Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

194 full reads
286 story viewsUnique page visitors
194 read the story to the endThat's 68% of the total page views
16 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн тўртинчи қисм)

Шоҳруҳ кутилмаганда уни қучоқлади ва лабига лаб босди. Аввалига унинг қучоғидан чиқмоқчи бўлиб ҳаракат қилган қиз бирпасдан кейин ўзи ҳам йигитнинг истагига пешвоз чиқди. Улар бутунлай ҳамма нарсани унутишди. Шамолда тебраниб шовуллаётган дарахт шохлари, икки алкашнинг думалаб ухлашлари, ташвишлар, умуман, ҳеч нима уларга халақит беролмасди. Бутун борлиқлари билан ҳиссиётга берилишганди. Муҳаббат сеҳри икковини ҳам домига тортиб кетганди.

* * *

Эртасига Маъмур қўнғироқ қилди. Шомурод ака айнан мана шуни кутиб турган эди. Ҳазил-ҳузул билан бошланган гап секин-аста жиддийлашди. Бўлиб ўтган воқеаларни мутлақо хотирлолмаган Маъмур суҳбат сўнгида Шомурод акага тезда етиб келишни буюрди. Шомурод ака ундан бунақанги муомалани кутмаганди. Шу боис, бир қалқиб тушди. Гўшакни қўйди-да, сўкинди. Сўнг котибасига махсус тайёрланган дисклардан биттасини олиб келишни тайинлади. “Ҳали шошмай тур, кўрнамак! Онангни учқўрғондан кўрсатганимда, қандай қилиб оёқларимни ялаганингни билмай қоласан!” — дея ўз-ўзига гапирди. Ўрнидан туриб, шкафдан кеча Маъмур билан бирга ичилган “Наполеон” коньягидан биттасини олди.

У кўз очиб-юмгунча манзилга етиб борди. “Совға”ларини қўлтиқлаб Маъмур ўтирган хонага кирди. Маъмурнинг қовоқ-тумшуғига жавобан амаллаб илжайди. Қўшқўллаб кўришди. Маъмурнинг вақти тиғизроқ экан, икки дақиқача сўзлашди. Гап орасида Шомурод акага куёвининг аҳволи оғирлигини, яқин кунлар ичида ўзининг ҳам фирмаси текширилажагини айтиб ўтди. Бундай совуқ муомала ҳам Шомурод аканинг тусини ўзгартиролмади.

— Унда, — деди Шомурод ака ўрнидан тураётиб, — пешингача кеча келишганимизни тайёрлайман, сўнг дарров сизга қўнғироқ қиламан.

У Маъмурнинг хонасидан чиқиб кетаётиб қўлтиқлаб келган нарсасини унутиб қолдирди. “Вой тулки-ей, қанақа қилиб “узатиш”ниям қойиллатасан. Биламан, бир-икки соат ўтиб, маъқул бўлдими-йўқми, деб суриштирасан. Конечно, айтганим бўлган бўлса, маъқул келгани, йўқса, оқсоқол, ўзингиздан кўринг”, дея хаёлидан ўтказган Маъмур секин ўрнидан турди. Совғага бир неча муддат тикилиб турди. Сўнг бирдан мияси яшин тезлигида ишлаб кетди. “Тузоқ!” дея пичирлади. Ранги докадек оқариб кетди. Шомурод акани бўралатиб сўкди. Шоша-пиша телефон гўшагини кўтариб рақам терди.

— Тез етиб келинглар, уйимни куйдирмоқчи бўлишибди! — деди ҳовлиқиб. У гўшакни қўяркан, қўллари асабий титраётганини сезди. Бир хаёл Шомурод акага қўнғироқ қилиб, обдан уни сўкмоқчи бўлди. Лекин дарров ниятидан қайтди. Аввал махсус одамлар билан у келтирган шифрли, кукунли пулларни кўради, кейин чақиради. Обдан тузлайди. Баҳонада касбдошлари орасида обрўси яна бир неча поғонага ошади. Ҳаммалари унинг нақадар ҳалол одамлигини кўриб оғзилари очилиб қолади.

Орадан бир неча вақт ўтиб, у кутаётган одамлар етиб келишди. Бошлиқ савол назари билан унга қаради.

— Бир ташкилотни текшираётгандим, келиб манавини ташлаб кетибди, — дея у Шомурод ака ўтирган столнинг ёнидаги кўк пакетни кўрсатди.

— Тушундим, — деди бошлиқ ва ходимларига дарров қолдирилган пакетни текширишларини буюрди.

Унинг ичида бир шиша “Наполеон” коньяги билан битта дискни кўриб, ҳамма бараварига ажабланди. Маъмур эса қизарди.

— Даҳшат-ку, — деди бошлиқ, — бунақасига сира дуч келмаган эканман. Коньякнинг этикеткасига қараганда, махсус келтирилган, лекин дискда нима бор экан? Балки чет эл банкидан ҳисоб рақами очиб, шунга пул ўтказишдимикин, ҳар қалай, шунақасиям бўлиб туради-ку?!

