66 подписчиков

Жаҳолат қурбонлари (Учинчи қисм)

397 прочитали
Милиционернинг туси ўзгарди. Гапларим унга ёқмаганлиги шундоққина кўриниб турарди.
Муаллиф: Нуриддин ИСМОИЛОВ (“Ўлимга маҳкум қилинганлар” асари давоми)
  • (Учинчи қисм)

Милиционернинг туси ўзгарди. Гапларим унга ёқмаганлиги шундоққина кўриниб турарди. Эҳтимол, у сўроғини, суриштирувини давом этказган бўларди, агар дўхтирлар Бўрибой чолнинг ўз ажали билан ўлганлигини айтишмаганида.

— Барибир, лабораторияда яна бир марта текширувдан ўтказиш керак, ҳар бало бўлган бўлиши мумкин. Орамизда профессионал борлигини эсдан чиқармаслигимиз зарур, — деди ҳалиги милиционер менга киноя билан кулиб қараб қўяр экан. — Собиржон, сиз билан эса эртага идорада яна бир бор дийдорлашамиз деган умиддаман.

1-қисмни ўқиш

«Тўрт оғиз гапинг билан кимлигингни билдириб қўйдинг-ку, яна дийдорлашишга бало борми? Мени идорангга олиб бориб бошқаларга кўз-кўз қилмоқчисан-да: «Кўриб қўйинглар, мен биронтанг қилолмаган ишни бажардим. Нақ Собирнинг ўзини олиб келдим...” Шу ўй хаёлимдан ўтди. Шу билан қайсидир маънода кибрландим. Балки бу менинг катта хатойимдир. Ахир бизга «Сизларда ички мақтанчоқлик ҳам бўлмаслиги керак», деб ўргатишганди. Лекин айни дақиқада шундай қилгим келди. Азбаройи мени ўзича сўроққа тутганидан ғурурланаётган одам шунга мажбур этди... Қизиқ, кибрланишингни айтиш билан ҳам кибрланиб қўйишинг мумкин экан. Ҳозирги лаҳзада шуни ҳис этиб турардим.

— Болам, — деди отам биз уйга қайтиб келганимиздан кейин рўмолчаси билан пешонасидаги терни артар экан, — сени бир ўқитиб юбормасак бўмайдиганга ўхшайди. Ора-чора иримини ҳам қилиб туриш керак.

Иккинчи қисмни ўқиш

— Нимага? — дедим ҳайратланиб.

— Кўриб турибсан-ку, қаерга борсанг, қандайдир палакат оёғингнинг остидан чиқаяпти.

Мен бўшашиб қолдим. Отамнинг гапида жон борга ўхшади. Ўйлаб қарасам, охирги икки йилнинг деярли ҳар куни мен учун таҳликали ўтган экан. Нега айнан шундай? Нега айнан мен? Саволларга жавоб бериш оғир эди. Ёки буларнинг тагида недир синоат ётибдими?

— Майли, ота, сиз нима десангиз шу. Ҳақиқатан ҳам менга нимадир бўлганга ўхшайди. Сиз айтгандай ўқитиб юборсак, ҳаётим изига тушиб кетар.

— Яхши. Энди пулни нима қиламиз, эгаси ўлди...

— Васиятни бажарамиз, ота. Бошқа иложимиз йўқ.

Отам бошини эгиб бир оз ўйланиб турди-да, битта-битта оғир қадам ташлаб уйга кириб кетди. Мен сўри остидаги чорпояга чиқиб чўзилдим. Бир муддат кўзимни юмдим. Вужудимга ажиб бир лаззат, ором кирди. Кейин бирдан хаёлимга мактаб директорига берган ваъдам келиб, ўрнимдан сапчиб туриб кетдим. Ва тез-тез кўча томонга кетаётганимда синглим тўхтатиб, тушлик тайёр бўлганлигини айтиб қолди.

— Кейинроқ келаман, — деб йўлимда давом этдим.

Борсам мактаб директори энди дарсга кириб кетаётган экан, мени кўрди-ю, ўқитувчилардан бирига дарсига қараб туришни тайинлаб, мени хонасига бошлади. Суҳбатимиз узоқ давом этмади. Ҳар куни тушдан кейин соат бирдан учгача, болаларни гуруҳ-гуруҳга бўлиб шуғулланадиган бўлдим. Директор билан келишиб бўлганимиздан сўнг у илмий бўлим мудирини чақириб, режасини унга айтди ва бугунданоқ эълон осиб қўйишни, эртадан бошлаб тўгаракка қатнашувчи ўқувчиларнинг рўйхатини олишни буюрди.

Мактабдан чиққанимдан кейин негадир ўзимни енгил ҳис қила бошладим. Бир зум эрталабки дилхираликлар ҳам хаёлимдан кўтарилди. Ярим йўлга етганимдан кейин бирдан бошқа нарса эсимга тушиб қолди. Бу эса эрталабки воқеага тааллуқли эди. Милиционер дўхтирларнинг хулосасидан қониқмади. Лабораторияга борганидан кейин улар бошқача хулоса қилишлари мумкин-ку, албатта, милиционер билан биргаликда. Хулосанинг қандай натижа беришини ўзимча тусмолладим-у, “Ё Худо!” деб юбордим ва қадамимни янада тезлатдим.

