Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

192 full reads
331 story viewUnique page visitors
192 read the story to the endThat's 58% of the total page views
16 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн саккизинчи қисм)

Тансоқчилар шошиб қолишди. Учаласи Шоҳруҳни даст кўтариб, ичкарига олиб кириб кетишди.

Дарров уни чўмилтиришди. Кийим-бош билан таъминлашди. Йигит тўла ўзига келиб олиши учун унга дори беришди. Аммо юзи ва пешонасининг ёрилганини, кўзининг кўкарганини тузатишолмади. Бунинг учун кечирим сўрашди.

Роман Фёдорович ҳамма ишларини охирлатиб, қадаҳни тўлдириб виски қуйди-да, уни бир-бир ҳўплаганча ўзи доим севиб ўқийдиган “Муҳр” романини мутолаа қилишга тушди. Бу асарни у неча марталаб ўқиб чиққан. Лекин ҳар сафар ўзгача бир руҳ, қувват топгани боис, яна қайта кўз югуртиришдан зерикмасди. Ҳозир ҳам китоб бирдан диққатини тортиб, талай муддат қўлидан қўёлмай қолди. Фақат доимгидай, саккизинчи саҳифадан сўнг ўз хаёлларига ғарқ бўлди. Кўзи сатрлар устида юрар, кейинги бетга ўтар, хаёллари эса қиладиган ишининг лаззатига кўмилганди.

— Мумкинми? — деди йигитларидан бири эшикдан бошини суқиб.

Роман Фёдорович кўзойнагини олиб стол устига қўйди-да, йигитига юзланди:

— Йигит ўзига келдими?

— Ҳа, кираверсинми?

— Бемалол. Ҳа, унгаям виски келтиринглар, — деб Роман Фёдорович китобни бир четга қўйиб, қадаҳдаги шаробдан ҳўплаб қўйди.

Шоҳруҳ банкирнинг хонасига кириши билан атрофга бир қур назар ташлади. Европа услубида безатилган хона шу қарашининг ўзидаёқ ёқди.

— Оҳ, менинг кичик дўстим, — дея ўрнидан турди Роман Фёдорович, — англашилмовчилик учун сиздан минг бор узр сўрайман, баъзан атрофингда ҳеч балога ақли етмайдиган аҳмоқлар пайдо бўлиб қолганини сезмай қоларкансан.

У Шоҳруҳнинг қўлини сиқиб кўришди. Хона тўридаги лип-лип ёниб турган печнинг ёнига йигитнинг елкасидан қучиб олиб бориб юмшоқ оромкурсига ўтқазди, кейин ўзи бошқасига ўтирди. Келтирилган вискидан ҳўплаб, йигитни ҳам ичишга даъват қилди. Кейин ён чўнтагидан гавана сигаретасини олиб, лабига қистирди. Ёнаётган ўтин бўлакчаси билан тамакисини тутатди.

— Шунақа қилиб, чекиш — жону дилим. Ёшлигимда битта кино кўргандим. Ўша фильм қаҳрамони ўрмонда ўт ёқади-да, ёнаётган чўпдан сигаретасини тутатади. Оҳ, бирам ёқиб қолгандики, гарчи эндигина еттинчи синфда ўқиётган бўлсам ҳам чекишни ўрганишга интилганман. Мана, орадан қанча йиллар ўтиб кетди, ҳалигача чекаман, — деди жилмайиб Роман Фёдорович ҳамда тутунни ҳузур қилиб ичига ютди.

Шоҳруҳ қўлидаги қадаҳдан бир қултум виски ютди-да, ҳамсуҳбатига юзланди.

— Қани энди, кичик дўстим, айтинг-чи, кимсиз? Нега келдингиз? Юз тузилишингиздан бу ерликларга ўхшамайсиз... Дарвоқе, менга ёрдам бериш учун жонингизни гаровга қўйганингиз қойил қолдирди. Ҳамманиям қўлидан бундай иш келмайди, — деди Роман Фёдорович.

— Қизингизни эртага ўлдиришади.

Шоҳруҳ бу гапни шунчалик бемалол айтдики, ҳатто ўзи ҳам ҳайрон қолди.

— Нима? Ўлдиришади?! Оксанани-я? Жин урсин. Қаёқдан олдинг бунақанги хабарни?! — дея ўрнидан туриб кетди Роман Фёдорович.

Худди шу маҳал хонага ялтироқ, олди ҳаддан зиёд очиқлигидан оппоқ кўксини салгина бекитиб турадиган калта тунги кўйлакда Оксана кириб келди.

— Ҳа-а, — деди у отасининг қўлидаги сигарани кўриб, — дарров чекишни бошладингми? Дўхтирлар сенга мутлақо чекиш мумкинмаслигини айтишганди-ку?!

— Қизгинам, бу ёққа кел, — деб қўли билан Роман Фёдорович уни ёнига чорлади.

Оксананинг узун киприклари пирпиради. Худди модельер қизлардай узун оёқларини кўз-кўз қилганча битта-битта босиб отасининг ёнига келди. Отаси уни қучди. Хушбўй атир ҳиди анқиб турган сарғиш сочларини узоқ ҳидлади, сўнг юзидан ўпиб қўйди.

— Тинчликми? — сўради отасининг бундай қилишидан ҳайрон бўлган қиз. — Ёки ҳозирнинг ўзида бирон ёққа сафарга кетаяпсанми?

