Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

200 full reads
300 story viewsUnique page visitors
200 read the story to the endThat's 67% of the total page views
17,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)
Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўн учинчи қисм)

Беш-олти учрашувдан кейин ҳам Бўрон ҳеч бир ортиқча ҳаракат қилмади. Бунақанги шоҳона ўтиришларнинг сабабини қиз ҳеч тушунолмасди. Бўрон ҳамиша у ёқ-бу ёқдан гапирар, латифалар айтиб кулдирарди. Шундай кунларнинг бирида сабри чидамаган қизнинг ўзи эндиликда анча қадрдон бўлиб қолган, бир қарашда олижаноб инсон кўринган Бўрондан зиёфатлар сабабини сўради.

— Мен ҳам одамман, — деди Бўрон чуқур тин олиб, — шундай экан, одамга ўхшаб ўтиришга ҳақим бор. Ҳар куни қовоқ-тумшуқ қилиб кутиб оладиган оила, иш деб жонни ҳалак қилишдан чарчадим. Маза қилиб гаплашадиган самимий суҳбатдошнинг гадосиман.

— Мен... Мен ҳам бир куни жонингизга тегиб қолсам керак. Кўриниб турибди, таъбингиз жудаям нозик. “Ортиқча гап айтиб қўймадимми?” — деб ўйлаб юраман.

Бўрон кулди, сўнг:

— Қўлингиздан келмайди. Ҳечам қўпол гапиролмайсиз. Майли, бу гапларни қўя турайлик, — деб Бўрон тағин мавзуни бошқа томонга бурди.

Учрашувлар сони ўндан ортганидан сўнг Фарангиз бутунлай унга ўрганиб, ишониб қолганидан кейингина Бўрон уни дала ҳовлисига олиб борди. Кечгача иккаласи чақчақлашиб ўтиришгач, у қизнинг қўлидан ушлади. Ўпди. Аста-секин ўпич юздан дудоққа кўчди.

Қолганини Бўронникига қўшилиб Фарангизнинг эҳтироси бажариб ташлади.

Қиз йиғлади. Ўксиб-ўксиб йиғлади. Сўз айтмади. Ҳатто Бўрондан: “Энди нима қиламан? Қандай бош кўтариб юраман? Сизга ишонгандим. Ишончимдан фойдаландингиз!” — демади. Шунчаки йиғлайверди.

Эртасига, индинга улар яна учрашишди. Орада қандайдир хафалик бордай эди. Бўроннинг ҳам гаплари аввалгидай ёқимли чиқмас, узуқ-юлуқ эди. Охири у чидамади.

— Фарангиз, — деди қизнинг кўзига тикилиб, — мен сизга уйланаман.

Қиз аччиқ жилмайди.

— Уйланаман?! — дея қиз унинг гапини такрорлади. — Қандай қилиб? Хотинингиз, бола-чақангиз бор-ку?!

— Мен сизга уйланаман дедимми, тамом, уйланаман. Бошқа нарса мени қизиқтирмайди.

— Менга ичингиз ачиганидан шундай деяпсизми? “Камбағал қиз, отаси ташлаб кетган, ёлғиз онаси билан туради, бунинг устига, бокира эмас. Бундан бу ёғига кўча қизига айланиб кетиши ҳеч гапмас!” — деб ўйлаяпсизми?!

— Йўқ, — дея унинг гапини бўлди Бўрон, — сиз айтган нарсалар мени умуман қизиқтиргани йўқ. Ўз ҳаловатимни ўйлаяпман. Пул топаяпман. Энди шунга яраша яшашим керак. Шунчаки юришим ҳам мумкин эди, лекин сиз билан шунчаки юролмайман. Чунки яна битта одам орамизга қўшилиб қолса, чидолмайман. Бўлди, ортиқ тушунтириб беролмайман.

Фарангиз дарров рози бўлмади. Ўйлаб кўриш учун вақт сўради. У ич-ичидан хурсанд эди. Тўғри, олдинда кундошлик балоси турибди. Лекин нима бўлган тақдирдаям, у жазман эмас, бировнинг ҳалол хотини бўлади. Шуниси муҳим, қолганини эса вақт кўрсатади.

Бўрон Фарангизнинг розилигини олгач, унинг ойисининг ёнига ўзи борди. Харобгина ҳовлида, чорпоя устида сочлари қордай оппоқ кампирни кўриб, бир сесканиб тушди. У Фарангизнинг онаси анча ёш бўлса керак, деб ўйлаганди. Тўғри-да, қизи эндигина йигирма бешга кирган бўлса, онаси кўпи билан элликлар атрофида бўлиши керак-да. Аёлнинг кўриниши камида саксон ёшга кирган кампир қиёфасида, мияси ҳам кирди-чиқди бўлиб қолганга ўхшарди.

— Ойижон, — деди Фарангиз жилмайиб волидасига боқар экан, — мана, Бўрон акам келдилар.

Аёл бошини қимирлатди. Гўё аввалдан уни танийдигандай қизининг гапини тасдиқлаган бўлди.

