Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

240 full reads
307 story viewsUnique page visitors
240 read the story to the endThat's 78% of the total page views
18,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Саккизинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Саккизинчи қисм)

Компьютеру телевизорларни, умуман, нимаики жиҳоз бўлса, барини тепиб, уриб, синдириб, хоналарни вайронага айлантираётган йигитлар охири шу хонага киришди.

— Нима балони бошладинглар? — деди қиз нотаниш кимсаларни кўриши билан. — Тинчлик йўқ экан-да.

— Кимсан? — сўради Шоҳруҳ унга тикилиб.

— Нима ишинг бор кимлигим билан? Тинч қўясизларми-йўқми, иккитанг навбатма-навбат кечаси билан роса абгор қилганларинг етмагандай, кундузи тинчгина ухлашимгаям қўймайсизлар. Ҳали қоронғи тушса, яна дунёнинг ҳамма азобини тортаман...

— Ўчир овозингни! — дея уни бирдан сўзлашдан тўхтатди Шоҳруҳ. — Ким бор яна бу ерда?

— Си... Сизлар прокуратураданмисизлар? — деди қиз кўзи чиққудек бўлиб.

Шоҳруҳ у билан ортиқча гаплашиб вақтни ўтказмади. Хонанинг ҳамма ёғини титкилаб кўрди. Қиз ётган каравот тагидан бир қопча пул чиқди. Қиз шунча пулнинг устида ётганини билмаган, шекилли, бирдан кўзи олайиб кетди.

— Тезроқ кетиш керак. Қўшнилардан биронтаси чиқиб ташқаридаги мурдаларни кўриб қолишса, милисага...

— Каллага келмабди, — дея бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — аллақачон мурдани кўриб, ўқ овозини эшитишлари билан эшикларини тамбалаб, милисага қўнғироқ қилишгандир. Қолаверса, булар фақат шу — битта уйда туришмас. Кетдик!

Бек пулни орқалади. Шоҳруҳ қизнинг оёқ-қўлини боғлаб, оғзига латта тиқиб қўйди. Сўнг улар ташқарида қолган мурдаларни ичкарига киритишгач, жуфтакни ростлашди. Қизиқ устида билинмаган экан. Уйни тарк этишлари билан Шоҳруҳни титроқ тутди. Ахир у ҳам одам ўлдириб қўйган, бировнинг уйига кириб ҳамма ёғини ағдар-тўнтар қилган, ўғриликка ҳам қўл урганди. У вақти келиб шунақа ишлар билан шуғулланаман, деб сира ўйламаган эди. Бироқ ўзи истамаган ҳолда, бутун ҳаётини остин-устун қиладиган амаллар билан шуғулланиб қўйди. Буни фақат кўзига бало-қазодай кўринган уйдан чиққанидан кейингина ҳис этди. Ич-ичидан афсусда эди-ю, бироқ энди бу надоматлар унга ҳеч вақо келтирмасди. “Эртароқ бу шаҳардан қорамни ўчиришим керак. Ҳар қандай қора иш бўлса ҳам майли, пешона терим билан ризқимни тераман”, деган ўй хаёлидан ўтаркан, қадамини янада тезлатди. Лекин Юлдузни кўриши билан ўйлаган хаёлидан асар ҳам қолмади. “Юлдузнинг шодликдан боши осмонга етади”, деб ўйлаганди. Ахир у мана энди ҳамма ишни хамирдан қил суғургандай осонлик билан битирди. Ортидан биронта “дум”ни етакламади. Боз устига, қуруқ қўл билан қайтмади. Бир қоп доллар. Ётиб есанг ҳам беш-олти йилни ўтказиб юборади. Аммо қиз уларни қовоқ уйиб кутиб олди. Иккала йигит ҳам ҳайрон. Бир-бирига қарайди. Шунчалик оғир юмушни бирпасда битириб келишса-ю, эвазига ҳатто бир чимдим табассум ҳам олишмаса.

Юлдуз қопдаги пулларнинг ҳаммасини ерга ағдарди, уч-тўрттасини ушлаб кўрди. Кейин мийиғида кулди.

— Сохта, — деди.

— Йўғ-э! — дея Бек бир дона купюрани олиб чироққа тутди. Ўзи билган белгиларнинг ҳаммаси унда бор эди. — Тоза-ку, — деб Юлдузга қаради.

Унинг гапи Юлдузнинг ғашини келтирди. Дарров ёнидан пул чиқариб Бекнинг қўлига тутқазаркан:

— Солиштиринг, — деди.

Иккала купюра ҳам бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшарди. Ҳатто ўртасидаги қора белбоғ ҳам бир хил. Фақат қоғозлар бошқа-бошқа. Буни ҳам дарров ажратиб олиш қийин. Бек сохта купюрани йиртиб ташлади. Шундан сўнг Юлдуз йигитларнинг ҳар икковидан ҳам қилган ишларини батафсил сўради.

— Худди боғ яратиб қўйган одамлардай, кўриб қўйинглар, деб кўкрак кериб келаяпсизлар. Шоҳруҳ, иккитаси орқангиздан эргашгани эсингиздан чиқдими?.. Кейин компьютерда хотира деган нарса бўлади. Мониторни бурдалаганларинг билан компьютерда... Уфф...

Юлдузнинг юраги гупиллаб урар, нафас етишмаётгандай бўғиларди.

— Бу ергаям сиғмадик, эртароқ шаҳар ташқарисига — кампирникига кетайлик, — дея қиз шоша-пиша телефонидан ҳайдовчининг рақамини терди. Унга тезда етиб келишни тайинлаб, иккала йигитга ҳам ювиниш хонасида қўл-оёқлари боғланиб ётган Бедарнинг шеригини айвонга — йигитларнинг хонасидаги каравотга боғлаб қўйишларини буюрди. Сўнг ўзи нарсаларини йиғиштириш учун хонасига кириб кетди.