— Йўқ, шунчаки сени яхши кўриб кетдим. Эсимдан чиқай дебди. Илтимосингни бажардим. Эртага саҳарда Москвага чипта олиб қўйдим. У ердан Швейцарияга учасан. Ўйлаб қарасам, дам олмаганинггаям анча бўпти.

— Ота, барибир сени тушунолмаяпман. Ҳеч қачон илтимосимни бу даражада тез бажармагандинг. Ҳатто ойим ҳам: “Отанг бир ишни қилиш учун йиллаб ўйлайди”, деганди. Нега бунчалик ўзгариб қолдинг?

— Ҳозир хаёлимга келиб қолди. Дунёда замонавий бўлиб яшашинг керак экан, йўқса, сени сарқитга чиқариб қўйишаркан, буни менинг ёш дўстим ҳам тасдиқлаши мумкин, — дея Роман Фёдорович қизини қучоғидан бўшатиб Шоҳруҳнинг ёнига келди ва энгашиб афт-ангори кўкариб кетган йигитдан: — Шундайми? — дея сўради.

— Умуман олганда, — деб Шоҳруҳ юзини кафти билан бекитишга ҳаракат қилди, — сиз ҳақсиз.

— Дарвоқе, — дея юзида ним табассум билан Оксана йигитнинг ёнига келди, — бу уришқоқ йигит ким бўлди? Оҳ, юзига қара, ота, моматалоқ бўп кетибди-ку.

— Ҳали танишишга улгурганимизча йўқ. Лекин ўйлашимча, душман бўлмаса керак.

— Исмим Шоҳруҳ, ўзбекман. Сизларни эса гарчи аввал кўрмаган бўлсам-да, исмларингизни биламан, — дея жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Кўринишингиздан, қолаверса, ёшлигингиздан бирон катта жойнинг эгасига ўхшамайсиз. Пулингиз бордир, лекин отамчалик бойлигингизгаям кўзим етмайди. Шундай одам қандай қилиб бизга ёрдам бериши мумкин? — сўради Оксана.

— Қизим, — деб Роман Фёдорович Оксананинг белидан қучди, — сен бориб дамингни олавер, биз ўзимиз гаплашиб оламиз. Ҳар қалай, эркакларнинг ишига аёллар аралашиши яхши эмас. Айниқса, мен шунақанги аёлларни ёмон кўраман.

— Ота, мен сенга бегона эмас, қизингман. Қолаверса, фақат икковимиз қолганмиз. Ойим ҳам ўлиб кетди. Ишингни ўргатиб борсанг, кейинчалик балки ёрдамим тегиб қолар.

— Фақат бунисига эмас. Лекин сенга раҳмат, ўзимнинг эркатойим.

Роман Фёдорович қизининг юзидан ўпиб қўйиб, уни ётоғи томонга етаклади. Лекин қиз унамади. Бир қадаҳ виски ичишга рухсат сўради. Қизининг раъйига доим қараб келган ота бу сафар ҳам уни бўй етган ҳисоблаб, илтимосини бажо келтирди.

Оксана атайин отаси ўтирган курсига ўтириб олди. Мақсади, эркакларнинг гапларини эшитиш эди. Қолаверса, уйқуси ўчган, ўзиям бегона ўғил болалар билан гаплашишга мойил эди. Унинг ниятини олдиндан билган Роман Фёдорович мутлақо иш тўғрисида оғиз очмади. Фақат ёшларнинг нима билан қизиқишлари, келажакда қандай режалар тузганларини сўради. Ўзи ёшлигини гапириб берди. Шу билан орадан икки соатча вақт ўтиб кетди.

Кейин қизини ётоғига киргизиб юбориб, Шоҳруҳни сўроққа тутди.

Йигит ҳеч нарсани яшириб ўтирмади. Компьютерда ниманики кўрган бўлса, ҳаммасини гапириб берди. Албатта, фақат Роман Фёдоровичга тегишли бўлганларини.

— Шунақа экан, бекордан-бекорга келмагандирсан?! Қанча пул керак сенга? — сўради унинг гапларини тинглаган Роман Фёдорович.

— Ҳеч қанча, вақти келганда бир мурувват кўрсатиб юборасиз, тамом. Энди рухсат берсангиз, мен кетайин. Ташқарида шеригим кутиб ўтирибди. Менимча, у бутунлай адойи тамом бўлган. Ахир мени йигитларингиз дўппослашди. Кейин уйга олиб кириб кетишди. Нима хаёлга борганини тасаввур қилсангиз керак.

— Ҳали шеригинг ҳам борми?

— Бўлмаса-чи?!

— Эҳ, ёшлар, нимани ўйлаб юрасизлар, билмайман. Ҳақиқатан ҳам, жаҳл устида ўлдириб юборганимда, нима қилардинг? Бўпти, майли, омадинг бор экан. Хабаринг учун катта раҳмат. Жабрланганинг ҳақини эса эрта кечга оласан.

— Айтдим-ку, керакмас, деб. Қизингизни эҳтиёт қилинг.

Шоҳруҳни Роман Фёдоровичнинг йигитлари кузатиб қўйишди.

Ташқарида эса...