Кечикишимга озгина қолибди, тиббий экспертиза марказини излаб топиб боргунимча (илгари бирор марта ҳам ишим тушмаганлиги боис унинг қаердалигини билмасдим), мени сўроқ қилиб ўзгача бир роҳат топган милиционер у ердан ишини битириб иржайиб-тиржайиб қайтаётган экан. Энди менга биргина йўл қолган эди. Яъни, уни гипноз ҳолатига киритиб, Бўрибой чолнинг вафоти билан боғлиқ хулосани олиб ўқиб кўриш. Милиционерга яқинлашар эканман, вужудимдаги бор қувватимни кўзимга тўплаб, рўпарамдаги одамга йўналтирдим. Бахтимга ташқи куч — биотаъсирга унинг мойиллиги баланд экан. Хаёлан унга “Тўхта!” деган буйруқ бердим. Бир-биримизга етишимизга икки қадамча қолганида у буйруғимга бўйсуниб, жойида қотди. Мен унинг ёнига келдим-да:

— Исминг нима? — дея сўрадим.

— Алишер, — жавоб қилди у.

— Алишербек, лаборатория қоғозини менга бер.

У қўлтиғидаги папкани очди-да, унинг ичидан бир варақ қоғоз олиб менга узатди. Ўқидим. “Эшонқулов Бўрибой, паспорти бўйича бир минг тўққиз юз йигирма саккизинчи йилда туғилган... Юмшоқ предмет оғзига босилиши натижасида ўлган”. “Юмшоқ предмет нима бўлиши мумкин?” дея ўйладим ва Бўрибой чолнинг қоровулхонасидаги эсимда қолган нарсаларни бирма-бир хаёлимдан ўтказа бошладим. “Ёстиқ, шундан юмшоқроқ предметнинг ўзи йўқ. Ухлаётганда ёстиқ оғзига босилган. Чол шундан бўғилиб ўлган”. Ҳар қалай, кейинчалик, жиноий иш очганларидан кейин “дело”ни шунақа ёзувлар билан тўлдириши аниқ.

— Вой, аблаҳ! — деб юбордим қоғоздан кўзимни узиб, — нега бунақа қилдинглар? — дея сўрадим иложи борича ўзимни босишга ҳаракат қилиб.

— Собирнинг устидан жиноий иш очиш учун факт керак эди, — жавоб қилди Алишер.

— Сендақалар милициянинг ҳам обрўсини тушириб юборади. Энди мендан кўрасан, қани, орқангга қайт, лабораторияга борамиз. У ерга кирасан-да, ҳақиқий хулосани олиб чиқасан, тушундингми?

— Тушундим, — деди Алишер ҳамон қаттиқ гипноз ҳолатида турганча.

Лабораторияга ҳам киришимга тўғри келди. Чунки Алишернинг яна қайтиб келиши ва алмойи-алжойи гапларни гапириши у ердагиларда шубҳа уйғотиб қўйиши мумкин эди.

Батинков ва бошқа командирларнинг менга кўрсатган кароматлари, гарчи қанчадан-қанча азоблар гирдобига ташлаган эса-да, гоҳ-гоҳида қўл келиши баъзан одамни хурсанд ҳам қилади. Агар ўшаларнинг таълими бўлмаганида ҳозир Алишеру лабораториядаги иккита дўхтирни манқуртлар ҳолига туширишимнинг умуман иложи йўқ эди. Бошқа томондан олиб қараганда, уларнинг таълими бўлмаганида мен бунақанги бош оғриғига дучор ҳам бўлмасдим.

Мурда тўғрисидаги хулоса ўзгарганидан кейин Бўрибой чолни кўрмоқчи бўлдим.

Ўликхонада ғалати бир куч, қандайдир совуқлик, сукунат ўзининг сиқувига оларкан. Ўз-ўзидан юрагинг гурсиллаб уришга тушиб кетади. Қўрқинч бутун вужудингни эгаллаб олади. Гўё устига оппоқ мато ташлаб қўйилган учта мурда ҳозир ўрнидан туради-ю, сенга ҳамла қилиб қоладигандек туйилаверади. Ҳар қанча жисмонан бақувват бўлсанг ҳам бу ерда ожиз бир кимсага айланиб қоласан. Ғайриихтиёрий равишда оёқларинг бўйсунмай, орқага тортаётгандай бўлаверади. Ўзингча ҳозиргина кириб келган эшикнинг қаердалигини чамалайсан. Ҳатто қанча эҳтиёткорлик билан оёқ қўйсанг-да, барибир қадамингдан чиқаётган товуш баттар ваҳимага солади.

Бўрибой чолнинг жасади устидаги матони олишди. Бўғзидан қорнигача кесилган из бор эди.

— Нима қилдинглар? — дея сўрадим дўхтирдан.

— Ёриб кўрдик. Ўпка, жигар, юрак — ҳаммаси олинган, — деди дўхтир.

— Фақат эти билан суяги қолибди-да.

Бу гапимга жавоб бўлмади. Шу пайт мурданинг бош томонида мен Қозоғистон чўлларида дуч келган кампир пайдо бўлди. Сесканиб кетдим ва бирдан орқага қадам босдим. Бошим гувиллай бошлади. Ақл-идрокимни йўқотгандай бўлдим. “Бу кампир қаёқдан пайдо бўлиб қолди?” — деган ўй кечди хаёлимдан. “Нега айнан шу ерга келди? Мақсад-муддаоси нима?.. Бу ўша кампирми ёки бошқами?” Қозоғистонда дуч келган кампирнинг шакл-шамойилини эслашга ҳаракат қилдим. Йўқ, эслай олмадим. “Сиз кимсиз?” — дея сўрадим. Йўқ, мен гапирмадим. Лабим ҳам, тилим ҳам қимирламади. Ундан хаёлан сўрадим. Юз тузилишидан на кулаётганлигини ва на жиддий қарашини аниқлаб бўладиган кампирдан садо чиқмади. Ўшанда, чўлу биёбонда у гапирганди. Келинининг аҳволи оғирлигини айтган эди. Энди эса жим. “Нега келдингиз?” — дея сўрадим мен яна. У сукут сақлашда давом этди. Мени эса тобора ҳаяжон ўз исканжасига олаверди. Бу ердан қочиб чиқиб кетгим келди. Ҳатто шундай қилиш учун эшик томонга юрмоқчи бўлдим. Лекин оёқларим жойидан жилмади. Шу пайт кампир нимагадир ишора қилди. Лекин айнан нимагалигини билолмадим. Безрайганча жойимда қотиб туравердим. У эса қандай пайдо бўлган бўлса, худди шундай яна кўздан йўқолди.