Икки йигит ҳамда бир қиз пастга тушишди-ю, қотиб қолишди. Чунки шу пайт қарама-қарши томондаги кўп қаватли уйнинг ёнига қора ойнали иккита “Мерс” тўхтади-да, ичидан шошганча бир нечта йигит сакраб тушишди ва бундан ярим соатча муқаддам Шоҳруҳ билан Бек алғов-далғов қилган хонанинг йўлагига югурганча кириб кетишди. Икки киши эса машиналар ёнида атрофга олазарак боқиб туришарди.

* * *

Маъмур тайёр ўлжадан воз кечиб кетадиган одамлардан эмасди. Қолаверса, сўнгги пайтларда анча чиқимдор бўлганлиги боис, Шомурод акадан олган қарзи ҳақида кўп ўйларди. Ҳозирча пулнинг эгаси қарзини сўрамаётганди. Лекин сўраб қолса, у қайтариб беролмайди. Умуман, қайтариш нияти ҳам йўқ эди. Олаётганида билинмаганди. Кейинчалик ўйлаб қараса, катта сумма экан. Шунча пулни йиғишнинг ўзи бўлмас экан. Тўплаган тақдирингда ҳам бировга берсанг, худди бир томонингни қўпориб кетадигандай туйиларкан. Маъмур Шомурод акага қойил қолди. Шунча пулни қилт этмай берди. Тўғри, нотариус орқали. Лекин барибир қўлингдаги мулкни бошқа бировга тутқазиш оғир-да. Энди у қўймайди. Сопини ўзидан чиқаради. Баҳона минг хил. Куёв пулни Маъмурнинг қўлига тутқазади, у эса Шомурод акага... Йўқ, бирданига эмас, албатта. Майдалаб, аста-секинлик билан. Балки яна бирорта сабаб чиқиб, Шомурод аканинг ўзидан ундирар, ўшанда қутулиш осонроқ бўлади.

Маъмур ширин хаёллар оғушидан зўрға чиқиб, қўл остидаги йигитларидан бирини чақирди-да, текширувни янада чуқурроқ олиб боришни тайинлади.

Бу пайтда Содиқ уйига етиб борганди. Хонзода уни йиғи-сиғи билан кутиб олди.

— Дадаси, — деди кўзидан ёшини дув-дув оқизиб, — шу умидда бола боққанмидик, шу умидда авайлаб-асраб катта қилувдикми?..

— Нима бўлди? — деди Содиқ унга тикилиб. — Қани қизинг, унга ҳеч нарса қилмаганми?!

— Эл орасида энди қандай бош кўтариб юрамиз, нима деган одам бўлдик?!

— Минғирламай айт, нима бўлди?! — дея бақирди Содиқ.

— Қизингиз... Қизингиз эрга тегармиш, биздан берухсат, гаплашиб келган эмиш...

Содиқни ток ургандай бўлди. Унинг қулоғи тинимсиз шанғилларди.

— Ким... Кимга? — деди ютиниб олганидан кейин.

— Кимга бўларди? Таги паст, ота-онасининг тайини йўқ, битта қашшоқ кўча боласига-да. Оти Мурод эмишми, алламбало?!

Содиқ тин олди. Хотинининг оғзидан қизи “қилиқ” қилиб қўйганини эшитганида эти жимирлаб кетганди. Хаёли Шоҳруҳга қочувди. Ҳозир ўзидан хафа бўлиб кетди. Ич-ичидан шайтонни қувиб солди. Аёли ўпкаси тўлиб изиллаяпти-ю, унинг юзида ним табассум пайдо бўлди. “Бегона экан-ку”, деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Ўтди-ю, ўйлари чалкашди. Ахир хотини унга бошқача гап қилганди. Яъни ўзининг бир қориндан талашиб тушган укаси Шаҳлога — акасининг пушти камаридан бўлган қизга кўз олайтирган. Қизининг хаёлини ўғирлаган, шекилли, улар дарвозахонада қучоқлашиб, бировдан ҳайиқмай туришган. Йўқ, ундай бўлмаган, Шоҳруҳнинг макру ҳийлалари ўтмаган. Қизи бутунлай бошқа одамни яхши кўрган, энди унга турмушга чиқмоқчи. Бунинг аслида ёмон жойи йўғ-у, лекин йигитнинг камбағаллиги... Шошма, хотини уни кўчанинг боласи дедими? Кўчанинг боласи йўлтўсар бўлади, ўғри бўлади, бемаза болаларнинг ўртоғи бўлади. Буларнинг барини бир жойга тўпласа, умумий ном келиб чиқади: “Жиноий тўда”.

— Нимага қоққан қозиқдай турибсиз?! — дея чириллади Хонзода.

Шунда Содиқ ўзига келди. Хотинига нафрат билан қаради.

— Тузукроқ суриштирдингми? Бола ҳали жиноят-пиноят қилмабдими? — сўради қовоғини уйиб.

Хонзода унинг гапини бутунлай бошқача тушунди.

— Ҳамма ишнинг ҳал бўлгани жиноят эмасми?! Вой, Худо, кимни эр қилиб юрибман?! — дея Хонзода ўзини полга ташлади.

Худди шу пайт Шомурод ака уйга кириб келди ва қизининг гилам устида чўзилиб ётганча ўкириб йиғлаётганини кўриб жон-пони чиқиб кетди.

Ҳамма нарса равшан. Содиқ уни яна урган. Сабаб?.. Сабаби уни қизиқтирмайди. Юрагининг бир парчаси ер билан битта бўлиб ётганида, ҳар қандай сабабга у тупуради.

