан бадани шунақанги оқ, силлиқки, кўрсанг ўлиб қоласан, — деди қизни уйга таклиф қилган йигит кўкрагига игна билан чизилган аждар сурати устини қашлаб қўяркан.

— Аёл десанг, қайт қилиб юбораман. Менга пул керак! Пул!..

— Бўпти, ҳозир эшикни очаман. Ёқмаса ўзим чўнтагимдан тўлайман.

У ўрнидан турди. Шошилмасдан эшикнинг “кўз”идан ташқарига қаради. Ҳеч ким кўринмади.

— Ким?! — сўради у аччиқланиб.

— Мен, — дея кутилмаганда эркак овози келди эшикнинг ортидан.

* * *

Машинага қараб бўлмасди. Ҳамма ойналари чил-чил синган, капоти ғижимланган, моторга олдинда жой қолмагани боис салон тарафга ичкарилаган, эшиклар илгакдан узилиб, асфальт йўлдан жой олишганди. Эндиликда пастда қолган томнинг текислигидан асар ҳам қолмаган эди.

Бир қарашда бу машинадагиларнинг ҳаммасига аза очиб қўявериш мумкин эди. Аммо Худонинг кароматини қарангки, қизи каби Содиқнинг фақатгина оёғи ва битта қўли синди. Муроднинг боши ёрилди. Юзини ойна кесиб кетди. Шаҳло эса қўрққанидан ҳушидан кетиб қолди. Машина тўнтарилганини кўришлари билан ёрдамга етиб келган одамлар айнан уни ўлганга чиқаришди ва биринчи тўхтаган машинага ётқизиб касалхонага жўнатиб юборишди. Қолган икки жабрланувчи инграр, нима бўлганига ҳали-ҳамон тушунишмасди.

Содиқни машинадан суғуриб олишгач, у ҳушини йўқотди. Уни тасодиф туфайли шу ердан ўтиб қолган “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди. Мурод “Тез ёрдам”га чиқишни хоҳламади. Шунча мажбурлашларига қарамай, “Кетмайман!” деб оёқ тираб туриб олган, тўнтарилиб ётган машина атрофида гарангсиб айланар, тинмай Шаҳлони қидирарди. У ҳам боши қаттиқ чайқалганидан энди ён-атрофидагиларни кўриб-кўрмай қолаётган эди. Худди маст одамдай чайқалиб юрарди. “Шаҳло! Шаҳло!” — деб бақирар, ёрдамга келганлар у кимни қидираётганини англашиб, қизни касалхонага олиб кетишганини айтишса-да, барибир у қидиришда давом этаверарди. Аввалига йигитни ўз ҳолига қўйганлар ундаги ўзгаришни сезишгач, дарров машина тўхтатишди.

Мурод касалхонада қилинган укол таъсирида қотиб ухлади. Бир марта бўлсин қимирламади. Икки соатлар ўтгач уйғонди: оппоқ хона, оппоқ халатли кишилар, оппоқ чойшаб. Ҳатто каравотлар ҳам оққа бўялган.

— Мен бу ерда нима қилиб ётибман? — сўради у бош тарафидаги столнинг устига алламбало дориларни қўйиб, шприцга игна қадаётган ҳамширадан.

Ҳамшира унга ўгирилди. Бир муддат тикилиб турди-да:

— Уйғондингизми? — деди совуққонлик билан.

— Нега бу ерда ётибман? Ким мени олиб келди? — дея ўрнидан туришга ҳаракат қилди Мурод.

— Одамлар олиб келишди. Худога шукур қилинг, ҳеч жойингизга ҳеч нарса қилмабди. Бўлмаса унақанги аварияда одам тирик қолмаслиги керак.

— Авария?! — деб Мурод бошини ёстиққа ташлаб шифтга термилди. Ўтган воқеаларни бирма-бир хаёлида тиклай бошлади. Бирдан Шаҳлони эслади. — Шаҳло! — деди у ўрнидан сапчиб туриб. — Шаҳлога нима қилди?! Қаерда у? Униям шу балнисага олиб келишдими?!

Ҳамшира Муродни худди энди кўраётгандай унга бошдан-оёқ қараб чиқди.

— Нега жимсиз?! — деди Мурод бўғилиб. — Ростини айтинг, нима, унга бирор нарса қилдими?!

— Ўзингизни босинг, нимага бақирасиз?! Оёғи синган қизми? Униям бахти бор экан. Биргина оёғи синибди. Ҳа, сизлар билан бирга яна битта одам бор экан. Тавба, унга жинам урмабди. Лекин жинни-пинни бўлган бўлсанглар керак. Шундай мастликдаям одам рулга ўтирадими?..

— Шаҳлони кўрсам майлими, у қайси палатада?!

— Кимингиз бўлади? Мабодо хотинингиз эмасми?

— Шундай десаям бўлади...

