Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)

149 full reads
248 story viewsUnique page visitors
149 read the story to the endThat's 60% of the total page views
19,5 minutes — average reading time
Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Ўттиз иккинчи қисм)

Тонг энди бўзариб келаётганида, Шоҳруҳ уйғонди. Зўрға ювиниш хонасига етиб борди. Кўнгли беҳузур бўлди. Мумкин қадар овозини чиқармасликка ҳаракат қилди. Бироқ Юлдуз ундан аввал уйғониб, шунчаки кўзини юмганча хаёл суриб ётганди. Шовқинни эшитиб, югурганча унинг ёнига бориб, пешонасини ушлаб турди.

Муздай сувга юз-қўлини ювган йигит озгина енгил тортди. Юлдуз дарров қаҳва дамлаб берди. Ана шундан кейингина унинг бош айланиши тўх-тади.

Ўн беш кун уларни ҳеч ким безовта қилмади. Шоҳруҳ бозорга бир неча марта бориб келди. Ғалати томони, бозор ҳам сув қуйгандек жимжит. Сотувчи йигитларга биров бир нарса демаган. Ҳеч ким “чўтал” йиғмаган. Ҳаммаси маза қилиб савдо қилаяпти. Ҳатто бир-иккитаси уйига фалон суммада пул жўнатганини айтиб мақтанди ҳам.

Ана шуларни кўрганидан кейин Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг шахси билан жуда қизиқиб қолди. Назарида, озорлар ҳам унинг қўлидаги одамларга ўхшаб қолганди. Хаёлида бошқача бўлиши мумкин эмасди. “Бундан чиқди, — ўйлади Шоҳруҳ, — Роман Фёдорович ва унинг қизига суиқасдлар, амалдорлар тўғрисида маълумотлар йиғилиши, бозордаги майнавозчиликлар... Ҳаммаси ўша аблаҳ Витянинг иши экан-да”. У уйига ўта муҳим янгилик топгандай кириб борди. Уни қарши олган Юлдузнинг юзидан ўпиб қўйди.

— Зўр янгилик топдим, — деди ростмана шаръий хотинига айланган келинчакка (шундай десак, эҳтимол, тўғри бўлар. Аммо уни биров келин демасди. Таниш-билишлари исмига “хон” қўшиб чақиришарди, худди аввалгидай. Дарвоқе, Юлдуз бир ҳафта бурун Шоҳруҳга хушхабар айтди. Яъни улар яқинда фарзандли бўлишади. Шу гапни эшитганидан бери Шоҳруҳ уни эҳтиётлайди), — биз бу ерга келганимиз заҳоти Витянинг одамларига дуч келган эканмиз. Бутун шаҳар унинг қўлида экан, анави банкир, амалдорлар, озарлар, хуллас, ҳаммаси қўғирчоқ экан. Витя тур деса, туради, ўтир деса, ўтиради.

Юлдуз аввалдан буни сезганлиги боис жилмайиб қўйди.

— Чой дамладим, овқат ҳам тайёр, сиз қўлингизни ювиб келинг, кейин ҳаммасини бир бошдан айтиб берасиз, — деди у.

“Буни ҳозир қорнидаги боласидан бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди. Тўғри қилади. Бекор айтдим”, — дея хаёлидан ўтказди Шоҳруҳ.

Тамадди маҳали ҳам Витя унинг хаёлидан кетмади. Юлдуз билан деярли гаплашмас, ўзига берилган саволларга гоҳ “Ҳа”, гоҳида “Йўқ”, баъзан “Билмадим”, дея жавоб қайтарарди. Агар Юлдуз эрининг эшикдан кирган заҳоти айтган гапини қўзғаганида, эҳтимол, Шоҳруҳ яна тўлиб-тошиб билганлари ҳақида гапириб берган бўларди. Келинчак сўрамади, куёв бола ўзидан билиб гапирмади.

— Овқатим яхши чиқибдими?

— Ҳа.

— “Таомнома” китобчасини сотиб олдим. Энди сизга бундан ҳам ширин овқат тайёрлайман.

— Яхши.

— Яна сузиб берайми?

— Йўқ.

— Телевизор кўрасизми?

— Йўқ.

Худди Шоҳруҳ Юлдуздан аразлаган-у, бечора келин эрининг кўнглини тополмай овора бўлаётганга ўхшарди.

— Мен ташқарига чиқиб айланиб келаман, — деди тамадди ниҳояланганидан сўнг Шоҳруҳ.

— Мен ҳам борайми? — сўради унинг кўзига тикилган Юлдуз.

— Шарт эмас.

— Унда қалинроқ кийининг, қор ёғаяпти, шамоллаб қолманг тағин.

Шоҳруҳ у айтганидай кийиниб йўлакка чиқди ва зиналарни бирма-бир босиб, пастга эна бошлади. Биринчи қаватга тушганда, кутилмаганда рўпарадаги уйдан қўлига оппоқ телпагини ушлаган, олтмишлар атрофидаги киши чиқиб қолди. Шоҳруҳ уни беш-олти марта кўрган. Улар ҳар доим бир-бирлари билан саломлашиб ўтишарди, холос. Ҳозир ҳам Шоҳруҳ салом беришга оғиз жуфтлаган заҳоти очиқ турган эшикдан аёл кишининг шанғиллагани эшитилди.

— Қаёқдан ҳам сен ялмоғизга Худо мени дуч қилди-я?! — деди қария ва қўлини силтаб, рўпарасида унга қараб турган йигитга эътибор ҳам қилмай, ташқарига йўналди.