У дискни олиб хонасига кирди. Жуда катта жиноятчи ташлаб кетган ўлжани ушлаш илинжида келганлар ҳам ҳафсалалари пир бўлиб, коньякка тамшаниб қарашганча хонани тарк этишди. Ёлғиз ўзи қолган Маъмурнинг негадир мияси қизий бошлади. Шомурод ака нега бунақа қилганини билиш учун ҳар қанча бош қотирмасин, барибир сабабини аниқлай олмади. Шундан кейин: “У ҳақиқатан ҳам унутиб қолдирган, менга ҳеч вақо опкемаган”, деган хулосага келиб бироз тинчланди. Аммо барибир кўнглидаги нотинчлик босилмади. Устма-уст сигарета чекди. “Юрагим ўйноқи бўп қопти, аввал ўзим кўрсам бўларкан, ваҳимага бало бормиди?” — деб ўйлади навбатдаги сигаретасининг қолдиғини кулдонга босаркан. Худди шу пайт қўнғироқ бўлди. Гўшакни кўтарса, бошлиқ уни сўраётган экан.

Шошиб ўрнидан турган Маъмур лабига қистирилган сигаретани унутиб бошлиқ ҳузурига югурди. Шу аҳволда қабулхонагача борди. Агар котиба қиз эслатмаганида, оғзида сигарет билан кириб кетарди хўжайинининг ёнига. Маъмур: “Нима?” — дейиши билан лабига қистирилган сигарета тушиб кетди.

— Эй-й, — деди у кўзи олайиб ва ерда тутаб ётган сигаретани олиб котибага тутқазаркан, — ушлаб туринг, — деганча бошлиқнинг эшиги тутқичига қўл узатди.

— Келинг, — деди Баҳром Мавлонович унга ғалати илжайиб. — Бу дейман, зўр совға бериб кетишибди-ку, барака топгурлар.

У дискни компьютерга қўйиб, мониторни Маъмур томонга бурди-да:

— Келинг, сиз ҳам томоша қилинг, — дея қўшимча қилди.

Юрагини ҳовучлаб турган Маъмур бир-икки ютиниб “фильм”ни томоша қила бошлади. Аввал унинг ранги оқарди, сўнг қизарди. Хаёлидан эса, куни кеча Шомурод ака билан ичган “Наполеон” коньяги ўтди.

— Хўш, — деди томоша ниҳоялаганидан кейин Баҳром Мавлонович Маъмурга юзланиб, — сизда қўшимча изоҳ бордир.

Маъмурнинг тили калимага келмай қолди. Унинг боши ғувиллар, нима деб ўзини оқлашни билмасди.

— Ҳозирнинг ўзида котибадан оппоқ қоғоз олиб, унга кир қўлларингиз билан ариза ёзасиз. Бу биринчидан! Иккинчидан, ишингиз прокуратурага оширилади. Учинчидан, сизни бир секунд ҳам кўргим келмаяпти. Тезда қорангизни ўчиринг.

* * *

Шаҳло ойисининг гапларини эшитиб, юраги типирчилади. Бир неча марта эшик ёнига бориб келди. Ҳозир дадаси келиб омборхонада қамалиб ўтирган Муродни кўрса, нима бўлишини тасаввур қилиб кўрди. “Нега келдингиз, Мурод ака? Ўзим бир амаллаб ёнингизга борардим-ку. Уфф, энди нима қиламан, нима қиламан?!” — дея ичида фарёд чекди. Эшикни бор кучи билан итариб кўрди, очилмади.

— Ойи-и!!! — дея бақирди. Жавоб келмади. Кўз ёши бўлса, тинимсиз қуйилиб келаверди, келаверди.

У дераза ёнига келди. Иккинчи қават анча баланд, сакрайдиган бўлса, оёғи синиши аниқ. “Майли, — ўйлади у, — синсаям омборхонага бораман, Мурод акамни чиқариб юбораман. Фақат, фақат овоз чиқармаслигим керак. Додламаслигим керак”. Шаҳло дераза рахига чиқиб секин пастга қаради. У илгари бу ердан неча бор қараганди. Ўзи илгаридан шунақа қилиб ўтиришни яхши кўрарди. Ўша пайтлари ҳечам қўрқмасди. Ҳозир эса боши айланди. Бир хаёл, ниятидан қайтмоқчи ҳам бўлди. Аммо шу заҳоти Муроднинг қамалиб ўтирганини, дадаси келса, уни не кўйга солишини ўйлаб, кўзини чирт юмди-да, ўзини пастга отди. Юраги шув этиб кетди. Кейин гурсиллаб бетон устига тушди. Оёқлари зириллади. Сўнг ўтириб қолди. Оғриқдан афти бужмайиб кетди. Азбаройи бақириб юбормаслик учун оёқларини ушлаш ўрнига оғзини бекитди. Бунга ҳам қаноат қилмай тишларини маҳкам бир-бирига босди. Иссиғи ошиб, пешонасидан тер чиқди. Бир муддат шу тахлит ўтиргач, чуқур-чуқур нафас олиб секин ўрнидан турмоқчи бўлганида, битта оёғи қийшайиб кетди. Қиз ажабланмади. Зеро, олдиндан шундай бўлишини кутганди.