— Зўр бўп кетдингми?! — деди Шомурод ака куёвига ўқрайиб.

Қайнотасидан бунақанги гапни кутмаган Содиқ қотиб қолди.

— Да-да, нега?..

— Оёғимда маҳкам турибман. Любой одамнинг бемалол абжағини чиқараман, деб ўйлаяпсанми? Менинг қизимни сўрайдиган одамлари борлигини эсингдан чиқардингми?! Берган тузим, ёрдамларимга тупурдингми?! Оёғинг ердан узилдими?..

— Дада, нималар деяпсиз? Ҳозир келдим ўзи, худди сиздайин, ҳали нима гап-сўз бўлаётганидан умуман бехабарман. Қизингизга тегиниш тугул, бирон оғиз гап айтишга улгурганим йўқ...

— Дада, Содиқ акам ҳеч нарса демадилар. Набирангизнинг қилиғидан куйиб ўтирибман! Адо қилди мени набирангиз! Шарманда қилди!.. — деди Хонзода дув-дув кўз ёш тўкаркан, ётган жойида.

Отасининг ҳурмати учун ўрнидан туриш, йиғи аралаш бўлса-да, салом бериш унинг хаёлигаям келмади. Фаросатининг “юксаклиги”дан чўзилиб ётганча сўзлади. Барака топгур, ота шундан кейин ҳам ялпайиб ётган қизига: “Тур”, демади. Бунинг ўрнига Хонзоданинг ёнига бориб гилам устига ўтирди-да:

— Набирамга нима қипти? — деб сўради.

— Эрга тегармиш, дада. Эрга...

— Эй, қизим, ҳали сен шунга ётволиб йиғлаяпсанми? Бўйи етган қиз биронтаси билан яхши кўришиб қолган бўлса, “тегаман” дейди-да. Сенга қизингнинг бахтли бўлгани яхши эмасми? Ўзи топган бўлса, демак, бахтли бўлади...

— Дада, — деди Хонзода отасининг гапини бўлиб, — менинг ниятим бой-бадавлат оила билан қуда бўлиш эди. Қаердаги яланғочни деб қиз катта қилганим йўқ. Тўғри келган одамга бервораверсам, уруғингиз бузилиб кетади.

Унинг сўнгги гапи Содиқдан ўтиб кетди. Зеро, уруғ масаласида қайнотасига нисбатан у яқинроқ эди Шаҳлога.

— Ечиладиган нарса экан-ку. Қани, Содиқжон, — Шомурод ака куёвига юзланди, — ўрнидан туришига кўмаклашиб юборинг.

Тезликда бутунлай бошқа одамга айланган Шомурод ака Содиққа жилмайиб қараб турар эди. Содиқ ҳайратдан қотиб қолди. Нима қиларини билмай қайнотасига термилганча тураверди.

— Шунга шунчами?.. Жаҳл чиққанда ақл кетади дейишади-ку. Ота билан ўғил орасида нималар бўлмайди дейсиз? Хуллас, мен гапирмадим, сиз эшитмадингиз.

“Вой, тулки, ҳамма нарсадан осонгина чиқиб кетаман деб ўйлайсан-да, мен сендан маккорроқман, мана кўрасан, ҳали шундай ўйнатайки, ўзинг ҳам қойил қол”, дея хаёлидан ўтказган Содиқ қайнотасига қараб илжайди. Дарров хотинининг қўлидан ушлаб, туришига кўмаклашди.

— Айтдим-ку, хоним, — деди жуфти ҳалолига қараб илжайганча, — ҳал қиламиз, между прочим, осонгина.

— Нега тушунмайсизлар? — дея бир эрига, бир отасига нигоҳ ташлади Хонзода. — Шаҳло: “Иш пишган”, деди. “Бир ҳафтадан кейин тўй”, деди.

— Йўғ-э, — дея Шомурод ака Содиққа юзланди, — менинг набирам одобли эди-ку, ота-онасидан, қолаверса, мендан рухсатсиз ҳеч бир нарса қилмасди-ку. Шошма, бу ерда бир гап бор. Қани, бу ёққа чақир-чи!

Хонзодага қизини хонасидан чиқаришнинг ўзи бўлмади. Аввал дўқ-пўписа қилди, кейин ялинди. Кўз ёш тўкди. Хуллас, амаллади.

Оппоқ юзи қизарган, сочлари тўзғиган, боши эгилган қиз бир-бир босиб пастки қаватга тушди.

— Қизим, — деб Шомурод ака уни бағрига босди, — нега бунча қайғудасан?

Унинг бу гапи ёниб турган оловга мой сепгандай бўлди. Ўзини босолмаган Шаҳло:

— Додажон! — дея бақириб йиғлаб юборди.

— Тисс! Ўзингни бос, қизим. Бекордан-бекорга сенинг кўзингдан ёш оқизиб қўймаймиз. Қани, айт-чи, ким сени хафа қилди?

У шундай деркан, аввал Содиққа, кейин Хонзодага кўз қисиб қўйди.

— Ҳеч... Ҳеч ким, — деди Шаҳло бироздан кейин кўз ёшини тийишга ҳаракат қиларкан.

— Унда нега бунақанги аҳволдасан?.. Қизим, сенинг кўзингда ёш кўргунча, менинг жоним чиқсин...

— Дода, — дея Шомурод аканинг бўйнидан қучоқлаб олди Шаҳло, — унақа деманг, мени... мени...

У бошқа гап айтолмади. Тилига ҳеч сўз келмади.

— Қани, Хонзода, меҳмонхонага бошла, ўтириб ётиғи билан гаплашиб оламиз, — деди Шомурод ака.