Ҳовлига чиққач, юришдан тўхтаб, осмонга қаради. Қорнинг ёғишини томоша қилди, сўнг бошига телпагини бостириб кийди. Бу пайтда Шоҳруҳ унинг ёнига бориб қўйганди. Қария ўгирилиб унга қаради-да:

— Қўшни, бирон ёққа кетаяпсанми? — деб сўради Шоҳруҳнинг саломига алик ҳам олмай.

— Йўқ, шунчаки айлангани чиқдим, — жавоб қилди йигит.

— Хотинингдан безор бўлдингми? — сўрашда давом этди қария афтини буриштириб.

— Ҳали қариб, мияси айнигани йўқ, — деди Шоҳруҳ жилмайиб.

— Унда мен сенга айтсам, вақтни бой бермасдан ажрашиб кет. Бўлмаса, ҳар куни менинг кампиримдай ялмоғизга ўхшаб итнинг кунини бошингга солади... Бекорчи экансан. Юр, бирон жойда майда-майда қилиб ўтирамиз.

Қўшнисининг самимий гапи Шоҳруҳга ёқиб қолган эди. Шу боисдан ҳам дарров рози бўлди. Улар иккаласи ёнма-ён юриб кетишди.

Кўпроқ қария гапирди, Шоҳруҳ эшитди. У йўлакдан уй ҳовлисига чиққанидаёқ кампирини унутганга ўхшарди. Чунки гапига бирор мартаям “ялмоғиз”ни қўшмади.

Ўн дақиқаларда унча узоқ бўлмаган “Сибирь” қаҳвахонасига етишди. Бу иморатнинг кираверишдаги пештоқига “Қаҳвахона” деб ёзиб қўйилганди. Бироқ у кўпроқ пивохонага ўхшарди. Хохолашиб сигарета тутатаётган саккиз-тўққиз мижознинг ҳаммаси пивохўрлик қилишарди. Уларнинг олдида бир парчадан дудланган балиқ ва пиво қадаҳидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

— Мен сенга айтсам, шу ердан яхшиси йўқ, — деди қария бадбўй ҳиддан афти буришган Шоҳруҳга, — биринчидан, хотининг келиб турткиламайди, иккинчидан, сен билан итниям иши йўқ. Учинчидан, пиво арзон.

Қариянинг шўх, самимий сўзлари Шоҳруҳга ёқиб тушди. Шу боисдан ҳам у жилмайди.

— Яна бир нарсани сенга айтиб қўяй. Улфатчилик қиламизми, демак, гарчи сен ёш, мен гўр лабига яқинлашиб қолган бўлсам ҳам, дўст бўламиз. Дўстлар бир-бирларига ҳар-ҳар замон ҳақ бериб туриши керак. Бугун сенинг галинг. Кейинги сафар ўзим сийлайман. Пенсия келганидан кейин, албатта, — деб қария бўш жойлардан бирига ўтирди ва Шоҳруҳни рўпарасига ўтиришга таклиф қилди.

Узоғи билан бир соат ичида тўрт бокал пиво тамом бўлди. Ҳаммасини қария ичди. Дарвоқе, у ўзини Алексей Петрович деб таништирди. Истеъфодаги полковник. Ўзини таништирув вақти сўнгги бокал пивонинг тугаш пайтига тўғри келди. Сабаби, уч марта ўзидаги ортиқча сувни ташлаб келган полковник ҳали тўймаганди. Энди озгина кайф қилганди. Демак, ҳали ичиши керак. Тахминан яна шунча. Чўнтагидаги пул уйда қолган “азроил”ники. Бир дона нон олиб бориши керак. Агар ўзини буюк одам қилиб кўрсатса, яқинда қўшнисига айланган бу йигитчанинг сахийлиги тутиб кетади. Ажабмаски, яна тўртта бокални унинг олдига қўйса.

— Мен бир марта энг катта жиноятчини қўлга туширганман, — деди Алексей амаки (у Шоҳруҳга ўзини шундай атаса бўлаверишини айтганди). — Бундан ўн йил илгари. Унинг оти... — қария бошини қашлади, — Володямиди, Вовамиди... Эсладим, Виталий эди.

У шундай деди-ю, бирдан Шоҳруҳнинг кўзига тикилиб қолди. Кейин бурнини бир томонга қийшайтириб тортиб қўйди.

— Ўша жиноятчи менга ўхшармиди? — сўради Шоҳруҳ чолнинг тикилиб қолганига ҳайрон бўлиб.

— Йўқ, қанақасига ўхшайсан? У сариқ, сен қорачадан келгансан. Шу менинг хира кўзим алдадими ёки ўхшатдимми, ишқилиб, бир куни... Бунга анча бўлди, кампирим асабимни бузганди. Нима қиларимни билмай, айвон деразасини очиб сигарета чекиб турсам, ўша паразит алламбало машинада келиб, бизнинг йўлакка кириб кетди. Бир хаёл: “Югуриб йўлакка чиқ-да, башарасини кўр”, деди. Бошқа бир хаёл: “Чиқиб нима қиласан, мабодо сени таниб қолса, пешонангдан пақиллатиб отиб ташлайди”, деб қўрқитди. Бунинг устига, пенсиядаман, ҳимоя қиладиган ҳеч кимим йўқ бўлса. Хуллас, чиқмадим. Сигаретамни улоқтириб, пардани тортиб қўйдим, — деди Алексей амаки ва бокалдаги сўнгги пивони симира бошлади.

— Оти нимайди, нима дедингиз? — сўради Шоҳруҳ шошиб.

— Сен бола, ростини айтсам, роса эзма экансан. Қара, пиволар тугаб қолди. Бугунги ҳақ бериш навбатини эсингдан чиқариб қўйдингми, дейман?

— Ҳозир тайёр қиламиз, — деб Шоҳруҳ ўрнидан турди-да, бориб яна тўрт бокал пиво келтирди. Учтасини Алексей амакининг олдига қўйди, биттасини эса, ўзи симирди.