Вазни енгил эди. Нари борса, эллик килодан зиёдроқ. Аммо ҳозир у шуни кўтаришга ҳам кучи етмади. Бунинг ўрнига оғриқ бошигача келиб, яна ўтириб қолди. Алам билан йиғламсираб синган оёғига қараркан: “Шунчалик ҳам нозик бўласанми? Одамлар ўнинчи қаватдан йиқилса ҳам бир жойлари қилт этмайди”, деди паст овозда.

Бир неча сониядан кейин оғриқ озгина сусайгандай бўлди. Шунда ҳам тик юришдан қўрқиб эмаклай бошлади. Шунчалик секинлик билан жойидан силжиётгандики, имиллаётганидан ғазаби қўзирди. Шунинг билан бирга у тез-тез эшикка қараб қўярди. Ва албатта, ора-чора дарвозага ҳам нигоҳ ташлашни канда қилмасди қиз.

Бахтига на эшик ва на дарвоза очилди, у омборхонага етиб олди. Аммо уни энди бошқа муаммо кутиб турарди. Чунки омборхона тутқичи анча баланд бўлиб, уни ушлаш учун Шаҳло ўрнидан турмаса бўйи етмасди. Қолаверса, эшик зулфини ҳам занглаганидан тортиш қийин бўлиб қолганди. Қиз деворга суяниб ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Тобора шишиб кетаётган оёқлари уни дармонсиз қилиб бўйининг ўсишига тўсқинлик қилаверди. Оғриқ забтидан бир неча марта инграб юборди у.

— Шаҳло!!! — деган овоз келди ичкаридан. — Нима гап, жоним?! Эшикни оч тезроқ, Шаҳло?!

— Ҳозир, ҳозир, озгинадан кейин, — деди амаллаб зулфинни ушлаган қиз.

— Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан?!

Муроднинг юраги қафасидан чиқиб кетгудек бўлар, у эшикка маҳкам ёпишиб олганди.

Ниҳоят қиз бор кучи билан тортиб зулфинни тортди, эшикни очди. Мурод отилиб чиқди. Худди шу пайт деворга суяниб турган қиз йиқилди.

— Нима бўлди, жоним?! — деди энгашиб қизнинг сочларини силаган йигит.

— Ҳозир дадам келиб қолишлари мумкин, эртароқ кетмасангиз, бир нарса қилиб қўядилар. Илтимос, кетинг! — деди ҳансираб Шаҳло.

— Мени қўя тур, улар сени нима қилишди? Айт, нима қилишди?!

— Иккинчи қаватдан сакраб тушдим. Оёғим оғрияпти. Сиз хавотир олманг, фақат эртароқ кетинг, бир нарса бўлмасидан...

— Йўқ, мен сени опкетаман. Шу ниятда келганман, сенсиз кетмайман. Майли, ўлдиришларигаям розиман! — деб Мурод қизни кўтариб олди-да, ташқарига йўналди.

* * *

Эридан жаҳли чиққан Хонзода уй тўридаги залга кирди. Диванга ўтирар экан, видеони қўйиб овозини баландлатди. Қониқмади. Янаям баландлатди. Экранда ҳинд актёрлари қўшиқ айтишарди. Бир-икки дақиқа ичида уларнинг қўшиқлари жонига тегди. Бир хаёл қўлидаги пультни улоқтириб юбормоқчи бўлди-ю, аммо ўзини овутишга бошқа нарса тополмаганидан видеони ўчириб, телевизорни жуҳудлар каналига қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Куппа-кундузи (балки жуҳудлар юртида вақт ярим тундан ошгандир) шарм-ҳаёнинг нима эканлигини унутган қиз билан йигит нафсларини қондириш учун бир-бирларини билган кўйларига солишаётган эдилар. Уларни кўриб Хонзоданинг кўзи олайди, бор диққат-эътиборини экранга қаратди. Ана шу дамда у қизини ҳам, эрини ҳам унутган эди. Ташқарида “гуп” этган товуш эса қулоғига чалинмади ҳам.

Экрандаги шакллар ўзгарди. Хонзодада ғайриоддий иштиёқ пайдо бўлди. Шу тобда ишқнинг ҳамма кўчасига навбатма-навбат кириб чиқаётган экрандаги қизнинг ўрнида бўлгиси келди.

* * *

Содиқ йўл четига чиқиб, машинага ўтирди-да, ҳайдовчига манзилни айтди. Сўнг ўз-ўзига ниҳоятда паст овозда гапирди.

— Аслида барига ўзим сабабчиман. Шундай қизни увол қилдим. Уйлансам, нима қиларди? Ана, акам уйланиб олди-ку?! Ҳалигача биздан яширади. Лекин кошки кичкина кеннойимникига бориб келаётганини сезмасам... Ўшанинг уволи урди мени. Ҳозир қаерда экан, қандай топсам бўларкан? Мени кечирармикан?.. Йўқ, у мени кечирмайди. Кечирмайди, тамом-вассалом.

У чуқур хўрсинди. Кўзини юмиб ўриндиққа бошини қўйди. Манзилга етгунича қайтиб очмади. Очгиси ҳам келмади. Ҳатто шу ҳолида ўлишни ҳам орзулади. Албатта, қисқа муддатли орзусининг умри ҳам қисқа бўлиб, у қўрқиб кетди. Шоша-пиша деразадан ташқарига қаради. Ҳайдовчининг машина бошқаришига эътибор қилди. Ҳаммаси жойида.

