Мафия сардори (Ўттиз бешинчи қисм)

164 full reads
279 story viewsUnique page visitors
164 read the story to the endThat's 59% of the total page views
17 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўттиз бешинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз бешинчи қисм)

* * *

Қайноғаси машинадан тушгунча Хонзода ўзини тутиб олди ва ҳайдовчига:

— Сўраса, пул олиб келдик, денг! — деганча уй ичкарисига югурди. Хонасига киргач, шоша-пиша устидагиларни ечиб отди. Бошқа тўғри келган кўйлагини кийди. Юзини апил-тапил ювганидан кейин пастки қаватга тушди. Бу маҳал Бўрон дарвозахонада Хонзода билан бирга келган ҳайдовчини сўроққа тутарди:

— Қаердан келдинглар? Нима қилдинглар? Нега мошинангизни бу ёққача ҳайдадингиз? Кимсиз?..

Ҳайдовчи ёлғон гапираман деб сира ўйламаганди. Хижолатдан қутулиш учун шундай қилди. Ахир жувон ярим ялан-ғоч ҳолда уйига кириб кетди. Бу эса бу ерда турибди. Иккаласини кўрган одам нима деб ўйлаши мумкин? Ҳартугул аёлнинг ўзи гапни нимадан бошлашни айтиб кетди. «Йўлда келаётувдим. Биттаси сумка кўтариб турган экан. Қўл кўтарди. Тўхтадим. Чиқди. Сумкасида пул борга ўхшади-ёв. Шунга ичкаригача ҳайдатди», деди. Агар Бўрон келинини дарвозахонада кўрмаганида, эҳтимол, ҳозир ҳайдовчининг гапларига ишонарди ҳам. Лекин у Хонзодани кўрди. Кийимсиз... Бўғиб ўлдирса ҳам ҳақи кетади. У ёқда укаси бир аҳволда ётибди. Бу ҳароми эса билган номаъқулчилигини қилиб юрибди. Фароғатнинг “сайраш”ларидан ҳали ўзига келолмаганди.

Туни билан жанжал бўлди. Бўрон аччиқ устида хотинининг юзига бир-икки шапалоқ тортди. Авваллари хезланишининг ўзи етиб-ортарди. Лекин бу сафар синалган усул фойда бермади. Қўлини ишга солди. Аммо бу ҳам кор қилмади. “Ўша манжалақини топасан. Мен кўраман. Қани, қаери мендан ортиқ экан?!” дея айюҳаннос солди... Чарчаб ҳолдан тойгунча қарғанди. Қарғишлари орасида Хонзодани тилга олиб ўтди. Шунда Бўрон билдики, “касал” мана шу укасининг уйидан орттирилган. Шу боис саҳарлабдан келди. Эртароқ “касал”га дори бериб, тузатишни мўлжал қилди. Аммо келди-ю, бутунлай бошқа манзаранинг гувоҳи бўлди.

Бир бора Хонзода туҳмат қилди. Фароғатга «Эрингиз менга тегинмоқчи бўлди», деди. Ана шу сабаб Бўрон ҳозир ҳеч нима қилолмаётганди. Жони ҳалқумига келган, келинини ҳайдовчига қўшиб, мажақлаб ташлашга-да тайёр эди. Аммо қўрқди. Хонзода қилиши мумкин бўлган шармандаликдан қўрқди. Иштонини ечиб, унинг бошига кийгизса, сўнг дод-вой солса... Хонзоданинг қўлидан бундай иш келади. Бир марта қилди-ку, яна бир марта шунақанги томоша кўрсатиш унга чўт бўптими?!

— Мулла ака, — деди уйдан чиққан Хонзода илжайиб, — келинг.

— Манави нима қилиб турибди бу ерда? — сўради зўрға ўзини босиб турган Бўрон ҳайдовчини кўрсатиб.

— Бир нарса оп келувдим. Укангиз тайинлагандилар. Қўшниларимиз роса ғийбатчи. Кўриб қолишса, ҳар бало дейишади. Шунга машинани ичкаригача киритишга мажбур бўлдим, — деб киприкларини пирпиратди Хонзода гўё ҳайрон бўлгандай.

— Шунақамиди?.. Яхши қилибсиз-да, келин. Мен шундоқ ўтиб кетаётгандим...

— Уйга киринг, — деди Хонзода унинг гапини бўлиб, ҳайдовчига илтифот кўрсатган кишидай жиддий қараб, сўнг қўлидаги пулни унга узатди: — Рози бўлинг.

Ҳайдовчи рози бўлмай қаёққаям борарди? Индамай уч минг сўмни чўнтагига солиб, машинасига ўтирди.

Бўрон ҳам бошини хам қилганча уловига ўтирди-ю, дарди ичида жўнаб кетди.

Хонзода чуқур нафас олди. Шошиб дарвозани ёпганидан кейин уйига кирди. Узоқ чўмилди, кейин ётоғига кириб каравотига чў-зилди. Шу кўйи ухлаб қолди.

