66 подписчиков

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)

175 прочитали
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Тўққизинчи қисм)
Носир уйидан анча берида тушиб қолди. Уйини Неъматга кўрсатгиси келмади. Бироқ бироз юрганидан сўнг йўлни бошқа ёққа, Ғайрат аканикига бурди.
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Тўққизинчи қисм)

Носир уйидан анча берида тушиб қолди. Уйини Неъматга кўрсатгиси келмади. Бироқ бироз юрганидан сўнг йўлни бошқа ёққа, Ғайрат аканикига бурди.

Ғайрат ака уйида йўқ экан. Эшикни истарали, оппоққина қиз очди. Унинг юзида ним табассум бор эди.

— Ғайрат ака борми? — сўради Носир.

— Йўқ.

— Қачон келади?

— Билмадим.

— Мени келиб-кетди, — деб айтиб қўярсиз.

— Сизни келиб-кетди, деб қўяман.

— Раҳмат.

Носир ортига бурилди. Икки зина пастлаган эди ҳамки, қиз уни тўхтатди.

— Сиз кимсиз ўзи?

Йигит кулиб юборай деди.

— Мен Ғайрат аканинг топиб олган укаси бўламан. Носирман!

— Ҳмм...

Қиз эшикни ёпар-ёпмас ортидан Ғайрат аканинг хотини ким келганини сўради. «Қандайдир бола, Носирман дейди. Поччам уни қаердандир топиб олган экан», дея жавоб қилди қиз.

Жувон синглисини четга суриб, шоша-пиша эшикни очди.

— Носир! Носиржон! — деди эндигина биринчи қаватга тушган йигитга.

Йигит ким чақираётганини овозидан таниди. Яна изига қайтиб юқорилади. Янгасига салом берди. Сўнг янгаси:

— Ҳали замон акангиз келиб қолади. Сизни роса қидираётганди. Бу бола яна бир ёқларга кетиб қолди, деб хавотир олганди. Уйга кириб, бир пиёла чой ичиб туринг, — деди.

— Уйда ким бор? — сўради Носир.

— Бегона йўқ. Мен, синглим, жиянларингиз бор. Киринг.

Носир эркаги йўқ уйга кирмайди. Дадаси кичиклигидан шундай деб қулоғига қуйган.

— Янга, мен унда ташқарида кутиб тураман. Ҳозир уйдан чиқиб келдим. Ўтиравериб оёқларим толиқди. Шунга кўчада озроқ айланаман, — деди у ва Ғайрат аканинг хотини ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан пастга тушиб кетди.

Беш қаватли уйнинг ҳовлисида гапи ёлғон бўлиб қолмаслиги учун бир муддат айланиб юрди. Кейин ўтирди. Кўз ўнгида эшикни очган қиз намоён бўлди. «Чиройли экан. Юзида кулгичи бор экан. Ғайрат аканинг қайнсинглиси... Эй, аҳмоқ, нимага хаёлингни бузяпсан. Бирдан ёмон ўйга бординг-а. Бечора Ғайрат ака сен учун куйиб-пишиб юрибди. Сен бўлсанг қайнсинглисига кўз олайтирдинг-а. Бўлди, бас қил. Агар яна шунақа қилаверсанг, мен сени шунақа жазолайманки, бир умр эсингдан чиқмайди», дея кўнглидан ўтказди у.

Ғайрат ака нақ бир соат деганда кўриниш берди. У аста-секин қадам ташлаб келар, кўриниши ўта чарчаганидан далолат бериб турарди. «Уйга кириб қотиб ухлайман», деб ният қилиб келаётганди. Носирни кўрди-ю, тўхтади.

— Сен боладан кечаман! Шунақаям қасамхўр бўладими одам?! Муштдай бошингдан девор ушлатиб кетдинг-а! — деди у.

Носир кулди:

— Ака, нега сизни девор ушлатарканман. Келинг, битта кўришайлик! — дея илжайди Носир.

— Кўришармиш. Келган жойингга кет!

— Ака! — дея Носир Ғайрат аканинг ёнига борди-да, уни мажбурлаб қучоқлади ва бир-икки марта кўтариб ердан оёғини узди.

— Нима қилиб ташқарида ўтирибсан? Уйга кирмайсанми?

— Сизни кутдим, акагинам.

Улар қўлтиқлашиб, Ғайрат аканинг уйига киришди. Дастурхон тайёр. Биргина таом сузилиши қолган эди. Ғайратнинг хотини, дарвоқе унинг исми Мастура эди. Эрига садоқатли, у учун яшайдиган, эри яхши кўрадиганини у ҳам яхши кўрадиган, ёмон кўрадиганини ёмон кўрадиган аёл эди. Носир бегона одамлар билан кетганида Ғайрат ака худди ўз укаси безориларга қўшилиб кетгандай сиқилди. Бунинг натижасида Мастура ҳам ҳаловатини йўқотди. Мана, Носир келди. Мастура дарров дастурхон тузашга тушди.

Чойни Мастуранинг синглиси — Баҳора олиб келди. Чойнакни эҳтиёткорлик билан поччасининг олдига қўяркан, Носирга зимдан назар ташлади. У Носир ташқаридалигида ҳам деразадан мўралаганди. Бундан ташқари, опасидан Носир тўғрисида бир-биридан яхши гапларни эшитганди. Аввало, эшикни очганидаёқ бу йигитга нисбатан қизиқиш пайдо бўлганди. Опасининг гапларидан кейин қизиқиши янаям ортди.