Содиқ ҳам, Шомурод ака ҳам гапни нимадан бошлашни билолмай бошлари қотди. Қайнота-куёвнинг тилига сўз келавермагач, ташаббусни Хонзода қўлга олди.

— Қизим, мана даданг, мана бобонг, нима дардинг бўлса айт!.. Шу пайтгача: “Боламнинг энг яқини менман, нима дарди бўлса биргалашиб ҳал қиламиз”, деб ўйлаб юрувдим. Чучварани хом санаган эканман, сен аллақачон менинг бошқарувимдан чиқиб кетган экансан. Кимга тегиш-тегмасингни яқинларингга айт. Ўша ялангоёқ кимлигини айтиб бер!

Бу сафар Хонзода йиғламади, ҳатто ўксимадиям, ҳар бир сўзни дона-дона қилиб шаддод аёллардай гапирди. Шу боисдан ҳам Шаҳло раҳм-шафқатнинг яқинига ҳам бормади. Онасига нисбатан бунақа туйғу бир неча кун аввал бутунлай ўлиб бўлганди.

У Хонзодага ўқрайиб қараб қўйди, сўнг бошини эгиб:

— Ялангоёқ деманг. Уларнинг қалби тоза. Қалби бой, — деди.

Шомурод ака набирасининг гапини эшитиши билан томоқ қирди, гўёки унга: “Бу ерда биз ҳам бормиз, шарм-ҳаёни эсингдан чиқарма”, дегандай.

— Нималар деяпсан, Шаҳло?! — деди жаҳли чиқиб кетган Содиқ.

— Дада, мен сизни жудаям ҳурмат қиламан. Майли, ора-чора сиз ҳам алданасиз. Чунки бандасиз. Дада, илтимос, мени тўғри тушунинг, — деди Шаҳло титраб-қақшаб.

— Тушунай?.. Бўпти, гапир, соддагина, гўл даданг нимани тушунмабди?

— Дада... Дада, мен бошқа нарса демоқчийдим. Биласизми... биласизми?..

— Қўйинглар, боланиям одам шунчалик қийнайдими? Инсоф қилинглар. Ўзларинг шу ёшда бўлмаганмисанлар? Ундан кўра, келадиган совчиларни суриштиринглар. Ким бўлсаям, бизга аввало одам бўлгани яхши, мол-давлат топилаверади.

Шаҳло бобосини шунақанги яхши кўриб кетдики, меҳрга лиммо-лим нигоҳини унга қадади, зумда бутун вужудига шодлик инди. “Ҳозир дадам билан аямни додам уришади. “Қизимни севган йигитига бермай бахтсиз қилмоқчимисанлар?” — деб айтади”, дея ўйлади. Аммо бобонинг лабидан бошқача сўзлар учди.

— Бола ўстирганидан кейин одам унинг иқболини кўришниям истайди, — деди у. Айни пайтда унинг юз тузилиши, кўзлари донишмандларникига ўхшаб кетарди, — шунинг учун қизни бировга узатишдан аввал ўша рўзғорнинг қандайлигини билиш керак.

У айнан бир нарсани такрорлаётган эса-да, сўзлари энди бошқа манзил томон кетиб борарди. Буни ич-ичидан сезган Шаҳло тўлиқиб кетди. Бутун дарди томоғига келиб, йиғига айланиш учун тўплана бошлади.

— Ҳали йигирмани қораламаган қиз жуда содда бўлади. Уни ҳар томонга қайириш осон. Шунинг учун ҳозир кўплар адашиб қолаяпти-да. Пиёлага кўпроқ сув қуйсанг, ортиқчаси тўкилиб кетади. Бойлар бойларга, камбағаллар камбағалларга ажралиб бўлди. Бойнинг камбағал бўлиши осон-у, лекин камбағалнинг бой бўлиши ўлимдан қийин. Чаққон, уддабурон, ҳозирча камбағал бўлгани билан, эртага уни пулдор бўп кетади деб ҳеч ким кафолат бермайди. Бу бир томони. Иккинчидан, эркак бўлиб қизга уйландингми, елиб-югуриб уни боқ-да. Нима қиласан, ҳали Эшматнинг, ҳали Тошматнинг этагига ёпишиб?..

Содиқнинг томоғидан биров бўққандай бўлди. Вақти келиб қайнотаси қилган ҳамма яхшиликларини юзига солишини мутлақо хаёлига келтирмаганди. У ўрнидан турди, шошилмасдан бориб шкафнинг пастки табақасини очди-да, бир шиша ароқ олиб келиб стол устига қўйди. Сўнг пиёлага тўлдириб қуйиб, бир кўтаришда ичиб юборди-да, енги билан лабини артди. Қайнота унинг нега бундай қилаётганини сезди. Бироқ индамади. Билиб қўйсин чиранаётганини, зўр келса, ўзини босиб олади, деган хаёлга борди. Бироз куёвига термилиб турганидан кейин яна сўзида давом этди:

— Шаҳло қизим, — деди набирасига юзланиб, — сен ўзинг айтган боланинг адресини бер. Ойинг бориб келади. Ҳар нима бўлгандаям, хонадонини кўриш керак. Бу удум ота-бобомиздан қолган. Хўпми? Энди кўп кўнглингни вайрон қилавермасдан, хонангга чиққин-да, яхшилаб ухлаб ол. Уйғонганингда ҳамма нарса изига тушиб кетади.

Шаҳло ҳеч балони тушунмади. Кетгиси йўқ эди. Агар имконият беришса, Мурод акасини роса мақтамоқчи эди. Бироқ ҳамма умидлари барбод бўлди. Оғриниб ўрнидан турди-да чиқиб кетди.