Алишерни бошқармасигача кузатиб қўйганимдан кейин уни гипноз ҳолатидан чиқардим-да, ортимга қайтиб уйга равона бўлдим. То уйга етиб олгунимча хаёлимни кампир тарк этмади. “Хўп, ўтган сафар, — дея ўйлардим, — мени фалокатдан қутқариб қолган эди. Энди-чи, нега келди? Ёки яна фалокат кутиб турибдими? Ё бўлмасам Бўрибой чолнинг ўлимида қандайдир сир борми? Наҳотки уни биров ўлдириб кетган бўлса?.. Ҳамма ёқ жумбоқ. Бу жумбоқлар борган сари ечилиш ўрнига тугунлари кўпайиб кетаяпти... Агар Бўрибой чолнинг руҳи нотинч бўлса-чи? Мен унга ўзим кўмаман, деб ваъда қилгандим. Нима бўлган тақдирдаям қасам ичмаслигим керак экан. Энди унинг мурдасини “морг”дан нима баҳона билан олиб чиқаман?.. Кампир кетар чоғида нимага ишора қилди?.. Уф-ф...”

Ҳовлида Саида мени жилмайиб кутиб олди.

— Сизга зўр янгилик бор, — деди у.

Унинг табассуми бир оз бўлса-да мени тинмай эзаётган ўйларни хаёлимдан бир оз нари сурди.

— Қанақа янгилик экан? — дедим пешонамни кафтим билан силаб.

— Топинг-чи!

— Шаҳар бердим, — дедим ёшликдаги топишмоқ айтишларимиз ёдимга тушиб.

— Қайси бирини?

— Дунёнинг ҳамма шаҳрини.

— Вой-бўй, лекин-чи, арзийди.

— Хўп, энди айтиб қўяқол.

— Бу-гун у-йи...

— Сал чўзмай айт.

— Ҳо, бирдан эшитгилари келаяптими? — дея аразлаган бўлди синглим. — Ўзлари қуруқ ваъда билан шундай эшитиб оляпти-ю, яна қўполлик қилиб гапимни бўлади.

— Майли... майли, беш марта кетма-кет таслим бўлдим. Энди айт.

— Уйимизга бўлғуси қайнотангиз келди. Нуқта. Отам билан гаплашди. Нуқта. Кейин... Нуқта...

— Нуқтасига бало борми? Тез-тез гапир-да, — дедим мен ўзимни жаҳли чиққан кўрсатишга ҳаракат қилиб.

— Хуллас, — деди Саида менинг жиғибийроним чиқаётганидан роҳатланиб, — сизнинг тўйингизни белгилаб кетди.

— Қачонга? — дедим ҳайратим ошиб. — Мендан бир оғиз сўрамасдан-а!

— Афсуски, ҳурмат шунақа бўлди. Мен билан ҳеч ким маслаҳатлашмади, шунинг учун тезлатишнинг иложи бўлмади. Бунинг учун мени кечиргайсиз.

Синглимнинг шўхлигини ҳам соғинган эканман. Ҳарбийга кетишимдан олдин у ҳамма гапига ҳазил аралаштириб гапирар эди. Шу боиски, гоҳида укам билан уришиб қоларди. Менга эса унинг ҳазиллари ёқарди. Хизматдан қайтганимда унинг шўхлигидан асар ҳам қолмаганди. Мана бугун унинг ўша, аввалги Саидага айланганини кўриб турибман.

— Ўзинг шартта кириб эртадан кечга қолсанглар, акамни айнитиб қўяман, демабсан-да, — дедим кулиб.

— Шундай қилмоқчи бўлдим-у, дугонамни ўйладим-да.

Шодлик билан ғам қўша юради дейишса, биров ишонмаслиги мумкин. Кун бўйи нима азобда юрган эдим-у, эвазига уйда қанақанги мукофот кутиб турган экан. Синглимга гарчи ҳазил билан: “Тезлаттирмабсан-да”, деган бўлсам-да, ўзим ҳақиқатан ҳам Барнонинг эртароқ ёнимга келишини истаётган эдим.

Уйқуга ётганимдан кейин яна хаёлимни кампир, Бўрибой чол эгаллаб олди. Шу боисдан ҳам алламаҳалгача ухлаёлмадим. Кампирнинг биринчи ташрифи хавфнинг олдини олган эди. Иккинчи ташрифида нима мазмун бор ёки нимадан огоҳ этди у? Ана шу масала кўпроқ мени ўйлантирди. Юрагим сиқаверганидан бир-икки марта ташқарига ҳам чиқиб келдим. Иккинчи томондан, вақт ярим тундан ўтишини кутдим. Биронта фожиа рўй бериб мен ғафлатда қолиб кетишдан қўрқдим. Ҳартугул, мени уйқу элитди, хавотир олишим мумкин бўлган воқеа содир бўлмади.

Эртасига ички ишлар бошқармасига бориб, навбатчидан Алишернинг хонасини сўрадим. У менинг кимлигимни билганидан кейин:

— Сизни бошлиқ кутиб ўтирибди, — дея ёнидаги тугмачани босди: — Ўртоқ майор, Собиржон исмли йигит келди.

Командир изн берганидан кейин у ўрнидан туриб, мени бошлиғининг хонасига бошлаб борди-да, ўзи тезда ортига қайтди.

