Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

170 full reads
271 story viewUnique page visitors
170 read the story to the endThat's 63% of the total page views
17,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн тўққизинчи қисм)

Мана, ҳозир эгалик қилиб юрибди. Тўғри, айрим жойларда чалкашиб қолади. Нима қилишини билмайди. Бироқ буларнинг бирортаси ҳам шотирларида шубҳа уйғотмайди. Фақат Германияга қонини алмаштиргани борганида, врач унинг бошқа одамлигини сезди. “Сизнинг қонингиз бошқа, демак, мутлақо бошқа одамсиз”, деди у. Февзи довдираб қолди. Врачнинг оғзини ёпиш учун юз минг доллар санаб беришига тўғри келди.

Шотирлари унинг айтганини бажариб келишди. Кейин бошқа хабарни, яъни шаҳарда уларнинг “Жип”и портлаб кетганини айтишди. Февзи — Рамиз тутақди. “Ернинг тагидан бўлса ҳам топинглар ўша итдан тарқаганни”, деб бақирди.

Лекин тезда унинг айтгани ижобат бўлавермади. Аста-секинлик билан машина, пуллар, героин эсидан чиқаёзган эди. Чунки Швейцария банкидан ҳисоб рақам очиб келган. Энди тўплаган пулларини ўша ҳисоб рақамига ўтказиш чорасини ахтариб юрганди. Топганди ҳам. АЛФА банки унинг айтганига кўнди. Албатта, мэр ёрдамчисининг аралашуви билан. Лекин орадан икки кун ўтар-ўтмас, Роман Фёдорович бесабаб гапидан қайтиб қолди. Февзининг жиғибийрони чиқди. Бир-икки марта телефон орқали айтиб кўрди(илтимос қилмади), натижа чиқмади. Шундан кейин унинг қизини йўқотишни режалаштирди. Ниятини амалга оширишига бор-йўғи икки кун қолганида эса, кутилмаганда унинг одамларига ҳужум бўлди. Тағин уч киши ўлдирилган, биттаси майиб қилинганди. Ўша майиб Исроил эди. У босқинчини таниганлигини айтди. Кейин эса Февзи — Рамизнинг тўппончасидан отилган ўқдан сўнг бу дунё билан видолашди.

* * *

— Шошманг, — деди Юлдуз ҳайдовчининг елкасига туртиб. — Шоҳруҳ ака, компьютердаги ёзувларни сиздан кейин уч марта кўриб чиқдим. Банкир ҳақидаги маълумотлар охирида “мушук” деган ёзув бор эди. Мушукнинг банкирга нима алоқаси борлигини кўп ўйладим, лекин тополмадим. Балки унга бирор сир яширингандир.

Шоҳруҳ қизга юзланди. Пешонасини қашлади.

— Роман Фёдоровичнинг қизи мушукни яхши кўрармикан? — деди у худди ўзига-ўзи савол бераётгандай. — Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Мушук орқали уни ўлдиришолмайди. Лекин яхшилаб ўйлаб кўриш керак экан. Очиғини айтсам, миямга ҳеч нарса кирмаяпти. Бошим оғриб, уйқум келаяпти.

— Унда уйга бориб озгина ухланг, кейин гаплашамиз.

Машина бирор юз метрча юргач, кутилмаганда ҳайдовчи тезликни пасайтирди.

— Тинчликми? — дея сўради ундан Юлдуз.

— Рўпарамизда “Жип” турибди. Яна йўлнинг ўртасида. Нима қилай? — сўради ҳайдовчи.

Бу пайтда Шоҳруҳ уйқуга кетган эди. Юлдуз уни уйғотгиси келмади. Тўппончасини олиб ўқлади.

— Юраверинг-чи, — деди.

Уларнинг машинаси тезликни оширганидан кейин рўпарадаги машина ўз-ўзидан четга ўтиб тўхтади.

— Аста-секин чумчуқдан ҳам қўрқадиган бўп қоласизлар, — дея чуқур нафас олди Юлдуз ҳайдовчининг қўрқоқлигидан ранжиб.

— Бу пайтда кўчанинг ўртасида мошина нима қилади? — деб ўзини оқлаган бўлди ҳайдовчи ва газни кўпроқ босди.

Сал юрилганидан кейин яна иккита машина чиқди. Ҳайдовчи тезликни янада ошириб, уларнинг ёнларидан шамолдай ўтиб кетди-да, дарров ойнадан орқага қаради. Уларга қарашли машиналар шубҳали “Мерс”ларга елларини ялатиб ўтганларидан кейин, бегона уловлар жойидан жилиб дарров уларга дум бўлиб олди.

Шунда ҳам ҳайдовчи орқа ўриндиқда Шоҳруҳнинг елкасига бошини қўйиб, ярим уйқу ҳолатида кетаётган Юлдузга ҳеч нима демади. Шаҳар ташқарисига чиққанларидан кейин эса қизни уйғотди:

— Орқамиздан дум келаяпти, — деди.

Қиз эшитмади. Бунинг ўрнига Шоҳруҳни қучоқлаб олди. Шундан кейин ҳайдовчи гапини бу сафар баландроқ овозда такрорлашга мажбур бўлди:

— Дум? — дея ҳайрон бўлиб бошини кўтарди Юлдуз.

— Ҳа, иккита. Иккаловиям “Мерс”, — жавоб қилди ҳайдовчи.