У кейинги беш кун мобайнида остона ҳатлаб кўчага чиқмади. Овқат қилиб еди, телевизор кўрди, ухлади. Бировга қўнғироқ қилмади. Ҳаммадан аразлаганини кўрсатиб қўймоқчи эди. Лекин унгаям биров қўнғироқ қилмади. Ҳолинг қандай, деб сўрамади. Мана шуниси алам қилди. Униям онаси, отаси бор эди, қариндош-уруғ... Улар ҳам майли, тўққиз ой не азобларда кўтариб юриб дунёга келтирган қизи-чи?! Хонзода тўлиқиб кетди. Баттар аксланди: “Бир умр шу уйдан чиқмайман. Ўламан, тамом-вассалом”, деди ўзига-ўзи. Хўрлиги келди. Йиғлади.

У амаллаб яна тўрт кунни ўтказди. Йўқ, бир марта уйдан чиқиб дўконга борди. Егуликлар билан бирга тўрт шиша ароқ ҳам сотиб олди. Аввалига маст бўлгунча ичди. Ўша куни телевизор ҳам ёқиғлиқ қолди. Кейинги кун боши оғриганди, кечга бориб бир пиёла ичди. Шу унга одат бўлди.

Узлатдаги аёл ўн биринчи бор қуёш уфққа парвоз қилганида эрини эсга олди. “Ҳеч бўлмаганда, шу одамдан ёруғлик чиқар”, деб ўйлади у.

Бир жойда ётаверса, одам шунга ҳам кўникиб қоларкан. У азоб билан ювиниш хонасига кириб жўмракни очди. Оқаётган сувга термилди. Охирги марта қачон юзини ювганини эслаёлмади. Чуқур хўрсиниб қўйди.

Ўзига оро бериш учун тошойна қаршисига келиб кўрдики, кампирдан фарқи қолмабди. Қовоқлари, пешонаси, юзида бир қанча ажинлар пайдо бўлибди. Санамоққа чоғланди. Ҳисоб етти-саккиздан оша бошлагач, хўрлиги келди. Кўзидан ёш чиқа бошлади. Кафти билан артди. Сўнг лаб бўёғи ва упа-эликни ишлатди...

У дарвозадан ташқарига чиққанида муздай ҳаво юзига урилди. Ўпкасини тўлдириб симирди ва бир-бир босганча катта йўл томон юриб кетди.

Хонзода ҳали касалхонага киргани йўқ эди. Таксидан эндигина тушганди. Кўзи бирдан эрига — Содиқ акасига тушди. Ҳаяжонланганидан кўкси тез-тез кўтарилиб туша бошлади. Унинг ёнига югурди. Севгилисини кўрган, ўн еттидан ўтиб, ўн саккизга қадам қўйган қизчадай:

— Содиқ ака! — дея қичқирди.

Дарвоздан чиқиб, ёғоч оёққа суянганча сўл тарафга кетаётган эркак таққа тўхтади. Секин овоз келган тарафга ўгирилди.

Турган-битгани романтика. Содиқ урушдан қайтган қаҳрамон, Хонзода уни бир неча йиллар интизорлик билан кутган севикли ёр!.. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

— Содиқ ака! — қич-қирди яна Хонзода ва югурганча келиб эрининг бўйнига осилди.

— Шу пайтгача қайси гўрда эдинг? Тузалганимдан кейин келдингми, ит эмган?

Бу романтиканинг давоми. “Урушдан қайтган эр”нинг гапи.

— Ўлиб кетганим билан ишинг йўқ...

— Унақа деманг, дадажониси, — дея изиллаб йиғлашга тушди Хонзода, — сизсиз кундуз ҳам зулмат бўларкан! Тамом бўлдим! Адо бўлдим!..

Содиқ хотинининг бошини кўксига босди.

— Сен ҳали ҳамма нарсани билмайсан, — деди чуқур хўрсинганидан кейин, — дўконларнинг ҳаммасидан айрилдик. Солиқчилар тўғри касалхонага келишди. Мусодара бўлади ҳаммаси... Мен йўғимда болалар ўйин қилиб ташлашибди... Уйимиз ҳам сотиладиганга ўхшайди. Бўлмаса, мен қамаламан.

— Нима?! Дўконлар, уй... Ҳаммаси-я?! — деди ҳайратдан кўзлари олайиб кетган Хонзода. — Бирпасдами?!

— Уйга борайлик, — деди бир жойда қаққайиб тураверганидан оёғи толиққан Содиқ. — Чарчадим.

Содиқ икки соатдан кўпроқ кўзини юмиб ётди. Тез-тез хаёлига Шоҳруҳ келаверди. Башараси қон, кўзидан дув-дув ёш оқади. Акаларига ялинчоқ нигоҳ билан қарайди. Қараши онасиникига ўхшаб кетади.

— Хонзода! — деб бақириб юборди у ётган жойида.

Хонзода узоқда эмасди. Шундоққина ёнида ўтирганди. Эрининг тўсатдан қичқиришидан чўчиб тушди.

— Нима гап?! Ёмон туш кўрдингизми?! — дея сўради кўкрагига туфлаб қўйиб.

— Шоҳруҳ телефон-пелефон қилмадими?!