— Эй-й, Собиржон, — деди мени кўрганидан кейин ёши кўринишидан элликларга бориб қолган, сочлари оппоқ, елкаси кенг, юзи бир оз чўтир, пешонасини ажин босган, оқ-сариқдан келган бошлиқ, — кутавериб кўзимиз тўрт бўп кетди-ку!

Кўришиш учун мен қўлимни узатган эдим, у қучоқлаб олди ва юзимдан ўпиб қўйди. Сўнг ўтиришга жой кўрсатди.

— Энг аввал танишиб олайлик. Тўғрироғи, мен ўзимни сенга танитай. Исмим Баҳодир, фамилиям Иномов. Сен оддий қилиб Баҳодир ака десанг ҳам асло хафа бўлмайман. Хўш, яна нима... Ҳа, кўриб турибсан, майорман. Яқинда подполковник бўлиб қолсам ҳам ажаб эмас.

— Бўлишингиз аниқ, — дедим унинг кўнглини кўтариш мақсадида.

— Майли, бунисини вақт кўрсатади. Уйдагилар яхшими? Бобой қалай, бобой? Сенга битта маслаҳатим, бобойни асра. Қариси бор жойда ризқ-барака, умуман, ҳамма нарса бўлади. Агар бошингда отанг бўлса, асло қоқилмайсан.

Мен бошимни эгиб “Хўп, хўп”, дедим. “Онам тирик бўлганида, бунақа бахт икки марта кўп бўларди”, дея хаёлимдан ўтказдим. Баҳодир аканинг эса кўнглимга йўл топишга уринаётганлигини сезиб турардим.

— Менга, — дея гапида давом этди Баҳодир ака, — кечаги нохушлик ҳақида хабар беришди, ҳатто экспертиза хулосасини ҳам олиб келишди. Энди, ука, хафа бўлмайсан, бизнинг касбдошларимиз орасида ҳам ҳар хили бор. Алишер сени ўша ёқда учратдим, деб анча довдиради. Мен сенга юз фоиз ишонаман. Қолаверса, экспертизада чолнинг ўз ажали билан ўлганлигини ҳам ёзиб қўйишибди.

Шу гаплари билан Баҳодир ака ўзининг усталигини билдириб қўйган эди. Очиғи, агар керакли даражада таълим олмаганимда, бошлиқнинг Алишер довдирагани ҳақидаги гапидан кейиноқ ҳамма гапни оқизмай-томизмай унга валдираб қўйган бўлардим. Балки мерос тўғрисидаги гаплар ҳам бир чеккада қолиб кетмасди. Содда, софдил одамлар, одатда, ичида гап сақлаб турмайди. Ўзи сезмаган ҳолда, зиён келтириши мумкин бўлганлари ҳам оғзининг бир чеккасидан чиқиб кетади. Бунақалар соддадан кўра аҳмоққа яқинроқ бўлса керак, менимча.

— Уйни озгина таъмирламоқчийдик... Шунга тахтага борувдик, — дедим мен.

Нега шунақа деганимга ўзим ҳам ҳайронман.

— Майли, — деди Баҳодир ака, — ёшини яшаб, ошини ошабди, ажали етган экан... Ажал келса, ким ҳам қоларди. Энди шунинг орқасидан бировни гуноҳкор қилишимиз керакми? Шунинг учун, ука, чолнинг ўлимига ҳеч қанақанги “дело-пело” ҳам очтирганим йўқ... Ҳатто кечанинг ўзида уйингга одам юбориб, келмай қўяверсин, демоқчи ҳам бўлдим... Кейин: “Ке, шу боланиям бир суҳбатини олай”, дедим-да, индамадим...

Шу пайт майорнинг олдидаги телефонлардан бири жиринглаб қолди. Баҳодир ака истар-истамас гўшакни кўтарди:

— Нима гап?

— Вокзал бошлиғи келибди, — деган навбатчининг овози менгаям эшитилди.

— Келарди яна бир-икки кундан кейин, ходими ўлиб қолган бўлса-ю, бунинг ялло қилиб юришини қара, киргизиб юбор, — дея Баҳодир ака гўшакни жойига қўйди-да, менга қараб илжайди. — Ўзи бу баччағар ошнам бўлади. Сўкишиб катта бўлганмиз. Ишини қойиллатади-ю, лекин бепарво. Муштдайгина районнинг марказида турамиз. Лекин уни кўрмаганимга камида бир ярим ой бўлди. Баҳонада бир эзиб олайин, нима дединг?!

Мен унинг гапига кулиб қўя қолдим.

Баҳодир бекорга мени ўзига яқин олиб гапирмаётган эди. Бунинг остида, албатта, қандайдир сир яширин. Шундай жойга бошлиқ бўлади-ю, ичидаги гапларини биринчи марта кўриб турган одамга айтаверадими?

Кўп ўтмай вокзал бошлиғи кириб келди. Унинг бўйи калта, ўзиям озғингина, яна шу ҳолига мўйлов ҳам қўйиб олган эди. Биринчи бор кўрган одам уни ҳечам вокзалнинг бошлиғи деб ўйламасди. У Баҳодир ака билан қучоқлашиб кўришди. Шундан кейин:

— Бир ўзинг ўтиришдан қўрқасанми? Қачон келсам олдингда одам бўлади, — деди вокзал бошлиғи илжайиб.

— Ўзи сен ишхонамга бирон марта келганмисан? Аввал шундан гапир-чи, — деди унга жавобан Баҳодир ака.

Вокзал бошлиғининг юзи бирдан жиддий тус олди. У кўзи олайганча атрофни бир қур назаридан ўтказганидан кейин, ютиниб:

— Жўра, бу ерингга келгулик қилмасин, — деди паст, аммо ваҳимали овозда.