— Машинани секинлатинг, кейин бирдан буринг. Фақат эҳтиёт бўлинг, орқадан келаётган ўзимизнинг машиналарга урилиб кетманг, — дея буйруқ берди Юлдуз.

— Хўп, — деди ҳайдовчи бошини қимирлатиб ва хавфсизлик чироғини бироз ёқиб турди-да, кейин газдан оёғини олиб, тормозни босди. Бирдан рулни сўл тарафга бурди. Улов чийиллаган овоз чиқарди ва тескари ўгирилди. Шоҳруҳ эшикка ёпишиб қолай деди ва чўчиб уйғониб кетди-да:

— Нима гап?! — деб беихтиёр бақириб юборди.

— Босинг газни! — қичқирди Юлдуз. Сўнг Шоҳруҳга юзланиб:

— Орқамиздан тушишибди, — деди.

Улар ўтирган машина ҳайдовчининг шарофати билан тулпордай олдинга отилди. Қисқа муддат ичида катта тезликка чиқди. Аммо “Мерс”дагилар ҳам анойи эмасди. Улар машинани тескари ўгиришга улгуришди. Фақат бир неча сония кечроқ. Чунки аввал нима бўлаётганини тушунишмаганди. Лекин сездириб қўйишгани кундай равшан эди. Шу боис, бурилганлари заҳоти қочишга тушишди.

Юлдуз машина деразасидан қўлини чиқариб, қуролини олдинги машинага тўғрилаб уч марта кетма-кет тепкини босди. Иккита ўқ зое кетиб, биттаси чироқни синдирди.

— Падар лаънатилар қайси гўрдан пайдо бўлди? — дея бақирган Шоҳруҳ ҳам тўппончасини ўқлади-да, олдинда тобора тезлашиб кетаётган машиналарга қарата кетма-кет ўқ уза бошлади. Олдиндагилар ҳам қараб туришмади. Машиналар эшиги ёнида олов ёниб-ўча бошлади ва бирдан ҳайдовчининг “Им!” деган дардли овози эшитилди.

— Нима бўлди?! — деди Шоҳруҳ ҳайдовчига юзланиб.

— Қўлим! — дея ингради йигит.

— Секин йўл четига ўтказиб машинани тўхтат. Шошилма. Падар лаънатиларни барибир қувиб етолмаймиз.

Юлдуз ҳайдовчининг қўлини боғлаш билан овора бўлаётган пайтда, Шоҳруҳ тобора узоқлашаётган, фақат орқадаги чироқларигина милт-милт кўриниб турган, аста-секин хиралашиб бораётган машинага нафрат билан қараб турарди. Аммо унинг ўзи карахт эди. Нега нафратланаётганини ҳам билмасди. Англагани, ортидан кимлардир тушган. Мақсадлари нима — буниси қоронғи.

У машинанинг орқа эшигини очди. Ўриндиққа ўзини ташлади-ю, ухлаб қолди. Агар чарчоқ елкасидан босмаганида, уйқу элитмаганида, ҳозир у йигитлари билан бирга қўналғага қайтмасди. Рулга ўзи ўтириб, ортларидан келганларни қувар, етиб олиб бир ёқли қиларди. Тўғри, ўқ жуда ғалати тарзда машина ойнасини тешиб ўтганди. Қизиғи, ойна чил-чил синиб кетмади, фақат тешилиб қолди. Ўқ ҳайдовчининг чап қўлини яралаб ўтди. Унинг қўлидан тинмай қон оқаётганди. Албатта, жаҳл отига минган Шоҳруҳни буларнинг биронтаси ҳам тўхтатолмаган бўларди.

Тушга яқин уйғонди у. Шифтга қараб бир муддат ётди. Кейин худди зарур ишга кеч қолаётгандай сапчиб ўрнидан турди. Ташқарига югуриб чиқди. Нигоҳи билан Юлдузни қидирди. Дарров топди. Беш-олти қадам нарироқда, олманинг остига қўйилган ўриндиқда, Бекнинг ёнида ўтирган экан. Улар бир-бирига шунчалик яқин эдики, тиззалари тиззаларига тегиб турарди. Боз устига, қизнинг этаги тепароққа сурилган ва оёқларининг кўпроқ қисми кўриниб турарди. Шоҳруҳнинг жон-пони чиқиб кетди. Қўлини мушт қилиб тукканча уларга яқинлаша бошлади.

Юлдуз уни кўргач, дик этиб ўрнидан туриб жилмайди.

— Турдингизми? — деди майин товушда.

Шоҳруҳнинг қовоғи солиқ эди. Қўйиб берса, ҳозир Бек билан Юлдузни еб ташлайдиган шашти бор эди.

— Вой-бўй, юзингиз шишиб кетибди. Қани, бу ёққа юринг-чи, — дея Юлдуз Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб, ювиниш хонаси томон етаклади. Шоҳруҳ негадир юмшади. Беихтиёр қизга итоат этди. Эҳтимол, ювиниш ёдидан кўтарилиб, шу аҳволда ташқарига чиққани ўзининг уялишига сабабдир.

У ойнада аксини кўрганидан кейин даҳшатга тушди. Чунки юзи ачинарли даражада шишиб, кўкариб кетган эди. Қовоқлари ҳам кўзини бироз ёпган эдики, Шоҳруҳ бирдан асабийлашгани боис, эндигина эътибор бераётганди.