— Йўқ.

— Ўғирлик қилганмиди у?

— Нега сўраб қолдингиз?

— Билмадим. Ўғирлик қилганмиди, йўқми?!

Хонзода қўрқиб кетди. Эри худди унинг ҳамма қилмишидан хабардордай эди.

— Мен сизга ёлғон гапирармидим? Нима қилган бўлса айтдим-да ҳаммасини, — деди у. Гапи сохта чиққандай туйилди ўзига. Ҳозир эри ўрнидан сапчиб туриб, уни дўппослаб кетадигандай, қочиш тараддудини кўра бошлади. Содиқ эса тағин хўрсинди ва бутунлай бошқа нарсани сўради.

— Уйда қанча пул бор?

— Пул... Ҳар қалай, яшашимизга етади, дадажониси... Ҳа-а, одамни қўрқитасиз-а, дадаси, нега уйни сотарканмиз? Ана шу пулларни ишлатамиз. Майли, пул кетса-кетсин, обрў кетмасин...

Содиқ секин бошини кўтариб хотинига қаради.

— Бор, дўконга чиқиб ароқ оп кел, бўлмаса давлениям кўтарилиб, ўлиб қоламан. Эй Худо, нима гуноҳим боридики... — деди Содиқ ва яна кўзини юмиб олди.

Ароққа Хонзода ҳам шериклик қилди. Баравар ичиб, баравар гапиришди. Бирови дардини дастурхон қилаётганда иккинчиси кўз ёш тўкиб турди. Содиқ ҳам илк маротаба хотинининг ёнида йиғлади. Ўғил-қизини эслаб йиғлади. “Ҳаммасига Шоҳруҳ айбдор!.. Унақа укам йўқ менинг! Ойим туғруқхонадан адаштириб оп келган ўша нонкўрни!” деб қичқирди. Кейин нима гуноҳи учун Худо уни шу кўйга солганини бўзлаб-бўзлаб, кўзидан ёши селдай оқиб, муштумини полга уриб-уриб айтди. Увиллаб юборди. Унга Хонзода ҳам қўшилди. Эр-хотин — қўш ҳўкиз биргалашиб йиғлаб Худога ялинишса, дардлари ариб, қушдай енгил бўлиб қоладигандек эди, назарларида. Ниҳоят маст бўлишди. Бирови шарққа, бирови ғарбга оёқ узатган эр-хотин хуррак ота бошлашди.

Беш кун тугал ичишди. Бирининг соқоли ўсди, иккинчисининг сочи тўзғиди. Кўзларига ароқдан бўлак ҳеч нима кўринмай қолди.

Олтинчи куни суддан одам келди. Чақирув қоғози бериб кетди. Содиқ бормади. “Баринг порахўрсан”, деди.

Орадан ўн беш кун ўтди. Яна уни чақиришди. Яна бормади. Ўн беш кун аввалги сўзлари эсида қолган экан, “элчи” узоқлашмасдан гапига шимини ечиб зормандасини илова қилиб юборди.

Аммо учинчи марта келганлар аввалгиларидай қоғоз ташлаб кетишмади. Бир йўла Содиқнинг ўзини машинага босиб олиб кетишди. Содиқнинг дўқ-пўписалари, ялиниб-ёлворишлари фойда бермади. Келувчилар шунчалик тошбағир эканки, жинни қиёфасига кирган, сочлари тўзғиб, кўзлари қизарган, кўйлаги йиртиқ, бўйнидаги кирлари кўриниб қолган Хонзодани думалаб йиғлашга ҳам қўйишмади.

* * *

Бундай манзарани кўргандан кўра уни чопиб ташласин эди. Йўқ, бунақада азоб хийла енгил бўлади. Терисини шилиб, жароҳатга туз босишсин, сўнг ҳар битта аъзосини кесиб олишсин эди. Рози эди у. Юрагининг эгаси, орзусидаги, никоҳидаги қиз... Ёлғоннинг бундан-да тубан, мараз шакли бўлмаса керак... Юлдузнинг кўнгли айниганди. У Шоҳруҳга бола туғиб бериши керак эди.

Витя Тимофеевич бутунлай бошқа нарсадан умидвор эди. Шоҳруҳ қизни кўрган заҳоти ўрнидан сапчиб туради. Қўлига илинган нарсани олади. Қизни ўлдирмоққа чоғланади. Бироқ ўйлагани бўлмади. Тўғри, Шоҳруҳ ўрнидан турди. Рюмкани ғижимлаб синдириб юборди. Кейин Витя Тимофеевични ҳайрат кўчасида қолдириб, ўзи жойига ўтирди. Соф ўзбек тилида: “Ҳаммангнинг қонингни ичаман”, деди.

Бу баччағар энди ётиб қолгунча ароқ ичади, деб ўйлаганди Витя Тимофеевич, аммо у адашди. Шоҳруҳ бор-йўғи бир қадаҳни ичганидан кейин иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетди.

Юлдуз Витя Тимофеевичнинг тиззасига ўтирди. Эркакнинг юзини нозик қўли билан силади. Эркаланди. Шириндан-ширин гаплар айтди. Ҳаммасини Шоҳруҳ эшитиб ўтирди. Аммо бошини кўтармади. Овқат ейишни тезлатди.

