Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)

135 full reads
258 story viewsUnique page visitors
135 read the story to the endThat's 52% of the total page views
18 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз биринчи қисм)

Юлдузнинг диққати Оксанада бўлганлиги боис, кутилмаган овоздан чўчиб тушиб, Роман Фёдоровичга қаради. Аммо қўлини Оксананинг ёқасидан олмади. Хонада идишлар сочилган, синган, бу ёқда Оксана бир аҳволда. Бунинг устига, у отасини кўриши билан йиғлаб юборди. Роман Фёдоровичнинг жон-пони чиқиб кетди.

— Қўйвор, ит! — деб ўкирди у саволига Юлдуз жавоб беришга улгурмасидан.

— Гапингизни ўйлаб гапиринг, жаноб! — деди ёнида турган Шоҳруҳ банкирга ўқрайиб.

Роман Фёдорович Юлдузнинг юзига шапалоқ тортмоқчи эди, бироқ Шоҳруҳнинг қараши уни шаштидан туширди. Бориб инграётган қизини бағрига босди.

— Оғрияпти, — деди Оксана кўзидан ёшини дув-дув оқизаркан, — белим синганга ўхшайди.

— Нима?! — қичқирди Роман Фёдорович. — Синган?! Тез дўхтирга чопинглар, тез!

У кейинги гапларини Шоҳруҳнинг орқасида турган йигитларига қарата айтди.

Оксана баттар энгашди. Отаси уни оёқда олиб қолишга уринишига қарамасдан, полга ўтирди. Йигитлар Оксанани икки томонидан кўтариб, ташқарига олиб чиқишди. Уларнинг ортидан Роман Фёдорович ҳам кетди. Хонада Шоҳруҳ билан Юлдуз, йўлакда уларнинг уч йигити қолди. Шоҳруҳ стаканга сув қуйиб ичмоқчи бўлганида, Юлдуз унинг қўлидан идишни тортиб олди.

— Нима гап? — деди ҳайрон бўлган Шоҳруҳ. Унинг нигоҳидан чарчоқ аломатлари кўриниб турарди.

— Анави ярамас қизнинг қўли теккан, — дея Юлдуз тез юриб ошхонага чиқиб кетди ва бироздан кейин пиёлага сув олиб келди.

Шоҳруҳ сувни ичиб бўлганидан кейин ҳам тирсагини столга қўйиб, пешонасини кафтига тираб ўтирди. Сўнг нима бўлганлигини қиздан сўради.

— Кетайлик юртимизга, — деди Юлдуз унинг саволига жавоб бермасдан.

— Сен аввал нима бўлганини айт, кетиш қочиб кетмайди, — деб Юлдузга тикилди Шоҳруҳ.

Юлдуз унинг ёнидаги стулга ўтиргач, маълум муддат жим қолди. Нигоҳини бир нуқтага қадаб, нималарнидир ўйлади. Йигитнинг қўлидан тутиб юзига босди. Чуқур хўрсингач, сўзлай бошлади.

Шоҳруҳ киприк қоқмади. Юлдузнинг сочларини силаган кўйи бутун диққатини жамлаб маҳбубасига тикилди. Қиз уни ҳамма нарсадан хабардор қилгач, жилмайди.

— Вой, аҳмоқ, келиб-келиб сени ўтмас пичоқ билан ўлдирмоқчи бўлдими? Яхшики, ўзига тиқиб олмабсан ўша пичоқни, — деди.

— Агар озгина кечикканларингда, тиқардим ҳам. У шунақанги жирканч эдики, — дея Юлдуз Шоҳруҳга қараб қошини чимирди.

— Жирканч, аблаҳ, муттаҳам, хуллас, ёмонларнинг ёмони. Лекин бунинг менга нима алоқаси бор? Ғалати қарайсан-а! — деди Шоҳруҳ.

Юлдуз кулди:

— Бир нарса эсимга тушиб кетди. Майли, қўяверинг. Кетамизми, шуни менга айтинг?

— Унда ўта кетган қўрқоқлик қилган бўламиз. Сен энди уйда ўтирасан. Кўчанинг ишларини ўзим бажараман. Бир-иккита мўлжалим бор, шуни охирига етказай, кейин кетамиз. Бу ерда ҳар куни жанжалларга қоришиб юриш мениям жонимга тегиб кетди.

Юлдуз бошқа сўз қотмади. Индамай ўрнидан туриб, стол устидаги идишларни йиғиштиришга тушди. Шоҳруҳ эса, бошқа хонага ўтиб, футбол томоша қила бошлади. У Роман Фёдорович бугун қайтиб келмаса керак, деб ўйлаганди. Бироқ у келди. Эшикни очган йигитнинг кўксидан итариб юбориб, ичкарига бостириб кирди. Унинг ортидан еттита йигит ҳам қадам ранжида қилди.

Шоҳруҳ йўлакка чиқиши билан пешонасига тўппонча мили тиралди.

— Сен менга керак эмассан! — қичқирди банкир тўппонча тутган қўлини бошқаси билан ушларкан. — Ўзим отиб ташлайман!

— Унда нимани кутиб турибсиз?! — деб ундан-да баландроқ овозда бақирди Шоҳруҳ. — Босинг тепкини!

— Йўқ! — дея чинқирди югуриб келган Юлдуз Шоҳруҳни тўсиб. — Сизни неча марталаб ўлимдан сақлаб қолганининг мукофоти шуми?!