Хонада бирдан кулги кўтарилди. Айниқса, Баҳодир ака қорнини ушлаб қотиб-қотиб кулди. Сўнг базўр ўзини тутиб:

— Бўлди, гап йўқ, чиқиб кетдинг, қойилман, энди ўтир, — деди.

— Бу йигитча ким бўлди? — деди вокзал бошлиғи жойлашиб ўтириб олганидан кейин менга қараб.

— Бу бола тўғрисида кўп эшитгансан. Анча шов-шувларга сабабчи бўлган Собир шу бўлади.

— Э-ҳа, — дея Баҳодир аканинг дўсти бирдан ўрнидан туриб кетди, — сенга яхшилаб бир қараб олайин. Одаммисан ёки бошқа планетадан келганмисан?!

Мен қизариб, бошимни эгдим.

— Мен Жаҳонгир аканг бўламан, ўрнингдан тур, барака топкур, бир қучоқлайин, бошингни ваабше эгма, сенинг ҳар доим ғўдайиб юришга ҳаққинг бор! Мана, командирнинг олдида бу гапни сенга айтаяпман, тўғрими гапим?

— Тўғри, — дея унинг гапини маъқуллади Баҳодир ака.

Жаҳонгир ака деганлари мени қаттиқ қучди, ҳатто юзимдан ўпиб қўйди. Ундан билинар-билинмас ароқ ҳиди келар эди. Кейин жўраларнинг бири қўйиб, бири менинг қилган ишларим тўғрисида сўраб кетишди. Саволларга қисқа, ноаниқ жавоб қайтара бошладим.

— Гап йўқ, — деди суҳбатимиз сўнгида Баҳодир ака, — профессионаллигинг шундоққина гапларингдан билиниб турибди. Очиғи, сенга ўхшаган йигитлардан тўртта бўлса, етарди менга. Менга қара, ука, бир фикр туғилиб қолди. Ишга ўтмайсанми, бизга. Опергруппага қўшиб қўяр эдим.

— Ака, қўйинг, — дея жавоб қайтардим, — одамлар билан ишламайин. Бунинг устига... Қорароқ меҳнат бўлса, тинчгина ишлаб юрардим. Безиллаб қолганман, қув-қув, югур-югурдан.

— Ҳа-а, тушунаман. Бошимиздан ўтказиб юрибмиз-ку. Осонмас одамлар билан ишлаш. Майли, бир вақти келиб сен билан яна гаплашармиз...

— Эй-й, — деб юборди шу маҳал Жаҳонгир ака, — эсимдан чиқишига оз қолибди. Баҳодир, бизнинг чол бечора ўтиб қолибди.

— Шуни сен энди билдингми? Қойил-э, сенинг шу ишингга беш кетмадим, жўра. Битта ходиминг оламдан ўтади-ю, бехабар юрсанг. Ҳар қалай, озми-кўпми кўз-кўзга тушган...

— Жўра, ўзи бугун келдим. Командировкадайдим. Бечора яхши одам эди. Бошқа пайт эрталаб, албатта, хабар олиб ўтардим. Тақдир экан-да, айнан мен йўқ пайтим қазо қилибди. Ўзи ота-боладай бўп кетгандик... Йигитларинггаям ҳайронман. Шартта бориб кўтариб келиб, моргга тиқиб қўйишибди... Рухсат бер, ирим-сиримини қилиб, кўмайин.

— Ўзиям ҳеч кими йўқ экан. Шундай пайтда сўрамаганинг учун сендан хафа бўлиб юрувдим. Бўпти, сен боравер, — деди Баҳодир ака. Кейин менга юзланди: — Собиржон, келганинг учун катта раҳмат. Сен билан ҳали яна иш масаласида гаплашамиз.

Жаҳонгир ака билан биргалашиб Баҳодир аканинг хонасидан чиқдик. Бу пайтда Бўрибой чолга берган ваъдам мени қийнаётган, нима қилишимни билмай бошим қотган эди.

Ташқарида вокзал бошлиғининг машинаси кутиб турган экан. Жаҳонгир ака шу томонга юрар экан, мени ҳам таклиф қилди. “Бир бало қилиб машинада вазиятни тушунтираман”, деб ўйладим.

— Ака, — дедим машинага ўтирганимиздан кейин, — Бўрибой бобонинг олдида менинг анча қарзим бор эди-да.

— Қанақа қарз? — деди ҳайрон бўлиб Жаҳонгир ака.

— Армияга кетгунимизча болалар билан вокзалга юк туширгани борардик. Ўшанда Бўрибой бобо кранни тўхтатиб қўйиб, юкни бизга туширтирарди. “Бир куни ўлиб қолсам, мени обориб кўмиб келсанглар бўлди”, дерди. Энди у одам бизга шунча ёрдам берган бўлса-ю, бор-йўғи биттагина илтимосини бажаролмасак... Одамнинг виждони қийналаркан-да.

Жаҳонгир ака ўйланиб қолди. Унинг хаёлидан нималар ўтаётгани менга қоронғи эди. Билиб олиш имкониятим бор эса-да, аммо буни истамадим.

— Ҳозир бирга борамиз, бўлмаса моргга. Уйига олиб борамиз.

— Чиқиминиям мен қилсам...

— Нега?

— Айтдим-ку.

— Сен ундан қарзга пул олмабсан-ку. Меҳнат қилиб...

— Имконият яратиб берган эди.

— Бўпти, ўзинг биласан.

Жаҳонгир ака мендан қайсидир маънода хавфсираётганлигини сезиб турар эдим. Эҳтимолки, унинг миясига “Бу баччағарнинг ўзи чолни ўлдириб қўймаганмикин?” деган ўй ҳам келгандир. Менга барибир эди. Нима қилиб бўлса ҳам ваъдамнинг устидан чиқсам бўлди.