— Шурик, — деди Витя Тимофеевич атай унинг эътиборини жалб қилиш учун қизнинг очиқ белини силаркан.

Шоҳруҳ ейишдан тўхтади. “Яна нима демоқчи бу ифлос?” — дея хаёлидан ўтказиб Витя Тимофеевичнинг кейинги гапини кутди. Ва шундагина билдики, ўтирганларнинг ҳаммаси жим. Биронтаси ҳам “ғинг” деган товуш чиқармайди. Фақат Юлдуз билан Витя Тимофеевич бир-бирини эркалаяпти, Шоҳруҳ эса овқат ейиш билан овора. Аслида у оғзига нима солаётганини ҳам сезмаётганди. Қони қайнаган, бир ҳамлада атрофидагиларни мурдага айлантириб ташлашни ўйламоқда эди.

— Менинг ёшгина дўстим, сенинг бир неча кундан бери оч юрганингни билмаган эканман. Билганимда аллақачон қорнингни тўйғазишларини буюрган бўлардим. Юля, яхшимас, шундай йигит туз тотмай юрса-ю, сен бепарво бўлсанг.

Шоҳруҳ Витя Тимофеевич ўзига тикилиб сўзлаётганини ҳис этиб ўтирар, санчқи ушлаган қўли титрарди.

— Мен бунинг очофатлигидан бехабар эканман. Беш дақиқа ичида қанча нарсани еб ташлади. Бунақада ҳаммамизни банкрот қилади, — деди Юлдуз кулги аралаш.

— Ўчир, манжалақи!

Шоҳруҳнинг сўзлари тишлари орасидан чиқди. У ўрнидан турди. Витя Тимофеевич томонга бир марта ҳам қараб қўймасдан эшик тарафга шитоб билан юриб кетди. Ташқарига чиқиб, муздек ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди. Кейин эшикбон йигитларнинг биридан сигарета сўради. Чекиши ўша-ўша: оғзини тутунга тўлдириб чиқаради. Қўриқчи йигитлар унинг чекишини кўриб кулишди. Шу билан бирга қуролларининг дастасини маҳкамроқ ушлашди. Чунки ҳозир Шоҳруҳдан ҳар балони кутиш мумкин эди. Шоҳруҳ беш-олти қадам сўлга юрар, сўнг яна орқасига қайтар, оғзидан тинимсиз тутун пуркарди. Унинг хаёлини эгаллаб олган ХИЁНАТ миясини кемирмоқда эди. Бориб келиш йигирма дақиқадан зиёдга чўзилди. Ҳар дақиқада биттадан сигарета кулга айланди. Шундаям Шоҳруҳ тўхтай демасди. Баттар ғазаб отига қамчи босар, бироқ тулпори бир жойда депсинишдан нарига ўтмасди. Унинг қулоғига қандайдир қарсак овози эшитилди. Тўхтади. Ресторанга қарама-қарши томонга қаради, ҳеч кимни кўрмади.

— Офарин, — деди бошқа томонда турган киши. Шубҳасиз у Витя Тимофеевич эди.

Шоҳруҳ ғазаб билан овоз келган тарафга ўгирилди. Эшикнинг икки ёнида иккита тансоқчи, ўртада Витя Тимофеевич ва Юлдуз. Юлдуз унинг қўлини қучоқлаб олган. Ҳозир айни пайти. Тезроқ ҳаракат қилса улгуради. Битта зўр мушт тушириш керак. Шу билан Витя ифлоснинг жағи тўртга бўлинади. Кейин Юлдузни мажақлайди. Фақат бунинг учун яшин тезлигида ҳаракат қилмоғи керак.

Витя Тимофеевич нимадир деди. Аммо ҳозир Шоҳруҳ эшитадиган аҳволда эмасди. Қадамидан ўт чақнаб, рақиблари томон юриб кела бошлади. Йўқ, улгурмади. Икки қўриқчи йигит уларнинг олдини тўсди. Фарқи йўқ, тўртовиниям онасини учқўрғондан кўрсатишга унинг кучи етади.

Шоҳруҳ уларга етишига бор-йўғи уч қадамча қолган эди. Кутилмаганда Юлдузнинг сочи сариққа айланди. Калта, сариқ соч. У бирдан тўхтади. Шунда Витя Тимофеевичнинг қаҳқаҳасини эшитди.

— Ҳайҳайламасам, бурдалаб ташлайдиган шаштинг бор! — деди у кулгидан тўхтаб қаққайиб қолган Шоҳруҳдан кўзини узмай. — Қани эди ҳамма сенга ўхшаса. Қанийди, ҳар қандай хавфдан тап тортмайдиган ўнта сенга ўхшаган йигитни тополсам... Кўрганларингнинг ҳаммаси ниқоб эди.

Витя Тимофеевич ёнида турган қизнинг ниқобини сидирди ва Юлдузнинг ўрнида бутунлай бошқа сулув пайдо бўлди.