— Жуда чиройли бўп кетибман-ку! Лекин боплашибди. Бир ойча кўчага чиқолмас эканман-да энди, — деди у жилмайиб.

— Ўзбошимчалик оқибати. Хаёлингизга нима келса, оқибатини ўйламасдан қилиб кетаверасиз. Одам озгина эҳтиёткор бўлиши керак-да. Ҳалиям Худо асради...

Шоҳруҳ қизга юзланиб, кўзларида ёш кўрди. Унинг Бек билан ёнма-ён ўтирганини ҳам бутунлай унутди. Юрагини чексиз меҳр эгаллади. Ахир унинг учун бир қиз куйиниб турса... Бундан ортиқ бахт борми дунёда? Онаси ўтгандан бери унга бирор банданинг ичи ачимаганди. Аксинча, энг яқинлари сал бўлмаса ўлдириб юборай дейишганди.

У Юлдузни меҳр билан қучди. Кўнгли юмшаб, йиғлаб юборишига бир бахя қолди. Қиз:

— Энди ҳечам бундай қилманг, хўпми? Менинг юрагим ёрилиб кетади, — деганида эса додлаб юбораёзди. Бағридаги қизни янада қаттиқроқ қучди.

— Вой, вой, қийнаб қўйдингиз, — деди Юлдуз ва йигитнинг қучоғидан сирғалиб чиқди.

Тамаддидан сўнг Юлдуз Шоҳруҳнинг юзига дори сурди. Кейин белини ҳам кўрсатишни сўради.

— Бошқа жойимга ҳеч нарса қилгани йўқ. Падар лаънатилар фақат юзимга уришибди-да. Тўғри айтган экансиз, уларга ёрдам берганнинг ўзи аҳмоқ...

Шоҳруҳнинг қолган гаплари ичида қолди.

— Гапни бошқа ёққа бурманг, кўрсатинг белингизни. Биламан ўғил болаларни. Қани, тез бўлинг. Бўлмаса, ҳозир ўзим ётқизволаман-да, кўкарган жойлари бўлса, ёнидан ўзим ҳам қўшаман...

Юлдуз кулиб, ҳазиллашиб, хушчақчақлик билан сўзларди. Ҳолат шунақанги гўзал эдики, бирон жойингни атайин кўкартириб олгинг келарди. Албатта, Шоҳруҳнинг бели бир-икки марта чимиллаб қўйган, демак, жароҳати бор, бироқ жароҳатни қизга кўрсатгиси йўқ эди.

— Вой-бўй! — деб юборди Юлдуз Шоҳруҳнинг белидаги жароҳатни кўриб. — Қўл-оёқларинг сингурлар!!!

— Ҳай-ҳай. Ўзингизни босинг, яхши қиз. Салгина тилинганига шунча ваҳима қиласизми?!

— Шу тилинганими? Ўлиб кетмайдими ўша банкир!.. Яхшиси, дўхтир чақира қолайлик, яхшилаб бир кўрсин. Хўпми? — деди Юлдуз ялинчоқ овозда.

— Хоним, мен ўзимни жудаям соғлом ҳис қилаяпман. Дўхтирнинг сираям кераги йўқ. Қолаверса, ўзингиз ҳамма дўхтирдан зўрсиз. Яхшиси, менга кеча орқамиздан тушганлар... — деди-ю, Шоҳруҳ бирдан ўрнидан туриб кетди. Қизга бир муддат термилиб тургач:

— Бу ўртада бошқа қишлоқлар ҳам бор бўлса керак, — деди.

— Ҳа, лекин оралиқлари узоқ-узоқ. Биздан ўтиб озгина юрилса, кичкинагина шаҳарчаям бор. Нимайди? — дея ҳайрон бўлди Юлдуз.

— Агар улар орқамиздан тушган бўлса, демак, ҳозир бизни қидириб юришибди. Ажабмаски, келиб қолишса. Шунинг учун болалардан беш-олтитасини катта йўлга чиқариш керак. Мабодо биз тарафга бирор шубҳали машина буриладиган бўлса, дарров хабар беришсин. Ўзлари эса машинани тутиб қолишсин. Сайтни кўрганимда «мушук» деган ёзув ҳам бор экан, деганмидингиз? — сўради у пешонасини тириштириб Юлдуздан.

— “Мушук” эмас, “кучук”. Кеча ҳаяжонда чалғидим шекилли. Билмадим, балки у шунчаки ёзувдир. Лекин нимаики бор бўлса, ҳаммасини айтдим-да.

— У ерда шунчаки ёзув бўлмайди. Ҳар битта ҳарфда маъно бор. Қизиқ, Роман Фёдорович кучукка қизиқармикан?.. Йўқ, улар қизини йўқ қилишмоқчи, эҳтимол, қандайдир кучукча орқали. Аниқлаштирайлик-чи, унинг қизи кучукчани яхши кўрадими-йўқми? Кейин шунга қараб бирор фикрга келармиз.

— Ўша банкир сизга жудаям керакми? Балки бу ишга аралашмаганимиз маъқулдир. Яна қош қўяман деб кўз чиқариб қўймайлик, — дея эътироз билдирди Юлдуз.