Экспертиза марказининг ёнида юк машинаси турган экан. Жаҳонгир ака мени шу ерда қолдириб, ўзи ичкарига кириб кетди. Иши осон битган шекилли, тез чиқди. Сўнг юк машинаси ёнидаги иккита йигитга майитни олиб чиқишни буюрди.

Бўрибой чолни аввал кимсасиз уйига олиб бордик. Қўни-қўшниларини чақирдик. Қўшни аёллар озгина йиғи-сиғи қилишди. Сўнгра ҳамма расм-русумларни бажариб кўмиб келдик.

Уйга борганимда кеч тушиб қолган эди. Ҳовлида отам мендан хавотир олиб, у ёқдан-бу ёққа юрган экан.

— Қаёқларда юрасан? — деди мени кўрганидан кейин жаҳл билан.

— Кеча анави милиционер келасан деганди-ку, шунга...

— Фақат шунинг учун кечгача юрасанми?

Отамнинг анчагина авзойи бузуқ эканлигини шу гапидан сўнг билдим. Кейин янаям баттар “аланга” олиб кетмасин, деган хаёлда воқеаларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб бердим. Отамнинг гоҳида қоши чимирилди, гоҳида киприклари пирпиради. Лекин гапимга бирор сўз қўшмай эшитди.

— Иш масаласида тўғри қилибсан. Яна ҳар куни юрак ютиб қачон келишингни кутиб ўтирамизми? Лекин... Майли, ваъда бериб қўйган экансан. Одам лафзли бўлиши керак. Энди йигирмаси-ю қирқиниям ўзинг ўтказиб берасанми?

Мен “ҳа”, дегандек бошимни қимирлатдим.

Отам мени ортиқ сўроққа тутмади. Индамай уйга кириб кетди.

Эртасига мактабга бордим. Директордан айтилган муддатда келолмаганим учун узр сўрадим. Сўнг ишга киришдим. Ўзиям тўгаракка юзга яқин бола ёзилибди. Ораларида қизлар ҳам бор экан.

Ўйлаганимдек, орадан бир ҳафта ўтиб, болалар анча сараланиб қолди. Шуғулланишнинг дастлабки қийинчиликларига чидолмаган ўттиз чоғли бола тўгаракка қатнашмай қўйди. Яна икки ҳафтадан кейин эса ўн беш чоғли ўғил бола ва иккитагина қиз машғулотлар иштирокчисига айланди. Улар билан астойдил шуғуллана бошладим. Юқори синфда ўқийдиган иккита ўғил бола ҳақиқатан ҳам анчагина чайир чиқиб қолди. Улар мен кўрсатиб берган усулларни тезда ўзлаштиришар, бошқа мураккаб жисмоний машқларнинг ҳам уддасидан осонлик билан чиқишарди. Асосийси эса, уларда шиддат, истак бор эди. Иккаласининг ҳам кўзларидан ўт чақнарди. Ана шу томондан улар менга ёқарди.

Ишим тугаганидан кейин вокзалга боришни, юк туширишни канда қилмадим. Ҳартугул, кунига эллик-олтмиш сўм ишлаб топаяпман. Ёмонмас-да. Бу ёғи тўйга тайёргарлик бошланган. Топган пулларим тўлалигича шунга сарф қилина бошлади.

Бир куни мактабда машғулотни тугатиб вокзалга борсам, Узоқдан Нуралининг қораси кўриниб қолди. “У бу ерда нима қилиб юрибди?” деган ўй ўтди хаёлимдан ва ёнига бормоқчи бўлдим-у, бирдан шаштимдан қайтдим. У ўзини бошқаларнинг олдида ишбилармондай тутгани билан оғзи анча бўш эди. Мени бу ерда кўриб қолса, аниқки, бошқа синфдошларга: “Фалончини вокзалда кўрдим. Итдай ишлаб юрибди. Бировларнинг чўриси бўлиб. Мен унга зўр иш таклиф қилувдим, нозланувди”, дейди.

Унинг ёнига бормаган бўлсам-да, узоқдан туриб кузатдим. Тўғриси, унинг нима иш қилиши қизиқ туйилди менга. Бу пайтда ярим тун бўлганди чамамда. Бир маҳал бўш вагон ёнига тўртта “КамАЗ” келиб тўхтади. Улардан бири вагонга орқа томонини тўғрилади. Қаердан пайдо бўлди, билмайман, ўндан зиёд йигит машинанинг ичидаги юкни чаққонлик билан вагонга орта бошлашди. Яқинроқ бориб қарасам, пиёз экан. “Ҳойнаҳой, анави акаси Россияга жўнатаётган бўлса керак”, деган тахминга борган кўйи кузатишда давом этдим. Йигитлар чаққонгина экан, бирпасда машинани бўшатиб қўйишди. Шундан кейин унинг ўрнига бошқа машина келди. Хуллас, тўртта машина ҳам юкдан қутулиб олганидан кейин қандай келган бўлса, шундай тезликда ғойиб бўлишди. Нурали йигитларга пул тарқатди. “Обрўйинг баланд экан, ошна. Акангнинг ўнг қўлига айланибсан, қандингни ур”, дедим ичимда ва шу пайтгача ўғри мушукка ўхшаб уни пойлаб турганимдан ўзим уялиб, энди узоқлашмоқчи бўлганимда, вагон ёнига энди “Жигули” келиб тўхтади. “Ҳойнаҳой, Нуралини олиб кетса керак”, деган хаёлга бордим. Улар эса алланималарни гаплашишга тушиб кетишди. Узоқдан кузатсангиз, худди ниманидир тортишаётгандек эдилар. Айни шу кезлари бир-иккита йўлтўсарлар ҳақидаги гаплар кезиб қолган эди. Шу боисдан ҳам: “Тағин булар Нуралини тунагани келган бўлмасин”, дея ўйлаб, вагоннинг орқа томонидан уларнинг яқинига бордим.