— Синаётгандим, — дея гапида давом этди Витя Тимофеевич, — сенинг қаллиғинг икки дунёдаям менинг ёнимга яқинлашмаса керак.

— Бошқа бундай қилманг. Ўзингизга жабр бўлади.

Шоҳруҳ ортига бурилди. Унинг асаби роса таранглашган, биров билан гаплашадиган аҳволда эмасди. Уни алдашди, синашди... Ҳаммасини расво қилишди. Ахир у биринчи маротаба Юлдузга ишонмади-ку, бир неча сонияда унинг тафтини, меҳрини унутди. Пақиллатиб овқат туширгунча ёнига бориб, яхшилаб башарасига қарамайсанми? Эй бефаросат, калтафаҳм...

Унинг ёнгинасида машина келиб тўхтади. Орқа эшик очилди. Витя Тимофеевич жўнатган машина. Ё бирон жойга олиб бориб қўйишади, ёки ўлдиришга уриниб кўришади. Буниси эҳтимолдан йироқроқ. Ўлдирмоқчи бўлганда етарлидан ортиқ имконият бор эди.

Уни меҳмонхонага олиб боришди. “Жанна” номли хусусий меҳмонхона. У тўртинчи қаватнинг ўн бешинчи хонасига жойлашди. Шоҳруҳнинг режаси бўйича Москвага келиши билан қочиши ва йигитлари билан топишиши лозим эди. Қолган ишларни улар билан бирга режалаштириб амалга оширарди. Қочиш муддати чўзилди. Умуман, у қочмади ҳам. Бунга ҳаракат ҳам қилгани йўқ.

Шоҳруҳ бир муддат каравотда ётганча шифтга тикилиб хаёл сурди. Ва билдики, унинг ишлари ҳали жудаям хом. Профессионал одам самолёт Москвага қўнгунича юмушини битиради...

Эшик тақиллади. Шоҳруҳ уни қулфлаб қўймаганди. Шу боис ётган жойида:

— Киринг, — деди.

— Кечки овқатингизни олиб келдим, — дея патнис кўтарган, бошдан-оёқ оппоқ кийинган йигит кирди.

— Ҳозир ресторандан келдим. Бўктириб ўлдирмоқчимисизлар? — деди Шоҳруҳ норози бўлиб. — Минералкани ташлаб, қолганини олиб кетавер.

— Хўп бўлади, — дея хизматчи патнис устидаги ёпқични олди-да, тўппончани Шоҳруҳга узатди.

Шоҳруҳ ҳайратланиб унга яхшилаб тикилди. Меҳмонхонанинг хизматчиси Бахтиёр эди.

— Қойил! — деди мийиғида кулиб. — овозингниям ўзгартириб юборибсан-а?!

— Ака, одамлар бутунлай турқи-тароватини ўзгартирганда, бизнинг овоз ўзгартишимиз иш бўптими?

— Билармидинг?

— Тарбиянгиз ёмон бўлмаган.

— Сурдикми?

— Бир соатдан кейин Витя Тимофеевич қариндошларини кўргани боради. Ҳар куни бир вақтда. Улар ҳам ухламасдан кутиб туришади. Тимофеевич отасидан жудаям қўрқади. Нега унинг юрагини шунчалик олиб қўйганини ҳеч ким билмайди. Агар Витяни бир-иккита шериги билан бирга кўриб қолса, тамом деяверинг. Шунга қараганда, отаси қандайдир сирни билади...

— Бўпти, — деб Шоҳруҳ Бахтиёрни сўзлашдан тўхтатди, — вақт кетаяпти. Қолганини йўл-йўлакай айтиб берасан.

Улар секин эшикдан йўлакка чиқишди. Витя Тимофеевич Шоҳруҳнинг эшиги ёнига қўриқчи қўйган экан. У Бахтиёрни ўтказиб юбориб, Шоҳруҳнинг йўлини тўсди.

— Сизга чиқиш мумкин эмас, буйруқ...

Унинг қолган гаплари ичида қолди. Бахтиёр орқа миясига тўппонча қўндоғи билан урганди, кўзи орқасига битиб қулаётганида Шоҳруҳ белидан қучоқлади-да, хонасига киргизди. Икковлашиб қўлларини маҳкам боғлаб, оғзига латта тиқиб қўйишди. Иккинчи қўриқчи биринчи қаватда тинчитилди. Уни аввал Бахтиёр кўрди. Шоҳруҳга қўли билан ишора қилиб, тўхтаб туришни айтди. Ўзи аввалгидай қўриқчи йигитнинг ёнидан ўтди. Ва синалган усулда урмоқчи бўлганида, Витя Тимофеевичнинг одами унга кутилмаганда ўгирилиб қаради-да:

— Овқатини бериб чиқдингми? — дея сўради.

— Ҳа, — жавоб қайтарди у.

Мана шу қисқа сўзлашув қўриқчи йигит учун қимматга тушди. У хизматчи йигитнинг бошқалигини билди. Кўрган заҳоти билганди. Шу боисдан тўхтаб, ортига ўгирилганди. Аммо ўйламагандики, Шоҳруҳ унинг ортидан келаяпти, деб. Шоҳруҳ боксчилигини шу ерда эслади. Шунақанги қаттиқ зарба бердики, қўриқчи бирдан мувозанатини йўқотди.