Бошқа сўзлашга унинг бардоши етмади. Назарида, унинг гапларини ҳамшира тушунмаётгандай эди. Ҳамширага фалокат тафсилотлари, қайсидир палатада ётган оёғи синган қиз билан уларнинг алоқаси ва ҳоказолар кўпроқ қизиқдай туйилди. Боши боғланган, юзининг тирналган жойида қон излари қолган Мурод эшик томонга йўналди.

— Ўн еттинчи палатада, — деди унинг ортидан мийиғида кулиб қараб қолган ҳамшира.

Мурод юрмади. Учди гўё. Шаҳло ётган палатага отилиб кирди. Қиз ҳам бу пайтда ўзига келган, бутун фикри-хаёли йигити билан отасида эди. У қачон оёғини гипслашганини билмасди ҳам. Муродни боши боғлиқ ҳолда кўрди-ю, ўрнидан туриб кетаёзди.

Мурод кела солиб уни қучди.

— Яхшимисан, ҳеч қаерингга...

— Мен яхшиман, Мурод ака, бошингизга нима қилди?! — деди қиз унинг гапини бўлиб.

— Хавотир олма, сенга айтгандим-ку, тегирмонга солишса ҳам бутун чиқаман, деб. Мана кўриб турибсан, бошим салгина тилинибди. Сен ўзинг...

— Меники тилинмабдиям. Дадамлар яхшимикан?

— Сўрадим, “яхши” дейишди. Оёғингни гипслашаётганларида оғримадими?

— Йў-ў-қ, — дея жавоб қилди Шаҳло.

Мурод Шаҳлонинг ёнидан чиқиб, Содиқни бориб кўрди. Бўлғуси қайнотаси қайғуда эди. Мурод билан тузук-қуруқ гаплашмади ҳам. Йигитнинг сўровларига қовоғини уйиб жавоб қилди. Фақат Мурод кетар чоғида Шаҳлонинг аҳволини бир оғиз сўраб қўйди.

Бирмунча вақт ўтгач, милиция формасидаги беш киши бирин-кетин кириб келди. Сўроқ бошланди. “Қанақа эди?” “Нимага?” “Кўз қаёқда эди?” “Дарахт ўрнига одам бўлганида нима қилардинглар!” ва ҳоказо саволлар фалокатга учраганларнинг ҳар бирига бир неча мартадан берилди. Охири қиз билан йигитга жавоб беришиб, Содиқнинг палатасида икки соатдан мўлроқ қолиб кетишди.

Кечга яқин Муродга жавоб тегди. Шаҳлони эса, стресс ҳолатини ҳисобга олиб, шифохонада қолдирадиган бўлишди.

— Буям кетади, — дея оёқ тиради йигит.

Врач унга еб қўйгудек тикилди.

— Ҳой бола, эсинг жойидами сенинг? Бунақанги стрессдан кейин оғир касалликларни юқтириб олиши ҳеч гапмас. Аслида сен ўзинг ҳам эртагача ётишинг керак эди, жой муаммо бўп турибди. Шунинг учун қўйиб юбораяпман. Яна бошқа сабабиям бор. Бошқа бировнинг дори-дармонини ишлатиб юбордик, шунинг учун аптекага югуриб бориб келасан.

Мурод чўнтакларини ковлаштирди. Ҳеч вақо йўқ. Бор эди. Ўн беш мингча. У: “Бирон жойга ишлатдимми?” — деб ўйлаб кўрди. Эслаёлмади. Шундай эса-да, ташқарига чиқди.

Фотима опа ўғлининг аҳволидан даҳшатга тушди. Агар Мурод йиқилиб тушганини, бошини йўл ёқасидаги темир панжарага уриб олганини тезроқ айтмаганида, ўзидан кетиб қолиши ҳеч гап эмасди. Ўғлининг гапига кўпам ишонмади. Бинтни ечиб, жароҳатни кўзи билан кўрди. Барибир кўнгли таскин топмади. Чунки бир пайтнинг ўзида ҳам юзи, ҳам боши жароҳатлангани дилига ғулғула солган эди. Мурод пул сўраганидан кейин эса шубҳаси яна ошди.

— Пулни қизғанмайман, болам, лекин менга ростини айт, нима бўлди? Нега бунақа қилиб юрибсан?! — сўради онаизор.

— Айтдим-ку, йиқилганимни, нимага ишонмайсиз, қачон сизга ёлғон гапирганман? Пул бўлса, дўхтирга керак. Кўп қонамасин деб, “Тез ёрдам”га кирувдим. Бинтлари кам қолган экан, чақирувга чиқиб қолишса, керак бўларкан. Хўп денг, ойи.

Фотима опа ўғлига пул берди, сўнг айвон деразасидан Муроднинг ортидан қараб қолди. Бу пайтда омад қуши учиб келиб Муроднинг елкасига қўнган, ўзини сеҳрли ҳис этибгина англаш мумкин бўлган куйини чалган эди. Йигитнинг кайфияти бирдан кўтарилиб кетди. Гарчи боши боғлиқ ҳолда кетаётганига бошқалар ғалати назар ташлаётган эса-да, унинг юзида ним табассум пайдо бўлди.