— Майли, менга ҳеч нима айтма. Ўзи айтиш ниятинг йўққа ўхшайди. Лекин кўзингга қараб юр. Кейин Ҳалим аканг билан учрашиб турибсанми? — деди Ғайрат ака бир пиёладан чой ичишгач.

Носир «ҳа», дегандай бошини қимирлатиб қўйди. Ғайрат аканинг кўнгли хотиржам тортгач, вокзал тўғрисида гапирди.

Носир тушдан кейин Ғайрат аканикидан чиқди. Эшик ёнида Ғайрат ака билан хайрлашаётиб, унинг ортида турган қиз билан нигоҳлари тўқнашиб кетди. Кўзини шу заҳоти олиб қочди. Аммо ташқарига чиққанидан сўнг Баҳора тўғрисида хаёл сурди. У бирор юз қадамча юргач, ортидан кимдир кузатиб келаётгандай туйилди. Бир сафар туфлисининг ипини боғлаш баҳонасида ортига қараб олди. Шубҳали одамни кўрмади. Ўн қадамча нарида иккита қиз гаплашиб турибди. Бир кампир эса халта кўтариб кетяпти. Яна беш-олти бола нимадир устида баҳслашяпти. Шундан бошқа одам йўқ.

У йўлида давом этди. Бироқ, барибир, биров изидан тушгандай туйилаверди.

Қадамини тезлатиб, катта йўл бўйидаги йўлакдан юрди. Икки бекатча шу тариқа юргач, кўп қаватли уйлар томонга бурилди. Биринчисининг, иккинчисининг ёнидан ўтди. Учинчи беш қаватли бинонинг биринчи йўлагига кирди. Қараса, бинонинг нариги томонидан ҳам чиқса бўларкан. Чиқди ва эшик ёнидаги деворга ёпишиб олди.

Орадан бирор беш дақиқа ўтди. Тўқ-тўқ товуши эшитилди. Юрак уриши тезлашди. Аввалига товуш юқорилади, кейин пастлади ва бу томонга юрди. Қора юбка, пушти ранг кофта кийган қиз йўлакдан чиқди. Носир шу заҳоти унинг қўлидан ушлади. Қизнинг кўзи каттариб, киприклари пирпиради, ранги бироз оқарди. Аммо у тезда ўзини қўлга олиб:

— Тегажоқликнинг бошқа йўли йўқмиди? — деди.

— Нега ортимдан пойлаб юрибсан? — деди Носир ўткир нигоҳини қизга қадаб.

— Тушунмадим? Ортингиздан пойлаб юрибман?! Сизни-я?! — деди қиз ясама жилмайиб.

— Ҳа, пойлаб юрибсан. Сени боя ҳам кўргандим. Нега пойлаб юрибсан? — овозини бир парда кўтарди Носир.

— Жиннимисиз? Қаерда кўргансиз қиз бола йигитнинг ортидан тушганини?! Ундан кейин сиз менинг таъбимга тўғри келмайдиганларга ўхшайсиз.

— Огоҳлантиряпман, агар яна ортимдан юрсанг, ўзингга ёмон бўлади.

— Қўйвор! — дея қиз бир силтаб қўлини тортиб олди. Кейин юзини буриштириб: — Томинг кетиб қолган бўлса, дўхтирга бор! — деб тез-тез юриб кетди.

Носир уни боя туфлисининг ипини боғлаётганида ҳам кўрганди. У адашмаганди.

— Шошма. Энди сен мендан қутулолмайсан, — дея шивирлади у.

Ва бошқа томондан қизни кўздан қочирмай ортидан кетаверди. Қиз талай муддат ортига ўгирилиб қарамай кетди. Аммо бирор икки юз қадамча узоқликдаги бино ёнига етганида ортига қараб қўйди. Табиийки, Носирни кўрмади. Шундан кейин тўхтаб, яхшилаб пойлаб юрганини қидирди. Тополмай, ер тепинди. Кейин бир-бир қадам босганча йўлида давом этди. Носир унинг ўнг томонида эди. Гоҳ дарахтлар ортига яширинар, гоҳ калта «жонли девор» ёнига ўтириб оларди. Ҳеч нарса йўқ жойда қизнинг нари кетишини кутиб турарди.

Қиз бир сафар тўхтаб, ортига юрмоқчи ҳам бўлди. Кейин негадир яна шаштидан қайтди. Охири катта йўл бўйига чиқиб, такси тўхтатди. Шундан кейингина Носир таъқибни тўхтатди.

У Ҳалим аканинг қабулидан чиққанида қуёш уфққа ёнбошлаган, атрофга қоронғилик ёйилган эди.

Носир уйига бормади. Автобусда шаҳарнинг кун ботар томонига кетди. Энг сўнгги бекатда тушди. Бундан бу ёғи шаҳар ташқариси. Йўлнинг икки чеккасида бир-бирига ўхшаб кетадиган уйлар қад ростлаган. Носир кўп ичкарилаб кетмади. Сўл томондаги ўн бешинчи уйнинг дарвозасини қоқди. Бўйи Носирдан бир қаричча баланд одам дарвозани очди. «Яхши келдингизми? Юринг ортимдан», дея уни бошлаб кетди.