— Боягина совуқда ичмайман, дегандинг-ку, — деди қария мийиғида кулиб.

— Сизнинг ичишингизга ҳавасим келди... Қаерга келиб қолгандик? Ҳа, эсладим. Анави сиз бир пайтлар қўлга туширган жиноятчи бизнинг йўлакка кириб кетган. Дарвоқе, у шунчалик зўрмикан, қамалмай қолди? — деди Шоҳруҳ ўзини гўлликка солиб.

Алексей амаки жавоб беришдан аввал мириқиб пиво симирди, сўнг бироз чанқоғи босилган одамдай “А-а-а”, деб ичидан ҳаво чиқарди. Шошилмасдан лаб-лунжини кафтига артиб:

— Зўўр, — деди чўзиб, — зўр бўлмаганида, биласанми қанча ҳужжат тайёрлагандим? Мен сенга исботланганларини айтаман. Иккита қотиллик, учта зўрлаш, уюшган талончилик, қўрқитиш... Эсимда қолгани шулар. Яна ўҳ-ҳў, қанча ишларни қилиб ташлаган у ярамас! Қилган жиноятларининг биттаси учун уни бемалол отиб ташласа ҳам бўлаверади.

— Индамай қолавердингизми?

— Нимаям қилардим? Бошлиқ ёнига чақириб: “Йўқот ҳамма ҳужжатларингни, бўлмаса иккимизниям мурдамизни биров тополмайди. Бизга тегмаяптими, у билан нима ишимиз бор?” — деди. Бўпти, дедим мен ва тўплаганларимни икки папка қилиб уйга олиб келиб ташладим, — деб қария идишидаги пивони охиригача ичди, кейин “Прима” сигаретасини тутатди. Шоҳруҳ ундан кўзини узмай, тикилиб тураверди.

— Мен сенга айтсам, — дея гапини давом эттирди Алексей амаки қўли билан тутунни ҳайдаб, — қўйиб беришганида, унинг умрини қамоқда чиритган бўлардим.

— Жиноятчи мафиоз экан, ўзи ҳақида шунча ҳужжат тўпланишига қараб турдими? — деб савол қотди Шоҳруҳ “дўст”и ҳақида мукаммал билишга уриниб. Зеро, у энди гап Витя Тимофеевич ҳақида кетаётганига шубҳаси йўқ эди.

— Аввалига пул таклиф қилишди. Юз минг “кўк”идан. Кўнмадим. Ёндириб юбораман, куйдириб юбораман, деб пўписа қилди. Кўнмадим. Нега? Чунки унинг нозик жойини билардим. У энг яқин дўстининг қизига тажовуз қилган. Аввал зўрлаган, кейин ўлдирган. Дўстиям мафиоз. Мен ҳамма далилларни йиққанимдан кейин бир нусхасини Москвада яшайдиган синглимга бериб қўйгандим. Бир куни ишдан қайтаётганимда олдимда пичоқ яланғочлаб чиқди. Ўшанда: “Мабодо менга бирон нима бўладиган бўлса, дўстингнинг қизи ҳақидаги маълумотлар Тарасга етказилади. Ундан кейин нима бўлишини ўзинг яхши биласан”, дедим. Бечоранинг пуфакдай дами чиқиб кетди. “Мени эсингдан чиқар, мен ҳам сени унутаман”, деб пичоғини чўнтагига тиқди-да, кетди. Шунақанги кулгим қистаб, бақириб хохолагим келдики, у ёқ-бу ёғи йўқ, — деб Алексей амаки яна пиво сипқарди.

— Мен бўлганимда, — деди Шоҳруҳ ҳам муздеккина ичимликдан ҳўплаб қўйиб, — эҳтиёт шарт, уруғ-аймоғи-ю, таниш-билишигача маълумот йиғиб қўйган бўлардим. Бир вақти билан...

— Ҳов! — деди бирдан унинг гапини бўлган Алексей амаки кўрсаткич бармоғини юқори қилиб. — Нималар деяпсан?! Мен унинг онаси ҳозиргача ҳаётлигини биламан. Отасиям бор. Ажрашиб кетган. Лекин Виталий бориб туради. Москва вилоятида яшайди. Дала ҳовлида. Кўрсанг, қаср дейсан. Кейин битта опаси билан синглисиниям биламан. Худди шундай. Мен ишимни ҳар доим пишиқ қилганман. Тушундингми?!

Шоҳруҳга айни шу нарса керак эди. Ўзининг яшаб кетиши учун керак. Эҳтимол, қариндош-уруғи уни мутлақо қизиқтирмас. Ўлдириб юборган тақдирингда ҳам, пашша чаққанчалик таъсир қилмас. Лекин ҳар эҳтимолга қарши Витянинг қариндош-уруғини топиши, ҳар бирига ўзининг одамларидан бириктириши лозим. Кейинги масала, Витянинг пуллари. Албатта, у аҳмоқ эмас. Ҳамма топган-тутганини чет эл банкларига аллақачон ўтказиб қўйган. Унга таҳдид қилиш қийин. Лекин қариндошларини гаровга олиш мумкин. Очиқ-ойдин эмас, зимдан. Гаровдалигини биров билмасин. Бунинг учун бугундан ҳаракат бошламоқ керак.

Алексей амакининг қолган гаплари Шоҳруҳни қизиқтирмади. У хотинини ёмонлади. Ёшлигида ўта гўзал бўлгани учун уйланган экан. Энди эса, пушаймон еб юрибди. Шунда ҳам ундан сира қўрқмайди. Керак бўлса, бир кунда ҳайдаб юбориши мумкин. Бироқ унда инсоф бор. Айниқса, ожизаларга нисбатан қаттиққўллик қилишни ниҳоятда пасткашлик деб ҳисоблайди.