— Бизнинг бу ерда тузукроқ танишимиз йўқ. Шу йўл билан юқорироққа чиқиш мумкин. Чунки банкир ўз-ўзидан банкир бўлиб қолмаган. Унинг орқасида жуда кўп одамлар турибди. Демак, унга зиён етказмоқчи бўлганларнинг дасти Роман Фёдоровичнинг атрофидагиларгаям бемалол етади. Бўлмаса, бунақанги ишга қўл уришмаган бўларди, — деди Шоҳруҳ эҳтиёткорлик билан юзини силаб.

— Мана, бордингиз ҳам. Қизини ўлдиришмоқчилигини ҳам айтдингиз, энди нима қиласиз?

— Мени ана шу ит ўйлантираяпти. Ёзув бекоргамас.

Шоҳруҳ ҳақ эди. Рамиз-Февзи банкир ҳақида ҳамма маълумотларни тўплаётганида, унинг қизи Оксана кучукчани роса яхши кўришини, Петка лақабли оппоқ, бўйи бор-йўғи бир ярим қарич келадиган кучукчасини доим кўтариб юришини аниқлаган. Демак, айнан ўша кучукча қизнинг бошига етади, деб хаёл қилган эди. Бунинг учун ўша хонадон хизматчиси қўлга олиниши керак эди. Бундан бир ой муқаддам Мария исмли аёл дўқ-пўписаю қўрқитишлардан кейин кучукчанинг боғичига махсус қурилмани ўрнатиб қўйишга ваъда берганди. Мабодо аёл сўзидан қайтса ёки сотиб қўйса, унинг иккита набираси ўлдириларди. Уларга қўшилиб ўғли билан келини ҳам.

Қурилма ҳаракатга келтирилаётганида Оксана кучукчани қучоқлаб, бағрига босган бўлиши керак эди. Чунки унинг кучи унақа катта эмасди. Кучукча портлаганидан кейингина қизни ҳам ўлдириши мумкин эди. Ён-атрофдагиларга эса деярли таъсир қилмайди. Фақат жароҳатлайди. Агар қиз кучукчасини етакласа-ю, қурилма ҳаракатга келтирилса, ҳамма режа барбод бўларди. Америкадан юз эллик минг долларга келтирилган қурилмани битта итваччани ўлдиришгагина сарфлашган бўларди. Шунинг учун қиз кузатувда бўлиши ва у севимли кучугини ердан олиб бағрига босиши билан қўл телефонига ўрнатилган бошқарув пультининг тугмачаси босилиши шарт эди.

— Роман Фёдорович менга телефон рақамини берганди, — деб Шоҳруҳ чўнтакларини титкилай бошлади. Кўкрак чўнтагидан топди. Дарров рақамларни терди. Нариги ёқда гўшакни кўтаргунларича Шоҳруҳнинг пешонасида тер пайдо бўлди. Юлдуз унга термилиб турар, йигитдаги ҳар бир ўзгаришни диққат билан кузатарди. Ва хаёлан Шоҳруҳни илк маротаба кўргани билан ҳозиргисига таққосларди. Жудаям содда, ишонувчан йигитнинг бу даражада тез ўзгарганига ҳайратланар эди.

Нариги томондан гўшак кўтарилди. Йигитнинг юзи бирдан жиддийлашди. Салом берди-ю:

— Оксана қаерда? — деб сўради.

— Адашмасам, — деди Роман Фёдорович, — сиз мени туни билан ухламай чиқишимга сабабчи бўлган одамсиз. Нима бўлганда ҳам, раҳмат сизга, менинг ёш дўстим.

— Роман Фёдорович, — дея шошиб гапира бошлади Шоҳруҳ, — қизингизнинг кучукчаси борми?

Банкир кулди.

— Ҳозирги қизлар негадир жудаям итларга ишқибоз. Оксана Петкасини сираям қўлидан қўймайди.

— Петка?

— Ҳа, лақаби шунақа. Тинчликми?

— Илтимос, ҳозирча кучукчасидан узоқроқ бўлсин. Ёки йигитларингизга айтсангиз, ўша кучукчани текшириб кўришса.

— Оксана ҳозир Москвада, ярим соатдан кейин чет давлатга учади.

— Нега бунча бемалолсиз, сизга қиз керакми? Телефон қилинг, кучукчасидан узоқроқ бўлсин.

— Тушунтириброқ гапирсанг-чи?! Нега энди кучукчасидан узоқроқ бўларкан?

— Сайтда “кучук” деган ёзув ҳам бор. Фақат тезроқ бўлинг.

— Ҳозир, бир дақиқа, — деб Роман Фёдорович қизига қўнғироқ қилди.

Бу пайтда Оксана Москва аэропортида эди. Ўриндиқда ўтириб, севимли Петкасининг бошини силар, тез-тез қўл соатига қараб қўярди. У самолётга чиқишни эълон қилишларини сабрсизлик билан кутаётганди. Сабаби, унинг йигити — Петкаси Швейцарияда; эртароқ етиб бориб, у билан бирга висол онларини ўтказишни истарди. Дарвоқе, у кучукчасини жудаям яхши кўргани учун йигитининг исмини қўйган эди. “Сен ўзимнинг вафодоримсан, муҳаббатимсан. Сенсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Сенинг ҳаётимда борлигинг, мен учун қанчалик бахт эканлигини билсанг эди”, деб эркаларди мушукдан озгина йирикроқ кучукчасини. Кечқурун уни хизматкорига ишонмасдан, тўғрироғи, унинг қўли тегишидан қизғаниб, энг қиммат шампун суриб яхшилаб чўмилтирар, сўнг француз атиридан сепиб, ўзи билан олиб ётарди. Кучукча ҳам унга шунчалик ўрганиб қолгандики, чироқ ўчганидан кейин, албатта, қизнинг юзини ялаб қўярди. “Ҳали, — дерди Петкасининг қилиғи хуш ёққан Оксана, — йигитимдан қизғаниб, уни мен билан ётишгаям қўймасанг керак”. Кучукча унинг сўзларини тушунмаса-да, ғингшиб қўярди.