Салом берган бўлғуси куёв чорпоянинг бир четига омонатгина ўтирди. Фарангиз чой дамлаш учун ошхонага кетди. Шу маҳал аёл ўзидан-ўзи йиғлади. Елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади. Бўрон зўрға чидаб, унинг йиғидан тўхташини кутди. Ниҳоят, у ўзини босди. Кейин ўксик оҳангда сўзлади. Эрининг ўлгани, қариндош-уруғларининг қарамай қўйгани, бировларнинг уйини тозалаб кирини ювганларини, ҳамма унга паст назар билан қараганини куйиниб гапириб берди. Умрининг охирида: “Ёлғизгина қизим яхши кунларни туҳфа қилади”, деган умид билан яшаб юрганида, бола-чақали одам харидор бўлиб келганини эшитиб, сал бўлмаса ўзидан кетиб қолаёзганини айтди.

Бўроннинг бахтига Фарангиз келиб қолди. Ойисининг ёнига ўтириб уни маҳкам қучоқлади. Сўнг:

— Ойи, мен, албатта, бахтли бўламан, сиз хавотир олманг, — деди.

Бўрон икки пиёла чой ичиб, дили хуфтон бўлиб ташқарига чиқди. Машинасига ўтириб рулга бошини қўйди. Бир хаёл кириб аёлдан ёшига мос келмайдиган ишни қилиб уни хафа қилиб қўйгани учун кечирим сўрамоқчи бўлди. Аммо шу пайт ёнига Фарангиз келди. Илк маротаба ўзи уни қучиб ўпди.

— Ойимдан сира хафа бўлманг, эндигина эллик бешга кирганлар. Лекин бир умр ғам-ғуссада яшаганликлари боис, сочлари оқариб кетган. Юзларига сон-саноқсиз ажин тушган. Ҳаммасини тушунтирдим. Рози бўлдилар, — деди у жилмайиб.

— Фарангиз, ойингиз ҳеч қачон кўзингизда ёш кўрмайди. Ваъда бераман. У киши мендан бор-йўғи саккиз ёш катта экан. Уялиб кетдим. Ўзимни роса сўкдим... Бугуноқ сизнинг номингизга уй оламиз.

Унинг гапига ҳайрон бўлган Фарангиз Бўронга тикилиб турди-да:

— Нега? — дея сўради.

Бўрон изоҳ бергиси келмади. Фақат қизнинг юзидан ўпиб қўйди.

— Боринг, ойингиз хафа бўлиб қолмасин, — деди.

Уч кун ўтгач, Фарангиз ойисини олиб, оддийроқ кварталдан сотиб олинган икки хонали уйга кўчиб кетди. Ойиси: “Дадангнинг чироғи ўчиб қолади”, деб аввалига роса оёқ тираб турди. Фарангиз ялиниб-ёлвориб туриб олгач, ноилож кўнди.

Бир ярим ой мобайнида Фарангизларнинг ҳовлиси таъмирланди. Энди у аввалгидан бутунлай ўзгариб кетган, кўрган одамнинг кўзини қувнатарди. Фарангизнинг ойиси эса ўз уйини таниёлмай гарангсиди. Кейин бирдан ғамгин бўлиб қолди.

Тўй бўлди. Ресторанда. Келиннинг ёнида Бўроннинг ўрнига бошқа бир йигит ўтирди. Икки юз доллар эвазига.

Энди Бўроннинг вақти жудаям тиғизлашиб қолганди. Тўғри, у уйланганини Фароғатга айтмади (айтиб кўрсин-чи, шу куни охирзамон бўлади), иши кўплигини баҳона қилиб кун ора уйига бормайдиган бўлди.

Фарангизнинг ойисини ғам аллақачон адойи тамом қилган экан. Олти ойга бормади. Лекин ўтган олти ойда маза қилиб яшади. Доим хурсанд ўтирарди.

Шу воқеалардан кейин ҳам тўрт йилдан ортиқ вақт ўтди. Мана ҳозиргача чиройини йўқотмаган Фарангиз унинг ётоғига кириб турибди. Ҳеч қачон унинг жамолига тўймаган Бўрон мол-дунёни ҳам унутиб унга тикилиб қолди.

— Тинчликми? — дея унинг ёнига келди Фарангиз. — Саҳарлабдан жиянларингиз...

— Сенгаям ёқмадими улар? — деди Бўрон бирдан унинг гапини бўлиб.

— Нега ёқмаскан? Хурсанд бўп кетдим. Ишқилиб, икки уч-кун туришармикан? Ҳайҳотдай уйда ёлғиз зерикиб ўтирмасдим. Ўзлариям бирам ширин қизларки!

Бўроннинг қовоғи солинди. Ёнбошлади-да, чаккасига қўлини тиради.

— Менимча, икки-уч кун эмас, бир умрга шу ерда қолишади. Раъно ҳезалак билан яшаб, роса абгор бўпти. Ўзи айтмади-ю, лекин менга шундай туйилаяпти. Жиянлардан секин сўра. Агар Ғайбулло ярамас Раънони унижат қилган бўлса, бориб бурдалаб ташлайман.

Фарангизнинг юзи жиддийлашди. Ётоқдан чиқиб қизларнинг ёнига борди. Уларга боқиб ҳавасланаркан, ичидан бир нарса узилгандай бўлди. Ахир шунча йилдан бери у фарзандли бўлмаётган эди-да.