Эртасига соат миллари ўн бирга яқинлашганида Носир Толибнинг одами бўлмиш Неъмат билан учрашди. Ўша кеча Носирни қаерга ташлаб кетган бўлса шу ерга келди у. Кўзи қизарган, уйқуга тўймаганидан қовоғи шишган эди.

— Тайёрмисан? — деди у Носир машинага миниб салом бергач.

— Неъмат ака, бир нарсага тушунмадим. Қарздор менман. Нега энди ўша қарзни бир ошхонанинг директори бериши керак?

Неъмат осилган қовоғини баттар осилтириб, Носир томонга ўгирилди-да, жаҳл билан деди:

— Ақлинг етмайдиган нарсани сўрама. Сенга топшириқ берилдими, шуни бажар, тамом. Йўқса, калланг кетади. Олдинги сафаргидай осонгина қутулиб кетаман, деб ўйлама. Кейин ҳаддан ортиқ гапираркансан. Тилингни кесиб олишмасидан тий. Уқдингми?

Машина биринчи ошхона қаршисида тўхтади.

— Бизда, — деди машина моторини ўчирган Неъмат, — иш бажарилади. Ортиқча гап кетмайди.

— Бажарамиз.

Носир машинадан тушди. Бир қур ён-атрофга қараб олди ва ойнаванд ошхона томонга юрди. «Ишқилиб, директор бирон жойга кетган бўлсину, мен уни тополмай», дея кўнглидан ўтказди. Ҳамда эшик ёнига борди. Тутқичдан ушлаб тортди. «Қулф бўлсин», деди. Аммо қулф эмаскан. Камига ичкарида уч-тўртта аёл стол-стулни артиб юрибди.

— Менга директор керак эди, қаердан топсам бўлади? — сўради аёлларнинг эшикка яқинидан.

— Залнинг охиридаги эшикдан кирсангиз, йўлак бор. Бироз юриб, ўнгга қайриласиз. Чап томондаги иккинчи эшик.

Носир хоҳламай кўрсатилган томонга кетди. Директорнинг эшигини қоқди.

— Ким? — деган овоз келди ичкаридан.

Носир жавоб бериб ўтирмади. Эшикни очди. Ва тўрда кўзойнак таққан, қоғоз титкилаб ўтирган семиз кишини кўрди.

— Қарзга келдим! — деди Носир салом ҳам бермай.

Ошхона хўжайини кўзойнагининг тепасидан унга ижирғаниб қаради. Лаб-лунжини артди. Шошилмасдан пиёласига чой қуйди, сўнг бошини қашлади-да:

— Қанча қарзим бор? — деди.

Дарҳақиқат, Носирга қанча пул олиш кераклиги айтилмаганди. Шу сабаб у бир лаҳзага ўйланиб қолди. Бу вақт оралиғида директор чўнтагидан йириккина беш тийинликни чиқарди-да, столнинг устига тақ этказиб қўйди.

Уни кўриб олдинига Носирнинг пешонаси тиришди. Кейин жилмайди ва ўта чаққонлик билан столни айланиб ўтди-да, директорнинг билқиллаган семиз қўлини орқасига қайирди. Шунчалик қаттиқ қайирдики, шўрлик директор инграб юборди.

— Мени тиланчи, деб ўйладингизми?! — деди Носир таҳдид билан. — Тиланчига ўхшайманми?!

— Сени биринчи марта кўриб турган бўлсам, қандай қарзим бўлади?! — дея ингради директор.

— Биқиниб ўтиравермасдан кўчагаям чиқиб туриш керак! — деди унга Носир.

— Қанақа боласан, отанг тенги одамни қийнаяпсан! — деди афти бужмайиб кетган директор.

— Отам тенги одам одам қилмайдиган ишларни қилиб юрганидан уялмагач менга нима фарқи бор?! Қарзни эсладингизми?

Директорнинг пешонасидан тер чиқиб, юзи қизарди. Кўзини чирт юмди ва йиғлаб юбормаслик учун тишини тишига маҳкам босди. Оғриқ эса борган сайин кучаяверди. Охири чидаёлмай:

— Бўлди, бераман, қўйвор! — деди.

Носир кулди, сўнг унинг қўлини қўйиб юборди.

Директор шундай енгил тортдики, кўзини очмасдан чуқур-чуқур нафас олди ва қўлини силади. Илгари ҳам у бир марта шундай азобланган. Ўшанда Толибнинг бирйўла тўртта йигити азоб беришган. Фақат бошқача усулда ва бошқа жойда.

— Бунча қаҳринг қаттиқ. Чиндан ҳам Толибнинг одамимисан? Сендан кейин яна бирортаси пул сўраб келмайдими? — деди директор кўзини очиб Носирга юзланаркан.

— Агар вақтида тўлаб турсангиз, келмайди.

— Исминг нима сенинг?

— Носир.

— Носирбой, менинг исмим Халил. Шеф қаердан топади сенга ўхшаганларни, билмайман.