— Мен учун қизим ҳар нарсадан азиз! Унинг аҳволи ҳозир жудаям оғир. Эҳтимол, бир умрга ногирон бўп қолар!

— Шундоқ ҳам ногирон у. Аллақачон даволатишингиз керак эди! Бундан беш-олти йил аввал қаерда эдингиз, ичиш-чекишни, эркакларга суйкалишни бошлаганида?! Бўйнимга пичоқ тираб турганидаям, индамай қараб туришим керакмиди?!

Юлдуз гапирарди-ю, титрарди. Кўзидан ёш оқарди. Аламдан, ноҳақликдан азобланаётганди у.

Роман Фёдорович тўппончасини Шоҳруҳнинг пешонасидан олиб, Юлдузнинг кўксига тиради.

— Аслида ҳамма ёқни сен буздинг! Оксана сени чавақлаб ташлашга ҳам ҳаққи бор эди. Чунки унга мумкин. У аслзода қиз! — деди у.

— Аслзода?! — Шоҳруҳ Юлдузнинг елкасидан ушлаб четга сурди. — Бўлиши мумкин. Фақат сизнинг назарингизда. Биз учун ҳеч ким. Бундан ҳам баттар сўзни айтишим мумкин эди, лекин сизни аядим. Қўлингиздаги ўйинчоқни тўғри келган жойга тирайверманг. Сизда ор-номус бўлмаса, бошқаларда бор.

Бу ҳақорат ҳаммасидан ошиб тушди. Банкир Шоҳруҳнинг ҳамма яхшиликларидан кўз юмиб, кўрсаткич бармоғини тепкининг устига қўйди.

— Шошманглар, — деган овоз келди шу маҳал ташқари эшик ёнидан.

Ҳамма, шу жумладан, Роман Фёдорович ҳам эшик тарафга ўгирилди. Чиройли кийинган, галстук таққан, малла сочини чап томонга силлиқ тараган, лабига гавана сигараси қистирган, бир қўлида кичкина ҳасса тутган эчки соқол киши иржайиб турарди у ерда.

— Икки мактаб боласи жанжаллашаётганга ўхшайди. Уят. Ҳа, ҳа! Уят. Жудаям уят. Буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

— Витя Тимофеевич! — деди бирдан юзига табассум югурган Роман Фёдорович. — Азиз биродарим!

У гапириш асносида қуролини костюмининг ён чўнтагига солди.

Шоҳруҳ ҳайратдан тош қотди: “Наҳотки одам шунчалик тез ўзгарса?! Бир неча сония ичида-я?!” Юлдуз ундан баттар аҳволда эди.

— Қани, бу ёққа юринглар-чи, би-ир гаплашиб олайлик, — дея кутилмаган меҳмон Роман Фёдоровичнинг қўлидан ушлаб хоналардан бирига бошлади. Аммо кирмади. Тўхтаб ортига ўгирилди-да, Шоҳруҳга юзланди:

— Кечирасиз, рухсатсиз сизнинг уйингизга бошлабман, — деди тутаб турган сигаретасини лабидан олгач.

— Ҳечқиси йўқ, бемалол, — деб жавоб қилди ундан кўзини узмай турган Шоҳруҳ.

— Раҳмат, — деди у, сўнг Роман Фёдоровичга юзланиб, ҳассаси билан банкирнинг қўриқчиларини кўрсатди, — дўстим, сенга манавиларнинг умуман кераги йўқ. Рухсат берасан, деган умиддаман.

Унинг “илтимос”и шу заҳоти бажарилди. Роман Фёдорович ғалати кайфиятда эди. Бунинг устига, у “азиз меҳмон”ни кўрган заҳоти эгаси пайдо бўлган кучукваччага ўхшаб қолганди. Ва “хўжайин”нинг амрини қулоқ қоқмай бажараётганди.

Столнинг бир тарафига Шоҳруҳ билан Юлдуз, уларнинг рўпарасига банкир, ўртага эса, “меҳмон” ўтирди.

— Қизинг маст экан, тўғрими? — сўради Витя Тимофеевич банкирдан.

— Ҳа, озроқ ичган, — жавоб қилди Роман Фёдорович.

— Озгина эмас, яхшигина отган. Кеча, ўтган куни ҳам шу аҳволда бўлган. Бунинг устига, сени ўлдирмоқчиям бўлган. Ҳар қалай, йўқ қилишларига рози бўлган.

Роман Фёдорович жавоб қилмади. Шунчаки бошини қимирлатиб тасдиқлади.

— Жудаям яхши. Унда нега сенга ёрдам берган одамларни ўлдиришга чоғландинг?!

Роман Фёдорович Витя Тимофеевичдан бунақанги гапни кутмаган шекилли, ялт этиб унга қаради.

— Азизим, — деди унга жилмайган “меҳмон”, — мени аэропортда ҳеч ким кутиб олмади. Маълумот йиғишга мажбур бўлдим. Бу кимнинг фойдасига эканини ўзинг яхши биласан.

— Ишлар кўпайиб кетди, — дея баҳона қилмоқчи бўлди банкир.

— Қўйсанг-чи, сенга ярашмайди бунақанги гаплар. Икир-чикирларга ўралашиб қолибсан. Оқибатда беш миллион бошқа банкка ўтиб кетган.