* * *

Юлдуз кафти билан юзини бекитди. Кўзидан дув-дув ёш оқаркан, тиззалаб ўтириб қолди. Бу пайтда рақибнинг оёғи Шоҳруҳнинг биқинига озор етказиш учун чўзилганди. Йўқ, буниси мўлжалга аниқ етиб бормади. Ўзини бироз олиб қочишга улгурган Шоҳруҳ унинг оёқ бармоқлари устига чунонам мушт туширдики, қарсиллаган овоз чиқди. Юлдузнинг жон-пони чиқиб кетди. У: “Шоҳруҳ бутунлай тамом бўлди”, деб ўйлаганди. Бошини илкис кўтарди. Тўзғиган сочлари бир сидра юзини бекитиб ўтди. Ва бутунлай бошқа манзарани кўрди. Шоҳруҳ қадди ростланган, занжирдан қутулган шердай турган бўлса, рақиби эса оёғидан яраланган сиртлонни эслатарди.

Муштлашув яна икки дақиқача чўзилди. Шоҳруҳ душманининг ожизлигидан фойдаланиб, икки марта жағига мушт туширгач, у ерга йиқилди-да, ҳушидан кетди. Унинг ҳам бошига Калитнинг куни тушди. Фақат бу сафар оқсоқол ўзини ортиқ уринтирмади. Сигаретидан чиқаётган тутунга ўпкасини тўлдирди-да, қултуллатиб пиво ичди, сўнг ёнидаги шотирига мағлубни бутунлай мағлубга айлантиришни имо-ишора билан тушунтирди.

Шоҳруҳ титрарди. У чолга ўткир нигоҳини қадаб:

— Эркак сўзидан қайтмайди. Сўзидан қайтган — эркак бўлмайди. Юбка кийиб юради, — деди.

Шундоғам зўрға ўтирган чол бошқаларни ҳайратда қолдириб ўрнидан турди-ю, икки марта сальто қилди-да, Шоҳруҳнинг ёнгинасида пайдо бўлди ва ҳассасини унинг бўйнига тиради.

— Эркаклик қанақа бўлишини менга ўргатаяпсанми?! — дея чинқирди чол. — Юз метр наридан ўрмон бошланади. Агар бир дақиқа ичида кўзимдан йўқолмасанг, баданингни тешиб ташлайман. Вақт кетди.

Шоҳруҳ билан Юлдуз бир-бирига қаради.

— Югурдик, — дея бақирди қиз ва йигитнинг қўлидан ушлаб тортқилади.

Яланглик билан ўрмон ораси юз метрдан кўп эди. Бир дақиқа ичида босиб ўтиш амри маҳол, лекин ягона чора шу бўлганидан кейин чиқмаган жондан умид қабилида иш тутишдан ўзга илож йўқ эди-да.

Гарчи Юлдуз бироз дам олган эса-да, Шоҳруҳ муштлашувдан кейин анча чарчаганди. Шу боис, югуриш оғир кечди. Шундай эса-да, у тишини тишига босиб олдинга интилаверди.

Юлдуз вақтни ўзича ҳисоблаганми ё кўнгли сезганми:

— Ётдик! — деб бақирди.

Улар ерга ағанашлари билан ортларидан кетма-кет беш марта гумбурлаган овоз эшитилди.

Қуролларнинг овози қочаётганлар кучига куч қўшди. Улар энди аввалгидан-да тезроқ югуришар, ора-чора оёқлари чалишиб умбалоқ ошиб кетишарди. Ажабланарли томони, бошқа ўқ отилмади. Юлдуз ҳатто: “Чол шафқат қилди”, деб ўйлашга ҳам улгурди.

Чол эса бу қалтис ўйинга беш минг доллар тикканди. Кимда-ким ҳовлиқиб қочаётган йигит билан қизни ўрмонга етиши билан отиб ўлдирса, мукофот шуники бўларди. Лекин уларнинг биронтасиниям ўқи тегмади. Сабаби, қочоқлар айни ўша пайт йиқилишганди. Визиллаб учиб келган темир парчалари дарахтларнинг шохларига тегди, таналарига санчилиб озор берди.

Шоҳруҳ билан Юлдуз ўринларидан турмоқчи бўлганларида, орқадагилар яна қўлларидаги матоҳларини ишга солишди. Бу сафар Юлдуз яраланди. Ҳамманинг назарида кўзи ожизланиб қолган оқсоқол отган ўқ унинг қўлини ялаб ўтганди. У ерга йиқиларкан, инграб юборди. Шоҳруҳ бирдан эмаклаб унинг ёнига келди.

— Сиз кетинг! — деди оғриқ азобидан чиройли юзи қизарган Юлдуз. — Кетинг!

— Қаерингизга тегди? — сўради қизга қараб ундан ҳам кўпроқ қийналиб кетган Шоҳруҳ.

— Қўлим... Қўлим! — дея зўрға гапирди қиз.

— Ҳечқиси йўқ. Бирга кетамиз, — деб Шоҳруҳ унинг соғ қўлидан ушлаб ўрмон томонга тортқилади.

Худо шу сафар ҳам улардан мурувватини дариғ тутмади. Ўрмонга амаллаб кириб олишлари билан ёмғир шовуллаб ёғишни бошлаб юборди. Бундай пайтда узоқдан мўлжални аниқ олиш оғир. Ўқ отиш тўхтади. Ўрнини қийқириқлар эгаллади. Бирпасда сочлари жиққа ҳўл бўлган Юлдуз дарахт танасига суяниб, жовдирабгина Шоҳруҳга боқди. Чимиллаган оғриқ вужудига азоб берар, узун киприклари пирпирар, йиғлар, аммо ёмғир кўз ёшини ювиб кетаверарди.