Халил секин ўрнидан турди ва оғир-оғир қадам босганча хона тўридаги сарғиш шкаф ёнига бориб, унинг эшигини очди. Ичкарида сейф кўринди. Бу сейфга қанча пул кириб-чиққанини Халилнинг ўзи ҳам билмайди. Қўяди-олади. Қўяди-олади. Фақат қўйган пулининг ва олган пулининг миқдорини билади. Умумий суммани ҳисоблаб қўйиш унинг хаёлига ҳам келмайди. Ҳафсаласи ҳам йўқ. Аслини олганда, ҳозир сейфдан оладиган беш минги ҳеч нарса эмас. Чунки биргина чойнинг ўзидан анча-мунча даромад кўради. Ўзиям чоймисан чойда... Бунақанги чой бошқа бирорта ошхона, қаҳвахона ва ҳаттоки ресторанлардаям учрамайди. Яна қиммат. Нақ ўн беш тийин. Бироқ бундан биров нолимайди. Чой зўр бўлгандан кейин нархиям қиммат бўлади-да. Бу ёғи ичаверасан, ичаверасан, лекин сира тўймайсан. Суви бошқа ва ёки қуруқ чойни махсус бир жойдан келтирса керак, деб ўйларсиз. Лекин ундаймас, бу чой ҳам дўконларда тахланиб ётган паст навли кўк чой. Сув ҳам ошхонанинг ёнгинасидаги қудуқдан олинади. Аммо чойнинг мижозлари шунақанги кўпки, баъзилари саҳардан келиб олишади. Мижозларнинг оғзидан чиқадиган биринчи гап: «Чой келтир!» Кейин яна чой. Яна чой... Аста-секинлик билан ошхона мижозга тўлади. Ҳар битта одамнинг олдида биттадан чойнак. Аслида, ошхонанинг бунча чойнаги йўқ эди. Директор «Синиб қолди» ва шунга ўхшаш баҳона-важлар кўрсатиб, базадан ундираверган. Кейин стол-стул ҳам ортиқча. Директор жанобларининг шахсан ўзи чўнтагидан пул бериб ясаттирган буларни. Қарабсизки, пул ўз оёғи билан ким ўзарга тушиб югурганча Халилнинг чўнтагига кириб келяпти.

«Халилбой, бу чойингизнинг сири нимада?» дея сўрагувчилар кўп бўлган. Халилда эса ҳамиша жавоб тайёр: «Ошхона орқасига ўтсангиз, эллик тонналик цистерна турибди. Сири шунда. Мен унга тоғдан, булоқдан сув олиб келиб қуяман. Сув шифобахш минералларга бой. Булоқнинг қаердалигини эса сизларга айтолмайман. Энди буниси бизнинг сир».

Чой ичгандан кейин одамнинг қорни ҳам очқаб кетади. Бериладиган гўшт, майда-чуйдалар тушга бормасдан тугайди. Айниқса, гўшт жуда тез ейилиб кетади. Қолган пайти одамлар қуруқ нон билан чой ичиб кетавермайди-ку. Шу боисдан ҳам Халил ҳар куни саҳарда бозорга тушади. Уч баробар кўп нарса харид қилади...

Кутилмаганда Толибнинг йигитлари Халилнинг сирини билиб қолишди. Ва дағдаға қилиб келишди. Олдинига азоблашди, кейин юзига сирини айтишди. Мана энди Халил уларга ҳар ой беш мингдан беряпти. Бундан ташқари, бир-икки даврада ошхона «ака»га тегишли эканини айтиб қўйганди, текшир-текширлар ҳам камайиб қолди.

— Бунисини шефнинг ўзидан сўрайверасиз. Жа қўймасангиз, ёнига олиб бораман, яхшилаб тушунтириб қўяди, — деди Носир.

Халилнинг баданида чумоли ўрмалагандай бўлди.

— Ўлибмизми шу нарса учун ҳам шефни безовта қилиб. Энди обшепитдаги бир-иккита нафсингга ўт тушгур келиб шилганидан кейин шефга вақтида беролмадик-да ҳақини. Келгуси сафар, насиб бўлса, вақтида ҳал қиламиз. Келиб бир оғиз айтсангиз бўлди, укам, — деди Халил ва сейфдан бешта қип-қизил ўн сўмлик тахламни олди-да, Носирнинг олдига қўйди: — Мана!

— Келгуси сафар келиб ўтирмайман. Жойини айтаман, етказасиз, — дея Носир ўрнидан турди. — Қоғоз беринг, унганини ҳаммага кўз-кўз қилиб кетавермайман-ку.

Халил ижирғанди. «Олдингилари ўзи билан идиш олиб келишарди. Бу сўтакда шуям йўқ», дея кўнглидан ўтказди.

Носирнинг оғзи қулоғида эди. Ошхонадан ғўддайиб чиқди. Ишни бундай тез, силлиққина бажарганимни билган Неъмат ҳайрон қолади, деб ўйлади. Аммо Неъматнинг бир туки ҳам ўзгармади. Бир оғизгина «Олдингми?» дея сўради. «Ҳа», жавобини олгач, машинани юргизди. Кейин навбатдаги ошхонага боришди.

Буниси Халилга нисбатан анча пишиқ экан. Аниқроғи, жонини қадрларкан. Шунинг учун эшикка тўртта қўриқчи қўйибди. Қўриқчилар овқатланиш залига кирсангиз, миқ этишмайди. Ундан нарига ўтмоқчи бўлсангиз, дарров йўлингизни тўсишади. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

— Қаерга? — сўради паканагина йигит.