Уйи ёнига етгач, кира ҳақини бериб энди тушаётганди, ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Қандайдир безбет унинг қизини кўтариб келаётганди.

* * *

Агар ёмғир ёғиб қолмаганида, Шоҳруҳ билан Юлдуз эҳтирос гирдобига бутунлай шўнғиб кетиши аниқ эди. Ялангликда, икки алкаш ухлаётган жойда. Четдан қараганда, манзара жуда хунук эса-да, бутун борлиқни унутиб бир-бирига талпинаётган йигит-қизнинг хаёлида бу хунуклик ўзгача тароват касб этганди.

— Шоҳруҳ ака, — деди Юлдуз йигитнинг юзини кафтларига олиб, — шошманг, нималар қилаяпмиз?!

— Билмадим, — деди сочлари тўзғиган йигит унинг кўзларига эҳтирос билан боқиб.

Юлдуз уялиб кетди. Йигитнинг қучоғидан сирғалиб чиқиб, ўрнидан турди-да, кийимини хаслардан тозаларкан: “Анави икки алкаш уйғониб қолмадимикин?” — деган хавотирда уларга ўғринча кўз ташлаб қўйди. Кўнгли хотиржам тортгач, сочларини бармоқлари билан тўғрилаган бўлди-да, беш юз қадамча наридаги ёғоч уй томонга кетди.

Шоҳруҳ ундан кўзини узмай термилиб тураверди. Бир хаёл қилган ножўя иши учун кечирим сўрамоқчи бўлди. Аммо севгани, шу қизни деб юрганини ўйлаб, ўзини айбдор ҳисобламади. Бунинг ўрнига, қиз узоқлашиб кетгач, узала тушиб ётиб кўкка боқди. Бир-бир томчилаётган ёмғирнинг шиддати унчалик кучли эмасди, бироқ ундан тушаётган сув зарралари Шоҳруҳнинг шаштини қайтарди. У ширин энтикиб, оромини бузган булутга тикилди...

Йигит қизни қидириб ёғоч уй ёнига борди. Ичкарига кирди. У ерда ҳар хил ашқол-дашқоллар сочилиб ётар, шифтини ўргимчак тўри қоплаганди. Шундан бу уйда кўпдан буён ҳеч ким яшамаганлигини билиш мумкин эди. Шоҳруҳ уй ичида Юлдузни кўрмагач, ташқарига — уй орқасига ўтди. У ерда қиз юзини кафтлари билан бекитиб, бошини эгганча кунда устида ўтирарди. Йигит бир муддат унга тикилиб турди, сўнг аста ёнига яқинлашди. Оёқ товушини эшитган қиз бошини кўтариб Шоҳруҳга қаради. Унинг кўзлари ёшланиб, қизарган эди.

— Мени кечиринг, — деди Шоҳруҳ.

— Нега? — сўради қиз йиғламсираб.

— Қўполлик қилганим учун...

— Ҳеч ким бундай қилмаган. Журъати етмаган. Лекин бундай бўлмаслиги керак эди. Мен... Мен турмуш ўртоғим билангина ҳар нарсага тайёрман. Шундай деб қасам ичганман. Сиз қасамимни буздингиз...

— Демак, сиз меники бўласиз, — деб Шоҳруҳ унинг ёнига чўккалаб ўтирганча елкасидан қучоқлади.

— Қўйинг, — деб уни нари итарди Юлдуз.

Шоҳруҳ унга термилганча жим бўлиб қолди. Бироздан кейин майса устига ўтирди, сўнг чўзилиб ётганча хаёл уммонига шўнғиди.

Юлдуз унга тикиларкан, меҳри жўшди: келиб Шоҳруҳнинг ёнига ўтирди-да, йигитнинг бошини тиззасига олганча назокат билан юзини силай бошлади.

Орадан икки соатча ўтгач, Юлдуз билан Шоҳруҳ уй ичини бироз эпақага келтиришди. Энди, ҳартугул, бир кечани ўтказса бўларди.

Тун осуда эди. Чивин учса билинади. Вақт алламаҳал бўлган, ҳавода бир парча булут йўқ, юлдузлар чарақлаб турибди.

Эшик секин очилди. Унинг ғийқиллаган товушидан Юлдуз уйғониб кетди. Жойидан қимирламасдан овоз келган томонга қаради-да, Шоҳруҳни кўриб ҳайрон бўлди. Бир хаёл қаёққа бораётганини сўрамоқчи бўлди. Кейин бирдан миясига келган ўйдан кулгиси қистади.

Беш-ўн дақиқа ўтди. Шоҳруҳ дом-дараксиз. “Тушиб кетдими бирон жойга”, дея хаёлидан ўтказган Юлдуз ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Атрофни нигоҳи билан кузатган бўлди: на бир шитирлаган товуш эшитилади, на бирон кимсанинг қорайган нусхаси кўринади. Унинг кўнглини бирдан хавотир эгаллади.