Ниҳоят самолётга чиқиш эълон қилинди. Аксига олиб, худди шу маҳал кучукча безовталанди.

— Оббо, — деди қиз унга қараб бошини сарак-сарак қиларкан, — топган вақтингни қара-ю! Майли, самолёт кутиб туради. Сен енгиллаб ол-чи!

У Петкани кўтарганча шоша-пиша ҳожатхона томонга кетди. Худди шу пайт кутиш хонасига Рамиз-Февзининг йигитлари кириб келишди. Ҳамма қизларга бир-бир нигоҳ ташлай бошлашди. Йўқ, уларнинг орасида оппоққина кучукча кўтаргани кўринмайди. Лекин уларга берилган суратдаги қизга ўхшайдиганлар анчагина эди. Иккала йигит бирма-бир қизларнинг ёнига бориб кўра бошладилар. Шунда улардан бирининг кўзи улкан таблога тушди. Унда Швейцарияга учадиган самолётга чиқиш бошлангани ёзиб қўйилган эди.

— Кечикканга ўхшаймиз, — деди у шеригини туртиб таблони кўрсатаркан.

— Хўжайиндан балога қолдик. Аяб ўтирмайди у. Боришимиз билан пешонамиздан отади, — деди бирдан руҳи тушган иккинчи йигит, — нима қиламиз энди? Балки...

Унинг гапи оғзида қолди. Ҳожатхона томондан оппоққина кучукчасини қучоқлаганча шошиб бир қиз келарди.

Уни кўрган йигитларнинг юзи ёришди. Улардан бири ёнидан қўл телефонини олди-ю, махсус рақамларни тера бошлади.

Бирдан Оксананинг телефони жиринглади. Шошаётган қиз тезлик билан яшил тугмачани босиб қулоғига тутди.

— Алло, Оксана! Кучукчангни ерга ташла! — дея бирдан бақирди отаси Роман Фёдорович.

Ота бошқа гапни айтишга улгурмади. Гумбурлаган товуш эшитилди қулоғига. Унинг қўлидан уяли телефони тушиб кетди. Ранги оқарди ва ёнига қулади.

Шоҳруҳ Роман Фёдоровичнинг қизига гапираётганини эшитиб турган эди. Унинг бирдан овози чиқмай қолганидан саросималанди. Қайта-қайта гўшакка: “Алло! Алло!” — деди. Бироқ жавоб бўлмади.

* * *

Фотима опа ўғли билан Шаҳлони кўриб қотиб қолди. Бир муддат уларга термилиб турганидан кейин:

— Опқочиб келдингми? — дея сўради Муроддан.

— Йўқ. Олиб келдим. Бугундан бошлаб, агар сиз рухсат берсангиз, уйимизда туради. Бир умрга, — дея Мурод онасига тикилди.

Фотима опа ютинди-да, қизарган, боши эгилган Шаҳлога қаради. Унинг кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, вужудида билинар-билинмас титроқ бор эди. Фотима опанинг юраги эзилди. Ўғлини ортиқ саволга тутмай, қизни оғушига олди.

— Ойижон! — дея Шаҳло йиғлаб юборди.

— Қизим. Уйимнинг тўри сизники. Шу уйнинг маликаси ўзингиз бўласиз, — деб бўлғуси келинини Фотима опа юз-кўзларидан ўпиб, уни меҳмонхонага етаклаётганида қиз оқсади. Шундан кейингина опанинг кўзи унинг гипсланган оёғига тушди.

— Вой ўлмасам! Нима бўлди, қизим?! — деб Фотима опа аввал Шаҳлога, кейин Муродга қаради.

— Ҳалиги... ойижон, йиқилиб тушгандим, — дея жавоб қайтарди Шаҳло баттар қизариб-бўзариб.

— Битталаринг йиқилиб бошингни ёрсанг, бошқанг оёғингни синдирсанг... Қани, ичкарига киринглар-чи икковларинг ҳам, яхшилаб гаплашиб қўяйин.

Фотима опа ўзгача меҳр, майинлик билан гапирдики, йигит билан қизнинг юзида беихтиёр табассум пайдо бўлди.

Меҳмонхонада уларнинг гаплари кўпам қовушавермади. Фотима опа нимани сўрашни, ўғли билан Шаҳло эса нимани гапиришни билмасди. Мурод ўйлаб-ўйлаб, охири чўнтагидаги пулларни стол устига қўйди. Буни кўрган она билан бўлажак келин ялт этиб йигитга қарашди.

— Нима бу? — сўради Фотима опа.

— Пул.

— Билдим пуллигини, қаердан олдинг шунча пулни? Яна кўча-кўйда...

— Ойи, нималар деяпсиз? Кўчада бировнинг пули ётган тақдирдаям эгилиб қўлимни чўзмайман-ку?! Бу пулларни ўзим ишлаб топдим.