— Сен, — деди Шомурод ака Хонзодага набирасини узоқлатиб, — Шаҳло айтган жойга борасан. Боланинг уйидагиларига айт. Тинч қўйишсин. Агар ортиқча гап қилишса, ўзим бошқача гаплашиб қўяман.

Бу пайтда Содиқ шишани яримлатиб қўйган, кайфи ҳам анча-мунча ошиб қолганди, шунингдек, ботирлашганди.

— Сиз, — деди у сузилган кўзларини қайнотасига тикиб, — Хонзодага, ўзингизнинг қизингизга хўжайинсиз. Лекин Шаҳлога эмас. Ҳар доим фарзандимга охирги гапни мен айтаман. Кейин сира хавотир олманг. Берган пулларингизни ошиғи билан қайтараман. Бугун, ҳозироқ. Хоҳласангиз, “кўк”ида, хоҳласангиз, ўзимизнинг пулда. Ёки “сариқ”қа айлантириб берайми? Қоғоз пулга қизиқишингиз сўнганига анча бўлган-ку, тўғрими?

— Ўғлим, — дея Шомурод ака энди гап бошлаган эди, Содиқ дарров унинг оғзини ёпди.

— Менинг отам қора ерга кириб кетганига жуда кўп бўлган, балки суягиям чирий бошлагандир. Берган пулини пеш қиладиган одамнинг қандай тили борди мени ўғлим дейишга?!

— Дадаси, ким билан гаплашаётганингизни эсингиздан чиқариб қўйдингизми?! — дея бирдан бақириб юборди Хонзода.

— Қўявер, — деди Шомурод ака унга, — кўнглидагининг ҳаммасини гапириб олсин. Кўриниб турибди, кўп гаплари йиғилиб қолган экан. Қани, куёв бола... Кечирасиз, ўғлим дейишим сизнинг айтишингиз бўйича қанчалик нотўғри бўлса, бола дейишим ҳам шунчалик беўхшов, нима дейишгаям одам бундай пайтда иккиланиб қоларкан.

— Нима десангиз деяверинг, — деб Содиқ яна бир пиёла ароқни афти бужмаймай ичиб юборди-да, лаб-лунжини артди, — лекин битта нарсани айтиб қўяй. Хонзода сиз айтган жойга бормайди. Ҳеч нарсани суриштирмайди. Ҳаммасини ўзим ҳал қиламан.

— Ошириб юбординг! — деди жаҳли чиққан Шомурод ака тағин сенсирашга ўтаркан. — Шу пайтгача мен нима десам, ҳаммаси айтганимдай бўлиб келган, бундан кейин ҳам шунақа бўлади.

Содиқ жавоб қайтармади. Қайнотаси эса унга бир муддат ўқрайиб қараб турганидан кейин чиқиб кетди. Уни ҳеч ким, ҳатто суюкли қизи ҳам кузатиб қўймади. Зеро, у отаси кетиши билан эрини яхшилаб “тузлаш”ни кўнглига тугиб қўйганди. Шу боисдан ҳам фақатгина ароқ билан “сўзлашиб” қолган Содиққа ўзи биринчи бўлиб гапирди.

— Сизга гулдай қизини берди. Оёққа туриб олишингиз учун қўлидан келганча ёрдамлашди. Энди яхшилиги эвазига берган раҳматингизми бу? Қайси юз билан айтдингиз шунча гапни? — деди у эрига еб қўйгудек тикилиб.

— Агар миннат қилишини билганимда, ҳеч нарса сўраб бормасдим ёнига. Ҳозир кайфлигимда айтайин, дўконларимга текширувчиларниям отанг юборган. Менинг попугимни пасайтириб қўймоқчи. Лекин энди кеч бўлди. Шундай қиламанки, ўзи қазиган чоҳга ўзи тушади. Ҳозир подвалга туш-да, ўттиз минг “кўк”идан ол. Қоғозга ўра. Ундан кейин отангга обориб бер. Узоғи билан ўн беш мингча қарзман, қолгани тилини тийиши учун.

Хонзода ҳанг-манг бўлиб қолди. Мақсади қизини тартибга олиш тўғрисида гаплашиш эди. Аммо ўзан бутунлай бошқа томонга бурилиб кетди.

У меҳмонхонадан телбавор чиқди. Аввалига эрининг айтганини бажармоқчи бўлди, лекин тезда ниятидан қайтиб, юқори қаватга чиқди-да, қизининг ёнига кирди. Тош ойна қаршисида қандайдир суратни томоша қилиб ўтирган Шаҳло ойисига бирров қараб қўйди-да, яна машғулотини давом эттирди. Хонзода унинг ёнига келиб, қизининг қўлидаги суратни олмоқчи бўлганди, Шаҳло бермади.

— Шуми? — сўради Хонзода қизининг қилиғидан дили оғриб.

— Ҳа! — жавоб қилди Шаҳло кескин.

— Шохи йўғ-у...

— Бўлиши керакмиди?

— Ялангоёқнинг шохи бўлади-да, бўлмаса, нимасига учасан?

— Ҳақорат қилманг.

— Бутун умрлик нон-тузим, берган оқ сутим тайини йўқ бола олдида сариқ чақага арзимаскан-да.

— Ойи, бир нарсани иккинчисига чалкаштирманг. Кейин ўзингиз айтгансиз мени каша билан катта қилганингизни. Фигурангиз бузилишидан қўрқиб, менга кўкрак бермагансиз. Энди меҳр-муҳаббатни фигурангиздан кутинг...

— Вой ўлмасам, қизим, қачондан бери бунақа ўзгариб қолдинг?! Аввал бетгачопар эмасдинг-ку, — деди кўзи қинидан чиққудай бўлган Хонзода.

— Ўзингиз ўргатдингиз. Амакимнинг устидан туҳмат қилиб, шунақа бўп қолишимга сабабчи бўлдингиз.