— Хўжайинга айт, ҳаммаси жойида дегин, — шу чоғ Нуралининг овози эшитилди.

Унинг гапидан маълум бўлдики, “Жигули”да келган одам бегонамас, шерикларидан бири.

— Менга қаранг, Нурали ака, ўзимизгаям озгина олиб қолайлик. Бир-иккита болалар “заказ” қилишганди.

— Сенинг бу ишингни улар қаердан билишади?

— Илгари жа қўйишмаганида бир-икки марта топиб бергандим.

— Эй, бола, бу гапингни мен эшитдим, бошқа бировга гуллаб юрма. Агар хўжайин эшитиб қолса, терингни шилади, тушундингми? Бу ерда биронтанг бировга бир грамм ҳам сотмайсан!

— Ҳеч қурса ўзимизга озгина олиб қолайлик, ҳар-ҳар замон маишат қилганимизда керак бўп қолади.

— У ёғидан хавотир олма, ўзим тўғрилаб қўйибман.

Шундан кейин улар машинанинг ичидан иккита сумкани олишди-да, вагонга жойлаб тушишди.

Мен ҳангу манг бўлиб қолдим. Нуралидан ҳамма нарсани кутгандим. Лекин қорадори билан шуғулланиши тушимга ҳам кирмаган экан... Энди тушундим, мен уларга нима учун керак бўлиб қолганлигимни. Бекорга эмас экан-да жон куйдиришлар. “Ҳозир боплайман, ҳурматли синфдош дўстим”, дея пичирладим ўзимга-ўзим ва шеригининг кетишини кута бошладим. Ўйлаганимдай, шерик кўп турмади. Тўғрироғи, Нуралининг ўзи уни ҳайдаб солди.

— Бор, эртароқ жўна! Хўжайин ҳам қараб қолган бўлса керак, — деди у.

“Жигули” жойидан жилганидан кейин мен яширинган жойимдан секин чиқдим-да, Нурали томон бир оз юргач, тўхтадим. “Шошма, агар ҳозир мен вагондан улар ортган “юк”ни олиб қолсам, сўзсиз, Нурали балога қолади... Бунақа ишда одамнинг ҳаёти сариқ чақалик ҳам бўлмай қолади. Унга бирон нима бўлса, кейин мен бир умр виждон азобидан қийналаман. Уни шу кўйга солганларга нисбатан юрагимда қаршилик, эҳтимол ўч ҳам пайдо бўлади. Яна ҳаммаёқ тўполон... Бу сафар майли, жўнатсин-у, эртага ўзи билан яхшилаб гаплашиб қўяман”, дея ўйладим ва уйга кетдим.

Эртасига мактабга кетаётиб Нуралининг уйига кирдим. У эндигина уйқудан туриб, нонуштасини тушликка қўшиб қилаётган экан. У мени қовоғини уйиб кутиб олади, деган хаёлга борган эдим. Чунки унинг таклифига кўнмаганимдан кейин қаттиқ хафа бўлиб кетганди-да. Лекин ундай бўлмади. Нурали очиқ юз билан мени кутиб олди-да, чорпояга таклиф қилди. Синглисига қалинроқ кўрпача солишни буюрди.

— Жўра, келганинг яхши бўлди, — деди у менга чой узатаётиб, — ўзи сени ўйлаб тургандим.

— Менам ҳозир Нурали ўйлаб турган бўлса керак, деб тўғри келавердим, — дедим жилмайиб.

— Ишларинг зўрми?.. Ҳа, айтгандай, мактабга ишга ўтиб олибсан. Эшитиб, очиғи, хурсанд бўлдим, жўра...

Нурали гапини тугатмасидан унинг отаси уйидан чиқиб келди.

— Э, Собирбой! — дея хитоб қилди ота калишини кияётиб.

Мен у киши билан кўришиш учун ўрнимдан турдим. Нурали эса отаси томонга қараб ҳам қўймади. Чойини ичишда давом этди. Норқўзи ака билан сўрашганимиздан кейин:

— Нурали, — деди ота.

Ўғил унга афтини бужмайтириб қаради. Синфдош дўстим мени ҳайратга солишда давом этмоқда эди. Бир пайтлар ҳали ўқиб юрган кезларимиз, Нурали отасидан ўлгудай қўрқарди. Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, отасининг номини эшитса чўчиб тушар, билдириб-билдирмай атрофга бир қур разм солиб қўярди. Ҳозир эса афтини бужмайтириб, қандайдир паст назар билан падарига қараб қўйди.

— «Жигули»нинг зўридан олибсан.

“Ҳмм”, деб қўйган Нурали оғзидаги луқмасини чайнаш баробарида лабини сочиққа артди.

— Собирбой, — дея менга юзланди Норқўзи ака, — жўрангнинг иши, худога шукр, анча олдинга кетди. Лекин бола тинмай ишлайди... Бошқалар бунинг ишини эплаши қийин-да. Кечаям эрталабга яқин келди ҳориб-толиб. Шундай ишлаганидан кейин даромадам яхши бўлиши керак-да.

Мен энди буткул ҳайкалдек қотган эдим. Ота ўғлининг олдида ялтоқланар, унга яхши кўринишга уринарди. Аслида, Норқўзи ака мағрурланмоқчи, шундай ўғил ўстириб қўйганидан менинг олдимда мақтанмоқчи эди. Аммо унинг гаплари бутунлай бошқа нарсани, яъни ўғлига хушомад қилаётганлигини фош этиб қўйди.

— Ота, кўп эзилманг, Собир икковимизнинг гапимиз бор, — деди ўғил.