Бек Шоҳруҳни калтаклашаётганларини кўриб жон-пони чиқиб кетди. Ёрдамга бориш учун машина эшигини очди ҳам. Бироқ тушмади. Шоҳруҳнинг режасига халақит бериб қўйишдан қўрқди. Ахир бу йигит неча марта мана шундай кутилмаган ишлари билан ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Бунинг устига, агар унинг ишига бирон кимса аралашса, ўша одамни жуда ёмон кўриб қолишини Бек яхши биларди.

Роса калтак еган йигитни ичкарига олиб кириб кетишганини кўрганидан кейин ортиқ чидаб туролмади. Бирдан Юлдузга қўнғироқ қилди. Воқеани ипидан-игнасигача айтди. Ҳовлиқиб қолган қиз манзилни сўради. Бек қаерда турганини маълум қилиши билан телефон ўчди.

Бир соат ичида Юлдуз шотирлари билан етиб келди. Ҳаяжондан унинг киприклари пирпирарди. У машинадан тушибоқ Бекни саволга тутди. Бек сўзлаб бўлиши билан юзига шапалоқ тортиб юборди.

— Ярамас, сен уни уришларига, қонига белашларига қараб турдингми?! Одам шунақаям юраксиз бўладими?! — деб қичқирди Юлдуз.

У биринчи марта Бекни сенлаётган эди. Йигитга кўпроқ шуниси алам қилди. Тўғри, шунча одамнинг орасида юзига шапалоқ тортгани, ёш болага бақиргандай бақиргани нафсониятига текканди. Аммо сенсирагани ҳаммасидан ўтиб тушди. Бир сафар уни Шоҳруҳ ерга урганди. Энди бу ҳамманинг кўз олдида ер билан битта қилди. У аламидан қизариб кетди. Қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Бекор қилдингиз, — деди ҳар бир сўзни тишлари орасидан чиқариб, — агар у итнинг ўзи: “Ишимга аралашмай машинада ўтир”, демаганида, гўрсўхталар билан муштлашардим.

У сўзларини тугатиши билан ичкаридан Шоҳруҳ билан Роман Фёдорович қўлтиқлашиб чиқиб келди. Ҳамманинг нигоҳи бирдан уларга қаратилди.

Банкир дарвозасининг тагида шунча одам турганини кўриши билан қўрқиб кетди. Беихтиёр унинг қўли чўнтагидаги тўппончани ушлади. Шоҳруҳнинг эса жаҳли чиқди. Юлдузнинг ёнига деярли югуриб борди.

— Нега келдинглар, ким чақирди сизларни?! — деди.

Шоҳруҳнинг ўзбошимчалиги Юлдузнинг жаҳлини чиқарганди. Яхшилаб “чақиш” нияти бор эди. Аммо чироқ ёруғида йигитининг юзи моматалоқ бўлиб кетганини кўриб, бирдан шаштидан қайтди. Бунинг устига, Шоҳруҳнинг сўзларида таҳдид аломати ҳам бор эди.

— Бек бизни чақирди, лекин...

Унинг гапи ичида қолди.

— Бундан буён ўзим чақирганимдагина келасизлар, — деди Шоҳруҳ ва ортига бурилиб Роман Фёдоровичнинг ёнига борди. Ундан узр сўради.

— Мен сени бир ўзинг бўлсанг керак, деб ўйлагандим. Кўриб турибман, атрофингда яхшигина одам тўплабсан. Аммо мен мафиозлар билан ишламайман. Хў-ўш, менимча, бошқа кўришмасак керак. Дарвоқе, қизимдан сира хавотир олма. Йигитларингдан биронтасини ишхонамга жўнатсанг, хабарингнинг пулини бериб юбораман.

Шоҳруҳ Роман Фёдоровичнинг бунчалик тез ўзгаришини мутлақо кутмаган эди. Шунча ҳаракати бекор кетганидан бўшашди. Ҳовлисига кириб кетаётган Роман Фёдоровичнинг ортидан: “Ҳали йўлимиз кўп туташади”, деган гапнигина айтишга улгурди. Кейин бошини эгди, Юлдуз тарафга ўгирилди.

— Бекор келибсиз, меҳнатим ҳавога совурилди, — дея машина томон кетди.

У машинага ўтирганидан кейингина қиз ёнига етиб келди.

— Орамизда англашилмовчилик бўлмаслиги керак. Мен сизни калтаклаганларини эшитиб, қандай қилиб бир жойда жим ўтироламан? Нега унинг уйига киришингиз ҳақида айтиб қўймадингиз? Ҳамма ишни ўзингиз билганча қиласиз. Ҳаммани хавотирга соласиз. Кейин сизнинг қилмишингиз учун бошқалар айбдор бўлиб қолаверади, — деди Юлдуз аламидан бўғилиб.

— Лекин мен иш битираётган эдим. Агар банкирни қўлга олганимизда, у орқали янаям юқорироққа чиқишимиз мумкин эди. Бир марта калтакланишимга арзимайдими бу?.. Майли, бўлар иш бўлди. Энди ҳеч нимани орқага қайтариб бўлмайди. Эртага... Йўқ, ҳозирданоқ банкирнинг қизини сақлаб қолиш йўлини қилишимиз керак. Ўзига хавф борлигини айтдим. Назаримда, жиддий қабул қилмади. Тўғри, Оксана тонгдаёқ Москвага, ундан Швейцарияга учиб кетаркан, аммо Роман Фёдорович ҳар эҳтимолга қарши шундай қилди. Агар унинг жонига суиқасд бўлмаса, мен шунчаки эртак айтганга айланаман... Хуллас, бошим қотди.