— Мен билмабман. Аслида ўша Шоҳруҳ сени боқиб катта қилган экан.

У йиғлай бошлади. Эрининг отасига айтган гаплари суягига бориб қадалганди, энди қизиники ундан ҳам ўтиб тушди.

Бошини кафтлари орасига олган Шаҳло жим қолди. Унинг кўзлари юмилган, ич-ичидан изтироб чекмоқда эди. Худди боши берк кўчага кириб қолган-у, ундан чиқиб кетишнинг сира иложи йўқ. “Иложи бор, — хаёлидан ўтказди қиз, — фақат бу усул Мурод акамни қаттиқ изтиробга солади. Лекин... Лекин кўникиб кетади. Вақт ҳамма нарсани даволайди дейишади-ку. Эҳтимол, кун келиб ўзига бошқа бир ёр топар. Севиб уйланар. Шунда мени эсидан чиқазар... Оҳ, бунга қандай чидайман? Наҳотки Мурод акам тунлари бошқа бир қизни эркалайди, сочларини силайди, тўйиб-тўйиб ҳидлайди? Мен эса қора ерда ириб-чириб ётавераман. Атрофимда ўзимга ўхшаган мурдаларгина бўлади. Қўрқинчли, совуқ жой”. У қалтираб кетди.

— Йўқ... Йўқ, — дея бақириб юбориб ўрнидан сакраб турди.

Қизининг аҳволини кўрган Хонзода саросимага тушди. У бирдан қизини қучоқлаб бағрига босди.

— Ҳаммаси яхши бўлади, қизим, сен умуман қайғурма. Ана, доданг айтди-ку, бориб танишиб кел, деди. Сенга ёққан оила менгаям ёқади. Кўрасан, данғиллама тўй қиламиз. Оппоқ кўйлакда, узун “Лимузин”да келин бўлиб борасан уларнинг уйига.

Хонзода оғзига келган гапни қайтармас, мумкин қадар юмшоқ ва ўксик сўзларди. У қизининг кўнглини кўтаришни ўйлаётганди. Ниятига етганди ҳам. Чунки қиз айни дақиқаларда амакисини бутунлай эсидан чиқарган, бутун ўй-хаёли Муродда эди.

— Ойи, Мурод акамнинг ойилари сизга ёқади. Улар ниҳоятда меҳрибон аёл, — у шундай дея Хонзоданинг қучоғидан сирғалиб чиқди ва шоша-пиша сумкачасини ковлаб ён дафтар ва ручка чиқарди-да, тезда Мурод яшайдиган уйнинг манзилини ёзди.

Қизидан кўнгли хотиржам тортган Хонзода эрининг ёнига борди. Аллақачон бир шиша ароқни бўшатган Содиқнинг кайфи ошиб қолганди. У столда бошини эгганча ўтирар, алланималар деб ғўлдирар, олдидаги столни урган киши бўларди. Хонзода уни ҳам авраб хурсанд қилиб қўймоқчи эди, қараса, бунинг мутлақо иложи йўқ. Эрининг қулоғига на гап киради, на эркалаб уни ўзига оғдириб олиши мумкин.

— Чўчқадан фарқингиз қолмабди-ку, хўжайин, — деди ўзини билмай ўтирган Содиққа.

Жавоби ғўлдираш бўлди.

— Бундан баттар бўлмайсизми? — деб у эрининг ёнига келди-да, қўлидан ушлаб, ётоғига олиб бориб ташламоқчи бўлганида, Содиқ гурсиллаб йиқилди ва оғзи гиламга қопланиб, пишиллай бошлади. Унга нафрат билан боққан хотин қўлини силтади. Ёстиқдошининг бошини озгина буриб ҳам қўймай, илдам юрганча хонаси томон кетди.

Кетар чоғида Шаҳлонинг хонасига калла суқди.

— Даданг маст бўп қопти, хабар оп қўярсан, мен бўлғуси қудаларим билан танишиб келай, — деди илжайиб.

Шаҳло ойисига жилмайиб боқди. Унинг кўзида бир олам қувонч бор эди. Аммо у ойиси нима ниятда кетаётганини ўйлаб кўрмади. Одам бир томондан иккинчи тарафга шунчаки оғиб кетмаслиги унинг хаёлига келмади. Меҳмонхонада эса Содиқнинг нафаси қайтаётганди.

* * *

Қоровулликка қолган йигитлар ҳам бироздан кейин безовталаниб қолишди ва бирин-кетин йўлакка қараб югуришди.

— Айни вақти, тезроқ юринглар, қочиб қолайлик, — деди Юлдуз.

Серқатнов катта кўчага чиққанларидан кейин уларга тегишли бўлган машина етиб келди.

Юлдуз бутунлай ўйга чўмган, атрофдагиларни унутиб, алланималар тўғрисида мулоҳаза қилар, ўйидан, тузаётган режаларидан қониқиш ҳосил қилавермагач, узун киприкларини пирпиратиб қўярди. У бирон оғиз гапирмагач, бошқалар ҳам манзилга етгунларича миқ этишмади.

Юлдузнинг қайтиб келганини кўрган кампир қувониб кетди. Юз-кўзларидан ўпиб кутиб олди. Дарров дастурхон тузаш ҳаракатига тушди. Аммо қиз уни тўхтатди. “Ишим бор, шаҳарга боришим керак”, деди. Унинг бундай қарорини кутмаган иккала йигит ҳам ҳайрон бўлишди.

— Шоҳруҳ, — деди Юлдуз, — сиз мен билан бирга борасиз.