Носир дарров жавоб бермади. Олдинига паканага бошдан-оёқ қараб чиқди. Кейин:

— Ўзинг кимсан? — деди.

— Мана шу жойда ишлайман. Ошпаз ёрдамчисиман.

— Унда бориб ёрдамчилигингни қил, менинг сенда ишим йўқ.

Пакана бирдан эшикни уч марта тақиллатди. Ичкаридан гуриллаган қадам товуши эшитилди. Сўнг эшик очилиб, учта бақувват йигит олдинма-кетин чиқди.

— Нима гап? — деди улардан бири паканага.

— Рухсатсиз ичкарига кирмоқчи, — деб пакана Носирни кўрсатди.

— Йўқол!

Носир ортига ўгирилди. Қувиб юбораётганлар уни кетяпти, деб ўйлашди. Бўшашишди. Ва шу пайт бирининг юзида, иккинчисининг оёқлари орасида, учинчисининг биқинида оғриқ турди. Воқеа жуда тез содир бўлганидан улар нега бунақа бўлаётганини англашолмади ҳам. Ҳар учовининг ҳам кўз олди қоронғилашди... Навбат паканага келган эди. Пакана чатоқ чиқиб қолди. У бир пуфлашда ағдараман деган Носирнинг иккита зарбасига чап берди. Сўнгра чаққонлик билан ҳозиргина мушт еб, эндигина нафас ола бошлаган шеригининг елкасига (у икки букилиб турарди) бир оёғини қўйди-да Носирнинг нақ белига тепди. Носир ағнади. Яхшиямки пакананинг вазни енгил, шунга яраша оёқларининг кучи ҳам унчалик кўп эмас. Акс ҳолда шу уришда Носирнинг белини бир ёқли қилиб қўярди. У йиқилгани заҳоти чаққонлик билан ўрнидан туришга уринди. Аммо пакана яна ундан ўтиб тушди. Тиззасининг орқасига теккан тепки Носирнинг кўзидан ўт чақнатиб юборди. Энди бу ёғига ҳийла ишлатмасдан иложи йўқ эди Носирнинг. У туриш ўрнига шиддат билан эмаклаб, зал столининг остига кириб кетди. Сўнг нариги ёқдан бир қўлига стул олганча чиқди. Пакана бу сафар озгина эътиборсизлик қилди. Столнинг устига сакраб чиққанда-ку ютарди. Бироқ у столни айланиб ўтмоқчи бўлди... Стул унинг елка аралаш қўлига тегди. Аммо у йиқилмади, ўзини йўқотмади. Бироқ ҳаракати сусайди. Кейин бир қўлини кўтаролмай қолди. Агар шовқин-суронни эшитиб, ичкаридан хўжайини чиқиб қолмаганида Носир паканани ҳам ағдарарди. Шу билан бирга, ўзига келиб қолган анави учтаси билан олишишга тўғри келарди.

— Нима шовқин?! — бақирди хўжайин қўпол овозда.

Ҳамма баробарига унга қаради.

— Сен итлардан нима шовқин, деб сўраяпман?!

— Манави, — деди бироз ортига чекинган пакана қўлини силаркан, — рухсатсиз ёнингизга кирмоқчи бўлди.

Ошхона директорининг исми Абдурауф эди. Сочи тикка ўсган, қошлари қалин, бурни катта, тарвуздай қорни бор, ўнг қўлининг ўрта бармоғига узук тақиб юрадиган оғзи тўла тилла тишли одам.

У Носирга қаради. Сўнг «Бир ўзи шунчага қарши чиқибдими, демак, бу болада нимадир бор», дея хаёлидан ўтказди у. Сўнг:

— Юр, мен билан, — деди Носирга.

Улар директорнинг хонасига киришди. Абдурауф тўрда «Т» шаклидаги столнинг ортидаги юмшоққина курсига ўтирди.

— Хўш, гапир, — деди у рўпарасидаги Носирга, — нимага келдинг? Нима ишинг бор эди менда?

— Қарзни тўланг, — деди Носир беписандлик билан.

— Қарз? — ҳайрон бўлди директор. — Мен сени биринчи марта кўриб турган бўлсам. Сен билан менинг орамда қандай қарз бўлиши мумкин?

— Ҳар ойда тўлаб борадиган қарзингиз. Бу ой тўламадингиз. Менга қандай қилиб бўлса ҳам пулни ундириш топширилган.

— Ҳмм!.. Кимлигингни энди билгандай бўлдим, — деди иржа-йиб Абдурауф, сўнг кулиб қўйди. — Келган экансан, йигитларга бир оғиз «Мен Толиб аканинг одамиман, шефда ишим бор эди», десанг олам гулистон эди-ку. Муштлашиш шартмиди?! Яхшиям, бахтларингга мен чиқиб қолдим. Бўлмаса бир-бирингни бир нарса қилиб қўярдинглар.

— Кўп гапираркансиз. Пулни чиқаринг, тамом-вассалом! — деди Носир қўрслик билан.

— Бўлди, гап йўқ. Битта қўнғироқ қилиб олишга рухсат берарсиз?! — дея кесатди директор.