Вақт алламаҳалдан ошганди. Энди зиналарда, йўлакда бировнинг юриши даргумон. Ҳар қалай, одамлар уйқудан уйғониб, қўналғаларидан чиққунларича икки соатча вақт ўтади. Унгача Шоҳруҳ ишини битиришга улгуради.

Меҳмонхонадан икки юз қадамча нарида оппоқ “Газ-31”да яна уч йигит уларни кутиб турарди. Фақат ҳайдовчи рус миллатига мансуб йигит. Шоҳруҳ уни кўриши билан Бахтиёрга савол назари билан қаради.

— Ишончли, — деди унинг қарашига жавобан, — Қарағандадан келган. Текширилди. Нозик жойи бор. Қулоғини қимирлатган заҳоти, нима бўлишини яхши билади. Шунинг учун итдай хизмат қилишга тайёр.

Бирорта саволга ўрин қолмаганди. Шу боис Шоҳруҳ Бахтиёрни ортиқ сўроққа тутмади.

Улар Витя Тимофеевичдан роппа-роса ўн беш дақиқа аввал етиб келишди. Борган жойлари Қозон вокзалининг шимоли-шарқи эди. Вокзал ёнидан ўтиб кетаётганларида Бахтиёр энтикиб қўйди: “Бир ярим йилдан ошди уйга бормаганимга”, деди худди ўзига-ўзи гапираётгандай. Шоҳруҳнинг ич-ичидан унга ҳаваси келди. Борса уни қучоқ очиб кутиб оладиганлари бор, интилса арзийди. Мени ким кутиб олади?

Бахтиёр адашмаган экан, Витя қора “Жип”да ёлғиз ўзи қариндошлари турадиган беш қаватли уйнинг иккинчи йўлагидаги учинчи хонадонига келди.

— Ярим соатдан кўп ўтирмайди. Кириб бемалол уруғ-аймоғи билан бирга асфаласофилинга жўнатсак бўлаверади, — деди Бахтиёр Витя Тимофеевич машинадан тушаётганида.

— Шошма, ярим соат бўлса кутамиз. Майли, сўнгги бор қариндошларининг дийдорига тўйиб олсин. Мошинада одами бўлиши мумкин. Бунақалар ёлғиз юришдан қўрқишади. Бўлмаганда анави манжалақиси билан келган.

— Текширайми?

— Шартмас. Сизлар ўтира туринглар. Мен ўзим ҳисоб-китоб қилмасам, кўнглим жойига тушмайди.

У секин “Волга”дан тушди-да, йўл четидаги дарахтларнинг остидан “Жип” тарафга юрди. Машинанинг орқа томонидан борди. Секин ичкарига мўралади. Ичкаридаги манзара ғалати эди.

Орқа ўриндиқда икки киши ўтирарди. Уларнинг биттаси қиз бола, иккинчиси унга тегажоқлик қиларди.

— Сезиб қолса, иккимизниям ўлдиради. Нима қиласан ўзингга муаммо орттириб? — дерди қиз йигитни ўзидан итариб.

— Ярим соатда улгурамиз. Биласан-ку, сени кўрсам чидолмай кетаман.

— Алдама. Қариянинг ёнида ғинг деёлмайсан-ку.

— Ўпич билан одам камайиб қолмайди. Эркаклик эса унинг қўлидан келмайди. Анча бўлган бунга.

— Барибир ҳозир хавфли. Балки кейинроқ.

— Мен эртага Колумбияга учиб кетаяпман. Қачон қайтишим номаълум. Балки мутлақо келмасман.

— Оҳ, сира ҳоли-жонимга қўймайсан, — дея қиз қаршилик кўрсатишни тўхтатди. Йигит эса уни ютоқиб ўпа бошлади. Зумда кўкрагини ҳам очиб ташлади. Вазият Шоҳруҳ учун жуда қулай эди. У йигит тарафдаги эшикни очди. Ачомлашаётганлар саросималанишди. Вақт жуда тиғиз. Шоҳруҳ аввал қизга тирғалаётган нусханинг башарасига мушт туширди, кейин тирсаги билан ҳам зарба берди. “Ожиза” қочмоққа уринди. Бироқ эшикни очди, холос. Унинг сариқ сочидан ушлаб қолди Шоҳруҳ. Бу ўша — Юлдуз ролини бажарган қиз эди. Агар бошқа бўлганида Шоҳруҳ урмасди. Лекин ҳозир урди. Айни ресторанда кўрсатган каромати учун урди. Қиз бирдан ўзини шеригининг устига ташлади. Гўёки Шоҳруҳнинг муштидан кейин ҳушидан кетгандай.

— Ялмоғиз, маккорлик қилмоқчи бўлдингми? — дея Шоҳруҳ “ошиқ”нинг камарини суғуриб олди-да, қизнинг қўлини маҳкам боғлади. Сўнг унинг сумкачасидан телефони билан тўппончасини олиб қўйди. Калитни ҳам олгач, машинани ташқаридан пульт билан қулфлаб одамларига ишора қилди.