— Қизимнинг аҳволи майда-чуйда эмас, — дея ниҳоят овозини баландлатди Роман Фёдорович.

Афтидан, унинг товушига эрк бериши Витя Тимофеевичга ёқмади. У ўрнидан туриб кетди. Енгил ҳаракат билан ҳассасининг икки учидан тортган эди, бир қўлида қилич, иккинчисида ғилоф пайдо бўлди.

— Бешта дўстимизнинг бошини узган бу қилич! — деди Витя Тимофеевич. — Олтинчисининг ҳам қонини ичса ёмон бўлмайди!

Ранги докадек оқариб кетган банкир ялт этиб унга қаради. Витя Тимофеевич эса, унинг бўйнига қилич тиғини тиради.

* * *

Фароғат кеч қолганди. Унинг ошхонага кириб кетаётганини кўрган Шаҳло дарров Фарангизнинг ёнига бориб, қулоғига: “Тезроқ кетмасангиз, аҳвол чатоқ. Ҳозиргина амакимнинг нариги хотини келди”, деб шивирлади. Фарангиз нажот истагандай Фотима опага қаради. Шаҳлонинг бўлғуси қайнонаси ҳеч нимадан хабари йўқлиги боис:

— Тинчликми? — дея сўради.

— Зарур ишим чиқиб қолди. Дарров уйга боришим керак. Ҳали сиз билан яна кўришамиз, биргалашиб чой ичамиз, — деб Фарангиз ўрнидан турди ва сумкачасини елкасига илди.

— Кузатиб қўйинг, — деди Шаҳло Наргизага юзланиб кўзини қисиб қўяркан, — фақат эҳтиёт бўлинглар.

Наргиза Шаҳлонинг ойисидан шубҳаланди. Бу айёр хотин ош дамлаш баҳонасида бошқа бир касофатни бошлаётганга ўхшайди, деган хавотирга бориб, тезда эшик томонга юрди.

Суҳбатга берилиб кетган икки овсин “душман”нинг кетганидан бехабар қолишди.

Фарангиз йўлга чиқиши билан такси тўхтатди. Уйига етгунча юраги сиқилиб кетди. У ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганди. Қочди. Худди бировникига ўғриликка тушиб, эгаси сезишидан қўрққандай қочди. Дарвоқе, унинг ўғридан нима фарқи бор? Бировнинг эрини ўғирлаш, бахтини, оиласини хонавайрон қилиш... Нега энди эсига тушди? Нега бошданоқ чек қўймади ҳаммасига? Онаси билан тинчгина яшарди. Онаси оламдан ўтганидан кейин ёлғиз ўзи... Кўникарди. Одамзод ҳар нарсага мослашиб кетаверади-ку! Ҳар нарсага... Иш, бошқа майда-чуйдалар билан овора бўларди. Барибир, фарзанд кўролмаскан. Бир куни қариганда, Бўрон акасиям ташлаб кетса... Ҳа, агар хотини сезса, қиёмат-қойим бўлади. Эҳтимол, сочларини битталаб юлса керак. Бўрон акасини ҳам тириклайин гўрга тиқади.

Унга ҳаво етмаётгандай эди. Машинанинг деразасини очиб, чуқур-чуқур нафас олди.

Ундаги ўзгаришни ҳайдовчи сезди, шекилли, кўзгу орқали нигоҳ ташлаб:

— Мазангиз бўлмаяптими? — деб сўради.

— Йўқ, яхшиман, — деб деразадан ташқарига қаради Фарангиз.

У уйга кириши билан Раънонинг қизлари бирин-кетин келиб салом беришди. Овқат ва чой тайёрлигини айтиб, ошхонага таклиф қилишди. Уларнинг беғуборлигини кўриб Фарангизнинг юраги баттар эзилди. Фарзанди бўлмаганидан, шу қора кўз қизлар ўзиники эмаслигидан додлаб юбораёзди. Буни атрофида фариштадай парвона бўлаётган хонимчалардан яшириш мақсадида уларга қарамасликка ҳаракат қилди.

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмади. Қозоннинг ёнига бориб, овқатни ўзи сузмоқчи эди, димоғига ғалати ҳид урилиб, ўхчиб юборди. Аслида маставанинг ранги қип-қизил, одамнинг иштаҳасини очадиган эди. Аммо Фарангиз ўхчиди. Югуриб ташқарига чиқди. Энгашди. Ўхчиш кучайди. Бироқ қусолмади. Томоғига бир нима тиқилди-ю, яна қайтиб кетди.

У ошхонага қайтиб келганида, худди югурган одамдай ҳансираб нафас оларди. Қизлар овқатни ёмон қилдикми, деган хавотирда унга олазарак боқишди.

— Бирон ёмонроқ нарса еганга ўхшайман... Пиширган маставаларинг чиройли чиқибди, — деди Фарангиз қизларнинг хижолат бўлаётганини кўриб.

Кейин яна қозоннинг ёнига борди. Косаларни тўлатиб мастава сузди. Қизларнинг каттаси уларни пешма-пеш хонтахта устига қўйиб чиқди.