— Чарчабсиз, — деди унга тикилиб турган Юлдуз, — дам олинг.

Шоҳруҳ жавоб қилмади. Пешонасини ушлади. Дарҳақиқат, унинг кўзи юмилиб кетаётганди. Юлдузнинг гапи ёқди. Ўриндиққа бошини қўйди.

Бироқ унга дам олиш насиб этмади. Чунки уларнинг ўзлари келганлариданоқ кузатувда эдилар. Яъни рақиблари томонидан. Ҳозирда улар ҳамма чиқиш йўлларини тўсиб қўйишганди.

* * *

Муроднинг ранги докадай оқариб кетди. Унинг айни ҳолатини кўрган одам ўғрилигига сира шубҳа қилмасди. Табиийки, милиционерлар ҳам шу хаёлга боришди. Уларнинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Ахир бунақанги омад ҳамма вақт ҳам келавермайди-да. Агар ҳозир бу шубҳали йигитнинг қўлини орқасига қайириб бўлинмага олиб боришса борми, камида мукофот олишади. Шу боисдан ҳам шошилишди. Хонзодани четлаб ўтиб, Муродга қўл узатишлари билан Шаҳло бақириб юборди:

— Тегинманглар!!!

У ўрнидан турди. Ички кийимдалиги учун бадани туман ичида тургандай оппоқ бўлиб кўриниб турарди. Келганларнинг кўзи тушиб, бир зум хаёллари қочди. Аммо тезда яна ўзларига келиб олишди.

Шаҳло йигитининг қўлидан маҳкам қучоқлади.

— Мурод акам ҳеч қанақанги ўғирлик қилганлари йўқ. Қандай қилиб одам севган кишисиникига ўғирликка тушиши мумкин? Кейин Мурод акам ўғирликни пасткашлик деб биладилар! Ойим сизларни алдаганлар... Ойи, уялмайсизми бировга туҳмат қилгани? Аввалги сафар амакимни ўғрига чиқаргандингиз. Эндиги навбат Мурод акамгами?!

Қиз қизариб-бўзариб кетганди. Кўзидан тинимсиз ёш оқарди. Хонзода унинг ёнига қошлари чимирилиб, ранги оқарганча шиддат билан келди-да, қўлидан силтаб тортди. Ана шунда қиз бечора гипсли оёғини ерга босиб олди-ю, оғриқдан чинқириб юборди.

— Бу муттаҳам сенинг бошингни айлантириб қўйибди-ку! Кимни ҳимоя қилаётганингни биласанми, шарманда қиз?! Даданг бечора у пулларни топгунча қанча пешона терини тўккан! Ҳеч бўлмаса шуни ўйламадингми бу ўғрига пулларимиз қаерда туришини кўрсатаётганингда! — дея Хонзода қўлини бигиз қилиб Муродни кўрсатди.

Мурод ҳам, Шаҳло ҳам унинг гапларидан қотиб қолишди. Тиллари музлади. Бу даражада очиқ туҳматни улар тушларида ҳам кўришмаган эди. Йигит билан қизнинг мум тишлаб қолганини кўрган милиционерлар аёлнинг гапларига шубҳалари қолмади.

— Нимангизни ўғирлабман?! — деди ниҳоят тилга кирган Мурод.

— Нималигини ўзинг яхши билмайсанми, ялангоёқ?! Қизимнинг ишончига кирволиб, уни йўлдан уриб, яна без бўлиб туришингга ўлайми? Нимамни ўғирлаганингни менинг ўзимдан сўраб турибсан-а? Мен рўйхатини керакли одамларга берганман. Ҳаммасини қайтарасан! Яна мени шунчалик ташвишга қўйганингнинг ҳақиниям тўлайсан. Тўламасанг, умрингни қамоқда чиритаман!

— Ойи! — дея бақириб юборди Шаҳло. — Нималар деяпсиз? Шунча одамнинг олдида қайси юз билан бировга туҳмат қиляпсиз, бутун оиламизнинг барбод бўлаётгани камлик қиляптими сизга?!

— Кам, — деди эшик рахига суяниб турган Содиқ, — қизим, ойингга камлик қилади буларнинг бари. Қачонки, мен ўламан, сен хор-зор бўласан, ундан кейин ойингнинг кўнгли тинчийди.

Чўчиб тушган Хонзода ортига ўгирилиб эрини кўрди. Қизи ётган палатадаги шовқин-суронни эшитган Содиқ шу ергача аранг етиб келганди.

— Дадаси, нималар деяпсиз?.. — деди у оёқларидан мадор қочиб.

— Эшак, йўқол бу ердан, касалхона можарохона эмас, одамларнинг тинчини бузма!

— Ни-ма?! — дея чинқирганча Хонзода ўзини полга ташлаб юборди ҳамда типирчилай бошлади. Икки милиционердан бири:

— Опа, сизга нима бўлди? — деб аёлнинг бошини кўтаришга шошган бўлса, иккинчиси дўхтирни чақиришга югуриб кетди.