Қария гапини охиригача етказолмади. Ердан чиқдими, осмондан тушдими, ёнида ниҳоятда семириб кетганидан бағбақалари осилиб кетган, сариқ сочини беўхшов турмаклаган кампир пайдо бўлди.

— Ер ютсин сени, сассиқ чол! — бақирди у.

Алексей ўзига ниҳоятда “қадрдон” бўлиб қолган овозни эшитиши билан чўчиб тушди. Шоша-пиша кампирга олазарак боқди.

— Сени нимага чиқаргандим?! — бақирди кампир Алексей амакининг қулоғидан бураб тортаркан.

— Мен... Мен, Маша, ҳаммасини тайёрлаб қўйибман, шу йигитлар...

Бечора чолнинг қолган гаплари ичида қолди. Кампир қулочкашлаб шунақанги шапалоқ туширдики, кайфи ошиб, оёқларидан дармон кетган Алексей амаки гурсиллаб полга қулади.

Пивохўрлар кампирнинг “жозибадор” сўзларидан сўнг шу ёққа қарашганди, унинг тарсаки тушириш санъатини кўрганларидан кейин бирдан қарсак чалиб юборишди. Бирови: “Бопладинг, боядан бери алжираб қолганди!” — деб қичқирса, бошқаси: “Ўлдириб қўйма, ҳали ўзингга кўп керак бўлади!” — деб бақиришарди.

— Сенларга нима?! — чинқирди кампир уларга қарата. — Ҳамманг бир гўрсанлар, чўчқадан фарқларинг йўқ!

Унинг шу гапидан кейин пивохўрларнинг дами ичига тушиб кетди. Худди уларнинг ҳам кампирлари келгандай, чолнинг куни уларнинг ҳам бошига тушадигандай туйилди.

— Маша, — деди Алексей амаки ётган жойида, — уй очиқми?!

— Ҳозир сен ҳайвонга уйни кўрсатиб қўяман! — деб бақирган кампир жаҳл устида қарияни кийимидан ушлаб турғазмоқчи бўлганида (афтидан, у “арслон”ини турғазиб, бошқалар кўриб қўйиши учун яна битта тарсаки туширмоқчига ўхшарди), Алексей амаки кутилмаганда ёшига тўғри келмайдиган чаққонлик билан ўрнидан турди-ю, қочиб қолди. Маша бўлса, қарғанганча ортидан қувишга тушди.

Кампирнинг тўполонига, қариянинг аҳволига, албатта, ҳеч ким ҳавас қилмайди. Бироқ шунда ҳам қандайдир беғуборлик бордай эди Шоҳруҳнинг назарида. Яна Алексей амакининг нима деб ғўдайгани-ю не кўйга тушгани Шоҳруҳнинг кулгисини қистатди. У маълум муддат шу кайфиятда ўтирди. Кейин бирдан юзи жиддийлашди. “Бу чолнинг Витя ҳақида айтган гаплариям чўпчак бўлса-чи? Пиво ундириш мақсадида валақлаган бўлса-чи? Мен содда, лаққа тушиб... Йўғ-э, бунча нарсани ичидан тўқиб чиқаролмайди-ку, ҳеч бўлмаганда сўзларининг йигирма фоизи рост чиқар. Мана, кампирининг ўта баджаҳллигини айтганди, тўғри экан... Бир баҳона қилиб, уйига кираман. Аёлиниям секин гапга соламан. Бунинг учун, албатта, унга ёқадиган бирон нима қилишим зарур. Хўш, баджаҳл одамларнинг, айниқса, аёлларнинг аслида кўнгли бўш бўлади. Яна ишонувчанлариям анчагина, бир синаб кўрайин”, дея хаёл сурган Шоҳруҳ қадаҳидаги пивони охиригача симирди-да, ўрнидан турди.

Атрофни кузатиш унга одат тусига кириб қолганди. Бу ишни у беихтиёр қиларди. Ҳозир ҳам тарки одат амри маҳол, кўз қирини майхўрларга ташламасдан ўтолмади. Шунда ёлғиз ўтирган серсоқол йигит эътиборини тортди. Эсласа, чол билан валақлашаётганида ҳам, у улардан кўзини узмаган. Ҳозир ҳам гўё пиво ичаяпти-ю, бор эътибори Шоҳруҳда. Бундан чиқди, Витя кузатувчи қўйган. Шоҳруҳнинг ҳар бир қадами ўлчанади.

У қаҳвахонадан ташқарига чиққанидан сўнг пальтосининг ёқасини кўтарган киши бўлиб, битта қўлини қўйнига тиқди ва тўппончасини ўқлаб қўйди. Юз эллик қадамча юрганидан кейин эса, чўнтагидан икки дона танга олиб ерга ташлаб юборди. Унга энгашиш баҳонасида ортига қаради. Кутганидек, бояги йигит ташқарига чиқиб, секин ортидан келаётганини кўрди. Ғижинди. Бир хаёл бориб, сўхтаси совуқ кузатувчининг кўксидан дарча очиб қўймоқчи бўлди-ю, дарров шайтонга ҳай берди. Йўлида ҳеч нарсани кўрмаган, сезмагандай давом этди. Аммо энди у қария Алексей амакидан хавфсираётганди. Мабодо бу нусха чол билан унинг гапини эшитган бўлса, Алексей амакини соғ қўймайди.

Хўш, аслида қариянинг унга айтган гаплари ростмикан? Ёки шунчаки оғиз кўпиртирдими? Мабодо ичкилик таъсирида алжираган бўлса, ташвишланишга ҳожат йўқ. Кузатувчи йигит гумонсирайдиган ҳеч нарса кўрмагач, Шоҳруҳни қўриқлайди, холос.