Фарангизнинг иштаҳаси очилмади. Лекин қизлар хафа бўлмасин, деб бир-икки қошиқ еган бўлди. Бирдан музлаткичдаги қатиқ эсига тушди. Ўрнидан туриб борди-да, музлаткични очиши билан тузланган помидорни кўриб қолди. Кўзи ўт бўлиб чақнади. Шартта бир донасини олиб тишлади. Ундаги таъм, маза бутун вужудини яйратиб юборди. Тез емаса, қўлидан биров тортиб олиб қўядигандек шоша-пиша помидорни оғзига тиқди. Шунда бирдан қулоғига кулги овози чалинди. У қизларни эсидан чиқарган экан, қизариб кетди. Уларга уялганча қараркан, жилмайди.

— Менинг ойим кичкина синглимни туғишларидан олдин, сизга ўхшаб тузланган нарсаларни кўриб қолса, икки қўллаб ёпишарди, — деди қизларнинг каттаси.

— Нима?! Йўғ-э?! — деди бирдан кўзлари порлаган Фарангиз. Шу заҳоти энтикиш, қувонч бўғзига келиб тиқилди. Оғзидаги сўнгги помидорни қийналганча чайнаб, бир-бир босиб қизларнинг ёнига келди-да:

— Нима бўлганди, шакарим?! — деб сўради.

— Кечиринг, — деди кенжа қиз “бемаза гап” айтган опачасининг ёнини оларкан, — билмасдан айтиб қўйдилар.

— Нега энди кечирарканман, мукофотлайман, — деб Фарангиз югурганча ўзининг ётоқхонасига борди-да, титкилай-титкилай бундан олти ой муқаддам Бўрон акаси совға қилган сирғани топди. Дарров ошхонага қайтиб, унга дунёдаги энг катта хушхабарни айтган қизнинг қулоғига зиракни тақиб қўйди. Кейин опа-сингилларнинг юзидан чўлпиллатиб ўпаркан. — Мени уришмайсизлар, — деганча ликопчага бирдан тўртта тузланган помидорни қўйиб, ўзининг хонасига олиб кетди.

У бир неча кундан бери шу қизалоқларга жудаям ўрганиб қолганди. Уларнинг ёнида оғзини тўлдириб помидор ейишга уялди. Айни дақиқада у еру кўкка сиғмаётганди. Қизчанинг: “Ойим кичкина синглимни туғишдан олдин сизга ўхшаб шўр нарсаларга ўч бўлиб қолганди”, деган гапи қулоғидан сира кетмаётганди. Шу боисдан хонасига киргач, гоҳ йиғлади, гоҳ кулди. Эшикка ўғринча қараб қўйиб, қорнини силади. Қилиғидан ўзи уялиб, дарров шолғомдай қизариб кетди.

Бир хаёл Бўрон акасига қўнғироқ қилиб янгиликни айтмоқчи бўлди. Телефонини қўлига олгач, дарров ниятидан қайтди. “Ҳали аниқ эмас. Мен ҳақиқатан ҳам, ёмонроқ нарса еб қўйгандирман балки? Аввал ҳеч ҳомиладор бўлмаганман-ку. Шунинг учун аввал текширтиришим керак. Эй, Худо! Эй, Худо, ўзинг ёрдам бер! Агар гумоним нотўғри чиқса, ўзимни-ўзим еб қўяман, юрагим ёрилиб ўламан... Шошма, Фарангиз, сенга ҳаяжонланиш мумкин эмас. Ўзингни тутиб, кўнгилни қувонтирадиган нарсалар тўғрисида ўйла... Шунда ҳамма-ҳаммаси жойида бўлади. Ҳозир ўрнимдан тураман, кийинаман, сўнг дўхтирга бораман. Ҳа, шундай қиламан!” — дея хаёлидан ўтказди Фарангиз.

У уйидан унча узоқ бўлмаган поликлиникага тез юриб борди. Тўғри, бунақанги тез юришидан ўзиям хавотирга тушди. Ахир ҳозир унга илкис ҳаракат мумкин эмас. Шундай ўйлади-ю, дарров хаёли чалғиди. У учрашиши зарур бўлган врачнинг олдига етганида, тинимсиз ҳансирарди.

— Вой, нима бало, орқангиздан ёв қувдими? — деди дўхтир бепарво чашкасидаги қаҳвадан ҳўплаб.

— Биласизми, менинг кўнглим айнияпти. Ҳар хил ҳидлар ёқмаяпти... Кейин, кейин...

— Ҳамма аёлда шундай бўлади-да, — дея бирдан Фарангизнинг гапини бўлди дўхтир аёл, — ҳовлиқмасангиз ҳам бўлади. Эр кўрдингизми, тамом. Худди бир қоп тилла топган одамдайсиз, тавба қилдим. Ўтиринг, кўриб қўяман.

Фарангиз тошдай қотди. У бунақанги муомалани сира кутмаганди. Ўзи қандай ҳаяжонланаётган бўлса, дўхтир ҳам шу аҳволга тушади, деган ўйда эди. Аммо... Аммо... У: “Одамлар бунчалар совуқ бўлмаса”, — деб хаёлидан ўтказди ва тишини-тишига босиб, шифокор кўрсатган жойга ўтирди.

— Ҳомила уч ҳафталик, яхши ривожланиб келаяпти.

Бу гап аёлни еттинчи осмонга чиқариб қўйди. Кўзидан дув-дув ёш оқди. Кейин ўкириб йиғлаб юборди.