Автобекатга етиши билан ёнига оппоқ “Кемри” тўхтади. Ҳатто Муродни туртиб юборай деди. Йигитнинг юраги шув этди. Жаҳл билан ҳайдовчига қараган эди, тиржайиб турган синфдоши Ваҳобни кўрди.

— Одаммассан! Илгаридан қилиғинг совуқ эди, шундайлигингча қопсан, — деди Мурод.

Ваҳоб эшикни қарс этиб ёпди-да, қучоғини очиб келди. Муроднинг белидан қучиб даст кўтарди ва ҳавода икки марта айлантириб қайтариб ерга қўйди.

— Хизрни йўқласанг бўларкан, оғайни, ҳозир сени излаб келаётувдим. Оёғимнинг остидан чиқиб турибсан! — деди ҳиринглаб Ваҳоб.

— Ҳали сенинг оёғинг остида қолибмизми?! — дея жиддийлашди Мурод.

— Нималар деяпсан? Ўтир мошинага, — деб уни қўлтиғидан етаклади Ваҳоб.

У асли бой оиладан эди. Отасининг бензин қуядиган шахобчаси бор эди. Муроднинг билгани шу. Мактабни битириши билан Ваҳоб ҳам ўзини тадбиркорликка урганини эшитувди. Лекин илгаридан синфдоши бировга иши тушмаса ҳеч қачон шунчаки қидирмаслигини, ялтоқланмаслигини биларди. Ҳозир ҳам: “Менда қанақа иши бор экан?” — деган ўй яшин тезлигида ўтди хаёлидан.

— Оғайни, — деди машинасини жойидан енгил қўзғатган Ваҳоб Мурод тарафга бир назар ташлаб қўяркан, — қаерга кетаётгандинг?

— Ўзим айланиб чиқувдим, — жавоб қилди Мурод.

— Бошга нима қилди? Бировни сузиб юбормадингми?

Мурод бир муддат нима деб жавоб қилишни билмай ўйланиб қолди.

— Каллангга бирон нима билан туширишганга ўхшайди, нафасинг чиқмай қолди.

— Шкаф ағанади.

— Қойил, шкаф ағанасаям бемалол юрганингни қара. Майли, ўзи омадли йигитсан... Мен сенга айтсам, битта иш чиқиб қолди.

— Билардим шунақа дейишингни. Бўлмаса, хаёлингга ҳам келтирмасдинг.

— Жа, унчаликмас. Болалардан биронтасини кўриб қолсам, албатта, сени сўрайман. Майли, хафа бўлма, оғайни. Кўриб турибсан, қанақанги замонда яшаяпмиз. Вақт йўқ. Иш бошдан ошиб ётибди. Ҳатто икки йилдан бери дам ҳам ололмайман. Хуллас, оғайни, бир кўришганимизда пластмасса заводида танишим бор дегандинг. Шунча уриниб кўрсам ҳам, барибир, канал тополмаяпман. Стол-стул керак, минг комплект. Шаҳар ташқарисидаги қишлоқдан тўйхона очувдим. Пластмасса стол қишлоққа бўлаверади. Ўз нархида гаплашиб бер. Хизматингни ерда қолдирмайман.

Мурод ўйлаб ўтирмай, рози бўлди. Пул керак бўлиб турганидан кейин, албатта, кўнади-да. Бошқа иложи қанча?! Қолаверса, ундан нима кетди? Ўктамнинг ёнига киради (етти йил бурун Ўктамнинг оиласи уларнинг ён қўшниси эди. Пуллари кўпайиб қолганидан кейин ҳовли олиб кўчиб кетишди. Ўктам Муроддан уч ёш катта эди. Шундай эса-да, улар худди тенгқур ўртоқдай яқин эдилар. Мурод ўтган йили унинг никоҳ тўйига ҳам борганди). Ишини битириб берса берди, йўқса, шунчаки салом-алик қилиб, чиқиб кетаверади.

— Аввал дўхтирхонага кириб чиқайин, зарур ишим бор. Қариндошларимиздан биттаси тушиб қолибди, — деди Мурод улар анча йўл босишганларидан кейин.

— Бемалол, дўстим, қаерга десанг обориб қўяман, мабодо тўрт-беш сўм керак бўлсаям тортинмай айтавер, — деди Ваҳоб йўлдан кўзини узмай.

Мурод унга ўқрайиб қараб қўйди.

У дўхтирга пулни берганидан кейин Шаҳлони бориб кўрди. Кўп ўтирмади. Унинг жамолига бир муддат тикилди. Ҳазил-ҳузул гаплар билан қизни озгина кулдирди. Баҳонада ўзи ҳам Шаҳлонинг гўзал табассумидан баҳраманд бўлди. Сўнг тезда қайтиб келажагини айтиб синфдошининг ёнига шошди.