— Ҳозир яна бизни ушлашади, — деди у.

Шоҳруҳ шундагина унинг йиғлаётганини сезди. Дарров бағрига босди. Шу он анча нарида ўрмоннинг қинғир-қийшиқ, ўйдим-чуқур, тор йўлидан “Виллис” келаётганига кўзи тушди.

— Жа унчаликмас-у, лекин имкониятимиз бор, кетдик, — дея Шоҳруҳ қизни қўлтиқлаб олди.

Бор-йўғи бир дақиқадан кейин улар келаётган машинага рўпара бўлишди. Шоҳруҳ бир қўлини юқорига кўтариб:

— Тўхта! Тўхта! — деб бақирди.

Ҳайдовчи озгина овсар шекилли, йигит билан қизни уриб юборишига сал қолди.

Машина тўхтади. Ҳайдовчи кабинадан тушди. Шунда Шоҳруҳ унинг мастлигини сезди.

— Ўлгинг келдими, эшак?! — деб бақирди ҳайдовчи. — Кўрмай қолганимда мажақлаб кетардим!

— Ҳозир ўзинг ўлиб кетасан, бандерлар “уй”ига бораяпсан! — бақирди унга Шоҳруҳ.

— Бандер!.. — деб ўшшайди у. — Бир кўрай ўша бандерларингни. Анчадан бери кўришга ошиқиб юрардим.

Унинг кўзлари сузилиб турган эса-да, сўзлари дона-дона чиқаётганди.

— Мен-чи, — гапида давом этди у, — хохолман. Ғарбий хохол. Томиримда бандерлар қони оқади. Улар, — деб ҳайдовчи бир қўлини юқорига кўтарди, — каллакесар бўлишган.

Шоҳруҳ қараса, ҳали-бери у сўзлашдан тўхтамайдиган. Агар унинг эзмаланишига қулоқ тутиб тураверса, чолнинг одамлари етиб келиши аниқ.

— Ҳов, бандер! — бақирди Шоҳруҳ. — Мошинани тезроқ орқага бур!

— Ни-ма?..

Хохол ортиқ гапиролмади. Сабр косаси тўлган Шоҳруҳ жағига бир мушт уриб, ерга ағдарди. Сўнг қўлтиғидан ушлаб кўтарди-да, машинанинг орқа ўриндиғига ётқизди.

“Виллис” ортга ўгирилиб икки метр юриши билан орқа чироқлар чилпарчин бўлиб кетди.

— Тезроқ ҳайданг! — дея бақирди Юлдуз. — Яқинлашиб қолишибди.

— Ётинг, бошингизни кўтарманг!..

Шоҳруҳнинг сўзлари ҳали ҳавода муаллақ турганида орқа томонни кўрсатадиган ойнага ўқ тегди. У газни босди. Шу билан бирга йўлдан кўзини олмади. Албатта, бундай қинғир-қийшиқ йўлда юришнинг ўзи бўлмасди. Агар озгина мўлжалдан адашса, осмонўпар дарахтларнинг бирига урилиб, қуваётганларга тайёр ўлжа бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди. Шоҳруҳнинг чайир қўллари рулни гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга бурар, оёқлари тинимсиз педаллар устида ҳаракатланарди.

Тобора ортда қолаётган “овчи”лар бақиришар, сўкинишар, машинага қарата тинимсиз ўқ отишарди. Аста-секин темир парчаларининг учиши тинди. Шоҳруҳ чуқур нафас оларкан, “Виллис” тезлигини сусайтирди.

Ёнида ўтирган Юлдуз ярадор қўлини ушлаб:

— Им! — деди.

— Оғрияптими? Озгина чиданг. Ҳозир бирор чора топамиз. Дори, дока-пока топилар...

Шоҳруҳ қолган гапларни айтолмай қолди. Шу пайтгача орқа ўриндиқда ётиб келаётган ҳайдовчи кутилмаганда қаддини ростлади-да, бирдан Шоҳруҳнинг бўйнидан бўға бошлади. Унинг семиз қўллари йигитни нафас олдирмай қўйди. Шунда ҳам у машинани бошқаришда давом этаркан, ҳайдовчининг қўлини олиб ташлашга уринарди. Бироқ бақувват билаклардан қутулишнинг ҳеч иложи бўлмас, аста-секин унинг кўзи тина бошлаганди.

Юлдуз соғ қўли билан Шоҳруҳнинг орқасидан қучоқлаб олган кимсанинг башарасига бир-икки марта уриб кўрди. Аммо у “ўлжа”сини қўйиб юбормади. Шунда жаҳли чиққан қиз:

— Қўйиб юбор, ярамас! — дея бақирганча кўзига қўлини тиқиб олди.

— Вой, аҳмоқ қиз! — бақирди ҳайдовчи ва Шоҳруҳни қўйиб юбориб юзини бекитди.