Бир неча дақиқа ичида оқ халатли киши чопиб келди. Унинг ортидан ҳамширалар ҳам келиб, аввал Хонзоданинг томир уришини текширишди. Врачнинг юзидаги шошқинлик ўрнини бирдан сокинлик эгаллади. У қаддини ростлаб, милиционерларга қараркан:

— Қўрқадиган ҳеч нарса йўқ, озгина дам олса, ўтиб кетади, — деди.

Хонзода бошқа хонага олиб кирилиб укол қилинди. Шу билан у ухлаб қолди.

— Сен, — деди милиционерлардан бири Муродга қараб, — барибир биз билан кетишинг керак. Масаланинг тагига етгунимизча сўроқларимизга жавоб беришингга тўғри келади.

— Кимдир туҳмат қилса-ю, жабрини Мурод акам тортишлари керакми? Бормайдилар, борсалар ҳам мен ёнларида бўламан.

Ҳамон эшик рахига суяниб турган Содиқ бир қалқиб тушди. Кўзлари ўз-ўзидан ёшланди. У ҳеч қачон қизи бегона одамни бунчалик ҳимоя қилишини кутмаганди. Бунинг устига, отасининг ёнида айтаётган гаплари уни ғуссага ботирди.

— Шаҳло, — деди у ҳазин товушда, — мен сен учун кимман? Ҳурматим йўқми олдингда?!

— Дадажон...

— Ҳали бирор марта: “Ҳолинг қандай?” — деб сўрамадинг-а, қизим?!

Содиқнинг боши эгилди. Жароҳатли жойларида оғриқ сезди. Афти бужмайди. Кўз ёшини қизидан яширмоқчи бўлганди, уддасидан чиқолмади. Шўр сувнинг икки-уч томчиси полга тушди.

Шаҳло оқсоқланганча бориб дадасини қучмоқчи бўлганида, падари бузруквори унамади. Қизи ёнига яқинлашганида ўгирилиб чиқиб кетди. Оқсоқланиб, ҳам руҳий, ҳам жисмоний оғриқлар исканжасида зўрға ўзи ётган палатага етди. Сўнг каравотига юзини босиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.

Шаҳло шу аҳволда, ўзи билмаган ҳолда танасини бошқаларга кўз-кўз қилиб, отасининг ортидан бормоқчи бўлганида, Мурод ушлаб қолди. Устига халатини кийгизди. Шаҳло унинг кўксига бошини қўйди ва унсиз кўз ёш тўка бошлади.

Ҳартугул, Муроднинг қўлига кишан солиш ниятида келганларга Худо инсоф берди. Улар бир-бири билан кўз уриштирганларидан кейин палатани тарк этишди.

— Энди нима қиламиз, Мурод ака? Бутун оиламиз барбод бўлди, қандай яшайман?! — йигитини маҳкам қучоқлади Шаҳло.

— Ҳаммаси изига тушиб кетади. Мана кўрасан, бари эсингдан чиқади. Ҳозир, ҳозироқ кийимларингни йиғиштир, сени опкетаман. Бир минут ҳам бу ерда қолмайсан. Уйимизга борамиз, ойим сени жудаям яхши кўриб қолганлар, — деди Мурод.

— Дадам-чи, уларни шу аҳволда қандай ташлаб кетаман? Ўзларини-ўзлари еб битирадилар-ку!

— Сен тайёрланиб тур, мен ўзим ёнларига кириб гаплашаман.

Мурод Содиқдан яхши гап эшитмади. Қонига ташна бўлиб турган одам, у кириши билан: “Йўқол, кўзимга кўринма!” — дея бақирди.

Муроднинг бир аҳволда чиқиб келганини кўрган Шаҳло ичидан зил кетди. Гарчи йигит ҳеч нарса демаган эса-да, унинг юз қиёфасидан “суҳбат” қандай кечганини билиш қийин эмасди.

Дадасининг ёнига ўзи борди. Ҳали-ҳануз юзини ёстиққа босиб ётган падарининг сочини силади. Содиқ ким унинг сочларини силаётганини ич-ичидан сезди.

— Қизим, — деди бўғиқ овозда, — мен кўп нарсани тушуниб етдим. Энди бор, бошқа ёнимга келма. Мен сени катта тўй қилиб узатмоқчийдим... Ўлигимга келмасанг ҳам розиман. Пешонанг қурсин, келиб-келиб, аҳмоқ аёл билан ярамас отага қиз бўласанми?..

— Дадажон, мен сизни жудаям яхши кўраман. Илтимос, ҳайдаманг. Тузалгунингизча ёнингизда ўтирай, жон дада!

— Йўқ, бор кет. Ойингнинг яна каромат кўрсатишини хоҳламайман. Мени қийнама бошқа. Шундоғам тамом бўлдим. Ҳеч кимни кўрмай ўлишни хоҳлайман.

— Унақа деманг, дадажон, — дея Шаҳло энди дадасининг елкасини силамоқчи бўлганида:

— Тегинма! — деб қичқирди ота.

Шаҳло чўчиб тушди. Тез-тез қовоғи кўтарилиб тушаётган дадасига бироз термилиб турди-да, кўзидан ёшини селдай оқизганча эшик томон йўналди.

Йўлакда уни Мурод кутиб турарди. Бирдан қучоқлади.

— Мурод ака, уйимга олиб бораман, дегандингиз. Гапингиз ростми? — деди Шаҳло йиғламсираб.

Мурод жавоб қилмади. Бунинг ўрнига қизнинг белидан қучиб, ташқарига бошлади.