Ваҳоб уни пластмасса заводининг ёнигача олиб борди. Билмаган экан, Ўктам аллақачон ўринбосарлик лавозимига кўтарилиб кетибди. У Муродни кўриши билан ўрнидан туриб қучоғини очганча кутиб олди. Муроднинг бошидаги бинтни кўриб ҳайрон бўлди. Бошқалардай сабабини суриштирди. Ҳаммага айтавериб ёд бўлиб кетган сўзларни Мурод шеърдай, маромига келтириб гапириб берди. Табиийки, Ўктам котиба қизга ширинлик келтиришни буюрганди. Улар ширин дастурхон атрофида бироз суҳбатлашишгач, Мурод секин мақсадга кўчди.

— Шу холосми? — дея жилмайди Ўктам. — Дарров ҳал қиламиз. Лекин шунча стол-стул сенга нимага керак? Ёки шунча қисқа вақт ичида бойиб кетдингми?

— Қанақа бойиш?! Аввал қандай бўлсам, ҳозир ҳам ўзгарганим йўқ. Ўртоғим шаҳар ташқарисида тўйхона қураётган экан. Шунга керак бўпти, — деди Мурод бироз ноқулай аҳволга тушиб.

— Ким у ўртоғинг?

— Синфдошим Ваҳоб.

— Ҳа-а, Ваҳобми? Тўйхона дегин. Аввал ҳам бир марта опкетувди. Отаси билан келган экан. “Одамлардан қарз олдик. Шунинг пулига стол-стул олиб, кейин ижарага бериб беш-тўрт сўм чой пули қилсак. Аста-секин қарзимизни узволардик. Кунимиз ўтиши қийин бўп қолди”, девди. Отаси анча бечора одамга ўхшайди. Уст-боши эски, ҳатто кўйлагининг ёқаси озгина йиртилибдиям. Директорга ўзим кириб, максимал скидка қилдириб берувдим. Энди ўйланиб қолдим. Ёки яна бориб бировдан қарз олибдими?

Мурод унинг гапини эшитгач, ўрнидан туриб кетди. Ҳайратдан кўзлари пирпиради.

— Барот ака-я?! Тагида охирги модел “Мерс”, ўғлида “Кемри”... пулни қаерга қўйишни билишмайди-ку улар.

Ўктам жилмайди. Сўнг бир қўлининг кафтига иккинчи қўлининг муштини урди.

— Шунақа-да. Биз ўзимизни пишиқ деб юрсак, одамлар аллақачон ўн баравар пишиқ бўп кетган. Майли, аввал бечорасифат бўлиб ишини битириб кетган экан. Энди биз ҳам озгина иш қилиб қолайлик. Ҳар қалай, бизнес билан шуғулланиш айб эмас. Мен аввалгидай бўлмасаям, сал бундайроқ арзонлаштириб бераман. Сен бўлсанг, устига ўзингнинг нархингни қўйиб айтасан. Баҳонада беш-олти сўмлик бўп қоласан.

— Унинг ўзи қуруқ қўймайман, деган.

Ўктам кулди. Сўнг ўрнидан туриб, айланиб келди-да, Муроднинг елкасига қўлини қўйди.

— Юз фоиз гарантия бериб айтаман. Унақанги одамлар бировга сариқ чақаям бермайди. Аввалги стол-стулни яхшигина пулга сотган. Фойдасиям ёмон бўлмаган. Яна шундай фойда кўрмоқчи. У бизнес қилади-ю, бошқалар қараб ўтирадими? Хуллас, гап шу. Уқдингми, ана энди бориб айт. Бозордаги нарх эллик беш мингдан юқори. Бизники йигирма беш фоиз арзон. Устига беш фоиз қўшсанг ҳам, минг комплектда тузуккина фойда бўлади.

— Бўпти, — деб Мурод ўрнидан турди ва Ўктам билан хайрлашиб ташқарига чиқди.

Ваҳоб бировнинг кўнглини олишга жуда уста эди. У аллақачон муздеккина Россия пивоси билан газак ҳам келтириб қўйганди. Мурод машинага келиб ўтириши билан: “Иш битдими-йўқми?” — деб сўрамади. Пиво тутқазди қўлига. “Афсус, ўзим рулдаман. Бўлмаса, жон-жон деб ичардим”, деди. Муроднинг кўпам ишқибозлиги йўқ эди. Лекин ҳозир олди. Қулқуллатиб ичди. Сўнг лабини артиб, Ваҳобга юзланди.

— Иш битдими? — сўради Ваҳоб.

Мурод шошилмасдан яна бир қултум пиво ичди. Кейин Ўктам нима деб ўргатган бўлса, ҳаммасини шеърдай қилиб айтиб берди.

— Ошна, — деди дарров ранги ўзгарган Ваҳоб, — озгина қимматми дейман?

— Ўктам нима деган бўлса, шуни айтдим. Сенинг менга бир тийининг ҳам керакмас. Ишонмасанг, бориб ўзинг гаплаш, — деб унинг кўзига тикилди Мурод.