Шоҳруҳ гўё дунёга қайта келгандай бўлди. Шунақанги шошиб нафас олдики, овози хириллаб кетди. Бу пайтда машина танаси бир қулоч келадиган дарахтга етишига оз қолганди. Йигит тормозни босди. Машина сирпаниб дарахтга урилди. Ҳартугул, унчалик қаттиқ эмас. Фақат орқадаги бандер Шоҳруҳнинг ўриндиғига калласи билан урилди. Йигит сўкинганча “Виллис” эшигини очди-да, сакраб пастга тушиб, энди-энди кайфи тарқай бошлаган бандерни машина салонидан суғуриб олди. Аямасдан қорнига, жағига мушт туширди. Сўнг ўзидан кетиб қолган ҳайдовчини яна жойига ётқизиб машинанинг олдини кўрди. Бампер қийшайибди, чироқлар синган. Уловнинг шикастланган жойига қараб Шоҳруҳ бир четга “чирт” этказиб тупурди ва рулга ўтириб моторни ўт олдирди. “Виллис”нинг жони қаттиқ бўлади, деб бежиз айтишмаган экан. У ҳеч нарса бўлмагандай аввал орқага, сўнг олдинга юрди.

Бироздан кейин ўрмон тугади. Яланглик бошланди. Беш километрча нарида қандайдир қишлоқ қорайиб кўринарди.

Бу пайтда Юлдуз бошини деразага суяб, оғриқни енгиш учун кўзини юмиб олганди. Шоҳруҳ унга тез-тез қараб қўяр, бирор кор-ҳол бўлмасидан қишлоққа етиб олиш учун нисбатан текис бўлган йўлдан машинани мумкин қадар тезроқ ҳайдаб кетарди.

— Қайси гуноҳим учун урдинг?! — деган дўриллаган овоз келди бир маҳал.

— Овсарлигинг учун, — деди Шоҳруҳ орқа ўриндиққа бир қараб қўйиб.

— Одаммас экансан, — деди ҳайдовчи ва оғзидаги қонни машина ичига тупурди, — ҳам уловимни олдинг, ҳам урдинг. Биласанми, бунинг учун сени неча йилга қамашади?

— Агар тирик қолсанг, ўша қамайдиганларга бориб айтишнинг уддасидан чиқсанг, улар мени ушлаб олишса, ундан кейин...

Шоҳруҳ гапираётиб Юлдузга қаради ва унинг ўқ теккан қўлидан тинимсиз оқаётган қонни кўрди-ю, бирдан машинага тормоз берди. У шоша-пиша кўйлагини ечаётганида орқада ўтирган ҳайдовчи ҳам қизнинг ярадор қўлини кўриб қолиб:

— Қизгина қийналибди-ку, — деб Шоҳруҳнинг елкасидан туртди, — бардачокни оч, ичида аптечка бор. Оғриқни қолдирадиган, қон тўхтатадиган дорилар бор. Бинт ҳам.

Ярани боғлашга Шоҳруҳ уқувсизлик қиларди. Умуман олганда, у биринчи марта бунақанги ярани боғлаши эди. Унинг қўлидан бандер олди. У гарчи семиз бўлса ҳам, чаққонлик билан керакли дориларни суртиб бинт билан маҳкам боғлади. Сўнг:

— Ўн йил фельдшерлик қилганман. Уста эдим. Қадримга етишмади. Ичишимни баҳона қилишди. Мана энди ўрмондаги майда-чуйда ишларни қилиб юрибман, — деб бандер машина бардачогидан озгинаси ичилган ароқ шишасини олди. Шишани оғзидан ичмоқчи бўлди-ю, лекин негадир ичмади. Юлдузга тутди.

— Озгинаси оғриқни босади. Мендан кейин барибир ичмайсан, — деди.

Бир қултум ютган қизнинг нафаси бўғилиб қолаёзди. Бир-икки марта ютганидан кейин лабини артиб:

— Шундай аччиқ нарсани қанақа қилиб ютасизлар? — деди.

Ҳайдовчи ўшшайди.

— Охирги пайтларда ширинлик қилаяпти. Қўшним Меколга ўхшаб қалампир қўшсамми деб ўйлаб юрибман, — деб бандер шишани кўтарди. “Қулт-қулт” этган товушлардан сўнг шиша яримлади. У газак учун сигарета чекди. Тутунни ташқарига пуфлаётиб:

— Анавилар, — деб ўрмон тарафни кўрсатди, — изларингдан келмаяптими?

Шоҳруҳ бирдан у кўрсатган томонга қаради-ю, кўзи иккита қоп-қора “Жип”га тушди.

Ўнқир-чўнқирлардан отилиб тушаётган машиналар танкдай бостириб келарди.

Шоҳруҳ шошиб рулга ўтирди.

— Қоч, — деди унинг ёнига келган бандер, — сен буни ҳайдолмайсан. Ўзим боплайман.

Шоҳруҳ пастга тушиб ўтирмади. Салон ичидан орқа ўриндиққа ўтиб олди.

— Қани, тулпор, кучингни уларга бир кўрсатиб қўй, — дея ҳайдовчи бирдан газни босган эди, “Виллис”нинг тезлиги ошди. Машина ичида Юлдуз билан Шоҳруҳ коптокдай у ёқдан-бу ёққа чайқала бошлашди. Ҳар иккиси ҳам бир неча марта бошларини уриб олишди. Ҳайдовчи эса хохолаб кулар, қилаётган ишидан завқланарди.

“Жип”дагилар эса ҳайрон: эски, туртсанг тўкиладиган аҳволга келиб қолган машина кутилмаган тезлик билан узоқлашиб кетаётганди.

Ҳартугул, “Виллис” ярим соатлардан кейин “ўзини босиб” олди. Текис асфальтда машина оҳиста елиб борарди.