У стол бурчагида турган телефоннинг гўшагини кўтарди. Рақам терди. Ва Носирга қараб «Алло! Одам жўнатибсан, бир оғиз айтмайсанми? Муштдай болага ҳамма нарсани ишонаверасанми? Ким? Шеф. Бўлди, тушунарли. Ҳар бало деяверма, имкон бўлмай қолди. Қанча?.. Инсоф... Бўлди-бўлди, қизишма. Хўп, бажарамиз», деди.

Сўнг гўшакни жойига қўйди. Пешонасини қашлаб бир муддат хаёл суриб турган бўлди-да, столнинг тортмасидан йирик пулларни чиқарди. Ҳаммаси йигирма беш сўмлик. Икки тахлами беш минг сўм. Ҳар сафар бунча пулни бераётганида ичидан бир нима узилгандай бўлади директорнинг. Лекин қани эди миқ этолса. Тилининг қисиқ жойи бор. Аввалига Толибнинг «Ўлдираман, бутун уруғ-аймоғингни йўқ қиламан», деган дағдағаси, кейин ўзининг ҳам «хом»и борлиги. Баъзан у «Ошхонани кечки пайт ресторанга айлантириш шартмиди?!» деб ўйлайди. Тинчгина куни билан хўрандаларга хизмат қилса-ю, кечки пайт уйига борса... «Йўқ», дейди яна ўзига-ўзи. Биринчидан, қуруқ ойликка бола-чақани боқиб бўлмайди. Иккинчидан эса, ғишт қолипдан кўчиб бўлган. Демак, соат бешдан кейин ошхона ресторанга айланиши, унинг иккита йигити эшик ёнида туриб, ҳар битта кирувчидан икки сўмдан олиши шарт (Қизлардан бир чақа ҳам олинмайди). Шунингдек, кабоб ҳам кундузгидек ўттиз тийиндан эмас, бир сўмдан бўлади. Албатта, сал каттарган ва мазаси яхшиланган. Мусиқа янграйди. Залнинг ўртаси рақс майдончасига айлантирилади... Мижозларнинг ҳар бири камида ўн сўм ташлаб кетади. Баъзилари эллик тўлаб чиқиб кетса, гоҳ-гоҳида юз-икки юздан берадиганлари ҳам топилади. Натижада Абдурауфнинг чўнтаги қаппайгандан-қаппаяверади... Минг афсуски, олмоқнинг бермоғи ҳам бор экан. Мана, бериб юрибди. Агар бермаса, осон қутулдим деганда етти-саккиз йил панжара ортида ўтириб чиқиши керак. Чунки ошхонанинг ресторан мақоми йўқ. Абдурауф бировдан сўрамай, рухсатнома олмай, ўзи кечки пайт ресторанга айлантириб олади.

— Бундан кейин вақтида узиш эсингиздан чиқмасин. Кейин анави қўриқчиларингиз дуч келганга ташланиб қолаверишмасин! — деди Носир ва ўрнидан турди.

Неъмат унга ҳайратланганча тикилиб турарди.

— Нега бундай қараяпсиз? Одам кўрмаганмисиз? Ҳайданг машинани, — деди Носир ва бурнини тортиб қўйди.

Неъматнинг ҳайратланганича бор эди. Халилдан бирон нима ундириш осон. Чунки у атрофида одам тўпламаган. Лекин Абдурауфнинг қўриқчилари бор. Осонликча жон берадиганлар хилидан эмас у.

— Қандай олдинг? — деди Неъмат моторни ўт олдираркан.

— Оддий. Бордим, олдим, қайтдим, — жавоб берди Носир.

— Кўпроқ қолиб кетдинг.

— Қўриқчилари бор экан. Шулар билан озгина «салом-алик» қилишимга тўғри келди.

— Нима, ҳаммасининг абжағини чиқариб ташладингми?

— Жа унчаликмас. Лекин ҳарқалай, бир нима-бир нималар бўлди. Пулнинг ҳаммасини олдим. Олам гулистон.

Шеф дам олишдан қайтиб келган экан. У ишхона қилиб олган пойабзал фабрикасига олиб боришди пулни. Толиб директор эмас эди. Рўйхатда оддий ишчи бўлиб турарди. Аммо унинг учун нақ тўртта хона ажратилган ва ўша хоналар шоҳона қилиб безатилганди. Толибнинг иши чой ичиш, телевизор кўриш, кейин олди-берди билан шуғулланиш. Аниқроғи, у бу ерда фақат олади. Етарли миқдорда келтирмаганларни жазолайди. Жазо бу ерда эмас, шаҳар ташқарисидаги уйининг ертўласида бажарилади. Толиб у ёққа бормайди. Унга расмини келтиришади. Яна бошқа маконларда ҳам жазо ижро этилади, масалан, Носир ташлаб кетилган завод биносида...

— Эшитдим, эшитдим, — деди Толиб ўрнидан туриб керишиб қўяр экан. — Иккови ҳам иштонини ҳўл қилиб қўйдими?

— Йўқ.

— Эсиз. Агар шундай бўлганида маза қилардим. Энди сен уйингга боравер. Керак бўлсанг чақираман. Ма, — деб Толиб пуллар орасидан ўнтачасини (йигирма беш сўмликдан) ажратиб олиб, Носирга тутқазди. — Бугун биринчи марта одатимга хилоф иш қиляпман. Ол, берганимда ол. Зарур бўлса, тортиб оламан. Ха-ха-ха!