Шоҳруҳ кундузи ўзлари қочиб келган томонни чамалаб қўйганди. Кўнглида алами зўр эди, бориб бир-иккитасининг яхшилаб таъзирини бериб қўйишни мўлжал қилганди. Лекин бу ҳақда Юлдузга айтгиси келмади. Биринчидан, у ниҳоятда толиққан, иккинчидан, қиз боланинг ярим кечаси санқиши унга кўпам маъқул келмаганди. Агар аввалгидай бегона деб қабул қилганида, эҳтимол, у билан бирга бориши ҳам мумкин эди. Бироқ энди Юлдуз унинг кўз қорачиғи, озгина зиён етадиган бўлса, у ўзини кечирмайди.

Оралиқ масофа анча олис эди. Гарчи машинада тезда етиш мумкин эса-да, пиёда икки соатдан кам юрилмасди. Шоҳруҳ шошиларди. Шу боисдан ҳам гоҳ тез, гоҳ секин югурди. Ўрмонга етганидан кейин эса қадамини секинлатди. Чунки бу ёғига кучини асраши лозим эди.

У йўл-йўлакай мўлжалидан бироз адашди. Бунга қоронғилик ҳам ҳисса қўшди. У ўрмоннинг анча ичкарисига кирганидан сўнг бошқа томонга кетаётганини англаб, ортига қайтди. Ой ёруғида атрофни кузатган бўлди. Озроқ чапга юрди. Шунда бир машина сиққулик йўлга дуч келди. Ўша йўл билан яна ичкарилади. Ярим соатлар чамаси юрганидан кейин узоқдан чироқ ёруғи кўринди. Ўшани мўлжал қилиб жадал кета бошлади. Дарахтлар тугаб, яланглик бошланди. Жуда таниш яланглик. Аста-секин хира нур таратиб турган чироқ ҳам яқинлашди. Уйга эллик қадамча қолганида Шоҳруҳ секин ўтириб атрофни кузатди. Бирорта зоғ кўринмайди. Бўлганда ҳам қоронғиликда бировни кўришнинг ўзи амримаҳол. Беш дақиқача шу тахлит ўтиргач, ўрнидан туриб илдам юрди. Аммо ўн қадамча босиши билан тағин ўтиришга мажбур бўлди. Айни ўша чироғи ёниқ уйнинг эшиги очилди-да, ичкаридан икки киши чиқди. Бири иккинчисига алланималарни тушунтирарди. Гапининг охирида қўлидаги сигаретасини улоқтириб юборди-да, улардан беш-олти қадам наридаги машинага ўтирди. Унинг ортидан бироз қараб турган шериги қўлидаги сигаретасини устма-уст чекди-да, сўнг улоқтириб, уйга кириб кетди.

“Падар лаънатилар, ҳалигача ухлашмабдими?” — дея хаёлидан ўтказган Шоҳруҳ энгашганча югуриб деразанинг ёнига борди. Ичкарига мўралади. Унчалик кенг бўлмаган хонанинг ўртасидаги узун стол устида бўшаган турли хил шишалар турарди. Шоҳруҳ яна аллақандай нарсалар сочилиб ётганини кўрди. Аммо айнан нималар эканини билолмади. Умуман, билишнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Чунки унинг асосий эътибори хонадаги одамларда эди.

Ҳозиргина кирган киши стаканга қулқуллатиб ароқ қуйиб ичди-да, газак қилди. Сўнг столнинг нариги тарафига қараб:

— Пиво билан ароқни аралаштираверганидан кейин одамнинг чўчқадан фарқи қолмаскан, — деди ва қулочини ёзиб керишди-да, столнинг ёнидан ўтиб кетди. Унинг қаёққа кетганини Шоҳруҳ кўролмади. Шундоғам дераза хийла баландда эди. У оёқ учида туриб мўралаётганди.

У деразадан узоқлашиб, ичкаридагиларнинг ухлашини ярим соатдан мўлроқ кутди. Вақт ўтиши қийин эди, уни ўлдириш учун Шоҳруҳ кучи етгунча юлдузларни санади. Зерикди. Бироз кўзини юмиб ётган эди, сал бўлмаса, ухлаб қолаёзди.

Эшик ёнига борди-да, ичкарига қулоқ солди. Хурракдан бошқа ҳеч нарса эшитилмади. Кўнгли хотиржам бўлиб, эшик тутқичидан ушлаб ўзига тортди. Ошиқ-мошиқлар яхши мойланган, шекилли, эшик ҳеч қандай товуш чиқармади.

Аста ичкарига кирди. Уйнинг ҳавосини сигарета билан ароқнинг ҳиди тутганидан, одамнинг афти бужмаярди. Стол ёнидаги юмшоқ оромкурсида ястанган кимса билан тўрдаги диван устида туфлисини ҳам ечмасдан чўзилиб ётган хонанинг яна бир аъзоси бу бадбўйликка аллақачон кўникиб уйқуни уришаётганди.