— Агар, — деди ранги оқариб кетган Юлдуз, — яна озгина шунақа юрганимизда, орқадан келаётганларнинг қувишларига ҳожат қолмасди.

— Мени “қутурган Яша” дейишади. Қоним қайнадими, тўхтатиб бўпсан! Қани, олға! — дея ҳайқирди ҳайдовчи.

Кўп ўтмай чап томонга буриладиган йўлга етишди. Аммо Яша машинасини тўғрига ҳайдади. Бироздан кейин бу йўлда юриш мумкин эмаслигини билдирувчи белгига дуч келишди. Аммо бунга ҳеч ким эътибор қилмади.

Кўп ўтмай, Яшанинг бекорга кеккайгани маълум бўлиб қолди. Катта тезликда келаётган “Виллис” йўлнинг ўртасидаги ёғоч тўсиқни бузиб ўтди-да, чамаси беш метрлар нарида шиддат билан оқаётган дарёга шўнғиди. Биргина Юлдуз бақиришга улгурди.

Шоҳруҳ машина чўка бошлаши билан қизнинг қўлидан ушлади. “Виллис”нинг деразасидан чиқишлари билан уларни шиддатли оқим тортиб кетди. Аввалдан бундай бўлишини кутмаган йигит билан қизнинг тезда нафаслари қайта бошлади. Ҳар иккиси ҳам юқорига интилар, лекин бунинг уддасидан чиқишнинг иложи йўқ эди. Оқим худди оёққа чирмашгандай пастга тортаверарди.

Шоҳруҳ бор кучини ишлатди. Пастга тортқилаётган “ёв”нинг кучини енгди, ўзи билан бирга Юлдузни ҳам қутқарди.

Қиз шошиб нафас олаётиб, сувни ҳам ютиб юборди ва кислородга тўймай йўтала бошлади.

Улар шўнғиган жойларидан йигирма беш метрча узоқлашиб кетишганди. Дарё қирғоғини қалин дарахтлар қоплаганди. Бунинг устига, ўт-ўланлар ҳам мўл эди. Шу боис, сувдаги одам нариги ёқда ким борлигини кўролмасди. Шоҳруҳ қирғоққа интилар, қизни ҳам ўзи билан бирга олиб кетишга уринарди. Аммо оқим шиддатли бўлганлиги боис, унинг ҳаракатлари зое кетарди.

Маълум муддатдан кейин Юлдуз ҳам ўзига келди.

— Қўйиб юборинг, ўзим сузаман! — дея бақирди Шоҳруҳга. Йигитнинг қўйиб юборгиси йўқ эди. Қўрқарди. Шундай эса-да, Юлдузнинг қўлини бўшатди. Шу ондаёқ оралиқ масофа узоқлашиб кетди. Энди биров-бировга ёрдам беролмасди.

Йигит билан қизга ичи ачидими ёки секинлашадиган пайти келдими, ҳартугул, оқим озгина шаштидан тушди. Шоҳруҳ чарчаганди. Аммо озгина ҳаракат ҳам уни қирғоққа элтаётганди. У беш дақиқалардан кейин дарё бўйидаги ўт-ўланларга ёпишди. Ортига ўгирилиб, қизни кўрмади. Бирдан юраги орқасига тортиб:

— Юлдуз! — дея бақирди. Лекин жавоб бўлмади. Фақатгина дарёнинг шовқин солиб оқаётганигина эшитиларди, холос.

Йигит яна бақирди. Жавоб йўқ. У чарчоғини ҳам унутиб, шоша-пиша тирмашиб қирғоққа чиқди. Сўнг кўзлари жовдираганча дарёга қаради. Қиздан ном-нишон йўқ эди.

“Мумкин эмас, мумкин эмас, у сузишни биларди”, дея пичирлади унинг лаблари.

У кўзларига ишонмасди. Шунинг учун қирғоқ бўйлаб югура бошлади. Ниҳоятда ҳолдан тойганлиги боис, бир неча марта умбалоқ ошиб тушди. Юзини дарахт шохлари тирнади. Шунда ҳам анча сокинлашиб қолган дарё сувидан нигоҳини узмасди. Охири, у бутунлай чарчади. Йиқилди. Ерни муштлади.

— Нега, Нега?! — дея бақирди.

У бир неча сония шу тахлит ётди. Кутилмаганда сувнинг шалоплаётгани қулоғига чалинди. Аввал бошини кўтарди. Товуш қаердан келганини билолмай, қулоқларини динг қилди. Сувнинг шовқини бор, дарахт шохларининг шитирлашлари эшитилади, аммо шалоплашидан дарак йўқ. Шундай эса-да, у ўрнидан турди. Секин қирғоқ бўйларини кўздан кечирди. Юлдузни кўрди. У сувга тегиб турган дарахт шохига осилиб турарди. Елкасигача сувга ботган, боши эгик, худди шохга илиниб қолгандай кўринарди. Уни кўриши билан Шоҳруҳнинг юраги орқага тортиб кетди.

— Юлдуз! Юлдуз! — дея қичқирди у ва ўт-ўланлар орасидан ўтиб, ўзини сувга ташлади. Етиб боргач, Юлдузнинг белидан қучди. — Ҳозир, ҳозир олиб чиқаман!

Гарчи қиз бутунлай ўзидан кетиб қолмаган эса-да, ҳар эҳтимолга қарши Шоҳруҳ унинг оёғидан ушлаб юқорига тортарди. Шу пайт Юлдузнинг юзида табассум пайдо бўлди.