Бахтиёр йигитлар билан бирга дарров етиб келди.

— Шу ерда қимирламай туринглар, — деди Шоҳруҳ йигитларга, — мабодо анави итдан тарқаган менга чап берса, тинчитинглар. Шунчаки ўзини ўликка солиб ётганига ишонманглар, пистолетларингдаги ҳамма ўқни танасига жойланглар.

Шоҳруҳ Бахтиёр билан бирга Витя Тимофеевич кириб кетган йўлакнинг ёнига бориб туришди.

— Умрингда ичиб, ўзингни билмайдиган даражада маст бўлганмисан? — сўради Шоҳруҳ Бахтиёрдан.

— Бўлганман уч марта. Нимайди?

— Яна бир марта бўласан. Уй эшиги ёпилиши билан: “Бизга барибир, биз маишат қиламиз, шунга туғилганмиз”, деб худди пиёнисталардай ғўлдирайсан.

— Бунисини есть қилиб ташлаймиз.

— Яна ўзбекча гапириб қўймагин.

— Хавотир олманг.

Орадан йигирма дақиқалар ўтганидан сўнг тепа қаватдаги эшик очилиб ёпилди. Шоҳруҳни ҳаяжон боса бошлади. “Ишқилиб, қўлим қалтираб кетмасин. Агар биринчи ўқ тегмаса, қолганларини отишга ҳам ҳожат қолмайди. У жудаям маккор, ҳар қандай ҳолатдан ҳам чиқиб кета олади”, дея ўйлади у.

Бахтиёр алкашлардай ўкира бошлади. Витя Тимофеевич пастлаётиб сўкинди. Бахтиёр валдирашни баландлатди.

— Битта пиёниста камайса, дунё фақат фойда кўради.

Бу Витя Тимофеевичнинг гапи эди. У мастни ўлдиришга чоғланаяпти. Демак, отасининг уйидан кўнгли хижил бўлиб чиққан. Ҳозир қўлида тўппончаси бор. Ҳар қандай шивирлаш ҳам беш-олти қадамга эшитилади. Бахтиёрга узоқроққа кет, деб айтишнинг иложи йўқ. Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг қораси кўринишини кутди. Ва у дарров кўриниш берди. Ҳартугул улгурди. Кетма-кет иккита ўқ узди. Нишонни бехато урди. Ташқарига чиқаётган жиноятчиларнинг ашаддийси қулади. Шоҳруҳ билан Бахтиёр югуриб бориб, фонар ёқишди. Мурданинг башарасига қарашди. У мутлақо бошқа одам эди. Шоҳруҳ Бахтиёрга, Бахтиёр унга қаради.

— Бошқа-ку, — деди Шоҳруҳ шивирлаб.

— Бўлиши мумкин эмас.

— Мана, кўрмисан? — деб Шоҳруҳ зинадан тепага қаради. Витя Тимофеевич келадиган уйнинг эшиги қия очиқ, ундан шуъла чиқиб турарди.

Улар оёқ учида юриб юқорилашди. Ҳозирнинг ўзида Витя Тимофеевични топиш ва йўқ қилиш керак эди. Агар у ҳозирги сонияларда омон қоладиган бўлса, ҳамма ёққа ўт қўяди.

Эшикни Бахтиёр очди. Ичкарига биринчи Шоҳруҳ кирди. Кирди-ю, қотиб қолди. Витя Тимофеевич битта қариянинг пешонасига тўппонча тираб турарди. У ҳам худди қуролининг милига овоз чиқармайдиган мослама ўрнатганди.

Хонада уч аёл қонига беланиб ётарди. Оёқ товушини эшитган Витя Тимофеевич ўша томонга қаради. Шоҳруҳни кўриб, мийиғида кулди.

— Бир кунмас-бир куни шундай аҳволга тушганимни кўришингни билардим. Дунёнинг бевафолигини кўраяпсанми?! Хотинини ўз қўли билан нариги дунёга жўнатди. Шундай қиларкан, нима кераги бор эди уларни туғдириб? Бир қизнинг бошини айлантириб, унга эрлик қилиб!

Витя Тимофеевич бақириб юборди. Кўзидан ёши шашқатор бўлиб оқди. Алам билан лабини тишлади. Ундан сизиб чиққан қон иягига тушди. Бутун вужуди титраб кетди.

— Аввал ўзимни отаман! — дея ўкирди у бир неча сониядан сўнг. — Кейин... Отам бўлса ҳам... Ярамас!

— Қуролни ташла! — деди Шоҳруҳ баланд овозда.

— Ни-ма?! Қуролни ташлай?! Аҳмоқсан!