Шоҳруҳ аввал оромкурсидаги кимсанинг ёнига борди. Башарасига бир неча сония қараб тургач, жағига шунақанги қаттиқ мушт туширдики, у бир силтанди-да, хурраги ўчди. Иккинчи нусхага у қараб ҳам ўтирмади. Бирдан ўзи биладиган нуқтага зарба берди. Мушт еганларнинг иккаласи ҳам энди бир неча вақт қимирламасдан ётишларига кўзи етган Шоҳруҳ уларнинг чўнтакларини тинтиб, тўппончаларини олиб қўйди. Биттасидан машина калити чиққанида, Шоҳруҳнинг хаёлига ҳовлидаги “Жип” келди.

“Бу яхши бўлди”, — деб жилмайди у ва қидирувда давом этди. Албатта, энди навбат хона ичига келганди. Бир қарич ер ҳам унинг назаридан четда қолмади. Ҳафсаласи пир бўлиб, кетиш учун эшик ёнига борди-ю, бир нарса хаёлига келиб, бирдан ортига бурилди. Тез-тез юриб келиб, тўрда диван устида чўзилиб ётган йигитни пол устига ағдариб юборди-да, диван остини кўрди. У ерда катта-кичик иккита қоп турарди. Бирини очди. Ҳаммаси пул экан. Аввалги сафаргидай адашиб қолмайин, деб улардан бир донасини чироқ ёруғига тутди. Қоғозини ишқалаб кўрди. Йўқ, бу сафар ҳақиқий пулни қўлида ушлаб турган экан. Мийиғида кулиб қоп оғзини ёпди ва иккинчисини очди.

Бунисидан целлофан идишларга солинган оппоқ кукун чиқди. У биттасини очди-да, наркотика деб ўйлаб ҳидлаб кўрди. Аммо нималигини билмади. Чунки умрида бунақанги нарсаларни кўрмаганди. Шундай бўлса-да, иккала қопни ҳам кўтариб ташқарига чиқди.

Шоҳруҳ катта акасининг “Жип”ига ўтирганди, лекин ҳайдамаганди. Шу боис улкан машинанинг енгил бошқарилаётгани уни қойил қолдирди. Гарчи катта йўлга етгунча секин юрган эса-да, асфальтда тезликни оширди. Руҳланиб, газни қатиқроқ босди. Машина елдай учди. “Ўҳў!” — дея қийқириб қўйди Шоҳруҳ.

* * *

Юлдуз мижжа қоқмади. Хаёлан минг бир кўчага кириб чиқди. Ҳатто Шоҳруҳни сотқинга чиқаришга ҳам улгурди. Охири тонг бўзариб келаётганида ана шу қарорида қолди ҳам. Бу фикри катта тезликда яқинлашаётган “Жип”ни кўрганида янада мустаҳкамланди. Қочиш чораларини қидирди. У бемалол хоҳлаган уйга кириб яшириниши мумкин эди. Аммо қишлоқдан узоқлаб кетолмайди. Чунки қишлоқ билан қалин ўрмон оралиғи анча олис. Унга етгунича камида ярим соат вақт керак бўлади.

“Йўқ, кетмайман ҳеч қаёққа. Мен унга ишонгандим. Ҳатто кўнглимни ҳам беришга улгургандим. Эркак бўлиб шунчалик паст кетдими, бир башарасини кўриб қўяй. Кўзимга қандай қараркан, безбет?” — дея ўзига-ўзи гапирди қиз ҳамда келаётган машинага тик боқиб тураверди.

Машина Юлдузнинг ёнига етиши билан Шоҳруҳ тормозни босди-да, эшикни очиб сакраб тушди.

— Юлдузхон, кўриб қўйинг бу тулпорни! — деди кўзлари порлаб. — Бир кечада ҳам уловли, ҳам бой бўлдик.

У орқа ўриндиқдаги бир қоп пулни олди-да, қувонч билан Юлдузнинг ёнига яқинлаша бошлади. У қизни қучоқламоқчи, яқин бир-икки соат ичида шаҳарга боришларини айтмоқчи эди. Аммо Юлдузнинг қарашларида шодликдан асар ҳам йўқлигини кўриб, унга етишига икки қадамча қолганда тўхтади. Шу пайт Юлдуз унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Қизнинг кутилмаган қилиғидан Шоҳруҳ ҳайрон бўлиб унга тикилиб қолди.

— Жиннисиз, жинни! — деди қиз ва бирдан йигитнинг бўйнига осилиб йиғлаб юборди. — Нега, нега бундай қилдингиз? Мени пичоқсиз сўйдингиз-ку! Сизни душмангаям чиқариб қўйгандим, биласизми?!

Шоҳруҳ қувониб кетди ва қизни маҳкам бағрига босиб, юзидан ўпиб қўйди.

— Сюрприз бўлсин дегандим. Мени кечиринг, — деди у.

Шоҳруҳ қучоғидан қизни бўшатиб, меҳр билан кўзига тикилди. Сўнг уни машина ёнига етаклаб борди-да, аввал эшикни очиб қопдаги гиёҳванд моддани кўрсатди, кейин воқеанинг ҳаммасини бирма-бир гапириб берди. Унинг гапларини диққат билан эшитган Юлдуз:

— Ҳеч бўлмаса, оёқ-қўлларини боғлаб келмабсиз. Ўзларига келишган бўлса, шерикларига хабар беришгандир. Балки аллақачон...