— Шарт эмас, — деди.

Икки соатга яқин дам олганларидан кейин йўлга тушишди. Борар манзилларини билишмасди. Мақсадлари, мумкин қадар бу ердан узоқлашиш эди. Шаҳарга бориш режасини эса кейинроққа қолдиришди. Улар кўп юришмади. Ўн дақиқалардан кейин:

— Нега мени ташлаб кетаяпсизлар? — деган овоз эшитилди. Ортларига ўгирилиб қарашса, Яша тебраниб келаяпти.

— Шундай машинам силарни деб сувга ғарқ бўлди. машинасиз кераксиз бўп қолдимми?

Йигит билан қиз бир-бирларига қараб жилмайишди.

Яша анча вақтгача очилмади. Шоҳруҳ аввал жиддий, сўнг ҳазил гап қилди. Лекин барибир унинг турқи ўзгармади. Энсасини қотириб бир неча марта йигитга қаради-да, деди:

— Яхшиси, ичимликни қаердан топишни ўйла. “Виллис”да икки шиша қолиб кетди. Ўйласам, ичим ёниб кетаяпти.

Унинг гапини эшитган қиз билан йигит бақа бўлиб қолишди. Кейин қаҳқаҳлаб кулиб юборишди.

— Дардингиз оғир экан, — деди Юлдуз ўзини кулгидан зўрға тўхтатиб, — ҳозирча иложсиз. Кутасиз энди.

Яша қўл силтади ва қизга хунук қараб:

— Келиб-келиб сенларга дардимни айтдимми? — деди.

Улар икки соатдан мўлроқ юриб, беш-олти уйдан иборат қишлоққа кириб боришди. Кўча-кўйда, уйлар атрофида зоғ кўринмасди. Худди ҳамма ашқол-дашқолларини ташлаб кўчиб кетгандай эди.

— Ана, ҳаммамизга биттадан текин уй. Кириб бемалол яшайверамиз. Маза, — дея мийиғида кулди Юлдуз.

— Текин жойни биров мен учун ўз-ўзидан ташлаб кетади, деб сира ўйламаган эканман, — деди Шоҳруҳ.

Уларнинг иккиси ҳам соф рус тилида гаплашишаётганди. Сабаби, ёнларида Яша бор. Ўзбекча сўзлашса, унинг кўнглига ҳар хил нарсалар келиши мумкин. Ҳар қалай, уларнинг бошларида шундай ўй бор эди.

— Адашасизлар, — дея суҳбатга қўшилди Яша, — анави чўчқаларни кўраяпсизларми?

Қиз билан йигит у кўрсатган тарафга қарашди.

— Уйларини ташлаб кетиши мумкин одамлар, лекин ҳеч ким чўчқаларни ташламайди, — давом этди Яша. — Демак, ароқ ҳам бор. О-о, маза қиларканман-да!

Бу сафар унинг гапи эътиборсиз қолди. Аммо кимнингдир борлигидан дарак берган ҳайвонлар уларни-да қувонтирди.

Қадам олишлар тезлашди. Диққат-эътибор ҳовлисида чўчқа сайр қилиб юрган уйга қаратилди.

— Иван! — бақириб юборди бир маҳал Яша. — Иван!

“Кимга бақираяпти?” деган маънода қиз билан йигит унга қарашди. Сўнг яна уй тарафга юз буришди. Ҳеч ким кўринмади.

— Қани Иван деганинг? — ҳайрон бўлиб сўради Шоҳруҳ.

— Ҳов ана, дарахтнинг тагига қара, этик кўриниб турибди. Иваннинг этиги. У оёқларини соснага тираб, маза қилиб ётибди. Роса отволган, баччағар. Одатини биламан, икки шишани ағдарган. Қандингни ур, Иван, — дея Яша ўзи кўрсатган томонга югуриб кетди.

Унинг гапи тўғри чиқди. Ҳақиқатан ҳам дарахт тагида ёши элликлар атрофидаги, соч-соқоли ўсиб кетган, устига эски пинжак кийган, бир қарашда пиёнистага ўхшаб кўринадиган одам хуррак отиб ётарди. Ёнида бўшаган шишалар думалаб ётибди.

Яшанинг биринчи ушлагани шиша бўлди. Шунақа “чанқаган” эдики, бўш идишни оғзига тутиб кўрди. Шишадан икки томчи тушди. Шу ҳам унинг чеҳрасини очди. Ютиниб лабини яларкан, Иванни бир тепди.

— Чўчқа, ҳаммасини ичиб қўйибсан. Ўласанми, озгинасини қолдирсанг! — деди у.

Иваннинг бурни қаттиқ оғриди. Кўзини очиб тепасида турганларга ҳайрон қаради. Кейин ҳафсаласиз қўл силтаб ёнига ўгирилди-да, ухлашда давом этди.

— Иван! — дея бақирди жаҳли чиқиб Яша. — Ўз ўртоғингни танимадингми?!

Иван чўчиб тушди. Шоша-пиша ўрнидан туриб, ён-атрофдан ниманидир излай бошлади. Тополмагач, жаҳли чиқиб Яшанинг ёқасига ёпишди.

— Қани?! — деди бўғиқ овозда. — Топиб бер!