— Қандай қилиб, болам? Шунча долларни бир йил бурнинг ерга тегиб меҳнат қилганингдаям тополмаслигингни биламан-ку! Ҳозироқ айт, қаердан олдинг бу пулларни?!

— Уфф, ойижон, бошқаларга ўхшаб бизнес қилдим. Аниқроғи, битта ўртоғимга стол-стул керак экан. Топиб бердим. Анави Ўктам бориди-ку, қўшнимиз. Шу орқали. Хизматимга шунча пул беришди. Ишонмасангиз, Ўктамнинг телефонини бераман, ўзингиз гаплашасиз.

Юраги гупиллаб уриб турган Шаҳло енгил нафас олди.

— Ишқилиб, тозами? — сўради Фотима опа ишонқирамай.

— Агар олди-сотди билан бойлик орттираётганларнинг пуллари тоза бўлса, демак, менинг топганим ҳам тоза. Энди бу пулларни нима қилишни Шаҳло билан ўйлаб кўрасизлар, — деб Мурод юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан туриб эшик томон йўналди.

Она билан бўлғуси келин унинг ортидан қараб қолишди.

Мурод иккаласига гаплашиб олиш имкониятини бериб, атайин ташқарига чиқиб кетди. Шу бўйи икки соатча кўриниш бермади. Бу муддат ичида Фотима опа нима воқеалар содир бўлганини мулойимлик билан, Шаҳлога оғир ботмайдиган қилиб сўради. Шаҳло тўлиб турган эди. Дардини кимга айтиб енгиллашиб олишни билмаётганди. Баҳонада “тўкилди”. Автоҳалокатгача бўлган воқеаларни бирма-бир гоҳ йиғлаб, гоҳида юзи жиддийлашиб сўзлади. Отаси уни ҳайдаб юборганини айтаётганида эса, додлаб юбормаслик учун зўрға ўзини босди. Лаблари титради, кўзларидан оқаётган ёшни тинимсиз артиб турган эса-да, барибир тугатолмади. Алам аста-секин суяк-суягигача бориб етди. Фотима опа унга қўшилиб йиғлади. Ундан-да баттар қайғуга ботди.

— Ойижон, — деди ҳикоясини тугатганидан кейин Шаҳло, — дардим билан сизни ҳам қийнаб қўйдим. Билмадим, нима гуноҳим учун Худо мени бунчалик жазолаяпти?

— Қизим, — деб Шаҳлонинг узун, оппоқ бармоқларини ушлади Фотима опа, — сизда ҳеч бир айб йўқ...

Шундай дея у бироз каловланиб қолди. “Ота-онангизнинг касрига қолгансиз”, деган гап тилининг учига келди-ю, бирдан опа тилини тишлади. Агар шундай дейдиган бўлса, шундоғам эзилиб ўтирган қизни баттар азоб исканжасига солишини англаб қолди.

— Манави пулларни нима қиламиз? — деб гапни бошқа томонга бурди.

— Ойижон, — дея қиз бошини эгди.

— Вой, эсим қурсин. Чой дамлаш ҳам хаёлимга келмабди-я, — дея Фотима опа ўрнидан тураётганда:

— Мен ўзим дамлай қолай, — деди Шаҳло.

— Ойингиз ўргилсин, ўзимнинг жоним қизим. Ҳали шунча кўп иш буюриб ташлайинки, бошингизни қашлашга вақт тополмай қолинг. Унгача соғайиб олишингиз керак.

Шаҳло Муроднинг онасининг ширинсуханлигидан, меҳрибонлигидан терисига сиғмайдиган даражада қувониб кетди. Бир муддатдан кейин ўзининг ойисини эслади. Бирдан юзидаги табассум йўқолди. Жиддийлашди. Ўкинди.

Фотима опа ич-ичидан хафа эди. У ўғлини шунақанги ишлар қилади, деб сираям ўйламаганди. Совчиликка бориб, қизнинг онаси билан талашиб-тортишиб, ҳамма удумларни жой-жойига қўйиб келин олмоқчи эди. Қўни-қўшниларга: “Ўғлимни унаштирдим. Фалон куни тўй қилишни мўлжалладик. Келинимнинг ибо билан чой олиб кирганини бир кўрганларингда эди, оғизларинг очилиб қоларди”, деб мақтанишни аллақачонлардан бери дилига тугиб юрарди. Ҳамма орзулари бирпасда саробга айланди... Шаҳло бошқача, тушунадиган оиланинг фарзанди бўлганидаям майли эди. Ўзи унинг уйига борарди қизни етаклаб... Унинг онаси бутунлай бошқача аёл. Агар қизининг шу ердалигини билса борми, қиёмат қўпади.

Фотима опанинг бошига оғриқ кирди. Бир хаёл қизни уйига жўнатиб юборишни ҳам ўйлади. Бироқ шу ондаёқ хаёлидан бу фикрни ҳайдаб солди. Уни шу аҳволда қаерга жўнатади? Соппа-соғ бўлганидаям майли эди.

У талай муддат шу тахлит — қўлига гугурт ушлаганча газ ёнида туриб қолди. Агар телефон жиринглаб қолмаганида, ҳали анча турарди ҳам. Хаёли бузилиб, тинимсиз безовталанаётган телефон ёнига бориб гўшакни кўтарди.

Ундан эркак кишининг овози келди. Фотима опанинг бирдан юраги шув этиб кетди. Зумда хаёли Шаҳлонинг дадасига бориб тақалди. «Дўқ-пўписа қилади. “Ўғлингни қаматиб юбораман”, дейди», деган фикр миясига жойлашиб ҳам улгурди.