У уйга кирди. Бугун ҳам Шоҳруҳдан спиртли ичимлик ҳиди келаётганини сезган Юлдуз хафа бўлиб, тўнини тескари кийиб олди. “Бу аҳволда сиздан алкашдан бўлак ҳеч ким чиқмайди! Салгина иродали бўлинг. Қанча одам умидвор бўлиб сизга кўз тикиб ўтирибди!” — деди-да, ётоқхонага ўтиб ўзини тўшакка ташлади. Аммо кўп ётолмади. Негадир кўнгли айниб, ювиниш хонасига югурди. Қайт қилиб, яхшилаб юзини ювгач, Шоҳруҳга ўқрайиб қаради-да, ётоғига кириб кетди. Шоҳруҳ унинг ортидан бориб, ҳол-аҳвол сўради, бироқ тайинли жавоб ололмади. “Сизни деб бўлди. Кўрдингизми, ичкиликнинг ҳиди менга умуман ёқмаяпти. Сиз бўлсангиз, ичкилик учун дуч келган одам билан улфатлашишдан ўзингизни тиёлмайсиз”, дея тескари ўгирилиб олди Юлдуз. Шоҳруҳ ундан бунақанги муомалани мутлақо кутмаганди. Ахир сўнгги пайтларда фақат шу қизнинг меҳрибончиликларига суяниб қолган, “Нима бўлса ҳам Юлдуз учун яшашим керак, ҳар қандай Витяларнинг тузоғига илинмаслигим зарур”, деб аҳд қилганди. Энди бу хоним ҳам қилиқ чиқариб қолди.

У Юлдузга тикилиб тураркан, вокзалда илк дафъа учратган қиз билан ҳозиргисини солиштирди. Осмон билан ерча фарқни кўрди. Шоҳруҳ уйда ортиқ туролмаслигини, ташқарига чиқиб кайфиятини яхшилаши кераклигини ҳис қилди.

Пастга тушиб ҳовли айланди. Бир неча марта Алексей амакининг уйига кўз ташлади. Деразага парда тортиб қўйилган. Жимжит. “Буларнинг хотинлари бизнинг аёлларга ўхшамайди. Қаҳвахонада тўполон қилсаям, уйига келгач, тағин ҳеч нарса бўлмагандай апоқ-чапоқ, бир-бирларини ялаб-юлқашади. Бизнинг хотинлар унақа кафеларга эрини қидириб бормайди. Мабодо боришса, қиёмат-қойим бўлади”, деб ўйлади ва бошқа томонга кўз югуртириб, кузатувчи йигитни қидирди. У ҳеч қаерда кўринмасди. Шунда хаёлига ғалати фикр келди. Тезда бирорта дўконга боради-да, бозорлик қилиб, Алексей амакиникига киради. Яхши гаплар билан кампирнинг кўнглига йўл топади. Кейин Алексей амакининг пенсияга чиқишидан аввал кўрсатган кароматлари ҳақида секин сўрайди.

Режаси ўзига хуш ёқиб, қадамини тезлатди.

Шоҳруҳ эшик қўнғироғини босганида: “Ким?!” — деган эркакшода хотиннинг овози эшитилди ичкаридан.

— Менман, қўшниларинг. Алексей амаки қаҳвахонада майда-чуйдасини унутиб қолдирибди, шуни олиб келдим, — дея жавоб қилди Шоҳруҳ.

Шиқирлаган овоз эшитилди, сўнгра эшик очилди. Кампир ички кийимда эди. Кўкси шундоққина кўриниб турарди. Шоҳруҳ бирдан ундан кўзини олиб қочиб, қўлидаги пакетни очди-да:

— Мана, банан, колбаса, олма, қовурилган товуқ, иккита ароқ, нон олган экан. Эсидан чиқарибди. Бирга ўтиргандик. Кетмоқчи бўлиб ўрнимдан туриб қарасам, унинг столида шу нарсалар турибди. Дарров опкелдим, — деди.

— Шунақами, вой, чол тушмагур, сюрприз қилишни аввалдан яхши кўрарди, — деб кампир дарров унинг қўлидагиларни олди. Шу заҳоти Шоҳруҳнинг юраги шув этиб кетди. “Уйига киритмаса-я”, деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Шунда:

— Қани, кир, — деди кампир.

Шоҳруҳ гўё кирмоқчи эмасдай эшик тагида бироз турди.

— Нимага тортинасан? Шунча нарсани инсоф қилиб кўтариб келибсанми, демак, ёмон йигит эмассан. Кир уйга, — деб Маша хола унинг қўлидан ушлаб тортқилади.

Йигит ичкарига қадам босиши билан юзига аллақандай бадбўй, зах ҳид урилди. Аммо Шоҳруҳ чидашга мажбур эди. Шу боис меҳмонхона деб кўрсатилган жойга: “Эҳтимол, у ёқ тузукроқдир”, деган хаёлда тез-тез юриб борди.

Маша хола илтифот кўрсатиб, эскириб, матоси асл рангини йўқотган, четлари йиртилган оромкурсига ўтиришга таклиф қилди. Кейин Алексей амакининг чўмилаётганини айтиб, чиқиб кетди. Шоҳруҳ моғор босган деворга, қачонлардир илинган ва шу бўйи бирор марта ҳам чанги артилмаган қандилга, бир томонга қийшайтириб осилган пардага (балки, кейинчалик қийшайиб қолган-у, биров тўғрилаб қўймагандир) бир-бир қараб чиқди ва шу билан Алексей амакининг умри давомида қандай яшаганлигини ўзича тахмин қилди.