— Ишонаман, ишонаман. Агар менга ўхшаган таргаш бўлганингда ишонмасдим... Қани, битта ҳисоблаб кўрайлик-чи, — деб Ваҳоб қўлига калькулятор олди-да, узоқ муддат рақам терди. Нималарнидир олиб ташлади. Нималарнидир қўшди. Бошини сарак-сарак қилди. Сўнг пешонасидаги терни артиб ўртоғига юзланди.

— Ҳеч бўлмаса, яна беш юз тушиб бермасмикан? — деди.

— Мен бизнес деган нарсани умуман тушунмайман. Кейин битта жойга икки марта кирмайман ҳам. Қолганини ўзинг ҳал қилавер.

— Аввалгидай чўрткесар, ўжарсан-да, оғайни. Бўпти, иложимиз қанча? Ҳар қалай, бозордан анча арзон экан-ку. Эртага пулини опкеламан. Сенинг уйингга телефон қиламан. Ёрдамлашиб юборасан. Соққангниям ўшанда оласан. Бўптими? Ҳозир мен битта жойга ўтиб келай, срочний чақириб қолишди.

Унинг нима демоқчилигини дарров тушунган Мурод эшикни очиб пастга тушаркан, қўлидаги пивони кўрсатиб:

— Менда қолаверсинми? — деди.

Ваҳоб унга хунук қараш қилди. Шу билан озгина ижирғанганини ҳам билдириб қўйди. Қўли билан: “Ичавер”, ишорасини қилди-да, машинага газ берди.

Эртасига тушгача Мурод уйидан жилмай Ваҳобнинг қўнғироғини кутди. Лекин телефон жим эди. Тўғрироғи, бир-икки марта жиринглади. Бошқалар экан. Унинг ҳафсаласи пир бўлди. “Бир марта имконият туғилувди, шуниям эплолмадим”, деб энди касалхонага — Шаҳлонинг ёнига кетмоқчи бўлиб турганида телефон безовталаниб қолди. Ўзгача қувонч билан Мурод гўшакни кўтарди-ю, қулоғига оборар-обормас:

— Алло, — деди шошиб.

Аммо кутилган овоз келмади гўшакдан.

— Оғайни, синфдошинг пул опкеб беришини кутиб ўтирибсанми? Маладес. Ўтиравер, минг йил кутганингдаям у сени чақирмайди. Чунки кечанинг ўзида бизга ҳамма пулни ўзи келтириб берди. Стол-стулниям машинага ортиб олиб кетди, — дея кулги аралаш гапирди Ўктам.

— Йўғ-э, — деди Мурод алланечук бўлиб.

— Лекин мен сени эсимдан чиқарганим йўқ. Анҳор бўйидаги кафега кел. Ўтирамиз чақчақлашиб.

Мурод бўшашибгина гўшакни қўйди. Кайфияти тушиб айвонга борди. Тапчанга ўтириб кўзини юмди. “Нега мен бунчалик омадсизман? Ниманики мўлжалласам, дарров тескарисига айланиб кетади. Бир мартагина тузукроқ пул ишлаб олмоқчийдим. Шуям насиб этмади-я. Ойимдан олган пулимни қандай қилиб қайтараман? Жонга тегиб кетди ҳаммаси. Ҳозир Ўктамнинг ёнига бораман-да, у билан тўйиб ичаман”, дея ўйлади ва дарров ўрнидан туриб ташқарига йўналди.

Ўктам аллақачон ўзи айтган қаҳвахонага бориб, егуликка буюртма бериб ҳам бўлган экан. У ҳар доимгидай ўрнидан туриб, қучоқ очиб Муродни кутиб олди. Сўнг ўтиришга таклиф қилди.

— Бир бутилкадан муздай пиво ичамиз, — деди.

— Яхшиси, муздай ароқ ичайлик. Сиқилиб кетдим, — деб унга термилди Мурод.

— Сиқилишга бало борми? Ҳаммаси зўр бўлади. Лекин майли, сазанг ўлмасин, кўп бўлмасаям юзта-юзта қиламиз.

Ароқ ичилиб, ортидан тўрт сихдан кабоб ейилганидан кейин Ўктам қўлини чўнтагига тиқиб қоғозга ўралган бир нарсани олди-да, Муроднинг олдига қўйди.

— Нима бу? — сўради йигит ҳайрон бўлиб.

— Сенинг улушинг.

— Беш мингам чиқмайдими дейман. Бунча пулни гадойлар ҳам тушгача топиб қўйишади. Керакмас, мана, ҳақ бераяпсан-ку, шунинг ўзи етади, — деди Мурод норози бўлиб.

— Сен аввал бунинг ичини очиб кўр. Ёқмаса, кейин қайтариб берарсан.