— Мен, — деди телефон қилган одам, — Ўктамман, кеннойи, танидингизми?

Фотима опа сал бўлмаса гўшакни ташлаб юборай деди. Чуқур нафас оларкан:

— Ўктамжон, юрагимни ёриб юборай дединг, — дея беихтиёр гапириб юборди у.

— Нима гап, тинчликми? — сўради ҳайрон бўлган Ўктам.

— Тинчлик, тинчлик, — деб Фотима опа ўғринча меҳмонхона томонга кўз қирини ташлаб қўйди.

— Мурод керак эди. Зарур иш чиқиб қолди.

— Шунақами, — деб юзи ёришди аёлнинг, чунки ўғлининг каззоблик қилмаганига амин бўлганди у, — ташқарига чиқиб кетганди-я, келиши билан айтаман, ўзи телефон қилади.

— Илтимос, айтинг, — деб гўшакни қўйди Ўктам.

Фотима опа чой қўйишни бутунлай унутиб, Шаҳлонинг ёнига қайтиб келди.

— Алдамабди, алдамабди, — деди шошиб, — азалдан ҳеч қачон алдамаган. Нима қилиб унга ишонмадим, ҳайронман. Ўктамжон яхши бола. У билан бирга ишласа, ёмон йўлга юрмайди, умрингдан барака топгур.

Шаҳлонинг юзида табассум пайдо бўлди. Бироз олдин у ичидан зил кетганди. Чунки у ишонган, суянган аёл битта қўнғироқдан қўрқиб кетганди-да.

— Эсим қурсин, болам, яна чойни унутибман-ку?! Одам хурсанд бўлганидан кейин...

Фотима опа қолган гапини ичида қолдирди. Айни дақиқада хурсанд эса-да, қўнғироққача унинг дили зимистон бўлганлигини ўзидан яширолмасди. Шу боисдан ҳам гапини охиригача айтолмади. Айтолмади-ю, боя бир қанча муддат ғамга кўмилиб ўтирганини Шаҳлога билдириб қўйди. Қизнинг ичидан бир нарса «чирт» этиб узилгандай бўлди. “Кетаман. Ҳозир Мурод акам келса, мени Севинчларникига обориб қўйишини илтимос қиламан. Буларга оғирлигимни ташлаб нима қилдим?” — дея дилидан ўтказди.

Фотима опа чой дамлаб келганидан кейин столнинг устига қанд-қурс қўйди, нон ушатди. Буларнинг бари Шаҳлонинг назарида шунчаки хўжакўрсинга қилинаётгандай туйилаверди. Бир бурда нон тугул, бир ҳўплам чойни зўрға томоғидан ўтказди у. Икки кўзи эса эшикда эди. Ярим соатлар ўтиб, Мурод келди. Эшикдан кириши билан Фотима опа уни Ўктам сўраганини айтди.

— Нега сўрабди? — деди Мурод онасига тикилиб.

— Билмадим. Келиши билан телефон қилсин, деди. Зарур иши бордир-да.

Мурод гўшакни кўтариб рақам терди. Тўрт-беш чақирувдан кейингина нариги ёқдан гўшак олинди. Ўктам Муроднинг овозини эшитиши билан сўрашишни ҳам унутиб:

— Тез етиб кел, зарур иш чиқиб қолди. Хурсанд бўласан, — деб гўшакни қўйиб қўйди.

Мурод бир-бир босиб меҳмонхонага кирди. Унинг юзидан на хурсандчилик ва на хафалик аломатини сезса бўларди. Бундан она билан ёрнинг иккови ҳам хавотирланди.

— Тинчликмикан? — сўради Фотима опа.

— Тинчлик. Тез кел, деди. Зарур иши бор экан. Лекин ёмон иш бўлмаса керак. Бўпти, мен кетдим. Менсиз маза қилиб дардлашадиган бўлдинглар.

Унинг гапидан кейин Шаҳло ичидан зил кетди. Чунки Севинчларникига олиб бориб қўйишини илтимос қилмоқчи эди. Аслида ўзи ҳам бир амаллаб етиб олса бўлади-ю, лекин Фотима опани ранжитиб қўйишни истамаяпти. Мурод билан бирга бирон нимани баҳона қилиб чиқиб кетса-ю, кейин ҳамма гапни онасига ўғли тушунтирса яхши бўлади, деган ўйда эди у.

Мурод кетди. Йўл-йўлакай минг бир хаёлга борди. Гарчи Ўктам унинг хурсанд бўлишини айтган эса-да, барибир кўнглининг бир четида хижиллик бор эди. Охири у ҳамма нарсани унутишга, фақат Шаҳло тўғрисида ўйлашга қарор қилди. Лекин барибир дили ёришмади.

Ўктам уни офисининг ҳовлисида кутиб олди. Қучоқлашиб кўришди. Узум сўриси остидаги ўриндиққа бошлади. Кейин шошилмасдан чўнтагидан сигарета олиб тутатди-да, гап бошлади:

— Хўжайин ўғлига фирма очиб берганди. Тикувчилик ва олди-сотди билан шуғулланадиган. Ёшлик қилганми ёки ўқиши халақит берганми, хуллас, эплолмаган. Бугун мени ёнига чақириб: “Оёқ-қўли чаққон, фаҳм-фаросатли одам топиб беринг”, деб илтимос қилди. Бирдан хаёлимга сен келдинг. Айнан сенбоп иш. Ҳаракат қилсанг, шунинг орқасидан бойиб кетишинг ҳам мумкин.