Бир қанча муддатдан сўнг эгнида халат, бошига сочиқ ўраган Алексей амаки кириб келди. Шоҳруҳга кўзи тушиши билан иржайди.

— Ароқ оп кепсан, — деди бошидаги сочиқни оларкан.

— Эсингиздан чиқарган экансиз, — дея кўз қисиб қўйди Шоҳруҳ.

— Тушунарли, — деб эшик тарафга қараб олган Алексей амаки овозини пастлатди, — ҳозир жодугар стол тузаб беради. Маза қилиб ичамиз.

— Сизнинг орқангиздан қувиб келганди, индамадими? — сўради Шоҳруҳ жилмайиб.

— Дарди бориди унинг. Ҳар сафар айтганини бажаравериб, мана бунақа бўп кетганман, — деб Алексей амаки бўйнини арра қилди. — Энг паст ишни буюради-ю, яна биров билмасин, дейди.

— Қанақа иш?

— Уни сен қилоласан. Менинг қўлимдан келмайди. Ёшим ўтиб қолган. Бармоқларим шунақанги толиқадики...

Шоҳруҳ кулиб юборди. Алексей амаки эса кўзини чақчайтириб, кўрсаткич бармоғини лабига босди.

— Жим! — деди шивирлаб. — Эшитса ўлдиради.

Шоҳруҳ кулгидан ўзини тиёлмасди. Бир кафти билан оғзини бекитиб, иккинчисини юқорига кўтарди-да, “хўп” дегандек бошини қимирлатди.

Кўп ўтмай, хона ўртасидаги эски стол устида мўъжазгина дастурхон тузалди. Яхшилаб ювиниб чиққан Маша хола ҳам пўрим кийиниб ўтирди. Кейин ичкилик бошланди. Шайтон сувини чол билан кампир бирдай сипқорарди. Шоҳруҳ бўлса, уларни мақташ билан овора эди. Хонадон соҳибларининг хийла кайфи ошгач, Шоҳруҳ Алексей амакининг ёшлигидаги қаҳрамонликлари ҳақида оғиз очди. Гапни бирдан илиб кетган Маша хола эрининг нима ишлар қилганини тўлқинланиб, жўшиб сўзлади. Ва албатта, Витя Тимофеевич ҳам тилга олинди. Шоҳруҳга айни шу нарса кераклиги боис, Алексей амаки Витя жиноятчи (Алексей амаки, албатта, Виталийнинг номига шундай қўшимча қўшиб гапирарди) ҳақида тўплаган маълумотларни сўради.

— Агар у ҳақда ёзилса, бутун бошли роман чиқади, — деди эридан олдин гапиришга тушган Маша хола, — ҳозир олиб келаман.

У ўрнидан туриб нариги хонага кириб кетди.

— Менга қара, — деди унинг кетганидан фойдаланган Алексей амаки Шоҳруҳга, — бор-йўғи битта ароқ олиб келдингми?

— Ҳа, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

Алексей амаки афсусланиб бош чайқади.

— Пул бор, — деди Шоҳруҳ унинг кўнглини кўтариш мақсадида, — топиш муаммомас.

Алексей амакининг бирдан юзи ёришиб, ўрнидан дик этиб турди:

— Ўзим бориб келаман, пул сендан чиқаяпти, хизмат мендан бўлиши керак-да, тўғрими?

Қўлига бир сиқим пул тушгач, Алексей амаки жасорат кўрсатди.

— Маша! Маша! — деб бақирди қўшни хонага қарата. — Мен дўконга бориб келаман. Сен дастурхонга у-бу нарса пишириб қўй!

Кампир бу сафар чолига заҳрини сочмади. Бақираётган маҳали Шоҳруҳ ўтирган хонага кириб келган ва Алексей амакининг қўлидаги пулларни кўрган эди.

— Бўпти, бориб кела қол. Фақат қолиб кетма. “Журавли” деган янги ароқ чиққан, ўшандан олиб кел, — деди мулойим овозда ҳамда қўлидаги семиз папкани Шоҳруҳга узатди-да, — мен ошхонага уннай, — дея ортига қайтди.

Шоҳруҳ худди эртароқ кўз югуртириб чиқмаса биров тортиб олиб қўядигандай, шоша-пиша папкани очиб, тартиб билан тахланган қоғозлардаги ажи-бужи ҳарфларда битилган сўзларни ҳижжалаб ўқий бошлади.

“Виталий Тимофеевич Казаков фалон йилнинг фалон санасида туғилган. Отаси урушда ўлган. Онаси аввалига ҳамшира бўлиб ишлаган. Сўнг номаълум сабабга кўра ишдан кетган. Эркакларнинг кўнглини овлаш билан шуғулланган...” ва ҳоказо. Шоҳруҳга булар умуман қизиқ эмасди, лекин у бирорта сўзни ҳам қолдирмасдан ўқирди. Сабаби, унга зарур бўлган маълумот қолиб кетиши мумкин. Бора-бора қизиқиши ортди. Чунки Витянинг отаси ҳаётлиги ҳақида ёзилганди. Шоҳруҳ хаёлан ҳисоблаб чиқди. Витя Тимофеевич кўринишидан элликлардан ошганга ўхшарди. Агар унинг отаси урушда ўлганида, у қирқинчи йилларда туғилган чиқарди. Демак, унинг отаси урушга бормаган, Витя Тимофеевич ҳам кейинроқ туғилган.

Шоҳруҳ “иш”ни ўқишга, мулоҳаза қилишга шу даражада берилиб кетдики, Мария холанинг бир неча марта хонага кириб-чиққанини сезмай ҳам қолди. Бу орада Алексей амаки ҳам ғизиллаб дўконга бориб келди. Келтирган матоҳини стол устига тўқ этказиб қўйди. Ана шундан кейингина Шоҳруҳ бошини кўтарди.