У бошқа гапирмади. Нарсаларини кампирга топшириб, яна машинага ўтирди. Шоҳруҳ йўл-йўлакай қиз режасини айтса керак, деб ўйлаганди. Аммо Юлдуздан тағин садо чиқмади. Шаҳарга етганларидан кейин машинага ҳам жавоб бериб юборди.

— Энди нима қиламиз? — сўради ундан Шоҳруҳ.

— Шаҳарни айланайлик, бир-икки ресторанга кириб овқатланамиз, озгинадан ичамиз, сиз билан дам олишни истадим, — жавоб қилди қиз.

Тусида табассумдан асар ҳам йўқ эди унинг. Демак, недир жиддий иш қилмоқчи. Ажабланарли томони, буни Шоҳруҳдан ҳам яшираётган эди.

— Менга ишонмай қўйдингизми? — сўради йигит ундан.

— Нега бунақа деяпсиз?

— Ҳар қалай, маишат учун келмагандирмиз. Сабаби бордир.

Юлдуз хўрсинди, анча наридаги баланд иморатларга нигоҳини қадади.

— Хўп, айтаман. Мен бу ерда томир отишим учун зўравонларнинг илдизини топишим керак. Қачонки уларнинг илдизини қуритсам, кун бор менга, йўқса, ўлигимни опкетишларингга тўғри келади. Шу ердаги итларга раво кўрмасанглар, албатта... Энди гапни кўпайтирмасдан кетдик. Аввал битта дўконга кирайлик, озгина сотволадиган нарсаларим бор.

Улар уч-тўртта дўконга киришди. Юлдуз ҳеч нарса сотиб олмади. Буюмларга бирма-бир қараб, қидирганини тополмаганидан кейин индамай чиқиб кетаверди. Шоҳруҳ ҳайрон, унинг ортидан эргашиб юраверди. Аста-секин қизнинг қилаётган қилиқлари унинг меъдасига тега бошлади. Бир хаёл: “Дардингни айт, нима керак бўлса, ўзим топиб келаман”, демоқчи ҳам бўлди. Бироқ бу гапни айтишга улгурмади. Навбатдаги дўконга кирганидан кейин қизнинг юзида қувонч аломатлари пайдо бўлди. У аввал елим бошларга кийгизилган сунъий сочларни ушлаб кўрди. Рангларига эътибор қилди. Сўнг уч-тўрттасини олиб кўзгу ёнига борди-да, бирма-бир кийиб кўра бошлади. Юлдузнинг елкасига тушиб турадиган қизғиш рангли сунъий соч унга ярашди. Бироқ қиз сариғини маъқул топди.

— Булардан ўзингизники минг марта зўр, — деди Шоҳруҳ қизга тикилиб, — нима қиласиз буни?

— Кийиб юраман. Агар одам шунақанги сочларни кўпроқ кийса, ўзиники тўкилмасмиш. Ҳар қалай, қайсидир журналда ўқиган эдим. Энди сизга танлаймиз.

Шоҳруҳ беихтиёр калта сочини силади, сўнг ажабланиб шеригига қараркан:

— Менга кераги йўқ, ўзимники яхши, — деди.

— Биламан, лекин кийиб юришингиз керак.

Ҳартугул, унга қора соч танлашди, лекин у узун эди.

— Роса терларканман-да, — деди норози бўлган Шоҳруҳ.

— Бу ерда кечаси совуқ бўлишини кўрдингиз. Хавотир олманг, ҳечам терламайсиз. Яна бир нарсани сизга айтай: мени ёқтирмаслигингизни яхши биламан. Шундай бўлсаям, вақтинчалик севишганлар ролини ўйнаймиз. Хўпми?

— Ким айтди сизни ёқтирмаслигимни, — дея бирдан қизариб кетди Шоҳруҳ.

— Кўзларингиз. Ҳазиллашдим. Қани, қўлингизни беринг-чи.

Иккита ресторандан бор-йўғи бир кружкадан шарбат ичиб чиқишгач, Юлдузнинг безовталиги янада ошди. У ёнидаги йигитнинг қўлини қучганча ҳали у томонга, ҳали бу томонга юрар, тинимсиз хаёл сурар эди.

— Яхшиси, — деди Шоҳруҳ, — казинога боришимиз керак. Менимча, улар, албатта, шунақанги жойга келишади. Куни билан топган пулларини қаергадир сарфлашлари керак. Менимча, ресторандан кўра, уларга казинолар қулайроқ.

— Тўғри, — деди қиз ва йигитни ўзига қаратди, — хаёлимга келмаганини қаранг. Лекин шаҳарда казино деганлари тиқилиб ётибди-да. Мен сизга айтсам, қиморнинг замонавий, ҳаммабоп, қонуний усуллари ҳам чиқади, деб ҳеч ким ўйламаган бўлса керак. Хў-ўш, битта гавжумини биламан. Аввал шу ёққа борайлик. Шаҳар шимолида. Ўзиям қоп-қора, баланд. Ёнига борсангиз, ваҳима босади. Салобатиданмас, совуқлигидан.

— Кетдик бўлмаса.

— Такси тўхтатинг.

Шоҳруҳ йўлакдан серқатнов катта йўл ёқасига чиқиб, зувиллаб бир-бирини қувиб ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади. Бу пайтда елкасига қора сумка осган, спорт кийимидаги, бўйлари узун, озғин икки йигит Юлдузнинг ёнига яқинлашарди. Қиз уларга парво ҳам қилмади. Кўзи Шоҳруҳда, унинг эртароқ машина тўхтатишидан умидвор бўлиб турарди. Яқинлашаётган йигитлар атайлабдан Юлдузнинг икки тарафидан ўтди. Ўтди-ю, кутилмаганда қизнинг қўлидаги сумкачани тортиб олиб, бирдан қочишга тушди. Юлдуз бир неча сония карахтланди. Бироқ тезда ўзига келди.