Шифокор ҳайрон эди. Чунки унинг беш йиллик малакаси мобайнида ҳали бирорта аёл бунақа ўкирмаган. Ҳатто ҳали турмушга чиқмасдан ҳомила орттириб олганлар ҳам. Бари жўн, совуққина қабул қилган.

— Нима, эрингизнинг қучоғига кираётганингизда бола бўп қолишини ўйламаганмидингиз?! Бас! Керак бўлмаса, олдириб ташланг. Туғмоқчи бўлсангиз, ўзингизга қаранг! — дея бақириб берди дўхтир жувон.

— Хурсандчилигим бошқа нарсадан. Менга бола бўлмайди, дейишганди. Шу пайтгача тирноққа зор эдим. Ҳозир, ҳозир сизга қандай раҳмат айтишниям билмайман. Мана, — деб Фарангиз кўзидаги ёшни шоша-пиша артди-да, бўйнидаги тилла занжирни ечиб, без бўлиб унга тикилиб турган дўхтирнинг қўлига тут-қазди, — суюнчисига. Ҳозирча шунисини олиб туринг. Ҳали бундан ҳам каттасини совға қиламан!

Шифокорнинг юзига бирдан табассум югурди. Дарров юмшади. Муомаласи ҳам мулойимлашиб, ширин сўзлар билан ҳомиладорлик даврида нимаики қилиш керак бўлса, ҳаммасини қоғозчага ёзиб берди.

Фарангиз уйига қайтиб, қизчаларни бирма-бир ўпиб қўйди. Кейин Бўрон акасига қўнғироқ қилди. Бироқ у томондан гўшак кўтарилмади. “Ҳеч қурса, шундай маҳалда телефонларини олса бўлмайдими?” — деди аччиқланган Фарангиз. Ахир унинг ичидаги шодлик бир ўзига кўплик қилаётганди. Тезда “айбдор”га айтиб, енгиллашиш ниятида эди. Ўхшамади. Ётоғига чўзилди. Зумда аччиқланиш чекиниб, ўрнига бир-биридан гўзал орзулар хаёлини эгаллаб олди. У, албатта, ўғил туғади. Чиройли, ўзи билан Бўрон акасига ўхшаган. Қўлчаларидан ушлаб ўйнайди, юз-кўзларини томоша қилади. Бозорга бориб ўғли учун ҳавас билан кийим-бош сотиб олади...

Агар дарвозасининг тагига машина келиб сигнал бермаганида, у хаёл суриб ётаверарди. Фарангиз бирдан тунд қиёфага кириб олди. Ахир, у ҳам озгина аразлаши, нозланиши керак-ку. Бироқ дарвозани очганидаёқ хаёли бутунлай ўзгариб кетди. Чунки машинанинг орқа ўриндиғида бегона аёл ўтирарди. У Фарангизни кўриши билан пастга тушди. Жилмайди. Салом берди.

— Бунга яхшилаб қара-чи, балки танирсан, — деди Бўрон ўзи билан бирга келган аёлни кўрсатиб.

Фарангиз қизарди. Сўнг бошини секин қимирлатиб, танимаслигини билдирди.

— Раъно бу, уйимиздаги қизларнинг онаси, — деди Бўрон катта янгилик айтаётгандай, кўзлари ёниб, сўнг синглисига юзланди, — сен кўриб турган жувон кеннойинг бўлади, оти Фарангиз. Энди икковларинг яхшилаб кўришинглар.

Бўрон ичкарига кириб кетди.

Раъно озиб кетган, ранги ҳам синиққан эди. Нима қилишини билмай қолди. Фарангиз дарров унинг қўлидан қучоқлади.

— Уйга киринг, опа, келганингиз жуда яхши бўлди, биз қизларингиз билан бирга овқат қилиб тургандик. Шу десангиз, чойимда битта чўп сузиб қолди. Қизларингиз бирам ажойиб-да! Уйингизга яна меҳмон келадиган бўлди, — дейишди.

Раънонинг қалби қайғуга тўлганди. Мабодо Фарангиз ҳам қовоқ-тумшуқ қилиб кутиб олганида борми, бутунлай адойи тамом бўларди. Ҳар тугул, акасининг шу пайтгача сир сақлаб келаётган хотини уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Мумкин қадар ширин гаплар айтишга уринаяпти. Демакки, ёмон хотинга ўхшамайди. Бунинг ўрнига Фароғат кеннойиси бўлганида борми, қарашлари билан ерга тиқиб юборган бўларди.

Раъно бирин-кетин югуриб келаётган қизларини кўриши билан йиғлаб юборди. Шу заҳоти унинг оёқларидан мадор қочди. Чўк тушиб ўтириб қолди. Қучоғини ҳам зўрға очди. Қизлар бирин-сирин ўзларини онанинг бағрига отишди.

Манзарани кўриб турган Фарангиз ҳам уввос тортиб юборди. Буни ҳеч қандай тил билан таърифлаб бўлмайди. Айрилиқдаги она-болалар бир сўз айтолмай, бир-бирларини қучганча йиғлашлари, ҳар қандай тош юракни ҳам эзиб юборади...

Бўрон чидолмади. Дарров уйга кириб кетди. Фарангиз бориб қизларнинг кенжасини кўтарди. Шу маҳал ҳомиладорлиги эсига тушди. Қулоғининг остида дўхтирнинг гаплари жаранглади: “Оғир кўтариш мумкин эмас”. У қизни секин ерга туширди-да:

— Энди уйга кирамиз, — деди.