* * *

Чол ўрмондан келган хабарни эшитгач, ўрнидан туриб кетди. Ўзи билан бирга пивохўрлик қилаётган ёрдамчиларини ўта дағал сўзлар билан шунақанги бўралатиб сўкдики, барининг юраги ўйнаб қолди. Чол бу билангина қаноатланмади. Ёнидан тўппончасини олиб, дуч келган томонга ўқ ота бошлади. Буниси ҳаммасидан ошиб тушди. Кўзларига дунё қоронғи бўлиб кетган барзангилар бирдан полга кўкракларини бериб ётишиб, бошларини кафтлари билан бекитишди. Вақтида шундай қилишди. Бўлмаса, бу қутурган чол битта қўймай отиб ташларди. Ниҳоят, тўппончада битта ҳам ўқ қолмаганидан кейин чол тинчиди.

Қуролни улоқтириб, кираверишдаги, ўзи жуда яхши кўрадиган, Эрондан келтирилган нархи беш минг доллар турадиган, ниҳоятда чиройли кўзани чил-чил қилиб синдирди. Сўнг столга ўтириб, ютоқиб-ютоқиб пиво ичди.

У аввалги сафар Юлдуз билан Шоҳруҳни қўлдан чиқарганида ҳам қутурган эди. Лекин ҳозиргидай эмас. “Ов”га кетганлар қуруқ қўл билан қайтиб келишгач, жаҳл устида битта йигитини оёғидан яралаганди. Шу билан тинчиганди. Бироз ўтиб, қиз билан йигитнинг боплаб кетишганига ҳатто ўзи ҳам қойил қолганини бошқалардан яширмай, иржайиб-тиржайиб айтувди.

Энди эса кимдир ўрмондаги қароргоҳга бостириб кириб, учта йигитини тинчитибди. Пулларни, сотишга тайёрланган героинга қўшиб яқиндагина сотиб олинган “Жип”ни ҳам ўғирлаб кетибди-ю, улар оғизларини очиб қолаверишибди.

Талай муддат ичкилик ичиб, сигарета чекиб ўтирди. Полга ётганлар бирин-сирин ўринларидан туришди. Оёқ учида юриб, хонадан чиқишди. Чол ҳамма нарсани жуда яхши сезиб ўтирар эди. Шотирларининг ундан махлуқдан қўрққандай қўрқишларини кўриб, ич-ичидан севиниб кетди ҳам.

Бироздан кейин у бақирди. “Қайси ит эмган бор!” — дея сўкинди. Эшик ортида турган учала шотири ҳам унинг овози эшитилиши билан югуриб киришди. Ҳаммаси ранг-қути ўчган, қутурган чолга олазарак боқиб туришарди.

— Бориб, ўрмондаги учта маразни йўқ қилинглар, — дея буйруқ берди, — кейин ўғриларни...

Шундай деганида унинг кулгиси қистаб кетди. Чунки унинг ўзи ўғриликда бошқаларга дарс берарди. Унинг ўзини айнан ўз услубида тунашганлари қитиқлади. Зўрға башарасидаги табассумни йўқотиб, ўрнини қаҳр-ғазабга бўшатиб берди.

Шотирлари бирин-кетин шошганча чиқиб кетишди. Ҳаммасининг ич-ичидаги алами аста-секин, ора-чора бир-бир бўй кўрсатиб қоларди. Чунки қаригани сайин инжиқликлари ортиб бораётган чол жонларига тегиб бўлган эди. Аммо қўлларидан барибир ҳеч нима келмасди. Қўрқишарди. Албатта, чолнинг ўзидан эмас. Унинг чет элда ҳамтовоқлари кўп эди. Айниқса, сицилиялик наркобарон билан жуда қалин эди. У сўнгги уч-тўрт йил ичида беш-олти марта Москвага келган ва ҳар сафар, энг аввал, мана шу чол — Рамиз билан учрашар, маслаҳатлашар, чойлашар, маишат қиларди. Ана шу лаҳзаларда чол йигирма яшар йигитга айланарди. Наркобарон кетар чоғида бошқа авторитетларга: “Отамизнинг бир тола сочи ҳам қиммат туради. Уни авайлаб-асрашимиз керак”, дерди. Унинг мана шу гапи яна қайтиб келгунича чолга соябон вазифасини ўтаб берарди. Биров унинг мушугини “пишт” демас, бундан фойдаланган Рамиз чол хоҳлаган номаъқулчилигини қилиб юраверарди.