Носир яна кимнингдир кузатаётганини сезди. Ич-ичидан шундай туйилаверди. Бир неча марта тўхтаб, киши билмас ён-атрофга, орқасига қараб олди. Аммо шубҳали бирорта одамни кўрмади.

* * *

Гуллола отаси ҳақидаги хабарни эшитганида эти жимирлаб кетди.

— Ҳаммаси, — деди у гўшакни қўяркан пичирлаб, — мени деб бўлди. Ҳаммасига мен айбдорман. Анави шўртумшуқлар дадамга бирон нима деган.

У қоровулхонадан чиқиб, зина бўйлаб юқорига кўтарилди. Шоша-пиша кийимларини сумкасига жойлади-да, пастга тушиб кетди. Уйига етиб келгунича хаёлан минг битта кўчага кириб-чиқди. Бахтига онаси уйда экан. Остонада ўтирганча минғирлаб бир нималарни гапиряпти. Четдан қараган одам уни телба дейиши аниқ. Гуллоланинг ҳам хаёлига шу нарса келди. Ичидан яна бир марта зил кетди.

— Ая! Ая! — дея бехосдан қичқириб юборди.

Ваҳоланки, бундай қилмоқчи эмасди. Раъно чўчиб, бошини кўтарди. Гуллола югурди. Раъно турди. Иккиси қучоқлашишди. Иккиси ҳам йиғлади. «Ҳаммасига мен айбдорман», деди Гуллола йиғи аралаш. Раъно ҳеч нима демади. Улар бир-икки дақиқа шундай турганидан кейин ичкарига киришди. Раъно қизига бўлган воқеани оқизмай-томизмай гапириб берди.

— Ая, — деди бир нуқтага термилиб турган Гуллола, — индамай кетаверамизми? Улар дадамни шу аҳволга солишса ҳам индамаймизми? Эрта бир кун уйимиздан қувиб чиқаришса ёки тўполон кўтариб келишса ҳам индамаймизми? Бир нима қилишимиз шарт!

— Қизим, улар билан тенглашиб бўлмайди. Мана, бир марта уйига бординг, нима бўлди. Тинчлик керак. У ёғига Худо пошшо. Овқат тайёрлаб қўйибман. Кийимларингни алмаштиргин-да дадангнинг ёнига бориб кел. Шошма, икковимиз бирга бора қоламиз.

Гуллола лабига суртилган бўёқни, юзидаги упани ювиб ташлади. Уйда кийиб юрадиган оддий кийимини кийди. Аммо шу ҳам унга ярашди. Шу ҳам уни очиб юборди. Буни ўзи ҳам сезди.

Унинг бир ўзини отаси ётган жонлантириш хонасига киритишди. Дадасининг кўзи юмуқ, у бир маромда нафас олмоқда эди. Гуллола дадасига тикилиб, у билан хаёлан гаплашди: «Дада, мен, барибир, ўчингизни оламан. Биламан, сиз мени деб шу аҳволга тушдингиз. Агар мен ўша шўртумшуққа тегишга рози бўлганимда ҳозир яйраб юрган бўлардингиз. Аммо мен бундай қилолмайман. Бир умр қийналиб яшашни истамайман. Биласизми, эридан норози бўлганларнинг қўлидан ҳар нима келади. Ҳеч нимадан қайтмайди улар. Ҳаттоки... Йўқ, буни мен хаёлимда ҳам айтолмайман. Юзим чидамайди... Майли, нима бўлса бўлди. Энди уларни сиздан баттар аҳволга солмагунимча тинчимайман. Ҳа, ўша шўртумшуқ, менга уйланмоқчи бўлган пасткаш биринчи ўринда азоб тортади. Дада, сизга ваъда бераман... Ундан кейин сиз тузалиб кетасиз. Менинг тўйимни кўрасиз. Чин кўнгилдан рози бўлиб, ўзим танлаган йигитга турмушга берасиз. Ҳамманинг олдида юзингиз ёруғ бўлади».

Гуллола шу гапларни айтаркан кўзидан дув-дув ёш оқарди.

У тизалаб ўтирди. Дадасининг қўлини кафтлари орасига олди. Юзига босди, ўпди. Шу пайт ҳамшира келиб, чиқиши кераклигини айтди. Гуллола секин ўрнидан турди-да ҳамшира томонга ўгирилди ва:

— Бу касалликдан тузалганлар борми? — деди.

— Бор. Яхшиликдан умид қилинг, — дея тасалли берган бўлди ҳамшира.

Аммо унинг сўзлари шунақа қуруқ чиқдики, бундан Гуллола «Ҳамма иш пишган. Энди беморнинг жони узилишини кутиш қолди», деган нарсани тушунди. Ва баттар эзилиб, чиқиб кетди хонадан. Йўлак ўриндиғида ўтирган Раъно қизини кўриши билан ўрнидан туриб, унинг ёнига келди. Эрининг аҳволи қандайлигини тахминан билса ҳам «Тузукми?» — деди.

Гуллола гапиролмади. Бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини қилолди, холос.

Она-бола уйига қайтаётганида қуёш бугунги сўнгги нурларини сочаётганди. Йўлда таниган-билганлар улар билан кўришишди. Эшитмаганлар Абдуалимнинг ҳолини сўрашди.