Мурод қоғозга ўралган пулни қўлига олди. Атрофини айлантириб кўрди. Сўнг секин қоғознинг бир четини йиртиб кўрди-да, ҳайратдан кўзлари олайиб кетди. Чунки қўлида бир даста доллар турганди.

— Икки минг кўкида.

* * *

Эркак кишининг товушини эшитган барзанги бирдан белига қистирилган тўппончани қўлига олди:

— Кимсан? — сўради қайтадан.

— Милицияданман, — жавоб қилди Шоҳруҳ. Унинг-да қўлида тўппонча бор эди.

— Милиция?! — деди ҳайрон бўлган барзанги ва нарироқда шошилмасдан пулларни тахлаётганларга қаради.

— Падар лаънатининг келган пайтини қара. Соққаларнинг устига дастурхон ёпиб қўямиз, — деди улардан бири ва эринибгина ўрнидан тураркан, — роса чекким келиб турганди, — деб қўшиб қўйди.

Эшик ёнидаги барзанги тўппончасини қайтиб жойига қўйди ва шериклари ишларини битиришларини кутиб турди. Фақат шундан кейингина шарақ-шаруқ қилиб эшикни очди. Айнан шуни кутиб турган Шоҳруҳ уни кўриши билан тўппончасининг дастаси билан барзангининг қошлари оралиғига зарб билан туширди. Барзанги “мент”лардан қўрқмасди ва айни пайтда улар бирдан бунақанги ҳаракат қилади, деб ўйламасди ҳам. Шу боис вужудини бўш қўйганди. Оқибатда, бирдан орқасига гурсиллаб ағанади.

Қолган барзангиларнинг эса ёнида қуроллари йўқ эди. Бунақа бўлишини улар ҳам кутишмаганди. Шу боисдан, қисқа муддатга анграйишди ва натижада вақтни бой беришди. Уйга бостириб кирган Шоҳруҳ уларга тўппончасини ўқталди-да:

— Биронтанг қимирласанг, илма-тешик қилиб ташлайман! — деб бақирди.

Барзангилардан бири ҳиринглаб:

— Брат, бошлиғингдан балога қолгинг келдими, бизнинг кимлигимизни билмайсанми? — деди ва ёнидаги шеригининг елкасига қўл қўйди. У “мент”лар бунақанги жойларга ёлғиз келмаслигини яхши биларди. Бунинг бир ўзи пайдо бўлибдими, демак, ўзининг иши бор. Барзангининг тахминича (дарвоқе, унинг исми Омар эди), ғўдайган бу “лайча”га пул ёки наша керак.

— Агар яна озгина қимирласанг, ўзингдан ўпкала! — деди Шоҳруҳ жаҳл билан.

— Бўпти, келишдик. Биз эркакмиз. Қанча пул керак сенга? Хоҳлаганингча беришимиз мумкин. Олгин-да, қорангни ўчир, — деди Омар қўлини ҳавода силкиб ва шундагина бостириб кирган йигитнинг қуроли стволига овоз пасайтиргич ўрнатилганига эътибор берди. “Ментлар бунақа қилишмайди”, деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Ўтди-ю, аммо босқинчининг кимлигини суриштиришга улгурмади. Чунки Шоҳруҳ тепкини босганди. Сонида бирдан пайдо бўлган оғриқ Омарни ўкиртириб юборди. У гурсиллаб полга йиқилганча уввос торта бошлади.

Қолган икки барзангининг кўзлари олайиб кетди. Зеро, ҳалигача биронта одам уларга бунақанги муомала қилмаганди. Ҳамма қўрқарди. Ҳатто милициядагилар ҳам. Чунки улар аллақачон хўжайинлари томонидан қўлга олинганди. Нима десалар барига кўнишарди.

— Қўлларингни бошларинг орқасига қўйиб ётинглар. Бўлмаса, сенларниям отиб ташлайман! — деб бақирди Шоҳруҳ қолганларига.

Ноилож қолган барзангилар дарров унинг айтганини бажаришди.

Эшик очиқ қолган эди. Унинг ёнида бошқа бир барзанги пешонасига теккан зарбадан кейин ҳушини йўқотиб ётарди. Шоҳруҳ эшикни ёпмаса, қўшнилардан биронтаси ўтиб қолар, ичкаридаги воқеани кўрмаса-да, бақир-чақирни эшитар ва “мент”ларга хабар берарди.

Шуларни ўйлаган йигит бошларини қучоқлаганча юзларини полга босиб ётганлардан ва айни чоғда оғриқ азобидан инграётган Омардан кўзини узмаган ҳолда бир-бир орқасига қадам ташлаганча эшикка яқинлаша бошлади. Худди ўша маҳал Омарнинг ёнига ажал етиб келди.

У босқинчини кетаётган хаёл қилиб (гарчи у азобдан қийналаётган эса-да, Шоҳруҳнинг нима қилаётганини кўриб турарди. Айни чоғда биринчи имконият бўлиши билан ўч олиб қолишни ҳам ўйларди), бирдан қўшни хонада турган қуролига интилди ва бошининг ҳам тешилишига сабабчи бўлди. Аммо шу пайт унинг ниятини бошқа бир барзанги амалга ошириш учун икки марта қўшни хона томонга умбалоқ ошди.