— Сумкамни опқочишди! — дея бақириб юбораркан, уларнинг ортидан қува бошлади.

Йигитлар озғин эди, тағин оёқлари узун, аста-секин Юлдуздан узоқлаб кетаверишди. Агар сумка ичида фақат пул ва тақинчоқлар бўлганида ҳам майли эди, Юлдуз бемалол кечиб юбораверади. Бироқ иккита тўппонча, ўқ-дорилардан кечиб бўлмайди. Нима қилиб бўлсаям, қочоқларни қувиб етишлари, қўлларидаги сумкани тортиб олишлари шарт эди. Зумда Юлдузни қувиб ўтган Шоҳруҳ жон-жаҳди билан югурди. Шунда қочаётганлардан бири ортига қаради. Аҳвол чатоқ, қуваётган бола елдай учиб келаяпти. Агар шу алпозда яна беш дақиқалар қувса, албатта, етиб олади. Бунинг устига, тинимсиз сигарета чекканларидан нафаслари бўғилиб, ҳансирай бошлагандилар. Умидлари нима қилиб бўлсаям ўзларининг кварталларига кириб бориш. Бунга унчалик ҳам узоқ қолмаган. Узоғи билан етти-саккиз юз метр. Тўғридаги катта йўлни кесиб ўтишса, тамом, кўп қаватли иморатнинг ёнидан ўтиб ҳовлига чиқишади. У ерда ўзларига ўхшаган ўғри йигитлар домино ўйнаб ўтиришибди. Дарров ёрдам беришади.

— Нимадан қўрқамиз?! — деб бақирди қочаётганларнинг бири шеригига. — Икковимиз битта боланинг жағини синдириб ташлолмаймизми? Кварталга бориш шарт эмас.

— Гавдаси катта. Спортсменга ўхшайди. Сумкани менга бер-да, уни тўхтатиб қол. Мен кварталдан болаларни айтиб келаман. Сенга ёнингдаги пичоғинг ёрдам беради! — дея қичқирди унинг шериги.

Бу энг жўяли фикр эди. Зеро, ортдан қуваётган билан қочаётганларнинг оралиқ масофаси бор-йўғи ўн-ўн беш қадамга қисқарган эди.

Шеригининг гапини жўяли билган қочқин бирдан тўхтади-да, ёнидан пичоқ чиқарди ва Шоҳруҳга ташланиш учун тайёрланиб турди. Атрофда одам кўп эди. Ҳамма ўзини четга олганди. Зеро, қон тўкилиши муқаррар бўлиб турган бир ҳолатга аралашмаган маъқул. Бу атрофда мелиса зотининг қораси ҳам кўринмасди.

— Келавер! — дея қичқирди ўғри. — Ичагингдан туфлимга ип қиламан!

Шоҳруҳ унинг ёнига яқин қолганда тўхтади ҳамда бу ёғига шиддат билан юрди. Унинг афт-ангорини кўрган одамнинг юраги қинидан чиқиб кетарди. У шунақанги ғазаблангандики, агар рўпарасида пичоқ ушлаган ўғри эмас, бирорта йиртқич ҳайвон бўлганида ҳам бурдалаб ташлайдиган шашти бор эди.

Ўғри Шоҳруҳнинг кўксига пичоқ санчиш учун хезланди, бироқ унинг ҳаракати зое кетди. Ўзини бироз чапга олиб қолган Шоҳруҳ ўғрининг жағига шунақанги қаттиқ зарба бердики, кўзидан ўт чиқиб кетган йигит бечора гурсиллаб орқаси билан йиқилди ва шу ондаёқ ҳушидан кетди.

— Ўлдириб қўйишди! — бақирди томошаталаблардан бири.

Шоҳруҳ унга ўқрайиб қаради-да, анча узоқлаган иккинчи ўғрининг орқасидан югурди.

Аксига олгандай, айни у серқатнов йўлни кесиб ўтаётганида, машиналарга яшил чироқ ёнди. Шунда ҳам Шоҳруҳ тўхтамади. Югуришда давом этди. Агар очиқ йўлкадан ҳали чорраҳанинг сариқлигидаёқ катта тезликда ўтиб келган “БМВ” тормоз бермаганида, Шоҳруҳни ер билан битта қилиб ташлаган бўларди. Чийиллаб тўхтаган машинадан сакраб тушган ёши ўттиз бешлар атрофидаги эркак бўралаб сўкиниб қолаверди. Шоҳруҳ унинг гапларини эшитмади ҳам. Эшитишга вақт қаёқда дейсиз?

Қочиб бораётган ўғрига Шоҳруҳ етиб олди. Аммо кеч. Ўғри бола ўзига таниш бўлган, унча-мунча ўғрилик ҳам қилишган, бир-иккитаси ёшлигидаёқ қамалиб чиқишга ҳам улгурган болаларни ёнига чақиришга улгурган эди. У ҳарсиллаб нафас олар, бироз букчайганча қўли билан Шоҳруҳни кўрсатиб:

— Ана... Анави Федяни чавақлаб ташлади, — дерди.

— Шу қоравой-а! — деди сочини хўрознинг кокилига ўхшатиб олган, қўлида занжир ўйнатиб турган барваста йигит. — Федяни?..

У ёнида беш-олтита ўзига ўхшаган болалар билан Шоҳруҳга яқинлашиб кела бошлади. Уларнинг ортида яна тўрт-беш йигит бор эди. Шоҳруҳнинг ёлғиз ўзининг кучи етмасди уларнинг ҳаммасига, аммо Юлдузнинг етиб келишини ҳам истамаётганди. Чунки бу дордан қочган болалардан ҳар нарса кутиш мумкин.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)