— Хавотирга ўрин йўқ, — деб Шоҳруҳ машинанинг орқа ўриндиғини кўрсатди. У ерда иккита қўл телефони ётарди.

— Яхши, лекин у ерда битта уй эмасди. Бизни отхонага қамашганди. Шунинг учун бошқалари бўлишиям турган гап.

— Машинага ўтиринг унда. Шериклари уйғониб, нима бўлганлигини билгунларича шаҳарга етиб оламиз. Кейин ҳисоб-китоб ишларини жойига қўйишимизга тўғри келади. Анави хўрозбош, дугонаси Лида... Тўғри, улар жудаям майда, лекин ўлиб кетишимизга сал қолди уларни деб.

Юлдуз жилмайди. Шоҳруҳнинг гапларига эмас, албатта. Кўнглидаги бир-биридан қора ўйларнинг бари шунчаки хаёлнинг қинғир кўчалари ваҳимаси эканлиги унинг дилини ёритиб юборганди. У йигитнинг қўлини қучиб бир муддат тин олди. Сўнг бошини кўтариб Шоҳруҳга қаради-да:

— Кетдик, — деди.

Гапининг сўнгида хўрсиниб қўйди.

Уларда юк деган нарсанинг ўзи йўқ эди, шу боис бирдан машинага ўтиришди. Шоҳруҳ энди уловни жойидан қўзғатмоқчи бўлганида, қаердандир пайдо бўлган Яша ўзини капотнинг устига ташлади.

— Оббо, палакат, — деб Шоҳруҳ машинани тўхтатиб, ўзи пастга тушди.

— Бировга яхшилик қилма, ёмонлик бўп қайтади, деганди бобом, ишинг битганидан кейин суриб қолаяпсанми? — деди у.

Ундан шунақанги бадбўй ҳид таралаётгандики, Шоҳруҳнинг афти бужмайди. Беихтиёр бир қўли билан бурнини бекитди.

— Нима дейсан? — деди у аччиқланиб.

— Сени деб, — дея йиғламсиради Яша, — бор-будимдан айрилдим. Энди жуфтакни ростлаяпсан. Шу инсофданми, айт?

— Жонга тегиб кетдинг, одам шунчалик миннатчи бўладими? Агар машинани ҳовлиқиб ҳайдамаганингда, чўкиб кетмасди...

— Унда ҳозир мен билан гаплашмаётган бўлардинг. Ётардинг биронта чуқурда сасиб.

Яша ҳақ эди. Ана шу ҳақлиги Шоҳруҳни эсанкиратди. У бир неча сония рўпарасидаги одамсифат махлуққа термилиб тургач, шартта “Жип”нинг орқа эшигини очиб, қопдаги пулдан бир дастасини олиб унинг қўлига тутқазди. Яша ўшшайди. Бир хаёл ортига бурилиб Ивандан суюнчи олмоқчи бўлди. Кейин бирдан ниятидан қайтди.

— Бунақа пулларни сенсиз ҳам топаман. Мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Сизлар билан бирга юришни ният қилувдим.

— Туя ҳаммомни орзу қилганидай.

— Тушунмадим, — деди ҳайрон бўлган Яша.

— Ўлмасанг, тушуниб оласан.

Шоҳруҳ ўз-ўзидан асабийлашарди. Шу боис тезлик ошиб кетди. Аввалига йўлдан кўзини узмай кетаётган қиз ҳаддан зиёд тез кетаётганларига эътибор қилмади. Кўзи беихтиёр спидометрга тушиб қолди-ю, ҳуши бошидан учиб:

— Нима қилаяпсиз?! — дея бақирди.

Шоҳруҳ чўчиб тушди-да, Юлдузга қаради. Шу билан бирга рулни бироз бурди. Бу пайтда тезлик кўрсаткичи бир юз саксонда эди.

* * *

Оғриқ борган сари забтига олаётганидан Шаҳло ҳамма нарсани унутди. Бақириб юбормаслик учун лабларини шунчалик маҳкам тишладики, дудоқлар керагидан ортиқ эзилиб, иккита кичкина тешикча пайдо бўлди ва лабидан қон сизиб чиқа бошлади. Билинар-билинмас учаётган чиройли ияги лола рангга бўялди. Севгилисининг тортаётган заҳматидан Мурод қийналар, кўзидан ёш чиқиб кетган эди.

Табиийки, такрорланмас томошани кўриш қўшниларга хуш ёқарди. Ўзи охирги пайтларда Содиқнинг оиласи ҳақида “деди-деди” гаплар кўпайган эди. Шундай маҳалда бойваччанинг қизини беш-бегона йигит кўтариб кетиши, Шаҳлонинг абгор аҳволи айни муддао бўлди. Бирон сабаб билан кўчага чиққан уч-тўрт қўшни нафас ҳам олмасдан воқеанинг давомини кузата бошладилар. Содиқнинг уларга ҳам кўзи тушди. Қизарди. Жаҳл оти гижинглади.

— Қайси гўрга кетаяпсан?! — деди ғазабдан кўзлари олайиб.

Мурод бирдан юришдан тўхтади. Рўпарасидаги бўлажак қайнотасига тикилди. Шаҳло ҳам бир муддат оғриқни унутди. Дадасига кўзи тушиб титраб кетди.