— Чўчқа! — дея ўкирганча ёқасидан унинг қўлини олиб ташлади Яша. — Ўзинг ичиб тамом қипсан-ку?! Бир қултум ҳам қолдирмабсан. Эсингдами, икки стаканни тўлдириб қуйиб бергандим.

Иван бўшашди. Сўнг хаёлига бир нарса тушиб қолгандай, айланиб ўтлар орасини қидира бошлади.

— Вой! — деди йиғламсираб. — Ҳозиргина шу ерда турувди. Ҳали очилмаганди.

У сўзлаётиб Яшанинг қўлидаги шишани кўриб қолиб, дарров тортиб олди. Синчиклаб қаради. Ҳеч вақо йўқлигини билгач, отиб юборди. Кейин “гуп” этиб ерга тушган идишни икки қўллаб эҳтиёткорлик билан қўлига олди-да, уни силаб ўпиб қўйди.

— Мени кечир, қийнаб қўйдим. Аслида отиш ниятим йўғиди. Асабийлашганимдан... Сен кечиргин, хўпми, — дея шиша билан гаплаша бошлади, — ҳалиги шеригинг бориди, очилмаганди. Шуни...

У тўсатдан гапиришдан тўхтади. Бармоғи билан пешонасига урди.

— Калланг қурсин, Иван. Дарров ҳамма нарсани эсингдан чиқариб қўясан.

У ароқнинг қаердалигини эслади. Кейин беш-олти қадам нарида алланималарни кавшаниб, хурхурлаб юрган чўчқанинг қорнига бир тепиб ҳайдади. У турган жойга энгашиб ароқни олди-да, юқорига кўтарди.

— Мана! — деди ҳайқириб. — Топдим, топдим!

Яша яшнаб кетди. Қувончдан осмонга сакраб улфатининг ёнига югурди.

Ҳар иккови ҳам дунёни унутганди. Шиша ва унинг ичидаги суюқлик бутун вужудига ҳаёт бағишлагандай қувонишарди. Уларга қараб турган Юлдузнинг ичи ачиди. “Эсиз одам”, дея хаёлидан ўтказди.

Шиша бўшаганда, Яша билан Иван бир-бирини жуда қаттиқ ҳурмат қиладиган дўстга айланган эди.

— Мен дунёни қўлимда ўйнатадиган одамман. Биласанми шуни? Лекин синдиришди. Аввал ўзимни сиқувга олишди, кейин хотинимни фоҳишага айлантиришди. Мана энди, ҳеч кимга керагим қолмади. Ишонасанми, ит сўрамайди. Лекин сўрамагани ҳам яхшийкан, иккита бўш бутилка оборсам, ҳеч бўлмаганда эллик грамм беришади. Маза қилиб ичиб ётаман. Кеча бойваччаларга битта чўчқа боласини сотдим. Тўрт шиша беришди. Улар менга қараб туриб: “Сизни бир буюк одамга ўхшатдик”, дейишди. Уйда олиб қўйибман, колбаса беришди... Сен ўзи қаерда юрибсан, араванг қани?

Иван бир тоғдан, бир боғдан қилиб гапирарди. Нима деяётганини ўзи ҳам тушунмаётган эди. Бор-йўғи бир стакан ароқ унинг кайфини ошириб қўйганди. Аммо у шиша бўшагунча ичди. Яшадан қизғанди. Агар жонини сўрашса бериши мумкин, лекин ароқ масаласида унга гапириб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ўз ҳолига қарамади. Мана, энди оғзидан боди кириб, шоди чиқаяпти. Буниси ҳам ҳолва экан. Бироздан кейин унинг бутунлай уни ўчди. Ҳатто шунақанги секин нафас ола бошладики, кўрган одам уни ўлганга чиқариб қўйиши ҳеч гап эмасди.

Яша эса ундан бақувватроқ чиқди. Кўк ўтлар устига узала тушиб ётган шишадошига бир қараб қўйди-да, бошини эгиб аллақандай қўшиқни хиргойи қила бошлади.

— Кунимиз шу иккита алкашга қолибди-да, — деди алам билан Юлдуз.

— Шунақага ўхшайди, — деб унинг гапини тасдиқлади Шоҳруҳ.

— Хурсанд бўлиб айтаяпсизми?

— Тушунмадим.

— Нимани тушунмайсиз? Ҳеч нарсадан қайтмайдиган, осмонда учиб юрган қиз бирдан лойга ботиб қолса қувонмайсизми?

— Жиннисан! Тушундингми, жиннисан?! — дея бақирди Шоҳруҳ. — Оғзингга келган гапни айтаверасанми?! Қачон мен шунақа дедим, қачон?!

Юлдузнинг киприклари пирпиради. Бироз ортига тисарилди. Зеро, у Шоҳруҳдан ҳечам шунақанги гаплар эшитаман, деб ўйламаганди. Шунчаки, синаб кўрмоқчи эди. Одатда, одам ўта сиқилиб кетса мана шу аҳволга тушади. Гарчи қатъийлик билан инкор этса-да, барибир бўлаётган ишлардан норозилиги мана шунақа бақир-чақирларда билиниб қолади. Айни чоғда, ғўдаймасанг ҳам бўларкан, ҳолингни кўрдим-ку, деб ўйлаётганини ҳам билиш мумкин эди. Юлдуз Шоҳруҳнинг юзидан айнан шуни уқди. Аммо унинг кейинги хатти-ҳаракатлари хаёлидагиларни бир зумда ҳавога учирди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)