— Боплаган эканманми? — сўради юзида бир олам қувонч билан Алексей амаки.

Шоҳруҳнинг хаёлида ҳалиям Витянинг қилмишлари ғужғон ўйнаётгани боис, жилмая олмай, боши билан Алексей амакининг гапини тасдиқлади.

Мария хола пишириб-куйдирган таомини стол устига қўйгач, яна ичкиликбозлик бошланиб кетди. Орадан кўп ўтмай, чол ва кампир бутунлай маст бўлиб қолди. Шоҳруҳ кетишга ижозат сўраганида, иккиси ҳам қўлини силтади.

“Иш”ни қўлтиқлаб уйига кирган Шоҳруҳ Юлдузни тунд қиёфада кўриб, бошқа хонага ўтди ва мутолаасини давом эттирди. У Алексей амакининг ҳақ эканлигига амин бўлди. Чиндан ҳам, Витя Тимофеевич яшаб ўтган умрни бутун бошли китоб қилса бўларкан. Албатта, бунда бош қаҳрамон образи салбий бўлиб чиқар эди. Шоҳруҳ ушбу фикрга келганида, “иш”нинг ярмини ўқиб бўлганди. Соат миллари эса тунги бирга яқинлашган, Юлдуз бир марта ухлаб туришга улгурганди.

У уйғониб, ёнидаги болишда Шоҳруҳни кўрмагач, ҳайрон бўлди. Ёстиқни қўли билан силади. Муздай. Бундан чиқди, эри ётмаган. Эҳтимол, аразлаганидан бошқа хонада ухлаётгандир, деган хаёлга борган Юлдуз юпқа тунги халатини елкасига илиб, қўшни хонага чиқди. Ва ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Шоҳруҳ мук тушиб ўтирибди. Ёнида бир талай қоғозлар сочилиб ётибди. Қайсидир ёзувчи қораламасига қаттиқ берилган, шунинг устида ишлаяпти гўё. Унинг хаёлини бир дақиқагаям бўлиб бўлмайди. Ижод тўхтайди. Илҳом париси қочиб қолади. Ундан кейин ижодкорнинг алами келади. Жаҳли чиққанидан, безовта қилганни сўкиб беради.

Юлдузнинг уйқуси бутунлай ўчган эди. У ухлаб тургач, янада гўзаллашарди. Ҳозир ҳам жамолини кўз-кўз қилиб жилмайганча бир-бир босиб, эрига халақит бермайдиган тарзда юриб, Шоҳруҳнинг ёнига бориб секин ўтирди. Эрининг сочини силади. Йигит чўчиб тушди. Ўгирилиб ёнида Юлдузни кўрди.

— Ухламадингми? — сўради кўнгли хотиржам тортгач (зеро, жиноятчи ҳақида ўқиётганида, одам шу оламга кириб кетади. Қўққисдан қилинган мурожаат уни чўчитиб юборади).

— Толиқмадингизми? — деди Юлдуз унинг саволига жавоб бермай.

— Соат неча бўлди? — сўради Шоҳруҳ ҳам хотинининг саволига савол билан.

— Алламаҳал.

— Нега ухламадинг ўзинг?

— Ухлаб бўлдим. Ўзингиз нималарни ўқиб ўтирибсиз?

Шоҳруҳ қизарган кўзини уқалади. Кейин қулочини кенг ёзиб, керишди.

— Витя Тимофеевич ҳақида маълумот топдим. У мени ўзича йўқ қилиб юбормоқчи. Кўрамиз, унинг каромати нима билан тугаркан?

Витя Тимофеевич ҳақидаги ҳамма нарса, албатта, Юлдуз учун ҳам қизиқ эди. Чунки Шоҳруҳ иккаласининг кейинги ҳаёти у билан боғлиқ бўлиб қолди. Лекин ҳозир Шоҳруҳнинг кўзи қизариб кетганини кўриб, ичи ачиди. Вақт бемалол пайтда одам ўзини қийнаши шарт эмас. Бугун битиришга улгурмаса, эртага охирлатар, шу билан ҳеч нима ўзгариб қолмайди.

— Жоним, юринг, энди дамингизни олинг, — деди Юлдуз Шоҳруҳнинг юзидан бўса оларкан. — Қолганини эртага давом эттирасиз.

Шоҳруҳ Юлдузни худди биринчи марта кўраётгандай, киприкларини пирпиратиб қаради.

— Ҳар дақиқа ғанимат. Бир ишни бошладикми, охиригача етказиб қўйишимизга тўғри келади. Йўқса, чала қолган нарсанинг орқасидан омадсизлик бўй чўзади. Яхшиси, аччиқ кофе дамлаб бергин-да, ўзинг ухлайвер, — деб Шоҳруҳ қоғозлардан бирини қўлига олиб ўқий бошлади.

Юлдуз қаҳва дамлаш учун кетди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Кичкина чашкага қайнаган сувни қуяётганида мийиғида кулди. “Тавба, — ўйлади у, — эркак зотига озгина паст кетсанг, дарров хўжайинлик қилишга ўтволади-я!”

Шоҳруҳ қаҳвадан бир ҳўплаб қўйди-да, тағин мутолаага берилди. Юлдуз эса, аввал диванга ўтирди, сўнг чўзилиб ётди. Бироздан кейин ухлаб қолди.

Тонг энди бўзараётган маҳал Шоҳруҳ ўзи қидирган нарсасини топди. Бошини кўтариб, ниҳоятда қизарган, толиққан кўзини юмди. “Падар лаънати, ана энди қўлга тушдинг. Олдимда мушукдай миёвлайсан, думингни ликиллатиб турасан итдай. Энди мен сенга пўписа қиламан. Энди мен сени бўғаман!” — деди пичирлаб.