Аммо Фарангизнинг уйига кириш Раънога насиб этмади. Дарвоза данғиллаб, сочлари тўзғиган, кўзлари олайган Ғайбулло кириб келди. Унинг ортидан иккита формали кишиям кирди.

— Ана! — бақирди Ғайбулло. — Менинг болаларим!

Раънонинг эти музлаб кетди. Бирдан у қалтирай бошлади. Фарангиз ҳам гарчи аввалига қўрқиб кетган эса-да, кейин дарров ўзини ўнглади. Шу билан бирга аччиғи чиқди. Бу муттаҳам ким бўлибдики, унинг уйига бостириб кирса?

— Ҳаромилар! Маразлар! Болаларимни ўғирлаб чет элга сотмоқчи бўлдингларми?! Мен сенларга кўрсатиб қўяман! Ҳа, ҳаммангни турмага тиқтираман! — дея бақиришда давом этди Ғайбулло.

Бўрон уй кийимларини эндигина кияётган эди. У ҳам бақириқдан чўчиб тушди ва пала-партиш кийиниб таш-қарига югурди ва синглисининг тепасига келиб ўдағайлаб турган куёвига кўзи тушди.

— Нима гап?! — деди баланд овозда.

— Ана, бош ўғри! — деди Ғайбулло ўзи билан бирга келган милиционерларга. — Ҳаммаси ўшанинг иши!

Бўрон пинак бузмади. Бир-бир босиб, зинадан тушди. Милиционерлардан бири унга дарров салом берди. Улар таниш эдилар. Бўроннинг тадбиркорлиги, бошқаларнинг олдида яхшигина обрўси борлигини билган Зуфар исмли йигит шундай одамнинг бунақанги ишга қўл уриши мумкинмаслигини дарров англаб етди. Касалхонадан Раънони олган Бўронни машинасига ўтираётганида танимаганликлари боис, орқасидан тушган ва шу ергача етиб келишганди.

Бўрон ҳам уни дарров таниди. Иккаласи қўл бериб кўришишди.

— Ҳа-а-а! — деб бақириб юборди бирдан Ғайбулло. — Сизлар дарров таниш-билишчиликка ўтиб олдингларми?! Мен тоза одам деб, ғирт порахўрни бошлаб келдимми ҳали?!

Унинг одамнинг асабини қўзғайдиган ингичка овози милиционернинг пешонасини тириштирди. У ҳали сўзлашга улгурмасидан Ғайбулло ёнидан пичоқ чиқарди-да, бирдан Раънонинг бўйнидан қучоқлаб пичоқни аёлнинг кўксига тиради.

* * *

Витя Тимофеевич рост гапираётганди. Бир сафар у ёшлигидан бирга ўсиб, бир синфда ўқиган, иккови битта қизга ошиқ бўлиб, сўнг ҳуқуқшунослик институтида ҳам бирга таҳсил олган Наримон исмли ўртоғини Роман Фёдоровичнинг кўз ўнгида сўйиб ташлаган. Арзимаган нарса учун. “Нега уйимга бординг?” — деб сўраганди Витя Тимофеевич ўртоғидан. “Сени қидиргандим. Тўғрироғи, уйингнинг олдидан ўтиб кетаётгандим, бирровга кирдим”, — деб жавоб қилганди Наримон. “Бирровга кириб, икки соатдан сўнг чиқиб кетгансан. Тўғрими?” Наримон бошқа гапиришга улгурмаганди ўшанда. Витя Тимофеевич шартта шамширини қинидан суғуриб унинг бўйнини узиб ташлади. Роман Фёдорович шу пайтгача ундан нега бундай қилганини сўрамаган. Қўрққан. Тергашим ёқмай, мени ҳам бурдалаб ташламасин, деб ўйлаган. Ҳозир ҳам дўстининг хатти-ҳаракатига мутлақо тушунмаяпти. Қизи ичиб, маст бўлибди. Шунинг учун уни майиб қилиш керакми? Бунинг устига, келгиндилар ғўдайиб туришган бўлса... Умуман, Витянинг улар билан нима иши бор?..

Роман Фёдорович ўйини охирига етказмасдан, Витя Тимофеевич шамширини ҳавога кўтарди. Энди биргина ҳаракат қолди. Қилични ташлаб юборса, тамом, банкирнинг боши пол устида коптокдай думалайди.

Каллакесар банкирнинг бошини узиб ташламади. Кутилмаганда шамширни Шоҳруҳнинг бўйнига яқинлаштирди. Унинг бу қилиғига Юлдуз чидаб туролмади. Витя Тимофеевичнинг кўкрагига шунақанги қаттиқ тепдики, қотил гурсиллаб йиқилди. Роман Фёдорович билан Шоҳруҳ бирдан ўрнидан туриб кетди. Банкир жон ҳолатда “дўст”ининг ёнига бориб, туришига кў-маклаша бошлади.

— Бопладинг, — деди Витя Тимофеевич банкирни нари суриб, кўксини уқа-ларкан. — Бўл-ди, имтиҳондан ўтдинглар!

У шамширни қинига тиқиб қўйди. Бошқатдан Шоҳруҳ билан Юлдузнинг қўлларини сиқиб кўришди.