Шоҳруҳ унинг ортидан югураркан, эҳтиётсизлик қилиб, ерда чўзилиб ётган бошқа барзангининг ёнидан ўтаётиб оёғи чалиниб кетди. Ёшлигида курашларга қатнашган ва кўп марталаб курашчиларнинг елкаларини ерга теккизган Исроил (тўртинчи барзангига ота-онаси катта умидлар билан шундай исм қўйганди. Аммо бу исмнинг умри бор-йўғи йигирма беш йил бўлди. Кейин ўрнини Қашқир деган лақабга бўшатиб берди) Шоҳруҳнинг оёғидан ушлаб қолганди.

Шундай эса-да, Шоҳруҳ йиқилаётиб қуролни олишга ва жуда яқин қолган барзангининг белини мўлжалга олишга улгурди. Кейин тўппонча қўлидан отилиб кетди.

Буни кўриб товонигача қувониб кетган Исроил ўзини душманининг устига отди. Шоҳруҳ шундай бўлишини олдиндан билганди. Шу боис ўзини четга олишга улгурди. Исроил гурсиллаб пол устига тушди. Бироқ у-да чаққон эди. Бир қўли билан Шоҳруҳнинг елкасидан ушлаб қолди, шу заҳоти иккинчи қўли унинг ёқасига ёпишди. Олишув бошланиб кетди.

Аввалига Шоҳруҳ уни устидан ағдарган бўлса, кейин яна остига тушиб қолди. Исроилнинг башарасига мушт туширишга уриниб кўрди. Аммо эплаёлмади. Курашчи чап берди. Чунки ҳозир унинг қоидаси бўйича уришиш кетаётганди. Мабодо, иккаласи ҳам тик оёқда бир-биридан озгина узоқликда бўлганида эди, шубҳасиз, Шоҳруҳ рақибини қонига белаб ташларди. Бироқ чайир Исроил бунга йўл қўймас, остига босиб олган йигитни қаттиқроқ бўғишга ҳаракат қиларди.

Айни шу дамда эшик ёнида чўзилиб ётган барзанги кўзини очди. Боши қаттиқ оғриётганидан икки қўллаб сиқди, кейин ўрнидан туриб ўтирди ва бақир-чақир қилиб олишаётганларга кўзи тушди. Аввалига нима бўлаётганини англаёлмади. Чунки унга ўзиникилар бир-бири билан уришишаётгандай туйилди. Кейин бирдан ёдига эшикдан кириб келган “мент” тушди ва ёнидан қуролини олиб тураётганида тағин бир нарса “қарс” этиб, унинг кўз олди қоронғилашиб кетди. Ва ҳамма нарса туман ортида қолиб, ён томонига гурсиллаб йиқилди.

Шоҳруҳнинг жуда узоқ қолиб кетганидан уни кутиб турганлар хавотир олишаётганди. Бек бир неча марта машинадан тушиб яна қайтиб чиқди. Тўғрироғи, Бахтиёр қайтарди. “Шошмайлик, ёрдам берамиз деб, режасини бузиб қўймайлик. Ҳар қалай, у атайин жонини хавфга қўймас”, деди.

— Ўзингиз ўйлаб кўринг, камида ўн киши йиғилган бўлса, биргина Шоҳруҳнинг қўлидан нима келарди? Бунинг устига, фақат казо-казолари тўпланишади. Бундай ўтираверсак, аниқ уни бир бало қилиб қўйишади, — дея Бек сиқилганидан кўйлагининг иккита тугмасини ечди.

Бахтиёр индамади. Шоҳруҳ кириб кетган йўлакка термилганча ўтираверди.

Охири Бек чидолмади. Машинадан сакраб тушди-да, югурганча кетди. Унинг ортидан қолганлар ҳам эргашишди. Биринчи қаватга чиқишлари билан тепада бўлаётган тўполон эшитилди. Қадамлари тезлашди. Бек ярим очиқ турган эшикдан қўлида тўппонча ушлаганча ичкарилаётган барзангини кўрди ва орқа миясига қўлидаги қурол билан уриб уни ағдарди. Бу пайтда Исроил Шоҳруҳнинг қўлидан учиб кетган тўппонча ёнига бориб қолган ва уни олишга улгурганди.