* * *

— Ўлдир! — деди Раъно аламдан титраб. — Сен ҳайвон билан яшагандан кўра, ўлиб кетганим афзал!

— Шошма, — деди ранги оқарган Бўрон, — шошма. Мен ҳеч ким билан келишганим йўқ. Болаларингни, хотинингни ўзим уйингга обориб қўймоқчийдим. Шу ерга келганини яқинда билдим. Роса уришдим.

— Ҳ... ҳе... ҳе, — дея ҳиринглади Ғайбулло, — зўр келса, ялинаркансан-ку! Вой, бойвачча! Пулнинг қулига айланади, деб ўйлаганмидинг? Мен сенга мент эмасман муллажирингга ошиқ бўладиган! Уришганмиш, ўзи оборармиш?! Қулоққа лағмон осма!

— Нима қилаётганингни яхшилаб ўйла. Умринг қамоқда чирийди, — деди милиционерлардан бири уни қўрқитиш учун.

— Қамоқ!!! — деб Ғайбулло пичоқни Раънонинг кўксига қаттиқроқ босди. Тиғ учи аёл терисини озгина кесди, бироқ Раъно бақириб юборишдан тийилиб, тишини-тишига босди. Кўзидан ёши дув-дув оқаверди.

— Дадажон! — дея тиз чўкди Раънонинг кичкина қизи. — Ойимни ўлдирманг. Уларнинг ўрнига мени ўлдиринг, дадажон! Ойижонимнинг айблари йўқ! Биз қочиб келдик!

— Аввал ойингни сўяман, кейин битта-битталаб сенларни тиғдан ўтказаман, ит эмганлар! — деб ўкирди Ғайбулло. Унинг овози эркакшода аёлнинг чинқиришига ўхшарди.

— Ака, — деди милиционерлардан бири, — сиз билан бунақа келишмагандик-ку. Болаларингизни...

— Келишувни биринчи бўлиб сенлар буздиларинг-ку, маразлар. Анавининг пулдорлигини билиб, дарров таниш-билишчиликка ўтиб олдинглар, — деди Ғайбулло пичоқ ушлаган қўли билан Бўронни кўрсатиб. — Биламан, ҳозир мен манави манжалақи синглисини қўйиб юборсам, ҳамма нарсадан айриламан. Айбдор қолиб, менинг ўзимни обориб қамайсизлар. Лекин чучварани хом санабсизлар. Мен сенлар ўйлаганчалик гўл эмасман!

У гапини тугатар-тугатмас Раънонинг кичик қизи “Ой-и-и-и!” деганча шилқ этиб йиқилди. Боласининг ағанаётганини кўрган аёл:

— Қизииим!!! — деб бақириб юборди ва жон ҳолатда эрининг пичоқ тутган қўлини қайирди.

— Войдод! — ўкириб юборди Ғайбулло.

Шу пайт “қарс” этган овоз эшитилди ва унинг панжалари орасидаги пичоқ ерга тушиб кетди. Эрининг чангалидан чиққан Раъно югуриб бориб қизини бағрига босди.

Милиционерлар синган қўлини иккинчиси билан ушлаганча фарёд қилаётган Ғайбуллога ташланишди. Бироқ улар бир неча сонияга кеч қолишганди. Бўрон олдинроқ ҳаракат қилиб, куёвининг ёнига етган ва башарасига қулочкашлаб мушт туширганди. Аксига олиб, Ғайбулло айнан синган қўли билан ерга йиқилди. Оғриқ баттар кучайганидан жони чиқиб кетаёзди. Милиционерлар яна хезланаётган Бўроннинг йўлини тўсиб, гўё ўлим билан олишаётган Ғайбуллони икки ёнидан суяб, кўчага судрашди.

Онанинг силаб-сийпалаши, ўпичлари, иссиқ бағри қизалоқни ўзига келтирди. У кўзини очди-ю:

— Ойижон! — деб йиғлаб юборди.

Орадан ярим соатлар ўтиб, ҳаммаёқ тинчиди. Бироқ ҳалиям барчанинг кўнгли хижил эди. Ҳали-ҳамон бўлиб ўтган воқеа таъсиридан қутула олишмаганди. Шундай эса-да, Фарангиз она-болаларнинг, эрининг кўнглини олишга интила бошлади.

Чой дамлади, овқатга уннади. Дастурхон ёзиш асносида Раънонинг қизлари оқ кўнгил, ҳамма ишнинг уддасидан чиқа оладиган, ширин сўз эканлигини айтиб мақтади. Бироздан сўнг анча ўзини босиб олган Бўрон ҳам бу мақтовга қўшилди. Ғайбуллонинг бефаросатларча қилган қилиғи ҳақида биров оғиз очмади. Лекин Бўроннинг бошига бошқа бир ташвиш келмоқда эди.

(Давоми бор)

Мафия сардори (Биринчи қисм)

Мафия сардори (Иккинчи қисм)

Мафия сардори (Учинчи қисм)

Мафия сардори (Тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Бешинчи қисм)

Мафия сардори (Олтинчи қисм)

Мафия сардори (Еттинчи қисм)

Мафия сардори (Саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўнинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўн иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн учинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн бешинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн олтинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн еттинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўн тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирманчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма биринчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма иккинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма учинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўртинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма бешинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма олтинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма еттинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма саккизинчи қисм)

Мафия сардори (Йигирма тўққизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттизинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз биринчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз иккинчи қисм)

Мафия сардори (Ўттиз учинчи қисм)