— Тикувчилик? — деганча Ўктамга тикилди Мурод. — Менинг қўлимдан унақанги иш умуман келмаслигини яхши биласан-ку?!

— Мен сенга бирон нима тикасан, демаяпман. Сен бошқарасан. Тушундингми? Туркиядан мол келади. Сен уни тикув цехига оборасан. Улар тикишади. Кейин бозорда сотасан. Қиладиган ишинг мана шу. Ҳа, қўлингда камида ўттизта одам бўлади, уларниям бошқаришингга тўғри келади. Энг асосийси, ишнинг кўзини билсанг, ҳалол бўлсанг, марра сеники.

— Эплолмасам-чи?

— Эплолмасанг, чиқариб отиб ташлашади, — деди бироз қизишган Ўктам, — бунчалик ландовур бўлма-да, ука. Шундай имкониятдан фойдаланиб қолмайсанми? Шундоғам бекорчиларга хўжайинлик қилиб юрибсан... Ҳа, энди жуда бўлмаса, қўлимдан келмади, дейсан, тамом-вассалом, кетаверасан. Ўрнингга бошқаси келади.

— Мен бир ўйлаб кўрай.

— Ўйла. Эртага эрталаб менга жавобини айт, — деб Ўктам ўрнидан турди.

* * *

Фотима опа бутунлай карахт аҳволга тушиб қолган эди. Шаҳло билан озгина чой ичди. Меҳрибончилик кўрсатмоқчи эди-ю, аммо гапларининг ҳаммаси сохта чиқаверди. Охири ўрнидан туриб айвонга чиқди. Бир қанча муддат деразадан пастга қараб турди. Ичкарида эса Шаҳло ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолганди. У Муроднинг келишини интиқлик билан кутаётган эди. Агар келса, Фотима опанинг ёнида бўлса ҳам, дугонасиникига олиб бориб қўйишини илтимос қилади. Чунки шундан ўзга чораси йўқдай туйилди унга.

Вақт жудаям имиллаб ўтар, бундан айвондаги аёлнинг ҳам, меҳмонхонада дастурхон учини ўйнаб ўтирган қизнинг ҳам юраги сиқиларди. Ниҳоят, Шаҳлонинг бардоши тугади. У секин ўрнидан туриб, гипсли оёғини эҳтиёткорлик билан босиб эшиккача борди. Юриш унга анча қийинчилик туғдирар эди. Сабаби, битта оёқда лўкиллаб юролмасди. Пол гурсиллаб кетарди. Синган оёғини полга босса, гипси эзилиб кетаётган эди.

— Ойижон, — деди у эшик рахига суяниб. Фотима опа бирдан ўзини ичкарига олди. Шошилганча меҳмонхона тарафга бораётиб, Шаҳлога кўзи тушди.

— Сизга ҳали-бери юриш мумкинмас-ку, қизим... Яхшиси, ётоқхонадан жой қилиб бераман, озроқ дамингизни оласиз, — деди.

— Мен кетаман. Сизларга юк бўлишни истамайман.

— Нималар деяпсиз, қизим? Ким сизни бизга юк бўлади деб айтди? — деди ҳайратини яширолмаган Фотима опа.

— Ташвиши кўп қизман. Балки ойим келиб қолсалар...

— Бир гап бўлар. Ниятимиз ёмонмас-ку, Худонинг ўзи марҳамат кўрсатар. Ҳали ҳеч нарса кўрмагандай бўп кетасиз. Ойингиз билан ҳам келишиб оламиз. Бундан бу ёғига кетишни эсингиздан чиқаринг. Чунки оиламиз аъзосига айландингиз.

— Ойижон! — дея йиғлаб юборди Шаҳло ва оқсоқланганча бориб Фотима опани қучоқлаб олди. Худди шу пайт эшикдан Мурод кириб келди. Қайнона-келиннинг бир-бирларини қучоқлаб туришганини кўриб, қувончдан кўзлари порлаб кетди.

— Бўларкан-у, — деди Мурод.

Фотима опа билан Шаҳлонинг юзида табассум пайдо бўлди.

— Сен нима деб ўйловдинг? — дея кесатди Фотима опа.

— Менинг қорним очқаб кетди. Келинингиз бирон нима пишириб берсин, — деди Мурод эркаланган киши бўлиб.

— Ҳозирча биронта муллани олиб келиб никоҳ ўқитмагунингча Шаҳло сенга бир таниш қиз ҳисобланади. Шунчаки яқинлик юзасидан тайёрлаб бериши мумкин. Аммо жуфти ҳалолинг бўлолмайди.

— Унда бориб бирорта мулла топиб келайин, — деб Мурод ортига бурилган эди, Фотима опа уни тўхтатди.

— Шаҳлохонга осонгина эришаман, деб ўйлаяпсанми? Бекорларни айтибсан. Аввал оёғини тузатасан, сарпо-суруқ қиласан. Ундан сўнг тўй қилиб, элга ош берасан. Ундан кейин никоҳ ўқитасан. Шу ишлар охирига етмагунча, Шаҳло синглингга дугона бўлиб, у билан бирга ётиб туради. Келишдикми?

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)