— Одамнинг юрагини ёрдинг, — деди Роман Фёдорович, — бу палакат ҳақиқатан ҳам мени ўлдирадими, деган хаёлга боргандим.

— Ўзиям иштонингни ҳўллаб қўйдинг-ов, — деб кулди Витя Тимофеевич.

— Сендан ҳамма нарсани кутса бўлади. Дўстинг Наримонни аямаганда, менга шафқат қилармидинг?

— У қилган ишни сен ҳам қилганингда, каллангни узиб ташлаган бўлардим. Лекин икки қизнинг жанжаллашиб қолгани учун ёқа йиртаётганинг ниҳоятда аҳмоқлигингдан далолат бериб турибди, — деди Витя Тимофеевич столга ўтираркан.

— Агар Юля бошқа қизларга ўхшаганида, “ғинг” демасдим. Лекин бунинг нималарга қодирлигини ўзинг кўрдинг, — деди Роман Фёдорович Юлдузга кўз қири билан қараб.

— Етарли, — деди Витя Тимофеевич, — қизинг тузалади. Кейин иккиси бир-биридан кечирим сўрайди, шу билан олам гулистон. Дарвоқе, биз меҳмонмиз. Меҳмонга, ҳеч қурса, ароқ қўйишади, — деб у Шоҳруҳга қаради.

Юлдуз ўрнидан туриб, ароқ келтириб стол устига қўйди, лекин эркаклар билан ўтиришга асаби чидамай, чиқиб кетди.

Витя Тимофеевичга худди шу керак эди. Икки қадаҳдан ароқ ичишгач, секин гап бошлади.

— Сени биз Москвага жўнатмоқчимиз. Дарвоқе, мен сенга ўзимни таништирмадим. Манави одам билан эскидан қадрдонмиз, — деди у банкирни кўрсатиб. — Кўп ишларни бирга қилганмиз. Менинг олдимдаги қарзи анча ошиб қолган, — шундай деб у банкирга кўз қисиб қўйди. Очиқ-ошкор. Худди “Эсингдан чиқариб қўймадингми?” дегандек. — Хуллас, дўстим, сени катта даврага олиб чиқишга қарор қилдик. Тўғрироғи, бир неча дақиқа муқаддам мен шундай қарорга келдим. Ўзингни тутишинг, гапиришинг шунга ундади. Қолаверса, қайлиғинг ҳам чаққонгина экан. Қисқаси, Москвага бориб керакли одамларга учрашасан. У ердан Голландияга ўтасан. Чунки ўша давлатда героин истеъмол қилишга рухсат берилган. Демак, бизга кенг йўл очилган. Ҳар ҳафта АҚШдан келаётган “дори”нинг йўлини тўсишимиз керак. Улар ўта маккор одамлар. Героинни ўзлари етиштирмайди, лекин афғон билан Колумбия “мол”ининг олди-сотдиси ўшаларнинг қўлида. Голландияда ана шундай қонун пайдо бўлишигаям океан ортидаги “семизлар”нинг қўли бор, албатта. Биз кўпиккамас, балки, кўпик остидаги сувга эътибор беришимиз зарур.

— Гапни чалкаштирмай дангалига ўтинг, — деди Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг “маъруза”сини охиригача эшитишга сабри етмай.

— Калта ўйларкансан, дўстим.

— Вазифамни айтинг.

— Керакли “дори-дармон”ни қўриқлаш.

— Мен аскар эмасман.

— Генерал бўлиш учун кўп қурбон беришинг зарур.

— Етарлича қурбонлик бўлди.

— Оз!.. Қўшилмаслигинг ҳам мумкин. Лекин унда кетмончилигингча қолаверасан, майда-чуйдалар билан муштлашиб. Яна бир гап: бу ерда бир кун ҳам яшамайсан! Очиқ айтаётганимга хафа бўлма. Аммо мажбурман шунга. Етмиш-саксон ёшгача яшаш йўлини топсанг, албатта, дунёдаги энг бахтли одамга айланасан. Балки бугун, ҳозир энг охирги кунингни яшаётгандирсан. Бунисига ҳам кафолат йўқ. Мен сени қўрқитаётганим йўқ, очиғини, аччиқ ҳақиқатни айтаяпман. Шунингдек, қандай кўрсатма берсак, бўйин товлашинг ҳам мумкин эмас. Шу пайтгача сен пиёдалар билан ишлаб келдинг. Бу ёғига тўрага айландинг. Эҳтимол, вақти келиб шоҳ ҳам бўларсан. Буниси эҳтимолнинг шимолида жойлашган. Гапларимни икки қулоғингга ҳам қуйиб олгандирсан! — деди Витя Тимофеевич Шоҳруҳга ўткир нигоҳини қадаб.

— Сиз бир нарсани эсингиздан чиқариб қўйдингиз, жаноб. Одамнинг айтгани, ўйлагани йигирма фоизгача амалга ошсаям катта гап. Шунинг учун фолбинлик қилмайлик-да, сиз айтганингиздай, нафас олиб турайлик.