Витя Тимофеевич охирги гапни айтиши билан тепкини босди. “Гуп” этган товуш чиқди ва отаси ўтирган столи билан бирга полга қулади. Витя Тимофеевич тўппончасининг милини Шоҳруҳга қаратди. Бошқасига улгурмади. Шоҳруҳ ва у билан бирга кирган Бахтиёр чаққонлик қилди. Ҳар иккиси ҳам биттадан ўқ узишди. Ўқлар бехато манзилга етди ва Витя Тимофеевичнинг танасига бориб тегди. Ашаддий жиноятчилар, сувда чўкмас, ўтда ёнмас қиморбозлару ўғрилар, зўравонлар, фоҳишаларни атрофига тўплаётган кимса... Йўқ, у кимса эмасди, қоп-қора нусха эди. Ранги-рўйи оқ, лекин ичи қоп-қора. Гарчи қўлидаги тўппонча ерга тушиб кетган эса-да, ўзи тезда йиқилмади. Кўзлари шокосадай бўлиб кенгайди. Афтидан, Азроил унинг жонини тик оёқда турганидаёқ олиб улгурганди. Шоҳруҳга шундай туйилди. Бироқ Азроил исталган одамнинг жонини осонгина олиб қўйиши мумкин, фақат Витя Тимофеевичникини эмас.

Падаркуш гурсиллаб йиқилди. Бир оёғи типирчилади. Шоҳруҳ қўй сўйилганини кўрганди. Бўғизланган жонивор худди шундай типирчилаганди. Ичинг ачийди-ю, лекин начора?..

Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг ўлаётганига ишонмади. Шу боис аввал пешонасига — икки қошининг ўртасига, сўнг юрагига ўқ қадади.

Эшикни очиқ қолдирди. Витя Тимофеевичнинг мурдаси ёлғиз бўлганида ундай қилмасди Шоҳруҳ. Эшикни қулфлаб, калитни ташқарига улоқтирарди. Бир неча кун ичида мурда ачиб-бижғиб кетсин, дерди. Лекин бундай қилмади. Уч аёл ва битта отанинг жасади бир неча кун қаровсиз қолиб кетишини истамади.

У ташқарига чиққанидан кейин чуқур нафас олди. Кўзидаги ёшни артди. Сўнг “Жип”нинг ёнига бориб, йигит билан қизга бир қур назар солди. Одамларига: “Оёқ-қўлларини боғлаб ташланглар, бўлмаса, ишратни бошлаб юборишади”, деди.

Машина катта йўлда бир текисда елиб бораётганида, Шоҳруҳ Роман Фёдоровичга қўнғироқ қилди. Чақирув товуши бир неча марта такрорланди. “Униям биров ўлдириб кетганга ўхшайди”, дея хаёл қилди у ва телефонини ўчириб, бошини суянчиққа ташлаганча кўзини юмди. Хаёлида бўлиб ўтган воқеа гавдаланди.

Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг бу қадар шафқатсизлигини билмаганди. Отасини отиб ташлади-я?! Тўғри, азоб билан отди. Ўрнига Шоҳруҳ бўлганида... Йўқ, ота-онаси тирик бўлганида у икки дунёдаям жиноятчи бўлмасди.

Отаси қизлари билан хотинини отибди. Ҳатто Витянинг ўзини ўлдирганида ҳам савобга қоларди. Шундай ўғилнинг боридан-йўғи афзал эмасми? Лекин отанинг ўзи ҳам бир куни қилмиши учун жавоб берарди.

“Мен отам билан онамга пашшани ҳам қўндирмасдим, асраб-авайлардим. Уззукун хизматларида бўлардим”, дея хаёл қилди Шоҳруҳ. Қаттиқ ўйга берилганидан у Бахтиёрнинг қўл телефони жиринглаганини эшитмади.

— Шеф, — деди ҳайдовчининг ёнида ўтирган Бахтиёр, — Юлдузхон телефон қилаяпти.

Шоҳруҳнинг бирдан хаёли тўзғиди, дарров телефонни қулоғига тутди.

— Алло, Юлдуз! — деди ҳаяжон ичра.

— Шоҳруҳ ака, омонмисиз?! — сўради Юлдуз шошиб.

— Мен зўрман. Ҳамма ишни тугатдим. Имкон топишим билан ёнингга бораман... Энди Витя деган аблаҳ йўқ. Ярамасни итдай отиб ташладим!

— Сизга ҳеч нима қилмадими? Соғмисиз?! — деди тобора ўпкаси тўлаётган Юлдуз.

— Хавотир олма, ҳаммаси жойида. Фақат анави итдан тарқаган Роман Фёдоровични тополмаяпман. Унинг куниям битди. Энди уни нариги дунёга жўнатаман!

Шоҳруҳ гапиргани сайин жаҳл отига минар, хотини билан эмас, қандайдир ўртоғи билан гаплашаётганга ўхшарди.

— Жоним, — деди Юлдуз мумкин қадар юмшоқроқ гапиришга уриниб, — илтимос, у ёқдан ҳеч кимга қўнғироқ қилманг. Иложи бўлса, самолётда ҳозироқ учиб келинг... Йўқ, бўлмайди. Етиб келгунингизча, барибир, ҳамма хабар топади. Аэропортда ушлашади. Поезддами... Яхшиси, мен учиб бораман. Йигитларингизга айтинг, кутиб олишсин. Хўпми?!

 (Давоми бор)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз еттинчи қисм)