У Москвада яшамасди. Бировдан қўрққанидан эмас, шунчаки ёқтирмасди, холос. Унинг кўриниши ҳечам ўзгармасди. Ундан кейин бирор марта ҳам касал бўлиб, ётиб қолган банда эмас. Ёшлигида дори-пори ичган бўлиши мумкин, буни ҳатто ўзи ҳам эслаёлмайди. Доим бақувват, бардам юрарди. Чунки Германияда ҳар икки йилда бир маротаба қонини ёш боланикига алмаштирарди. Қоннинг кучи билан олти ойлар чамаси ҳақиқий йигитга айланарди. Фақат кучли овқат ер, кейин ёшгина, ҳали йигирмага кирмаган қизларни истаб қоларди. Атрофидагилар унинг бундай ўзгаришидан ҳайратланишарди. Кошкийди, биз ҳам унинг ёшига етганимизда ана шундай бақувват юрсак, деб орзу қилишарди. Бироқ олти ой ўтганидан кейин чолнинг тетиклиги ортга чекинарди. Қиз-жувонларни эса жини суймай қоларди. Кейин эзма, мижғов чолга айланарди-ю, ҳамманинг жонига тегарди. Ғазаби қўзиганлардан нечтаси уни ўлдирмоққа шайланди. Бироқ ҳеч бирининг қўлидан келмади. Бунинг ўрнига ўзлари нариги дунёга равона бўлишди. Бундай воқеалар тобора тезлашиб кетаётганидан хавотирга тушган чол ўзининг қиёфадошини қидирди. У бу ишни хуфиёна, учта оғзига маҳкам, ишончли йигитига буюрди. Узоқ қидирувлардан кейин, ниҳоят, унга икки томчи сувдай ўхшайдиган қирқ ёшдан ўтиб қолган одам топилди. Фақат соқоли йўқ эди. Рамизникига ўхшаш соқол ясаш муаммо туғдирмасди, албатта. Уларнинг ўртасидаги ягона фарқ характерида эди. Рамиз — жиззаки, чўрткесар, қўпол, жойи келса ўз онасини танимайдиган бўлса, Февзи унинг бутунлай акси эди. Бироқ ўз вақтида дзюдо билан шуғулланиб, икки марта ўз юртининг, бир марта иттифоқнинг чемпиони бўлган эди. Қиёфадошининг ана шу томони Рамизга кўпроқ ёқди. Бошқа масалалар учун эса, у Февзини икки ой бировга кўрсатмасдан тарбиялашига тўғри келди. Ниҳоят ҳамма нарса жойига тушганидан кейин, йигитларининг ёнига юборди. Натижа ўйлаганидан ҳам зиёдроқ бўлди. Биров шубҳа қилмади. Февзи уларни шунчалик довдиратдики, Рамиздан ҳам ўтказиб юборди. Шундай қилиб, аввал ойлар, унинг ортидан йиллар ҳам ўтиб кетди. Февзининг сохта соқол қўйишига ҳожат қолмади. Ўзиники оппоқ бўлди. Рамиз ўзи борадиган жойларга ҳеч иккиланмай уни жўнатадиган, унинг қандай гапирган, нима ишлар қилгани ҳақида ишончли одамларидан билиб оладиган бўлди. Ҳатто бир сафар сицилиялик наркобарон билан ҳам учраштирди. Фақат қиёфадошига кўзойнак тақтириб, бурнининг тагига Гитлерникига ўхшаш мўйлов ёпиштириб қўйди.

Февзининг эса хаёли бузилди. У энди сохталикдан безган, ҳақиқийликни кўпроқ қўмсаётган эди. Шу боисдан ҳам Рамиз ва унинг атрофидагиларни жуда синчковлик билан ўрганди ҳамда ўзининг Февзилигини биладиган Рамиздан бошқа уч кишини топди. Уларнинг айғоқчилик қилиб юрганлигини ҳам аниқлади. Ва ҳар учовини бараварига йўқ қилиш режасини тузиб, қулай фурсат келишини кутди. Анча вақт кутди. Бир йил муддат ичида учта айғоқчини бир жойда учратолмади. Бунгача ўзининг ўлиб кетишига оз қолди. Қаҳвахонадан ишрат қилиб қайтаётганида (албатта, Рамизнинг ўрнига), кутилмаганда ёнларига “Жигули” тўхтаб, улар ўтирган машинани ўққа тутиб қолди. Яхшики, енгил жароҳат олди, холос. Лекин уни қўриқлаб кетаётганларнинг учаласи ҳам нариги дунёга равона бўлишди. Ана шу воқеадан кейин унинг қарори янада қатъийлашди.

Хўжайиннинг буйруғи билан дала ҳовлига борди. Бироздан кейин негадир учта айғоқчи ҳам келди. Тўрталаси битта хонада ўтиришди. Февзи улар билан бирга озгинадан грузин виносини ичди. Сўнг қулай фурсатни қўлдан бергиси келмай, учала йигитни ҳам отиб ташлади. Дала ҳовлида улардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шу боисдан учта йигитни битта қабрга кўмиб ташлаш унинг учун муаммо туғдирмасди. У ишини битирганидан кейин, машинага ўтириб хўжайиннинг қароргоҳига йўл олди. Борса, ҳаммаёқ осойишта, ҳар ким ўзининг иши билан овора. Қўриқчи йигитлар Рамиз (Февзи)нинг ўзи машинани ҳайдаб келганига ҳайрон қолишди. Бироқ лом-мим дейишолмади. Дарров дарвозани очишди.

Февзи уйга кирганидан кейин иккинчи қаватга кўтарилди. Рамизнинг хонасига кирди. Чол қандайдир харитани столнинг устига ёзган ва алланималарни чамалаш билан овора эди. Февзини кўриши билан жони чиқиб кетди.

— Нимага келдинг, мараз?! Ҳозир у ёққа Петербургдан болалар келиши керак эди-ку, разбор бор эди! — дея бақирди томоғи йиртилгудек бўлиб.