Шу кунгача бирорта одам Витя Тимофеевичнинг гапларига қарши бормаганди. Ҳатто манави пулдор, дунёнинг исталган жойидан паноҳ топиши мумкин бўлган Роман Фёдорович ҳам. “Аммо қаёқдаги мишиқи менга тик қаради, кескин гапирди, — ўйлади Витя Тимофеевич. — Демакки, бундан келажакда жуда кўп фойдаланса бўлади. Худди Николай пошшо сингари. Унинг ақл-заковати бутун Осиёни эгаллашга етди. Сиёсат билан шунча ерга эга чиқди. Кейингилар... Улар эслашга-да арзимайди. Ҳаммаси бемаза уруғдан бўлган. Шунинг учун ҳам расво қилишди давлатни. Мен эса, маккорман. Манаман деган миллиардерлар ҳам ҳисоблашишга мажбур. Шундай қилмаса, ишлари битмайди уларнинг. Жуда қисқа муддатда ҳаммасини гадойваччага айлантириб қўяман”.

— Гапингда жон бор, йигитча. Рост сўзлаганинг учун ҳам кечираман. Бироқ бошқа бунақанги гапларни айтма. Ҳар қандай рост сўз ҳам, мавридсиз айтилганда, аксини бериши мумкин. Бўлди, ортиқча майнавозчиликни йиғиштирайлик. Тонгги рейс билан Москвага учасан. Қайлиғинг шу ерда қолади. Гаров сифатида.

Шоҳруҳ ҳеч нима демади. Қадаҳни тўлдириб бир кўтаришда ичди.

— Сиз гапираяпсиз-у, мен юз грамм ичишга улгурармиканман, деб ўйлаяпман, — деди у Витя Тимофеевичга қараб. — Одам ғалати бўп кетаркан, тўғрими?

— Нафақат ғалати бўлади, бошқа аҳволга тушишиям ҳеч гап эмас, — деди Роман Фёдорович гапга аралашиб.

— Менга ҳеч нарса ваъда қилинмасдан хўжайинлик қилинаётган экан, бир нарсани сўрашимга тўғри келади, — деди Шоҳруҳ ўзига тегишли қадаҳни қўлига оларкан.

Витя Тимофеевич унга ўқрайиб қараб қўйди. Сўнг хаёлини тиниқлаштирадиган суюқликни ютди. Сигарета тутатди. Тутунни мириқиб ичига ютди. Кейин:

— Сўра, — дея амр қилди.

— Бир ой муҳлат берасиз. Қиладиган ишларим бор. Қолаверса, ҳали бунақанги ишга тайёр эмасман. Аслида жуда яхши таклиф. Ҳар қандай одам бунга жон-жон деб рози бўлади. Мен унинг масъулиятини жуда яхши ҳис қилиб турибман, шунинг учун вақт керак.

— Ақлли одамнинг гапи. Ҳовлиқмалик қилмаганинг учун сени мукофотласа бўлади. Ишимиз пишди. Мен эртага тушга яқин учиб кетаман. Сенинг чиптангни эса, бекор қиламиз, — деди Витя Тимофеевич, сўнг банкирга юзланди, — дўстим, бир маишат қилайлик. Ҳаммоми, ресторани, раққосалари бор-у... Ўша ерда... Қани, энди битта-битта олайлик.

Шоҳруҳ улар билан бирга кетмади. Роса чарчаганини баҳона қилиб, уйида қолди. Унинг боши тинимсиз ғувиллар, фикрини бир жойга жамлашга қийналарди. Нималар бўлаётгани, нега ваъда бериб юборганини сира тушунолмасди.

Ягона маслаҳатчиси Юлдуз.

Лекин унга нимадир ёқмаган шекилли, қовоғини солиб телевизор кўриш билан банд эди. Шоҳруҳ бир неча марта у ўтирган хонага кириб, яна қайтиб чиқиб кетди. Аммо қиз бирор марта унга ўгирилиб қарамади. Бундан Шоҳруҳнинг асаби баттар таранглашди. Боши қаттиқ оғрий бошлади. Бошқа нажот тополмаганидан, ароқ билан ўртоқлашишга қарор қилди. Озгина қолган шайтон сувини идишга қуйиб ўтирмасдан, шишанинг оғзидан ичди. Кейин музлаткичдан бошқасини олиб келди, аммо ичишга улгурмади. Хонага Юлдуз кириб келиб, стол устидаги шишани суриб қўйди-да, Шоҳруҳнинг рўпарасидаги столга ўтиргач:

— Иродасизлик қилмоқчимисиз? — деди.

— Гапларини эшитдингми?

— Эшитдим. Нима бўпти? Шунинг учун ағанаб қолгунча ичиш шартми?

— Бошқа чора борми?

— Бор. Бир ой ичида топилади. Ҳозир киринг, ухлаймиз.

— Озгина ичсам, ҳаммасини эсимдан чиқараман-да...

— Йўқ, бошингиз оғрийди.

— Лекин, барибир, ичаман.

Юлдуз Шоҳруҳни ўз ҳолига қўйишга мажбур бўлди. Аммо кетмади. Бир сўз демай суюкли кишисига термилиб ўтираверди. Ичидан зил кетди. Бироқ чидади. Шоҳруҳнинг маст бўлишини кутди. Орадан ярим соатлар ўтиб, у кутган нарса содир бўлди. Шоҳруҳ сўнгги томчи ароқни қадаҳга қуйгач, унга бир муддат термилиб турди-да, бошини кўтарди. Юлдузга нимадир демоқчи бўлди-ю, аммо айтолмади. Ёнига қулади.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз учинчи қисм)