Исроил тўппончани ишлатишнинг иложини тополмади. Чунки худди шу маҳал унинг қўлига Шоҳруҳ ёпишганди. У қуролни тортиб олишга уринди, лекин уддасидан чиқолмади. Шоҳруҳнинг қўли шунчалик чайир эдики, бармоқларини очишнинг иложи йўқ эди. Қайта-қайта чиранишлари фойда бермади. Алам қилганидан йигитнинг бошига бўш қўли билан урди. Шундаям Шоҳруҳ унинг қўлини қўйиб юбормади. Исроилга жуда алам қилиб кетди. Кўзига ҳеч нарса кўринмай, душманининг бўйнидан тишламоқчи бўлганида оёқлари орасидан шунақанги тепки едики, кўзи чиқиб кетай деди. Бутун танаси бўшашиб, қуролни қўйиб юборди. Агар кейинги тепкилар, муштлар борлигини билганида жони чиқса ҳам тўппончани ташламаган бўларди. Шоҳруҳ уни шунақанги муштлардики, бечора Исроил нафас олишга ҳам улгурмасди. У қулади. Қулаганда ҳам бурнию иккита тиши синиб, башараси қора қонга ботиб қулади. Агар Бек Шоҳруҳнинг белидан қучоқлаб ушлаб қолмаганида, ғазаб отига минган йигит душманини ўлгунича тепкиларди.

Белидан қучоқлаган киши Бек эканлиги Шоҳруҳнинг хаёлига ҳам келмаганди. Шу боис тирсаги билан унга қарамаган кўйи биқинига туширди.

— Нима қилаяпсан?! — деди Бек букчайганча инқиллаб. Шоҳруҳ бир неча сония унга қараб турди.

— Сенлар нима қилиб юрибсанлар? Айтувдим-ку, кутинглар деб, — деди.

У Бекнинг кейинги гапларини эшитмади. Исроилга юзланди. Тепмоқчи бўлди. Лекин ниятидан қайтди.

— Бу гўрсўхталарни битта жойга тўпланглар, кейин хоналарнинг ҳаммасини бирма-бир текшириб чиқинглар, — деди у нафасини ростлаб олишга улгурган Бекка қараб.

Унинг буйруғидан кейин шериклари дарров ишга киришиб кетишди. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб чиқиш кўп вақтни олмади. Ярим соат ичида кийимлар, ҳар хил қоғозлар ва ҳатто пулларни полга сочиб ташлашди. Ўлжа ёмон бўлмади. Ўн килоча героин билан анчагина валютани қўлга киритишди. Ҳамманинг оғзи қулоғида эди. Шошишарди. Тезроқ бу ердан қораларини ўчиришга ҳаракат қилишарди. Биргина Шоҳруҳ бемалол, ҳар тарафга синчков назар ташларди. Унинг назарида бу ерда бошқа нарсалар ҳам бордай эди. Қандайдир ички бир сезги уни кетишга йўл қўймади. Ҳамроҳлари кетиш учун эшик ёнига борганда ҳам у хоналарга бирма-бир кириб чиқди. Ва кутилмаганда ётоқхонадаги деворга ёпиштирилган йўлбарс сурати эътиборини тортди. Суратнинг қоғози жуда қалин эди. Бориб уни бармоғи билан чертди. Шунда билдики, унинг орқасида қандайдир бўшлиқ бор. Шоша-пиша қоғозни йиртиб ташлаган эди, орқасидан фанер эшик чиқди. Унинг ҳеч қанақанги қулфи йўқ эди. Лекин кўринишидан эшикнинг ўзгинаси. Эшик борми, демак, унинг ортида нимадир яширинган. Шоҳруҳ иккита фанер бирлашган жойдаги кичик ёриққа қўлини тиқиб ўтирмади. Мушти билан урганди, фанер синиб кетди. Шунда унинг кўзи қатор териб қўйилган автоматларга тушди. Биттасини секин олди. Айлантириб кўрди.

— Бек! — деди ортига ўгирилиб.

Шоҳруҳнинг овозини эшитиши билан Бек у турган хонага югуриб кирди.

— Қара, нима топдим? — дея Шоҳруҳ қўлидаги автоматни кўрсатди. Бекнинг кўзи олайиб кетди.

— Ўҳ-ҳў, — деб бошини сарак-сарак қилди, — роса жойига тушган эканмиз-ку!

— Болаларга айт, тез ҳаммасини йиғиштириб олишсин-да, бирон нимага ўраб мошинага ортишсин. Домдагиларнинг ҳаммасига реклама қилиб юборманглар тағин.

Йигитлар дарров ишга киришишди. Кўнгли хотиржам тортган Шоҳруҳ эшик томон кетаётганида стол устида турган компьютерга кўзи тушди. Бир хаёл уни синдириб ташламоқчи бўлди-ю, аммо дарров ниятидан қайтди. Дарров процессорни мониторидан ажратиб ўзи кўтариб олди.

— Мен сени танидим, — деди Шоҳруҳ хонани тарк этаётганда деворга елкасини тираб оёғини узатиб ётган Исроил. Шоҳруҳ унга ўгирилиб қаради. Барзанги бечоранинг кўзлари деярли кўринмас, лабидан ҳали-ҳануз қон оқмоқда эди, — бозорда икки-уч марта кўрганман. Арининг уясига тегиндинг. Энди бутун уруғ-аймоғингни қуритиб юборамиз.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)