— Тушир ерга! — деди дағ-дағ титраётган ота.

— Туширолмайман. Оёғи синган. Тезроқ касалхонага обориш керак.

Муроднинг гапи қатъий эди. Агар ҳозир Содиқ келиб ундан қизни олмоқчи бўлганида ҳам бермасди.

— Нега синади?! Ким синдиради?! Қайси маразнинг ҳадди сиғди?!

Содиқнинг бирдан жони чиқиб кетди. Авайлаб-асраб келаётган қизига кимдир жароҳат етказгани унинг ғазабини жунбушга келтирган эди.

У югуриб келиб Шаҳлонинг оёғини кўрди. Қизининг ўрнига ўзи азобланаётгандай инграб юборди.

— Ҳозир, ҳозир мошинани миниб келаман, шу ерда туриб туринглар, — деди ва шошиб уйи тарафга югуриб кетди.

Хонзода дарвозанинг очилганини сезмаган эса-да, машина юрғизилгани унинг қулоғига чалинди. Аввалига қўшнилардан биронтаси келгандир деб ўйлади. Шу боисдан чиқишни пайсалга солди. Фақат Содиқ дарвозани даранглатиб тепиб кетгачгина ташқарига чиқди. Эри қизи билан Муродни машинага ўтқазаётганини кўрмади. Машина катта йўлга бурилиб кетаётганинигина кўриб қолди. “Авария-паварияга учраб йўқ бўлиб кетгур! Келишини қачондан бери кутиб ўтирибман-у, ярамас, индамай жуфтакни ростлаб қолганини... На қизини ўйлайди, на бошқани. Нега келди-ю, нега кетди? Одамни қон қилиб юборади, паразит”, дея Содиқни яниди. Алам билан дарвозани ёпаётганида, қўшниларига кўзи тушди.

Уларнинг уч-тўрттаси бир бўлишиб алланималарни баҳслашишаётганди. Бир хаёл бориб нима гап-сўзлигини билмоқчи бўлди-ю, дарров ниятидан қайтди. “Сабил қолгурлар ғийбатдан бошқа нарсани билишмайди”, деган ўй ўтди хаёлидан. Бунинг устига, телевизордаги кино уни ўзига шунақанги тортаётгандики, югуриб бориб телевизор қаршисида ўтиргиси келарди. Шунда ҳам у аввал “маҳкум”ни кўриб ўтмоқчи бўлди.

Бориб, омборхона эшиги ланг очиқлигини кўргач, кўзи олайиб кетди. “Вой қирилгур, яшшамагур, оғзингдан қонинг келгур, қочиб қолибди-ку?! Шошма! Шошма, машинаниям миниб кетган бўлмасин! Чунки Содиқ акам келганида менга учрашган, уйда бўлаётган гап-сўзни суриштирган бўларди”. Унинг юраги ҳаприқиб кетди. Югуриб уйга кирди. Телефон гўшагини кўтарди. Кейин яна жойига қўйди. Юқориги қаватга шошилиб чиқди. Қизининг хонасини очди. Дераза очиқ. Шаҳлодан ном-нишон йўқ. Ана шунда у жудаям қўрқиб кетди. Оёқларидан мадор қочди. Кўзида ёш пайдо бўлди. “Афирис, қизимниям, мошинаниям опқочиб кетибди-ку. Ҳаҳ, телевизор кўрмай ҳар бало бўлайин. Қайси падар лаънати шунақанги шармсиз кинони яратибди?” — деди у йиғламсираб ҳамда яраланган жонивордай судралиб пастки қаватга тушди. Эрига қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмади. Умуман, телефон ўчирилган. Ана шунда у чорасиз қолиб бўшашганча гилам устига ўтириб қолди.

Содиқ қай даражада машинани тез ҳайдаётганини ўзи ҳам билмасди. Қизини Муроднинг қўлида кўрганида кайфи бироз тарқагандай бўлувди. Лекин аста-секин унинг кўз ўнгини туман қоплагандай туйилаверди. Бир сафар ҳатто олдинда кетаётган машинага урилиб кетишига сал қолди. Фақат сўнгги лаҳзадагина ўзини ўнглаган Содиқ тормозни босишга улгурди.

— Мен ҳайдайинми? — сўради Мурод хавотирга тушиб.

Содиқ унга ўқрайиб қаради-ю, лом-мим демади. Бунинг ўрнига акслиги тутиб баттар тезликни оширди. Гарчи оғриқ зўр келаётган эса-да, азбаройи дадасини ҳовлиқтирмаслик учун тишини-тишига босиб кетаётган Шаҳлонинг капалаги учди. “Дада, секинроқ ҳайданг, илтимос”, дейиш учун оғиз жуфтлади-ю, аммо айтишга улгурмади. Содиқ бошқарувни йўқотди. Ихтиёри ўзида қолган машина юришдан эриниб, йўл четидаги танаси қулочга сиғмайдиган теракка қарсиллаб урилди. Тезлик баландлигидан бирдан жойида тўхтамади. Ортига қайтиб тўнтарилди ва шундан кейингина тўртта ғилдирагини осмонга қаратиб ҳавода айлантирганча тинчиди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)