Февзи унинг сўроғига жавоб бериб ўтирмади. Чўнтагидан овоз чиқармайдиган ускуна ўрнатилган тўппончани олиб, аввал Рамизнинг кўкрагига, кейин бошига ўқ узди. Рамиз полга гурсиллаб йиқилди. У ҳатто бақиришга ҳам улгурмади. Кўзлари олайганча ўлиб қолди. Унинг ўлигидан ҳам одам сесканарди. Февзи бир муддат қотганча унга термилиб турди. Сўнг дарров ўзига келиб, қиёфадошининг мурдасини дераза ёнига судраб олиб борди-да, устига мато ёпиб қўйди. Шундан кейингина бироз тин олиш учун шкафдан коньяк олди-да, қадаҳни тўлдириб қуйди. Ичаётганида қўли шунчалик қалтирардики, бир кўтаришда қадаҳни лабига олиб боролмади. Стол устига қўйди. Чуқур-чуқур нафас олди. “Ҳеч ким билмади, ўзингни бос. Ҳаммаси жойида”, дея қайта-қайта хаёлидан ўтказди. Фақат шундан кейингина қадаҳдаги суюқликни ичди. Аввал томоғи, ундан кейин ошқозони қизиди. Вужудидаги титроқ йўқолди. Қадаҳга коньяк қуйишга сабри чидамай, шишанинг оғзидан ичди. Чўнтагига қўлини тиқиб сигарета олди. Ўпкасини тўлдириб-тўлдириб тутун ютаркан, мурданинг тепасига борди.

— Шунча бойликка эга бўлдинг, лекин барибир дунёга тўймаганингдан кўзинг очиқ кетди-я, бечора, — деб Рамизнинг қовоғини силади ва кўзини ёпди.

Бу ёғига у шошилиши керак эди. Чунки тезда дала ҳовлига бориши, петербургликлар билан гаплашиши лозим эди. Агар кечикса, ҳамма сири очилиб кетиши мумкин эди.

У мурдани шу ерда қолдиришга қарор қилди. Кийимларини алмаштириб, эшикни ўзининг калити билан қулфлади-да, ҳовлига тушди. Йигитларидан олтитасини олди. Улар иккита машинада йўлга тушишди.

Дала ҳовлига етиб борганларидаёқ кўз қири билан қабрга қаради. Синчиклаб қаралса, ернинг ковлангани дарров билинаркан. Йўқ жойдан уникига айланган шотирларига уйнинг атрофидан бир қадам ҳам жилмасликларини буюриб, ўзи ичкарига кирди. Яхшиям шундай қилган экан. Столнинг бурчагида қон юқига кўзи тушиб қолди. Уни дарров артиб ташларкан, чуқур нафас олди. Қўли беихтиёр чўнтагини ковлаб, сигарета олди.

Орадан ярим соатлар ўтганидан кейин кутилган одамлар келишди. Ҳаммаси бир-биридан бақувват, боқишлари одамни тешиб юборай дейди.

Икки киши у билан меҳмонхонада ўтирди. Рамиз: “Қуруқ стол атрофида ўтиринглар. Улар сендан Тожикистондаги йўлакни уч ойга бўшатиб беришингни сўрайди. Рози бўлма. Кейин қайтариб ололмаймиз”, деган эди. Лекин бўлиб ўтган воқеалар сабаб бўлдими ёки Рамизнинг айтганини атайин қилгиси келмадими, келгувчиларнинг таклифига кўнди.

— Уч ойдан кейин ҳеч қандай гап-сўзсиз қайтариб оламан, йўқса, сизларга уруш эълон қилишимга тўғри келади. Аслида молларингни ўзим ўтказиб беришим, эвазига эллик фоизга эгалик қилишим лозим эди. Лекин қўлимнинг очиқлигини сизларга кўрсатиб қўйгим келди, — деди.

Петербургликлар Рамизнинг бунчалик тез кўнишини мутлақо кутишмаганди. Жа эллик фоиз бўлмаса-да, йигирма-йигирма беш фоизга ишлашга ҳам рози эдилар. Шу боисдан ҳам кетма-кет миннатдорчилик билдиришди. Кейин маишат бошланди. Ярим тунгача ўтиришди. Агар улар ичган ароқни фил ичганида борми, жигари шишиб ўлиб қолиши ҳеч гап эмасди. Аммо одам шаклидаги жониворлар ўта маст бўлишса-да, биронтаси ҳам ўлмади. Уларнинг орасида биргина Февзи бир қултум ҳам ичмади. Ўрнига минерал сувга қорнини тўлдирди. Аслида унинг ҳам шароб билан тўйиш нияти бор эди. Лекин шаҳарда Рамизнинг мурдаси ётибди. Уни бирёқли қилиши керак. Айнан шу сабаб, шотирларига ётиб қолгунча майхўрлик қилишга розилик берди.

У тонгги учларда шаҳарга қайтиб келди. Рамизнинг мурдасини бўлакларга бўлди. Сўнг машинанинг юкхонасига ортиб, ахлатхонага ташлаб келди. Фақат калласини бошқа жойга, шаҳар ташқарисига олиб борди. Уни ҳам тўрт бўлакка бўлиб, тўртта жойга кўмиб ташлади.

Уйга қайтиб яхшилаб чўмилганидан кейин қадаҳни тўлдириб коньяк ичгачгина ўзига келди. Мийиғида кулди ва қулочини кенг ёзиб:

— Энди ҳаммасига бир ўзим эгалик қиламан! — дея бақириб қўйди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)