— Майли... майли, — деди ота шоша-пиша. — Сизлар бемалол.

— Нега отангни унақа жеркиб ташладинг? — дедим мен Норқўзи ака нари кетганидан кейин Нуралига.

— Қўявер, — дея Нурали қўлини силтади, — одам қариса эзма бўп қоларкан...

“Ҳа-а, дўстим, мен ўйлаганимдан ҳам анча ўзгариб кетибсан. Менинг маслаҳатим сенга писта пўчоқдай гап. Бекорга келганга ўхшайман”, дея хаёлдан ўтказдим мен.

— Боя гап бўлиниб қолди, — дея давом этди Нурали. — Сенга айтмоқчи бўлганим, болаларни тайёрлаётганингдан хурсандман. Шундай тайёрлагинки, ўзингдан кам бўлмасин. Сен-ку, бизга ўтмадинг. Шогирдларингдан учтасини берасан. Сени ўзим рози қиламан.

— Бермайман! — дедим унга ўқрайиб. — Шу сафар сал адашибсан.

Жавобимдан Нурали бақа бўлиб қолди. Назаримда, у бунақа гапни мутлақо кутмаган эди. Нурали бир оз менга термилиб турди-да:

— Нимага келдинг? — деди қоши чимирилиб.

— Ўзим ҳам ҳозир шу саволни ўзимга бериб турибман. Нега келдим олдингга?!

— Мен, — деди Нурали қўлини мушт қилиб, — сендай жўранинг устига қора чизиқ чизиб қўйдим.

Менинг иззатим битган эди, шу боисдан ўрнимдан турдим-да, чорпоядан тушиб, туфлимни кия бошладим.

— Илтимос, тезроқ! — деди Нурали зарда билан.

Қоним қайнади. Бир пой туфлимни тўла киймасимдан ҳам дарвоза томонга тез-тез юриб кетдим.

— Ҳали сен билан бошқача гаплашаман! — деган гапи эшитилди қулоғимга Нуралининг.

Тишимни тишимга босдим. “У менга ҳеч нарса демади, мен эшитмадим”, — дедим ўзимга-ўзим. Зеро, шундан бўлак иложим ҳам йўқ эди. Фақат дўстим душманга айланиб қолганлигига амин бўлгандим.

Кўчага чиққанимдан кейин Норқўзи акага дуч келдим. У киши менга мўлтираганча тикилиб турар эди.

— Нуралини қайтаринг. У қорадорига ўралашиб қолибди, — дея унинг ёнидан ўтиб кетдим.

Ўшанда ўғлининг олдида бир пуллик обрўйи йўқ отанинг адашган фарзандни тўғри йўлга асло қайтаролмаслигини ўйламаган эканман...

Умуман, ўша пайтда у арслон важоҳатида эди. Кўзига кўринган нарсани бир ҳамлада мағлуб этаман, деб ўйларди, аммо ўзидан улкан, даҳшатли кучларни кўришга ожизлик қиларди.

Ҳар эҳтимолга қарши мактабдаги шогирдларимни огоҳлантирдим. Айтдимки: “Агар сизларга биронта одам ниманидир таклиф қилса, албатта, мени хабардор қилинглар, биргалашиб ўйлаб кўрамиз, маъқул келса, ўша ишни қилаверасизлар”, деб. Улар нимани назарда тутганимга унчалик эътибор ҳам қилмасдан хўп дейишди. Назаримда, огоҳлантиришим бу қулоқларидан кириб, наригисидан чиқиб кетди. Фақат кимдир нимадир деса, албатта, менга айтажакликларини эслаб қолишди, холос.

Сокин ҳаётга аста-секин кўника бошладим. Ишим ўша-ўша, тушдан кейин бошланиб, тунги икки-учларда тугайди. Бора-бора бу менга ҳатто режим бўлиб қолди.

Кўп ўтмай Бўрибой чолнинг қирқини ҳам ўтказдим. Лекин кампирнинг пайдо бўлиши менинг оромимни ўғирлаган эди. Деярли ҳар куни у ҳақда ўйлардим. Сирли кампир нима мақсадда яна ташриф буюрганига ақлим етмасди. Чунки кунларим шунақанги осойишта эдики, кампирнинг менга мана шунақа осойишталикни тақдим этиш учунгина келганига ишонгим келмасди.

Ҳаш-паш дегунча уч ой ўтиб кетди. Дарахтлардан барглар тўкилиб, биринчи қор ёғишга ҳам улгурди. Ниҳоят, орзиқиб кутганим Барно иккаламизнинг тўйимиз бўладиган кун ҳам келди. Ҳовлида кичикроқ жой қилдик. Бахтимга ўша куни ҳаво очиқ эди. Аммо менинг кўнглимга чироқ ёқса ёришмасди. Негалигини ўзим ҳам билмасдим. Тўй учун ҳамма нарса тайёр, келинни олиб келишга машиналар тайинланган. Хуллас, ўйлашимча, ҳамма нарса оби тобида. Лекин кўнглим ёришмаётганлигининг сабабини билолмасдан қийналардим. Ҳатто Саида ҳам бир-икки марта ёнимга келиб: “Намунча қовоқ-тумшуғингиз осилган, сал кулиб, очилиб юринг, одамлар нима деб ўйлайди!” деб койиб кетди. У айтгандай юришга шунча ҳаракат қилдим. Барибир, нимадир яйрашимга халақит бераверди. Шунда кампир ёдимга тушди. “Тўйим куни бирон нима бўлишини у башорат қилдимикин?” — деб ўйладим. Лекин ўша содир бўлиши мумкин бўлган нарсанинг нималигини билолмаётганим мени изтиробга соларди.

Давоми бор...

Биринчи қисм

Иккинчи қисм

Учинчи қисм

Тўртинчи қисм

Бешинчи қисм