Улар ниҳоятда ҳориб уйга кириб келишди. Раънонинг бошқа болалари ҳаммаси уйда экан. Дарров опа билан онанинг ёнига келишди. Чуғурлашиб, бири қўйиб бошқаси уйдаги ишларнинг барини саранжомлашганини айтишга тушиб кетишди. Шу пайт дарвоза тақиллаб қолди.

— Ая, сиз чарчадингиз, уйга киринг. Мен ўзим очаман, — деди Гуллола ва ортига қайтди.

Дарвозанинг кичик табақасини очди. Қараса, Содиқ иржайиб турибди. Олдидаги учта тиши йўқ. Оғзи худди ғорга ўхшайди.

— Яхшимисиз? — деди у.

— Нима керак? — жаҳл билан сўради Гуллола.

— Пулга келгандим, — дея ундан кўзини олиб қочди Содиқ.

— Қанақангни пул? — деб энсасини қотирди Гуллола.

— Қанақа бўларди?! Абдуалим аканинг қарзи-да. Уйда бўлса чақирсангиз, гаплашсам.

— Дадам уйда йўқ. Келса гаплашасиз.

— Эй-й, бу нима деган гап. Бир ойдан бери алдаб келади. Эрта-индин... Жонимга тегиб кетди. Менга пул керак. Қарз бўлганидан кейин бермайдими одамга ўхшаб. Лекин ёмон афирист одам экан, дадангиз.

— Оғзингизга қараб гапиринг! — деди жаҳли чиққан Гуллола.

— Афиристни афирист дейди-да. Бўлмаса шунча вақтдан бери алдаб юрадими?

— Неча пул бериши керак эди дадам? — деди унинг гапларидан қийналиб кетган Гуллола.

— Ўн беш минг сўм!

— Нима?!

— Ўн беш минг сўм! Энди тушундингми?! — деди ҳозиргина сизлаб турган Содиқ башарасини бужмайтириб.

— Бошқа нарса ўйлаб тополмадингизми? Яхшилаб эсланг, балки, ўттиз мингдир? — дея киноя қилди Гуллола.

— Мен ҳазил гап айтаётганим йўқ. Кейин Абдуалим ака қаерда ётганидан ҳам хабарим бор. Агар сенлар бу ёғини тўғирламасанглар, ҳозир касалхонага бораман-да, ўзидан сўрайман. Очиғини айтсам, менга пул муҳимроқ. Даданг яна асабийлашиб, қон босими ошиб, бир бало бўлиб қолиши мени қизиқтирмайди.

Гуллоланинг бутун вужуди титраб кетди. У ғазаб билан Содиққа тикиларкан:

— Тишларингиз ҳали ҳам кўпга ўхшайди. Бирйўла жағингиз билан бирга суғуриб олинганида яхшироқ бўлармиди? — деди.

— Ҳа-а, гап бу ёқда денг, ойимча. Демак, ўша бола йигитингиз бўларкан-да. Аммо у бунинг учун жавоб беради. Бизда ҳеч нарса шунчаки ташлаб қўйилмайди. Ҳозир пулни ҳал қилайлик, ундан кейин йигитингизга навбат келади. Бобурнинг ҳурмати учун индамагандим. Энди қўймайман!

— Овора бўласан. Итнинг ҳунари итлик. Ундан наримас!

— Ҳов, ким ит? — дея қўлини мушт қилди Содиқ.

— Сен итсан!

— Ҳали шошмай тур, шу гапинг учун пушаймон едирмасам, отимни бошқа қўяман!

— Ҳозирдан Олапар деб ўзгартиравер исмингни! — дея Гуллола ортига бурилди.

Унинг кетиб қолишидан чўчиган Содиқ қизнинг қўлидан ушлади ва шу онда юзига шапалоқ тушди. Содиқнинг кўзидан ўт чақнаб кетди. У ўзини ўнгламай туриб дарвоза қарсиллаб ёпилди.

Раъно ичкаридан дарвозахонага тикилиб турарди. Унинг ортида бўлаётган гаплар бир эшитилиб, бир эшитилмасди. Шу боис у чала-чулпа тушунди.

— Нима гап, Гули, ким келган экан? Сен билан уришдими?

— Қўяверинг, ая. Битта сўхтаси совуқ келиб алжираб ётибди. Гапининг тайини йўқ. «Тур, йўқол!» деб дарвозани ёпиб қўйдим.

Гуллола шундай дейиши билан дарвозага қарсиллаб тош тегди.

— Вой, қўлгинанг сингур! — деб юборди Раъно.

Гуллола эса лабини тишлади. Раъно дарвоза томонга юрди. Шунда яна битта тош дарвозага тегди. Раъно юришдан тўхтади. Гуллоланинг қони қайнади. «Ҳозир мен сен пасткашга кўрсатиб қўяман», деб дарвоза томонга югурди. Эшикни очди ва бирдан энгашди. Аммо улгурмади. Тош унинг нақ пешонасига тегди. Қизгина «Вой!» дея қичқирди ва ўтириб қолди. Тош теккан жойини ушлаб, йиғлаб юборди. Воқеа бундай тус олишини кутмаган Содиқ қочишга тушди. Раъно эса унинг орқасидан тинмай қарғади.

(Давоми бор)

Тоғ кўчкиси (Биринчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Иккинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Учинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўртинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Бешинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Олтинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Еттинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Саккизинчи қисм)

Тоғ кўчкиси (Тўққизинчи қисм)